A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Ҳикматлар, деганда нимани тушуниш керак? Бу ҳақда Қуръон ва ҳадисларда нима дейилган?
PDF Босма E-mail

САВОЛ: Ҳикматлар, деганда нимани тушуниш керак? Бу ҳақда Қуръон ва ҳадисларда нима дейилган?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
«Ҳикмат» сўзи луғатда ман қилишни, ман қилганда ҳам, ислоҳ учун ман қилишни англатади.
«Ҳукм» сўзи ҳам шу ўзакдан олинган бўлиб, зулмдан ман қилишни билдиради.
Араблар юганни  сувлуқ ҳам ҳайвонни унинг эгаси истамайдиган нарсадан ман қилишда ишлатилишини «ҳакама» дейдилар.
Ҳикмат ҳам жаҳолатдан ман қилгани учун шу ном билан аталган.
Уламолар ҳикматни қуйидагича таърифлайдилар:
Имом Ғаззолий: «Ҳикмат афзал нарсалар ҳақида афзал илмлар ила маърифат ҳосил қилишдан иборатдир», деганлар.
Кафавий: «Ҳикмат инсон нафсини назарий илмларни иқтибос қилишга ва тоқатига яраша фозил амалларни бажариш учун тўлиқ малака касб қилишга ишлатишдир», деган.
Муфассирлар: «Ҳикмат ҳақни ҳақлиги учун билиш ва шаръий таклифлардан иборат яхшиликни унга амал қилиш учун билишдир», деганлар.
Аҳли сулук: «Ҳикмат нафснинг офатлари, шайтон ва риёзатлар ҳақидаги маърифатдир», деганлар.
Улар яна: «Ҳикмат ақлий-амалий қувватнинг маккорлик ва аҳмоқлик орасидаги ўртача ҳайъатидир. Бу маънода ҳикмат жаврнинг акси бўлган адолатдир», деганлар.
Қуръони Каримда ҳикмат бир қанча маъноларда келган.
Аллоҳ таоло бешта оятда Қуръонни ҳакийм сифати ила васф қилган.
Жумладан, Юнус сурасида:
«Алиф лаам ро. Ушбулар ҳикматли Китобнинг оятларидир», деган (1-оят).
Қуръон Аллоҳ таолонинг ҳикмат тўла китоби бўлиб, Унинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ояти чексиз ҳикматдан иборатдир. Ундан бошқа китобдан бунчалик ҳикматни қидирган одам адашади.
Аллоҳ таоло Луқмон сурасида:
«Алиф лаам мим. Ушбулар ҳикматли Китоб оятларидир», деган (1-2-оятлар).
Сизга тиловат қилинаётган ушбу оятлар ҳикматли Китоб бўлмиш Қуръони Каримнинг оятларидир.
Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг абадий мўъжизаси бўлмиш Қуръони Карим «ҳикматли» деган сифат билан васф қилинмоқда.
Дарҳақиқат, у бошидан охиригача пурҳикматдир. Ким Қуръонга мурожаат қилса, ҳикмат топади ва улардан баҳраманд бўлади.
Ким Қуръони Каримдан бебаҳра бўлса, улкан ҳикматдан бебаҳра қолади.
Аллоҳ таоло Йасийн сурасида:
«Йа сийн. Ўта ҳикматли Қуръон ила қасам», деган (1-2-оятлар).
Ҳикматли Қуръон билан қасам. Аллоҳ таоло бирор нарса билан қасам ичса, ўша нарсани улуғлаганига далолат қилади. Ўша нарсага эътибор жалб қилиниши лозим. Аллоҳ таолонинг Қуръони Карим билан, унинг ҳакимлик сифати билан қасам ичиши бежиз эмас.
Аввало, Қуръоннинг ҳикматли экани таъкидланмоқда. У тўлалигича ҳикматдир. Унинг оятлари ҳикматдир. Унинг қиссалари ҳикматдир. Унинг ҳукмлари ҳикматлидир. Уни ўқиган одам ҳикмат топади. Унга амал қилган одам ҳикматли иш қилган бўлади.
Ҳикмат суннат маъносида келган оятлардан намуналар.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
«Шунингдек, ичингизга ўзингиздан, сизларга оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга Китобни, ҳикматни ва билмайдиган нарсаларингизни ўргатадиган Расул юбордик», деган (151-оят).
Ояти каримада
«Шунингдек, ичингизга ўзингиздан... Расул юбордик», дейилиши мусулмон уммати учун катта бахт ҳисобланади.
Оятдаги васф шундайки, худди Аллоҳ таоло мусулмонлар билан алоҳида қолиб, уларга ўзи берган неъматлар, фазлларни бирма-бир санаб бераётганга ўхшайди:
Биринчидан, ўзингиздан танлаб Пайғамбар юбордим.
Иккинчидан, у Пайғамбар сизларга оятларимни тиловат қилиб беради.
Учинчидан, у сизларни поклайди. Аллоҳ таоло ирода қилмаса, сизларни ким поклаши мумкин?!
Тўртинчидан, у Пайғамбар сизларга китобни – Қуръонни ўргатади.
Бешинчидан, суннатни – ҳикматни ўргатади.
Олтинчидан, билмайдиган нарсаларингизни ўргатади.
Мазкур ишларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидир. Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким бундай неъматларни ато эта олмайди.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида:
«Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга марҳамат кўрсатди: ичларига ўзларидан уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, уларни поклайдиган ҳамда китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расул юборди. Ҳолбуки, улар илгари очиқ-ойдин адашувда эдилар», деган (164-оят).
Ушбу оят нозиб бўлаётган пайтда мусулмонларнинг аксари ўқиш ва ёзишни билмайдиган, саводсиз кишилар эди. Муҳаммад (алайҳиссолату васаллам) Пайғамбар бўлиб келганларидан сўнг уларга китобни – Қуръонни ва ҳикматни – суннатни ўргатдилар.
Ҳикмат шариатлар баёни маъносида келган оятлардан намуналар.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида:
«Ва унга китобни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни ўргатади», деган (48-оят).
Уламоларимиз бу ояти каримадаги «китоб» сўзи «ёзиш» ёки «илоҳий китоб», деган маънолардан бирини англатади, деганлар. Чунки араб тилида «китоб» моддаси ёзишни англатади. Умуман, китоблар ҳам ёзилган нарса бўлгани учун шу ном билан аталган.
Бизнинг фикримизга кўра, мазкур икки маънодан, албатта, бирини олишимиз шарт эмас. Балки иккисини ҳам оламиз, иккиси бир-бирини тўлдириб келади.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ийсо (алайҳиссалом)га ҳам ёзишни, ҳам илоҳий китобни берган.
Шу билан бирга, Аллоҳ таоло Марямнинг бўлажак Масийҳ Ийсо ибн Марям деб номланган ўғлига ҳикмат, Таврот ва Инжилни ҳам ўргатиши хабар қилинмоқда.
Ҳикмат кишидаги малака бўлиб, сўз ва амалнинг ҳаммасини ўз жойида, камчиликсиз адо этишни билдиради. Айни чоғда, Пайғамбарларнинг шариатларни баён қилиб беришларига ҳам ҳикмат дейилади.
Таврот Мусо (алайҳиссалом)га нозил қилинган илоҳий китобдир. Айни вақтда Ийсо (алайҳиссалом)га ҳам китоб бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзи айтиб турибди. Таврот Ийсо алайҳиссаломга келган диннинг асосини ташкил этади.
Инжил эса Тавротни тўлдириб келган.
Ҳикмат нубувват маъносида келган оятлардан намуналар.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
«Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни тор-мор қилдилар ва Довуд Жолутни қатл этди. Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва Ўзи хоҳлаган нарсасини ўргатди. Агар Аллоҳнинг одамларни бир-бирлари билан даф қилиши бўлмаганида, ер юзи бузиларди. Лекин Аллоҳ оламларга фазлу марҳаматлидир», деган (251-оят).
Довуд (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг инояти билан Толутдан кейин Бану Исроилга подшоҳ бўлди. Унинг подшоҳлик даври олтин давр бўлди. Аллоҳ таоло унга подшоҳликка қўшиб ҳикматни, яъни пайғамбарликни ҳам берди. Шу билан бирга, унга уруш асбобларини ясашни ҳам ўргатди.
Аллоҳ таоло Зухруф сурасида:
«Ийсо очиқ-ойдин ҳужжат (мўъжиза)лар билан келган чоғида: «Батаҳқиқ, мен сизга ҳикмат билан ва сиз ихтилоф қилаётган баъзи нарсаларни баён қилиш учун келдим. Бас, Аллоҳга тақво ва менга итоат қилинглар. Албатта, Аллоҳ менинг ҳам Роббим, сизнинг ҳам Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Мана шу тўғри йўлдир», деди», деган (63-64-оятлар).
Ийсо (алайҳиссалом) қавмларига Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти ва ўзларининг ҳақ Пайғамбар эканликларига далолат қилувчи очиқ-ойдин оятлар, гап-сўзлар ва мўъжизалар билан келдилар. У зот ўз қавмларига ўша пайт:
«Батаҳқиқ, мен сизга ҳикмат билан келдим...» дедилар.
Ҳикмат улуғ нематдир. Ҳикмат пайғамбарликдир.
Ҳикмат тўғри иш қилиш маъносида келган оятлардан намуналар.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
«Ўзи хоҳлаган кишисига ҳикматни берар. Кимга ҳикмат берилса, дарҳақиқат, унга кўп яхшилик берилибдир. Фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар», деган (269-оят).
Ҳикмат билан тасарруф қилган инсон ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиб, қойиллатиб қилади. Садақада ҳам ҳаддидан ошмай, адолат билан иш юритади. Умуман, ҳикматли бўлиш инсонга жуда кўп яхшилик келтиради. Бу ҳақиқатни ақл эгаларигина тушуниб етадилар.
Ҳикмат мулойим муомала маъносида келган оятлардан намуна.
Аллоҳ таоло Наҳл сурасида:
«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мужодала эт. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билувчи ва ҳидоят топувчиларни ҳам ўта билувчидир», деган (125-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Исломга чақириш ҳикмат билан амалга оширилиши кераклигини ҳам таъкидламоқда. Исломга чақирилаётганларнинг ижтимоий, маданий савияси ва бошқа омилларни эътиборга олиб, мулойимлик ва оғир келмайдиган йўсинда ҳаракат қилиш лозим.

Суннатда ҳикмат
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Ҳикматли калима худди мўминнинг йўқотган нарсаси каби, мўмин уни қаерда топса ҳам, ҳақлироқдир», деганлар».
Бошқа бир ривоятда:
«Ким талаби илм қилса, ўтган нарсаларга каффорат бўлур», дейилган.
Термизий ривоят қилган.
Ҳадиси шарифдаги «ҳикматли калима»дан мурод фойдали илмдир. Ҳикматнинг илм экани ҳаммага маълум. Ҳикмат бир калима бўлса ҳам, мўмин киши уни олишга уриниши лозим.
«Ҳикматли калима худди мўминнинг йўқотган нарсаси каби».
Яъни фойдали илм бир калима бўлса ҳам, мўмин уни худди йўқотиб қўйган нарсасини излаб юргандек излаб юриши керак.
«...уни қаерда топса ҳам, ҳақлироқдир».
Яъни мўмин киши қаердан топишидан қатъи назар, бир калима бўлса ҳам, илмни олиши зарур.
Ушбу ҳадиси шарифда мўмин инсон илмга доимо талабгор бўлиши, қаердан топса ҳам, уни олишга ҳаракат қилиши лозимлиги баён қилинмоқда.
Шунинг учун ҳам уламоларимиз ақийда ва дин илмларидан бошқа илмларни ғайридинлардан ҳам олиш мумкинлигини таъкидлайдилар.
Мусулмон инсон ўз ақийдасини ва динини маҳкам тутган ҳолида ўзи учун, жамият ва эл-юрти учун фойдали илмларни ғайридин кишилардан, ғайридин юртларда ҳам олиши мумкин. Илмни қаердан олишнинг фарқи йўқ.
Албатта, мусулмон юртида, мусулмон шахсларда бор илмларни улардан олиш керак. Аммо мусулмонлар учун, эл-юрт учун керакли илмни ғайридиндан олмайман, деб юриш мутлақо нотўғри эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз.
Молик ибн Соъсоъа (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар:
«Мен Байтнинг олдида уйқу билан уйғоқлик орасида (икки кишининг (амакилари Ҳамза ва амакиларининг ўғли Жаъфарнинг) ўртасида эканликларини зикр қилдилар) эдим. Менга бир олтин жом келтирилди. У ҳикмат ва иймонга тўла эди. Сўнгра томоқнинг пастидан қориннинг пастигача ёрилди. Кейин қорин Замзам суви ила ювилди ва ҳикмату иймонга тўлдирилди».
Бухорий ва Муслим «Иймон»да ривоят қилганлар.
Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Албатта, шеърнинг ҳикматлиси ҳам бор», дедилар».
Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Бир аъробий Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига келиб, каломмисан, каломни гапирди. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Албатта, баённинг сеҳрлиси ҳам бор. Албатта, шеърнинг ҳикматлиси ҳам бор», дедилар».
Бурайда (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Албатта, баённинг сеҳрлиси ҳам бор. Албатта, илмнинг жаҳолати ҳам бор. Албатта, шеърнинг ҳикматлиси ҳам бор. Албатта, гапнинг оғири ҳам бор», дедилар».
Соъсоъа айтади:
«Албатта, баённинг сеҳрлиси ҳам бор», деганлари «Бировнинг бошқадан қарзи бор. У ҳақ эгасидан кўра гапга чечанроқ. Бас, қавмни ўз баёни ила сеҳрлаб, ҳақни олиб кетади».
«Албатта, илмнинг жаҳолати ҳам бор», деганлари «Олим одам билмаган нарсасини ўз илмига юклайди ва бу нарса уни жоҳил қилиб қўяди».
«Албатта, шеърнинг ҳикматлиси ҳам бор», деганлари «Унда мавъиза ва одамларга ўрнак бўладиган насиҳатлар бор», деганларидир.
«Албатта, гапнинг оғири ҳам бор», деганлари «Гапингни уқмайдиганларга ёки хоҳламайдиганларга гапиришингдир».
Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.
Абу Саъид (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Қоқилмагунча ҳалим бўлмас. Тажриба кўрмагунча ҳаким бўлмас», дедилар».
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.
Кўп нарсаларни билмаслиги оқибатида турли камчиликларга йўл қўядиган ғўр инсон ўзининг хатоларидан дарс олиб, уларни дарҳол тузатиб борса, охир-оқибат ҳамма нарсанинг ҳикматини биладиган ҳаким инсон бўлиши мумкин.
Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Мен ҳикмат ҳовлисиман, Али унинг эшигидир», дедилар».
Термизий, Тобароний ва Ҳоким ривоят қилганлар.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мени кўксларига босдилар ва:
«Аллоҳим! Бунга ҳикматни ўргатгин», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳдан ҳикмат беришини сўраб, менинг ҳаққимга икки марта (кетма-кет) дуо қилдилар».
Термизий ҳасан санад ила ривоят қилган.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Фахр ва керилиш бақироқ туячилардадир. Сокинлик қўй эгаларидадир. Иймон ямонийдир. Ҳикмат ямонийдир», дедилар».

Бу ва бундан кейинги ҳадисларда келган «ямоний» сўзининг маъноси шуки, бу ерда иймон ва ҳикмат Яман аҳлида кучлироқ бўлгани назарда тутилган. Шунингдек, «Бу ерда ансорлар назарда тутилган, чунки улар асли яманлик бўлишган» деган уламолар ҳам бор.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Аҳли Яман келдилар. Улар юмшоқ кўнгиллидирлар. Иймон ямонийдир. Фиқҳ ямонийдир. Ҳикмат ямонийдир», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Сизларга аҳли Яман келдилар. Улар мулойим қалблидирлар, юмшоқ кўнгиллидирлар. Иймон ямонийдир. Ҳикмат ямонийдир. Куфрнинг боши машриқдадир», дейилган.
Икковини икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Саҳоба ва уламоларнинг ҳикмат ҳақидаги гапларидан намуналар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): «Ҳикмат нашр қилинадиган ва раҳмат умид қилинадиган мажлис қандай ҳам яхши мажлис!» деганлар.
Абу Абдурроҳман Ҳулубий: «Биродарингга қиладиган энг афзал ҳадянг ҳикматли сўздир», деган.
Каъб (розияллоҳу анҳу): «Қуръонни лозим тутинглар. У ақлнинг фаҳми, ҳикматнинг нури ва илмнинг булоғидир», деган.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ: «Табиблар парҳез тибнинг боши эканига келишганлар. Ҳукамолар сукут ҳикматнинг боши эканига келишганлар», деган.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ: «Болагинам, ҳикматни лозим тутгин. Албатта, ҳикматнинг барчаси яхшиликдир. У кичикни каттадан, қулни ҳурдан шарафли қилади. У хожанинг хожалигини зиёда қиладир ва фақирни подшоҳлар ўрнига ўтирғизади», деган.
Собит ибн Ажлон Ансорий: «Аллоҳ ер аҳлига азобни ирода қилганда, бирдан болаларга ҳикмат таълим берилаётганини эшитиб қолса, уни улардан бошқа тарафга буради», деди.
Марвон: «Ҳикматдан мурод Қуръон», деган.
Аҳмад ибн Холиднинг отаси: «Сукутнинг энг оз фойдаси саломатликдир. Сергапликнинг энг оз зарари надоматдир. Фойдасиз нарсалардан сукутда бўлиш энг балоғатли ҳикматдир», деган.
Ҳикматнинг фойдалари:
1. Ҳикматли киши шариатга мувофиқ иш қилади.
2. Ҳикмат ўз эгасини Аллоҳ таолонинг маърифатига сазовор қилади.
3. Ҳикмат ақл камолотининг далилидир.
4. Ҳикмат ўз эгасига бу дунё ва охиратда каромат тожини кийдиради.
5. Ҳикмат эгасидан кўплаб ёмонликларнинг қайтарилишига сабаб бўлади.
6. Ҳикмат анбиё, авлиё ва олимларнинг сиймосидир.
Мўмин банда барча ишларни ҳикмат асосида шариат кўрсатмасига биноан тўғри йўлга қўйишга уринади. Мақомга қараб сўз сўзлайди. Ҳолига қараб нафақа қилади. Амалига қараб вақти ва ишларини тартибга солади. У оиласида аёли ва болалари билан ҳакимона муносабатда бўлади. У бошқалар билан бўладиган алоқасида ҳам ҳикмат ила иш тутади.
Мўмин одам билиш зарур бўлган нарсалардан бири – Аллоҳ таолога маърифат ҳосил қилмай туриб, ҳакийм бўлиш мумкин эмас. Валлоҳу аълам.