A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Бу оятни қандай тушунса бўлади?
PDF Босма E-mail

Нур сурасининг 30-оятида Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад,) мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!» Ушбу оятга амал қилиш учун аёлларга (хоҳ кўчада, хоҳ телевизорда, хоҳ суратда бўлсин) қарамаслик керакми? Нур сурасининг 30-31-оятларига амал қилиш учун нима қилиш керак? Шуни тушунтириб берсангиз.

ЖАВОБ: Аллоҳ таоло Нур сурасида айтади: «Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир». Ушбу ояти каримада зинодан сақланишнинг энг бош омили сифатида номаҳрам аёлларга эркакларнинг шаҳват назари билан қарашлари ман қилинмоқда. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га хитоб қилиб, мўмин эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан тийишга ва фаржларни зинодан сақлашга буюришни амр этмоқда.
Бу дегани, эркак киши аёлнинг қорасини ҳам кўрмасин, дегани эмас. Балки ҳожатдан ташқари қарамасин, деганидир. Мисол учун, бир номаҳрам аёлга назари тушиши билан бошқа томонга кўзини бурсин, унга қараб туравермасин, қараши шаҳват назарига айланиб кетмасин, деганидир. Чунки аёл кишига бир муддат давомий қараш эркак одамда шаҳвоний туйғуни қўзғотади. Шаҳват билан қараш зинога олиб бориши ҳам мумкин. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай қарашларни «кўз зиноси» деб атаганлар. Мусулмон эркак номаҳрам аёлга қайта-қайта қарамаслиги лозим.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қуйидагиларни айтадилар: «Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси назар солишдир. Тилнинг зиноси гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Икки қўлнинг зиноси ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса  уни ё тасдиқлайди, ё ёлғонга чиқаради».
Имом Термизий Бурайда (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, назарга назарни эргаштирма! Биринчиси фойда бўлса, иккинчиси сенга зарардир», деганлар. Дарҳақиқат, биринчи назарда зарур мақсад ҳосил бўлади. Аммо кетма-кет қараш, аввал айтилганидек, шаҳват қўзғотади.
Аммо бехосдан назар тушиши гуноҳ эмас. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ал-Бажарий (розияллоҳу анҳу): «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бехосдан тушган назар ҳақида сўраган эдим, кўзимни бошқа томонга буришни амр қилдилар», дерлар.
Исломда эркаклар номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарилибгина қолмай, балки бу амрга риоя этганлари учун уларга ажру савоб ва маънавий мукофотлар ҳам ваъда қилинади. Имом Табарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: «Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у (назар)ни тарк қилса, бадалига бир иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади», дейилган.
Имом Аҳмад Абу Умома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қай бир мусулмон бир аёлнинг гўзалликларига назари тушсаю, сўнгра кўзини олиб қочса, албатта, Аллоҳ уни шундай ибодатга алмаштирадики, унинг ҳаловатини топади», деганлар.
Номаҳрам аёлларга назар солмаслик ҳақидаги амрдан бир неча ҳолатлар истисно қилинган. Масалан, бир одам уйланмоқчи бўлса, у аёлга назар солиши нафақат мумкин, балки мустаҳабдир. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Муғийра ибн Шўъба (розияллоҳу анҳу) қуйидагиларни айтадилар: «Уйланмоқчи бўлиб, бир аёлга совчи қўйган эдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга: «Уни кўрдингми?» деб сўрадилар. Мен: «Йўқ», дедим. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Сен уни кўргин, бу, албатта, ораларингизда яқинлик ҳосил қилади», дедилар.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ансорийлардан бир аёлга уйланмоқчи бўлган кишига: «Сен уни кўргин, ансорийларнинг кўзларида бир нарса бўлади», деганлар. Имом Аҳмад Абу Ҳумайддан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биронтангиз бир аёлга уйланмоқчи бўлса, унга назар солмоғида гуноҳ йўқдир, чунки у уйланмоқ ниятида назар солади», деганлар.
Шунингдек, жиноятчини аниқлаш мақсадида текшириш ўтказаётган шахслар ҳам шу мажбурият юзасидан аёл кишининг юзига қараса бўлади. Қози хусумат билан ёки гувоҳлик учун келган аёлга ҳукм чиқариш мақсадида вазифа юзасидан қараса, мумкин. Табиб ҳам тиббий мақсадларда қараса, жоиз. Албатта, бу ҳолатларда синчиклаб қараш ҳақида сўз кетмоқда (Аллоҳ билувчидир).