A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Имоми Аъзам 40 йил давомида ҳар кеча Қуръонни хатм қилганми?
PDF Босма E-mail

САВОЛ: Бир китобда шундай маълумот бор экан: Имоми Аъзам 40 йил давомида ҳар кеча Қуръонни хатм қилган эканлар. Лекин ҳадисларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қуръонни энг камида уч кунда хатм қилиш мумкин», деганлар. Мен ўқиган китобдаги маълумот қанчалик ҳақиқатга яқин?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бунга ўхшаган маълумотлар Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ)дан бошқа азизларимиз ҳақларида ҳам ва бошқа китобларда ҳам мавжуд. Ҳатто баъзи маълумотларда Имоми Аъзам 40 йил давомида ҳар кеча бир оёқларида туриб Қуръонни хатм қилганлар, деган изоҳларни ҳам қўшадилар. Албатта, кўпчилик савол берган мухлисимиз каби Набийимиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръонни уч кундан камида хатм қилишга рухсат бермаганларини билмайдилар ҳам. Шунинг учун 40 йил ҳар кеча Қуръонни бир оёқда туриб хатм қилишни изоҳлашда икки қисмга бўлинадилар.
Бир тараф бу улуғ бир фазилат эканлиги, 40 йил давомида ҳар кеча Қуръонни хатм қилиш Имоми Аъзамнинг улуғ зот эканлигига яна бир далиллиги, бунинг устига, бир оёқда туриб хатм қилганларини катта бир мўъжиза сифатида баҳолайди.
Иккинчи тараф эса «Бу ёлғон бўлса керак. Бу нарсани қилиб бўлармиди?» деган шубҳага боради. Лекин биз ҳар бир нарсани Қуръони Каримдан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатларидан ва воқеликдан келиб чиқиб баҳолашимиз аён бўлганидан кейин бу маънодаги гапларни бошқача муолажа қилишимиз мумкин.
Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс номли саҳоба келганлар. Бу саҳоба ибодатга ўта ўчликлари ва нафл ибодатларни жуда кўп қилишлари билан танилган зотлардан ҳисобланадилар. У киши ёшликларидан ўзларини обидликка бахшида қилган зот эдилар. Ҳатто оталари Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу) Абдуллоҳни уйлантириб қўйганларида, келинга ҳам қарамасдан, кечасини намоз ўқиш билан ўтказган эканлар. Мана шунда келиннинг қариндошлари тарафидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га шикоят қилинган ва Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) у кишини чақириб танбиҳ берганлар ва кечасидаги ибодат, нафл рўза тутиш тартибини ўргатиб, узлуксиз бардавом бўлмасдан, ибодатларни, хусусан нафл ибодатларни маълум бир муддатда адо қилиб, қолган вақтда ўзларининг ҳаётдаги ва оиладаги бурчларини бажаришлари лозимлигини тушунтирганлар.
Хуллас, мана шу саҳобий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Қуръонни хатм қилишга ҳам рағбатлари буюк эканлигини Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га айтганлар. Ҳар кеча Қуръонни хатм қилишга кучлари етиши, у киши учун бу нарса осон эканлигини айтиб, рухсат сўрасалар ҳам, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кўнмаганлар. Кейин икки кечага рухсат сўрасалар ҳам, изн бермаганлар ва энг ками уч кун бўлишлигини қаттиқ таъкидлаганлар. Шу билан бирга, уч кундан камда хатм қилинадиган бўлса, Қуръоннинг ҳаққи адо этилмаслиги, шошилиш оқибатида нотўғри ўқишлик, ҳарфларни жойидан чиқара олмаслик ва шунга ўхшаш кишига малол келиш омиллари ҳам борлигини эслатиб қўйганлар. Шунинг учун уламоларимиз, хатми Қуръон тўғрисида сўз кетганида, албатта, уч кундан камида хатм қилмаслик кераклигини уқтирадилар.
Мана шу нарса шариат аҳкомларига кириб, ўрнашиб, барча уламолар иттифоқ қилган ҳукмдир. Уч кундан озида Қуръонни хатм қилишга рухсат йўқ.
Энди улуғ имомлар тўғрисидаги гапларга келсак, бу ўша кишиларнинг маноқиблари, яъни уларнинг мана шунақа юқори даражадаги зот эканлигини мақташ учун ёзилган китобларда келади. Мана шу қабилда айтилган гапнинг далили ва кўрган, билган, ривоят қилган одамларнинг рўйхати ҳам, исмлари ҳам зикр қилинмайди. Кўпроқ шогирдлар ўзларининг устозлари ва пешволари тўғрисида муболағали айтган гаплари қаторидан ўрин олади.
Бундай саволлар халқ орасидаги баъзи кишилар томонидан бизга берилса, биз уларни бироз койиймиз. Чунки Имоми Аъзамга ўхшаш буюк мужтаҳидлар Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатларини ипидан-игнасигача ўрганиб чиққан, бутун умрларини динни чуқурроқ ўрганишга бағишлаб, Қуръони Каримни ҳамда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларини мусулмонлар ҳаётига тадбиқ қилишга пешво бўлган зотлардир. Улар суннатга хилоф иш қилишни асло ўзларига раво кўрмасликларини айтамиз. Ақл, воқеликдан келиб чиққанимизда, бир оёқни кўтариб, Қуръон хатм қилиш мумкинми?
Тўғри, ўзини қийнаб, қироатнинг ҳаққини адо этмасдан, камчиликларга йўл қўйиб, бир-икки кунда қилиш мумкиндир. Лекин 40 йил давомида бу ишнинг суннатга хилоф равишда бардавом бўлиши эса  Имоми Аъзамга ўхшаган зотлар учун мутлақо тўғри эмас. Чунки ўзлари бутун мусулмонларни суннатга чақириб, яна ўзлари суннатга хилоф иш қилмаганлар. Энди  бундай гапларни тарқатувчи кишиларга гапимиз шуки, суннатга хилоф иш қилдириш билан Имоми Аъзамнинг обрўсини орттиришга уринмайлик, яъни уни орттириб ҳам бўлмайди. Суннатга хилоф иш қилиб обрў ортади, дейдиган бўлсак, мутлақо нотўғри фикрда бўламиз.
Шунинг учун азиз уламоларимиз ва мужтаҳидлари­мизга, мазҳаб бошчиларимизга ва хусусан, Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳи)га бундай гапларни нисбат бериш одобдан бўлмайди. Тушунмаган кишиларнинг ичида «Суннатга хилоф иш қилган экан-да», деган тушунча пайдо бўлишига йўл қўймаслигимиз керак. Аллоҳ таоло барчаларимизнинг тўғри йўлда юришли­гимизни насиб қилган бўлсин. Валлоҳу аълам.