A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръонни таржима қилиб бўладими?!
PDF Босма E-mail

Гарчанд, Қуръони карим араб тилида бўлса ҳам, лекин илгариги замонларда ҳам, бугунги кунда ҳам уни ўқийдиган, унга имон келтирган араб бўлмаган халқлар араб мусулмонларидан кўра кўпроқдир. Шундай бўлса-да, ислом уламолари Қуръони каримнинг араб тилида нозил қилингани, унинг илоҳий мўъжиза экани, ҳатто араб тилидаги шунга ўхшаш яна бир каломни келтириб чиқариш мумкин эмаслиги, у ҳақиқатдан ҳам мўъжизавий калом эканидан келиб чиқиб, “Қуръонни таржима қилиб бўлмайди”, деб қарор қилиб келганлар. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари мавжуд:

وَإِن كُنتُمْ فِي رَيْبٍ مِّمَّا نَزَّلْنَا عَلَى عَبْدِنَا فَأْتُواْ بِسُورَةٍ مِّن مِّثْلِهِ وَادْعُواْ شُهَدَاءكُم مِّن دُونِ اللّهِ إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ {23}
“Агар бандамизга (Муҳаммад алайҳиссаломга) туширган нарсамиздан (Қуръондан) шубҳада бўлсангиз, бас, сиз ҳам унга ўхшаш (биргина) сура (ёзиб) келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг – агар ростгўй бўлсангиз” (Бақара, 23).
قُل لَّئِنِ اجْتَمَعَتِ الإِنسُ وَالْجِنُّ عَلَى أَن يَأْتُواْ بِمِثْلِ هَـذَا الْقُرْآنِ لاَ يَأْتُونَ بِمِثْلِهِ وَلَوْ كَانَ بَعْضُهُمْ لِبَعْضٍ ظَهِيراً {88}
“Айтинг: “Қасамки, агар инсу жин ушбу Қуръоннинг ўхшашини келтириш учун бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг мислини келтира олмаслар” (Исро, 88).
Мана шу нукталарни эътиборга олиб, ҳатто Ислом пайғамбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўзларининг ҳадисларини оммавий ёзишга рухсат бермаган эдилар:
أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال لا تكتبوا عني (سوى القرآن او غير القرآن) ومن كتب عني غير القرآن فليمحه وحدثوا عني ولا حرج
“Мендан Қуръондан ўзгасини ёзиб олманг, кимки Қуръондан бошқасини ёзиб олса, уни ўчириб ташласин! Ҳадисни оғзаки айтаверинглар, бунинг зарари йўқ!” (Муслим, 4/3004; Насоий, 5/8008; Доримий, 1/450; Ҳоким, 1/437; Аҳмад, 3/11100).
Бунда агар Қуръон таржима қилинадиган бўлса, одамлар Қуръондан узоқлашиб кетиши, асл Қуръонни ўқимасдан, унинг таржимасини ўқиб, уларга суяниб қолиш ёки таржималар устида ҳар хил ихтилофлар келиб чиқиши, таржималардан билар-билмас ҳукмлар олишга ўтиб кетишлар, Қуръон ва ҳадислар тили бўлмиш араб тилини ўрганмай қўйишлар каби хатарлар ҳам юзага чиқиши назарда тутилган эди. Бироқ, араб тилини биладиганлардан кўра араб тилини билмайдиган мусулмонлар аллақачон кўпайиб кетган, яна қанчадан-қанча араб бўлмаган халқ ва элатларни исломга тарғиб қилиш керак. Шу билан бирга араб бўлмаган халқлар, айниқса, ғарб юртларидагилар мустамлакачилик мақсадида, сиёсий мақсадларда, мусулмонларни ичдан бузиш мақсадларида муқаддас Қуръонни таржима қилишга ўтиб кетганлар. Ана шу таржималарда нотўғри таржималар ҳам учрамоқда. Уларни тўғрилаш эса ислом уламолари зиммасига лозим ишлардан ҳисобланади. Мана шу заруратлардан келиб чиқиб, Қуръони каримни таржима қилишга рухсат берилди.
Қуръони каримнинг маъно таржималарини яратиш мумкинлигини тасдиқлайдиган бир қанча илмий далиллар мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари, ҳоли ҳаётларини билган ҳар бир инсон ул зоти бобаракотнинг турли давлат бошлиқларига ўзларининг муборак мактубларини жўнатганлигидан яхши хабардор. Ушбу мактубларда Қуръон оятлари ҳам бор бўлгани, шубҳасиз. Жумладан, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳижратнинг олтинчи йили ўтар-ўтмас бир қанча подшоҳларга мактублар жўнатганлар. Улардан Рум қайсари Ҳирақлга, Миср амири Муқавқисга ёзилган мактубларда оятлардан намуналар бор эди (Муҳаммад ал-Хузарий. Нур ал-яқин. – Миср: матбаа Мустафо Муҳаммад, 1926. – Б. 165-170). Мазкур подшоҳлар ва уларнинг атрофларидаги давлат кишиларга мактубдаги оятларнинг маънолари таржима қилиб берилгани ҳам ўз-ўзидан маълум. Улардан айрим подшоҳлар мактублар мазмунидан хабардор бўлиб, оятлар маъносидан таъсирланиб, мусулмонларга хайрихоҳ бўлишгани, ҳатто мусулмон бўлганлари ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бундан мусулмон бўлмаган кишиларни исломга даъват қилиш мақсадида Қуръони карим маъноларини таржима қилиб, уларнинг тилларида тушунтириб берилиши кераклиги англашилади.
Саҳобаи киромлар ҳам бошқа ердан келган араб бўлмаганларга таълим берганлар, маърузалар қилиб, уларга шариат аҳкомларини ўргатганлар. Ана шу вақтда уларга таржима қилиниб турган. Жумладан, хулафои рошидинлардан бири Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.) Дамашқ фатҳ қилинганида унинг ғарбидаги Жобия шаҳарчасида халққа маъруза қилганлар. Бу хутба – маъруза ва мавъиза “Жобия хутбаси” номи билан тарихга кирган. Ана шу хутба у ерда жам бўлган халққа таржима қилиб бериб турилган (Ибн Батта. “ал-Ибонат ал-кубро”, 4/1546; “Тафсири Ибн Аби Ҳотим”, 32/9364).
Абу Жамра (р.а.) ҳам бир гуруҳ қавм келганида Ибн Аббос (р.а.)нинг суҳбати ва маърузасини таржима қилиб бериб турган. “Саҳиҳи Бухорий” шориҳларидан Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (р.ҳ.) “Фатҳ ал-Борий”да Абу Жамра (р.а.)нинг форс тилини билгани боис Ибн Аббос (р.а.) олдида таржимон бўлиб турганини қайд қилган (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-маърифат, 1379. – Б. 130).
Бу хилдаги маърузаларда Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадиси шарифлар ҳам айтилган ва у араб бўлмаганларга таржима қилиб берилганлигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.
Форслар саҳобалардан бири Салмон Форсий разийаллоҳу анҳудан “Фотиҳа сураси”ни форс тилида ёзиб беришни сўраганлар (Шамсиддин ас-Сарахсий. Китоб ал-Мабсут. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-маърифат, 1989. – Б. 37). Ул зот мазкур суранинг форсчасини ёзиб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир кўрсатиб олганидан сўнг сўраганларга юборилгани манбаларда қайд қилинган.
Шуни таъкидлаш лозимки, Қуръони карим маъноларини бошқа тилларга, айниқса, форс тилига таржима қилиш мумкинлигини илк бор ҳанафий олимлар ёқлаб чиққанлар. Энг қувонарлиси, Қуръонни форс тилига таржима қилиш мумкинлиги борасидаги расмий фатво Бухоро фақиҳлари томонидан чиқарилган.
345 ҳижрий – 956 мелодий йилга келиб, Бухоро ҳукмдори сомонийлар сулоласи вакили Мансур ибн Нуҳ ас-Сомоний уламолар жамоасига Қуръони каримни форс ҳамда шарқий ва ғарбий туркий тилларга маъно таржима қилишга расман буйруқ берган. 961-976 йилларда эса Бухорода Имом ат-Табарий (р.ҳ.)нинг тафсири форс тилига тўла таржима қилинганлиги шарқшунослар томонидан аниқланган (Боровков А. Лексика среднеазиатского тефсира XII-XIII вв. – Москва: Восточная литература, 1963. – С. 11).
Имом ат-Табарий (р.ҳ.) тафсирининг мазкур форсий таржимаси муқаддимасида қуйидаги воқеа баён қилинган:
“Бу китоб улуғ тафсирдир! У Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий раҳматуллоҳи алайҳининг ривоятидан олинган бўлиб, форсий тилига таржима қилинган. Бу тўғри йўлдир! Бу китобни Бағдоддан қирқ жилд ҳолида келтирилган, араб тилида узундан-узоқ иснодлари билан бирга ёзилган бўлган. Амир Саййид Музаффар Абу Солиҳ Мансур ибн Нуҳ ибн Наср ибн Аҳмад ибн Исмоил раҳматуллоҳи алайҳим ажмаъин олдига уни олиб келдилар. Шунда, ушбу китобни ўқиш, уни араб тилидан тушуниб олиш қийинчилик туғдирди. Шунинг учун уни форс тилига таржима қилдиришни хоҳлади. Бас, Мовароуннаҳр уламоларини бир жойга тўплади ва улардан: “Ушбу китобни форс тилига таржима қилиш жоиз бўладими?”, деб фатво сўради. Улар: “Қуръоннинг тафсирини араб тилини билмайдиган кимсалар учун форсий ёзиш ва форс тилига таржима қилиш раво бўлади!” дедилар. Бу Худой азза ва жалланинг гапи бўлгани учундир:
وَمَا أَرْسَلْنَا مِن رَّسُولٍ إِلاَّ بِلِسَانِ قَوْمِهِ ... {4}
“Мен ҳеч бир пайғамбарни юбормадим, магар ўз қавмининг тили билан юбордим” (Иброҳим, 4), деган. Улар бу тилни билганлар, бошқалар эса Одам атодан то Исмоил алайҳиссалом давригача қадимдан форс тилини ҳам билиб келганлар. Барча пайғамбарлар ва подшоҳлар форсча ҳам гапирганлар. Энг биринчи форс тилида сўз гапирган киши Исмоил пайғамбар бўлган. Бизнинг пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам араблардан чиққан, бу Қуръон эса араб тилида унга юборилган. Бу диёрлар форс тилида гаплашади, бу ернинг фодшоҳари ҳам ажам подшоҳларидир. Бас, музаффар подшоҳ Абу Солиҳ буғруғига кўра Мовароуннаҳр уламолари тўпланди. Бухоро шаҳридан Фақиҳ Абу Бакр ибн Аҳмад ибн Ҳомид, Халил ибн Аҳмад ас-Сижистоний, Балх шаҳридан Абу Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Али, Ҳинд тарафдан Фақиҳ ал-Ҳасан ибн Али Мандусий, Абулжаҳм Холид ибн Ҳонеъ ал-Мутафаққиҳни ҳамда Исбижоб, Фарғона ва Мовароуннаҳрда бор бўлган барча шаҳарлардан. Буларнинг барчаси ушбу китобнинг таржимаси тўғри йўл эканига хат ёзиб бердилар. Бас, улуғ амир, музаффар подшоҳ Абу Солиҳ ушбу уламолар жамоасига буюрдики, мазкур китобни таржима қила оладиган бир инсонни, ўзларининг орасидан энг фозили ва олимини танлаб берсинлар ...” (Иқтибос бундан: Забиҳуллоҳ Сафо. Тарихи адабиёт дар Эрон. 1-жилд. – Теҳрон: Интишороти фирдавс, 1371. – Б. 619-620).   
Таниқли мутасаввиф олим Абдуллоҳ ал-Ансорий (р.ҳ.) 1126 мелодий йилда Қуръони каримнинг форсий тафсирини яратган бўлиб, унда ўзидан олдин таълиф қилинган юздан ортиқ форсий тафсирлардан истифода қилингани таъкидланган. Х аср бошларида мўътазилий олимларидан бири Абу Али ал-Жуббоий (р.ҳ.) томонидан битилган тафсирнинг эса кўпчилик олимлар форс тилида бўлган деса-да, бироқ айрим мутахассислар туркий тилда бўлганини қайд қиладилар. Лекин, шу пайтгача Абу Али ал-Жуббоий (р.ҳ.) Қуръоннинг маъно-таржимасини қилганликда айбланган эмас.
Бугунги кунда топилиб, нашр қилинган туркий тафсирларнинг энг қадимгиси 1914 йилда Қарши шаҳридан топилган, ҳозирда Санкт-Петербургда сақланадиган, илмий доираларда “Ўрта Осиё туркий тафсири” номи билан танилган тафсирдир. Уни олимлар XII-XIII асрларга оид деб биладилар. Мазкур тафсир факсимелеси Ўзбекистонда 2000 йилда Тошкентда нашр қилинган.
Буюк мутафаккир Алишер Навоий (р.ҳ.) буюртмаси ва таклифи билан Мавлоно Ҳусайн Воиз Кошифий (р.ҳ.) Қуръони каримни бир эмас, икки марта форс тилида тўлиқ тафсир қилиб чиққан.
Таниқли мутасаввиф Мавлоно Яъқуб Чархий (р.ҳ.) XV асрда Қуръони каримнинг охирги икки порасини форс тилида тафсир қилган бўлиб, айни тафсир орадан юз йил ўтмасданоқ туркий тилига таржима қилинган. Ушбу таржима 2010-2011 йилларда Ўзбекистонда нашр қилинди.
XIX аср охирларида Хоразмда Муҳаммад Раҳимхон Феруз (р.ҳ.) буюртмасига кўра Қуръони каримнинг ўзбек тилидаги тафсири яратилгани ҳам маълум. Унинг ҳамма жилдлари топилиб, замонавий нашри амалга оширилса бўлади. 
Демак, Қуръони каримни араб тилидан бошқа тилларда маъно таржима ва тафсир қилиш узоқ асрлардан қолган диний қадрият ва миллий анъана экан!         
Аллоҳ таоло Қуръонни нозил қилар экан, одамларни Қуръон оятларини ўқиб, тааммул ва тадаббур қилишларига чақиради. Ундаги оятлар маъноларини чуқур англаб, тафаккур қилиб, маъноларни тушунишга ҳаракат қилишга даъват қилинади. “Тадаббур” Қуръонни диққат-эътибор билан, маъно-мазмунларининг мағзини чақиб, ҳар бир оят калималари, жумлалари маъносини тушунишга катта эътибор қаратиб ўқишдир. Жумладан, “Сод сураси”да қуйидагича хабар келтирилган:
كِتَابٌ أَنزَلْنَاهُ إِلَيْكَ مُبَارَكٌ لِّيَدَّبَّرُوا آيَاتِهِ وَلِيَتَذَكَّرَ أُوْلُوا الْأَلْبَابِ {29}
“Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир” (Сод, 29).
Юқоридаги ояти каримада оятларни тадаббур ва тааммул қилувчилар гарчи “улул-албоб” деб қайд қилинган бўлса-да, бироқ бошқа оятларда тадаббур қилишга мутлақ чақирилади:
أَفَلاَ يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِندِ غَيْرِ اللّهِ لَوَجَدُواْ فِيهِ اخْتِلاَفاً كَثِيراً {82}     
“Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар” (Нисо, 82).
أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ أَمْ عَلَى قُلُوبٍ أَقْفَالُهَا {24}
“Қуръонни тадаббур ила ўйлаб кўрмайдиларми?! Ёки қалбларда қулфлар борми?” (Муҳаммад, 24).
Юқоридаги ояти карималардан Қуръони карим оятларини тадаббур ва тааммул қилиш учун унинг маъноларини билиш керак бўлади. Араб тилини билмайдиганлар умр бўйи тадаббур ва тааммулдан маҳрум бўлиб қолаверадиларми? Йўқ, албатта. Уларнинг ҳам Қуръонни тадаббур қилиб ўқишлари учун уламолар уларга тушунтириб беришлари лозим. Уламолар барча мусулмонларга оғзаки равишда Қуръон оятлари маъноларини тушунтириб бера олмайдилар. Демак, шу жиҳатдан олиб қараганда ҳам, олимлар ҳар хил савиядаги, ҳар хил замон ва макондаги мусулмонларга мўлжалланган оятлар маъноларининг таржималарини яратишни йўлга қўйишлари керак бўлади.
Ҳар бир пайғамбар ўз қавмининг тилида юборилган. Бизнинг пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса жумла инсониятга, қиёматгача келадиган одамларга пайғамбар қилиб юборилмишдир:
وَمَا أَرْسَلْنَا مِن رَّسُولٍ إِلاَّ بِلِسَانِ قَوْمِهِ لِيُبَيِّنَ لَهُمْ ... {4}
“Қайсики расулни юборган бўлсак, баён қилиб бериши учун, ўз қавми тили ила юборганмиз” (Иброҳим, 4).
Пайғамбарнинг рисолати башарият оммасига бўлар экан, араб қавмига арабча етказилади, бошқа миллат ва тиллардаги қавмларига эса таржима тариқасида етказилади. Ушбу таржима йўсинидаги рисолат ва даъват асл мақомига ўтади. Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин у зотнинг ишларининг давомчилари уламолар экан, даъват ва таблиғ ишлари арабларга араб тилида, бошқаларга эса ўшалар тилларида олиб борилади. Бу ҳолатни Қуръони каримни форс тилида шарҳ қилган, Темурийлар даврининг энг таниқли олимларидан бири, Алишер Навоий (р.ҳ.) ва Абдураҳмон Жомий (р.ҳ.)дек мутафаккирларнинг ҳурматига сазовор бўлган ҳамда ёзган тафсири 5 асрдан зиёдроқ мадрасаларда қўлланма бўлиб келган зот Ҳусайн Воиз Кошифий (р.ҳ.) қуйидагича тушунтирган:
و حضرت رسالت صلى الله عليه و سلم حاضران زمان خود را برسانيدن قرآن بغائبان امر فرموده حيث قال فليبلغ الشاهد الغائب پس لازم آمد عجم را زبان عرب دانستن و عرب را نيز از لغات عجم باخبر شدن تا تبليغ ممكن باشد به طريق ترجمه و بدين سبب بتأثير صبح شريعت كه پرتو انوار قرآن است بر همه آفاق تواند تافت و عرب و عجم ازين خوان كرم بقدر حال خود نصيبى توانند يافت 
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазратлари ўз давридаги ҳозир бўлганларга Қуръонни бу ерда бўлмаган ғоибларга етказишни амр қилганлар, чунончи, “Гувоҳ бўлган кимса ғоиб кимсага етказсин!”, деганлар. Демак, ажамга араб тилини билиш, арабга ҳам ажам луғатларидан биридан бохабар бўлиш лозим бўлди. Токи, таблиғ – етказиш таржима йўли билан мумкин бўлсин. Ана шу сабабга кўра, Қуръони карим нурларининг ёғдуси бўлмиш шариат тонггининг таъсири барча уфқлардан порлаб чиқсин. Араб ҳам, ажам ҳам ушбу карам дастурхонидан ўз қадри ҳолига кўра насиба ола билсин” (Ҳусайн Воиз Кошифий. Жавоҳир ат-тафсир ли-туҳфат ал-Амир. ЎзР ФАШИ қўлёзмаси, № 3606. – В. 19a-b).
Шунингдек, айтганимиздек, динни – Қуръонни барчага оғзаки тарзда етказиб бўлмайди. Илм олиш эса фарзи айн ҳисобланади. Араб тилини ўрганиш ҳаммага фарз эмас, бироқ, масалан фиқҳни ўрганиш ҳаммага фарз. Демак, қайси тилда бўлмасин шариат аҳкомларини оммага етказиш уламоларга фарз бўлаверади. Шариатни оммавий етказишнинг бир йўли эса ёзма равишда бўлишидир.
Юқоридаги тақриротлардан шу нарса маълум бўладики, ҳар бир даврда, ҳар бир маконда, турли-туман одамларнинг савияларига қаратилган Қуръони каримнинг араб тилидан бошқа тиллардаги маъно таржималари ва тафсирлари ёзилиши керак бўлган ишдир. Бу муборак ишни қўллаб-қувватлаш, лозим ва лобуд иш, деб баҳолаш керак. Шунинг учун ҳам туркий халқлар орасида ҳам узоқ даврлардан бери ҳозиргача Қуръони каримнинг маъно таржима ва тафсирлари яратилиб келмоқда, бу хилдаги маъно таржима ва тафсирлар ҳали қиёматгача давом қилдирилаверади.

Ҳамидуллоҳ Беруний