A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Доктор Миллер ва Қуръон
PDF Босма E-mail

Исломга қайтиш
(Ёҳуд мантиқнинг инсофи)

Қуръони Каримни абадий мўъжиза қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!
“Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир”, деган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар бўлсин! У зотнинг саҳобаларидан ва қиёматга қадар уларга яхшиликда эргашадиганлардан Аллоҳнинг Ўзи рози бўлсин!
Сўнг: 1977 йил...
Канадалик Торанто университети математика ва мантиқ фани муаллими доктор Гарри Миллер Қуръондаги тарихий ва илмий “хато”ларни масиҳийлар учун тақдим этишга қарор қилди. У шу мақсад асосида Қуръонни ўқий бошлади... Чунки Гарри Ислом динининг танқидчиси: насронийлик дини даъватчиларидан эди. Соҳаси фалсафа бўлгани учун Қуръон оятларига мантиқий ёндашар, ҳар жумла ортидан ўзига: “Бу нима учун шундай,” каби саволларни қўйярди. Инсоф мезонига уйғун тутилган мантиқ ўз эгасини ҳаққа етаклаб келди. Ҳа, Гаррининг инсофи ғолиб келиб мусулмон бўлди. Мусулмон бўлмасликка чора қолмаганди ҳам. Чунки мантиқ унинг Ислом борасидаги чигал ва ўзидан аввалгилардан кўчирилган сафсаталарини тумандек тарқатиб ташлади. Бунга қадар у масиҳийликни кучли даъватчиларидан эди. Унинг мантиқий ёндошуви машҳур даъватчи олим шайх Аҳмад Дийдот билан бўлган мунозараларида ҳам яққол кўзга ташланиб турар, ҳатто мантиқий ёндашуви ва нотқлигидан айрим мусулмонлар: “Шу инсон Исломни қабул қилиши керак!” деган умидга ҳам боришган эди. Бу орзу ҳақиқатга айланиб, Гарри Миллер мусулмон бўлди. Қуръон уни том маънода ҳайратга солган эди. Гарри ўз ҳайратини яшира олмай “Лол қолдирувчи Қуръон” номли китоб ёзди. Бу китобда ўзини қойил қолдирган оятларга тўхталиб, мантиқий асослар орқали ўз фикрларини билдирди. Қуйида ушбу китобдан баъзи фикрларни ўртоқлашамиз.

Доктор Гарри Миллер қиссаси

Бу инсон насронийликка катта ғайрат ила даъват қилувчи миссионерлардан бўлиб, унинг Библия тўғрисидаги илми ниҳоят даражада чуқур эди.
Унинг математикага ҳам катта қизиқиши бўлган, шу сабабли мантиқни ёки ишларнинг мантиқий боғланишини ёқтирарди.
Кунларнинг бирида мусулмонларни насроний динига даъват қилишда фойдаланиш мақсадида Қуръони Каримдаги “хато”ларни топиш учун уни ўқий бошлади.
У ўқимоқчи бўлган Китоб ўн тўрт асрдан бери ўқиб келинаётган, саҳродан туриб сўзлаётган Қуръони Карим эди...
Лекин топган маълумотлари уни ҳайратга солди... Нафақат ҳайрат, балки, у Китобдан топган нарсаларини дунёдаги бошқа бирор китобда учрамаслигини кашф этди...
Уни ҳайратга солган нарсалардан бири Қуръондаги Марям номи билан аталган сура бўлиб, бу сурада Марям алайҳассалом шундай улуғ шараф ила тилга олинган эдики, насронийларнинг бирорта китобида ва ҳеч бир Инжилда бунинг мисолини топиб бўлмас эди!
Бу ҳолат Миллерни ўйлантирди. Нима учун Муҳаммад бирорта сурани аёлларидан бирининг номи ила ёки қизи Фотима алайҳассаломнинг номи билан номламаган?!
Шунингдек, Ийсо алайҳиссаломнинг исми Қуръони Каримда йигирма беш марта зикр қилиниши, шу билан бирга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари эса фақат беш бора эсланиши бу кишининг ҳайратини янада оширди...
“Нега шундай?!”
У Қуръонга чуқурроқ назар сола бошлади. Шояд бирор хато топса...
Лекин бир оятнинг муҳташам жозибаси уни ҳушидан айираёзди. Бу “Нисо” сурасидаги 82-оят эди:
“Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар”.
Доктор Миллер ушбу оят хусусида шундай дейди:
“Ҳозирги вақтда илмий асос деб, хатонинг мавжудлигини ёки хатонинг чегарасини назариётда белгилаб олиниб сўнг унинг тўғрисини исбот қилишга айтилади. Буни инглиз тилида Falsification test дейилади. Ажабланарлиси шундаки, Қуръони Карим мусулмон ва мусулмон бўлмаганларни ўзидаги хатони топишга чақирмоқда... Агар ишонмасанглар хато топингларчи, демоқда. Устига устак: “Ваҳоланки, уни ҳаргиз топа олмайсизлар!” дея баралла иддао қилмоқда! Дунёда бирорта муаллиф китоб ёзиб, сўнг: “Бу китоб хатодан холийдир”, дейишга журъат қила оладими?! Лекин Қуръон бунинг тамоман акси ўлароқ сенга ўзида хато йўқлигини, балки, ундан хато топишга ҳаракат қилсанг-да, хато топа олмаслигингни айтади!”

Доктор Миллернинг узоқ вақт фикр юритишига сабаб бўлган оятлардан яна бири “Анбиё” сурасидаги 30-оятдир:

“Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?”

Гарри Миллер шундай ёзади:

“Бу оят 1973 йилда Нобел мукофотига сазовор бўлган илмий баҳснинг асосий мавзусини зикр қилмоқда. Бу мавзу “Катта портлаш” (BIG BANG) назариясидир. Бу назарияда: “Мавжуд борлиқ катта портлаш натижасида бўлиниб, ундан коинотдаги осмонлар ва юлдузлар вужудга келган”, дейилади. Оятдагидаги “битишган” калимаси араб тилида “ротқун” бўлиб, маъноси нарсанинг ўзаро бир-бирига ёпишиб туришига ишлатилади. “Очганимизни” деган калиманинг араб тилидаги ифодаси эса “фатақна”дир. Бунинг асл маъноси парчаланиш, яъни портлашдир. Субҳаналлоҳ!”

Доктор Миллер айтади:

“Энди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳайратга солувчи пайғамбарлик ишлари хусусига келсак. У зотга ишонмаганлар: “Унга шайтонлар ёрдам беради”, дейишарди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“У(Қуръон)ни шайтонлар олиб тушганлари йўқ. Бунга уларнинг имконлари йўқ ва унга қодир ҳам эмаслар. Албатта, улар эшитишдан четлатилгандирлар” (Шуаро сураси, 210‑211‑212-оят).

“Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин”. (Наҳл‑98).

Кўрдингизми? Бу шайтоннинг ёзган китобига ўхшайдими? Қайси муаллиф китоб ёзиб, сўнг: “Бу китобни ўқишдан олдин менинг ёмонлигимдан Аллоҳнинг паноҳини сўра”, дейди?!

Ушбу оятлар Қуръони Каримдаги ожиз қолдирувчи ишлардан бўлиб, юқоридагига ўхшаш шубҳаларни қўзғаётган ҳар қандай кишига мантиқий раддиядир”.

Доктор Миллерни яна лол қолдирган ва унинг эътиборини тортган воқеалардан бири Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Лаҳаб билан бўлган ҳикояларидир...

Доктор Миллер айтади:

“Абу Лаҳаб деган кимса Исломни ниҳоятда ёмон кўрарди. У Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортидан пойлаб юрар, у зот қаерга борсалар, кимга нима десалар у зот айтаётган сўзларнинг қадр‑қийматини туширишга ҳаракат қиларди. Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни одамларга гапираётганларини кўрса, кутиб турар, у зот сўздан тўхташлари билан ўша жамоатга бориб: “Муҳаммад сизларга нима деди? Агар у сизларга оқ деган бўлса, ўша нарса қорадир. Агар кеча деган бўлса, у кундуздир”, дерди. Унинг мақсади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар қандай гапларига мухолиф бўлиш ва инсонларни бу хусусда шубҳага солиш эди.

Абу Лаҳабнинг вафотидан ўн йил олдин Қуръони Каримда “Масад” номи билан сура нозил бўлди. Бу сурада Абу Лаҳабнинг тез кунда жаҳаннамга тушиши ҳақиқат экани очиқ‑ойдин айтилди. Яъни бошқача қилиб айтганда, Абу Лаҳаб ҳаргиз Исломни қабул қила олмаслиги эълон қилинди. Абу Лаҳаб бу сура нозил бўлгач то ўлгуничча яъни ўн йил мобайнида одамлар олдига келарди да:

“Муҳаммаднинг айтишича, мен ҳаргиз мусулмон бўла олмас эмишман ва тез кунда дўзахга кирармишман. Лекин мен ҳозир Исломга киришни хоҳлаётганимни эълон қиламан ва мусулмон бўламан! Нима дейсизлар, шундай қилсам Муҳаммаднинг айтаётган гаплари пучга чиқадими? Ҳозироқ бу ишни қилсам Муҳаммадни ёлғончига чиқариб қўя оламан! Шундай экан унга ишонманглар. Унга келаётган нарса ҳақиқатдан ҳам илоҳий ваҳий эмаслиги шундан маълум ку!” дерди. Одамлар унинг бу гапидан кейин мусулмон бўлишини, бу билан эса Муҳаммад алайҳис саломнинг гапи эътиборсиз қолишини кутишарди. Ўн йил кутишди...

Лекин Абу Лаҳаб айтганини қила олмади. Барча ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мухолиф бўлса-да, бу борада у зотнинг башоратларини кофир ҳолда ўлиш билан исботлаб қўйди. Ўзи хоҳламасада бу ўринда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни тасдиқлаб қўяганди...

Яъни гўё Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сура билан Абу Лаҳабга қараб: “Сен мени ёмон кўрасан ва мени ёлғончига чиқаришни хоҳлайсан. Майли, мана сенга мени ёлғончига чиқариш учун қулай фурсат! Бу фурсатни қўлдан бой берма!” демоқдалар.

Лекин Абу Лаҳаб бу ишни амалга ошира олмади! Ўн йил мобайнида бир неча бор шу сурани пеш қилиб Муҳаммад алайҳис саломнинг уринишларини чиппакка чиқара олишини айтиб кеккайди, ғурурланди аммо мусулмон бўла олмади, ҳатто зоҳирда бўлса ҳам Исломни қабул қилолмади!

Абу Лаҳабнинг Исломни бир лаҳзада вайрон қила олиши учун ўн йиллик фурсати бор эди! У ушбу фурсатни бой берди! Бой бериши аниқ ҳам эди‑да! Зеро бу хабарни бераётган Калом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломи эмас, балки ғайбни билувчи, Абу Лаҳабнинг мусулмон бўлмаслигини аниқ айта оладиган Зотнинг каломи эди!

Агар бу хабар Аллоҳ таолодан келган ваҳий бўлмаса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Лаҳабнинг келажакда ҳам мусулмон бўлмаслигини қаердан била олардилар?

Агар бу хабар Аллоҳ таолодан келган ваҳий бўлмаса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ашаддий душманлик қилган Абу Лаҳаб ўн йиллик фурсат ичида у зотга қарши ҳийла қила олмаслигини қандай қилиб хотиржам бўла олардилар!?”

1. Абу Лаҳабнинг икки қўли ҳалок бўлсин, ҳалок!

2. Унга моли ва касб қилган нарсалари унга фойда бермади.

3. У тезда чўғи қизиб турган ўтга киради.

4. Ва унинг хотини, ўтин кўтарган аёл ҳам.

5. У(аёл)нинг бўйнида эшилган арқон бор ҳолда. (Масад сураси)

Доктор Миллер ғайбий мўъжизаси ила ўзини ҳаяжонга солган яна бир оят хусусида шундай дейди:

“Қуръоннинг ғайбий мўъжизаларидан яна бири бу - инсон зоти билиши мумкин бўлмаган келажак ишлар борасида қарши тарафни мунозарага[1] чақиришдир. Бу ўтган хатони текшириб кўриш (falsification tests) дейилади. Бошқача қилиб айтганда, хатонинг борлиги асосида токи шу хато тўғрилангунча уни текшириб кўрилади.
Қуръони Карим мусулмонларнинг яҳудий ва насоролар билан бўлган алоқаси борасида нима дейди?
Қуръон яҳудийларнинг бошқаларга қараганда мусулмонларга адовати кучлироқ эканини айтади. Бу адоват бугунги кунимизгача давом этиб келмоқда. Мусулмонлар учун адовати энг кучли инсонлар яҳудийлар орасидадир!

Бу улуғ чақириқдир. Яҳудийларнинг ҳузурида Исломни осонлик билан парчалаб ташлаш фурсати ётибди. Улар мусулмонларга нисбатан бир неча йил гўзал муомалада бўлиб: “Мана, биз мусулмонлар билан гўзал муомалада бўлмоқдамиз. Ваҳоланки, Қуръон бизни мусулмонлар учун ашаддий душман дея эълон қилган. Демак, Қуръон шу мантиққа кўра хато экан-да?!” дейишлари мумкин эди. Лекин 1400 йил мобайнида бундай ҳолат бўлмади! Ҳаргиз бўлмайди ҳам! Чунки бу Калом инсоннинг сўзи эмас, балки ғайбларни билувчи Зот - Аллоҳ таолодан нозил бўлган Каломдир!

Ояти каримада яҳудийлар мусулмонларнинг душман эканлиги эслатилар экан, ақллар бу жасоратдан ибрат олмайдими!?

“Яҳудий ва ширк келтирганларнинг иймон келтирганларга нисбатан одамларнинг ашаддий адоватлиси эканини топасан. Улардан иймон келтирганларга дўстликка яқинроғи, “биз насоролармиз”, деганлар эканини топасан. Бу уларнинг ичида диний олимлар ва роҳиблар бўлганидан ва уларнинг такаббурлик қилмасликларидандир”. Уларни Пайғамбарга нозил қилинган нарсани тинглаганларида, ҳақни билганликларидан, кўзлари ёш тўкканини кўрасан. Улар: «Эй Роббимиз, биз иймон келтирдик, бас, бизни шоҳидлар қаторига ёзгин. Нима учун Аллоҳга ва бизга келган ҳаққа иймон келтирмас эканмиз ва Роббимиз бизни ҳам солиҳ қавмлар қаторига киритишини тамаъ қилмас эканмиз?!» дерлар (Моида-82-83-84).

Умуман олганда, доктор Миллер ушбу ояти каримани ўз ҳаётига татбиқ қилди. У насронийларнинг чуқур илмли роҳибларидан эди. Ўзи ҳақни билгач, иймон келтирди ва Исломга кириб, унинг даъватчисига айланди... Аллоҳ таоло уни ана шундай буюк неъматда бардавом қилсин!

Доктор Миллер Қуръони Каримдаги лол қолдирувчи мўъжизаларнинг ноёб услубларини зикр қилишда давом этади:

“Ҳеч қандай шак‑шубҳа йўқки, Қуръони Каримдаги кишини ҳайратга солувчи ноёб услуб бошқа бирорта китобда топилмайди. Қуръони Карим сенга муайян маълумотларни тақдим қилар экан, ушбу маълумотлар сенга бундан олдин маълум бўлмаганини айтади:

“Бу ғайб хабарлардан бўлиб, сенга ваҳий қилмоқдамиз. Улар қайсилари Марямнинг кафили бўлишига қаламларини ташлашаётганларида олдиларида эмасдинг ва тортишаётганларида ҳам олдиларида эмасдинг”. (Оли Имрон-49)

“Бу ғайб хабарлардан бўлиб, уни сенга ваҳий қилмоқдамиз. Улар макр қилиб, ишлари ҳақида гап бириктирганларида олдиларида бўлмаган эдинг”. (Юсуф-102)

Диний муқаддас китобларнинг бирортасида ушбу услуб қўлланилмаган. Бошқа барча китоблар сенга маълумотлар мажмуини тақдим қилар экан, уларнинг қаердан келганини айтади. Инжилнинг услубида қадимгиларнинг қиссалари муноқаша қилинар экан, сенга: “Фалон подшо фалон жойда яшаган, фалончи қўмондон муайян урушни фалон жойда амалга оширган, фалончининг бир нечта фарзандлари бўлган, уларнинг исмлари фалончи, фалончи... ва ҳоказо” каби хабарларни айтади. Лекин шу билан бирга Инжил доим сенга: “Агар бу хусусда янада кўпроқ маълумот олмоқчи бўлсанг, фалончининг китобини ёки фалон китобни ўқигин. Чунки бу маълумотлар ўша ерда батафсил келтирилган”, дейди.

Қуръони Карим эса бунинг акси ўлароқ, ўқувчига маълумотларни ёйиб ташлайди-да, сўнг башарий бўлмаган журъат билан сенга: “Ушбу маълумотлар мутлақ янгиликдир! Буларни сен ҳам, ота‑боболаринг ҳам бундан олдин эшитишмаган эди”, дейди!!! Ажойиблиги шундаки, Қуръони Каримнинг ҳар қандай ишорасидан хато топишга ошиқаётган Макка аҳли, ушбу оятлар нозил бўлган вақтда, уларни кетма‑кет эшитишар экан, бу маълумотлар мутлақ янги, буларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ва у кишининг қавми ҳам билишмас эди, деган қатъийликка: “Йўқ, булар янгилик эмас, балки биз буни биламиз”, дея олишмаган!!! Шу билан бирга: “Муҳаммадга бу маълумотларни ким ўргатаётганини ҳам биламиз”, деган сўзни ҳам айта олишмаган!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончи дейишга, у зотга раддия беришга журъатлари етмаган. Чунки бу маълумотлар дарҳақиқат янгилик эди! Буларни инсон ақли билан ўйлаб топиши, бадиий жанр орқали тўқиб чиқариши имконсиз эди!! Буни фақат ва фақат қадимдаги, ҳозирдаги ва келажакдаги ғайбни билувчи Зот -Аллоҳ таологина айта олиши мумкин эди!!!...”
Мана мантиқнинг инсоф мезонидаги ўлчови! Ўзининг соҳасини фалсафа эканини доим пеш қиладиган айрим сафсатавозлар гарчи мантиқ фанидан айрим луғатларни ўзлаштирган бўлсаларда инсоф номлик сифатдан маҳрум бўлганлари учун ҳамон ёлғонлар кемасида ботқоқлик узра сузиб юришибди! Уларнинг қоришиб кетган ақлларини тартибга сола оладиган ягона илинж самимийликка йўғрилган инсофдир, агар инсоф қилсалар кўзлари очилади, Бўлмаса бошларига Абу Лаҳабларнинг куни тушиши аниқ! Зотан, қуёшнинг борлигини исботлаш учун кундузида шағам ёқиб излаш шартмас!
Аллоҳ таолонинг Китобини тадаббур қилиш камайган бизнинг замононамизда оятларни шундай гўзал тафаккур қилган, доктор Гарри Миллерни Аллоҳнинг Ўзи яхшилик ила мукофотласин! Барчаларимизга Ўзининг Каломини тадаббур ва тафаккур ила тиловат кечаю кундуз қилиш бахтини муяссар айласин! Каломидан юз ўгириб бадбахтлардан бўлиб қолишдан Ўзи асраси! Омин!!!

Аброр Мухтор Алий

*****************************************************************
[1] (Аслида биз мунозара деб таржима қилаётган калима “Улумул Қуръон” фанида таҳаддий деб номланади. Таҳаддий деб луғатда чақирмоқ, рақобат қилмоқ, олишмоқ, ким ўзди ўйнамоқ маъноларида бўлиб, истелоҳда эса ўзи қилган ишни бошқалар қила олмай ожиз қолишларини даъвосида ўзгаларни майдонга чақиришга айтилади. Мўъжиза луғатда ожиз қолдирувчидир. Истилоҳда эса мўъжиза содир этишни даъво қилувчи тараф албатта таҳаддий эълон қилиши шартдир. Таҳаддий тўғри бўлиши учун эса қуйидаги шартлар топилиши лозим:
1. Таҳаддийга чақирувчи шахсдаги асбоб-ускуналар қарши тарафда ҳам бўлиши керак;
2. Таҳаддийга чақирувчи шахс қилган ишининг муддати чақирилганларда ҳам бўлиши лозим;
3. Қарши тарафнинг чақириққа ижобат қилишлари учун сиёсий босим, қариндош-уруғчилик, ошна-оғайничилик каби тўсиқлар бўлмаслиги лозим;
4. Таҳаддийга чақирувчи шахс ўзидаги мўъжизани барчанинг олдига қўйиши лозим...
Қуръони Каримнинг мўъжиза экани ушбу таҳаддий шартларининг барчаси унда мавжуд эканлиги билан кўриниб туради:
1. Асбоб‑ускунани тақдим қилиш: Қуръони Каримнинг баъзи оятлари маънодан узилган ҳарфлар билан бошланиши гўё арабларга: “Сизлар ишлатаётган ҳарфлар билан Қуръон нозил қилмоқдамиз. Агар қўлинглардан келса, сизлар ҳам шу Қуръонни ёки унинг бир сурасини ва ёҳуд ундан бир оятни келтирингларчи”, дейиш эди. Тўртта ояти каримада бу чақириқ очиқчасига эълон қилинган;
2. Муддатнинг берилиши: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма уч йил мобайнида уларнинг кўз ўнгида Қуръон тиловат қилиб турдилар. Бу муддат ичида Қуръонга ўхшаш нарсани келтирмоқчи бўлганлар ё мусулмон бўлди, ёки шармандаси чиқди. Шу билан бирга бу мавзу ҳали‑ҳануз эскиргани йўқ. Яъни ҳамон Қуръони Карим башарият кўз ўнгида ўзининг мўъжиза эканини баралла айтиб турибди ва ўзи кабисини башарият тўқий олмаслигини кескин суратда даъво қилмоқда. Қани Қуръон каби бир Китобни тўқингларчи!;
3. Сунъий тўсиқларнинг йўқлиги: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий бўлаётган Қуръондаги чақириқлар барча учун баробар бўлди. Ҳеч қандай сиёсий омил ёки ижтимоий шароит унга тўсиқ бўлмади ва бугунги кунда ҳам бундай тўсиқ йўқдир;
4. Мўъжизанинг намунаси: Мана, Қуръони Карим барчанинг кўз ўнгида бир минг тўрт юз йилдан кўпроқ муддат ичида бирор ҳарфи ўзгармай турибди ва ундаги чақириқлар ҳали ҳануз ўз кучини йўқотгани йўқ. Ер юзида Қуръони Каримга нисбатан қилинган душманлик бошқа бирорта китобга қилинмаган. Шундай бўлишига қарамасдан унга ўхшаш бир нарса келтириш ёки уни ўзгартиришга бўлган барча ҳаракатлар бесамар кетмоқда ва бу ҳолат қиёматга қадар давом этиб бораверади...)