A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Шайх Роғиб Мустафа Ғалваш - Сахифа 3
PDF Босма E-mail
Материал индекси
Шайх Роғиб Мустафа Ғалваш
Саҳифа 2
Саҳифа 3
Ҳамма саҳифа

 

 

Роғиб Қуръонни ёд олиб бўлгач, Бирма қишлоғидаги шайх Абдулғаний Шарқовийнинг қўлида тажвид илмини эгаллайди. 14 ёшга етганда унинг довруғи қўшни қишлоқларга ҳам ёйилиб, ҳатто уламолар қароргоҳи ҳисобланган Танто шаҳрига ҳам етиб боради. 15 ёшида, яъни 1953 йилдан бошлаб қўшни шаҳар ва қишлоқлардан таклиф бўлиб, Қуръон йиғинларида қироат қилиб беришни бошлайди. У ўз илмини мустаҳкамлаш мақсадида шайх Мустафо Исмоил ва Ҳалил Хусарий каби йирик қироат устозларини етиштирган Танто шаҳрига келиб, у ердаги «Аҳмадийя» масжиди қошидаги қироат институтига ўқишга киради ва кўплаб мўътабар олимлардан, хусусан, шайх Иброҳим Таблиҳийдан таълим олади.

 

Шайх Роғиб айтади: «Шайх Мустафо Исмоилнинг бизнинг минтақамиздан чиққани менга кўп қулайлик туғдирар ва  катта далда бўлар эди. Мен доим у кишига тақлид қилар эдим. Тонтога келиб, «Аҳмадия» маъҳадида шайх Иброҳим Таблиҳийнинг қўлида тажвид аҳкомларини ўргандим ва у кишидан Варш қироатини ҳам таълим олдим. У киши қироат илмини ва татбиқини пухта эгаллашимда менга жуда катта ёрдам берди.

 

Маъҳадда ҳар куни Қуръон тиловат қилиб берардим. Қироат қилганимда одамлар мени ўраб оларди. Аллоҳ таолонинг фазли билан аста­-секин кўплаб инсонларнинг қалбидан жой олдим. Сабаби – мен ҳамма учун севимли бўлган шайх Мустафо Исмоилга тақлид қилиб ўқир эдим».

 

Шайх Роғиб Ғалваш йигитлик давридаёқ анча машҳур бўлиб кетди. 20 ёшга етганда ҳарбий хизматни ўташ учун Қоҳирага жўнади.

 

Шайх Роғиб шундай дейди: «Мен ҳарбий хизматда бўлишимга қарамай, доимо «Масижиди Ҳусайний»га бориб турар эдим. Мисрнинг бундай катта масжидида бир оят бўлса ҳам қироат қилиш ҳамиша орзум эди. «Қани энди, мен ҳам шу масжидда азон айтиб, Қуръон ўқиб берсам», деган хаёл кўнглимдан ўтди.

 

Бир куни Масжид имоми шайх Хулумийга ўзимни таништирдим ва у кишига Қуръондан баъзи оятларни ўқиб бердим, қироатим у кишига маъқул келди. У кишига истагимни ошкор айтдим ва азон айтишга ҳамда намоз такбиридан олдинги ўн оятли қироатни адо этишга менга рухсат беришини сўрадим. У киши: «Шайх Тоҳо кеч қоладиган бўлса, майли, асрга азон айтиб, ундан кейинги қироатни ҳам қилиб бераверасан», деди. Дуойим ижобат бўлиб, Шайх кеч қолди. Мен Шайх Мустафо Исмоилга тақлид қилиб азон айтдим ва Аллоҳ ёрлақаб, азон айни Мустафонинг азонидек чиқди, ҳатто одамлар тараддудланиб ҳам қолди. Ҳамма менга қарар, мен эса аскар кийимида эдим. Кейин Қуръони Каримдан қироат қилдим. Одамлар қироатни тўхтатмаслигимни, оятларни такрорлашимни талаб қилишар, турли олқишлар билан мени шижоатлантиришар эди. Шу тариқа қироат ярим соатга чўзилиб кетди.

 

Намоздан сўнг хизмат жойимга қайтдим. Шодлигим ичимга сиғмасди. Ўзимга бўлган ишончим ортиб, қироатга янада рағбатим ошган эди. Кейин қўмондон ҳарбий масканимиздаги масжидни ҳам менга топшириб қўйди ва истаган пайтимда ташқарига чиқишимга ҳам рухсат берди. Мен бундан унумли фойдаланиб, «Масжиди Ҳусайний»га кўпроқ қатнайдиган бўлдим. Аста­-секин шу ерда танилиб бордим. Бу масжид шайх Халил Хусарий, шайх Тоҳо Фашаний каби улуғ устоз қорилар, шайх Муҳаммад Ғазолий каби буюк алломалар дарс айтган қутлуғ бир масжид эди. У ерда Қуръон ўқишни барча ёш қорилар орзу қиларди».

 

«Масжиди Ҳусайний»дан радиога

 

Роғиб Мустафо Ғалваш Масжиди Ҳусайнийда танилиб, аста­-секин эл­юр ва давлат масъуллари қошида ҳурматга эришиб борди. Улар Шайхни катта-­катта жамоатлар олдида қироат қилишига шароит яратиб, руҳлантиришар эди. Бу йиғинларда у шайх Мустафо, шайх Хусарий, шайх Абдулбосит каби машҳур ва мўътабар қорилар ёнидан жой олди. Шу билан бирга, ушбу масжид орқали, аниқроғи масжид ходимларидан бири устоз Ҳаммоднинг тавсияси билан Миср радиосида қироат қилиш шарафига ҳам эга бўлди. Устоз Ҳаммод ўша пайтда радио мудири эди.

 

Радио уюшмасига қилган илк ташрифини Шайх Роғиб қуйидагича ҳикоя қилади:

 

«Радио уюшмасига белгиланган вақтда етиб бордим. У ерда бир юз олтмиштача қори бор эди. Улар менинг аскар кийимида эканимни кўриб: «Ҳа, сен қўриқчи аскарларданмисан?» дейишди. Мен уларга: «Мен сизларнинг сафдошингизман, мен ҳам сизларга ўхшаб имтиҳонга келганман», деб жавоб бердим. Улар ҳайрон бўлиб қолишди. Шу пайт хизматчилардан бири мени давраларнинг бирига чақирди. Имтиҳон икки йўналишда эди: бири қироат бўйича, иккинчиси овоз бўйича. Мени қироат даврасига олиб киришди. У ерда Доктор Муҳаммад Абу Заҳра, шайх Санусий, доктор Абдуллоҳ Мозийлар ҳакамлик қиларди. Овоз имтиҳони даврасида эса устоз Маҳмуд Ҳасан Исмоил (таниқли шоир), устоз Ҳусний Ҳадидий, устоз Муҳаммад Ҳасан Шужоъийлар ҳакам эдилар. Ҳакамлар менга ўқишим керак бўлган оятнинг бошини ўқиб эшиттирдилар. Мен яхши ўқим бердим, шекилли, ҳакамлар қироатимни мақтаб, овозимни эҳтиёт қилишимни тайинлашди. 20 кундан сўнг радиодан чақириқ келди. Мен «Азҳар»даги қироат маъҳадига бориб, имтиҳон натижаларини сўрадим. Маъҳаднинг шайхи менга: «Эй Роғиб! Сен ҳайъат аъзоларининг барчасини лол қолдирибсан. Улар сенинг ҳифзда ҳам, тажвидда ҳам, пухталикда ҳам анча юқори даражада эканингни таъкидлашяпти», деди.

 

Кейин радио уюшмасига бориб, натижалар эълонини кўрдим, 160 та иштирокчи ичидан саралаб олинган 7 нафар қорилар қаторидан жой олибман. Энди навбат овозимизни имтиҳон қилишга келган эди. Айни пайтда мен жуда ҳам хурсанд эдим, чунки радиога чиқиш йўлининг тўртдан уч қисмини деярли босиб ўтган эдим. Шайх Мустафо Исмоил, шайх Миншавий, шайх Абдулазим Зоҳир, шайх Баҳтимий, шайх Алий Банно, шайх Абдулбосит каби машҳур қироат юлдузлари, юксак шуҳрат соҳибларининг қаторига қўшилиш имконияти туғилган эди. Бир ой ўтиб-­ўтмай овоз ёзиш студиясига бордим. Аллоҳнинг фазли билан қироатим жуда яхши чиқди, барча хайъат аъзоларининг юзида мамнуният кўрдим ва яна ҳам хотиржамроқ ўқий бошладим, ҳатто ўзимни ҳайъат аъзоларининг олдида эканимни унутиб ҳам қўйдим. Улар ҳам мени имтиҳон қилаётганларини эсдан чиқариб қўйишгандек, мени тўхтатмай индамай эшитиб ўтираверишди. Мен уларнинг Аллоҳ берган овозимдан завқланиб, тажвидни адо этишдаги ҳаракатимдан ҳайратга тушаётганларини сезиб турардим. Бу тахминимни тиловатдан сўнг қилган суҳабатимиз асносида улар ўз сўзлари билан тасдиқладилар ва менга овозимни эҳтиёт қилишимни айтдилар.

 

Орадан 20 кун ўтиб, хизматни тугатиб, ҳарбий гувоҳнома билан қишлоғим Бурмага қайтдим. Ҳеч кутилмаган ҳолат юз берди: қишлоқ аҳли мени ўзгача шукуҳ билан кутиб олишди. Ҳаммалари шоду хуррам. Мени бағирларига босиб, табриклашарди. Мен эса нима бўлаётганини тушунмасдим. Уларга: «Нима гап ўзи? Ахир мен аскарликдан қайтиб келдим, холос-ку!» дердим. Улар: «Ие, сен ўзинг ҳали хушхабарни эшитмадингми?» дейишди. «Қанақа хушхабар?» дедим. «Суратинг ва номинг ҳамма газета­ю журналларда босилиб чиқди-ку!» дейишди. Билсам, «Аскар қори» сарлавҳаси остида мен ҳақимда бир мақола ҳам чоп қилинган экан. Бу нарса мен учун Ватан хизматини шараф билан якунлаганим учун бир туҳфа бўлди гўё. Шодлик устига шодлик бўлди. Мен «радио қориси» бўлиш шарафига эришган энг ёш қорилардан бўлдим, чунки ўшанда мен 24 ёшда эдим».

 

Шундай қилиб, Роғиб Мустафо Ғалваш шайх Мустафо Исмоил, шайх Абдулбосит, шайх Миншавий, шайх Алий Банно каби устоз қорилар орасида ўз ўринига эга бўлди. Ҳатто баъзан катта­-катта йиғинларда чақирилган иккита қоридан бири шу киши бўларди. «Абдулбосит қори бўлмай қолса, ўрнига Ғалвашни айтинглар», «Мустафо Исмоил бўлмай қолса, ўрнига Ғалвашни айтинглар», дейиладиган бўлди. Унинг бу даражага етишига шайх Мустафо Исмоилга тақлид қилиб, унга ўхшатиб тиловат қилиши ҳам катта сабаб бўлган. У Мутсафо Исмоилга шу қадар ўхшатардики, ҳатто бир куни шайх Мустафо Исмоил радиода Роғиб Мустафо Ғалвашнинг тиловатини эшитиб, аввалига уни ўзи деб ўйлайди. Бироз тинглагачгина ўқиётган киши ўзи эмас, Роғиб Ғалваш эканини англайди. Шу билан бирга, шайх Роғибда ўзига хослик ҳам балқиб турарди.

 

Мустафо Исмоил бир жойда Ғалвашни учратиб қолиб, уни руҳлантириб, шундай дейди: «Мен сен билан фахрланаман. Овозингнинг гўзаллиги ва тиловатни ажойиб суратда адо қилишинг мени жуда хурсанд қилади. Сен тез орада машҳур қорилар орасида ёрқин юлдуз бўлиб порлайсан, иншааллоҳ. Бунга сенинг имкониятларинг етарли».

 

Роғиб Мустафо Ғалваш 1970 йил Лондондаги Ислом марказининг чақириғи билан Рамазон ойини ўша ерда ўтказади ва унинг гўзал қироатлари таъсирида бир қанча ғайридинлар Исломни қабул қилишади.

 

Шайх Ғалваш 30 йилдан ортиқ жаҳоннинг йирик давлатларига Қуръони Карим тиловати учун сафарлар қилди. Рамазон ойларида турли тадбирлар, расмий йиғинларда қироат қилиб беришлари учун жуда кўп араб ва мусулмон мамлакатларга таклиф қилинар эди. Форс кўрфазидаги давлатларда у кишининг тўлиқ мураттал хатмлари эрта-ю кеч радиога узатилиб туради. У киши ҳаётининг сўнги пайтларигача Аллоҳнинг каломи тиловати билан дилларга нур ва ҳузур таратиб келди. Мисрнинг энг йирик масжидларида қилган тиловатлари тўғридан-тўғри телевизор ва радиога узатилар эди. Шу билан бирга, у киши ҳаётининг сўнгигача гўзал қироат шайдоларига устозлик ҳам қилди.

Шайхнинг унутилмас хотираларидан

Шайх Ғалваш айтади: «1961 йил ҳарбий хизматдалик пайтимда Ички ишлар Вазирлигининг бир ходими вафот этди. Шу муносабат билан «Аббосия» майдонида катта мотам маросими ташкил қилинди. Қўмондон менга: «Эй Роғиб, кечаси «Аббосия»да аза маросими ўтказилади, унга чақирилган қори ёнида сен ҳам иштирок этасан», деди. Мен: «Хўп бўлади», дейишдан бошқа гап айта олмадим. Шомни ўқиб, майдонга етиб бордим. Бунақа катта йиғинни ўша пайтгача кўрмаган эдим. Бутун атрофни овозкучайтиргичлардан таралаётган Қуръон садоси қуршаб олган эди. Бу сас шайх Абдулбосит Абдуссамаднинг овози эди. Шунда ўзимга-ўзим: «Эй Роғиб, бу тенги йўқ қорининг олдида сенга нима бор?» дедим. Зеро, шайх Абдулбосит чексиз имкониятга эга бўлган, машҳур, ўз асрининг етук ва юрса ерни титратадиган забардаст қориларидан эди. Мен айни дамда Аллоҳ таолога дуолар қилиб, Ўзидан мадад сўраб илтижо қилардим.

 

Шайх Абдулбоситнинг ёнига келиб ўтирдим. У киши мени қироат қилишда шерик бўлиш учун келганимни билиб, бир-иккита оҳанглари билан мени ҳушёр қилиб қўйдики, бу ҳол у кишининг тажвидда ва овозда нақадар юкасак мақом соҳиби эканини яққол намоён этарди. Қироатлари тугашига мен у кишига салом бердим. У киши алик ола туриб: «Аллоҳнинг изни билан муваффақ бўласан», деб қўйди. Минбарга чиқиб, қироат қилар эканман, гўё раббоний тажаллий ва илоҳий тавфиқ устимга ёғилаётгандек бўлди. «Содақоллоҳул­ъазийм» деганимда одамлар турли мақтов ва олқишлар айта кетишди.

 

1965 йил радиога аъзо бўлганимдан 3 йил ўтгач, овоз ёзиш студиясидан чақириқ келди. Қироат учун кундузги соат 12 дан 13 гача, деб белгилаб қўйилган экан. Ўша пайтда Манифулдаги бошқа бир йиғинга ҳам боришим керак эди. Шуни эътиборга олиб, тезроқ бўшаб, Мануфилга ҳам эртароқ бораман, деган режа билан ридио идорасига бир соат олдин етиб келдим. Шу пайт студияга марҳум шайх Муҳаммад Сиддиқ Миншавий ҳам келиб қолди. У киши мендан бир соат олдинга чақирилган экан. У киши: «Эй Роғиб, сенинг навбатинг қачон?» деб сўради. Мен: «Аслида навбатим бир соатдан кейин, лекин бир ерга боришга ваъда берган эдим», дедим. Шунда Миншавий ҳазратлари радио ходимига: «Роғибнинг ваъдаси бор экан, шунинг учун менинг навбатимни эртага ёки индинга кўчирсангиз», деди-да, ҳаққимга гўзал дуолар қилиб, табассум билан чиқиб кетди».

 

Шайх Роғиб Мустафо Ғалваш милодий 2016 йил 6 февралда Мисрда вафот этди. Жанозаси Шайхнинг номидаги «Шайх Роғиб Мустафо Ғалваш» масжидида ўқилди ва минглаган жамоат марҳумнинг жасадини «Ғалваш оиласи ҳилхонаси»га олиб бориб, дафн қилди. Аллоҳ таоло у кишини Ўз раҳматига олиб, бир умр севиб ўқиган Қуръонини охират ҳаётларида ҳамроҳу ёр айласин!

 

 

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид


Интернет маълумотлари асосида тайёрланди