A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (2-қисм)
PDF Босма E-mail

Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (2-қисм)

(Давоми...)

 

Тадқиқотчи ҳақида

Тадқиқотчи Абу Мужоҳид Абдулфаттоҳ ўғли Абдулазиз қори асли Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридан бўлиб, қатағон йиллари Саудия Арабистонига ҳижрат қилган ватандошлардандир. У киши ўз оталари билан бошқа шаҳарга кетган ва кейинроқ Мадинага кўчиб ўтиб, шу ерда қўним топган.

 

Абдулазиз қори Мадинада Масжидул Набавиянинг олимларидан бўлиб, шу ерда бир неча йил дарс берган. Қуръон текшириш комиссиясида раис ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.

У кишининг Қуръон илмига доир бир қанча асарлари нашр қилинган. Жумладан, тажвид илмига доир уч босқичли тажвид дарслиги, «Сунанул-қурро ва манаҳижул-мужаввидин» китоблари ўз мавзусидаги қийматли китоблардан ҳисобланади.

Абу Мужоҳид Абдулазиз қори, бундан ташқари, бир қанча қадимги уламоларнинг асарларини таҳқиқ қилиб, мусулмонларга тақдим қилган. Ана шундай китоблардан бири биз ўрганмоқчи бўлиб турган Имом Ожуррийнинг қаламига мансуб «Ахлаақу ҳамалатил Қуръаан» китобидир.

 

Муаллиф ҳақида

Исми ва нисбати. Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдуллоҳ Бағдодий Ожуррий дастлабки муҳаддислар авлодидан бўлиб, ҳадис илмида мўътабар уламолардан ҳисобланадилар. У киши Бағдоднинг Ожурр номли маҳалласида ёки шу номли қишлоғида таваллуд топганлар.[1] Ожуррий нисбатлари ана шундан олинган.

Таваллуди ва вафоти. Имом Ожуррийнинг туғилган санаси ҳақида аниқ маълумот йўқ. Бироқ Имом Заҳабий у кишининг саксон ёшлар атрофида ўтганларини айтганлар. Аллома Фосий бунга аниқлик киритиб, етмиш олти ёшда вафот этганларини зикр қилган. Агар шунга кўра ҳисоблайдиган бўлсак, Муҳаммад ибн Ҳусайн Ожуррий 264 ҳижрий санада таваллуд топган бўладилар.

Имом Ожуррий Бағдодда ўсганлар ва шу ерда илм олганлар. Ожуррий ўзларининг «Аш-шариъа» китобларида «Бизга Абу Жаъфар Аҳмад ибн Холид Бардаъий 279 йили Масжидул Ҳаромда шундай деб айтган...» деб хабар берганлар. Бундан у киши илм таҳсили даврида Маккаи Мукаррамада ҳам бўлганликлари келиб чиқади. Лекин бу ҳақда бошқа манбаларда ҳеч қандай маълумот учрамайди.

Хатиб Бағдодий, Самъоний ва бошқалар Имом Ожуррийнинг 330 йилгача Бағдодда ҳадис айтганларини, кейин Маккага бориб, то вафотларигача шу ерда қолиб кетганларини айтганлар. У киши ўттиз йил Маккада ҳадис айтганлар ва асосий китобларини шу ерда ёзганлар.

Имом Ожуррийнинг вафот саналари барча манбаларда 360 ҳижрий деб кўрсатилган. Ибн Жавзий бу ҳодиса муҳаррам ойида бўлганини аниқлаган.

Ибн Жавзий, Ибн Халликон, Ас-Софадий, Ас-Субукий, Ибн Аммодлар Ожуррийнинг Маккага келишлари ва у ерда қолиб кетишлари ҳақида бир ҳикояни нақл қиладилар. Унинг тафсилоти ҳақида Ибн Жавзий шундай дейди: «Бизга Муҳаммад ибн Абу Тоҳир ўз отасидан нақл қилиб хабар беришича, Абу Саҳл Маҳмуд ибн Умар ал-Укбарий қуйидагини айтган: «Абу Бакр Муҳаммад ибн Ал-Ҳусайн Ожуррий Маккага келганида шаҳар унга маъқул келди ҳамда ёқиб қолди ва кўнглида: «Эй Аллоҳим, мени бу шаҳарда ҳеч йўқ бир йил яшатгин», деб дуо қилди. Шунда у хотифдан «Эй Абу Бакр, нега бир йил? Балки ўттиз йил», деган овозни эшитди. Бас, ўттиз йил бўлганида унга яна хотифдан «Эй Абу Бакр, батаҳқиқ, Биз ваъдага вафо қилдик», деган овоз эшитилди ва у шу йили вафот этди».[2]

Устозлари. Абу Бакр Ожуррий жуда ҳам кўп етук олимлардан таълим олганлар ва ҳадис ривоят қилганлар. Жумладан, Абу Муслим Кажжий, Жаъфар ибн Муҳаммад Фирёбий, Муҳаммад ибн Яҳё Марвазий, Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Укбарий, Жаъфар ибн Аҳмад ибн Осим Димашқий ва бошқаларни келтириш мумкин. Ушбу китобни таҳқиқ қилган Абу Мужоҳид Абдулазиз қори у кишининг етмиш еттита устозини номма-ном таништириб ўтган.

Шогирдлари. Абу Бакр Ожуррий умрларининг охиригача ҳадис айтиш билан машғул бўлганлар. Бинобарин, у кишидан жуда ҳам кўп кишилар таълим олган. Хатиб Бағдодий ва Имом Заҳабийлар улардан қуйидагиларни зикр қилишган: Абдулмалик ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Бағдодий, Али ибн Умар ал-Муқрий, Маҳмуд ибн Умар ал-Укбарий, Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Фазл, Ҳофиз Аҳмад ибн Абдуллоҳ Асбаҳоний, Абдурраҳмон ибн Умар ибн ан-Наҳҳос ва бошқалар.

Ёзган китоблари. Имом Ожуррий ўзларидан бой илмий мерос қолдирганлар. У кишининг китоблари асосан ҳадис ва фиқҳга доир. Энг машҳур китоблари «Аш-Шариъа» ва «Арбаъин» асарлари бўлиб, кўпчилик тарихчи ва муҳаддис олимлар муаллифни мана шу китоблари орқали таништирадилар.

Абу Мужоҳид Адулазиз қори ўз тадқиқотлари асосида аниқлаган Ожуррийнинг 41 та асарини бирма-бир айтиб, таништириб ўтган ва уларнинг баъзилари бизгача етиб келган бўлса ҳам, кўпларининг фақатгина номлари китобларда зикр қилинганини таъкидлаб ўтган. Улардан ҳозирда мавжудлиги аниқланганлари қуйидагилардир:

  1. «Аш-Шариъа» («Шариат») китоби. Суннат ва аҳли сунна вал жамоанинг эътиқоди ҳақида. 1369 ҳижрий санада Мисрда Шайх Муҳаммад Ҳомид таҳқиқи остида чоп этилган. Унинг қўлёзма нусхаси жуда ҳам кўп.
  2. «Ал-Арбаъин» («Қирқ ҳадис») китоби. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан қирқта сайланма ҳадислар тўплами. Унинг қўлёзма нусхалари Берлинда, Британия музейида, Ватикан музейида ва Дамашқ кутубхоналарида мавжуд.
  3. «Ахлаақу ҳамалатил Қуръаан». Бу қўлингиздаги китоб бўлиб, у ҳақида кейинроқ батафсил тўхталамиз.
  4. «Ахлаақул ъулама» («Уламоларнинг ахлоқлари»). Унинг қўлёзма нусхаси Берлинда, Мисрдаги «Дорул кутуб»да мавжуд.
  5. «Фазлул илм» («Илмнинг фазилати»). Берлинда «Фарзу толабил илм» («Илм талаб қилишнинг фарзлиги») номи билан унинг қўлёзма нусхаси сақланмоқда.
  6. «Сифатул ғуроба минал-муъминийн» («Ғариб мўминларнинг сифатлари»). Дамашқнинг «Зоҳирийя» кутубхонасида унинг қўлёзма нусхаси мавжуд. У охирги марта Қувайтда «Китабул ғуроба» номи билан нашр қилинган.
  7. «Китабу ар-руъя» («Аллоҳни кўриш ҳақлиги тўғрисида китоб»). Унинг иккита қўлёзма нусхаси Дамашқнинг «Зоҳирийя» кутубхонасида сақланмоқда. У Риёзда Муҳаммад Ғиёс таҳқиқи остида 1405 ҳижрий санада чоп қилинган.
  8. «Ас-Саманийн» («Саксонта ҳадис»). Муаллиф унда саксонта ҳадисни саксонта шайхдан ривоят қилган. Работда унинг қўлёзма нусхаси мавжудлиги ҳақида маълумотлар бор.
  9. «Жузъун фиҳи масъалатул жаҳр бир Қуръан фит-товаф» («Тавофда Қуръонни овоз чиқариб ўқиш масаласи ҳақида»).
  10. «Ахбару Умар ибн Абдулазиз» («Умар ибн Абдулазиз ҳақида хабарлар»). Дамашқнинг «Зоҳирийя» кутубхонасида унинг қўлёзма нусхаси бор. У 1399 ҳижрийда Доктор Абдуллоҳ Абдурраҳим таҳқиқи остида чоп қилинган.
  11. «Таҳримун нард ваш-шатранж вал-малаҳий» («Нарда, шахмат ва малоҳийнинг ҳаромлиги ҳақида»). Унинг уч нусха қўлёзмаси Дамашқнинг «Зоҳирийя» кутубхонасида мавжуд. 1400 ҳижрий санада Риёзда Умар Ғорома таҳқиқи остида нашр қилинган.
  12. «Вусулул муштақийн ва нузҳутулс-самиъийн» («Муштоқларнинг висоллари ва тингловчиларнинг қувончлари». Унинг қўлёзма нусхаси Туркияда Бурса университетида мавжуд.
  13. «Китабу ма варода фи лайлатин-нисфи мин Шаъбан» («Шаъбоннинг ўртасидаги кеча ҳақида келган хабарлар тўғрисида китоб»). Дамашқнинг «Зоҳирийя» кутубхонасида унинг қўлёзма нусхаси бор.
  14. «Жузъун фиҳи ҳикаяту Аш-Шафиъий ва ғойриҳи» («Шофеъий ва бошқаларнинг ҳикоялари ҳақида қисқача маълумот»). Унинг қўлёзма нусхаси Дамашқнинг «Зоҳирийя» кутубхонасида бор.
  15. «Ал-фаваидул мунтахаба» («Сайланган фойдалар»). Дамашқнинг «Зоҳирийя» кутубхонасида унинг қўлёзма нусхаси мавжуд.
  16. «Ал-мухтар ъала усулис-суннати ъла сияқи китабш-шариъа» («Аш-Шариъа» китобининг оқимига кўра суннатнинг асллари асосида танланганлари»). Бу «Аш-Шариъа» китобининг қисқартирилган шакли. Унинг Ҳофиз Абдулғани Мақдисий қаламига мансуб қўлёзма нусхаси Дамашқнинг Зоҳирийя кутубхонасида сақланмоқда.

 

(Давоми бор...)

 

[1] Ёқут Ҳамавий Ожурр Бағдоддаги маҳалланинг номи, деган бўлса, Ассофадий ва Ибн Аммодлар у Бағдод қишлоқларидан бирининг номи бўлган, дейишган.

[2] «Сифатус-софва», 151-б. Ибн Жавзий.

 

Таржимон: Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид