A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Шаъровийнинг насиҳатлари
PDF Босма E-mail

Қуръон қайси қори томонидан ўқилаётган бўлса ҳам, уни тинглаётган мусулмон киши “Мен гапираётган Аллоҳни эшитяпман” деб тасаввур қилиши ва ўқиётган қорини унутиши керак. Бу сўзимизга ёрқин мисол қилиб қуйидаги воқеани келтирамиз. Улуғ имом, буюк тобеин Жаъфар ас-Содиқ раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар:
“Мен нимадандир хавф қилаётган, қўрқаётган ва Аллоҳ таолонинг “Бизга Аллоҳнинг ўзи кифоя. У вакилликка ўта лойиқдир!” (Оли Имрон, 173) оятига суянмаган одамдан ажабландим. Чунки мен бу оятнинг ортиданоқ Аллоҳ таолонинг “Улар (Бадрдан жангсиз) Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила бирор ёмонликка учрамай қайтдилар” (Оли Имрон, 174) деганини эшитдим”.

Бу ерда биз эътибор беришимиз керак бўлган нарса шуки, Жаъфар ас-Содиқ раҳимаҳуллоҳ аслида ушбу оятларни бирор қоридан эшитганлар ёки ўзлари Қуръонни ўқиб туриб эшитганлар. Аммо “Аллоҳ таолонинг шундай деганини эшитдим” дейишлари эса “Аллоҳ таоло гапиряпти, тўғридан-тўғри Аллоҳдан таолодан эшитяпман” деган тасаввурнинг кучлилигини англатади. У зот яна бу оятларни келтириш билан мўмин кишига дастур, йўл-йўриқ ҳам кўрсатмоқдалар. Демак, қўрқаётган, бирор нарсадан хавфсираётган одам حَسْبُنَا اللَّهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ (Бизга Аллоҳнинг ўзи кифоя. У вакилликка ўта лойиқдир) деб айтса, Аллоҳ таоло уни ўша қўрқувдан қутқарар экан. Чунки, инсонни қўрқитаётган барча нарса Аллоҳнинг қуввати олдида ҳеч нарса эмас. Жаъфар ас-Содиқ раҳимаҳуллоҳ ўз сўзларида давом этиб шундай дейдилар:
“Мен ғамга ботган, ғам чеккан ва Аллоҳ таолонинг “Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга)  зулм қилувчилардан бўлдим” (Анбиё, 87) оятига суянмаган одамдан ажабландим. Чунки мен бу оятнинг ортиданоқ Аллоҳ таолонинг “Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз” (Анбиё, 88) деганини эшитдим”.
Бу оятда Юнус алайҳиссалом улкан балиқнинг қорнида туриб қилган дуолари ва ўша дуонинг самараси баён қилинмоқда. Оятнинг охирида эса бу ҳолат фақат ўша пайғамбаргагина тегишли эмаслиги, балки барча мўминларга тегишлилиги, ким ғам чекаётган бўлса لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ (Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен барча нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен ўзимга зулм қилувчилардан бўлдим) деб айтса, Аллоҳ уни ғамдан қутқариши эълон қилинмоқда. Жаъфар ас-Содиқ раҳимаҳуллоҳ ўз сўзларида давом этиб яна шундай дейдилар:
“Мен қийин вазиятга тушиб қолган, одамларнинг макру ҳийласига дучор бўлган ва Аллоҳ таолонинг “Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир” (Ғофир, 44) оятига суянмаган одамдан ажабландим. Чунки мен мазкур оятнинг ортиданоқ Аллоҳ таолонинг“Бас, Аллоҳ у (имон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макрларидан сақлади” (Ғофир, 45) деганини эшитганман”.
Демак кимга одамлар макр қилса, у дарҳол وَأُفَوِّضُ أَمْرِي إِلَى اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ بَصِيرٌ بِالْعِبَادِ (Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир) деса, Аллоҳ уни ўшаларнинг макрларидан сақлар экан. Инсон одамларнинг макру ҳийлаларига дош бера олмайди. У фақатгина мазкур дуони ўқиб, Аллоҳнинг ёрдами билангина ўша макрлардан қутулиб қолиши мумкин. Жаъфар ас-Содиқ яна шундай дедилар:
“Мен дунёни ва унинг зийнатини талаб қилган ва Аллоҳ таолонинг “Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлур), бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир” (Каҳф, 39) оятига суянмаган кишидан ажабландим. Чунки мен ушбу оятнинг кетиданоқ Аллоҳ таолонинг “Борди-ю, мени бойлик ва фарзанд жиҳатидан ўзингдан камроқ деб билсанг, шоядки, Раббим менга сенинг боғингдан яхшироқ (боғ) ато этар” (Каҳф, 40) деганини эшитдим”.
Демак инсон бойлик, мол-дунё талабида бўлса, бойлиги талафотга учрамаслигини истаса مَا شَاءَ اللَّهُ لَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللَّهِ (Аллоҳ хоҳлаган нарсагина бўлур, бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир) деб айтса, Аллоҳ уни ўз фазли билан бой қилади ва бойлиги талафотга учрашидан сақлайди.

Хулоса

Ким бирор кишидан ёки нарсадан қўрқса, حَسْبُنَا اللَّهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ (Бизга Аллоҳнинг ўзи кифоя. У вакилликка ўта лойиқдир) деб айтсин!
Ким ғам чекаётган бўлса, لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ (Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен барча нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен ўзимга зулм қилувчилардан бўлдим) деб айтсин!
Ким одамларнинг макрига дучор бўлса, وَأُفَوِّضُ أَمْرِي إِلَى اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ بَصِيرٌ بِالْعِبَادِ (Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир) десин!
Ким мол-дунё талабида бўлса, مَا شَاءَ اللَّهُ لَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللَّهِ (Аллоҳ хоҳлаган нарсагина бўлур, бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир) деб айтсин!
Юқорида зикр қилинган тўрт ҳолат инсон ҳаётини издан чиқарадиган, унинг софлигига ва тинчлигига футур етказадиган вазиятлардир. Ўша вазиятларда мазкур дуоларни ўқилса, қийинчилик енгиллик билан ўтиб, мусибатлар, ғамлар тезроқ арийди. Зеро, Қуръон инсонни икки дунёда ҳам бахтли, саодатли, хотиржам бўлишига олиб борадиган Китобдир.

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг мавъизалари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади