A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (5-қисм)
PDF Босма E-mail

Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (5-қисм)

(Давоми...)

Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла бизларга жинларнинг Қуръонни чиройли тинглаганликлари ва уларни чақирган нарсаларга жавоб берганликлари, сўнгра қавмлари ҳузурига қайтиб, уларга Қуръондан эшитган нарсалари ила энг гўзал ваъзу насиҳат қилганликлари ҳақида хабар берган.

 

Аллоҳ таоло айтади:

«Сен айт: «Менга ваҳий қилиндики, албатта, жинлардан (бир неча) нафари қулоқ осдилар ва дедилар: «Биз ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга ҳидоят қиладир. Бас, биз унга иймон келтирдик ва ўз Роббимизга бировни ширк келтирмасмиз».[1]

Яна айтади:

«Ва сен томон бир гуруҳ жинларни Қуръон эшитишга бурганимизни эсла . У (Қуръон эшитиш)га ҳозир бўлганларида: «Жим, қулоқ осинглар!» дедилар. Қачонки, қироат охирлаганда ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтдилар. Улар: «Эй қавмимиз! Биз Мусодан кейин туширилган, ўзидан аввалги нарса (китоблар)ни тасдиқловчи, ҳақ (дин)га ва тўғри йўлга ҳидоят қилувчи китобни эшитдик. Эй қавмимиз, Аллоҳнинг даъватчисига жавоб беринг ва Унга иймон келтиринг. У сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилар ва аламли азобдан сақлар».[2]

Муҳаммад ибн Ҳусайн айтишича, Аллоҳ азза ва жалла Қоф сурасида осмонлару ер ҳамда уларнинг ўртасидаги яратган нарсаларининг буюклигига далолат қилувчи яратишидаги ажойиб ҳикматларини зикр қилгач, ўлим ва унинг аҳамиятининг буюклигини, дўзах ва унинг хатарининг катталигини, жаннат ва унда Аллоҳнинг дўстлари учун таёрлаб қўйилган нарсаларни баён қилар экан, «...У ерда нима хоҳласалар, уларники. Ва ҳузуримизда зиёдаси бор»,[3] дея марҳамат қилди. Буларнинг барчасидан сўнг эса: «Албатта, бунда қалби борларга ва зеҳн билан қулоқ осганларга эслатма бордир»,[4] деб тингловчи киши Қуръоннинг тиловати ва уни эшитишдан манфаатланиши учун ўқиётган ҳамда тинглаётган нарсасига зеҳн билан қулоқ солиши лозимлигининг хабарини берди.

Аллоҳ азза ва жалла бандаларини Қуръонни тадаббур қилишга чорлаб шундай деган:

«Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда ундан кўп ихтилофлар топар эдилар». «Қуръонни тадаббур ила ўйлаб кўрмайдиларми? Ёки қалбларда қулфлар борми?»

Муҳаммад ибн Ҳусайн айтади: «Аллоҳ сизларга раҳм қилсин, Карамли Мавлоингиз бандаларини Ўз Каломини тадаббур қилишга қандай ундаётганини кўрмайсизларми?! Кимки У Зотнинг Каломини тадаббур қилса, Робб азза ва жаллани танийди, Унинг куч-қудратининг буюклигини, мўминларга бўлган фазлининг улканлигини англаб етади ва айни вақтда ўзининг зиммасидаги У Зот фарз қилган ибодатларни билиб олади. Натижада ўзига лозим бўлган нарсаларни маҳкам тутади, Карамли Мавлоси қайтарган нарсалардан сақланади ва У Зот тарғиб қилган нарсаларга интилади.

Кимнинг Қуръон эшитишда ва тинглашдаги сифати мана шундоқ бўлса, Қуръон унга шифо бўлади. Бас, у мол-дунёсиз бой бўлади, қариндош-уруғсиз азиз бўлади, бошқалар қўрқадиган нарсалар унга дўст бўлади. У бирор сурани бошласа, «Ўқиганимдан қачон панд-насиҳат оламан?» дея ташвиш чекади. Унинг мақсади сурани қачон тугатиш бўлмайди. У фақатгина «Қачон Аллоҳнинг хитобини англайман, қачон (гуноҳдан) тўхтайман, қачон ибрат оламан?» деган ўйда бўлади. Зеро, Қуръон тиловати ибодатдир, у ғафлат билан бўлмайди. Бунга Аллоҳнинг Ўзи муваффақ қилсин».

  1. Иброҳим Алқамадан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Масъуд[5] розияллоҳу анҳу: «У (Қуръон)ни бошини силкитганда сочилиб кетадиган сифатсиз қуруқ хурмо каби сочиб ташламанглар ва уни шеър айтгандек[6] тез ўқиманглар. Балки унинг ажойиботларида тўхталинглар, у билан қалбларни ҳаракатга келтиринглар. Бирортангизнинг ўй-хаёли суранинг охири бўлмасин», дедилар».[7]
  2. Абу Убайда Ан-Ножий айтади: «Мен Ҳасан Басрийнинг[8]: «Аллоҳ таолонинг Китобини маҳкам тутинг, ундаги ҳукмларга (зарбулмасалларга) эргашинг ва унда заковатли, ибрат олувчи бўлинг», деганини эшитдим. Сўнгра унинг «Ўзини ва амалини Аллоҳнинг китобига солиштириб, агар мувофиқ келса, Аллоҳга ҳамд айтадиган, бордию, Аллоҳ азза ва жалланинг Китобига хилоф келса, ўзини койиб, тезда ундан қайтадиган кишига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», деди».[9]
  3. Абу Канона айтади: «Абу Мусо Ашъарий[10] уч юзга яқин Қуръон ўқигувчи кишиларни тўплади, Қуръонни улуғлаб гапирди ва «Албатта, бу Қуръон сизлар учун захирадир ва зиммангизга масъулият (зарарингизга юк) ҳамдир. Бас, сизлар Қуръонга эргашинглар, у сизга эргашмасин. Зотан, ким Қуръонга эргашса, у уни жаннат боғларига етказади ва кимгаки Қуръон эргашса, уни бўйнидан тутиб дўзахга ташлайди»,[11] деди».
  4. Солим Маккийдан ривоят қилинишича, Ҳасан Басрий: «Ким ўзининг кимлигини билишни истаса, ўзини Қуръонга солиштирсин», деди.
  5. Ато ва Қайс ибн Саъд Мужоҳиддан[12] Аллоҳ азза ва жалланинг «Китоб берганлардан уни ўрнига қўйиб тиловат қиладиганлари, ана ўшалари унга иймон келтирадир», деган сўзини «яъни, ўрнига қўйиб амал қиладиганлари», деб изоҳлаганини ривоят қилишган.[13]
  6. Абдураб ибн Айман Атодан[14] ривоят қилади: У киши: «Қуръон фақатгина ибратдир», деган.

Муҳаммад ибн Ҳусайн айтади: «Қуръон аҳлининг ахлоқлари ва одоблари ҳақида сўз юритишдан олдин Қуръон ҳомилларининг фазилатларини баён қиламан. Токи улар унинг тиловатига, унга амал қилишга ҳамда уни таълим берган устозлари ва ўргатадиган шогирдларига нисбатан камтар ва тавозели бўлишга рағбат қилсинлар».

 

Таржимон: Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 

 

[1] Жин сураси, 1–2-оятлар.

[2] Аҳқоф сураси, 29–31-оятлар.

[3] Қоф сураси, 35-оят.

[4] Қоф сураси, 37-оят.

[5] Улуғ саҳоба. Қуръон илмида у кишидан ўтадигани бўлмаган.

[6] Араблар шеър ва қасидаларни уларнинг баҳр ҳамда қофияларини билдириш мақсадида тез айтишар эди. Бу ерда ана шунга ишора қилинмоқда («Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаброил алайҳиссаломдан Қуръонни қабул қилишлари», Абдуссалом Мажидий).

[7] Бу нақлни Байҳақий ҳам ўз «Сунан»ида келтирган. Унинг тўлиқ шаклини Имом Бухорий ўз «Саҳиҳ»ларида шундай ривоят қилганлар: «Бир киши: «Мен муфассал (охирги тўрт ярим пора)ни бир ракатда ўқийман», деди. Бас, Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Шеър айтгандек шошиб-пишиб-а? Албатта, биз ҳақиқий қироатни эшитганмиз. Мен муфассалдан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиган (узун ва қисқаликда) ўзаро ўхшаш бўлган ўн саккизта ва ҳа, мимлардан иккита сурани ўқийман», дедилар».

[8] Абу Саъид Ҳасан ибн Абул Ҳасан Ясор Басрий катта тобеинлардан бўлиб, Ҳасан Басрий номи билан шуҳрат қозонган. Китобларда «Ҳасан айтди...», дейилганда айнан шу зот назарда тутилади. У кишининг отаси Ясор Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг озод қилган қули бўлган. Онаси Хайра эса Умму Салама онамизнинг озод қилган чўриси эди. Улар фарзанд кўрганларида Умму Салама онамиз янги жижилаган Хайрани ўз уйларига олиб келтириб, унга қарашганлар. У зот чақалоқни кўриб жуда хурсанд бўлганлар ва унга онасининг илтимосига кўра ном танлаб берганлар. У кишининг танлаган исмлари Ҳасан эди. Ҳасан саҳобалар ичида катта бўлди. Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, ҳазрат Али ва бошқа кўплаб саҳобаларнинг таълимларини олди. Тақво, илму амалда ва зоҳидликда донг таратди. Кейинроқ Басрага кўчиб кетиб, шу ерда фолият олиб борди ва шу сабабли Басрий нисбатини олди. У киши Басранинг етук мўътабар шайхларидан, ўз даврининг ноёб шахсларидан бири бўлган. Қироат илмини Ҳиттон ар-Роқашийдан олган. Ҳасан Басрий ҳар қандай шароитда Аллоҳ учун ҳақни қўрқмай айтар эди. Абу Заръа Розий айтади: «Ҳасан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар..., деб айтган барча ҳадиснинг асли собит эканини топдим. Фақат тўртта ҳадисни билмадим». Ҳасан Басрийдан деярли барча муҳаддислар ривоят қилганлар. У киши 110 ҳижрий санада Ражаб ойининг бошида пайшанба куни 88 ёшда вафот этганлар. Жанозаси эртасига жума намозидан сўнг Басрадаги катта жомеълардан бирида ўқилган («Сияру аъламин-нубала», Имом Заҳабий).

[9] Бу хабарнинг исноди заиф, сабаби унда Абу Убайда бор.

[10] Улуғ саҳоба.

[11] Бу нақлнинг исноди ровийларнинг бири сабабли заиф ҳисобланади. Аммо унинг лафзи бошқа ривоятлар билан таъкидланган. Абу Нуъайм  ва Муслимлар уни бошқа йўл билан ривоят қилганлар.

[12] Абул Ҳажжож Мужоҳид ибн Жубайр. Тобеъинларнинг энг улуғ олимларидан. Ибн Аббос, Ибн Умар, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Ҳурайра ва бошқа бир қанча саҳоба розияллоҳу анҳумлардан ҳадис ривоят қилган. Ундан Ато, Товус, Икрима ва бошқа кўплаб тобеъин олимлари ривоят қилишган. У зот 102 ёки 103 ҳижрийда Маккада сажда қилган ҳолида вафот этган. Ўшанда у кишининг ёшлари саксондан ошган эди («Софватус-софва», Ибн Жавзий).

[13] Бу ривоятни Ибн Жарир ўз тафсирида мана шу иснод билан келтирган. Шунингдек, бошқа йўллар билан Мужоҳиднинг ушбу оят тафсирида бир сафар «ўрнига қўйиб ҳақиқий амал қиладиганлари», деб, бошқасида «ўрнига қўйиб ҳақиқий эргашганлари», деб изоҳ айтганини ривоят қилган.

Ибн Ҳотим ушбу тафсирни Ибн Аббосдан ҳам ривоят қилган.

[14] Абу Муҳаммад Ато ибн Абу Рабоҳ тобеъинларнинг кўзга кўринган олимларидан. У Абу Майсара оиласининг озод қилган қули бўлган. Асли ҳабашлардан, Маккада ўсган. Ибн Умар, Абу Ҳурайра, Ибн Амр, Ибн Зубайр, Ибн Аббос ва бошқа кўплаб саҳоба розияллоҳу анҳумлардан ҳадис ривоят қилган. Етмиш марта ҳаж қилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан кейин Маккаи Мукаррамада фатво бериш билан машҳур бўлган. 114 ёки 115 ҳижрийда Маккада вафот этган («Софватус софва», Ибн Жавзий).