A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Рамазон ойида сизни Қуръондан нима чалғитяпти?
PDF Босма E-mail

Рамазон ойи – Қуръон ойидир. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи Рамазон ойи кирса ҳадисни ва илм мажлисларини тўхтатиб, Мусҳафдан Қуръонни тиловат қилишга киришар эканлар. Аллоҳу акбар! Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойида Қуръон тиловатига киришганидан ҳатто илм музокараларида ҳам қатнашмас эканлар.

Бизни бу ойда Қуръон тиловатидан нима чалғитяпти?

Телевизор кўришми? (футбол, кино ёки бемаъни сериаллар)

Интернетда беҳуда ўтиришми?

Ошналаримиз билан ҳангома қилишми?

Ортиқча уйқуми?

Ёки шунга ўхшаш бошқа ишларми?

Рамазонда имкон қадар мубоҳ амалларни ҳам камайтириш лозим. Кўпроқ Қуръон тиловатига киришмоқ керак. Қуръон ўқиганда ҳам муҳаббат билан, шошмасдан ўқишлик керак.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

“Эй (кийимларига) ўралиб олган киши (Муҳаммад!) * Тунда (тунда бедор бўлиб, намозга) туринг! Фақат озгина (ухлашга вақт қолсин!) * (Яъни,) ярми (қолсин) ёки ярмидан ҳам бироз камайтиринг! * Ёхуд унга (бироз вақт) қўшинг (ярмидан кўпроғида ухланг) ва Қуръонни тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг! (Муззаммил сураси, 1-4 оятлари)

Аллоҳ таоло ушбу оятда аввал кечани қоим қилишга буюрмоқда. Сўнгра кечани қоим қилиш асносида тартил билан тиловат қилишга амр этмоқда.

Тартил билан ўқиш – дадил, дона-дона, ҳар бир ҳарфнинг адосини бериб, ўз махражидан чиқариб ўқишга айтилади.

Бундай ўқиш Қуръонни тушуниш ва тадаббур қилишга ёрдам беради.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дона-дона ўқир эдилар.

Агар Қуръон тартил билан ўқилса, қалб ҳозир бўлиб, оятнинг маънолари, унинг ҳақиқатлари ҳамда ундан кўзланган асл мақсадлари тушунарли бўлади.

Қуръон тадаббур билан ўқилса, Аллоҳ таолонинг зикри келган оятларда қалб У зотнинг улуғлигини ҳис қилади. Ваъда ва ваъиднинг зикри келган оятларда хавф ва ражони ҳосил қилади. Қиссалар ва зарбул масаллар зикр қилинган оятларда эса ибратланиш ҳосил бўлади. Буларнинг натижасида қалб маърифат нури ила мунаввар бўлади.

Шошқалоқлик билан, тартилга риоя қилмай тез ўқилганда бу нарсалар ҳосил бўлмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ҳарфни аниқ-тиниқ, махражидан чиқариб ўқиганлар. Раҳмат ояларини ўқиганлаида тўхтаб сўрардилар. Азоб оятларини ўқисалар тўхтаб паноҳ тилардилар.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқидим. У зот Бақара сурасини бошладилар. Мен юз оят ўқиб рукуъ қилсалар керак, деб ўйлагандим, ундан ўтиб кетдилар. Мен “Бақара”нинг ҳаммасини икки ракатга бўлиб ўқисалар керак деб ўйладим. У зот (ярмидан ҳам) ўтиб кетгандилар, шунда мен “Бақара”нинг ҳаммасини бир ракатга ўқисалар керак деб ўйладим. У зот Нисони ҳам бошладилар, уни ўқиб бўлиб, Оли Имронни ҳам бошладилар, уни ҳам ўқидилар. Сокинлик билан ўқирдилар. Тасбеҳ оятларига келганда, тасбеҳ айтар эдилар. Сўрайдиган оятларда сўрардилар, паноҳ тилайдиган оятларда паноҳ тилар эдилар. Сўнг рукуъ қилдилар ва “Субҳана роббиял ъазийм”, дер эдилар. Рукуъси ҳам худди қиёми каби узун бўлди. (яъни, қиёми одатдаги қиёмдан узун бўлганидек рукуъси ҳам одатдаги рукуъдан узун бўлди.) Сўнг “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ, Роббанаа лакал ҳамд”, дедилар. Сўнг рукуъ (миқдори)га яқин даражада узоқ қиём қилдилар. Сўнг сажда қилдилар ва “Субҳана роббиял аълаа”, дедилар. Саждаси ҳам (узунликда) қиёмига яқин бўлди. Имом Муслим ривоят қилган.

Бу ҳадис қироат қилувчининг қироати тадаббур ва хушуъ билан бўлиши суннат эканига ва у Қуръон билан бирга яшаши, унга амал қилиши лозимлигига далолат қилади. Қуръон ўқувчи мана шу нарсаларга ҳарис бўлиши лозимдир.

* Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Қуръонни худди шеър каби шошиб ўқиманглар. Сочилиб кетган хурмо каби сочиб ҳам юборманглар. Ҳайратга соладиган жойларида тўхтаб, қалбингизларни ҳаракатга келтириб, уйғотинглар. Бирортангизнинг мақсади сурани охири бўлмасин. (Яъни, малолланиб, суранинг тугашини кутиб, қачон тамом бўларкин, деб ўқиманглар.)

* Абу Жамрадан ривоят қилинади: Мен Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга: “Мен тез қироат қиламан, Қуръонни жуда тез ўқийман”, дедим. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Мен учун Бақара сурасини тартил билан ўқимоғим Қуръоннинг ҳаммасини тезлаб ўқимоғимдан кўра яхшироқдир”, деб жавоб берди. Байҳақий ривояти

* Баъзи салафлар айтган эканлар: “Англамай, қалбим унда бўлмай ўқилган бирорта оят учун савоб бор деб ўйламайман.”

* Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу айтганлар: “Агар қалбларингиз пок бўлганда эди, Роббингизнинг каломига тўймаган бўлар эдингиз.”

* Қуръондан малолланмайлик! Баъзи кишилар таровеҳ намозида узоқ қиём бўлишидан малолланиб, қориларни тезроқ ўқишини, тезроқ тугатишини хоҳлайдилар. Бу мутлақо нотўғридир. Ахир, Рамазон ойида кечани қоим қилган кишиларга гуноҳларнинг мағфират бўлиши ваъда қилинган-ку!. Бундай улуғ даражага осонлик билан эришилмайди. Бунга эришиш учун сабр қилиб, Қуръонга муҳаббат билан қулоқ солишимиз, имкон қила олсак оятларни тадаббур қилиб тинглашимиз лозим бўлади. Қуръоннинг нозил бўлишидан мақсад унинг ҳақиқатини тушуниш ва маъноларига амал қилишдир. Қуръони карим тиловат қилинган пайтда жим туриб сукут сақлашнинг вожиблиги ҳам шундадир.

Қуръон ўқувчига бир ажр, эшитувчига эса икки ажр бор. Ўқувчи ўқиганига ажр олса, эшитувчи эшитганига ва жим турганига ажр олади. Ўқувчи биргина аъзоси, яъни, тили билан ўқиса, эшитувчи икки қулоғи билан эшитади. Ўқувчи ихтиёрий ўқиган пайтда ҳам эшитувчи мажбурий жим туриб фарз амалини бажариб тинглайди. Шунинг учун эшитишнинг савоби ўқишнинг савобидан-да кўпроқдир. Қуръон эшитишдан малолланмайлик!

Қудратуллоҳ Сидиқметов