A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръони карим сув ҳақида
PDF Босма E-mail

Атоқли франсуз тиббиёт олими Морис Букай номи Ислом оламда яхши таниш.   Насронийлик эътиқодида тарбияланган Морис Букай Франсия университетининг тиббиёт факултетини «аъло»га тамомлаган. 1945 йилдан Париж дорулфунунида табиб, 1952 йилдан эса жарроҳлик бўлими мудири бўлиб ишлаб келмоқда. У бир қанча халқаро жамиятлар аъзоси ва қатор илмий-оммабоп асарлар муаллифидир.
1981 йили Франсия ҳукумати Миср Араб Республикасидан Фиръавннинг жасади устида илмий тажриба асосида археологик тадқиқотлар ўтказишга рухсат сўрайди. Жаррохларга раҳбар ҳамда тадқиқот ишларида масъул этиб профессор Морис Букай тайинланади. Ана шу тадқиқотлар чоғида Қуръоннинг ҳақлигини англаб етган Морис Букай мусулмон бўлади. Шундан сўнг у ўн йил давомида Куръонда хабари келган илмий кашфиётларни тадқиқ қилиш билан шуғулланди. Натижада унинг тадқиқотлари Аллоҳнинг каломи ҳақлигини исботлади. Бу соҳадаги билимларини янада ошириш учун араб тилини ўрганди ва Қуръони карим маъноларини таҳлил қилди. Ниҳоят, у ўзининг дунёда машҳур “Таврот, Инжил, Қуръон ва ҳозирги илм” асарини ёзди. Ҳозир нашрга тайёрланаётган ана шу китобдан бир парчани журналхонларга илиндик. 
Сувнинг инсон ҳаётида тутган ўрни ҳақида Қуръондаги оятларни ўқир эканмиз, бугунги кун кўзи билан қараганда ҳамма биладиган оддий далиллар ёзилганга ўхшаб кўринади. Чунки замонавий илм-фан кашфиётлари сабабли биз бугун табиатда сувнинг айланиш жараёни қандай рўй беришидан озми-кўпми хабардормиз.
Аммо қадимгиларнинг бу ҳақдаги тасаввурлари қанақа бўлганига эътибор қаратсак, Қуръонда ўз даврининг фалсафий қарашлари асосида ўйлаб топилган ва ҳақиқатга умуман тўғри келмайдиган хато маълумотлар эмас, балки ўз даври учун номаълум бўлган далиллар берилганини тушунамиз. Гарчи бу фактларни аниқлаш учун катта илмий изланишлар қилиш зарур бўлмаса-да, оддий кузатишлар орқали сезиладиган сувнинг табиатдаги айланиш жараёни фақат бизнинг замонамизга келибгина аниқланди.
Масалан, ер ости сувлари ерга ёққан қор ва ёмғир сувларининг ер остига сингиши натижасида пайдо бўлиши бугун ҳаммага маълум, аммо қадимда бу фикр биринчи марта милоддан олдинги 1-асрда Римда Витрувий Пол Маркус (Vitruvius Polio Marcus) томонидан илгари сурилганида кўпчилик бунга ишонмаган. Ундан кейинги асрларда, шу жумладан Қуръон нозил бўлган даврда ҳам одамлар сувнинг айланиш жараёни ҳақида умуман нотўғри тасаввурга эга бўлишган.
Шу соҳанинг икки мутахассиси – Г.Гастиани (G. Gastany) ва Б.Блаву (B. Blavoux) ўзларининг Бутунжаҳон Энциклопедиясига «Гидрогеология» (Hydrogéologie) сарлавҳаси билан ёзган мақолаларида бу мавзуга оид қизиқарли тарихий маълумотларни тақдим этишган:
«Милоддан олдинги 7-асрда Фалес Милетский (Thales of Miletus) океан сувлари буғга айланиб, шамоллар таъсирида ҳавога кўтарилади ва кейин яна ерга қайтиб, ер остига синггиб кетади, деган фикрни илгари сурган. Бу фикрни Афлотун (Plato) ҳам қўллаб-қувватлаган, фақат ҳавога кўтарилган сувлар ер ва осмон орасидаги «тартар» (Tartarus) номли қатламда сақланади, деб ўз фикрини ҳам илова қилган. Бу фикр милоднинг 18-асригача жуда кўп олимлар орасида кенг тарқалган ва хатто Декарт (Descartes) ҳам унинг тарафдорларидан бири ҳисобланган. Арасту фикрича, сув буғи баланд тоғ ғорларида йиғилиб, кейин ўша ердан ер ости сувларига қўшилиб кетган ва булоқларни тоза сув билан таъминлаб турган. Бу фикрни милоднинг 1-асрида Сенека (Seneca) ва 1877 йилгача яшаган яна жуда кўп бошқа олимлар, шу жумладан О.Волжер (O. Volger) ҳам қўллаб-қувватлаган. Сувнинг айланиш жараёнини биринчи марта 1580 йили Бернард Палисси (Bernard Palissy) исботлаб бера олган. Унинг назариясига кўра ерости сувлари ерга сингиб кетадиган ёмғир ва қор сувлари натижасида ҳосил бўлади. Бу назария 17-асрда Э.Мариотт (E. Mariotte) ва П.Перро (P. Perrault) томонидан тасдиқланган».
Қуйидаги Қуръон оятларида Муҳаммад (алайҳиссалом) даврига хос хато маълумотларнинг биронтасини учратмаймиз:
«Биз  осмондан баракотли сув — ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида боғ-роғларни ва ўриб олинвчи дон-дунларни ҳамда тизилган (мевали) новдалари бўлган баланд хурмоларни ундириб-ўстирдик. Бандаларга ризқ бўлсин учун (мана шундай қилдик). Яна у (сув) ёрдамида ўлик шаҳарни -- ерни тирилтирдик (Ўликларнинг ўз қабрларидан қайта тирилиб) чиқишлари ҳам мана шундай бўлур» (Қоф сураси, 9-11-оятлар)
«Ва Биз осмондан (аниқ) ўлчов билан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, уни ерга жойлаб қўйдик. Шак-шубҳасиз, Биз уни кетказишга ҳам қодирдирмиз. Сўнг Биз сизлар учун у (сув) ёрдамида хурмо ва узум боғларини пайдо қилдик. Сизлар учун у (боғларда) яна кўп мевалар бўлур, сизлар улардан ейсизлар» («Мўъминун» сураси, 18-19-оятлар)
«Биз шамолларни (булутларга) ҳомиладор бўлган ҳолларида юбордик, осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, сизларни у билан суғордик. Уни сизлар тўплаб олувчи эмассиз (балки дарё ва кўллар яратиб, у сувни Биз сизлар учун тўплаб берурмиз)» (Ҳижр сураси, 22-оят)
Сўнгги оятни икки хил тафсир қилиш мумкин. Ҳомиладор қилинадиган шамоллар ўсимликларни чанглатишга ишора қилаётган бўлиши мумкин, чунки улар чанглатишга сабабчи бўладиган уруғларни олиб келишади. Иккинчи томондан, бу шунчаки ифодали ўхшатиш бўлиб, шамолларнинг ёмғири йўқ булутларни учириб юриб, кейин ёмғирли булутларга айлантириши ифодаланган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Шамолларнинг ушбу вазифаси ҳақида кўп ўринларда, жумладан қуйидаги оятда ҳам ҳикоя қилинади:
«Аллоҳнинг Ўзи шамолларни юборди. Бас, улар булутни қўзғатгач, Биз уни ўлик шаҳарга хайдаб, унинг ёрдамида ўлган ерни тирилтирдик (Қиёмат қойим бўлган Куни) қайта тирилиш ҳам шунинг ўзидир» (Фотир сураси, 9-оят)
Эътибор беринг, учинчи шахсда ҳикоя қилинаётган оят бирдан Аллоҳ томонидан биринчи шахсда давом эттирила бошланган. Бу каби ҳикоя услубининг ўзгариш ҳолатлари Қуръонда жуда кўп учрайди.
«Аллоҳ шундай Зотдирки, шамолларни юборур, бас, улар булутни ҳайдар, сўнг (Аллоҳ булутни) Ўзи хоҳлагандек ёюр ва (агар хоҳласа) уни бўлак-бўлак қилур, бас, Сиз уларнинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсиз. Энди қачон (Аллоҳ) уни Ўзи хоҳлаган бандаларига етказса, баногоҳ улар шод-хуррам бўлурлар» (Рум сураси, 48-оят).
«У шундай Зотки, Ўз раҳматининг (яъни ёмғирнинг) олдидан хушхабар қилиб шамолларни юборур. Қачонки улар вазмин булутларни кўтариб келгач, биз уни (булутни, чанқоқ) ўлик шаҳарга ҳайдаймиз. Бас унга сув-ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида ҳар турли мевалар чиқарурмиз. Биз ўликларни ҳам (ўз жойларидан) мана шундай чиқарурмиз. Шояд эслатма-ибрат олсангизлар» (Аъроф сураси, 57-оят).
«У Ўз раҳматининг (яъни, ёмғирнинг) олдидан хушхабар қилиб шамолларни юборган Зотдир. Биз ўлик шаҳар-масканларни тирилтириш ва Ўзимиз яратган кўплаб чорва ҳайвонлари ҳамда инсонларни суғориш учун осмондан пок сув ёғдирдик» (Фурқон сураси, 48-49-оятлар).
«Яна кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ва Аллоҳ осмондан ёғдириб, унинг ёрдамида "ўлган" ерни тирилтирган ризқ-ёмғирда ҳамда шамолларнинг йўналтирилишида ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир» (Жосия сураси, 5-оят).
Сўнгги оятда осмондан сув кўринишида юбориладиган ризқ ҳақида гапириляпти. Асосий эътибор ёмғирнинг айланишига сабаб бўладиган шамолларнинг ўзгаришига қаратиляпти.
«(Аллоҳ) осмондан сув (ёмғир) ёғдирганида, жилғалар тўпланиб-тошиб, оқиб, бу сел ўз устида кўпикларини ҳам кўтариб келур. (Одамлар) зеб-зийнат ёки асбоб-ускуна ясаш учун ўтда эритадиган нарса-маъданлардан ҳам шунга ўхшаш кўпик (чиқинди пайдо) бўлур» (Раъд сураси, 17-оят);
«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, у мушрикларга) айтинг: Хабар берингиз-чи, агар (баногоҳ ичар) сувларингиз (Ер тубига) сингиб кетар бўлса, у ҳолда (Аллоҳдан ўзга) ким сизларга оқар сув келтира олур?!» (Мулк сураси, 30-оят);
«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, уни Ердаги булоқлар-чашмалар қилиб оқизиб қўйганини кўрмадингизми? Сўнгра у (сув)нинг ёрдамида ранго-ранг экин-тикин чиқарур» (Зумар сураси, 21-оят)
«Яна Биз у (ер)да хурмозор ва узумзор боғларни (пайдо) қилдик ва унда булоқларни оқизиб қўйдик» (Ёсин сураси, 34-оят)
Булоқларнинг аҳамияти ва улар ёмғир сувлари билан суғорилиши ҳақида сўнгги уч оятда маълумот бериляпти. Шу ўринда бир сония тўхтаб, қуйидаги фактларга эътибор бериш ва Ўрта асрларда булоқлар ер ости сувлари билан суғорилади, деган фикр устун бўлгани ва буни ҳатто Арасту ҳам илгари сурганини унутмаслик керак. Бутунжаҳон Энциклопедияси китобида Гидрология (Hydrologie) мавзусини изоҳлар экан, Франсия Астрономия миллий маркази ўқитувчиси М.Р.Ременғерас (M.R. Remenieras, Ecole nationale du Genie rural, des Eaux et Forêts) гидрологиянинг асосий босқичларини санаб ўтади ва қадимгилар, хусусан Яқин Шарқ халқлари томонидан ясалган улкан суғориш мосламаларини мисол келтиради. Лекин бу мосламалар нотўғри тасаввурга асосланиб қурилгани учун кўп фойда бермагани ҳам айтиб ўтилади. Муаллиф яна давом этади:
«Фақат Уйғониш даврига келибгина (тахминан 1400 ва 1600 йиллар ораси) фалсафий қарашларга асосланган нотўғри маълумотлар ўрнини илмий кузатувлар натижасида олинган хулосалар эгаллади. Леонардо да Винчи (Leonardo da Vinci, 1452-1519) Арастунинг фикрини инкор қилди. Бернард Палисси (Bernard Palissy) ўзининг «Табиий ва сунъий фавворалар ва сувларнинг табиатда айланишига оид ажойиб кашфиёт» (Discours admirable de la nature des eaux et fontaines tant naturelles qu'artificielles, Paris, 1570) китобида сувнинг айланиш жараёнини тўғри изоҳлаб берди ва булоқлар ёмғир сувлари билан суғорилишини аниқлади».
Мана шу сўнгги жумла Қуръоннинг «Зумар» сураси 21-оятидаги фикрни тасдиқлайди, Қуръонда ҳам булоқлар ёмғир сувлари билан суғорилиши ёзилган.
«Нур» сурасининг 43-ояти ҳам ёмғир ва чақмоқ мавзусига бағишланган: «Аллоҳ булутларни ҳайдашини, сўнгра уларни бирлаштиришини, сўнгра уларни устма-уст қилишини кўрмадингизми? Сўнг (булут) орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсиз. (Аллоҳ) осмондан — ундаги (булутлар) тоғидан дўл ёғдириб унинг (зиёнини) Ўзи хоҳлаган кишиларга етказур ва Ўзи хоҳлаган кишилардан нари кетказур. Унинг чақмоғининг ёруғлиги (қараган) кўзларни кетказгудек бўлур».
Кейинги парча эса бироз қўшимча изоҳ талаб қилади:
«Сизлар ўзларингиз ичадиган сув ҳақида хеч ўилаб кўрдингларми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингларми ёки Биз ёғдиргувчимизми?! Агар Биз хоҳласак, уни шўр қилиб қўйган бўлур эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?!» («Воқеа» сураси, 68-70-оятлар)
Аллоҳ чучук сувни хоҳласа шўр сув қилиб қўйиши мумкинлиги илоҳий қудратга ишора. Илоҳий қудрат шунингдек булутлардан ким ёмғир ёғдириши, инсон хоҳласа ҳам бу ишни қила олмаслиги билан яна бир марта таъкидланяпти. Бизнинг давримизга келиб замонавий илм-фан технологиялари ривожланиши натижасида бугун сунъий равишда ёмғир ҳосил қилиш мумкин. Шунга асосланиб Қуръондаги оятни ёлғонга чиқарса бўладими?
Жавоб аниқ – йўқ, чунки бу борада инсоннинг имкониятлари қанчалик чегаралангани ва сунъий ёмғир ҳосил қилишда замонавий технологиялар атрофдаги кўплаб табиий ҳолатларга боғлиқ экани ҳеч кимга сир эмас. Франсия метереология хизмати мутахассиси М.А.Фаси (M.A. Facy) Бутунжаҳон Энсиклопедиясининг «Ёғингарчиликларнинг тушиши» (Precipitations) бобида шундай деб ёзади: «То булут ўз эволюциясининг маълум босқичига чиқмагунича (вояга етмагунича) ёки ёмғир булутига хос зарур хусусиятларга эга бўлмагунича ҳеч қачон бу булутда сунъий равишда ёмғир ҳосил қилиб бўлмайди». Демак, то булутда маълум табиий ўзгариш рўй бермас экан, инсон ҳеч қачон техник воситалар ёрдамида унда сунъий равишда ёмғир ярата олмайди. Агар бунинг имкони бўлганида Ер куррасида қурғоқчилик муаммоси қолмаган бўларди, ваҳоланки бу муаммо ҳалигача тугатилган эмас. Ёмғирга хўжайинлик қилиш ва об-ҳавони инсон хоҳишига кўра бошқариш орзулигича қолиб кетишини замонавий илм-фан ҳам тан олди.
Инсон ўз хоҳишига кўра табиатда сувнинг айланиш жараёнига аралашиши, унинг босқичларини ўзгартира олиши, тезлаштириши ёки секинлаштириши имконсиз. Табиатда сувнинг айланиш жараёни гидрологияга оид замонавий кузатишлар асосида қуйидагича изоҳланиши мумкин:
Қуёшнинг нурларидан келадиган иссиқлик таъсирида денгиз сувлари ва ернинг устки қобиғига чиқиб қолган ер ости сувлари буғланади. Ҳосил бўлган буғ атмосферага кўтарилади, у ерда конденсацияланади ва кейин булутларга айланади. Кейин шамолларнинг аралашуви рўй беради ва улар турли масофалардаги булутларни ҳаракатга келтиришади. Булутлар бу босқичда ёмғир ҳосил қилмасдан туриб тарқалиб кетиши, ёки бошқа булутлар билан қўшилиб катталашиши, ёки кичик қисмларга бўлиниши, ёки ривожланиб кейин ўзи ёмғир ҳосил қилиши мумкин. Агар бу ёмғир денгизларнинг устига ёғадиган бўлса (Ер сатҳининг 70 фоизи сув билан қопланган), сувнинг айланиш жараёни тез орада яна такрорланади. Агар ёмғир қуруқликка ёғса, ўсимликлар улардан суғорилади, ўсиб-унади ва сувнинг маълум қисмини барибир атмосферага қайтариб беради. Қолган ёмғир сувлари ерга сингиб, ё ер ости йўллари орқали денгизларга бориб қўшилади, ёки булоқлар ва ер ости сувларига айланиб кейин барибир ернинг устига қайтиб чиқади ва яна буғланиб атмосферага кўтарилади.
Агар гидрологияга оид замонавий маълумотларни Қуръондан олинган юқоридаги оятларга таққослайдиган бўлсак, икки матн орасида ажойиб уйғунлик борлиги кўзга ташланади.