A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон ва жинсий тарбия
PDF Босма E-mail

Бизнинг давримизга келиб инсоният барча соҳаларда катта кашфиётларга эришди, деб ишонилади. Айниқса, жинсий тарбия соҳасида айнан бизнинг замонимизда буюк инқилоблар амалга оширилди ва шу мавзуга оид муҳим маълумотлар ёшлар билан баҳам кўрила бошланди. Ўтган асрларда жинсий тарбия масаласига енгил қаралгани, бу мавзу уятли ҳисобланиб, умуман ташлаб қўйилгани ва ҳаммасига дин айбдор экани айтилади, аммо айнан қайси дин айбдор экани ҳақида ҳеч қанақа маълумот айтилмайди.

Лекин  ўн тўрт аср аввал бу мавзуга оид маълумотлар Қуръонда тилга олинган ва инсоннинг кўпайиш жараёни босқичма-босқич ҳикоя қилиб берилган. Айниқса, анатомия ва физиология фанлари ҳали кашф этилмасдан туриб бу мавзуда бехато фикр билдирилганининг ўзи алоҳида таҳсинга лойиқ. Шуни ҳам унутмаслик керакки, бу мавзуда гапирар экан, Қуръон оятлари ўша давр одамлари учун тушунарли бўлиши ва улар биладиган, улар тушунадиган сўзлардан фойдаланиб гап тузиши зарур ҳисобланарди.
Мавзунинг амалий томони ҳам эътибордан четда қолиб кетмаган. Қуръонда инсон кундалик ҳаёти давомида ўзини қандай тутиши ҳақида кўплаб амалий кўрсатмалар берилган бўлиб, жинсий тарбия мавзуси ҳам бундан истисно эмас.
Қуръондаги иккита оятда бевосита жинсий алоқа ҳақида сўз боради. Уларда бу мавзу эҳтиёткорлик билан ва барча нозик хусусиятлар эътиборга олинган ҳолда ҳикоя қилинган. Аммо таржимонлар ва Қуръон муфассирлари кўп ҳолларда бу оятларни нотўғри талқин қилишган. Шунинг учун ҳам битта таржима бошқасидан фарқ қилади, битта тафсирдаги фикр бошқасидагига тескари маънони ифодалайди. Мен бу оятларнинг таржимаси устида жуда кўп бош қотирдим ва ниҳоят Байрутдаги тиббиёт факултети собиқ профессори доктор А.К.Жиро (A. K. Giraud, Faculty of Medicine, Beirut) ёрдами билан бунга қисман муваффақ бўлдим. Мана ўша таржима:
«(Инсон) отилиб чиқувчи сувдан яралган. У эркак жинсий аъзоси билан аёл жинсий аъзоси бирлашишидан ҳосил бўлади» (Ториқ сураси, 6-7-оятлар)
Эркак жинсий аъзоси Қуръон матнида «сулб» сўзи (бирлик шаклда) билан, аёлнинг жинсий аъзоси эса «тароиб» сўзи (кўплик шаклда) билан ифодаланган.
Мана шу таржимани энг қониқарли таржима деб ҳисоблаш мумкин. Қуръоннинг кўплаб таржималарида, шу жумладан инглиз ва француз тилларидаги машҳур таржималарда ҳам бу оят «(Инсон) отилиб чиқувчи сувдан яралган. У (эркакнинг) бели билан (аёлнинг) кўкрак қафаси ўртасидан (отилиб чиқади)» деб таржима қилинган. Буни таржима эмас, кўпроқ изоҳ сифатида қабул қилса бўлади. Ундан бирон нарсани тушуниш қийин.
Қуръонда эркакнинг жинсий муносабат пайтида нималарга эътибор бериши кераклиги ҳам аниқ баён қилинган. Бақара сурасининг 222 ва 223-оятларида ҳайз пайтида нима қилиш ҳақида буйруқ бор. Аллоҳ Пайғамбарига шундай буйруқ беради:
«Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: У кўнгилсиз – нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз! Пок бўлганларидан кейин, уларга Аллоҳ буюрган тарафдан келингиз. Албатта Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади. Хотинларингиз сизлар учун экинзордир. Бас, экинзорларингизга хоҳлаган ҳолатингизда яқинлашаверинг ва ўзингиз учун (яхши амаллар) тақдим қилинг» (Бақара сураси, 222-223-оятлар)
Бу парчанинг бошида жуда аниқ қилиб айтилган: эркаклар учун хотинлари билан ҳайз пайтида жинсий алоқа қилиш тақиқланяпти. Оятнинг давомида экинзорга ундан янги ҳосил олиш учун уруғ экиш ҳақида гапириляпти. Ушбу тасвирий қиёслаш орқали жинсий алоқанинг аслида нима мақсадда амалга оширилиши тушунтириляпти, яъни жинсий алоқадан мақсад фарзанд кўриш экани айтиляпти. Ушбу оятни таржима қилар экан, Р. Блашер жинсий алоқадан аввал ўз аёлига яхши муносабат кўрсатиш, уни эркалаш кераклиги ҳам айтилганига урғу бериб ўтган.
Бу оятда берилган буйруқлар умумий буйруқлар, холос. Хос мавзулар, масалан, ҳомиладан сақланиш йўллари на ушбу оятда, на бошқа бирон ўринда тилга олинмаган. Ҳомилани олдириб ташлаш (аборт) мавзусига ҳам Қуръон бирон бир ўринда тўхталмаган. Аммо юқорида келтирилган бир қанча оятларда ҳомиланинг ривожланиш босқичлари саналар экан, «илинадиган нарса» босқичидан бошлаб ҳомила тирик жон сифатида қаралади. Тирик жонни ўлдириш Қуръонда катта жиноят деб таърифлангани учун тирик жонга тенглаштириладиган ҳомилани олдириб ташлаш ҳам Қуръон наздида жиноят эканига шубҳа йўқ. Бу қараш нафақат Ислом, балки тавҳидга ишонадиган барча динлар учун умумий ҳисобланади.
Рамазон ойида тунлари жинсий алоқа қилишга ижозат берилган. Бу ҳақда Қуръонда шундай дейилади: «Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди. Улар сизларнинг либосингиз, сизлар улар учун либоссиз, (яъни эр-хотин бир-бири учун худди баданнинг айбларини яшириб, уни иссиқ-совуқдан асраб, ҳарорат бағишлаб турадиган либос кабидирлар) ... Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз!» (Бақара сураси, 187-оят)
Аммо бунга қарама-қарши ўлароқ, ҳаж мавсумида Маккадаги ҳожиларга аёллари билан жинсий алоқа қилиш қаттиқ таъқиқланган: «Бас, ким шу ойларда (ўзига) ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди» (Бақара сураси, 197-оят)
Бу энди умумий маънодаги таъқиқ ҳисобланади, чунки ҳаж мавсумида ҳожилар учун нафақат жинсий алоқа, балки бошқа амаллар ҳам тақиқланяпти, масалан ов қилиш, жанжаллашиш ва ҳоказо...
Ҳайз масаласи Қуръонда яна талоқ ҳақида гапирилган оятда ҳам тилга олинган: «Аёлларингиз орасидаги (кексайиб қолгини сабабли) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (уларнинг иддалари қанча давом этиши хусусида) шубҳалансангизлар, бас, (билингизки), уларнинг иддалари уч ойдир, яна (ҳали-ҳануз) ҳайз кўрмаган (аёллар)нинг (иддалари ҳам уч ойдир). Ҳомиладор (аёл)ларнинг (идда) муддатлари эса ҳомилаларини қўйишлари (яъни, кўз ёришларидир)» (Талоқ сураси, 4-оят)
Кутиш муддати (идда) талоқ эълон қилиниши билан унинг кучга кириши орасидаги вақт ҳисобланади. «Ҳайз кўришдан умид узган аёллар» учун кутиш муддати уч ой қилиб белгиланган. Бу муддат тугаганидан кейин «ҳайз кўришдан умид узган аёл» бошқа турмуш қуриши мумкин.
Ҳайз кўришга улгурмаган аёллар ҳомиладорлик даври ўтишини кутишлари керак. Ҳомиладор аёллар учун эса талоқ фақат фарзанд туққанларидан кейин кучга киради.
Бу қоиданинг ҳаммаси бугунги физиологик маълумотларга тўла мос тушади. Қуръонда шунингдек бевалик масаласига оид кўрсатмалар, унинг тартиб-қоидалари ҳам аниқ кўрсатиб берилган.
Кўриниб турибдики, инсоннинг кўпайиши билан боғлиқ назарий маълумотлар ва эр-хотин орасидаги жинсий алоқа борасида амалий маслаҳатлар биз бугун билган шу мавзудаги замонавий билимлар билан асло қарама-қаршиликка киришмайди. Аксинча, бу оятлар ва улардан олинадиган мантиқий хулосалар замонавий билимлар билан тўла уйғунлик касб этади. Бу эса ўн беш аср олдин инсониятга нозил қилинган Қуръони карим илоҳий китоб эканига, унинг ҳукмлари қиёматгача боқий қолишига энг кучли далиллардир.

 

Доктор Морис БУКАЙ (Франция). “Таврот, Инжил, Қуръон ва ҳозирги илм” китобидан