A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
РАМАЗОН – ҚУРЪОН ОЙИ
PDF Босма E-mail

РАМАЗОН – ҚУРЪОН ОЙИ

 

 

Аллоҳ таоло Ўзининг азалий каломида Рамазон рўзаси билан Қуръони Карим орасини боғлаб, шундай марҳамат қилади: «Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон нозил қилингандир» (Бақара сураси, 185-оят).

Бошқа ояти карималарда: «Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик» (Қадр сураси, 1-оят); «Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик» (Духон сураси, 3-оят), дея марҳамат қилади. Бу ояти карималардан англашиладики, Қуръони Карим ва Рамазон ойи гўё эгизаклардир. Уларни бир-биридан айри қилиб бўлмайди!

Рамазон Қуръон ойи экани ҳадиси шарифларда қуйидагича баён қилинган:

Восила ибн Асқоъ ривоят қиладики, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Иброҳим (алайҳиссалом)га саҳифалари Рамазоннинг аввалги кечасида нозил бўлди. Таврот Рамазондан олти кун ўтиб, нозил қилинди. Инжил Рамазондан ўн уч кун ўтгач, нозил бўлди. Забур Рамазондан ўн саккиз кун ўтиб, нозил қилинди. Қуръон Рамазондан йигирма тўрт кун ўтгач, нозил бўлди», деганлар (Табароний ривояти).

Мазкур ҳадисдан кўринадики, барча илоҳий китоблар айнан Рамазон ойида бирин-кетин нозил бўлган экан. Демак, Аллоҳнинг бу улуғ ҳикмати бизни ушбу ойда ўз шариатимиз дастурига янада аҳамиятли бўлишимизга ундайди.

Имом Муслим (раҳматуллоҳи алайҳ) келтирган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилса ва ўзаро ўрганса, уларга сакинат ёғилади, раҳмат чулғаб, малоикалар ўраб олади ва Аллоҳ таоло уларни ўз ҳузуридагиларга зикр қилади», деганлар.

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Рўза ва Қуръон қиёмат куни бандага шафоат қилади. Рўза: «Ё Роббим, мен бу бандангни кундузлари таом ва шаҳват (кўнгли тусаган нарсалар)дан тўсдим, мени унга шафоатчи қил», дейди. Қуръон: «Мен уни кечалари уйқудан қўйдим, мени унга шафоатчи қил», дейди. (У иккиси – Қуръон ва рўза) шафоатчи қилинади», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Алҳамдулиллаҳ, мана неча йиллардан буён бу мусаффо осмонимиз остида, диёримиз масжидларида хатмлар қилинмоқда, имом-домлаларимиз Қуръондаги қиссаларни бизларга таълим бериб келмоқдалар.

Иншааллоҳ, бу йилги мавсумни ҳам аввалгилардан-да файзли ўтказишга ҳаракат қилсак, юқоридаги ҳадисда зикр қилинган мақомларга эришамиз, албатта!

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар йил Рамазон ойида Қуръонни Жаброил (алайҳиссалом)га тиловат қилиб берар эдилар.

Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади. У киши айтадилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) энг сахий инсон эдилар. Рамазон ойида Жаброил (алайҳиссалом)га йўлиқар эканлар, яна ҳам сахий бўлиб кетардилар. Жаброил (алайҳиссалом) билан Рамазоннинг ҳар кечасида кўришар ва ундан Қуръонни дарс олар эдилар. (وَكَانَ يَلْقَاهُ فِى كُلِّ لَيْلَةٍ مِنْ رَمَضَانَ فَيُدَارِسُهُ الْقُرْآنَ ) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қуюн шамолдан ҳам яхшилик(ни бошқаларга илинишда) сахий эдилар».

Салафи солиҳ уламоларимиз Рамазонни Қуръон ила ўтказмоққа харис эдилар. Намозда ва намоздан холи вақтларда ҳам тиловат қилишарди.

Ҳадис илмининг машҳур устозларидан бўлмиш Қатода (розияллоҳу анҳу) ҳар етти кунда бир марта, Рамазон келса, ҳар уч кунда, охирги ўн кунликда эса ҳар куни бир маротаба хатм қилар эдилар.

Ибн Абдулҳаким (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: «Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ) Рамазон келса, ҳадис ва илм аҳли мажлисини тарк этиб, Қуръонни тиловат қилишга киришар эдилар».

Салаф уламоларимиз Рамазон ойига Қуръонни ўрганиш ва унинг хулқи ила хулқланишга бир фурсат деб қарар, фақат тиловатнинг ўзи билан чекланиб қолмас эдилар.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Қуръонни узоқ муддат тарк қилиб қўйиш мусулмон кишига лойиқ иш бўлмайди. Негаки, Аллоҳ таоло Қуръонни ташлаб қўйганларни мазаммат қилиб, шундай марҳамат қилади: «Ва Расул: «Роббим, албатта, қавмим ушбу Қуръонни тарк этдилар», деди» (Фурқон сураси, 30-оят).

Қуръонни ташлаб қўйиш турлича бўлади:

*Қуръонни хуши келгандагина тиловат қилиб, бошқа вақт – йил-ўн икки ой назар солмаслик.

*Қуръонни тадаббур ва эътибор билан ўқимаслик.

*Қуръонга доир тажвид, тафсир (унинг маъноларини ўрганиш)га аҳамиятсиз қараш.

Бу каби ишлар Қуръонни бепарво ташлаб қўйиш ҳисобланади.

Ушбу иллатлардан четланишга ҳар бир мўмин-мўмина ҳаракат қилиши лозим. Негаки, Қуръони Каримни ёд олган, ҳеч бўлмаганда, «тили дудуқланиб» тиловат қилиб турадиган кишиларга бу дунёда файз-барака, охиратда эса юксак мартабалар ваъда қилинган. Бу мартабаларга эришиш учун фақат ҳаракат қилишимиз ва эътиборли бўлишимиз керак!

Барча ҳолатларимизда муҳтож бўлганимиз – Роббимиз Аллоҳ ҳаммамизни бу муборак ойда гуноҳлардан покланиб, Қуръоний хулқ, файз-футуҳлар билан чиқишимизни насиб айласин. Амийн!

Тошкент Ислом институти 1-босқич талабаси

Салоҳиддин Қурбон тайёрлади.