A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръони каримда зикри келган Миср ғалла омборлари
PDF Босма E-mail

Аллоҳ таолонинг марҳамати билан кейинги йилларда Миср Араб Республикасига икки марта сафар қилиш насиб этди. Қадимий бу ўлкага биринчи боришим Президентимизнинг «Истеъдод» жамғармаси совриндори бўлганимда, иккинчиси эса нафақага чиққанимдан сўнг амалга ошди. Сафарлар чоғида физика ва математика фанларининг долзарб муаммоларига бағишланган халқаро анжуманларда илмий маърузалар қилиш билан бирга, Мисрнинг машҳур тарихий обидалари ва музейлари билан ҳам танишдим.

Мени қаттиқ ҳайратга солган нарса ер ости ғалла омборхоналари бўлди. Бу омборхоналар билан яқиндан танишиш чоғида улар Қуръони каримдаги Юсуф (алайҳиссалом) қиссаси билан боғлиқ экани ҳақидаги далиллар қизиқишимни янада кучайтириб юборди.

Мазкур қисса Аллоҳ таолонинг Китобидаги энг чиройли қиссалардандир. Унда Аллоҳнинг пайғамбари Юсуфнинг (алайҳиссалом) ҳаёти, у зотнинг бошига тушган мусибат, оға-инилар ва бегоналардан кўрган жафолари, қудуққа ташлангани, кейин туҳматга йўлиққани ва зиндонбанд бўлгани ҳамда бу кўргулик ва имтиҳонларга сабр қилиши натижасида охир-оқибат зиндон азобидан халос бўлиб, бутун Миср мулкига эга бўлгани хусусида сўз юритилган.

Миср заминининг Саккара чўлидаги зинапояли эҳром ёнида қадимшунослар ўн битта ғалла омборхонасини топишган. Ушбу омборхоналар юксак дид ва идрок билан лойиҳалаштирилган, улар бир-бирига ерости йўлаклари орқали боғланган. Бу омборхоналар ғалла билан тўлдирилганидан сўнг усти ёғоч ва тошдан ясалган гумбазлар билан беркитилган. Омборхоналарга фақат биттасидаги зинапоядан тушиш мумкин бўлиб, қолганларидаги ғаллани ҳам ўша омбордан олишган.

Қазилма изланишлари натижасида бу омборхоналар тубида ғалла ҳам топилган. Аммо айрим Миср олимлари, ғалла ушбу жойга дафн этилганлар учун қўйилган озиқ-овқатдир, деб даъво қилишади. Лекин мазкур жойда олимларнинг бу фикрини тасдиқловчи бирорта қабр асорати топилмаган.

Энди Қуръони каримнинг Юсуф сурасидаги ғалла омборлари билан боғлиқ ояти карималар билан танишинг:
«Подшоҳ деди: “Мен тушимда етти семиз сигирни етти ориқ сигир еяётганини; етти думбул ва етти қуриган бошоқни курдим. Эй аъёнлар, агар туш таъбирини билсангиз, менга бу тушимнинг таъбирини айтинг”» (43-оят мазмуни).
«У деди: “Етти йил кетма-кет дон экинг. Ўриб олган ғаллангизнинг озгина ейдиганингиздан бошқасини бошоқлари билан қолдиринг. Сунг у етти йилдан кейин етти оғир йил келади, у йиллар учун олдин йиққанларингизни тугатади, фақат сақлаганларингиздан озгинаси қолади” (47—48-оятлар мазмуни).
Энди Юсуф (алайҳиссалом) яшаган макон ва замонга эътибор берайлик. Миср ўлкаси Африка қитъаси шимолида жойлашган бўлиб, ўша даврларда унинг пойтахти Мемфис шаҳри бўлган. Дунёдаги энг узун Нил дарёси Миср бўйлаб оқади. Дарёда сув кўп бўлган йиллари ерлардан мўл ҳосил олинар ва бу йиллар тўкинчилик даври ҳисобланар эди. Баъзан эса сув камайиб кетиб, юртда очарчилик бўлар эди. Аллоҳ таолонинг марҳамати билан бу ҳолларни Юсуф (алайҳиссалом) билиб, ҳосилдор ерларни аниқлаган. Ерлардан мўл-кўл ҳосил олиб, ортиқча ғаллани сиғдирадиган омборхоналар қурдирган.

Юсуф (алайҳиссалом) башорат қилган мўл-кўлчилик йилларида жуда кўп ғалла омборларга ғамлаб қўйилган. Кейинги етти йил эса, Қуръони каримда зикр этилганидай, қаҳатчилик даври бўлган.

Мисрга ризқ излаб Канъон шаҳридан Юсуфнинг (алайҳиссалом) акалари ҳам келишади. Сўнгра Юсуфнинг отаси Яъқуб (алайҳиссалом) ҳам келган. Яъқуб (алайҳиссалом) 147 йил умр кўриб, Мисрда вафот этади ва васиятига кўра ўғиллари Канъонда дафн этишади. Юсуф (алайҳиссалом) 110 йил умр кўриб, вафотидан сўнг у ҳам Мисрда дафн этилади. Кейинчалик Мусо (алайҳиссалом) Мисрдан Бани Исроилни олиб чиқишларида Юсуф (алайҳиссалом) турбатини ҳам олиб чиқиб, Канъон заминида, аждодлари ёнида дафн эттирганлар.

Аллоҳ таолонинг инсонларга юборган элчилари — пайғамбарлардан бўлган Юсуфнинг (алайҳиссалом) тавсияси билан қаҳатчилик йилларида фойдаланиш учун барпо қилинган ва Миср ўлкасида бир неча минг йил мобайнида сақланиб келаётган ғалла омборларини ўз кўзимиз билан кўрганимизда Аллоҳ таолонинг энг яхши сақлагувчи эканига шак-шубҳамиз қолмади. Албатта, бу мисолларда тафаккур қиладиган инсонлар учун ибратлар бордир.

Рустам ИБОДОВ