A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръони Каримга иймон келтириш
PDF Босма E-mail

Қуръони Каримга иймон келтириш


Ҳар бир мусулмон Қуръони Kаримнинг бандаларга нозил қилинган охирги илоҳий дастур эканига иймон келтириши лозим. Бу эса қуйидаги маъноларни билиш ва уларга шак-шубҳасиз ишониш орқали юзага чиқади:

1. Қуръони Kарим – нозил қилинган китобларнинг энг охиргиси, ўзидан олдинги китобларда келтирилган илоҳий таълимотларни тасдиқлайди ва улар устидан назорат этади:

«Ва сенга китобни ҳақ ила, ўзидан олдинги Китобни тасдиқловчи ва унинг устидан назорат этгувчи қилиб нозил қилдик»[1].

Ушбу оят тафсирида Замахшарий (раҳматуллоҳи алайҳ): «Қуръон бошқа китоблар устидан назоратчи этиб нозил қилинган, чунки бу китоб бошқа китобларнинг тўғри ва аниқлигига гувоҳлик беради», деганлар.

2. Қуръони Каримга инсоният тарафидан бирор ўзгартириш киритилмаган ва киритилиши мумкин ҳам эмас, чунки у Аллоҳ таоло томонидан муҳофаза қилинади:

«Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз»[2].

Мазкур оят тафсирида муфассирлар: «Аллоҳ таоло ушбу Қуръонни муҳофаза қилишни ўз зиммасига олган. Шунга кўра, бошқа китобларда бўлгани каби унга бирор нарсани қўшиб қўйишга ёки ундан бирор нарсани олиб ташлашга ёхуд унинг бирор жойини алмаштиришга ё ўзгартиришга ҳеч кимнинг кучи етмайди», деганлар.

3. Қуръони Карим азиз, яъни кучли ва иззатли Китобдир, шунинг учун унга куфр келтирганлар кучсиз ва хор бўладилар:

«Албатта, у азиз Китобдир»[3].

Яъни Қуръони Карим ҳар қандай инкор қилувчини мот қилиб қўядиган, ҳужжати кучли, тенгсиз китобдир.

4. Қуръони Каримга ботил, яъни ёлғон ва беҳуда нарсалар мутлақо яқинлаша олмайди. У доимо мусаффо ҳолатида илоҳий мўъжиза бўлиб тураверади:

«Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас. У ўта ҳикматли ва ўта мақталган Зот томонидан нозил қилингандир»[4].

Яъни Қуръони Каримга бирор тарафдан ҳам ботил яқин кела олмайди, уни инкор қилишнинг умуман иложи йўқ.

5. Қуръони Карим тақводор бандаларни икки дунё саодатига йўлловчи ҳидоятдир:

«Бу китобда шак‑шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир»[5].

Яъни ушбу Китобнинг Аллоҳ таоло ҳузуридан туширилганига шак-шубҳа йўқ. Бу Китоб буйруқларига бўйсуниш ва қайтариқларидан қайтиш билан Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқадиган бандаларга ҳидоятдир.

6. Қуръони Карим намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ҳамда охиратга аниқ ишонадиган, ихлос билан амал қилувчи бандаларга ҳидоят ва раҳматдир:

«(У) муҳсинларга ҳидоят ва раҳматдир. (Улар) намозни тўкис адо этадиган, закот берадиган ва охиратга ишонч-ла иймон келтирадиганлардир»[6].

7. Қуръони Карим мўмин бандаларнинг барча моддий-маънавий касалликларига шифо ва раҳматдир. Унга иймон келтирмай, золим бўлганларга эса зиёнларини зиёда қилгувчидир:

«Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас»[7].

8. Қуръон қалбларни жонлантирадиган илоҳий зикр бўлиб, унинг тиловати руҳларга ҳузур бахш этади:

«Зикр манбаи бўлмиш Қуръонга қасамёд этаман!» [8]

9. Қуръон инсоннинг бахтли ҳаёт кечириши учун лозим бўлган маънавий руҳдир:

«(Эй Муҳаммад!) Шундай қилиб, амримиз билан сизга Руҳни (Қуръонни) ваҳий қилдик»[9].

Аллоҳ таоло Қуръони Каримни руҳ деб номлади, чунки бу китобнинг ичида нафсни жаҳолат ўлимидан сақлайдиган ҳаёт бор. Молик ибн Динорнинг қуйидаги сўзлари буни тушунишимизга яқиндан ёрдам беради: «Эй Қуръон аҳли, Қуръон қалбларингизга нимани экди? Ёмғир ернинг баҳори бўлгани каби Қуръон ҳам қалбларнинг баҳоридир».

Оламлар Роббига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин! 

 

Абдулқодир Абдур Раҳим

 



[1] Моида сураси, 48-оят.

[2] Ҳижр сураси, 9-оят.

[3] Фуссилат сураси, 41-оят.

[4] Фуссилат сураси, 42-оят.

[5] Бақара сураси, 2-оят.

[6] Луқмон сураси, 3–4-оятлар.

[7] Исро сураси, 82-оят.

[8] Сод сураси, 1-оят.

[9] Шуро сураси, 52-оят.