A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
«Биз уни юксак мақомга кўтардик»
PDF Босма E-mail

САВОЛ: Ассалому алайкум, Ҳазрат! Кеча «Марям» сурасини ўқиётганимизда қуйидаги изоҳга дуч келдик:
«Биз уни юксак мақомга кўтардик». Изоҳ: Идрис алайҳиссаломнинг бу оятда юксак мартабага кўтарилишларини баъзи олимлар «Набийлик мақоми» ёки «тўртинчи осмонга чиқиб кетганликлари» десалар, бошқалари «жаннатга кўтарилиб кетганлари», дейдилар. Меърожга тааллуқли ҳадисда жаноб Расулуллоҳ тўртинчи осмонда Идрис (алай­ҳиссалом)ни кўрганлари нақл қилинган. «Мадорик» тафсирида шундай дейилади: «Ҳасан Басрий айтурларки, Идрис (алайҳиссалом) ибодатга шунчалик берилиб кетган эканларки, барча фаришталар уни яхши кўриб қолган эканлар. Ўлим фариштаси Аллоҳдан изн сўраб унинг зиёратига борган экан. Бориб ўзини танитгач, Идрис (алайҳиссалом) унга: «Менга бир ўлим аччиғини торттиргин», дебдилар. У рози бўлибди. Қайта тирилгач, «Энди бир дўзахга ҳам солиб-чиқар», дебдилар. Фаришта бу илтимосларини ҳам бажарибди. «Энди  жаннатга ҳам бир олиб кир», дебдилар. Киргач, қайтиб чиқишдан бош тортибдилар. Фаришта қистаб чиқармоқчи бўлганида, айтибдилар: «Ўлимни тотдим, дўзахга кириб чиқдим. Жаннатга кирганлар эса қайта чиқарилмагайлар», дебдилар. Фаришта Аллоҳга арз қилган экан, У: «Бу ишлар ҳаммаси Менинг изним билан бўлди. Қўй, қўзғама уни, жаннатда қолаверсин», деган экан. Бу ривоят қадимдан машҳур эди. Тафсирларда ҳам бор.
Мана шуни ўқиб, бир савол пайдо бўляпти: Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган зот − бу  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалламдир)лар. Аммо Идрис (алайҳиссалом) эса ҳозир жаннатда эканлар, бу қандай бўлди?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Идрис (алайҳиссалом) ҳақларида сиз эслаб ўтганга ўхшаш турли ривоятлар бор. Лекин у киши ҳақидаги маълумотларни Қуръон ва ҳадисдан олганимиз энг ишончлиси бўлади. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) Идрис (алайҳиссалом)ни меърож кечаси тўртинчи осмонда кўрганлари ҳақидаги ҳадис саҳиҳдир. Агар тўғри ёки тўғри эмаслигини билмаган нарсамиз ҳақида гапирадиган бўлсак, нотўғри иш қилган бўламиз. Қуръони Каримда зикр қилинган Набийларнинг Одам Атодан кейинги энг қадимгилари Идрис (алайҳиссалом)дирлар. Аллоҳ таоло у зот ҳақларида «Марям» сурасида марҳамат қилиб қуйидагиларни айтади:
«Ва китобда Идрисни эсла. Албатта, у сиддиқ ва Набий бўлган эди. Ва уни олий мақомга кўтардик» (56-57 оятлар).
Шунингдек, «Анбиё» сурасида:
«Ва Исмоил, Идрис ва Зул-кифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир. Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир» (85-, 86-оятлар), дейди.
Қуръони Каримда Идрис (алайҳиссалом) ҳақларида бундан бошқа маълумот йўқ. Ушбу зикр этилган ояти карималарда Идрис (алайҳиссалом)нинг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда:
1. Сиддиқлик.
2. Набийлик.
3. Олий мақом соҳибилиги.
4. Сабр қилувчилик.
5. Аллоҳнинг раҳматига кириш.
6. Солиҳлик.
Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Идрис (алай­ҳиссалом)нинг насаблари Одам алайҳиссаломнинг ўғиллари Шийс алайҳиссаломга етиб боради. У кишининг оталарининг исми Ёрид, боболарининг исми Маълоил бўлган. У кишига Одам ва Шийс алайҳиссаломлардан кейин учинчи бўлиб Набийлик берилган.
Машҳур тарихчиларимиздан Ибн Исҳоқ (раҳма­туллоҳи алайҳи)нинг таъкидлашларича, Идрис (алайҳиссалом) қалам билан ёзув ёзган биринчи одамдирлар.
Уламоларнинг рожиҳ гапларига қараганда Идрис (алай­ҳиссалом) Бобилда таваллуд топганлар. Аввал бош­да Шийс (алайҳиссалом)да бўлган илмни ўрганганлар. Кейинчалик Аллоҳ таоло у зотга набийликни берган.
У киши Набий бўлганларидан кейин кишиларни Одам ва Шийс (алайҳиссаломлар) шариатига даъват қилганлар. У кишининг даъватларини озчилик қабул қилган, холос.
Шунда у зот ўзларига эргашганлар билан Бобилни тарк этиб, ҳижратга чиққанлар. У киши ҳижратлари учун Мисрни танлаганлар. Мисрда турган пайтларида одамларни динга даъват қилганлар.
Идрис (алайҳиссалом) биринчи бўлиб маданий ишларни йўлга қўйганлар, одамларга маданиятга оид ишларни, қонун-қоидаларни ўргатганлар. У кишининг даврларида 188 та шаҳар қурилган экан.
Идрис (алайҳиссалом) ўз ҳикматлари ила машҳур бўлганлар. Ровийлар Идрис (алайҳиссалом)дан асар бўлиб қолган баъзи ҳикматларни ҳам келтирадилар:
«Дунёнинг яхшиси ҳасратдир. Ёмони надомат­дир».
«Бахтиёр − ўзига назар солган кишидир. Унинг Рабби ҳузуридаги шафоатчиси − амали солиҳидир».
«Сабр иймон ила бўлса, зафар келтиради».
Идрис (алайҳиссалом)нинг ер юзидаги истиқо­матлари саксон икки йил бўлган. Идрис (алайҳис­салом)нинг жаннатга кириб, у ерда қолганлари ҳақидаги гаплар илмий асосга эга эмас. Дарҳақиқат, барча ишончли манбаларда таъкидланишича, жаннатга энг аввал кирадиган Зот Расулуллоҳ Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бўладилар. Валлоҳу аълам.