A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Хатми Қуръон ҳақида
PDF Босма E-mail

1. Яқинда Қуръони Карим ўзбек тилига таржима қилинди. Шуни ўқиб, араб тилида айтиш зарур оятларни айтиб, Қуръонни хатм қилса бўладими? Агар бўлмаса, сабабини айтсангиз, уни улуғ кишилар таржима қилган-ку?
2. Қуръонни хатм қилганда, айтиш зарур бўлган оятларни айтиб, кейин китоб охиридаги тиловати Қуръон дуосини қўшиш керакми ёки йўқми?

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
«Қуръонни хатм қилиш» дегани унинг арабча матнини аввалидан охиригача ўқиб тугатиш деганидир. Аммо  Қуръони Каримнинг маъно таржимасини ёки тафсирини ўқиб чиқиш хатм ҳисобланмайди.
Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг каломидир. Унинг лафзию маъноси, ҳар бир калимаси, ҳар бир ҳарфи Аллоҳ таоло томонидандир. Шунинг учун бу илоҳий лафзларни ўқишнинг ўзи алоҳида бир ибодатдир. Аммо таржима, ҳар қанча тўлиқ бўлмасин, банда томонидан тузилган бўлади.
Қуръони Каримнинг таржимасига келсак, уни ҳеч бир тилга мукаммал таржима қилиб бўлмайди. Чунки  арабча матн илоҳий лафзлар бўлиб, мўъжизлик сифатига эга. Қолаверса, араб тилининг бойлиги, унинг имкониятлари бошқа тилларда топилмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг охирги китобига ушбу тилни ихтиёр қилган. Бу хусусиятлар ўзга тилларда йўқ. Ушбу ҳақиқатлардан келиб чиқиб, уламоларимиз: «Қуръоннинг маъноларини таржима қилиш мумкин, холос», дейишган ва бунинг зарурий нарса эканини таъкидлашган.
Ислом уммати ўзи ишонган тафсирчиларни ўзига хос услуб ила танлаб олган. Бу борада, хусусан, илоҳий иноятга мушарраф бўлиш алоҳида аҳамият касб этган. Мазкур танланган тафсирчилар ҳам Аллоҳ таолонинг китоби, Қуръони Каримнинг маъноларини мусулмонларга етказиш учун сидқидилдан хизмат қилиб келишган.
Шундай бўлса-да, Қуръони Карим маъноларининг таржимаси ва тафсири ҳеч қачон Қуръон ўрнига ўтмайди. Чунки  таржима ва тафсирлар қанчалар улуғ инсонлар томонидан бажарилган бўлмасин, нечоғлик мукаммал бўлмасин, барибир, инсонга тегишли ҳисобланади. Шу боис, маълум оятларнинг арабча матнини ўқиб, қолганига таржима ё тафсирини ўқиш хатм бўлмайди.
«Хатм охирида зурур бўлган оятлар» деганда, бизда урф бўлганидек, «Ихлос» сурасини уч марта такрорлаш ва Қуръонни тугатгач, «Фотиҳа» сурасини ва бошқа оятларни ўқишни назарда тутаётган бўлсангиз керак. Бу борада Қуръон илмларига доир китобларда айрим маълумотлар бор.
Қуръонни хатм қилишда «Ихлос» сурасини уч марта такрорлаш ҳақида имом Муҳаммад ибн Жазарий ўзининг «Ан-нашр фил қироати ал-ъашр» китобида хулоса қилиб айтишича, бу иш жумҳур қорилар орасида маъруф бўлмаган. Фақатгина Қозий Ҳаравоний ўз устози Аъшодан ривоят қилган қироатида шу нарсани таълим берган. Аммо бу ҳам Аъшо томонидан эмас, балки айнан Қозий Ҳаравоний тарафидан жорий қилинганини уламолар таъкидлайдилар. Чунки Аъшонинг Ҳаравонийдан бошқа шогирдлари бу нарсани қилмаган. Бунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг: «Қул ҳуваллоҳу аҳад» Қуръоннинг учдан бирига тўғри келади», деган ҳадислари асос қилиб олинган ва «хатми Қуръондаги камчиликларнинг бадалига» деб ният қилинган.
Бу амалнинг мусулмонлар орасида кенг тарқалишига Қозий Ҳаравонийнинг маконати ва унинг ушбу ишни маъқуллаши сабаб бўлган бўлса керак, дейди имом Жазарий. Чунки  у ҳақида ўз замондошлари «Куфада Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан кейин Қозий Ҳаравонийгача ундан фақиҳ одам бўлмаган», дейишар эди.
Хатми Қуръонда «Фотиҳа» сураси ва «Бақара» сурасининг аввалги беш оятини ўқиш ҳақида ҳадиси шарифларда айтилган.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Бир киши:
«Эй  Аллоҳнинг Расули, қайси амал Аллоҳга маҳбуброқ?» – деб сўради. У Зот:
«Қўниб-ла йўлга чиқувчи», – дедилар.
« Қўниб-ла йўлга чиқувчи нима?» – деди.
«Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб, ҳар гал қўнгач, яна йўлга чиқадиган киши», – дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадисда Қуръонни хатм қилган киши яна янги хатмни бошлаб қўйиши яхшилиги ва бу иш Аллоҳга маҳбуб амаллардан экани таъкидланмоқда. Аммо унда янги хатмидан энг камида қанча ўқиб қўйиш кераклиги ҳақида маълумот йўқ. Бу ўринда бизга имом Жазарий ўзининг бир нечта санади билан Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадис масалани ойдинлаштириб беради. Унда айтилишича, Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)га Қуръонни тўлиқ ўқиб берганларида Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу): «Ал-ҳамду»дан ва «Бақара»нинг бошидан беш оят ўқиб қўй. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга ҳам у Зотга хатм қилиб берганимда худди шундоқ қилганлар», деб айтганлар.
Аммо  Қуръон хатм қилганда мазкурлардан бошқа оятларни ўқиш ҳақида мўътабар китобларда ҳеч гап йўқ.
Энди, хатми Қуръонда дуо қилишга келсак, бу тўғрида ҳам ҳадиси шарифлар келган.

Имом Тобароний ва Имом Суютий Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Ким Қуръон ўқиса  ёки ким Қуръонни жамласа, унинг учун Аллоҳнинг ҳузурида бир мустажоб бўладиган дуо бор. Аллоҳ агар хоҳласа, уни дунёда тезлатиб беради ва агар хоҳласа, уни охиратга захийра қилиб беради», – дедилар».
Демак, Қуръонни хатм қилган киши фурсатни ғанимат билиб, сўрамоқчи бўлган нарсаларини сўраб олиши керак экан. Бунда Қуръони Каримда ва ҳадисларда келган дуолардан фойдаланиш айни муддаодир. Валлоҳу аълам.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Зикр аҳлидан сўранг» китобидан