A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Мўминнинг кундалиги (Қуръони каримни ёдлаш одоблари)
PDF Босма E-mail

Барнома ҳақида икки оғиз сўз

Islom.uz партали ходимлари азиз болажонлар учун «Мўминнинг кундалиги» номли ажойиб бир тарбиявий ҳикояни электрон саҳифаларда тақдим қилади. Унда бир қанча Ислом одоблари жуда ҳам ғаройиб ва қизиқарли услубда  ушбу кундаликнинг қаҳрамони кичкинтой Мўминжоннинг тилидан баён қилинади.
Мўминжон олийжаноб исломий оилалардан бирида униб-ўсган. У ёшлигида, ҳали балоғат ёшига етмасданоқ Қуръони каримни ёд олишга улгурган. Юзидан Қуръон нури уфириб туради. Кўзлари Қуръон шўъласидан пориллайди. Ақлу қалби Каломуллоҳ зиёсидан зийнатланган, мусаффо бўлган. Маткабда ҳам аъло баҳога ўқийди. Ҳамма фанлардан фақат беш олади. Ҳозирча тенгдошлари ичида унга етадигани йўқ. Шу билан бирга у таомланиш маданияти, масжид одоблари, ота-онага яхшилик қилиш, устозни эъзозлаш каби ижтимоий ҳаётимизга бевосита боғлиқ бўлган муҳим Ислом одобларини ҳам ўрганиб, ўз ҳаётида йўлга қўя билган. Бу нарса унинг ҳаётини шу қадар гўзаллаштирганки, уни кўрган ҳар қандай кўнгли тоза ақлли инсон ҳавас билан унга ўхшагиси келади. Айни вақтда у ўзининг беғубор исломий ҳис-туйғулари билан ҳар бир мусулмон шахс ўрганиши ва ҳаёти давомида, турмуш тарзида тўла акс эттириши лозим бўлган исломий одоблардан билган ва ўзлаштирганларини укаси Аҳмадга ҳамда бошқа айрим ўртоқларига ўргата олган. Барча дўстлари уни ҳурмат қилишади, бирортаси ҳам уни ҳафа қилмайди, у ҳам ҳеч бир ўртоғини ранжитмайди. Қисқача қилиб айтганда, у Қуръон шарофати билан ўзга бир оламга айланган.
Азиз болажонлар! Сиз қуйидаги саҳифаларда ушбу дўстингиз Мўминжоннинг ўз ҳаётида ҳамда у билан оиласи ва бошқа ўртоқлари орасида бўлиб ўтган воқеалар ҳақидаги ҳикоялари билан танишасиз. Ҳар бир воқеа ва ҳолатда янги бир исломий одобни, исломий қадрятни ўрганасиз. Очиғини айтганда, сиз бу одоб ва қадрятларга жуда ҳам муҳтожсиз. Бу орада сиз ушбу мавзуга доир қисқача шеърлар билан ҳам ошно бўласиз. Келинг, яхшиси, гапни чўзмай, сўзни Мўминжонга берайлик.

КАТТА МУКОФОТ

Исмим Мўминжон.. Ўн бир ёшдаман.. оилада беш кишимиз: Отам, онам, мен, мендан икки ёш кичик укам Аҳмад ва кичкинтой синглим Зайнаб. Биз жуда ҳам иноқ ва бахтиёр ҳаёт кечирамиз. Оиламиз аъзоларини меҳр-муҳаббат, ўзаро кўмаклашув ва вафодорлик каби ҳислатлар бирлаштириб туради. Мен сизларга ҳозир оиламизнинг ибратли, намунали кундалик ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиб бермоқчиман. Унда мен асосий ўрин эгаллайман.
Сизлардан илтимосим, мени ўзингизнинг энг севикли, самимий, вафодор дўстингиз деб билинг ҳамда насиҳат ва кўрсатмаларимни, укам Аҳмад ва баъзи ўртоқларим билан ўтказган кунларимиз асносида ҳосил қилган фойдали билимларимни диққат-эътибор билан ўрганинг...
Гапни чўзмай, тезроқ ҳикоямни бошла қолай.. Мен сизларга зўр бир воқеани айтиб берамоқчиман. Бу воқеа ҳаётимнинг мазмуни, шон-шавкатидир. Бу − «Қуръонни энг яхши ёд олган ҳофиз», деган мукофотни қўлга киритган кунимдир. Келинг, яхшиси бу улуғ шарафни қандай ҳосил қилганимни сизларга бошидан айтиб берай.
Отам мени укам Аҳмад билан бирга масжиддаги Қуръон тўгарагига топширдилар. Биз билан бирга Умар ва Жасур деган икки ўртоғим ҳам тўгаракка қабул қилинди. Мен ўшанда эндигина иккинчи синфни битирган эдим. Ҳар куни шом намозидан сўнг дарс бошланарди. Ҳаммамиз шомни масжидда ўқиб, намоздан сўнг устоз атофига тўпланар эдик.
Бошида бироз қийналгандек бўлдим, кейин ҳаммаси йўлга тушиб кетди. Қуръон ўқиш энг севимли машғулотим бўлиб қолди. Барчамиз Қуръонни ёдлашда ва уни такрор қилишда тиришқоқлик билан қаттиқ ҳаракат қилардик. Мен ҳар куни мадрасадан қайтгач, уй вазифамни бажарардим. Кейин эрталаб укам Аҳмад билан кечаги олган дарсимизни устоздан эшитиш учун масжидга борардик.

Мўмин ўз оила аъзолари билан

Ҳар куни ҳолат шундай бўларди. Бутун орзуйим Қуръони каримни тўла ёд олиш эди. Чунки, отам Қуръон ёдлаш ҳамма яхшиликларнинг боши, Қуръон ёдлаган кишининг дийну дунё ишларига Аллоҳ ёрдам беради, дер эдилар. Буни мен қалбим билан ҳис қилиб турардим. Лекин устозим ҳамма нарсадан олдин Қуръони карим тиловатининг одобларини ёдлашим лозим эканлигини айтдилар. Чунки бу илм Қуръонни ёд олмоқчи бўлган кишига Аллоҳ азза ва жалланинг китоби билан муомала қилиш одобини ўргатар экан. 
Кунлардан бир куни хонамда Таборак сурасини ёд олаётган эдим, отам билан онам иккиси чой ичиб, гаплашиб ўтиришган эдилар. Сурани ёдлаб бўлгач, жимгина отамга қарадим. Шу вақт отам мени онам билан гаплашаётганларига қулоқ солиб, ўқишдан тўхтади, деб ўйладилар ва мени койиб: «Қуръони каримни ўқиётган қорийга гапириш ва бошқаларнинг суҳбатига қулоқ тутиш мумкин эмас», дедилар. Мен эса отамга тиловатни тугатганимни ва ичимда «содақоллоҳул ъазийм», деганимни одоб билан аста тушунтирдим. Дадам Аллоҳнинг каломига бўлган эҳтиромимдан жуда ҳам хурсанд бўлиб кетдилар ва мен билан фахрланишларини, чунки мен ёдлашда бир хилда бардавом кетаётганимни айтдилар. Онам ҳам мени росса мақтадилар. Ҳар сафар Қуръон ўқимоқчи ёки ёд олмоқчи бўлганимда қандай таҳорат олиб, пок жойда ўтириб, «аъузу» ва «бисмиллаҳ»ни айтиб ўқиш бошлашимни ҳикоя қилиб бердилар.

 

Мўмин Қуръон тиловат қилмоқда

Ота-онамнинг менинг ишларимга бўлган эътиборидан жуда ҳам хурсанд бўлардим. Айниқса, отам мендан Қуръони карим тиловатининг одобларидан ўрганганларимни айтиб беришимни сўарганларида ўзимга сиғмай кетардим. Бир куни дадам: «Ўғлим, Қуръон ўқиш одобларидан ўрганганларизни қани бизга ҳам айтиб берингчи», деб қолдилар. Мен дарҳол шундай дедим: «Қуръонни хушуъ ва тадаббур билан, оятларнинг маъноларига эътибор бериб тиловат қилиш керак. Ва яна қийналмай, дона-дона қилиб, чиройли овозда ўқиш лозим. Бунинг учун тажвид қоидаларига амал қилиш ва ҳарфларни (нутқ товушларини) ўз ўрнидан айтиш керак бўлади. Шу билан бирга тиловатни эшитувчи киши ҳам жим қулоқ тутиши ва оятлар устида тафаккур қилиши лозим. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи далил бўлади: «». Аъроф –оят.
Қуръон ўқиётган киши эсноқ келганида то у кетганича тиловатдан тўхтаб туриши ва раҳмат оятларида Аллоҳ таолодан У зотнинг фазлини сўраши, қўрқитувчи оятларда эса У зотдан паноҳ сўраши ҳам тиловат одобларидан ҳисобланади».
Отам билан онам менинг сўзларимни эшитиб, жуда ҳам қувониб кетдилар. Суҳбатимиз мана шу тарзда то шом намозига азон айтилгунича давом этди.
Сўнг мен отам билан масжидга йўл олдим. Отамга масжидда шом намозини ўқиб бўлганимиздан кейин мен ўртоқларим билан Қуръон ёдлатиш тўгарагида қолмоқчи эканимни айтдим. Масжидда намоздан сўнг ҳар кунгидек устоз атрофида ҳалқа бўлиб ўтирдик. Аммо бугун устоз дарсларимизни эшитишдан олдин бизларга бир муҳим саволлари борлигини айта туриб шундай дедилар:

Мўмин отасига Қуръони карим тиловатининг одобларидан ўрганганларини айтиб бермоқда

–    Бугун сизларнинг ёд олган дарсларингизни эшитишдан олдин сизларга бир муҳим савол бермоқчиман. Сендан бошлақолайлик, эй Умар.
–    Бош устига, устоз.
–    Қани айтчи, сен Қуръони каримни нима учун ёд олмоқдасан?
–    Мен Қуръонни унинг оятларидан баҳраманд бўлиш, Аллоҳнинг розилигига эришиш ва Қуръон қиёмат куни менга шафоатчи бўлиши учун ёд олмоқдаман.
–    Сенчи, эй Жасур?
–    Мен Қуръондаги билимим ортгани сайин Аллоҳга бўлган итоатим ортиб, хулқим гўзаллашиб бораётганини кўрмоқдаман. Шу билан бирга мен Қуръондан ўрганганларимни бошқаларга ҳам ўргатишни мақсад қиляпман. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларнинг яхшиларингиз, Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир», деган эканлар.
Ниҳоят навбат менга келди, устоз ўша саволни мендан ҳам сўрадилар:
–    Сенчи, Мўминжон.. Қуръонни нима учун ёдламоқдасан?
Мен шундай деб жавоб бердим:
–    Қуръонни Аллоҳнинг розилиги учун, У зотга яқинлик ҳосил қилиш мақсадида ёд олмоқдаман. Уни мен буйруқларини бажариб, қайтариқларидан сақланиш учун ҳамда уни кечаю кундуз тиловат қилиб юриш ниятида ёдламоқдаман.
Устоз бизнинг жавобларимиздан жуда ҳам хурсанд бўлиб кетдилар ва шундай дедилар:
–    «Боракаллоҳ, болаларим. Менинг сизарга ишончим катта. Ҳаммангиз Қуръонни улуғ, юксак мақсадларда ёд олмоқдасизлар ва муборак илм йўлидан бормоқдасизлар. Ким илм талабида қадам босса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди.

Устоз ўз шогирдларидан Қуръони каримнинг ёд олишларининг сабаби ҳақида сўрамоқда

Пайғамбар алайҳиссалом: «Қуръонга моҳир киши буюк, мукаррам, ўта яхши фаришталар билан биргадир.
Яна бир ҳадисда келадики, қиёмат куни: «Қуръон соҳибига: қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил (дона-дона) қилиб ўқиган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади».
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: «Ичида Қуръондан бир нарса бўлмаган одам хароба уйга ўхшайди», деганлар.
Шундоқ қилиб, устознинг суҳбатлари жуда ҳам қизиқарли ва фойдали бўлди. Кейин ҳар биримиз ўтган кунги дарсимизни ўқиб бердик. Ўшанда мен Амма сурасига келган эдим. Мен устозга сабоғимни ёддан адашмай, бехато ўқиб бердим.
Кейин уйга қайтдим. Хурсандлик  қалбимни қамраб олганди. Айниқса устоз барча талабаларнинг  олдида мени яхши ёд олганимни айтиб мақтаганидан сўнг ўзимга сиғмай кетдим.  Уйга келиб, қўнғироқни чалгандим, онам эшикни очдилар. Аммо эшикни одатдагидек ўзимдаги калит билан очмаганимдан онам ажабланиб туриб қолдилар ва эсидан чиқибди шекили, деб ўйладилар. Аслида эса, мен калитни унутмаган эдим, балки Аллоҳнинг китобидан ўрганганимга амал қилиб уйга изн сўраб, салом бериб кираётган эдим. Устозимиз Нур сурасида ана шу маънолар борлигини айтиб бергандилар.
Шундоқ қилиб Қуръони карим қалбимга ва ақлимга ҳатто уйдагилар ва бошқа барча инсонлар билан бўлган муносабатларимга таъсир кўрсатиб, ҳаётимга сингиб борарди. Қуръон ўқиганимда унинг маъноларини тушунмасам-да, ундан қалбим ёришар, таскин топар эди. Айниқса, устоз ўқиган оятларимизнинг маъноларидан айтиб берганида умуман бошқа бир оламга тушиб қолгандек бўлардим. Қуръон ўқиган сарим яхшиликни севиб, ёмон ишлардан узоқлашиб борардим. Секин-аста одоб-ахлоқим ҳам гўзаллашиб борарди. Қуръондан мен яхшиликка ундаб, ёмонликдан қайтарадиган ғаройиб бир кучни топдим.

Мўмин устози ва шериклари олдида Набаъ сурасини ўқиб бермоқда

Ота-онам юриш-туришим кунма-кун Қуръон одобига яқинлашиб бораётганини кўриб, гоҳ қувониб, гоҳ ажабланиб қўйишарди. Масалан, беш маҳал намозни ўз вақтида ўқишга қатъий риоя қилардим. Иложи борича уларни масжидда жамоат билан адо этишга ҳаракат қилардим. Ота-онамга одоб билан гўзал муносабатда бўлардим, қўшниларимга фақат яхшилик қилардим, қариндошларникига борардим. Ҳеч бир жонзотга озор бермасдим, экинларни синдирмасдим. Аллоҳнинг олдидаги  барча бурчларимни адо қилардим. Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Шунинг учун уларни ҳечам аччиқлантирмасликка ҳаракат қилардим, уларга доимо ҳурматда бўлардим ва талабларига «лаббай» деб жавоб берардим...
Аниқ эсимда. Бир куни онам касал аммамни кўргани кетаётганганимда бозордан баъзи бир ўзига керакли нарсаларни олиб келишимни сўрадилар. Мен ўша кунлари масжидда бўладиган Қуръон ёд олиш бўйича охирги имтиҳонга тайёрланаётгандим. Ўша имтиҳонда Қуръони каримни энг яхши ёд олган ҳофиз ким эканлиги аниқланадиган эди. Ўртоқларим билан бирга машқ қиладиган эдик. Росса шошилаётгандим. Шунга қарамай, онамнинг талабларини бош устига қабул қилдим, малолланмадим ҳам, шикоят ҳам қилмадим ва аммамнинг олдидан қайтишда бозорга бориб, айтганларининг барчасини олиб келдим. Онам хурсанд бўлиб, дуо қилдилар. Кейин масжидга йўл олдим. Шерикларим бироз кутиб ҳам қолишибди. Аммо мен онамнинг дуоси муваффақият қозанишимга ёрдам беришига ва Қуръони каримни тўлиқ ёдлаш ҳақидаги орзуйимнинг рўёбга чиқишида Аллоҳ таоло мени қўллаб-қувватлашига аниқ ишонардим.
Бундан ташқари вақти-вақти билан қариндошларимни зиёрат қилардим, синглим Зайнабни боққа олиб бориб, ўйнатардим. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда бизларни қариндошларга, ака-сингилларга яхшилик қилишга тарғиб қилган.

Мўминжон Қуръон одобларидан ўрганганларини ҳаётига татбиқ қилмоқда

Буларнинг барчасини дарсимдан ошган бўш вақтларимда қилардим.
Қуръони карим мактабдаги ҳаётимни ҳам гўзаллаштирган эди. Барча фанлардан оладиган баҳойим фақат беш эди. Айниқса она тили, математика ва адабиёт фанларини жуда ҳам берилиб ўрганар эдим. Бирор кун эрталаб Қуръондан вазифамни қилмаган бўлсам, ўзимда ўша куни дарсларда дангасалик сезардим, ўқишимдаги ҳар кунги илдамлик кетиб қоларди. Бу ҳақида устозимизга айтган эдим, у киши: «Ана шунақа, болам, Қуръон руҳинга қувват, ҳаётинга барака беради. Шунинг учун ҳам боболаримиз ҳамма нарсадан олдин Қуръон ўрганишган», дедилар.
Бир куни муаллим ҳаммамиздан бирма-бир келажакда ким бўлиш орзусида эканимизни сўрадилар. Ўртоқларимдан баъзилари ўқитувчи бўламиз, деса, айримлари ўт ўчирувчи ёки ҳайдовчи бўламиз, дейишди. Қолганлари ҳам шунга ўхшаш гапларни айтишди. Мен эса, Имом Бухорий ва Ибн Синолар каби олим бўламан, чунки улар ҳам ёшлигида қори бўлишган экан. Отам шундоқ деб айтганлар. Мен ҳам қори бўлмоқчиман, дедим. Муаллимимиз менинг гапимдан ҳайратландилар ва жуда ҳам хурсанд бўлдилар.
Болалар мени жуда ҳам ҳурмат қилишар, масжиддаги устозимдан ўрганганларимни уларга ҳам айтиб беришимни илтимос қилишарди. Ўқитувчиларимиз ҳам мени яхши кўришар, бошқаларга намуна қилиб кўрсатишар эди. Хатто айрим тўпаланчи болаларни гапга киргиза олмасалар, мендан уларга билганларимни айтиб беришимни, «эсини киргизиб қўйишим»ни сўрашарди. Мен ҳам ўқитувчиларимизни жуда ҳам яхши кўрардими ва ҳурмат қилардим.
Мактабдан қайтгач, Қуръондан олган дарсимни ҳамда уй вазифаларимни тайёрлар эдим. Кейин ўртоқларим билан ўйнаб, дам олардим. Устозимиз вазифа ва дарсларни бажаргандан сўнг бироз дам олиб, ўйнаш мумкинлигини, шунда ҳам фойдали, зеҳн ва зийракликни оширадиган ўйинларни ўйнаш кераклигини айтган эдилар. Шунинг учун биз бекинмачак, футбол, шаҳар топиш каби ўйинларни ўйнар эдик.

Ва ниҳоят узоқ вақт интизорлик ва қаттиқ ҳаяжон билан кутилган имтиҳон куни ҳам етиб келди. Мен Қуръони карини тўла ёд олиб бўлган эдим. Фақат охирги имтиҳондан ўтишим қолган эди. Қўқув, ҳаяжон қалбимни ўраб олган эди. Аммо Аллоҳ таолонинг меҳнат-машаққатларимни зое қилмаслигига бўлган ишончим мени устозлар олдида шижоат ва ишонч билан туриб, Қуръони каримдан сўралган жойларни тўғри ўқиб беришимга сабаб бўлди. Бирорта ҳам хато қилмадим ва бирор марта ҳам адашмадим. Гўё Қуръонни олдимга очиб қўйилгану, мен унга қараб тургандек ўқирдим. У қалбимга мустаҳкам ўрнашган эди. Мен уни бутун руҳим билан ёдган эдим.
Имтиҳондан ҳам эсон-омон ўтдим. Ҳамма менга ҳайратланиб қараб турарди. Устозимиз ҳам Қуръонни пухта ёд олганимни айтиб мақтаб турарди. Отам эса томошабинлар орасида эди. Мен отамнинг юзида шундоқ шодлик ва табассумни кўрдимки, мен уни бир умр унутмайман. Имтиҳондаги иштирокимдан ўзим ҳам мамнун бўлдим. Кейин бошқа талабаларни тингаб ўтирдим. Барча талабалар имтиҳондан ўтгач, ҳофизларнинг номларини эълон қилиш ва Қуръони каримни энг яхши ёд олган талабани мукофатлаш вақти келди. Ҳамма талабаларнинг юраги дуккиллаб тез урарди. Мақсадим биринчи ўринни олиш эмасди, менга Қуръони каримни ёд олиш шарафига муваффақ бўлиш ўзи етарди. Барча дўстларимни ҳам ушбу мукофотга эга бўлсин, деб умид қилардим. Чунки бу улар учун ҳам, муқаддас Ислом динимиз учун ҳам иззат-шараф келтиради.

Катта устоз Мўминнинг Қуръони каримдан берган жавобларини мақтамоқда

Масжид шайхи ўрнидан туриб, сўз бошлади. У ўз нутқида талабаларнинг Қуръон ёдлашдаги тиришқоқликлари ва матонатларини юқори баҳолади. Талабаларга таълим беришда ва уларга Қуръон ёдлатишда ўз меҳнатларини аямаган устозларга ташаккурлар айтди. Кейин натижаларни эълон қилишга навбат келди ва Шайх шундай деди: «Ўзларининг вақтларини беҳуда ўтказмай, энг улуғ ва шарафли амал – Қуръони каримни ёд олиш билан машғул бўлган тиришқоқ талабалар билан танишиб чиқдиқ. Улар вақтларини ўйин ва бефойда ишлар билан зое қилмай, аксинча тартиблаштириб, унинг аксар қисмини ўзлари учун фойдали бўлган, хайру барака келтирадиган ишларга сарфлабдилар. Аммо бу талабалар ичида энг кўп ва яхши ёд олгани Мўминжондир!! Чунки у Қуръонни тўла ёд олибди ва имтиҳондан ҳам айтарли бирор хато қилмай, муваффақиятли ўтди. Аллоҳ сенга баракасини ёғдирсин, болам. Бу буюк шараф сенга муборак бўлсин. Марҳамат, Мўминжон, мукофотингни олгин». Шайхнинг сўзлари қулоғимда ғаройиб тушдаги садо каби янграр эди. Мен отамнинг қўлини елкамга текканини сезиб ўзимга келдим. Қарасам, отам мени табриклаябдилару, кўзларидан шодлик ёшлари қуйилар эди. Кейин менга мукофотни қабул қилиш учун Шайхнинг олдига боришимни айтдилар. Ана шунда мен бутун вужудимни бахтиёрлик қамраб олганини ҳис қилдим ва Шайх томон илдам юриб бордим. Аллоҳ таолога Қуръонни Қалбимнинг баҳори ва кўксимнинг нури қилгани учун шукрлар бўлсин.

Мўмин биринчи даражали Қуръони каримни ёд олганлик гувоҳномасини қўлга киритди

Fна шундоқ қилиб Қуръон қориларидан бўлиш бахтига мушарраф бўлдим.

Мўминнинг насиҳатлари

Ассалому алайкум, ўртоқлар..
Умид қиламанки, бу қиссадан сизлар ҳисса олдингиз ва мен сизларга баён қилган ҳикматлардан манфаат топдингиз. Энди эса сизларни юқорида ўтган Қуръонни ўқиш ва ёд олишга тааллуқли бўлган насиҳатлардан биргаликда хулоса чиқаришга таклиф этмоқчиман. Шубҳасиз, сиз азиз дўстларим биласизларки, Қуръони карим Аллоҳнинг Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган китоби, Исломнинг ўлмас мўжизаси ва Ислом аҳкомларини қиёматгача ўзида жамлаб, сақловчи дастурдир. Унга ҳеч қандай ўзгартириш ва алмаштириш дахл қила олмайди. Зотан уни Аллоҳ таолонинг Ўзи нозил қилган ва Ўзи уни мўмин бандаларининг қалбларида сақлагусидир. У зот: «Албатта Зикрни биз нозил қилдик ва уни Биз муҳофаза қилувчидирмиз», деб марҳамат қилган.
Қуръони каримга бўлган одоб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога нисбатан одоб ҳисобланади. Бинобарин, биз Қуръон ўқиш ва ёд олиш одобларига қатъий риоя қилишимиз, улар билан одобланишимиз ва бу одоблар биз учун ҳаётимиз чироғи бўлиши лозим. Ана шундай одоблардан деб қуйидагиларни эслаш мумкин:
–    Қуръон ўқишда Аллоҳ таолонинг розилигини қасд қилишимиз, ундан бошқа нарсани истамаслигимиз. Мана шу Аллоҳ таоло қабул қиладиган қироат ҳисобланади.
–    Ҳамма томонлама пок, таҳоратли бўлишимиз.
–    Қуръон тиловат қилган вақтимизда пок, тоза жойда ўтиришимиз.
–    Ўқишни бошлашда «аъузу» айтишимиз. Бунда суранинг боши бўладими, ўртаси бўладими, бари бир. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир: «Қуръон ўқиган чоғингда Аллоҳдан қувилган шайтон (шарри)дан паноҳ сўрагин».
–    Тавба сурасидан бошқа сураларнинг бошида «басмала» айтиш.
–    Қуръони каримга ҳурматан хушуъ ва диққат-эътибор билан тиловат қилишимиз.
–    Ўқиганларимизнинг маъноларини ўрганишга ҳаракат қилишимиз ва унинг мағзини чақиб, тафаккур қилишимиз.
–    Тажвид аҳкомларига риоя қилишимиз, тиловат асносида овозимизни чиройли қилишмиз ва машаққатсиз дона-дона қилиб, тартил билан ўқишимиз.
–    Шунингдек, эшитаётган киши ҳам бевосита қоридан ёки бирор жиҳоз орқали тинглаганида Қуръони карим оятларига жим қулоқ тутиши ва тафаккур қилиши лозим.
–    Эсноқ келганида то у батамом кетгунича тиловатни тўхтатиб туришимиз.
–    Қироатни тамомлашда «Содақоллоҳул Ъазийм», дейишимиз ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг омонатни етказганликларига гувоҳлик беришимиз.
–    Тиловатни гап билан бўлмаслик. Фақат зарурат юзасидан бўлса, жоиз. Масалан, саломга алик олиш каби.
–    Раҳмат оятларида Аллоҳдан фазлу марҳаматини сўраб, қўрқитув оятларида У зотдан паноҳ тилашимиз.
–    Қуръонни ёд олишда бардавом бўлишимиз ва ёд олганларимизни унутиб юбормаслигимиз учун доимо такрор қилиб туришимиз.
–    Қуръони каримнинг амрлари ва қайтариқларига қатъий риоя қилишимиз.
–    Қуръони карим билан хулқланишмиз ва унга доимо амал қилишмиз.

Азиз кичкинтой дўстларим! Мен сизларга Қуръон ёдлаш сирлари ҳақида устозимдан эшитган ва ўз тажрибамда синаган айрим нарсаларни ҳам айтиб берайми? Ундоқ бўлса яхши.
–    Юқорида айтилган тиловат одобларига риоя қилиш.
–    Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб дуо қилиш.
–    Ота-она ва устознинг дуосини олиш.
–    Одобсизликлардан, ёмон ишлардан узоқ бўлиш.
–    Астойдил қасд қилиш ва ёд олишга қодирлигига ишониш.
–    Ҳавоси тоза, ҳаёлни чалғитадиган, ранг-баранг бўлмаган, тинч, холи жойда ёд олиш.
–    Муносиб вақт танлаш. Ёдлаш учун энг афзал вақт тонг саҳар ва намоздан кейинги эрталабки соатлардир. Бунинг учун ётишдан олдин дарсни маълум адад ўқиб, чала ёдлаб олсангиз, эрталаб турганингизда 3-4та ўқишингиз билан дарс ёдланиб қолади. Шундан сўнг ёддан 100-150та саноқ қилсангиз, қарабсизки, дарс тайёр.
–    Ёдлашга киришишдан олдин тўғри ўқишни ўзлаштириб олиш.
–    Дона-дона қилиб, шошилмай, оҳанг билан ўқиш.
–    Доимо бир мусҳафда ўқиш.
–    Ёд олган сураларни такрор қилиб туриш.
–    Тартибли равишда ҳар куни маълум ҳажмда ёдлаш. Дарсни кўпайтирганда ҳам аста-секин, бир қатор-икки қатордан кўпайтириш.
–    Оятларнинг маъноларини ўрганиб амал қилиш.
–    Агар дарс кўп бўлса, бўлиб ёдлаш ва бир қисми тайёр бўлгандан сўнг 20-30 дақиқа дам олиш.
Қадрдон ўртоқларим! Шундоқ қилиб сизларга айтмоқчи бўлган сўзларим ҳам ниҳоясига етди. Ўйлайманки, мен билан қилган суҳбатингиздан хурсанд бўлдингиз ва кўплаб фойдалар топдингиз. Сизлардан умидим сўзларимни ёдда тутгайсизлар ва бу вафодор дўстингиз Мўминжонни унутмайсизлар. Яна шундай ҳикоялар орқали кўришгунча хайр, яхши қолинглар.

Мўминнинг мусобақаси

Кичкинтой қори дўстим..
Юқоридаги ҳикояни ўқиб бўлгандан сўнг, сиздан қуйидаги саволларга жавоб беришингизни илтимос қиламиз.

1.    Қайси суранинг бошида «бисмиллаҳ» айтилмайди?
2.    Қуръони карим тиловатининг одоблари деганда нимани тушундингиз?
3.    Мўминжон Қуръони каримни нима учун ёд оларди?
4.    Мўминжон нима учун эшикни калит билан очмади?
5.    Мўминжон ота-онасига қандай муносабатда бўларди?
6.    Мўминжон қариндошлариникига нима учун борарди?
7.    Аллоҳ таолонинг китобини ёд олишни қандай амалга оширамиз?
8.    Қуръони каримни ёдлатиш мактабида йиғин ўтказишнинг сабаби нимада?
9.    Қуръони каримни ёдлатиш мактабида Мўминжон қандай қилиб биринчиликни қўлга киритди?
10.    Мўминжон Қуръони каримни ёдлашда қандай йўл тутди?
11.     Мўминжон макткабда қандай ўрин тутган эди ва у бунга нима сабабдан эришганди?
12.     Нима учун Мўминжонни муаллимлари ҳам ўртоқлари ҳам ҳурмат қилшарди?
13.     Мўминжон ким бўлишни орзу қиларди?
14.     Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан илм талабига ундовчи бирорта ҳадисни айтиб беринг.
15.     Мўминжоннинг шахсият сизда қизиқиш ўйғотдими? Нима сабабдан?

Охирги сўз

Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Сен: «Амал қилинглар! Бас, албатта, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар амалингизни кўрадилар».
Биз «Ислом.Уз» портали кутубхонасида
Биз ушбу барномани юксак ғоя асосида, илмий услубда ва бадиий шаклда бўлиши билан алоҳида ажраб туришига ҳаракат қилдик. Албатта биз ушбу барномани мухлисларимиз эътиборига нашрлар, суратлар, овоз ёзувлари, уларнинг мажмуаси ва бошқа воситалар ёрдамида тақдим қилдик. Буларнинг ҳаммаси болаларнинг эътиборини тортиш ва уларга маълумотларни барча замонавий воситалар орқали етказа билиш мақсадида амалга оширилди.
Аллоҳ таолодан ушбу амални самарали илмий ишларнинг бошланиши қилишини ва бизларга уни ривожлантириб, янги-янги шакллари устида ишлашимизни ҳамда янги мусулмон авлодга мусаффо диний таълимотларни маҳкам тутишлари учун Ислом таълимотларини тақдим этишимизда муносиб услубларни илҳом этишини умид қиламиз.
Сўзимизнинг охирида Аллоҳ таолодан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта Аллоҳ таоло сизларнинг бирингиз иш қилганида уни мустаҳкам, пухта қилишини хуш кўради», деган ҳадисларининг мазмунига кўра амал қилишимизда бизларга ёрдам беришини сўраб қоламиз.

Тузувчи ва нашрга тайёрловчи: «Islom.uz» портали