A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Сабоқ
PDF Босма E-mail

Аллоҳнинг уйи Ҳарамда бир одамни кўрдим-у, сесканиб, юзимни буриб олдим. Аммо кўзимда қолган асоратдан танамга сесканиш югурди. У орқа қаторда ўтирарди. Юзимни қанчалик тез ўгирмай, хаёлан ундан қутула олмаётган эдим. Тошкўмир ундан оқлик қиларди. Қора ҳабашлиги майли-ку-я, афти ҳам... пешонаси олдинга туртиб чиққан, бурун деярли йўқ, ияк томоққа ёпишган... Чиройли нарсалар одамнинг кўзига қанчалик тез ўрнашса, хунуги ҳам худди шундай бўларкан.

«Худойим-эй», деб юбордим беихтиёр. Хаёлимни чалғитиш учун атайлаб она юртимни, юртдошларимни кўз олдимга келтира бошладим. Одамларимиз қанчалик истарали, келишган, хушрўй. Аллоҳим, бизларни хўб ярлақаган экан-да.

Ўрнимдан аста-секин тураман-да, «Нуқсонсиз қилиб яратганинг учун», дея икки ракат шукрона намозини ўқийман. Ичимдан унсиз бир ҳайқириқ гулдираб келади. Ҳарамда туриб, худди улар мени эшитаётгандек, юртдошларимга бир нималар дегим келади: «Эй менинг азизларим, қадрдонларим, ака-укалару опа-си­нгилларим, фарзандларим! Аллоҳим бизнинг диёрларни қанчалар гўзал қилиб яратганини билсангиз эди. Одамларимиз-чи, табиатимизга мос гўзал, бетакрор! Аллоҳга қанча шукрона келтирсак, оз!!!»

Дарвоқе, шукрона келтириш кўплар ўйлаганидек жойнамоз устида ибодат қилиш эмас. Аллоҳ қайтарган ишлардан қайтиш, буюрганларини адо этиш ҳам шукрона. Ҳалол еб, ҳалол ичиш, хиёнатдан, фитнадан ҳазар. Нафснинг қулига айланмаслик. Юртни ёмон кўзлардан, ёмон сўзлардан асраш. Ҳимматли бўлиш, савоб ишларнинг этагини тутиш... буларнинг бари шукрона. Жойнамоз устидаги ибодатимиз шуларнинг мукаммаллигига каффорат. Яратган Эгам хушсурат қилиб, жаннатдек маконларда яшатиб қўйибдими, барча ишларимиз шунга яраша бўлмоғи керак...

Шу пайт ғоятда нафис ва майин Қуръон тиловати бошланди. Овоз орқа тарафдан эшитиларди. Аллоҳнинг каломи қанчалар ҳузурбахш-а?! У кимнинг ва қайси миллат вакилининг тилидан учмасин, бирдек ёқимли, бирдек сеҳр­ли. Киройи қироат шунақа бўлса-да! Аста-секин кўзларим намлана бошлади.

Орқага қарашимга икки нарса монелик қиларди. Бири – бояги қиёфага кўзим тушишидан қўрқиш бўлса, иккинчиси – ҳофизи Қуръонни чўчитиб юборишдан андиша. Ҳа, у, атрофдагиларга малол кел­яптимикан, деб қироатни тўхтатиб қўйиши мумкин.

Шуларни ўйлаб Аллоҳга ёлбораман: «Эй буюк яратган Эгам, мени ҳам шунақа ёқимли, таъсирли қироат эгаларидан қил, нафасимни иссиқ айла!»

Қироати борлиғимга нурдек таралиб, қалбимга сингиб бораётган қорининг қиёфасини тасаввуримда чиза бошладим: мош-гуруч соқолли, кулча юзли, борлиғидан нур ёғилиб турган мўътабар бир зот. Қўлида Аллоҳнинг китоби – Қуръон.

Ёнимдагилар беихтиёр орқага қарай бошлашди. Охири чидай олмадим. Шундай овоз эгасини кўрмаслик, миннатдор бир нигоҳ билан уни зиё­рат қилмаслик мумкин эмас.

Аста чап тарафимга буриламан. Аксига олиб ҳофиз ўнг тарафда экан. Тахминан, ҳалиги одамнинг ёнида бўлиши керак. Балки ҳабаш аллақачон ўрнидан туриб кетгандир ҳам. Шу ўй билан ботирланиб қарадим-у... тошдек қотиб, кўзимни узолмай қолдим. Каъбатуллоҳга қараб Қуръон тиловат қилаётган одам...

Аллоҳим гуноҳларимни кечсин, ҳофизи Қуръон ўша мен хунуклигидан сесканган одамнинг ўзи экан! Ён-атрофдагилар унга кунгабоқардек эгилиб қолган эдилар. Қори ниҳоятда ёқимли, истарали кўринарди.

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, ҳозиргина бир бандасининг ташқи қиёфасидан даҳшатга тушиб юз ўгирган эдим, лаҳза ўтмай маҳлиё қилиб, унга юзимни ўгириб қўйди!!!

интернет материаллари асосида тайёрланди