A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/743690ramazon_1438.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/810343muborak_kecha.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/155397ramazonda_sizni.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон кучли ҳимоя сандиғидадир
PDF Босма E-mail


Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Аллоҳ таоло Ўз ваҳийси ҳимоясига мурғак қалбларни танлар экан, Қуръони каримга бўлган муҳаббатимиз яна ортади… Нега Аллоҳ таоло олдин келган самовий китобларини инсонлар томонидан ўзгартирилиши, бузиб талқин қилинишидан ҳимоя этмади, лекин улардан фарқли ўлароқ охирги дин – Ислом динининг дастури Қуръоннинг ҳимоясини Ўз зиммасига олди?

Ажиб савол. Бошқа дин вакилларининг мусулмонларга нисбатан ҳасадини қўзғайдиган савол. Унинг жавобини қуйида билиб оламиз, шу билан бирга Аллоҳ таоло Қуръони каримни ҳар турли ўзгаришлардан ҳимоялаш учун тузиб қўйган ажойиб дастурдан ҳам хабардор бўламиз:

Қуръон шундай ҳимоядаки, Само амини (яъни Аллоҳ таолога энг яқин, ишончли фаришта) Жаброил алайҳиссалом ер юзидаги энг ишончли, омонатдор зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга уни олиб тушди. Қарийб ўн беш асрдан буён Аллоҳ таоло ер аҳлига уни мерос қилиб қолдираётир. Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръонни кучли ҳимояланган музей ёки архивга эмас, балки уммий Пайғамбар ва унинг умматидан қиёмат кунигача етадиган омонат қутиларига жойлади ва Ўзининг “Албатта, зикрни биз нозил қилдик ва албатта, уни муҳофаза қилурмиз”, деган ваъдасини юзага чиқариш учун инсониятга боғлиқ сабабларни жорий қилди. Ҳам Борий таоло Ўз қудрати ила бу улкан илоҳий дастурни ҳали балоғатга етмаган, ҳатто олти ёшга ҳам тўлмаган, Қуръонни ёдлаб уни кўзёшу мунгли оҳанг, муҳаббату сурур ила тиловат қиладиган, қалби завқу шавқ-ла тошган мурғак жонларнинг покиза қалбларига жо айлаб қўйган!

Бу хабарни эшитганда ҳокиму ҳоқонлар бу улуғ мартабани тортиб олгилари келиши аниқ. Тарихга назар солсангиз, гапларимизнинг тасдиғини топасиз.

Узоққа борманг, ўз мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам олти ёшда Қуръонни тамоман ёд олган, ҳадис илми султони Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ эса тўққиз ёшларида Мусҳафни хатм қилган эдилар.

Соф ва мурғак қалб эгалари ҳар қанча машаққату заҳматлар чекмасинлар, Аллоҳнинг қудрати ила илоҳий Каломни ёд олишга аҳд қилдилар, шахд қилдилар! Ҳолбуки, роҳиблар ёхуд бошқа дин пешволари ўз ибодатхоналарида ўн йиллаб чилла сақлайдилар, бироқ бузиб кўрсатилган китобларидан бирор қисмини ҳам ёд олмайдилар. Албатта, бу ҳам Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг Ўз китоби ҳимояси учун ирода қилган услубидир. Бу бир томондан уммати Муҳаммаднинг “Эшитдик ва итоат этдик” дея берган ваъдаларига вафонинг бир кўриниши бўлса, бошқа томондан Аллоҳ муҳофаза қилишни буюрганига қарамай, ўзларига берилган илоҳий китобларни ўзгартириб, нафсларига мослаштиришга уринган қавмлардан устунликнинг олий намунасидир! Ҳамда Қуръони каримга бўлган буюк муҳаббатнинг ифодасидир!

Адашганлар танлаган йўл ва эришмоқчи бўлган нарса қанчалар ёмон. Тангри таоло барчамизни Каломининг муҳофазачиларидан айласин!

Салоҳиддин Ўрмонбек ўғли таржимаси