A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Машҳур қориларнинг Қуръонни қайси вақтда ва қай тарзда ёдлаш афзаллиги ҳақидаги фикрлари
PDF Босма E-mail

 

 

Машҳур қориларнинг Қуръонни қайси вақтда ва қай тарзда ёдлаш афзаллиги ҳақидаги фикрлари

Аҳмад ибн Халил ибн Шаҳин ибн Аҳмад (Азҳар университетида «Қуръон ва қироат илмлари» мутахассислиги йўналишида ўқиб, ўн хил қироатдан ижоза олган. Риёздаги «Таҳфизул Қуръон» ўрта махсус мактабининг муаллими):

Қуръони Каримни ёдлаш учун энг муносиб вақт қайси?

– Бомдод намозидан олдин ва кейинги вақтлар, шунингдек, чошгоҳ вақти ҳам.

Қуръони Каримни ёдлаш учун энг муносиб йўл қайси?

– Қуйидагилар энг муносиб йўл, деб ҳисоблайман:

- биринчи навбатда Қуръон илмига моҳир устозга шогирд бўлиш;

- устознинг олдида кўпроқ бўлиб, унинг назорати остида такрорни кўпайтириш;

- Қуръонни такрор қилаётганда чалғимаслик ва хато қилмаслик учун хатчўп ёрдамида такрорлаш;

- ёдламоқчи бўлган дарсини аввал дафтарга ёзиб олиш, чунки қўл ёдлашга ёрдам берувчи воситалардандир;

- кунлик дарсини ёдлашдан олдин моҳир қориларнинг овозли ёзувини эшитиш.

Қуръонни ёдлашга овозини чиқариб ёки ичида ўқишнинг таъсири борми?

Овозни чиқариб ўқиш ичида ўқишдан кўра яхшироқ ва манфаатлироқдир. Жумладан, тажвид билан ўқиш учун энг керакли бўлган тил ва жағларнинг машқи юзага чиқади, тартил билан (шошмасдан) ўқишни одат қилади, яхши ва чиройли овоз билан ўқиш учун товуш пайчалари очилади, овоз чиқариб ўқилганда ичида ўқилганга нисбатан тезроқ ёд бўлади.

– Қуръони Каримни ёдлашда битта Мусҳафдан ёдлаш керакми? Турли Мусҳафлардан ёдлашнинг зарари йўқми?

– Қуръони Каримни ёдламоқчи бўлган талаба ўзи учун қулай бўлган (ҳарфларнинг катта ёки кичиклигига қараб) битта Мусҳафдан ёдлаши лозим бўлади, чунки бунинг бир неча сабаблари бор. Масалан:

- ёдлаган нарсаси зеҳнда яхши шаклланади;

- ёддан ўқиётганда Мусҳафнинг бетлари, қаторлари кўз олдида туради, агарда турли Мусҳафлардан ёдласа, чалкашлик юзага келиб, ҳатто ёдлаган нарсасини ҳам эсидан чиқариб қўйиши мумкин (Мусҳафлар ёзилиш жиҳатидан турлича бўлиб, сураларнинг бошланиши ёки охири, уларнинг бетлари ва қаторлари бир-биридан фарқ қилади).

– Нима учун баъзи талабалар Қуръонни ёдлашни бошлаб, охирига етказа олмайдилар?

– Қасд ва сабрнинг етишмаслиги бунга сабаб бўлади. Чунки Қуръонни ёдлашга қизиқишнинг ўзи камлик қилади. Талаба Қуръонни ёдлагувчининг дунё ва охиратдаги мартабаси қай даражада юксак эканини яхши билмаслиги ҳам битта сабаблардандир. Ота-она тарафидан бўладиган эътиборнинг камлиги ёки унга қизиқиш билдирилмаслиги яна бир омил ҳисобланади. Шунингдек, ёшликнинг қадрига етилмайди, чунки ёшликда ёдланган Қуръон ёши улғайганда ёдланган Қуръондан бир неча бор пишиқ ва пухта бўлади.

Муҳаммад Тақий Ислом (Риёздаги Хайрия университетининг «Қироат ва тажвид» факультетида Шотибия йўналиши бўйича ўқиб, етти қироатдан ҳамда тажвид моҳирлиги йўналиши бўйича ижоза олган. Юзлаб қориларнинг устози, олтмишдан ортиқ қориларга «Қироат ва тажвид» йўналиши бўйича ижоза берган):

– Қуръони Каримни ёдлаш учун энг муносиб вақт қайси?

– Бомдод намозидан олдинги ва кейинги вақт. Шу билан бирга шом ва хуфтондан кейинги вақтлар ҳам.

– Қуръони Каримни ёдлаш учун энг муносиб йўл қайси?

– Бир оят-бир оятдан ёдлаш, чунки бунда бир неча оятни бирданига ёдлаганга нисбатан хато қилиб қўйишнинг эҳтимоли кам бўлади. Менинг тажрибамда  бу энг ишончли йўлдир. Шу билан бирга бу усулда ҳар бир инсоннинг ёдлаш қобилияти ва тоқатига қараб, кунлик миқдор ҳам ўзига яраша бўлади.

– Ёдлаган оятларини такрорлаш қандай кўринишда бўлади?

– Ҳар куни битта вақт (масалан, аср намозидан шомгача бўлган вақт)ни белгилаш лозим. Ана шу вақтда ёдлаган оятларини жамлаб, бир бет-бир бетдан то пухта бўлгунча такрорлайди. Такрорда бир бетдан оширмасдан, аввал биринчи бет пухта бўлганига ишонч ҳосил қилиб, сўнгра кейинги бетнинг такрорига ўтиш лозим. Ана шунда ҳам тез, ҳам пухта такрор бўлади.

– Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаб чиқишнинг энг тез, ўртача ва узоқ муддати қанча?

– Зеҳни яхши талабага Қуръонни тўлиқ ёдлаб чиқиш учун тўрт ой кифоя қилади. Бу муддат давомида у бошқа нарсаларга чалғимай, фақат Қуръонни ёдлаш билан машғул бўлиши талаб қилинади. Менинг баъзи талабаларим ёзги таътилда бунга эришганлар.

Зеҳни ўртача бўлган талабаларга икки йил, зеҳни пастроқ талабаларга эса уч йил Қуръонни тўлиқ ёдлаб чиқиш учун кифоя қилади. Бунда талабадан дарснинг давомийлиги талаб қилинади.

Қуръони Каримни ёдлашда бошидан (яъни, Бақара сурасидан) бошлаш керакми ёки охиридан (яъни, Нас сурасидан)?

– Қуръонни ёдлашни қасд қилган талаба Нас сурасидан бошлаши мақсадга мувофиқдир. Чунки оятлари қисқа бўлгани сабабли ёдлаш осон бўлса, сураларнинг ҳажми кичкина бўлгани жамлашга қулайлик туғдиради. Шунингдек, уларни намозларда ўқиш қайта-қайта такрорни юзага келтиради.

Мухиддин НУМАНЖАНОВ