A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръони каримга кириш
PDF Босма E-mail
...Диёримиз Ислом дини нури ила мунаввар бўлганига ўн беш аср бўлди. Бу давр мобайнида халқимиз ичидан авлодларга кўплаб маданий мерос қолдирган буюк алломалар, муфассирлар етишиб чиқдилар. Таассуфки, «олий» мақсадларга етиш борасида аждодлар имлоси баҳридан ўтиш оқибатида мазкур туганмас мерослардан узилиб қолган халқимиз, ҳали ҳануз улардан тўла баҳраманд бўлолгани йўқ. Ўлкамизда сўнгги марта Қуръони Карим тафсири қачон битилганини ҳеч ким эслай олмайди...

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Диёримиз Ислом дини нури ила мунаввар бўлганига ўн беш аср бўлди. Бу давр мобайнида халқимиз ичидан авлодларга кўплаб маданий мерос қолдирган буюк алломалар, муфассирлар етишиб чиқдилар. Таассуфки, «олий» мақсадларга етиш борасида аждодлар имлоси баҳридан ўтиш оқибатида мазкур туганмас мерослардан узилиб қолган халқимиз, ҳали ҳануз улардан тўла баҳраманд бўлолгани йўқ. Ўлкамизда сўнгги марта Қуръони Карим тафсири қачон битилганини ҳеч ким эслай олмайди.
Бу муборак дастуримизнинг она тилимизда таржимаси, тафсири бўлмаса! Бир вақтлар Ислом нури ёғдусида яшаган халқ зулматда қолди. Аллоҳга шукурлар бўлсинким, эндиликда зулмат чекиниб, қора тун қаъридан ҳилол ёғду сочмоқда. Шунинг учун ҳам қўлингиздаги китобни «Тафсири Ҳилол» деб атадик.
Хайрли ишнинг дебочаси бўлмиш бу ёзувлар уч кунлик ой – ҳилол мисоли халқимиз маънавиятига нур сочиб турсин. Иншааллоҳ, келгусида кўплаб тафсирлар ёзилажак, «Бадр» – ўн тўрт кунлик ой каби қадриятларимиз осмонида янада нурафшонроқ нур таратиб, порлаб туражак.
Бу тафсир кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, динимиз асосларини ўрганувчи ҳар бир мўмин-мусулмон ундан истеъфода этиб, манфаат топажак. Аллоҳ ҳар бир нарсани билгувчи Зотдир.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту дурудлар бўлсин. Худонинг инояти ва марҳамати ила бир тафсирга қўл уриб иш бошладик.
Бу ишни эса Қуръони Карим тарихи, у ҳақдаги тушунча, тафсир ва таржима тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган муқаддима билан бошласак, яхши бўлар, деган фикрга келдик.
«Қуръон» сўзи араб тилидаги ибора бўлиб, «қироат» маъносини билдиради. Уламолар таърифида эса:
«Қуръон – Аллоҳнинг мўъжиза каломи бўлиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали тушган, тиловати ибодат ҳисобланувчи китобдир».
Демак, Аллоҳ таолонинг каломидан бошқа калом ҳеч қачон Қуръон бўла олмайди.
Жумладан, Муҳаммад алайҳиссаломнинг каломлари ҳам Қуръон бўла олмайди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломлари ҳадис бўлади.
Қуръони Каримда Аллоҳ таолонинг каломидан ўзга бирор оғиз ҳам калом йўқ. Ким: «Қуръонда Аллоҳдан ўзганинг бир дона сўзи бор», деса ҳам, кофир бўлади.
Шунингдек, Аллоҳнинг каломлари ичидан «мўъжиза» – «ожиз қолдирувчи» сифатига эга бўлганигина Қуръон бўлади. Яъни  Аллоҳ Ўзи бандалар унинг мислидаги каломни келтира олмайдиган қилиб, махсус нозил қилган мўъжизакор каломгина Қуръон бўлади.
Мисол учун ҳадиси қудсийлар Аллоҳнинг каломи бўлса ҳам, ожиз қолдирувчи сифатига эга бўлмагани учун Қуръон бўла олмайди.
Аллоҳнинг каломининг Қуръон бўлиши учун зарур шартлардан яна бири, Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий қилинган бўлишидир. Бошқа Пайғамбарларга нозил қилинган Аллоҳнинг каломи Қуръон ҳисобланмайди.
Қуръони Каримнинг бошқа каломлардан ажратиб турувчи яна бир энг муҳим сифати, унинг тиловати ибодат ҳисобланишидир. Яъни  уни ибодатда тиловат қилиниши шартлигидир. Яна ҳам соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон тиловати бўлмаса, намоз бўлмаслигидир.
Қуръони Каримнинг луғавий ва истилоҳий маъноларини ўрганиб олганимиздан кейин, энди уни Аллоҳ таолодан бизларгача қандоқ етиб келгани ҳақида ҳам икки оғиз тўхталиб ўтайлик.
Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги каломини Ўзининг сўнгги Пайғамбарига Ўзининг ваҳий фариштаси Жиброил алайҳиссалом орқали нозил қилди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дастури илоҳийни ўз саҳобаларига − мусулмонларнинг энг афзал авлодига Жаброил алайҳиссаломдан қандоқ қабул қилиб олган бўлсалар, шундоқ қилиб етказдилар.
Ўз навбатида саҳобаи киромлар ўзларидан кейинга авлодга, улар ўзларидан кейингиларга Қуръони Каримнинг ҳар бир ҳарфини ўта аниқлик билан етказдилар.
Шундоқ қилиб, Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бизларгача сон-саноқсиз кишилардан омонатли ва аниқ нақл орқали етиб келгандир, яъни  кўплаб ишончли кишилар ёдлаб бир–бирларига ишонч билан ўргатиб ўтишгандир.
Муносабатдан фойдаланиб, ваҳийнинг ўзи нима ва у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қандай келганлиги билан танишиб чиқайлик.
Ваҳийнинг луғавий маъноси Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарларига зудлик билан юборган диний кўрсатмаларидир.
Ваҳий фаришталар орқали ёки бевосита Аллоҳ таоло билан роз айтиш (гаплашиш) орқали ҳам келиши мумкин. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса ваҳий қуйидагича ҳолларда тушган:
Оиша онамиз розияллоҳу анҳу анҳо айтадиларки:
1. «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламга ваҳийнинг биринчи келиши ўнгидан келган туш бўлган. Кўрган ҳар бир тушлари уйғоқлик вақтларида ҳам худди тонг ёруғидек келар эди.
2. Фаришта ўзи кўринмай туриб, Пайғамбар қалбларига керакли хабарни етказар эди.
3. Қўнғироқ чалингандек овоз чиқариб келар эди.
4. Жаброил фаришта Пайғамбаримизга одам шаклида бўлиб кўринар эдилар».
Шу тўғрисида «Саҳиҳ Бухорий» китобида қуйидаги ҳадиси шариф келтирилган:
«Ҳорис ибн Ҳишом Пайғамбаримиздан:
«Эй Расулуллоҳ, сизга ваҳий қандай келади?» деб сўради. Шунда ул жаноб қуйидаги жавобни бердилар:
«Аҳёнда худди қўнғироқдек жаранглаб келади, шуниси менга қийин. У кетгандан кейин ҳамма нарсани мен ўзимда сингдириб олган бўламан. Гоҳида эса фаришта менга одам шаклида келиб сўзлаб кетади ва унинг айтганларини англаб оламан».
5. Фаришта ўзининг асл шаклида кўринади ва ваҳийни етказади.
6. Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссалломга меърож кечасида намозни фарз қилиш ва шунга ўхшаш баъзи нарсаларни бевосита ваҳий қилган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 40 ёшга етганларида ёлғизликни хоҳлаб қолдилар. Макка атрофидаги тоғлардан биридаги «Ҳиро» номли ғорга кириб, бир неча кунлаб «таҳаннус» деб аталган ибодат қилардилар.
Яъни ёлғиз ҳолда, дунё ишлари ҳақида, ундаги разолатларни қандоқ йўқотиш, ҳақиқатни, адолатни юзага чиқариш ва бошқа фазилатлар тўғрисида фикр юритардилар.
Баъзида у Зот уйга озиқ-овқат учун тушардилар ёки уйдан озиқ-овқатни келтиришарди. Бу ҳам Аллоҳ таоло тарафидан у Зотни пайғамбарликка тайёрлаш эди.
Кунлардан бирида ғор оғзига чиқишлари билан «Ўқи!» деган гулдурос овозни эшитдилар ва «Ўқишни билмайман», деб жавоб бердилар.
Бир нарса елкаларидан сиқди-да, қўйиб юбориб, яна «Ўқи!» деди, у киши яна «Ўқишни билмайман», дедилар.
Шу тариқа уч марта такрорлангандан сўнг гулдурос овоз «Алақ» сурасининг биринчи беш оятини ўқиди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга унинг сўзлари тошга битилгандек ёд бўлиб қолди. У киши нима бўлаётганини тушуна олмай, қўрқиб кетдилар ва шошиб уйларига ранглари оқарган ҳолатда кириб бориб:
«Мени ўраб қўйинглар», деб ётиб олдилар.
Сўнгра у Зот бўлган воқеани хотинлари Хадича онамизга сўзлаб бердилар. У киши:
«Худо хоҳласа, яхшилик бўлса керак, чунки сиз доимо барчага яхшилик қиласиз, сиздай одамга ёмонлик етмайди», деган маънодаги сўзларни айтиб, амакилари Варақа ибн Навфалнинг олдига йўл олдилар. Варақа кўпни кўрган, илоҳий китоблардан бохабар, улуғ ёшдаги киши эди. Хадича онамиздан бўлган воқеани эшитгач, «Суюнчи бер, жиян, Муҳаммадга Мусо Пайғамбарга келган фаришта келибди, у охирги умматнинг Пайғамбари бўлибди», деди.
У, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари билан ҳам гаплашиб, иш нимада эканини тушунтирди.
Бу инсоният тарихидаги энг бахтли кун эди. Чунки инсоният маълум бир босқичга етган пайтида Аллоҳ Ўзининг баркамол дини бўлмиш Исломнинг дастури – Ўзининг охирги китобини Ўзининг сўнгги Расулига туширишни бошлаган эди.
Шу кундан эътиборан адашиб юрган инсониятга Аллоҳнинг Ўзи йўл кўрсатишни бошлаган эди. Одамларнинг ишларига Аллоҳнинг Ўзи аралаша бошлаган эди. Арш билан ер орасида боғланиш бошланган эди.
Шу кундан инсоният тарихида бахтли соатлар саноғи бошланди. Аста-секин оятлар тушаверди.
Бу жараён 13 йил Маккада ва 10 йил Мадинада − жами 23 йил давом этди.
Қуръон суралардан иборатдир, сура Қуръоннинг бир бўлаги бўлиб, уч ёки ундан кўп оятни ўзи ичига олади.
Қуръонда 114 та сура бўлиб, улардан ҳар бирининг ўз номи бор. Баъзи сураларнинг исми суранинг аввалидаги сўздан олинган. Баъзилариники эса ўша сурада зикри кўпроқ келган нарсаларнинг номига қўйилган.
Қуръон суралари икки қисмга бўлинади:
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан аввал тушган суралар – «Маккий суралар» (Маккада тушган) дейилади.
2. Ҳижратдан кейингилари эса «Маданий суралар» (Мадинада тушган) дейилади.
Маккий суралар оятлари Аллоҳнинг ягоналиги ва сифатлари, Қуръон ва Пайғамбар ҳақлиги, мушриклар танқиди, ўтган умматлар қиссаси, мусулмонлар ахлоқи, қиёмат куни, Одам Ато ва Шайтон қиссаси, эътиқод масаласи каби мавзуларни баён қилади. Маккий оятлар, одатда, қисқа бўлади, ичида «Калла» лафзи, «Яаа айюҳаннасу» жумласи бўлади.
Маданий суралар оятларида шаръий ҳукмлар, ибодатлар, жиноятчиларни жазолаш, мунофиқлар ҳақида, жиҳод, уруш каби мавзуларда сўз юритилади. Улар узун бўлади.
Маълумки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиш-ёзишни ўрганмаганлар. Шунинг учун ҳам Қуръон оятларини фариштадан эшитиб ёдлаб олар эдилар.
Чунки ўша вақтда ўқиш-ёзишни биладиган одамлар жуда ҳам кам бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида ёзишни биладиган одамлар, шу жумладан, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъб каби кишилар ўзларига муяссар бўлган хурмонинг пўстлоғими, япалоқ тошларми, катта суякларми, терими, қоғозми ва шунга ўхшаш нарсаларга Қуръонни ёзиб борганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга янги тушган оят қайси сурадан эканини ва қаерда туриши лозимлигини кўрсатиб берганлар.
Шундай қилиб, йигирма уч йил давомида Қуръон фаришта орқали тушиб ҳам бўлган. Пайғамбаримиз ва саҳобалар ёдлаб ҳам бўлишган ҳамда ёзишни биладиганлар ёзиб ҳам бўлишган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида, яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон жамлаб китоб шаклига келтирилмаган. У кишининг вафотларидан кейин Қуръон кишиларнинг қалбида ва ёзган нарсаларида қолди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг мусулмонларга Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошлиқ этиб сайландилар. У кишининг даврида диндан қайтганлар билан мусулмонлар орасида қаттиқ жанглар бўлди. Ўша жангларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар.
Шунда ҳазрати Умар Абу Бакрга (Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин) қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин, шунинг учун уни китоб шаклига келтириб жамлаб қўйиш керак, деган маслаҳатни берди.
Аввал бошда ҳазрат Абу Бакр иккиланиб турдилар, чунки бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида қилинмаган эди.
Кейинроқ эса Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам Қуръонни китоб шаклига келтириб қўйиш зарур эканлигини англаб етдилар ва Зайд ибн Собит исмли саҳобани чақириб, бу ишни амалга оширишни унга топширди.
Чунки  Зайд ибн Собит Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жуда кўп бирга бўлган, Қуръонни энг яхши ёд олган ва уни Пайғамбар ҳузурида ёзган, Пайғамбаримиз вафот этадиган йиллари Жаброил фариштага Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб ўтказганларида бирга бўлган эди.
Зайд ибн Собит, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо ва бошқалар Қуръони Каримни пухта ёд билишларига қарамай, бу улкан ишнинг мустаҳкам, ишончли бўлишига ҳаракат қилиб, масжидда:
«Кимнинг қўлида ёзилган Қуръон бўлса ва уни Пайғамбаримиз ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳи бўлса, бизга олиб келсин, Қуръонни жам қилишга халифанинг буйруғи бўлди», деб эълон қилдилар.
Икковлари масжидда ўтириб, гувоҳларни текшириб, ниҳоятда аниқлик билан бир йилдан ортиқ вақтда Қуръонни жамлаб бердилар. Сўнг кўпчиликка кўрсатдилар, ҳамма рози бўлди. Агар бирор ҳарфи ўрнида бўлмаса, минглаб ёд биладиганлар қарши чиқарди.
Лекин асосий таянч ёдлаш бўлиб қолаверади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фариштадан ёдлаганлар, у кишидан саҳобалар, саҳобалардан эса улардан кейинги авлод ва ҳоказо, ҳозиргача етиб келган.
Шундай қилиб, Зайд ва Умар машаққатли уринишлардан кейин Қуръонни кийик терисидан ишланган саҳифаларга ёзиб бўлдилар ва уни белидан боғлаб, Абу Бакрнинг уйига қўйиб қўйдилар. У киши оламдан ўтгандан кейин саҳифалар ҳазрати Умарнинг уйларида, у кишидан сўнг эса қизлари ва Пайғамбаримизнинг хотинлари Хафса онамиз ҳузурларида қолди.
Вақт ўтиши билан Ислом давлатининг чегараси кенгайиб, кўплаб халқлар ҳам мусулмонликни қабул қилиб, мусулмонларнинг сони кўпайгандан сўнг Қуръонни ўқишда турлича келишмовчиликлар чиқа бошлади. Бу ҳолатни кўрган ўша вақтдаги халифа Усмон ҳазратлари Ҳафса онамиздан Абу Бакр давридаги саҳифаларни сўраб олиб, ундан олти нусха кўчиришга буйруқ бердилар.
Нусхалар тайёр бўлгандан сўнг муслумонлар яшайдиган диёрлардаги марказий шаҳарларга биттадан нусхага биттадан қори қўшиб жўнатдилар ва ҳаммага фақат шу нусхадан Қуръонни кўчириш ва шу қоридан қироат ўрганишга буйруқ бердилар. Бошқа мусҳафларини ёқиб юборишга фармон чиқди. Дунёда ҳеч бир уммат ҳеч бир китобга Ислом уммати Қуръони Каримга аҳамият берганидек аҳамият берган эмас.
Илк оятлар тушган вақтдан бошлабоқ, аввало, уларни Пайғамбаримиз ёдлар эдилар, сўнг мусулмонларга ўқиб берар эдилар, ёзишни билганларга ёздириб қўяр эдилар. Бошқа муқаддас китоблар каби Қуръон махсус бир тоифа кишилар қўлида турмади. Балки у барча омманинг кўз ўнгида ва қулоқ остида бўлдики, уни ҳамма доимо ўқир эди.
Намозда ҳам, бошқа жойларда ҳам, Қуръон ўқилар эди. Ҳукмни ҳам Қуръондан чиқарар эдилар. Қуръон уларнинг ягона қўлланмаси бўлиб, диний, ижтимоий ва сиёсий ҳаётларида доимо йўлбошчи бўлиб келди. Бундай нарсани ҳеч ўзгартириб бўлмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръонни ҳеч қандай ўзгаришсиз сақлашни зиммасига олган. Бу ҳақда Қуръонда шундай дейилади:
«Албатта, Биз Қуръонни туширдик ва  албатта, уни Биз Ўзимиз муҳофаза қиламиз».
Аввал айтганимиздек, Қуръон йигирма уч йил давомида тарқоқ ҳолда тушди. Гоҳида бир, гоҳида икки-уч оят тушар эди, бир тушишида ўнта оятгача ҳам тушган вақтлар бўлган. Қуръон оятлари кишиларга яхшироқ сингиши ва қалбларга мустаҳкам жо бўлиши учун атроф-муҳитни, содир бўлаётган воқеаларни эътиборга олган ҳолда тушар эди.
Мана шу ҳолда кишиларга ҳужжат бўлиши осон бўлар ва мўъжизакорлик қуввати янада ортар эди. Агар Қуръон тарқоқ ҳолда тушмаганда, одамларга баҳона топилиб, биз бунчалик кўп нарсани бажара олмаймиз, деган гапларни айтишлари мумкин эди. Аввал бир ёки бир неча оят тушгандан сўнг бир қанча фурсат ўтса, албатта, улар бундай баҳонани қила олмас эдилар.
Қуръоннинг тарқоқ тушишининг бошқа ҳикматлари ҳам бор. Шулардан бири – кишиларни  ота-боболаридан қолиб келган урф-одатларидан ва ўзлари кўникиб қолган тузумларидан бирданига ажратиб бўлмас эди.
Шунинг учун Қуръон аста-секин тушиб, юқорида зикр қилинган нарсаларни бирин-кетин Ислом келтирган тартиб ва қоидаларга алмаштирди.
Қуръоннинг тарқоқ тушиш ҳикматларидан яна бири – уни ёдлаш осон бўлиши учун эди. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом ва у кишининг атрофидаги саҳобаларнинг кўпи ўқиш-ёзишни билмас эдилар. Ахир Қуръон бирдан тушса, уни ёдлаш қийин бўлиб қолар эди.
Маълумки, Пайғамбар алайҳиссалом ва мўминлар ўз душманларидан узлуксиз озор, жафо чекиб турардилар, қийинчилик, машаққатларга учрардилар. Тоқатлари тоқ бўлган пайтларида Қуръон оятлари тушиб уларга тасалли берар, уларнинг қалбини тинчлантирар ва оғирларини енгил қилар эди.
Мусулмонлар ҳаётида турли ҳодисалар бўлиб турарди. Баъзан тушунмовчиликлар, бу ишнинг динимизда ҳукми қандоқ экан, деган саволлар пайдо бўларди. Шундоқ ҳолатларда оят тушиб, бу ишларга аралашар, одамларни тўғри йўлга солиб юборар ва саволларга жавоб берарди. Бу эса Қуръоннинг ҳаётга янада сингиб кетишига олиб келар эди.
Қуръони Каримнинг тарқоқ тушишлигининг энг улкан ҳикматларидан бири – унинг масдари, келиб чиққан жойига ишорат ва ҳақиқий илоҳий китоблигига ҳужжатдир. Ўйлаб кўринг, йигирма уч йил давомида ҳали у сурадан уч оят, ҳали бу сурадан икки оят олдинма-кейин, баланд-паст бўлиб тушса-да, ҳаммаси йиғилиб бутун инсониятни тўғри йўлга бошлайдиган, бир ҳарфи ўз ўрнидан бошқа жойга тушмаган китоб ҳосил бўлса! Бу иш фақат ҳар нарсага қодир улуғ Аллоҳнинг қудратли ҳикмати билан бўлиши мумкин, холос.

Қуръоннинг мўъжизакорлиги ҳақида гап кетганда, юқорида зикр қилинганидек, у араб тилида, араб сўз усталарини ожиз қолдириш учун юборилган китоб бўлиб, унинг ҳақиқий мўъжизасини тўлиқ тушуниш учун араб тилини билувчи киши бўлиши шарт.
Биз араб бўлмаганимиз ва араб тилини билмаганимиз учун Қуръоннинг араб тилига боғлиқ бўлмаган мўъжизаларидан баъзи бирларини эслатиб ўтамиз.
Шулардан бири келажакда бўладиган ҳодисалардан берилган хабарлардир. Қуръони Каримда инсон ақлини лол қолдирадиган даражада баъзи бир хабарлар келадики, ўша оятларни туширилган пайтда эшитган кишилар «албатта, бу муболағадир», деб ўйлаган бўлишлари эҳтимолдан холи эмас.
Сураи «Нур»да шундай оят бор:
«Аллоҳ: «Сизлардан иймонли  бўлганларга ва яхши амал қилганларга ер юзида сизлардан олдингиларни қилгандек амалдор қилиб қўяман», деб ваъда берди ва «уларни ўзи рози бўлган динга имконият яратиб, қўрқинч ўрнига осойишталик бахш этаман», деди».
Мана шу оят тушмасдан олдин мусулмонлар ҳатто ухлаган чоғларида ҳам қуроллари билан ухлаб, бизга ҳам бир осойишталик келиб, диний амалларимизни бемалол бажара олармиканмиз, деб турган вақтлари эди.
Бу оят тушгандан сўнг кўп ўтмасдан улар орзу қилган вақтлар етиб келди ва Ислом уммати Аллоҳнинг ердаги халифаси деб эълон қилинди.
Яна бошқа бир оятни олиб кўрайлик.
«Моида» сурасида шундай дейилган:
«Эй Пайғамбар, сен Роббингдан тушган нарсани кишиларга етказ. Агар шундай қилмасанг, пайғамбарликни адо этмаган бўласан. Аллоҳ таолонинг Ўзи сени одамларнинг ёмонлигидан сақлайди. Албатта, Аллоҳ таоло кофир қавмларни ҳидоят қилмайди».
Бу оят тушишдан олдин Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни баъзи саҳобалар ўз ихтиёри билан кофирларнинг ёмонлигидан қўриқлаб туришарди.
Шу оят тушгандан сўнг эса Пайғамбар алайҳиссалом ҳужраларидан бошларини чиқариб, қоровулларга қараб: «Энди сизлар кетаверинглар, Аллоҳнинг Ўзи мени кишиларнинг ёмонлигидан сақлайдиган бўлди», деб айтдилар.
Мана шу оят Қуръон илоҳий китоб эканлигига энг кучли далиллардан биридир. Чунки шу оят тушгандан сўнг Пайғамбар алайҳиссалом ҳеч қўрқмасдан кофирларнинг ичида юрдилар, биринчи сафда туриб, улар билан жанг қилдилар ва бошқа ҳолатларда ҳам бемалол юравердилар. Кофирлар қанчалик уринмасин, у кишига ҳеч қандай озор етказа олмадилар.
Қуръонда аввал ўтган пайғамбарлар ва уларнинг умматлари ҳақида кўпгина қиссалар бор. Маълумки, Муҳаммад алайҳиссалом ўқиш-ёзишни билмаганлар, умрларида бирор соат ҳам дарс олмаганлар. Шунга қарамай, Қуръонда келган қиссалар энг тўғри ва далиллик бўлиб, ҳатто Инжил ва Таврот каби китобларнинг хатоларини тўғрилаб келган.
Бу ҳақда ХХ асрда шу қиссаларнинг баъзи бирларига тааллуқли бўлган ашёвий далилларни синчиклаб ўрганган таниқли уламолар ҳам айтиб ўтдилар. Уларнинг ичида аввал мусулмон бўлмаганлари, шу илмий ишларидан сўнг Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканлигига тан бериб, мусулмон бўлдилар.
Қуръон кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун туширилган китоб бўлиб, коинот, мавжудот ва илмий масалаларда сўз юритиш унинг вазифаси эмас. Лекин шу билан бирга, Қуръонда баъзи бир илмий сўзлар келганки, албатта, улар Қуръоннинг илоҳий мўъжизакор китоб эканлигига катта далилдир.
Такрор бўлса-да, яна айтамизки, Муҳаммад алайҳиссалом Маккада ўсган, ўқиш-ёзишни ўрганмаган бир одам эдилар. У ерда илм-маърифат, мадраса ёки илмий муассаса деган нарса асло бўлмаган. Бу Пайғамбар алайҳиссалом илмий масалалардан мутлақо бехабар эдилар дегани.
Лекин шунга қарамай, Қуръонда шундай илмий масалалар зикр қилинганки, бунинг сирини ўша вақтда ва ундан кейинги вақтларда ҳам ҳеч ким билмаган. Фақат бизнинг давримизга келиб, илм-фан ниҳоятда тараққий этган бир даврдагина у нарсалар тушунилди.
Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида шундай дейди:
«Кофирлар осмонлару ер бир бўлиб турганда Биз уларни ажратганимизни ва сувдан барча жозотларни яратганимизни билмайдиларми?!»
Бу оятда айтилишича, осмонлару ер аслида бир нарса бўлиб, сўнгра бир-биридан ажралган. Бу Қуръон мўъжизаларидан бири бўлиб, уни ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлади.
Олимларнинг айтишича, бутун борлиқ бир газдан иборат бўлиб кейин бўлакларга бўлинган. Қуёш галактикасига кирувчи олам ҳам шу бўлинишдан келиб чиққан. Бунинг далили сифатида уламолар айтишадики, ерда тўқсон икки хил турли моддалар бўлиб шундан олтмиш еттитаси қуёшда ҳам бор экан. Қуёшдаги кўп учрайдиган моддалар, масалан азот, фосфор, темир, карбон ва бошқалар ерда ҳам учрар экан.
Яна уламолар Ой жинсларини олиб ўрганиб кўрганларидан сўнг Ойда ҳам ердаги моддалар бор экани маълум бўлди. Шуларнинг ҳаммаси шуни кўрсатиб турибдики, оламдаги барча нарсаларнинг асли Қуръонда айтилганидек бир экан.
Энди оятнинг «ва сувдан ҳамма нарсани яратганимизни», деган қисмига келсак, бу уламолар сирини очган илмий ҳақиқатлардан энг каттасидир, десак муболаға бўлмас. Ҳаёт ва ўсиш учун зарур бўлган барча кимёвий ўзгаришлар, албатта, сувсиз бўлмайди. Сув ҳаётнинг давом этиши, барча коинот ва набототнинг яшаши учун асосий нарсадир.
Ер юзасининг тўртдан уч қисми сув билан ўралган. Сувнинг хусусиятларидан бири – ер юзидаги ҳароратнинг бир хил сақланиб туришини таъминлашдир. Агар шундай бўлмаганда ер юзида ҳаёт бўлиши гумон эди. Сувнинг хусусиятлари жуда кўп бўлиб, уларнинг ҳар бири Аллоҳ таоло сувни Ўзининг махлуқларига зарур нарса қилиб яратганлигига далилдир.
Сув музлаганда зичлиги камайиб ҳажми катта бўладиган ягона моддадир. Бу хусусиятнинг сувда яшайдиган ҳайвонларга аҳамияти каттадир. Шу хусусият сабабидан совуқ қаттиқ бўлганида муз сувнинг устига кўтарилади (бошқа модда бўлса, пастга кетиши керак эди). Муз сув ҳайвонлари учун зарурий нарсадир. Паст даражали ҳароратда сув ўзига кислородни кўп миқдорда тортади. Музлаган сувдан эса ҳарорат чиқиб, дарё ва денгизларда яшовчи сув ҳайвонларининг ҳаётини сақлашда ғоят қўл келади.
Қуръоннинг ҳикматини қарангки, озгина сўзлар билан ер юзидаги ҳаётнинг чексиз сирларини баён қилди. Фақат мана шу оятнинг ўзиёқ Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақиқий Пайғамбар, Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканига катта далилдир.
Айтиб ўтилган мўъжизалар денгиздан бир томчи, холос. Бу ҳақда неча-неча китоблар битилган. Ҳозирда «Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» номида халқаро ташкилотлар, илмий нашрлар бор. Тиб илмидагилар Қуръоннинг тиббий мўъжизаларини, кимё олимлари-кимёвий, тарихчилар тарихий, физикачилар физикавий, мунажжимлар фазовий ва ҳоказо ҳар бир илм соҳиби ўз илми доирасида Қуръон мўъжизасини топган ва тан берган. Ғарбнинг неча-неча забардаст олимлари шу туфайли Исломни қабул қилган ва ҳануз қабул қилмоқдалар.
Араб тили, сарф, наҳв, балоғат олимлари ҳам ўз илмларини Қуръондан олганлар ва Қуръон олдида ожиз қолиб бош эгадилар. Фақиҳлар (Ислом ҳуқуқшунослари) ҳам худди шундай. Мана шу айтиб ўтилган мавзулар Аллоҳнинг ягоналигини ва баркамол сифатларини, Пайғамбарнинг ҳақлигини, Қуръоннинг илоҳий китоб эканлигини, намоз ўқиш, рўза тутиш ва бошқа ибодатлар фарзлигини, қиёмат бўлиши ҳақлигини, ўлгандан сўнг тирилиб бу дунёда қилган ишларнинг ҳисоботини бериши лозимлигини, жаннат ва дўзах ҳақлигини тасдиқлайди ва исботлайди.
Одатда, бирор китобни қўлга олганда, унинг исмини ўқиш билан ичида нима ҳақда гап кетиши аниқ бўлади. Бирор маълум нарса ҳақида маълумот билмоқчи бўлган шахс ўша нарса ҳақидаги боб ёки бўлимни очиб ўқийди-да, саволига жавоб топади.
Қуръонда эса боб ёки бўлимлар йўқ. Ҳа, у ўзига хос илоҳий китоб, шунинг учун ҳам у ўзига алоҳида эътибор, алоҳида ёндашишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам уни юмшоқ ўринда ястаниб ўтириб, ҳавасга варақлаб, кўз югуртириб чиқиб, сўнг токчага териб қўяман, деганлар хато қиладилар. Қуръон бир ўқиб чиқадиган, тасалли учун, вақт ўтказиш учун керак бўладиган нарса эмас.
Қуръони Карим бандаларни икки дунё саодатига эриштириш учун туширилган илоҳий дастур. У ҳидоят китоби бўлиб, кимё, физика, тиб, тарих, жуғрофия ва бошқа соҳалардаги оятлар ҳам инсон ақлига хитоб, уларда шу нарсалардан ибрат олиб Аллоҳнинг қудратига ишонсин, ҳидоят йўлини топсин, деган ғоя бор. Шу билан бирга, Қуръондек муқаддас китобда мазкур нарсаларнинг зикр қилиниши доимо мусулмонларни ўша нарсаларга қизиқишини орттирган, уларни ўрганишга чорлаган, шуниннг учун ҳам улар Қуръонга, унинг таълимотларига яқин бўлганларида, амал қилганларида дунё халқлари ичида пешқадам бўлганлар. Ибн Сино, Форобий, Улуғбек, Беруний, ал-Хоразмий, Навоий ва бошқа улкан алломалар етишиб чиққан.
Қуръони Каримни тушуниш учун катта тайёргарлик керак. Аввал айтганимиздек, унинг оятлари йигирма уч йил давомида ҳаётга аралашиб тушган.
Демак, ўша ҳаётнинг нозик тарафларигача билиш керак, оятларнинг тушиш сабаблари, бўлиб ўтган воқеалардан хабардор бўлиш керак. Уни бир-икки ўқиш билан ниҳоясига етиб бўлмайди, бошқа қайта-қайта ўқиш жараёнида ҳар сафар янгидан-янги маънолар чиқаверади.
1400 йил аввал бепоён саҳронинг содда ҳаётидан бошқа нарсани билмаган, тили, ҳаёт тарзи табиий ҳолатга яқин бўлган арабни ҳайратга қўйиб, қалбига йўл топган бу илоҳий китоб, ҳозирги кунда техник тараққиёт, илмий юксалиш, маданий ўсиш чўққисига чиққан, ҳамма нарсани мураккаб электрон ҳисоблаш ускуналари бажараётган жамиятнинг серташвиш аъзоси қалбига ҳам йўл топмоқда.
Чунки Қуръонни очиқ фикр билан ўқиб, уқиб, мулоҳаза этишдан ташқари, уларнинг фахри бўлган электрон ҳисоблаш машиналари ҳам «Қуръон-илоҳий китоб», деб бир овоздан айтмоқда.
Бу машиналар Қуръони Каримнинг ҳарфлари, сўзлари ва жумлалари ҳам саноқли эканини ва бу улкан мўъжиза эканлигини таъкидламоқда.
Мисрлик олим Абдураззоқ Навфал «Қуръондаги ададий мўъжизалар» номли китоб ёзиб, электрон машиналарнинг сўзини тасдиқлади.
Тажриба учун тўрт киши – араб мусулмон, араб номусулмон, арабмас мусулмон ва арабмас номусулмонларни олиб, уларга Қуръон тиловатини эшиттириб, махсус электрон асбобларда руҳий таъсирланишларини синашса, бир хил чиқибди. Мўъжизани қаранг: Қуръонни тушунадигану тушунмайдиган, унга эътиқод қиладигану эътиқод қилмайдиганлар барчаси бараварига таъсирланса! Худо хоҳласа, яна янги илмий кашфиётлар бўлса, Қуръоннинг мўъжизалари янада кўпаяверади. Демак, Қуръонга жиддий ёндашмоқ, уни ўқиб-уқмоқ керак.
Қуръони Карим ўқиб-уқмоқ китоби бўлибгина қолмай, уқиб амал қилмоқ китоби ҳамдир. Агар ўқиган одамнинг уққани ҳақ бўлса, амалга ўтмоғи муқаррар. Чунки Қуръон биринчи бор тушганда, унинг биринчи оятлари «Ўқи» дейиш билан бирга, Муҳаммад алайҳиссаломни «Тур» деб турғазиб, дунёга иймон нури таратишга чорлаган. Унга иймон келтирган оз сонли илк мусулмонлар ҳам барча  − Ислом, Иймон неъматидан баҳраманд бўлсинлар, деб ҳаракатга тушганлар. Ўзлари бўлса, ўқиб-ёдлаб ўрганган ҳар бир оятга амал қилмай туриб иккинчисига ўтмаганлар.
Оқибатда ер юзида икки оёғида юрадиган кўплаб тирик «Қуръон»лар юзага келган. Улар бутун дунёга Ислом, Иймон нурини таратганлар, одамларни динлар зулмидан Ислом адолатига, ўзи каби бандаларга бандалик қилишдан бандаларнинг Роббисига бандалик қилишга, дунёнинг торлигидан охиратнинг кенглигига олиб чиқишган.
Шу жумладан, бизнинг она Мовароуннаҳр халқи ҳам. Исломни ва Қуръонни худди намликка чанқоқ ер барака ёмғирини ютиб олгандай кутиб олди. Бу ёмғир таъсирида серҳосил ўсимликлар ўсиб чиқди. Тез орада бутун дунёга номи кетган улкан алломалар етишди. Диний ва дунёвий илмларнинг барча соҳаларида пешқадам устозлар олам бўйлаб донг таратдилар.
Бошқа ерлардан кўра бизнинг еримиздан шунчалик кўп алломаларнинг чиқиши, бу диёр аҳолиси Исломга нақадар мос эканининг далили бўлса, бошқа даврларда эмас, фақат Ислом даврида бунча аллломаларнинг чиқиши Исломнинг бу диёр аҳолисига мос эканининг далилидир.
Ҳа, барча қатори бизнинг халқимиз ҳам қачон Қуръонга яқин бўлса, уни яхши тушуниб амал қилса, бахти-саодати мукаммал бўлаверган. Аксинча бўлса, бахтсизлик, мусибатлар бошига ёғилаверган.
Қуръон бизгача етиб келган ҳолида Аллоҳ таолодан нозил бўлганлиги, унинг мўъжизакор каломи экани ҳақдир. Кимки бирор оятни инкор этса, мусулмонлик доирасидан чиқади.
Қуръоннинг матни ҳақидаги қатъий гап шу бўлса, энди унинг маъноларини тушуниш тўғрисидаги гап бошқача. Инсоннинг уринишига, ақл-заковати ва билимига қараб Қуръон маъноларини тушуниш ҳам турлича бўлади. Шунинг учун ҳам уламоларимиз:
«Инсоннинг Каломуллоҳни тушуниш учун қўлидан келганича қилган ҳаракати тафсирдир», деганлар. Турли йўналишдаги сон-саноқсиз тафсирлар ичида бизнинг диёримиз уламолари қилган тафсирлар муҳим ўрин тутади.
Имом Фахриддин Розийнинг китобларини Ислом олами ҳурмат билан «Тафсири Кабир» – «Катта тафсир» деб атаса, Имом Жоруллоҳ Замахшарийнинг «Кашшоф» тафсирини уламолар «Кашшоф» бўлмаганда Қуръони Каримнинг маънолари кашф бўлмай қоларди, дейдилар.
Имом Абу Мансур Мотуридий Самарқандийнинг «Таъвийлоту аҳли Сунна» тафсирлари ва бошқа китоблари учун Ислом олами бу зотни «Аҳли сунна ва жамоа» мазҳаби ақийдасининг ислоҳчиси» деб номлаганлар.
Имом Абул Баракот Насафийнинг «Мадорикут танзил» тафсирлари ҳозргача Ислом ўқув юртларида ўқув қўлланмаси бўлиб келмоқда.
Афсуски, бизнинг юртимизда охирги тафсир қачон ёзилганини айта олмаймиз, яъни Қуръондан узоқлашганимизга анча бўлди, демоқчиман.
Қуръони Каримнинг таржимасига келсак, уни ҳеч бир тилга мукаммал таржима қилиб бўлмайди. Чунки арабча матн мўъжизакор, бу араб тилига хос, унинг имкониятларидан келиб чиққан, шунинг учун ҳам Аллоҳ Ўзининг охирги китобига ушбу тилни ихтиёр қилган. Бу хусусиятлар ўзга тилларда йўқ. Лекин Қуръон маъноларини таржима қилишга уламоларимиз рухсат берганлар, буни зарурий нарса, деб таъкидлаганлар.
Қуръони Карим маъноси дунё халқларининг тилларига таржима қилинган. Шу жумладан, қатағондан, айниқса, диний уламоларимиз ортидан уюштирилган «ов»дан қочиб, дини, иймонини сақлаш учун Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилган Олтинхон тўра домла (Маҳмуд Тарозий) томонларидан ўша вақтдаги ўзбек тилига таржима қилинган. Ҳиндистонда чоп этилган ва баъзи нусхалари бизга ҳам етиб келган. Бошқа уринишлар ҳам бўлган-у, лекин оммага етиб бормаган.
Ҳозирги кунда Қуръони Каримга тафсир ёзган алломалар юртида уларнинг набиралари тафсир ёзиш у ёқда турсин, Қуръонни ўқишни ҳам билмайдилар. Озгина тоифа илоҳий дастурни ўқишни билади, саноқли кишилар арабча тафсирлар ёрдамида маъносини тушунади.
Аллоҳга шукурлар бўлсинки, ҳозирда Қуръонга қайтиш бошланди, уни ўқишни ўрганаётганлар кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Табиийки, маъносини билишни истовчилар ҳам кўпайиб бормоқда.
Халқимизнинг Ислом дини асосларини, Қуръони Карим маъноларини билишга чанқоқлигини эътиборга олиб  ҳамда бир неча қимматли кишиларимизнинг далдалари билан инсоният ҳаётининг асосий дастури бўлмиш Қуръони Каримни имконимиз етган қадар тафсир қилишга киришдик. Бу ишда бизга салаф муфассир уламоларимизнинг (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) бебаҳо тафсирлари қўл келди. Шу билан бирга, ҳозирги замонда пайдо бўлган бир қанча янги маълумотлардан ҳам фойдаландик. Халқимизнинг Ислом илмидан хабардорлик даражасини ҳисобга олиб, иложи борича содда тил ва содда услубни қўллашга ҳаракат қилдик.
Ҳар бир суранинг исми, Маккий ёки Маданийлиги, оятлар сони ҳақида маълумот берилгандан сўнг, шу суранинг мавзуси ҳақида қисқача маълумот бердик.
Ҳар бир оятни рақамлаб, аввал матннинг арабчасини ёздик, сўнгра ояти кариманинг маъноси берилди.
Сўнгра оят маъносини иложи борича содда қилиб, ўзбекча баён қилишга ҳаракат қилдик. Баъзи ҳолатларда ўзбек тили қоидаларига риоя қилмасликка ҳам мажбур бўлдик. Тушунтириш учун қўшилаётган сўзларни қавслар ( ) ичига олиб ёздик. Улар ҳам кифоя қилмаса, ўз сўзимиз билан тушунтириш жумлаларини келтирдик. Оятларни бир-бирига боғлаш учун ҳам тушунтириш ёздик. Баъзи оятларнинг тушиш сабаблари ҳақида ривоятлар келган бўлса, уларни ҳам келтирдик. Баъзиларини тушунтиришга тарихий воқеалар, қиссаларни келтириш зарур бўлса, келтирдик. Баъзи шахслар, қавмлар ҳақида қисқача маълумотлар ҳам бердик. Иложи борича, оятлар тафсирида диёримизда тарқалган йўлни ихтиёр қилдик.
Ўқувчининг эътиборини Қуръони Карим матнидан четлатадиган маълумотларни зикр қилмасликка ҳаракат қилдик.
Мисол учун Аллоҳ таоло осмонни беками кўст яратиб қўйгани ҳақидаги оят тафсирида, осмон ҳақидаги илмий маълумотларни хоҳлаганча келтириш мумкин, лекин биз ўқувчиларимиз бу каби маълумотларни бошқа манбалардан ўқиб олишган ёки ўқиб олишар, деган фикрга келдик.
Қўлёзмани диний ақийда ва илмларимизни яхши биладиган кишиларга кўрсатиш билан бирга, уларнинг фикр ва мулоҳазаларини ҳам эътиборга олдик. Албатта, инсон ожиз, агар бу камтарона иш муваффақиятли чиқса, Аллоҳнинг марҳаматидан, камчилик ва хатолар бўлса, яратганнинг Ўзи афв айласин. Мақсад – кишилар озгина бўлса ҳам, Қуръони Каримдан хабардор бўлсинлар.

Мовароуннаҳрда тафсир илми ва муфассирлар ҳақида сўз юритишдан аввал бу улкан илмнинг келиб чиқиши ва ривожланиши тарихига бир назар солайлик.
«Тафсир» сўзи луғатда баён қилиш, очиб бериш ва равшан қилиш маъноларини англатади. Аммо уламолар истилоҳида қуйидагича таърифланади:
«Тафсир – инсон қудрати етгунча Қуръони Каримдаги Аллоҳнинг муродини ўрганадиган илмдир».
Бу улуғ илм Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида юзага келган. Чунки у Зоти бобаракот одамларга Қуръони Каримнинг маъноларини ўз суннатлари ила баён қилар, саҳобаларнинг Қуръон оятлари маъноси тўғрисидаги саволларига жавоб берар эдилар. Саҳобаи киромларга тафсир илми Пайғамбар алайҳиссаломдан мерос қолди.
Лекин уларнинг бу илмдаги даражалари турлича эди. Шунинг учун ҳам улардан кимки баъзи оятларнинг маъносини англашда ўзида ҳожат сезса, ўзидан олимроқ бошқа саҳобалардан сўраб олар эди. Саҳобалардан ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб ва бошқалар тафсир илмида машҳур бўлганлар. Улардан Аллоҳ таоло Ўзи рози бўлсин.
Тобеинлар эса тафсирни саҳобалардан ўргандилар. Ва улардан кўплари бу илмда шуҳрат қозондилар. Масалан: Мужоҳид ибн Жабр Маккий, Икрима, Саид ибн Жубайр, Ато ибн Аби Робоҳ ва бошқалар.
Бу икки асрда, яъни саҳобалар ва тобеинлар асрида тафсир оғзаки ривоят ва нақл шаклида бўлиб, таълиф қилиб ёзилмаган.
Фазилатли шайх Муҳаммад Фозил ибн Ашур ўзларининг «Тафсир ва рижолуҳу» номли китобларида таъкидлашларича, тафсирдан биринчи китоб ёзган шахс 149 ҳижрий йилда вафот этган Абдулмалик ибн Журайждурлар.
Мазкур китоб таълиф этилгандан бошлаб тафсир илми янги даврга қадам қўйди. Бу давр китоблар таълиф қилиш давридир. Бу даврнинг аввалида Муҳаммад ибн Жарир Табарий, Яҳё ибн Салом, Абу Бакр Нисобурий ва бошқа муфассирлар шуҳрат топдилар.
Тафсир илми келиб чиқиши ва ривожланиши жараёнида бир неча қисмларга бўлиниб кетган. Биз бу қисмлардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз:
Биринчи қисм − «Тафсир бил маъсур».
Бу қисмдаги тафсирда муфассир Қуръон оятларини ривоят қилган саҳиҳ ҳадислар ва саҳобаларнинг қавллари билан тафсир қилади.
Бу услубда ёзилган тафсирларнинг машҳурлари қуйидагилар: Имом Муҳаммад ибн Жарир Табарийнинг «Жомиъул баён фи тафсирил Қуръон», Имом Абу Муҳаммад Ҳусайн ибн Масъуд ибн Муҳаммад Бағавийнинг «Маъолимут танзил», Имом Имодиддин Исмоил ибн Касирнинг «Тафсирул Қуръонул азим», Имом Жалолиддин Суютийнинг «Аддурул мансур фи тафсир бил маъсур» китоблари.
Иккинчи қисм – «Аттафсир бир-рай».
Бу қисмда муфассир ўз фикри ва ижтиҳоди ила тафсир қилади ва у иккига, жоиз ва ғайри жоизга бўлинади.
Жоиз бўлган рай билан тафсир қилишда муфассир ишончли масдарларга суянган ҳолда жаҳолат ва залолатдан узоқда бўлиб тафсир қилади.
Жоиз бўлмаган қисмда эса муфассир жаҳолат, бидъат ва залолат билан тафсир қилади, шунинг учун ҳам барча алломалар бу навдаги тафсирни ман қилганлар.
Жоиз бўлган рай билан қилинган тафсирлардан машҳурларини эслаб ўтайлик: Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн Фахриддин Розийнинг «Мафотиҳул ғайб», Имом Насриддин Абдуллоҳ ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Али Байзавийнинг «Анварут-танзил ва асрорут таъвил», Имом Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафийнинг «Мадорукут танзил ва ҳақоиқут таъвил» китоблари.
Учинчи қисм – «Тафсири ишорий».
Бу қисмда муфассир оятнинг зоҳирий маъносига қарамай, унинг махфий ишоралари тақозоси билан тафсир қилади. Бу фақат сулук ва тасаввуф арбобларининг услубидир.
Бу қисмга доир тафсирларнинг машҳурлари қуйидагилар: Имом Низомиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Ҳусайн Хуросоний Найсобурийнинг «Ғароибул Қуръон ва рағоибул Фурқон», Имом Шерозийнинг «Ароисул баён фи ҳақоиқул Қуръон» китоблари.
Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, тафсир китоблари жуда ҳам кўп. Ҳар замон, макон, халқ, миллат, элат, мазҳаб ва йўналишнинг ўз тафсири бор, десак муболаға қилмаган бўламиз. Бутун дунёнинг, айниқса, мусулмон оламининг Қуръони Каримга бўлган чексиз қизиқиши уламоларни доимо уни ўрганишга, унинг тафсирини ёзишга чорлаб келган. Қадимдаёқ тафсирлар ва муфассирлар ҳақида алоҳида катта-катта китоблар битилгани фикримизнинг далилидир.
Ушбу муқаддимада тафсир илми тарихи ҳақида ўта қисқа равишда маълумот бериб қўйишни маъқул топдик, холос.
Ижозатингиз билан, энди Мовароуннаҳрда  тафсир илми ва муфассирлар ҳақида икки оғиз сўз юритайлик.
Қадимги Ислом манбаларида ҳозирги Ўрта Осиё, «Мовароуннаҳр» ва «Хуросон» номлари ила зикр қилинган.
Тарихий Ислом китобларида Бухоро, Самарқанд, Насаф, Термиз, Косон, Шош, Фарғона, Марв, Гургенч, Ўзган ва бошқа шаҳарларнинг номлари ҳам зикр қилинган.
Мазкур шаҳарларнинг барчаси диёримиздадур, улардан кўплари ҳозирги вақтгача ўз қадимий номлари билан аталади.
Бутун Ислом оламига маълум ва машҳурким, бу ўлка барча илмларда, жумладан, Ислом илмларида ҳам жаҳонга донг таратган буюк алломаларни етиштирган.
Мазкур илмлар ичида ҳадис, тавҳид, навҳу, фиқҳ ва бошқа кўпгина илмлар бор. Биз эса ҳозир фақат Мовароуннаҳрдаги тафсир ва муфассирлар ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Мусулмонлар келиб фатҳ қилганларидан сўнг, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу диёрларни ҳам Ислом нури билан мунаввар қилди. Ерлик аҳоли Исломни қабул қилганларидан сўнг, аввалги мусулмонлар янги мусулмонларга Ислом илмларини ўргата бошладилар.
Бу илмлар ичида тафсир илми ҳам бор эди. Маълумки, бу диёрларнинг туб аҳолиси Исломдан аввал ҳам баъзи бир илм ва маданият турларидан хабардор эдилар.
Ушбу сабабга кўра, аллома Ибн Халдун таъкидлаганидек, уларда Ислом илмларини қабул қилиш ва ривожлантиришга лойиқ малака бор эди.
Бир оз вақт ўтиши билан муҳаддислар мадрасаси пайдо бўлди ва улар Қуръон тафсири тўғрисидаги асарларни жамлаган биринчи кишилар, деб эътироф қилиндилар.
Уларнинг сардори Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий эдилар. «Кашфи Зуннун» номли китобда зикр қилинишига кўра, у зот «Тафсири кабир» номли алоҳида бир тафсир китоби таълиф қилган эканлар, лекин афсуски, мазкур китоб бизгача етиб келмаган. Шунга қарамасдан, Имом Бухорий тафсир илмида улкан асар қолдириб кетганлар, у зотнинг «Жомеъус саҳиҳ» китобларида Қуръони Карим тафсирига оид мингдан зиёд ҳадис мавжуд.
Иккинчи ҳижрий асрда тафсир илми ҳадисдан ажраб, алоҳида илм бўлгандан сўнг, Мовароуннаҳрдан улкан муфассирлар етишиб чиқдилар ва шуҳратлари бутун жаҳонга таралди. Улардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз:
1. Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий.
Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида таваллуд топганлар ва 333 ҳижрий йилда вафот этганлар. У зотнинг аксарият муаллифотлари тавҳид илмида, яъни илми каломда бўлган. Имом Мотуридий ўзларининг «Таъвилоту аҳли сунна» номли тафсирларида илми калом уламолари йўлидан борганлар ва Қуръони Карим оятларини ақийдада Аҳли сунна ва жамоа мазҳабини қўллаб тафсир қилганлар.
2. Имом Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий.
У зот Имом Ҳодий номли билан машҳур бўлганлар, 373 ҳижрий санада вафот этганлар. Имом Абу Лайс Самарқандий кўплаб китоблар таълиф қилганлар. Тафсир китобларини эса «Баҳрул улум» деб номлаганлар ва бу тафсир «Тафсир бил маъсур» тоифасидандир.
3. Имом Жоруллоҳ Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Замаҳшарий.
Бу улуғ имом Хоразмнинг Замаҳшар қишлоғида 467 ҳижрий санада таваллуд топганлар ва 538 ҳижрий санада вафот этганлар. У зот туғилган юртларида дафн қилинганлар. (Замаҳшар қишлоғи ҳозирги Туркманистон жумҳурияти Тошҳовуз шаҳридан 30 чақирим узоқликда жойлашган).
Имом Замаҳшарий турли илмларга доир кўплаб китоблар тасниф қилганлари ва энг машҳур муаллафотларидан бири «Кашшоф ан ҳақоиқи ва уйунил ақовили фи вужуҳит таъвил» номли тафсир китоби бўлиб, у кўпчиликка «Кашшоф» номи билан машҳурдир.
4. Имом Фаҳриддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайин Розий.
Бу имом 534 ҳижрий санада Рай шаҳрида таваллуд топганлар ва умрларининг кўп қисмини Хоразмда ўтказганлар. У кишининг «Мафотиҳул ғайб» номли тафсир китоблари илм аҳли ўртасида оятлар орасидаги муносабатларни ва суралар ўртасидаги боғланишларни баён қилиш ва бошқа бир қанча имтиёзлари билан машҳур бўлган. Имом Розий 606 ҳижрий санада вафот этганлар.
5. Имом Абул Барокот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий.
Бу улуғ имом Насаф шаҳрида таваллуд топганлар. (Насаф шаҳри ҳозир Қарши деб номланади). Имом Насафий 701 ҳижрий санада вафот этганлар.
Имом Насафий ўзларининг «Мадорикут танзил» номли тафсир китобларини таълиф қилишда Имом Замаҳшарийнинг «Кашшоф» тафсирларидан истиъфода қилганлар.
Имом Насафийнинг «Мадорикут танзил» номли бу китоблари ҳозирги кунимизгача уламо ва толиб илмлар орасида зўр эътибор билан шуҳрат топиб келмоқда ва кўпгина Ислом ўқув юртларида қўлланма сифатида ишлатиб келинмоқда.
Бундан ташқари, Мовароуннаҳрда «Итқон», «Тафсири Нўъмоний», «Тафсир Тибён», «Тафсир Мавлоно Чархий» каби маҳаллий луғатларда таълиф қилинган кўплаб тафсирлар мавжуд. Улар тожик, ўзбек, татар ва бошқа луғатларда ёзилган. Эслатиб ўтмоқ лозимки, мазкур машҳур муфассирларнинг китоблари ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг кутубхона ва музейларида мавжуддир ва жумладан, Мовароуннаҳр мусулмонлари диний идораси қошидаги кутубхонада ҳам бор. Бу китоблардан уламолар ва илм толиблари Ислом ва мусулмонлар хизмати учун бўлаётган илмий баҳсларида истиъфода қилмоқдалар. Аллоҳ таоло уларнинг барчаларини Ўзи хуш кўрган ва рози бўлган хайрли ишларга муваффақ қилсин! Омин!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Қуръонни инсоният учун қиёматгача боқий ҳидоят маёғи, барчани ожиз қолдирувчи баёни ва икки дунё саодатига элтувчи дастурул амал қилиб нозил этган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!
Қуръонни Парвардигори оламдан қабул қилиб олган, уни бутун оламларга омонат ила етказган, ҳам ўқишни, ҳам ўқишни ўргатган, ҳаётга тамомила татбиқ этиб кўрсатган ҳабиби Роббил оламин, Муҳаммад ал-Аминга энг пок ва энг юксак саловоту дурудлар бўлсин!
Сарвари олам, саййидул анам, набиюл араби вал ажам соллаллоҳу алайҳи васалламдан, Қуръонни ҳарфма-ҳарф ихлос ила қабул этиб, бутун вужудларига сингдириб, унга оятма-оят амал қилиб, заминда икки оёқла одим отиб юрувчи, жонли қуръонларга айланган саҳобаи киромлардан Қуръонни нозил этган Зот рози бўлсин.
Ўтган жамики аҳли Қуръонларни, Унга эътиқод қилган аҳли иймонларни, Уни қалблари ила тасдиқлаган аҳли ирфонларни, Унга амал қилган аҳли Исломларни уларга Қуръонни берган Зот Ўзидан бошқа молик йўқ кунда Қуръон шафоати ила Ўз раҳмати ила қамраб олсин!
Аммо баъду, азиз ва муҳтарам тафсирхон! Аввало Ўз Роббиси афвига муҳтож, сиздек мухлисларнинг дуосига соҳиби эҳтиёж камина ходимингизга сиз жанобнинг мақоми олийингизни умрингиздаги энг савобли, энг баракали ва энг фойдали фаолиятнинг ибтидоси ила муборакбод этишга лутфу карам ила ижозат бергайсиз.
Зотан, жаноби олийингиз Аллоҳ берган муборак қўлингизга Аллоҳ нозил этган муборак китобнинг тафсирини олдингиз. Энди сиз, муҳтарам, муборак кўзингиз нурини тўкадиган сатрлар, оддий, ердан чиққан маъноларни англатувчи сатрлар эмас, балки етти осмоннинг устидан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг наздидан энг ишончли ва энг муқарраб фаришта олиб тушган илоҳий каломни, унинг маъноларини, унинг тафсирини англатувчи сатрлар эканлигини бир лаҳза ҳам унутмаслигингиз лозиму лобуддир.
Ҳа, азиз ва муҳтарам тафсирхон! Сиз одатдаги оддий фаолиятни амалга ошираётганингиз йўқ. Сиз, муҳтарам, фавқулодда бир фаолиятни бошламоқдасиз, каломи Роббил оламинни ўқимоқдасиз, Қуръони Карим оятлари маъносини ўқимоқдасиз, илоҳий дастур тафсирини ўқимоқдасиз. Зоти олийларига маълумки, фавқулодда ишни бажариш учун фавқулодда ҳозирлик, фавқулодда эҳтимом, фавқулодда эътибор ва фавқулодда саъйю-кўшиш зарурдир. Мазкур нарсалар рўйхати ибтидосида таҳорат деб аталмиш, поклик, деган жуда ҳам улуғ ва зарур нарса турадир.
Ҳа, Тоҳир – пок сифати ила сифатланган Зот – Аллоҳ таолонинг каломи поки бўлмиш, Арши аълодаги пок саҳифаларга битилмиш, у ердан самои дунёга пок фаришталар воситаси ила индирилмиш Қуръони Карим ила бўладиган ҳар бир боғланиш, ҳар бир алоқа фақатгина таҳорат − поклик орқали бўлмоғи вожиб.
Ҳа, қадрли ва мўътабар тафсирхон, ҳозир сиз бошлаётган муборак фаолият учун поклик лозиму лобуддир. Поклик бўлганда ҳам, тўлиқ ва тўкис маънодаги поклик лозимдир: ҳам моддий маънодаги поклик, ҳам маънавий маънодаги поклик лозимдир.
Бинобарин, ушбу китобингизни ҳар сафар қўлингизга олишдан олдин таҳорат олган бўлишингиз, кийим-бошингиз, маконингиз пок бўлишига алоҳида эътибор бериш масъулиятидадирсиз. Энг муҳими, маънавий поклик, дил поклигидир. Бу ишга алоҳида эҳтимом сарфлашингиз мажбуриятингиздир. Чунки пок Парвардигорнинг пок каломини ўқиш-ўрганиш, ўқиш-сингдириш учун пок бадан, пок либос, пок макон мавжудлиги ила пок ният, пок қалб, пок онг, пок эътиқод ва пок маънавият асосий шартдир.
Зотан пок нарсани қабул қилиб олиш учун пок жой керакдир. Роббил оламиннинг Ўзи каломи поки ҳақида:
«Уни покланганлардан ўзга тутмас», деб қўйибдир.
Қуръони Карим Аллоҳнинг пок каломи эканлиги ҳақ. Агар бир банда мазкур каломи покни ихлос ила ўрганишга ҳаракат қилса, албатта, фойда топар. Мабодо  бирор халал етса, банда айбни ўзидан ахтарсин.
Азиз ва муҳтарам тафсирхон, сиз Аллоҳнинг каломини ўқиш-ўрганиш бахтига ноил бўлмоқдасиз. Ҳозиргача ўқиб юрган нарсаларингиз бандаларнинг каломи эди. Албатта, Аллоҳнинг каломи билан банданинг каломи орасида фарқ бўлиши муқаррар.
Ушбу муқаррар фарқ қанчалик дейсизми?
Яхшиси, бу саволни биргаликда Каломуллоҳни биринчи бор Аллоҳдан қабул қилиб олган инсон, Аллоҳнинг каломига биринчи рўбарў бўлган Зот, Каломуллоҳни инсониятга етказган Зот − севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрайлик.
У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга Имом Термизий Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадислари ила:
«Каломуллоҳнинг бошқа каломлардан фазли, Аллоҳ таолонинг махлуқотларидан фазличадир», деб жавоб берурлар.
Энди  қанчалик улуғ ишга қўл ураётганимизни англаб етган бўлсак, ажаб эрмас.
Ҳа, азиз тафсирхон, сиз билан биз ўрганмоқчи бўлаётган Каломуллоҳнинг бошқа каломлардан ортиқчалиги Аллоҳнинг бандадан қанча ортиқчалиги бўлса, шунча бордир.
Ушбу улкан ҳақиқатни тушуниб етганимиздан сўнг, ўзимиз ўрганаётган каломи шарифнинг олий мақомига муносиб бўлмоққа интилишимиз лозим.
Ҳурматли тафсирхон, Аллоҳ таоло сиз билан бизга ушбу китоб орқали Ўзининг каломи шарифига ошно бўлишни насиб этиши ила улкан ва беназир саодатни ато этди. Сиз билан биз дунёдаги яккаю ягона, бир ҳарфи ҳам ўзгармай сақланиб келаётган, Аллоҳ таолонинг Ўзи қиёмат қойим бўлгунча соф ҳолида сақлашни зиммасига олган муқаддас китобни ўрганиш бахтига муяссар бўлдик.
Дунёда Қуръони Каримдан бошқа соф, тағйир топмаган илоҳий, самовий китоб йўқ. Баъзи бир илоҳий китоблик нисбати берилаётган китоблар асл ҳолидан бошқача бўлиб, турли ғаразгўй фикр ва гапу сўзлар қўшилиб, бузуқ ҳолга келиб қолган китоблардир. Агар мабодо улар бузилмай қолганда ҳам, барибир, Қуръони Карим келганидан сўнг мансуҳдирлар. Бинобарин, сиз билан биз дунёдаги энг улуғ, энг муқаддас, энг пок, энг баракали китобни ўрганаётган бўламиз.
Азиз тафсирхон! Сиз билан биз оддий китобни ўқиётганимиз йўқ. Сиз билан биз илоҳий китобни ўқимоқдамиз. Шунинг учун ҳам бу қилаётган ишимиз учун содиқул масдуқ сифатига эга бўлган, ҳар бир гаплари сидқдан иборат бўлган маҳбуб Пайғамбар афандимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан ваъда этилмишдир.
Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дан ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳабиби Роббил оламийн соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳнинг каломидан бир ҳарф ўқиса, унга ўша учун яхшилик ёзилур. Бир яхшилик эса ўн мислига кўпайтирилур. Алиф Лам. Мим ҳарф демасман. Лекин, Алиф ҳарфдир, Лам ҳарфдир, Мим ҳарфдир», деганлар.
Кўрдингизми азизим, бир суранинг бошида келган Алиф Лам Мим бир эмас, уч ҳарфдир. Уларга биттадан учта савоб берилур. Сўнгра ўн мислича кўпайтирилиб ўттизга етказилур. Бу ваъда ўша ҳарфларни қироат қилган одамга.
Аммо сиз билан биз ул муборак ҳарфларни қироат қилганимиздан сўнг маънолари таржимасини, сўнг эса тафсирини, уларга амал қилишни ҳам ўрганамиз, бу ишлар мукофотига Роббимиз субҳанаҳу ва таолодан бериладиган ажру савобларни тушуниб олсак бўлаверади.
Демак, қўлимиздаги китобимизнинг ҳар бир ҳарфини ўқишимиз учун алоҳида савоб оламиз. Ана шу бахтни ғанимат билмоқ эса бизнинг бурчимиздир.
Сиз муҳтарам ўзингиз Каломуллоҳнинг тафсирини ўқиб ўлтирибсиз. Лекин сиз ёлғиз эмассиз. Сиз билан бирга ўзингизга бириктирилган икки фаришта билан бирга, Қуръони Карим ўрганаётганингиз шарофати ила нозил бўлмиш сакийна ҳам бор. Сакийна, деганимиз кўзга кўринмас булутсимон нарса бўлиб, Аллоҳ таолонинг махлуқотларидандир. Унда хотиржамлик, раҳмат ва сокинлик бўлиб, у ила фаришталар ҳамроҳ бўлурлар. Сакийна ила қалб мусаффо бўлиб, нурга тўлиши учун ҳам «сакийна» номини олгандир.
Бу гаплар ҳаводан олиб айтилган эмас. Бу гаплар Расули Роббил Оламин соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларидир:
Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизийлар ал-Баро розияллоҳу анҳу дан ривоят қиладилар:
«Бир киши сураи «Каҳф»ни қироат қиларди. Унинг оти олдига икки арқон ила боғлаб қўйилган эди. Уни бир булут ўраб олиб, айланиб унга яқинлаша бошлади. Оти эса чўчиб ундан қоча бошлади. Тонг отгандан сўнг ҳалиги одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у Зотга бўлган ҳодисани зикр этди. Шунда у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана ўша сакийнадир. Қуръон учун нозил бўлибдир», дедилар».
Бошқа ривоятлардан аниқланишича, мазкур саҳобий Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу бўлганлар. Отнинг типирчилашидан хавотирланиб қироатни тўхтатганларида, ҳалиги сакийна ҳам тўхтаган. От тинчланиб, қироатни қайта бошласалар, сакийна ҳам яна тушишда давом этган. Бу ҳол бир неча бор такрор бўлган.
Энди муҳтарам тафсирхонга қандоқ каломни ўрганаётгани яна ҳам равшан бўлгандир. Сиз билан биз ана ўша ўрганаётган нарсамизга муносиб ўрганувчи бўлишимиз даркор.
Эҳтимолки, сиз жанобингиз Каломуллоҳни ўқишда, ўрганишда, уқишда қийналарсиз. Тилингиз унча келишмас. Маъноларни тушунишингиз қийин бўлар. Чунки авваллари тартибли диний, Қуръоний таълим кўрмаган кишилар учун бу табиий бир ҳол. Лекин  агар шундоқ бўлганда ҳам, сиз ўксинманг. Яхшироқ билганимда тезроқ, кўпроқ ўқир эдим, савобни ҳам шунга яраша олардим, деб ҳасратланманг. Каломуллоҳни ўқишда, ўрганишда қийналганнинг ҳам ўзига яраша савоби бор.
Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизийлар уммул мўминин Оиша онамиз розияллоҳу анҳу анҳодан ривоят қилган ҳадиси шарифда севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуръонга моҳир киши элчи, ҳурматланган, итаоткор(фаришта)лар биландир. Қироат қилса-ю, бу унинг учун қийин бўлганга эса, икки ажр бордир», деганлар.
Қуръонни яхшилаб ўрганиб, унга моҳир бўлган кишилар малакут оламида Қуръон ишини юритиб турувчи фаришталар билан бирга бўлар эканлар. Аммо  Қуръон ўрганишда қийналаётганларга икки ажр бор экан: Қуръон ўқигани учун бир ажр, ўқишда қийналгани учун бир ажр.
Қийинчиликсиз бир нарсага эришиб бўлмаслиги маълум. Одамлар бўлган-бўлмаганга, ҳаром-хариш ишлар учун ҳам қанчадан-қанча қийинчиликларга дош берадилар. Сиз билан биз энг шарафли, энг савобли, энг фойдали иш учун баъзи бир қийинчиликларга дучор бўлсак, нима қилибди.
Аслини олиб кўрганда, Каломуллоҳ йўлидаги ҳар бир иш ҳузур-ҳаловат ва роҳат-фароғатдир. Асосий қийинчилик, асосий қийноқ, асосий бахтсизлик Каломуллоҳдан бехабар ва бебаҳра қолишликдир.
Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу дан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ичида Қуръондан бирор нарса бўлмаган кимса, хароба уйга ўхшайдир», деганлар.
Аллоҳ бундоқ бўлишдан Ўзи асрасин! Демак, сиз билан биз ушбу китобимиз орқали ўрганаётган ҳар бир нарса ила қалб уйимиз, иймон-эътиқод уйимиз, маънавият уйимиз обод бўлиб боради. Ушбу бахту саодат ҳам ҳар кимга муяссар бўлавермайди.
Ўзимиз уриниб Каломуллоҳни ўрганиш ила ажру савоблар берилиши, сакийна тушиши, қалб уйимизнинг харобаликдан чиқиб обод бўлиши ва яна шунга ўхшаш икки дунёмиз ободлиги учун кўпгина нарсаларга эришар эканмиз, бу муборак ишга, иложи борича, кўпроқ, ихлос билан уринмоғимиз даркор.
Яна билиб қўйишимиз лозим бўлган бир ҳақиқат бор: бу ҳақиқат ҳам Аллоҳнинг каломини ўрганиш ила чамбарчас боғлиқ. Қуръони Каримни ўрганишни бошқалар билан, кўпчилик бўлиб амалга ошириш ила мазкур ҳаракат учун бериладиган ажру савоб, хайру барака ва улкан даражалар ҳам ошиб боради. Чунки Қуръони Карим ёлғиз шахсларга эмас, жамоатга атаб нозил қилинган илоҳий дастурдир. Унга тўлиқ амал қилиш, фақат кўпчилик билангина зоҳир бўлиши мумкин. Қолаверса, кўпчиликда барака бор, ўқиш-ўрганиш жараёнида биров мулоҳаза қилмаган нарсани бошқаси мулоҳаза қилиши, бири сезмаган хатони иккинчиси сезиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифларда кўпчилик бўлиб Қуръон ўрганишга алоҳида эҳтимом билан тарғиб қилинган.
Имом Муслим ва Имом Абу Довудлар Уқбату ибн Омир розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Биз суффада ўтирган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар ва:
«Сизлардан қай бирингиз ҳар куни эрталаб Бутҳонга ёки Ақиққа бориб, Аллоҳга гуноҳ қилмасдан ва қариндошлик алоқасини узмасдан, икки катта ўркачли туяни олиб келишни хоҳлайсиз?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммамиз буни хоҳлаймиз», дедик бизлар. Шунда у Зот:
«Албатта, сиздан бирингиз ҳар куни масжидга бориб, Аллоҳ азза ва жалланинг китобидан икки оятни таълим олмоқлиги, унинг учун иккита туядан яхшироқдир. Учтаси учтадан яхшироқдир. Тўрттаси тўрттадан яхшироқдир. Оятларнинг адади қанча бўлса, ўшанча туядан яхшироқдир», дедилар».
Ўша пайтда ҳар бир араб учун катта ўркачли туя қандоқ катта бойлик эканлигини, уни ҳалол-пок йўл билан, Аллоҳга гуноҳ қилмай, қариндошлар ҳаққини поймол қилмай топиш қандай бахт эканлигини тушуниб етсак, Қуръони Каримнинг ҳар бир оятини ўрганиш катта ўркачли туя топишдан ҳам яхшироқ мулк эканининг аҳамиятини тушуниб етган бўламиз.
Ҳа, бизнинг муқаддас динимиз Исломда илм ўрганиш, айниқса, Аллоҳ таолонинг китоби бўлмиш Қуръони Каримни тиловат қилиш, уни дарс қилиб ўқиб, тафсирини ўрганиш улуғ иш ҳисобланади. Мазкур ишнинг қадр-қиймати ва улуғворлигини, айниқса, кўпчилик бўлиб ўрганиш қадр-қиймати ва улуғворлигини яна ҳам аниқроқ тушуниб етмоқ учун маҳбуб Пайғамбаримиз Сарвари олам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сўзларига қулоқ осайлик.
У Зоти бобаракот Имом Муслим ва Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифларида қуйидагиларни айтадилар:
«Ким талаби илм йўлида юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осонлаштирур. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда жамъ бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилсалар, уни ўзаро дарс қилиб ўргансалар, албатта, уларнинг устиларидан сакийнат нозил бўлур, уларни раҳмат қамраб олур, уларни малоикалар қуршаб олур ва уларни Аллоҳ Ўз ҳузуридаги кимсалар ичида зикр қилур».
Ушбу ҳадиси шарифни тадаббур ила тафаккур қилиб кўрайлик. Дунёда Аллоҳнинг китобини тиловат қилиш, уни дарс қилиб ўқиш учун жамланган кишилардан ҳам бахтлироқ, саодатмандроқ жамоа бормикан?! Йўқ, албатта!
Шундоқ экан Аллоҳнинг китобини ўрганиш учун жамъ бўлганлар энг афзал бўлмай, кимлар афзал бўлсин?! Келинг, ўша афзаллик тафсилотларини юқоридаги ҳадиси шариф қамровидан келиб чиқиб ўрганиб олайлик.
Аллоҳнинг китобини тиловат қилиш ва уни ўзаро дарс қилиб ўрганиш учун жамланган қавмга қуйидаги хайротлар насиб этар экан:
1. «Уларнинг устидан сакийнат нозил бўлур».
Сакийнат-хотиржамлик, хайр-барака, сокинлик ва бошқа яхшиликлардан иборат эканлигини, у худди булут каби Каломуллоҳни ўрганаётганлар устидан нозил бўлишини аввал ҳам ўрганиб ўтдик. Ушбу нодир фазилат бошқа хайрли ишларни бажо келтирувчилар учун ваъда қилинмаган.
2. «Уларни раҳмат қамраб олур».
Албатта, Аллоҳнинг каломини ўрганаётганларни Аллоҳнинг раҳмати қамраб олади. Ҳар бир банданинг Роббисидан бўладиган заррача раҳматга қанчалар муҳтож эканини эътиборга оладиган бўлсак, Қуръон ўрганиш туфайли Аллоҳнинг раҳмати ила қамралиб қолган бахтиёрларнинг қанчалик мартабага ноил бўлганларини тасаввур қилсак бўлаверади. Бундоқ улуғ даражага ҳам фақат Қуръон тиловати ва уни дарс қилиб ўқиш, яъни тафсирини ўрганиш билангина эришиш мумкин.
3. «Уларни малоикалар қуршаб олур».
Фаришталар қандоқ мукаррам зотлар экани ҳаммага маълум. Фаришта бор жойда хайри-барака, яхшилик, тинчлик-омонлик, фазилат ва бошқа кўплаб эзгуликлар бўлур. Энди бир эмас, катта жамоа фаришталар ўраб турган, уларга ҳавас билан қараб турган мўминлар жамоаси қанчалик саодатманд эканлигини англаб олсак бўлаверади. Ушбу мисли йўқ олий мақомга ҳам фақатгина Қуръони Каримни тиловат қилиш, унинг тафсирини ўрганиш билангина муяссар бўлинади.
4. «Уларни Аллоҳ Ўз ҳузуридаги кимсалар ичида зикр қилур».
Аллоҳнинг ҳузуридаги кимсалар кимлигини Аллоҳ Ўзи билади. Аммо ўшалар билан бирга Қуръон тиловат қилган ва уни дарс қилиб ўрганган, яъни тафсир билан машғул бўлган кишиларни ҳам зикр қилишини биз ҳам биламиз.
Бу − нақадар улуғ бахт! Бу − нақадар буюк саодат! Бу улуғ бахтга ва буюк саодатга фақат Қуръони Карим тиловоти ва уни дарс қилиб ўрганиш билангина эришиш мумкин.
Қимматли тафсирхон, энди жанобингиз ушбу китобингизни мутоала қилиш ила қанчалик буюк ишни қилаётганингиз, қанчалик олий мартабага эришаётганингизни чуқур ҳис қилаётган бўлсангиз керак?!
Қадрли тафсирхон, ўзингиз ўрганмоқчи бўлиб турган васфига сўз ожиз ушбу илоҳий дастурнинг моҳиятини яна ҳам аниқроқ тушуниб олишимиз учун бутун вужудимизни эътибор ва эҳтимом нуқтасига айлантирган ҳолда, ушбу китобни Аллоҳдан қабул қилиб олган Зотга мурожаат қилиб, уни васф этиб беришларини сўрайлик.
У Зоти бобаракот бизнинг бу саволимизга Имом Термизий ал-Ҳорис ал-Аъвар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шариф орқали жавоб берадилар. Ўша ҳадисда ал-Ҳорис ал Аъвар қуйидагиларни айтадилар:
«Масжиддан ўтдим. Қарасам, одамлар турли гапларга шўнғишмоқда. Шунда Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига кириб:
«Эй амирал мўминин, кўрмайсизми, одамлар турли гапларга шўнғибдилар», дедим.
«Дарҳақиқат, шуни қилибдиларми?» дедилар у киши.
«Ҳа», дедим. У киши қуйидагиларни айтдилар:
«Аммо мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Огоҳ бўлингизким, албатта, фитна бўлур!» деганларини эшитдим. Шунда:
«Ундан чиқиш не ила бўлур, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим.
«Аллоҳнинг китоби ила. Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори ва сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор. У фосил қилувчидир, ҳазил эмасдир.
Ким бир жаббордан қўрқиб, Уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдирур.
Ким Ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказур.
У − Аллоҳнинг метин арқонидир.
У − ҳикматли зикрдир.
У − сиротул мустақимдир.
У − унинг ила ҳавои нафслар тоймайдиган,
У − унинг ила тиллар тутилмайдиган,
У − уламолар ундан тўймайдиган,
У − кўп тарқалиш билан эскирмайдиган ва ажойиблари тугамайдиган нарсадир.
У − жинлар уни эшитишлари билан дарҳол «Албатта, биз ажиб Қуръонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», деган нарсадир.
Ким у билан гапирса, содиқ бўлур.
Ким унга амал қилса, ажр олур.
Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилур.
Ким унинг ила даъват қилса, сиротул мустақимга ҳидоят қилинур.
Мана буларни олгин, эй  Аъвар», дедилар».
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу айтиб берган бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримнинг васфи батафсил баён қилинмоқда.
Азиз тафсирхон, келинг ушбу набавий васфни қўлимиздан келганча ўрганиб чиқайлик.
Ушбу ҳадисда севикли Пайғамбаримиз, йўлбошчимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз замонларидан кейинги даврларда фитна чиқишидан умматларини огоҳлантирмоқдалар.
Ҳазрати Алидек улуғ зот ва олим саҳобий эса  одамларнинг масжидда ўтириб олиб турли гапларга шўнғишларини ўша, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантирган фитна, деб тушунтирмоқдалар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фитна ҳақидаги огоҳлантиришни эшитишлари билан ўша фитнадан чиқиш йўлини сўрадилар. У киши бир марта муҳтож бўлсалар, бугунги кунда сиз билан биз бу йўлга юз миллион марта муҳтожмиз.
Келажакда мусулмонлар фитнага учрашидан огоҳлантирган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фитнадан чиқиш йўлини ҳам кўрсатиб бердилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг:
«Ундан чиқиш не ила бўлур, эй Аллоҳнинг Расули», деган саволига
«Аллоҳнинг китоби ила», деб жавоб бердилар.
Мусулмонларнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга қилган тавсиялари − шу. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун Қуръони Карим фитнадан чиқиш йўли бўлишини ҳам батафсил баён қилиб, шарҳлаб тушунтириб бермоқдалар. У Зот ўз умматларига бу ҳақда қуйидагиларни айтмоқдалар:
1. «Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори ...бор».
Ҳа, Қуръони Каримда мусулмон уммати, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматидан олдинги ўтган нарсаларнинг хабарлари бор. Бўлганда ҳам энг ишончли, энг тўғри, энг ибратли хабарлар бор. Мусулмонлар Қуръони Каримдаги ўша ўзларидан олдин бўлган нарсаларнинг ахборини ўқиб, ўрганиб, улардан ибрат олишлари матлуб.
Мазкур ахборларда ким кофир, фосиқ, мушрик, осий, мунофиқ, саркаш бўлса, ҳалокатга учраши ҳақида сўз юритилади. Мусулмонлар улардан ибрат олиб, ўша ҳалокатга учраганларнинг қилмишларидан бирортасининг ҳам яқинига йўламасликлари лозим.
Мазкур ахборларда Аллоҳга, У Зот юборган пайғамбарларга, У Зот нозил қилган китобларга иймон келтирганлар икки дунё бахту-саодатига эришганлари таъкидланади.
Мўмин-мусулмонлар бу ҳақиқатлардан ибрат олиб, Аллоҳга, У Зотнинг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Роббил оламиннинг охирги ва абадий китоби Қуръонга бўлган иймонларини мустаҳкамлашлари лозимдир.
Муҳтарам тафсирхон, сиз билан биз мазкур ахборлардан ҳам ибрат олишимиз лозим. Иймон-эътиқод, дину диёнат ва татбиқи шариат йўлидаги учрашимиз лозим бўлган ҳар бир қийинчиликларга ҳам тайёр бўлмоғимиз лозим.
Азиз ва қадрли тафсирхон, аввал ўтган ҳодисалардан ибрат олиш лозимлигини ҳар бир халқ, ҳар бир миллат, ҳар бир қавм қайта-қайта таъкидлайди. Лекин ўша ибрат олиниши лозим бўлган қиссалар бир-биридан фарқли. Дунёда фақатгина сиз билан бизнинг, яъни мўмин-мусулмонларнинггина ибрат олишимиз лозим бўлган ўтмиш ҳақидаги қиссаларимиз энг тўғри ва энг ишончлидир. Биз ибрат оладиган ўтмиш қиссаларини ўтмишнинг, ҳозирнинг ҳамда келажакнинг эгаси Аллоҳ таолонинг Ўзи айтиб берган.
Ҳа, муҳтарам тафсирхон, дунёда фақат сиз билан бизгина олдин бўлиб ўтган нарсалар ҳақида тўғри маълумотга ва улардан фойдали ибрат олиш имконига эгамиз. Бунинг учун Аллоҳ таолога шукр қилайлик ва Роббимизнинг китобини қунт билан ўрганайлик.
Қимматли тафсирхон, жанобингизга маълум бўлсинким, Қуръони Каримдаги бор нарсалар фақат биздан олдин ўтган пайғамбарлар ва уларнинг қавмлари қиссасидан иборат эмас. Мазкур ахборлар ичида Аллоҳ таоло бутун борлиқни йўқдан бор қилиб яратгани, бутун мавжудотларни яратгани, Одамни Ўз қўли билан яратиб, уни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиб қўйгани, Одамдан унинг жуфтини яратгани, Одам алайҳиссалом билан шайтон алайҳи лаъна орасида бўлиб ўтган можаролар ва яна бошқа кўпгина нарсалар ҳам бор.
Мазкур нарсалар билан батафсил танишиш, улардан ибрат олиш ва бошқа ишлар, ушбу «Тафсири Ҳилол»ингизни қунт билан ўқиб, зеҳн солиб тушуниш, дўстлар билан муҳокама-мунозара қилиш орқали бўлади.
2. «Унда сиздан кейинги нарсаларнинг хабари...бор».
Қуръони Каримдаги биздан − уммати Муҳаммадиядан кейинги нарсалар хабари, қиёмат қоим бўлиши, ҳамма ўлганлар қайта тирилиши, маҳшарга тўпланиши, бу дунёда қилган ишлари заррача ҳам қолдирилмай, ҳисоб-китоб қилиниши, иймон келтириб, амали солиҳ қилганлар хурсанд, куфр келтирган ва фисқу-фужур қилганлар хафа бўлиши, мезон, кўприк, жаннат ва дўзах ҳамда шунга ўхшаш бошқа хабарлардир.
Бу хабарларга иймон келтириш мўмин-мусулмон шахс учун иймоннинг арконларидан бир рукндир. Мазкур хабарларни Қуръони Каримда зикр қилиниши, уларни иймон рукнларидан бирига айлантирилишидан мақсад, кишиларни иймон, Исломга чақиришдир.
Аллоҳнинг каломидан қиёмат ва унга тегишли нарсалар ҳақида маълумот олган, унга иймон келтирган киши ўша кунга тайёргарлик кўриб яшашга ўтади. Мўмин ҳолида Аллоҳ буюрган ҳамма нарсаларга оғишмай амал қилади ва Аллоҳ қайтарган ҳамма нарсалардан қайтади.
Ҳа, муҳтарам диндошим, фақат сиз билан биз мусулмонларгина ўзимизни олдинда нималар кутаётганини биламиз, уларга иймон келтирамиз ва ҳозирдан тайёргарлигимизни кўриб борамиз. Бу ишда бизга Қуръони Карим ёрдамчи бўлади. Биз бу билан қанчалар фахрлансак, оз.
3. «ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор».
Ҳа, Қуръони Каримда сиз билан биз мусулмонларнинг орамиздаги барча нарсаларнинг ҳукми бордир. Ўша нарсалар ҳақида ҳукмнинг йўл-йўриқлари, қонун-қоидалари бордир.
Демак, сиз билан биз «Тафсири Ҳилол» орқали Аллоҳнинг каломини ўрганар эканмиз, айнан ўша олий мақом ишни амалга ошираётган бўламиз.
4. «У фосил қилувчидир, ҳазил эмасдир».
Ҳа, содиқул масдуқ сифати соҳиби бўлмиш, Муҳаммад ас-Содиқ лақабини олмиш ростгўй Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу қавлларида ҳам содиқ-ростгўйдирлар. Зотан, Роббул оламиннинг Ўзи ҳам «Ториқ» сурасида Каломи Шарифни васф қила туриб:
«Иннаҳу лақовлун фасл ва маа ҳува билҳазл», яъни «Албатта, у фосил қилувчи қавлдир, у ҳазил эмасдир», деб марҳамат қилган.
Қуръони Каримнинг фосил қилувчилиги-ажратувчилиги ҳақиқийдир. У ҳар бир нарсани ажратиб-ажратиб кўрсатиб берган. Жумладан, ҳақни ботилдан, яхшини ёмондан, фойдани зарардан, ҳалолни ҳаромдан, савобни гуноҳдан, мўминни кофирдан, мухлисни мунофиқдан ажратиб қўйган.
Ана ўша ажримларни, оддий ажрим эмас, илоҳий – Қуръоний ажримларни билиб олишимиз учун Қуръони Каримни яхшилаб, зеҳн ва ихлос ила ўрганмоғимиз зарурдир.
Ҳа, Қуръон ҳазил эмас, Унда бирорта ҳам бефойда, каммаъно, ҳикматсиз сўз йўқ. Қуръони Каримдаги ҳар бир сўз ўта жиддий, ўта фойдали, ўта пурмаъно ва ўта ҳикматлидир.
Сиз билан биз Аллоҳнинг каломини ўрганар эканмиз, ушбу ҳақиқатларни ҳам доимо ёдимизда тутмоғимиз лозимдир. Ана шунда ўрганаётган нарсамизнинг қадр-қийматини ўз жойига қўйган бўламиз.
5. «Ким бир жаббордан қўрқиб Уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдиради».
Яъни ким бирор томоннинг жабру-зулмидан қўрқиб Қуръони Каримни тарк қилса, Аллоҳ таоло ўша Қуръонни тарк қилувчининг умуртқа поғонасини синдириб, ҳеч нарсага ярамай, қимирлай олмасдан ётадиган қилиб қўяди.
Бу, албатта, мажозий маънодаги гапдир. Бирор жаббордан қўрқиб Қуръонни тарк қилганларнинг белларидаги умуртқа суяклари синиб ётиб қолмайдилар. Балки  улар бу дунёю у дунё ишларида уларни тўғри йўлга бошлаб, белларига қувват бўлган омилдан ажраган бўладилар.
6. «Ким Ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказади».
Қуръони Карим бандаларни икки дунё саодатига бошловчи илоҳий ҳидоятдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи бир қанча оятларда Қуръон барча оламлар учун ҳидоят эканлигини қайта-қайта таъкидлаб айтган.
Буни бошқалар билмаса ҳам, мусулмонлар яхши билади. Бундоқ улкан ҳақиқатни билиб туриб – Қуръон Аллоҳнинг ҳидояти эканлигини англаб туриб, ундан бошқадан ҳидоят излаш соғлом ақлга мутлақо тўғри келмайди.
7. «У – Аллоҳнинг метин арқонидир».
Инсон ҳаётнинг асов дарёсидан нажот қирғоғига эсон-омон чиқиб олмоғи учун бирор арқонга осилмоғи лозим. Ана ўша нажот арқони Аллоҳ таолонинг метин арқонидир.
Бу метин арқон ҳеч қачон узилмайди, ҳеч қачон панд бермайди. Ким унга осилса, ҳаёт дарёсининг ҳар қандай асовлигидан, хавф-хатаридан ўтиб нажот қирғоғига эсон-омон чиқиши турган гап.
8. «У – ҳикматли зикрдир».
«Ҳикмат»нинг маъноси, ҳар бир нарсани ўз жойига қўйиш, баён қилишдир. «Зикр» эса эслатма маъносидадир.
Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан жорий қилинган «ҳикматли зикр»дир. Ундаги зикрнинг ҳаммаси ўта ҳикматлидир. Одамлар бу дунёда ҳикматга эҳтиёжли бўлиб юрадилар. Ҳикматли гап-сўзларни ўқиб-ўрганиб, эшитиб-ёдлаб, яна бошқа ишлар ҳам қилиб юрадилар. Улар ана ўша ҳикматларни ўзларига, ўзгаларга эслатма бўлишини ҳаётдаги ишларида йўл кўрсатувчи, танбеҳ берувчи бўлишини хоҳлайдилар.
Сиз билан биз-мусулмонлар нақадар бахтлимиз, ана ўша юқорида зикр қилинган ҳолатлар учун сиз ва бизга Роббил оламиннинг Ўзи ҳикматли зикрни тушириб қўйибди. Албатта, Аллоҳ таолонинг ҳикмати ила бандаларнинг ҳикмати орасида Аллоҳ билан бандачалик фарқ бор.
Қани Қуръоний ҳикматлар билан танишишга муштоқлар?
Қуръондаги ҳикматлар мисли йўқ ҳикматлардир.
Қуръондаги ҳикматлар илоҳий ҳикматлардир.
Қуръони Карим бошдан-оёқ ҳикматли зикрга тўладир.
Зотан Қуръони Каримнинг номларидан бири Қуръони Ҳакимдир.
Қуръони Каримнинг номларидан яна бири зикрдир.
Маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида Қуръони Каримни «Ҳикматли зикр» деб номлабдилар.
Дунёдаги энг яхши ҳикматларни ўрганай, улардан ўрнак олай, уларга амал қилай, деган одам бўлса, Қуръони Каримни яхшилаб ўргансин. Дунёдаги энг яхши эслатмани ўрганай, ундан ўрнак олай, унга амал қилай, деган одам бўлса, Қуръони Каримни ўргансин.
Ҳурматли тафсирхон «Тафсири Ҳилол»ни ўқиб ўрганиш ила биз дунёдаги энг яхши ҳикматли зикрни ўрганаётганимизни унутмайлик.
9. «У – сиротул мустақимдир».
Ҳа, Қуръони Карим – сиротул мустақим – тўғри йўлдир. У Аллоҳ таолонинг тўғри йўлидир. Ҳар бир банда ҳар бир мақсадга эришиш учун сиротул мустақимга муҳтождир. Сиротул мустақимсиз ҳеч ким мақсадга эриша олмайди. Сиротул мустақимда юрмаган одам, нотўғри йўлдан юриб адашади, кўзлаган манзилга ета олмай, ҳалокатга учрайди. Сиротул мустақимга юрмаган одам нотекис йўлдан юриб, қоқилади, йиқилади, бурни қонайди, бўйни синади, кўзлаган манзилига ета олмай, сарсон-саргардон бўлиб ҳалок бўлади.
Шунинг учун ҳам ҳар бир банда ўзи учун сиротул мустақимни излайди. Сиз билан биз-мусулмонлар нақадар бахтлимизки, Роббимиз Ўзи бизга сиротул мустақимни бериб қўйибди. Икки дунёда кўзланган саодат манзилига элтадиган сиротул мустақимни шундоқ хизматимизга тайёр қилиб қўйибди. Биздан бўладигани ўша илоҳий сиротул мустақимдан юриб кетиш, холос. У эса бизларни икки дунёдаги саодатли муқсадларимизга элтади.
Ана ўша сиротул мустақимда юришни амалга ошириш учун уни ўрганиш лозим. Сиз билан биз «Тафсири Ҳилол»ни ўқиш, ўрганиш ила шу мақсадда иш қилган бўламиз.
10. «У – унинг ила ҳавойи нафслар тоймайдиган... нарсадир».
Ҳа, Қуръони Каримга алоқадор бўлган ҳавойи нафс ҳеч қачон ҳақ йўлдан тоймайди. Чунки Қуръони Карим барча ҳавойи нафсларни халқ қилган Холиқ томонидан уларни жиловлаб, тойиб кетмайдиган қилиб ушлаб турувчи қўлланмадир.
Дунёдаги барча бандаларнинг бу дунёдаги асосий муаммоларидан бири ҳавойи нафслари билан бўладиган муаммоларидир.
Кишиларни ёмонликка бошлаётган нарса ҳам, асосан, ҳавойи нафсдир.
Қачонки банданинг ҳавойи нафсига шайтон кўрсатма берса, банданинг ўзи кўрсатма берса ёки ўша бандага ўхшаш бошқа бандалар кўрсатма берса, албатта, у ҳавойи нафс ҳақ йўлдан тояди ва ўз эгасини ҳалокатга бошлайди.
Ҳар замон, ҳар маконда бандалар якка-якка ҳолларида ҳам, тўп ҳолларида ҳам ҳавойи нафсни тойдирмайдиган қўлланмани қўллаганда нажот топадилар.
Ҳавойи нафсни тойдирмаслик учун илоҳий қўлланмани қўлламаганлар эса  ҳавойи нафсларига қул бўладилар ва ҳалокатга учрайдилар. Аллоҳ таоло бандаларга раҳм қилиб уларга ҳавойи нафсларини тойдирмай ушлаб турадиган Қуръони Каримни бериб қўйган.
Ана ўша илоҳий қўлланмани яхшилаб ўрганиб, унга оғишмай амал қилган кишининг ҳавойи нафси тоймайди. Сиз билан бизнинг «Тафсири Ҳилол»ни ўрганишимиз ҳам ана шу мақсаддаги бир қадамдир.
11. «У – унинг ила тиллар илтибосга тушмайдиган... нарсадир».
Ҳа, Қуръони Карим ила бўлган тиллар ҳеч қачон илтибосга тушмас. Яъни бошқа нарсалар билан аралашиб кетиб, қайси бир ҳақ, қайси бири ноҳақ бўлиб қолиб илтибосга тушилмайди. Қуръони Карим билан бўлган тил ҳеч иккиланмасдан ҳақни гапиряпман, деяверади. Қуръондан бошқа нарса аралашдими, дарҳол илтибос тушади. У ҳолда банда қайси бири ҳақ, қайси бири ноҳақ эканинни ажрата олмай сарсон бўлади.
Муҳтарам тафсирхон, сиз ўз ишингиз ила ана ўша тилларни илтибосга туширмайдиган илоҳий иложни топмоқдасиз!
12. «У – уламолар ундан тўймайдиган... нарсадир».
Ҳа, Қуръони Каримдан уламолар тўймаган, тўймаяптилар ва тўймайдилар ҳам.
Модомики, Қуръони Каримни Роббил оламиндан қабул қилиб олган  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ деганларидан кейин уламолар Қуръондан тўймасликлари ҳақиқатдир.
Бу улкан ҳақиқатни воқелик ҳам тасдиқлайди.
Илмлар кўп, уламолар ундан ҳам кўп. Чунки  ҳар бир илм бўйича қанчадан-қанча олим бўлади. Ана ўша турли илмлар бўйича қайси бир олим Қуръони Каримга мурожаат қилса, ундан ўзига керак нарсани олади. Лекин, барибир, тўймайди. Яна янги нарса олгиси келаверади. Қуръон нозил бўлгандан буён уламолар ундан олишган нарсани ўзлаштириб, улардан баҳраманд бўлган бугунги олим ҳам тўймай яна ўзи бир нарса олишга уринади.
Дунёда бир хил мавзуда ёзилган китоблар ичида Қуръони Каримга боғлаб ёзилган китобларчалик кўп китоб бўлмаса керак.
Тафсир китобларини ёзиш бир минг тўрт юз йилдан буён давом этмоқда. Ҳар бир тафсир билан танишсангиз, ўзига хослиги, озгина бўлса ҳам, бошқалардан ажралиб туриши билан фарқ қилади. Демак, уламолар Қуръондан тўймаганлари учун шундоқ қиладилар.
Ҳозирги кунимизда ҳам янги-янги тафсирлар чиқиб турибди. Улар ҳам ўзига хослиги билан ажраб туради. Демак, уламолар Қуръонга тўймаяптилар.
Агар Қуръонга тўймайдиган уламолар тафсирчи уламолар, десак, катта хато қилган бўламиз. Балки  бошқа уламолар ҳам Қуръонга тўймайдилар.
Мисол учун муҳаддис уламоларни олиб кўрайлик. Улар ҳам Қуръонга тўймайдилар. Чунки  уларнинг мутахассислиги бўлмиш ҳадис илми Қуръони Карим ила чамбарчас боғлиқдир. Зотан, ҳадиси шарифлар Қуръони Каримнинг тафсири ва ҳаётга татбиғидир.
Фиқҳ уламоларини олиб кўрайлик. Қуръони Каримга тўймайдиган уламолар айнан фуқаҳолардир, десак муболаға бўлмайди. Чунки  Қуръони Карим фуқаҳоларнинг биринчи навли ва энг асосий озуқаларидир. Улар Ислом шариатининг аҳкомларини, асосан, Қуръони Каримдан оладилар. Бунинг учун улар ҳар бир оят, ҳар бир Қуръоний ҳарфни синчиклаб, қайта-қайта, атрофлича ва чуқур ўрганадилар. Бу ҳолатда уларнинг Қуръондан тўймасликлари турган гап.
Араб тили уламолари ҳам худди шундоқ. Улар хоҳ илми наҳв, хоҳ илми сарф, хоҳ илми баён, хоҳ илми бадиъ бўйича мутахассис бўлсинлар, ким бўлишларидан қатъи  назар, Қуръони Каримдан тўймайдилар. Чунки  Қуръони Карим араб тилининг мўъжизасидир. Унинг тил усталари Қуръони Карим ҳузурида ожиздирлар. Шунинг учун ҳам араб тили олимлари Қуръони Каримга доимий равишда тил жиҳатидан ҳам муҳтожлар, доимо унга мурожаат қиладилар ва доимо унга тўймайдилар.
Хулоса шулки, қайси бир илмни олсак ҳам, илми ақоидми, илми фароизми, илми мантиқми, илми тасаввуфми ёки бошқа илмларми, барибир, уларнинг уламолари Қуръони Каримга тўймасликлари Қуръони Каримнинг ўзига хос бир неча илмларни пайдо бўлишига олиб келди.
Бу илмларнинг мажмуаси «Улумул Қуръон» − «Қуръон илмлари» − деб аталади. Бу қадимги илм бўлиб, унга қанчадан-қанча уламолар ўз умрлари, зеҳн-заковатларини бағишлаганлар. Бу соҳада сонсиз-саноқсиз китоблар ёзилган ва ёзилмоқда. «Улумул Қуръон» ўз ичига илмул қироат, илмул носихи вал мансухи, илмул маккиййи вал маданиййи, илму сабаби нузул, илмул расми, илмул муҳками вал муташобиҳи каби бир қанча илмларни олади. Табиийки, ушбу илмларга мутахассис бўлган уламолар асло Қуръони Каримга тўймайдилар.
Тарихчиларни олиб кўрайлик. Бу дунёнинг яратилиши, инсоннинг дунёга келиб, ривожланиши, қадимда содир бўлган тарихий ҳодисаларнинг энг ишончли масдари Қуръони Карим асосида қадимги дунё тарихини битдилар. Улар ўз замонларида шунинг учун ҳам етакчи тарихчилар бўлдилар.
Энди жуғрофиячиларимизни олиб кўрайлик. Улар ҳам Қуръони Каримдаги жуғрофияга тегишли оятларга асосланиб, улардан руҳланиб бу илм тарихида мисли кўрилмаган улкан натижаларга эришдилар.
Агар Қуръони Каримдан турли соҳадаги мусулмон уламолар тўймайди, десак, хато қилмаган бўламиз. Балки  Қуръони Каримга мурожаат қилган ғайримуслим олимлар ҳам ундан тўймаётганига ўзимиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Дунё тарихини Таврот, Инжил, Қуръон ва янги илмга солиштириб ўрганиб чиққан ғайридин олимлар Қуръони Каримга тан бериб, мусулмон бўлдилар.
Дунёда денгиз − уммон илми бўйича кўзга кўринган ғайридин олимлар ўз соҳалари бўйича Қуръони Каримни ўрганиб чиқиб мусулмон бўлдилар.
Шунингдек, табиблар, инсон наслини ўрганувчилар ва бошқа-бошқалар ҳам Қуръони Каримга тўймаяптилар.
Ҳозир «Қуръондаги илмий мўъжизалар» номли халқаро ҳайъат ишлаб турибди. Ундаги баҳслар, асосан, ғайри мусулмон олимлар Қуръондан тўймасликларининг далили эмасми?
«Тафсири Ҳилол» ёзилган тилда сўзлашиб, ўқиб-ёзувчилар орасида ҳам турли соҳаларнинг олимлари бор. Бунинг учун Аллоҳга ҳамдлар айтамиз. Шу билан бирга, улар Қуръони Карим маънолари ила араб тилида ёки бошқа тилларда ошно бўлишлари душвор эканлиги ҳам маълум. Умид қиламизки, «Тафсири Ҳилол» орқали мазкур олим ва турли соҳа мутахассислари ҳам Қуръони Карим ила ошно бўлиб, унга тўймайдиган кишилар қаторига қўшилсинлар.
13. «У – кўп такрорлаш билан эскирмайдиган... нарсадир».
Ҳа, дунёда кўп такрорлаш билан эскирмайдиган бирдан-бир нарса Қуръони Каримдир. Қорилар ҳар бир ояти каримани ёдлаш учун минглаб марта такрорлайдилар, ёдлаб бўлганларидан сўнг ҳам доимий равишда ўқиб турадилар. Аммо ҳар ўқиганларида янги завқ, янги шавқ, янги ҳузур, янги ҳаловат оладилар. Бу маъно Қуръони Каримни тингловчиларга ҳам тегишли. Ояти карималар ҳар сафар такрор эшитилганда, янгича ҳаловат, янгича ҳузур олинади. Чунки  Қуръони Карим такрорлаш билан эскирмайдиган нарсадир.
Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Бир киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули, қайси амал Аллоҳга маҳбуброқ?» деб сўради. У Зот:
«Етиш билан жўновчилик» дедилар.
«Етиш билан жўновчилик нима?» деди.
«Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб бориб, етиши билан яна жўнайдиган», дедилар».
Ҳа, азизлар, фарз амаллардан кейин Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун энг афзал ибодат Қуръон ўқиш, ўрганишдир.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу тушларида Аллоҳ таолони бир неча бор кўрган эканлар. Бир пайт у киши, яна тушимда У Зотни кўрсам, деб аҳд қилибдилар. Бас, кейин Аллоҳ таолони яна бир бор тушда кўрганларида:
«Эй Роббим, банда Сенга қайси нарса билан муқарраб бўлади?» деб сўрабдилар. Аллоҳ бу саволга:
«Каломимни тиловат қилиш билан, эй Аҳмад!» деб жавоб берибди.
«Маънони тушунсами ёки тушунмаса ҳамми, эй Роббим?» дебдилар Имом Аҳмад.
«Маънони тушунса ҳам, тушунмаса ҳам», дебди Аллоҳ таоло.
Бундан келиб чиқадиган хулосамиз, демак, Аллоҳнинг каломини қанчалик кўп такрор ўқисак, ўргансак, эшитсак, Аллоҳ азза ва жаллага шунчалик яқин бўламиз. Маъносини тушунмай ўқиганга шунчалик мартаба бўлса, тушуниб ўқиганларга қанчалик бўлиши маълум.
14. «ва ажойиблари тугамайдиган нарсадир».
Ҳа, Қуръони Карим дунёдаги ажойиблари тугамайдиган бирдан-бир нарсадир. Зотан, барча ажойиботларнинг эгаси Аллоҳ таолонинг китоби бўлганидан кейин шундоқ бўлади-да.
Қуръони Каримнинг катта-кичик ажойибларига, инсоният ўн беш асрдан бери кўриб, мулоҳаза қилиб, тан бериб келмоқда. Инсон  ақлий даражаси, илми ўсган сари Қуръони Каримнинг янгидан-янги ажойиботларини англаб етмоқда.
Биргина мисол келтирайлик, электрон ҳисоблаш машиналари чиқиб, ҳамма нарсани ҳисоблаш, атрофлича ўрганиб олиш имкониятлари кўпайди. Қуръони Карим ҳам ўша машиналарга солиб ўрганиб чиқилди.
Натижада, Қуръони Каримнинг ҳарфлари, сўзлари ва оятлари − ҳамма-ҳаммаси ҳисобли экани маълум бўлди.
Ана ўша ҳисоб асосида янги чоп қилинган Қуръон нусхаларини электрон ҳисоблаш машиналари ёрдамида текшириб, хатолари бўлса осонлик билан топиш имкони ҳам пайдо бўлди.
Охир-оқибат келиб, Қуръондаги ададий мўъжизалар соҳаси пайдо бўлди ва уламоларимиз бу соҳа бўйича китоблар ёза бошладилар.
Азиз тафсирхон, сиз жанобингиз ҳам Қуръони Карим ила ошно бўлиш мақсадида «Тафсири Ҳилол»ни ўқир экансиз, Каломуллоҳнинг ажойиботларини кашф этарсиз, деган умиддамиз.
15. «У – жинлар уни эшитишлари билан дарҳол «Албатта, биз ажиб Қуръонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», деган нарсадир».
Ҳа, Қуръони Карим фақат инсларни эмас, балки  жинларни ҳам икки дунё саодатига элтувчи дастурдир.
Авваллари жинлар осмонга чиқиб, у жойдаги гапларни ўғринча эшитиб олиб, ердаги ўзлари билан алоқадор одамларга ёлғон-яшиқ қўшиб етказар эдилар. У одамлар эса фолбинлик қилиб кишиларга ғайбнинг, хабарини бераётган бўлиб, турли нарсаларни айтар эдилар. Узоқ вақт шундоқ давом этиб келди. Лекин бирдан осмон хабарини эшитгани чиққан жинларни юлдузлардан оловли парчалар ажраб чиқиб қувлайдиган бўлиб қолди. Энди жинлар осмон хабарларига ўғринча қулоқ оса олмай қолдилар.
Шунда улар бу ғайриоддий ҳолнинг сабабини ахтариб дунё кеза бошладилар. Насийбин деган жойлик жинлар йўлда кета туриб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръон тиловатларини тўсатдан эшитиб қолдилар. Тўхтаб, биз билан осмон хабари орасига тушган шу нарса экан, дейишди. Тиловатни эшитиб бўлгандан кейин эса: «Биз ажиб Қуръонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», дейишди.
Яъни  жинлар дарҳол Қуръони Каримнинг ажиб эканини ҳам, ҳидоятга бошлашини ҳам англаб етдилар. Улар зудлик билан Қуръони Каримга иймон келтирдилар ва бошқа жинларни ҳам унга иймон келтириб, амал қилишга даъват қила бошладилар.
Жинларнинг бу ишлари сиз билан биз инсларга сабоқ бўлиши керак. Қуръони Каримга улар каби ҳозиржавоб бўлишимиз керак. Шу билан бирга, бу улкан ҳақиқатдан бошқа ибрат ва мулоҳазаларни ҳам олмоғимиз керак.
Жумладан, сиз билан биз ўрганаётган «Қуръони Карим» деб номланган илоҳий китоб нафақат ҳамма макон ва замондаги ҳамма инсонларга, балки  барча жинларга ҳам илоҳий дастурдир. Унинг мухлислари, ўқиб, ўрганувчилари кўпчилик тасаввур қилгандан кўра чандон-чандон кўпдир. Сиз билан биз ўша кўпчиликнинг бири эканимиз билан   қанча фахрлансак, шунча оздир.
16. «Ким у билан гапирса, содиқ бўлур».
Ҳа, Қуръони Карим Аллоҳнинг каломи, Аллоҳ таоло эса каломида содиқ Зотдир. Шунинг учун ким Қуръон билан гапирса, у одам гапида содиқ бўладир. Аллоҳнинг гапини гапирган содиқ бўлмай, ким ҳам содиқ бўлар эди.
Ҳа, азиз тафсирхон, сиз билан биз Каломуллоҳни ўрганар эканмиз, ўзимиз учун энг олий мақом, энг содиқ гаплар хазинасини ўрганаётган бўламиз. Ушбу илоҳий дастурдан олиб гапирган гапимиз энг содиқ гап бўлади. Барча гапимиз Қуръон ила гапириладиган бўлиши учун ҳаракат қилишимиз керак. Бунинг учун эса  бизга «Тафсири Ҳилол» ёрдам беради.
Азиз ва муҳтарам тафсирхон, ўйлаб кўринг, сиз билан биз нақадар хушбахт бандаларимиз. Аллоҳ таолонинг гапини гапириб, энг содиқ гап эгаси бўлиш бахтига эришишимиз мумкин. Бунинг учун тайёр нарсани ўрганиб олсак бўлади. Аммо биздан бошқалар бу бахтга сазовор эмаслар.
Ҳа, азизлар, шунинг учун ҳам ўз бахтимизнинг қадрига етмоғимиз, бизга бу бахтни берган Зотга тинимсиз шукур қилган ҳолда, ўз бахтимиз маёғи Қуръони Каримни кўпроқ ўрганмоғимиз, ҳар бир гапимиз ундаги гаплар ила гапирилиши учун қаттиқ ҳаракат қилмоғимиз зарур.
17. «Ким унга амал қилса, ажр олур».
Ҳа, ким Қуръони Каримга амал қилса, ушбу муборак дастурни ҳаётига татбиқ қилса, ажр олади. «Ажр» сўзини сал қўполроқ иборалар билан таъриф қиладиган бўлсак, қилган ишига иш ҳақи олиш маъноси чиқади. Арабларда ҳозир ҳам иш ҳақини ажр дейишади.
Қуръони Каримга амал қилувчиларнинг ажрлари оний эмас, доимийдир. Чунки уларнинг ажрларини чексиз ва доимий имконга эга Зот – Подшоҳи азалий Зот – Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Қуръони Каримга амал қилувчиларнинг ажрларини Боқий сифатга эга бўлган, ҳам фоний дунёнинг, ҳам боқий дунёнинг Молики бўлган Аллоҳ таоло беради.
Имом Термизий ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Қуръонни қироат қилса, уни ёдлаб олса, ҳалолини ҳалол қилса, ҳаромини ҳаром қилса, Аллоҳ ўша одамни у билан жаннатга киритади ва дўзахга кириши вожиб бўлган қариндошларидан ўнтасига шафоатчи қилади», деганлар.
Қуръони Каримни ўқишнинг, ўрганишнинг, ёдлашнинг, у ҳалол деган нарсани ҳалол билиб, ҳаром деган нарсани ҳаром билиб амал қилишнинг фазли қанчалик улуғ эканини кўрдингизми?!
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда:
«Ким Қуръонни қироат қилса ва ундаги нарсага амал қилса, қиёмат куни унинг ота-онасига сизларнинг ичингизда бўлиб бу дунё уйларига нур сочиб турган қуёшнинг ёғдусидан яхшироқ ёғдуси бор тож кийдирилади. Энди, ўша ишни қилганнинг ўзига нима бўлишини биласизларми?» дейилган.
Яъни Қуръонни қироат қилиб унга амал қилган шахснинг ота-онасига шунчалик иззат-эҳтиром, шону шараф бўлса, унинг ўзига қанчалик нарсалар бўлишини ўзингиз билиб олаверинг, деганлари.
Демак, азиз диндошим, агар дунёга келишимга сабаб бўлган, мени тарбиялаб вояга етказган, кўплаб хизматларимни қилган мушфиқу меҳрибон ота-оналарим қиёмат куни ҳамманинг ҳузурида, васфига тил ожиз тахтларга ўтқазилиб, бошларига қуёшнинг ёғдусидан яхшироқ ёғдуси бор тож кийдирилсин, уларнинг бу иззат-икромга сазовор бўлганларини кўриб ҳамма ҳавас қилсин, десак, Қуръони Каримни ўқиб, унга амал қилайлик. Агар ўзимиз ҳам ўшандоқ мартабага эришайлик, десак, азиз фарзандларимизга Қуръонни ўқитиб, унга амал қилишни ўргатайлик. Ундан ҳам юқори мартабага эришайлик, десак, ҳаммамиз Қуръони Каримни ўқиб, ўрганиб унга амал қилайлик. Қуръони Каримнинг маъноларини тушунмай туриб, унга амал қилишимиз қийин, бу ишда эса  «Тафсири Ҳилол» бизга ёрдамчи бўлишини Аллоҳ таолодан сўрайлик.
18. «Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилур».
Ҳа, Қуръони Карим ила ҳукм қилгангина адолат қилиши мумкин. Қуръони Каримдан бошқа нарса билан ҳукм қилган эса  ҳеч қачон адолат қила олмайди.
19. «Ким унинг ила даъват қилса, сиротул мустақимга ҳидоят қилинур».
Ҳа, ким одамларни сиротул мустақимга – энг тўғри йўлга – даъват қилмоқчи бўлса, Қуръони Каримга даъват қилмоғи керак. Қуръони Каримдан бошқага даъват қилишдан ҳеч қандай фойда йўқ.
Қуръони Каримни эса Аллоҳ таоло сиротул мустақим қилиб етти осмон устидан туширгандир. Ана шундоқ олий мақомдан тушган нарса, нафақат ерни, балки  бутун оламларнинг тўғри йўлини ўзида мужассам қилган бўлади. Ана шундоқ олий мақомдан тушган нарса, ўзига эътиқод ва амал қилганларни энг юксак мартабаларга олиб чиқади.
Ушбу гапларимиз ҳақ эканлигини исботлаш учун назирий-фикрий далиллар, ҳаттоки, Қуръони Карим оятларидан ёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан ҳам далиллар келтирмоқчи эмасмиз.
Модомики, гап воқелик ҳақида кетар экан, биз ҳам ўз даъвомизнинг ҳақ эканлигига воқеликдан далил келтирамиз. Биз ўз даъвомизга далил қилиб келтирадиганимиз воқелик, воқеликда бор бўлган воқеликдир.
У эртак ҳам эмас, хаёл ҳам эмас. Балки дўсту душман кўрган, дўсту душман гувоҳ бўлган, дўсту душман эътироф қилган воқеликдир.
Ўша биз даъво қилаётган воқеликнинг ҳақиқатини, моҳиятини тўла англаб етиш учун дунёнинг бундан ўн беш аср олдинги воқелигини яшаб ўтишимиз лозим. Ҳа, хаёлдан ўтказиш, эслаш, зикр қилиш эмас, бутун вужуд билан яшаш лозим.
Келинг, ўша воқеликни биргаликда яшайлик.
Ўша пайтда бутун дунё жоҳилий ҳаёт кечирар эди. Инсоният бошдан оёқ жаҳолат ботқоғига ботган эди. Кишиларнинг барчаси бўлган-бўлмаган, бузуқ ва аслсиз ақийдаларга эътиқод қилар эди. Уларнинг оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётларида жабр-ситам, зулму ноҳақлик ҳукм сурар эди. Қўйингки, инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида разолат, ҳақсизлик, жаҳолат ҳукмрон эди.
Инсоният жоҳилиятнинг қуюқ зулматида, қаттиқ ғафлат уйқусида ётар эди. Ана шундоқ қуюқ зулмат, моғор босган қалблар ухлаган бир пайтда фақатгина бир инсоннинг моғор босмаган пок қалби уйғоқ эди. Ўша ягона уйғоқ қалб мавжуд вазиятдан норози бўлиб, мазкур қоронғуликдан нурга чиқиш йўлини ахтарар эди. У муборак қалб, Макка номли шаҳарда Абдуллоҳ исмли отадан, Омина исмли онадан туғилган, Аллоҳнинг инояти билан жоҳилиятнинг барча чиркинликларидан сақланиб қолган Муҳаммад исмли муборак инсоннинг қалби эди.
Мазкур ягона пок қалб эгаси жоҳилият зулматидаги ноҳақлик, фисқу-фужур ва бошқа номаъқулчиликлардан четланиб, Макка шаҳри четидаги тоғдаги «Ҳиро» номли ғорга кириб ўтирар ва инсоният қандоқ қилиб жоҳилият зулматидан нурга чиқиши мумкин, деб фикр юритар эдилар. У Зот шу тариқа бўлажак улкан ҳодисаларга ўзлари билмаган ҳолда тайёрланар эдилар.
Айни ўша пайтда инсониятни Ўз қўли билан яратиб, уни гўдаклигидан турли саркашликларига, инжиқликларига ва хатою адашишларига қарамай пайғамбарлар юбориб, китоблар нозил қилиб тарбиялаб олиб келаётган Аллоҳ таоло, инсониятнинг навбатдаги ва энг катта адашувидан кейин унга энг охирги Пайғамбарни юборишни, энг сўнгги китобини нозил қилишни ва энг сўнгги, мукаммал ва доимий шариатини жорий қилишни ирода қилган пайт келган эди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ғори Ҳиронинг оғзига чиқишлари билан «Иқроъ!!! – Ўқи!!!» деган гулдурос овозни эшитдилар. Ана ўша овоз жоҳилият зулматини парчалаш учун Аллоҳ таоло томонидан туширилган сўнмас ёғдунинг биринчи шуъласи – Қуръони Каримнинг биринчи ояти эди. Бу шуъла дунёдаги ягона пок қалбни ёритди. Кейин эса янгидан-янги шуълалар чарақлаб, ёғду мукаммаллашиб борди.
«Эй ўраниб ётувчи, кечаси қоим бўл!», «Эй ўраниб ётувчи, тур, бас, огоҳлантир!» деган хитоблар бўлди.
Энди мазкур ягона пок қалб Қуръон ёғдуси билан ёришган ягона қалбга айланди. Энди ўша ягона пок ва илоҳий ёғду ила ёришган қалб эгаси ўз Роббиси амри ила ягона ўзи бутун дунёни пок қалбли қилиш учун, илоҳий ёғдудан баҳраманд бўлишга даъват қилиш учун бел боғлади.
Аста-секин Аллоҳнинг инояти ила мазкур илоҳий ёғду − Қуръоний ёғду бошқа қалбларни ҳам ёрита бошлади. Ер юзида асталик билан бўлса ҳам, қийинчилик билан бўлса ҳам, жоҳилият зулматини Қуръон ёғдуси ёриб чиқа бошлади. Кишилар ичида қалби Қуръон нури билан мунаввар бўлганлар кўпая борди.
Албатта, узоқ муддат зулматда қолган кофирлар ёғдуни тинчликни бузиб безовта қилувчи нарса деб тушунадилар. Шу боисдан ҳам улар унга қарши чиқадилар. Улар ёғдуни иложи борича тўсишга ҳаракат қиладилар. Биз ўрганаётган воқеликда ҳам шундоқ бўлди. Жоҳилият зулматига ўрганиб қолган инсонлар Қуръон ёғдусини ўз оромларини бузувчи нарса деб билдилар. Унинг тарқамаслиги учун қўлларидан келгану келмаган барча чораларни кўрдилар. Улар Қуръон ёғдусини, ул ёғдудан баҳраманд бўлганларни бутунлай йўқ қилиб ташлаш учун ҳаракат қилдилар.
Лекин  Аллоҳ кофирлар ёқтирмаса ҳам, Ўз нурини батамом қилувчи Зотдир. Аста-секин Аллоҳнинг инояти ва аралашуви ила нафақат инсонларнинг қалблари, балки  бутун вужудлари Қуръон ёғдуси ила ёришди. Кейин эса уларнинг бутун ҳаётлари ўша ёғду билан ёришиш жараёни бошланди. Қалблари Қуръон ёғдуси ила мунаввар бўлган, ҳар бир нарсани Қуръон ёғдуси ила кўрадиган, ҳар бир ишни Қуръон ёғдусида қиладиган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобаи киромлари ер юзида икки оёқлари билан юрадиган тирик Қуръонларга айландилар.
Қуръон ёғдуси ила ёришган биргина қалб эгаси Аллоҳнинг амри ила бошлаган бу ҳаракат Аллоҳнинг мадади ила якка шахсларга, оилаларга тарқаб  борди.
Қуръон ёғдусида турмуш кечирадиган халқлар ва юртлар сони кўпайиб борди. Турли халқлар ўзларига Қуръон таълимотларини олиб келган кишиларни, уларнинг олий мақом ахлоқ-одоблари ва сифатларини кўрибоқ аҳли Қуръонлар қаторига қўшила бошладилар.
Улар бутун дунёга устоз бўлдилар, бутун дунёда пешқадам бўлдилар. Улар энг илғор, энг тараққий этган, энг бахтли, энг тинч, энг бой, энг соғ, энг илмли, энг маданиятли, энг кучли, энг адолатли, энг олий ахлоқли инсонлар сифатида майдонга чиқдилар.
Сиз, азизларга яна баъзи қўшимча маълумотлар тақдим қилиш мақсадида Қуръони Карим маънолари таржимаси китобимизга ёзган «Кириш сўзи»ни ҳам келтирмоқдамиз. Баъзи бир маъно ва фикрлар такрор бўлса, узр сўраймиз. Зотан, бир-бири ила узвий боғлиқ нарсаларда бундоқ бўлиши табиийдир.)


БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ўзининг охирги ва абадий Китоби бўлмиш Қуръони Каримни бутун оламларни ҳидоят қилиш учун нозил қилган Алийму Хабийр бўлмиш Аллоҳ Таолога Ўзининг жалолига муносиб ҳамду санолар бўлсин.
Ўзларига Аллоҳ томонидан нозил этилган, икки дунё саодатини таъмин этадиган Қуръони Каримни умматларга омонат ила етказган, унга қандоқ амал қилишни кўргазган, Содиқу Масдуқ бўлмиш, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва муааттар салавоту дурудлар бўлсин.
Ўзларининг маҳбуб Пайғамбарларидан Қуръони Каримни бирор ҳарфини ўзгартирмай ўта аниқлик ила қабул қилиб олиб, унга худди шундоқ аниқлик ва мисли кўрилмаган ихлос ила амал қилиш ила ер юзида икки оёқларида юрадиган жонли қуръонларга айланган саҳобаи киромларга Аллоҳнинг ризвонлари бўлсин.
Ўзининг муқаддас китоби сифатида Қуръони Каримга иймон келтирган, уни ўргатган, ўрганган ва унга амал қилган ҳар бир мусулмонга Аллоҳнинг раҳмати, хайри баракаси бўлсин.
Барча оламларнинг Роббиси бўлмиш Аллоҳ Таоло Ўзи яратган дунёда, Ўзи яратган инсон қандоқ ҳаёт кечиришини баён қилиб бериш учун самовий китоблар нозил қилиб туришни ирода қилгани маълум ва машҳур.
Инсоният тараққий этиши жараёнида нозил қилинган самовий китоблар: Забур, Таврот ва Инжилда Аллоҳ таоло мазкур китоблар нозил қилинаётган давр ва шарт-шароитларни эътиборга олгани ҳам маълум. Яъни мазкур китоблар инсоният тарихидаги маълум бир босқич учун кўзланган эди. Улардан аввалгиси ўз вазифасини ўтаб бўлганидан сўнг  кейингиси келиб уни амалдан қолдирар ва ўзига белгиганган вазифани адо этишга киришар эди.
Аллоҳ Таолонинг Ўзига маълум ҳикмат юзасидан, мазкур илоҳий китобларга уммат бўлган халқлар ўзларига юклатилган масъулиятни мувоффақият ила адо эта олмадилар. Улар ўзларига нозил қилинган самовий китобни қандай тушган бўлса, шундай ҳолида сақлаб қола олмадилар.
Бу ҳам етмаганидек, ўзлари муқаддас китобларга ўзгаришлар киритдилар. Шунингдек, улар янги самовий китоб келганда эски самовий китоб амалдан қолиши ҳақидаги илоҳий кўрсатмани ҳам буздилар. Баъзи аҳли китоблар ўз дунёвий манфаатларини кўзлаб, ҳасад қилиб янги самовий китобни инкор қилиб, эскисини маҳкам ушлаб олдилар. Улар ўзлари ихтиро қилган бу ботилни тўғри қилиб кўрсатиш учун илоҳий китобга ўзгартиш киритишдан ҳам қайтмадилар. Шу тарзда ҳозирда сақланиб қолган эски илоҳий китоблардан ҳақни ботилдан ажратиб бўлмайдиган ҳолга келиб қолди.
Ўзи яратган инсониятни гўдаклигидан ўзига яраша тарбия қилиб келган Аллоҳ Таоло инсоният камолга етганида унга энг мукаммал, қиёматгача амалда қолувчи, ҳар замон ва ҳар маконда инсонни икки дунё саодатига бошловчи ҳамда абадий мўъжиза бўлмиш китоби Қуръони Каримни нозил этишни ирода қилди.
Ҳакийму Хабийр сифатига соҳиб бўлган Зот Аллоҳ Таоло мазкур китобини нозил этиш учун энг муносиб вақт, энг муносиб жой, энг муносиб тил ва ул мўъжизакор китобни биринчи бўлиб қабул қилиб олиб, бошқаларга етказадиган энг муносиб халқни ихтиёр қилди.
Энг муносиб вақт, деганимизда инсониятнинг камолга етган вақтига қўшимча равишда Қуръони Каримга эҳтиёжи роса тушиб турган вақтни ҳам кўзда тутмоқдамиз. Чунки  ўша вақтда инсоният батамом жоҳилият ботқоғига ботиб қолган, мавжуд самовий китоблар ўз вазифасини ўтаб бўлган, инсониятни ҳидоятга бошловчи муносиб янги илоҳий таълимотга эҳтиёж роса кучайган бир вақт эди. Аллоҳ Таоло ана шундай бир вақтда Ўзининг мукаммал ҳидоят маёғи бўлмиш Қуръони Каримни нозил этди.
Энг муносиб жой, деганимизда Аллоҳ таоло Қуръони Каримни нозил этиш учун танлаган макон: Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара ва уларга боғлиқ ерларни кўзда тутмоқдамиз.
Бутун олам учун ҳидоят маёғи этилмиш, Аллоҳнинг охирги китобининг айнан шу ерларда нозил қилиниши ҳам, албатта, беҳикмат бўлмаган. Аллоҳ Таоло Ўз Қуръонини нозил этиш учун ихтиёр қилган жой бир қанча ўта муҳим оммиллар қатори, Қуръон даъватининг оламшумуллигидан ҳам келиб чиққан эди. Қуръон даъвати, Аллоҳ Таолонинг охирги ва ҳамма инсоният учун қиёматгача кўзланган даъват эди. Бундоқ даъватнинг маркази қилиб Маккаи Мукарраманинг танланиши эса  ул муқаддас шаҳарнинг қуруқликнинг қоқ марказида жойланганидан келиб чиққан эди.
Бу ҳикматни инсоният Қуръон оятларини ўрганиш жараёнида яқинда англаб етди. Қуръони Каримнинг «Анъом» сурасидаги:
«Бу Биз туширган Китоб муборакдир, ўзидан олдингини тасдиқловчидир. Уммул-Қуро(шаҳарлар онаси)ни ва унинг атрофини оголантиришинг учундир...» оятини илмий равишда ўрганаётган жуғрофия олимлари Уммул-Қуро номи ила ҳам машҳур бўлган Маккаи Мукарраманинг ернинг қуруқлик қисмининг қоқ марказида жойлашганини кашф қилдилар.
Демак, бутун ер юзи учун мўлжалланган илоҳий китоб бўлмиш Қурърони Каримни нозил қилишга энг муносиб жой, ернинг инсон яшовчи қисмининг қоқ ўртаси ихтиёр қилинган экан.
Энг муносиб тил, деганимизда Аллоҳ Таоло Ўзининг охирги ва мукаммал рисоласи маъноларини ифода этиш учун ихтиёр қилган тил − араб тилини кўзда тутмоқдамиз.
Дарҳақиқат, Қуръони Каримдек қиёматгача боқий қолиши лозим бўлган илоҳий дастур учун ўзига хос имкониятларга эга бўлган тил керак эди.
Қуръони Каримдек ҳидояти бутун инсониятни қиёматгача икки дунё саодатига бошлаши лозим бўлган илоҳий китоб учун мазкур масъулиятни адо эта оладиган тил керак эди.
Қуръони Каримдек ҳар бир лафзи, ибораси, жумласи ва ояти ҳамда уларнинг маънолари илоҳий мўъжиза бўлган китоб учун алоҳида хусусиятларга эга тил керак эди. Ана ўша тил араб тили эди.
Қуръони Карим нозил бўлгандан ҳозирги лаҳзагача бўлаётган барча илмий баҳслар Аллоҳнинг охирги ва мукаммал каломининг баёни учун фақатгина араб тили муносиб эканини қайта-қайта таъкидламоқда.
Энг муносиб халқ, деганимизда ўша, Қуръони Карим нозил бўлиши даврида Арабистон ярим оролида яшаб турган арабларни кўзда тутмоқдамиз.
Дунёдаги барча халқлар қатори ўша вақтдаги арабларнинг ҳам яхши ва яхши бўлмаган томонлари бор эди. Аллоҳ Таолонинг ҳикмати ила Ул Зот Қуръони Каримни биринчи бўлиб қабул қилиб олишга танлаган халқ – арабларнинг яхши сифатлари ҳам, яхши бўлмаган сифатлари ҳам Қуръони Карим учун хизмат қиладиган бўлди.
Араблар ўша даврнинг энг жоҳил, энг илмсиз, энг урушқоқ, энг тартибсиз халқи эди. Улар Қуръони Карим нозил бўлганидан сўнг қисқа муддат ўтиши билан энг маданиятли, энг билимдон, энг одобли ва энг тартибли халққа айландилар.
Бу эса Қуръони Каримнинг мўъжизаларидан бири эди. Агар Аллоҳ Таоло Ўзининг охирги китобини ўша даврнинг энг билимдон, энг маданиятли ва қадимдан етакчилик қилиб келаётган халқига нозил қилганда, мазкур мўъжиза юзага чиқмас эди. Кишилар: «Бу халқ азалдан илмли, маданиятли, интизомли ва одобли бўлиб келган, энди бизга илоҳий калом тушди, деб даъво қилишмоқда, холос», дер эдилар.
Арабларнинг Қуръони Каримнинг қабул қилиб олишлари учун хизмат қилган яхши сифатларидан бири, уларнинг ёдлаш қобилиятларининг кучлилиги эди. Улар ўқиш-ёзишни билмаганларидан ҳамма нарсани: тарихни, насабларини, турли қасидаларни ва бошқа нарсаларни ёдлаб олиб, авлоддан авлодга ўтказиб келишар эди. Ана ўша хислат  Қуръони Каримни ҳам ўта аниқлик билан, Аллоҳ Таолодан қандоқ нозил бўлса шундоқ ҳолида ёдлаб олиб авлоддан авлодга ўтказишга хизмат қилди.
Албатта, Аллоҳ таоло Ўз Қуръонини арабларга бевосита туширавергани йўқ. Балки  уларнинг ичидан, нафақат арабларнинг ичидан, балки  бутун инсоният ичидан энг афзалини − Муҳаммад Ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танлаб олиб ўша Зотга нозил қилди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эса  ўз умматларига омонат ила Аллоҳнинг каломини етказдилар. Чунки  Аллоҳ таолонинг бу борадаги одати шу эди. Ана ўша урф бўлиб қолган одатга биноан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илоҳий каломни ваҳийнинг амини бўлмиш фаришта  Жаброил алайҳиссалом келтириб турдилар.
Олам тарихидаги энг муҳим ҳодиса саналмиш бу жараён − Қуръони Каримнинг нозил бўлиши жараёнининг бошланиш нуқтаси, Ҳиро ғорида, Рамазон ойининг ўн еттинчи кунида содир бўлди. Тарихдаги энг улуғ кун бўлмиш бу куни тарихдаги энг улуғ иш − Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал китоби нозил бўла бошлади.
Буюруқ майлидаги, «Иқроъ» – «Ўқи», «Қироат қил» маъносидаги сўз билан бошланган бу илоҳий дастурнинг номи, «ўқимоқ», «қироат қилмоқ» маъносини англатувчи масдар – «Қуръон» бўлиб қолди.
Луғат илми мутахасислари «Қуръон» лафзининг «ўқимоқ», «қироат қилмоқ»дан бошқа  «жамлаш» маъноси ҳам борлигини таъкидлайдилар. Бунда Аллоҳ таолонинг охирги каломи ўзидан олдин нозил бўлган барча илоҳи китобларнинг маъно, ҳикмат ва аҳкомларини ўзида жамлаганига ишорат бордир.
Мана ўн беш асрдан буён кўпчилик «Қуръон» лафзининг луғавий маъносини билмаса ҳам, унинг мусулмонларнинг муқаддас китоби эканлигини билиб келмоқда.
Лекин Қуръони Каримни таниш унинг исмининг луғавий маъносини ёки кимларнинг муқаддас китоби эканини билиш билангина бўлмайди. Фақатгина ул муқаддас китобни қандоқ китоб эканлигини билиш учун ҳам, махсус илм эгалари таърифига мурожаат қилишга тўғри келади. «Улумул Қуръон» илми соҳиблари Қуръони Каримни қуйидагича таърифлайдилар:
«Қуръон – Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган, тавотир ила нақл қилинган, ибодатда ўқиладиган, ожиз қолдирувчи каломидир».
Ушбу таърифни яхши тушуниб етишимиз учун бир оз шарҳлашга тўғри келади.
«Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган, деган жумладан Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилмаган, Забур, Таврот ва Инжилга ўхшаш ваҳийлари Қуръони Карим бўлмаслиги келиб чиқади.
Ҳақиқий Забур, Таврот ва Инжил ҳам Аллоҳ таолонинг каломи, аммо Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлмаганлари учун Қуръони Карим бўла олмайдилар.
«Тавотир ила нақл қилинган», деган иборадан тавотир ила нақл қилинмаган калом Қуръони Карим бўла олмаслиги келиб чиқади.
Тавотир ила нақл қилинган, дегани эса каломни ёлғончига чиқариб бўлмайдиган даражада кўп сондаги кишилар томонидан нақл қилинишига айтилади. Уларнинг ҳаммалари ишончли одамлар бўлиб, бирор оғиз ёлғонга яқинлашмаган, кўпликлари жиҳатидан ёлғонга келишиб олиш имконлари ҳам йўқ бўлади.
Қуръони Каримнинг биринчи калимасидан бошлаб, охирги калимасигача айнан худди ана шу тариқада нақл қилинган.
Қуръони Каримни Аллоҳ таолодан ваҳийнинг амийни – ишончли соҳиби бўлмиш, Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нақл қилганлар.
Ушбу нақл қандоқ кечишини, яъни  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим оятлари Жиброил алайҳиссалом томонларидан қадоқ етказилишини кўпчилик саҳобалар ўз кўзлари ила кўриб, қулоқлари ила эшитиб турганлар.
Бунинг устига ҳар сафар ваҳий нозил бўлгандан сўнг  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга мирзаларни чақиринглар», деганлар ва ваҳийни ёзувчи саҳобалар келганларидан сўнг Жаброил алайҳиссаломдан ояти карималарни қандоқ қабул қилиб олган бўлсалар. шундоқ қилиб ўқиб берганлар. Мирзалик қилувчи саҳобалар оятларнинг ҳар бир ҳарфини улкан эҳтимом ила ёзганлар, бошқа саҳобалар эса  ана шундоқ эҳтимом ила ёд олганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримнинг ҳар бир оятини, ҳар бир калимаси ва ҳарфини мисли кўрилмаган эътибор ила қабул қилиб олиниши, ёдланиши ва ёзилиши ҳамда амал қилинишига   васфига сўз ожиз қоладиган даражада катта аҳамият берганлар.
Аллоҳ таоло эса  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримнинг ўзида Жаброил алайҳиссаломнинг қироатига диққат билан қулоқ осишни амр этган.
Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссаломдан Қуръони Карим оятларини қабул қилиб олган саҳобаи киромлар ўз шогирдларига юқорида зикр қилинган муомалани қилганлар.
Шу тарзда ҳозиргача Қуръони Карим сонсиз- саноқсиз одамлар томонидан ишончли тариқада нақл қилиниб қелинмоқда. Бу нақлда асосий эътимод ёд олишгадир. Ҳар бир қори ўз шогирдига ҳар бир ҳарф, ҳар бир калима, ҳар бар оят ва ҳар бир сурани ўз устозидан қандоқ қабул қилиб олган бўлса, худди ана шундоқ қилиб етказиб келди.
Бу жараён ҳозир ҳам мувофаққият билан давом этмоқда. Шунинг учун ҳам ҳар бир Қуръон ўқувчи мусулмоннинг қироат бўйича силсиласи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб боради. Ана шу силсилага суянилмаса, яъни  авлоддан авлодга ўтиб келган расмий қироат изни бўлмаса, Қуръон ўқувчи қори ҳисоланмайди. Дунёда ҳеч бир китоб бунчалик иноятга сазавор бўлган эмас.
Ибодатда ўқиладиган  деган қайддан, намозда ўқиладиган, маъно келиб чиқади.
Қуръони Карим тиловатисиз намоз бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийлари, мисол учун, ҳадиси қудусийларни намозда ўқиб бўлмайди. Намозда ўқишга фақатгина Қуръони Карим хос қилинган. Бу ҳам Ул илоҳий китобнинг ўзини алоҳида ажратиб турувчи сифатларидан биридир.
Ожиз қолдирувчи калом, деган сифат ҳам фақатгина Қуръони Каримнинг ўзига хос сифатлардан биридир.
Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, ҳар бир сураси, ҳам лафз жиҳатидан, ҳам маъно жиҳатидан ва ҳам аҳкому ахбор жиҳатидан кишиларни ожиз қолдирувчидир. Яъни  инсонлар ҳар қанча уринсалар ҳам, унга ўхшаш нарсани ижод қила олмайдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг ўзида одамларни агар қодир бўлсалар, Қуръони Каримга ўхшаш нарса келтиришга чақирган. Одамлар ҳар қанча уринмасинлар, бу ишнинг уддасидан чиқа олмаганлар ва чиқа олмаяптилар ҳам.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримни Ўзининг энг афзал ва энг сўнгги Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг асосий мўъжизаси қилди. Аввал ўтган Пайғамбарларнинг мўъжизалари моддий мўъжизалар бўлиб, ҳар бир Пайғамбарнинг бу дунёда туришига боғлиқ қилинган эди. Пайғамбар алайҳиссалом бу дунёдан ўтишлари билан, у Зотга берилган мўъжиза ҳам ўз кучини йўқотар эди. Чунки  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча Пайғамбарларнинг шариатлари вақтинчалик эди. Шунинг учун уларнинг мўъжизалари ҳам вақтинчалик бўлган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари қиёматгача боқий бўлганидан, ул Зотнинг асосий мўъжизалари ҳам  қиёматгача боқий қоладиган, ул Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига боғлиқ бўлмаган, маънавий мўъжиза – Қуръони Карим қилинди.
Юқорида зикр этилиб, шарҳ қилинган таърифдаги Қуръони Карим мусулмонлар ўн беш асрдан буён эътиқод қилиб, эъзозлаб, ёд олиб, авлоддан авлодга нақл қилиб, китоб шаклида ёзиб, ибодатларида тиловат қилиб ва ниҳоят амал қилиб келаётган илоҳий китобдир. Дунёдаги яккаю ягона, бирор ҳарфи ҳам ўзгармай, Аллоҳ таолодан қандоқ нозил бўлган бўлса, шундоқ сақланиб келаётган китоб ҳам  худди шу Қуръони Каримдир.
Қуръони Каримнинг бу шаклда муҳофазада бўлиб келаётгани, аввало, Аллоҳ таолонинг инояти иладир. Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримнинг «Ҳижр» сурасида:
«Албатта, Зикрни Биз нозил қилганмиз ва, албатта, уни Биз муҳофаза қиламиз», деб қўйгандир.
Ана ўша ваъдага биноан Аллоҳ таолонинг Ўзи Ўз Қуръонини у нозил бўлган биринчи лаҳзадан ҳозиргача заррача ўзгаришсиз муҳофаза қилиб келмоқда ва қиёматгача муҳофаза қилгай. Чунки Ул Зот Ўз ваъдасига ҳеч хилоф қилмас.
Биз ожиз бандалар эса  Аллоҳ таолонинг мазкур ваъдасининг ҳозиргача юзага чиқишига Ислом уммати сабаб бўлиб келаётганини мулоҳаза қила оламиз, холос.
Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзининг Қуръони Каримни муҳофаза қилиш ҳақидаги ваъдасини юзага чиқиши учун мусулмон умматини хизматкор қилиб қўйганини кўрамиз. Бундоқ мисли кўрилмаган буюк масъулиятни адо этишда Ислом умматига Қодир Аллоҳ таолонинг Ўзи доимий ёрдамда бўлди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ биринчи авлод мусулмонлари, саҳобаи киромлар, Қуръони Каримни Аллоҳ таоло ирода қилганидек қабул қилиб олдилар, ёдладилар, ўқиб-ўргандилар, ҳаётга тўлиқ татбиқ қилдилар ва ўзларидан кейинги авлодга бу улкан омонатни шараф билан топширдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида бошқа нарсалар қатори Қуръони Каримга тегишли масъулият ҳам, асосан, у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларига тушар эди. Ислом уммати бошқа масъулиятлар қатори, Қуръони Каримни муҳофаза қилиш масъулиятини ҳам ўзининг ҳабиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқи Аълога интиқол қилганларидан сўнг ҳис эта бошлади. Бундай пайтларда бутун бошли уммат ўз етакчилари бошчилигида сафарбарликка отланадиган бўлди. Энг қувончлиси, Қуръони Карим атрофида пайдо бўлган масалани ҳал қилишда бирор ишни амалга оширишни таклиф қилган ҳам, ўша ишни рад қилган ҳам, икки ўт орасида куйган ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг китобини муҳофаза қилишни ўйлар эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг бошланиб кетган ридда урушларида Қуръони Карим ҳофизлари бўлмиш саҳобаларнинг кўплаб шаҳид бўлишлари Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун хатар бўлиб кўринди.
У киши  агар қорилар шу шаклда қирилиб кетаверсалар Қуръони Каримга зарар етади, деган фикрга бориб, халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга Қуръони Каримни бир китоб шаклида тўплаб қўйишни таклиф қилдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бўлсалар бу ишни Қуръони Каримнинг зарарига бўлади, деб ўйладилар. У киши, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қандоқ қиламан, деб туриб олдилар.
Ушбу масала бўйича қолган саҳобаи киромлар ҳам иккига бўлиндилар. Кераклича баҳс ва тортишувлар ниҳоясида ҳамма бир фикрга келиб, Қуръони Карим муҳофазаси учун уни бир китоб шаклида тўплаб қўйиш керак, деган фикрга келдилар. Биргаликда бу улкан ишни қандоқ амалга ошириш режаси, шартлари, қоидалари ва кимлар раҳбарлик қилишига келишилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ёзиб бўлинган бўлса ҳам тарқоқ ҳолда турган Қуръони Карим ёзувларини тўплаб, оят ва сураларни тартибга солиб ёзиб чиқилди. Ўша ёзувларни ичига олган саҳифаларни тўплаб, белини боғлаб, мусҳаф, деб номлаб, халифанинг қароргоҳига қўйиб қўйдилар.
Шу билан Қуръони Карим муҳофазаси учун Ислом уммати амалга оширган муҳим бир иш охирига етди. Ўша иш ҳозиргача ўз самарасини бермоқда.
Кези келганда бу борадаги муҳим бир масалани эслаб ўтмоғимиз лозим. Мазкур  Қуръони Каримни жамлаш ишини ғарблик шарқшунослар зулм ва бўҳтон тариқасида, Қуръонни таҳрир қилиш, деб атайдилар.
Таҳрир дейилганда, ёзилган асарни қайта кўриб чиқиб, баъзи сўз ва жумлаларни алмаштириш, баъзиларини олиб ташлаш, баъзиларини янгидан қўшиш, хатоларни тўғрилаш каби ишлар, тушунилади. Шунга биноан, ноинсоф кишилар, саҳобалар Аллоҳ таолонинг каломига тузатиш киритганлар, демоқчилар. Аслида эса  кўриб ўтганимиздек, саҳобаи киромлар, Пайғамбаримиз даврларида ёзилгану турли кишилар қўлида тарқоқ ҳолда турган оятларни бир жойга тўплаганлар, холос. Улар ҳар бир ёзувни масжидга, жамловчи гуруҳ ҳузурига келтирган шахс ўша нарсани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳ ҳам келтиришни шарт қилиб қўйганлар.
Шундоқ қилиб, Қуръони Каримнинг ҳар бир ҳарфининг ёзилиши ҳам Аллоҳ таоло ирода қилгандек бўлишини таъминлаганлар. Бўлмаса  бошқа кўплаб саҳобалар у ёқда турсин-у, Зайд Ибн Собит ва Умар Ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга ўхшаш жамлаш гуруҳи аъзоларининг ўзлариёқ Қуръони Каримни сувдек ёд билар эдилар. Лекин уларнинг вазифаси нима қилиб бўлса ҳам Қуръони Каримни ёзиш эмас, Қуръони Каримни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида ёзилганини ишончли ҳужжат-далил асосида жамлаш эди. Бу эҳтиёт чораси учун қилинган иш эди. Ёзилган саҳифалар белидан боғланиб, халифанинг қароргоҳига қўйилди, холос. Уларни ҳеч ким ўқимади ҳам, қайтадан ёзмади ҳам ёки бошқа бирор иш қилинмади ҳам.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Қуръони Карим муҳофазаси учун яна бир иш қилиш зарурати туғилиб қолди. Ўша вақтга келиб, кўп диёрлар фатҳ қилиниб, турли араб бўлмаган халқлар мусулмон бўлиб, устозлар етишмай қолиб ва яна бошқа сабаблар юзага чиқиб Қуръони Каримни қироат қилишда ихтилоф бошланган эди.
Қуръони Карим муҳофазасига боғлиқ бу улкан хатарни биринчи бўлиб, Озарбайжонда жиҳодда юрган саҳобий, Ҳузайфа Ибн Ямон розияллоҳу анҳу англаб етдилар. У киши жиҳодни ташлаб, пиёда Мадинаи Мунавварага қайтиб бордилар ва халифа Усмон розияллоҳу анҳунинг олдиларига кириб, умматни яҳудий ва насороларга ўхшаб Аллоҳнинг китоби тўғрисида ихтилоф қилмасидан олдин сақлаб қол, дедилар.
Яна баҳс ва тортишувлар бўлиб ўтди. Нима бўлса ҳам Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун бўлди. Охири Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида ёзилган мусҳафдан олти нусха кўчириш ва уларни биттадан қори билан турли марказларга юборишга қарор қилинди.
Ана ўша асл мусҳафдан олти нусха кўчириб олишни баъзилар, Қуръонни иккинчи бор таҳрир қилиш, деб атайдилар. Ноинсофлик ҳам шунчалар бўладими. Ахир бир китобдан нусха кўчириш билан уни таҳрир қилиш орасида ер билан осмончалик фарқ бор-ку! Саҳобаи киромлар мусулмонлар Қуръони Карим қироатида ихтилоф қилмасинлар, деб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги ёзувга мос, тартибли қилиб қўйилган мусҳафдан бирор ҳарфни ўзгартмай нусха кўчирганлар, холос. Агар улар ёд олганларига суяниб ёзсалар ҳам бўлаверар эди. Аммо ҳамма нарса ҳужжат-далилли, худди Аллоҳ ирода қилгандаек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатганларидек бўлишини хоҳладилар, холос.
Янги олинган нусхаларни биттадан қорилар билан турли марказларга юборилар экан, халифа Усмон розияллоҳу анҳу, фақат ушбу мусҳафларга ва улар билан юборилган қориларнинг қироатига эътимод қилиш, Қуръони Каримдан бошқа нимаики ёзилган бўлса, куйдириб юбориш ҳақида амр қилдилар. Бу амр ўзининг муқаддас китобини муҳофаза қилиш йўлида ҳар қандай ишга тайёр турган мусулмон уммати томонидан мамнуният ила амалга оширилди. Баъзи катта саҳобалар ўзларининг шахсий мусҳафлари ҳақида бир оз мулаҳозага борган бўлсалар ҳам, кейинчалик бирор ҳарфи кўпчилик қабул қилган нусхага ўхшамай қолса ихтилоф чиқмасин, деб куйдириб юбордилар.
Шу тарзда мусулмон уммати томонидан Қуръони Карим муҳофазаси йўлида яна бир улкан иш амалга оширилди.
Кейинчалик, нусха кўчириш йўлга қўйилиши жараёнида фақатгина Ҳазрати Усмон даврида ёзилган нусхаларга суяниш жорий бўлди. Охири келиб, ҳар бир нусханинг ишончли эканини тасдиқлаш мақсадида, бу нусха Мусҳафи Усмонга мувофиқдир, деб ёзиб қўйиладиган бўлди. Шундоқ қилиб, Қуръони Каримнинг ҳарфларини ёзиш услуби ҳам бир хиллиги сақлаб қолинди.
Бу маънодаги эҳтиёткорлик шу даражага етдики, Қуръони Каримнинг ҳарфларига бирор нуқтачалик ҳам ўзгариш кирмасин, деган қасд ила уламоларимиз, мусҳаф ичига гул, дарахт барги ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларни мутлақо қўйиб бўлмайди, акс ҳолда, ўша нарсалар саҳифага ёпишиб қолса шубҳа пайдо бўлиши мумкин, деб фатво чиқардилар.
Замон ўтиши билан яна янги муаммолар пайдо бўла бошлади. Араб тилини яхши билмайдиган мусулмонлар кўпайиши билан, Қуръони Каримни ўқишда муаммо хам кўпайди. Кишилар Қуръони Каримни хато ўқишлари ва ихтилофга тушишлари хавфи кучайди. Қуръони Карим муҳофазаси учун яна ҳаракат қилиш зарур бўлиб қолди. Кераклича олиб борилган маслаҳатлардан сўнг  кишилар Қуръони Каримни хато ўқимасликлари ва Қуръони Карим қироати ҳақида турли ихтилофларга тушмасликлари учун, мусҳафларга фатҳа, касра, замма аломатлари қўйиш керак, деган фикрга тўхталди. Бунда ҳам асл ҳарфларга зарра ўзгариш аломати кирмаслик шартлари ишлаб чиқилди.
Тарихда бу иш Қуръони Каримни нуқталаш, номи ила собит бўлди. Чунки  мазкур ўта аҳамиятли ишни амалга оширган олим Абул-Асвад ад-Дуалий юқорида зикр қилинган аломатларни ҳарфларнинг усти, ости ва ўртасига қўйилган нуқталар ила ифодалаган эди.
Кейинчалик, замон ўтиши билан, вазият тақозо қилганда, бошқа аломатлар ҳам худди шундоқ эҳтиётлик ва аниқлик билан қўйиб чиқилди. Ислом уммати ўзига Аллоҳ таоло томонидан берилган, илоҳий дастур-Қуръони Каримни ана шундоқ тарзда кўз қорачиғидек, балки  ундан ҳам авайлаброқ сақлаб келди.
Замон ўзгариб, техник тараққиёт даври келганда, Қуръони Каримни техник жиҳозлар воситасида чоп этиш масаласи кўндаланг бўлди. Уламолар дастлаб бу ишга рухсат бермадилар. Улар музкур услуб ила чоп этиш Қуръони Каримнинг обрўсига тўғри келмайди, деган тушунчага борган эдилар. Чунки  аввалги чопхоналар мусулмонмас шахсларга хос бўлиб, Қуръони Каримни чоп этиш фикри ҳам ўша шахслардан чиққан эди. Ҳақиқатда, агар ўша пайтда Қуръони Каримни чоп этишга рухсат берилса, унинг обрўсига тўғри кемас эди. Вақт ўтиши билан мусулмонлар ҳам чопхона ишларини ўзлаштирдилар, Қуръони Каримни кўплаб чоп этишга эҳтиёж роса ортиб борди ва уламоларимиз муқаддас китобимиз муҳофазаси  учун керакли шартларни қўйиб, уни чоп этишга изн бердилар.
Ана шундоқ тарзда, Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримни муҳофаза қилиш ҳақидаги ваъдаси амалга ошиб келмоқда. Ҳозирги лаҳзагача Аллоҳ таолонинг инояти ила Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг ҳузуридан қандоқ нозил бўлса, бирор ҳарфи ўзгармай, ўшандоқ ҳолида турибди. Тарих давомида душманлар Қуръони Каримга ўзгартиш киритиш учун турли йўллар билан ҳаракат қилдилар, аммо  Ислом уммати доимо ҳушёр турди. Ҳар бир янги пайдо бўлган Қуръони Карим нусхасини дарҳол синчковлик билан текшириб, хатоси бўлса, ҳамма томонга жар солиб, ўша нусханинг барча ададларини куйдириш йўлга қўйилмоқда.
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинким, ҳозирги онларгача Қуръони Карим Аллоҳ нозил қилган ҳолида, заррача ўзгаришсиз ўқилмоқда, ёдланмоқда ва ёзилмоқда. Бу маънода Қуръони Карим ягона китобдир.
Қуръони Карим биринчи бор ёзилгандан бошлаб ҳозиргача бирор ҳарфи ҳам ўзгармагани аниқ.
Қуръони Карим биринчи бор талаффуз қилинганидан бошлаб, ҳозиргача бирор лафзи бошқача талаффуз қилинмагани аниқ.
Бошқа илоҳий китобларда мазкур ҳолни топиб бўлмаслиги ҳаммага, жумладан, ўша китобларга эътиқод қилувчиларга ҳам аён.
Мазкур эътибордан, Қуръони Каримнинг ҳозирги ҳолида Аллоҳ таоло томонидан собит бўлгани қатъий эканига эътиқод қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам вожибдир. Қайси бир мусулмон унинг бирор сураси, ояти ёки ҳарфининг собит бўлиши қатъий эканига шубҳа қилса, диндан чиқиб, кофир бўлади.
Шу билан, баҳсимизнинг Қуръони Каримнинг матнига боғлиқ қисмига якун ясасак бўлади. Энди баҳсимизнинг иккинчи, Қуръони Каримнинг маъносига боғлиқ қисмига ўтайлик.
Исломда Қуръони Каримнинг лафзи, қироати ва расми-хати собит бўлиши қатъийлигига иттифоқ қилинганидек, унинг маъноси, инсонларга нисбатан, қатъий эмаслигига ҳам иттифоқ қилингандир. Яъни  Қуръони Каримнинг тўлиқ маъносини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Инсонлар эса  илмига, қобилиятига қараб, насиб қилганича биладилар.
Бу − Қуръони Карим топишмоқсифат, тушуниш   қийин нарсадир, дегани эмас. Қуръони Карим очиқ услубдаги, батафсил баёнли, очиқ китобдир. Лекин шу билан бирга, Қуръони Каримнинг араб сўз усталарини ва бутун мавжудотни қиёмат қоим бўлгунча ўзига ўхшаган нарса келтиришдан ожиз қолдирувчи, абадий, илоҳий мўъжиза эканлиги бир он ҳам ёдимиздан кўтарилмаслиги лозим.
Дунёга донғи кетган сўз усталари, олий даражадаги балоғат ва фасоҳат соҳиблари Қуръони Каримнинг баъзи оятларини эшитишлари билан, Аллоҳга қасамки, бу  башарнинг каломи эмас! дер эдилар. Албатта, ана шундоқ даражадаги каломнинг ўзига яраша савияси бўлади. Мазкур савияга яроқли кишилар учун Қуръони Каримни англаб етиш жуда ҳам осон. Қолганлар эса  савияларига қараб ўзлаштирадилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврлари – замони саодатда  Қуръони Каримни етарлича англаш савиясидаги кишилар кўпчиликни ташкил қилар эди. Улар соф араб табиати ва тилининг олий даражадаги номояндалари эдилар. Арабистоннинг турли жойларида сўз, хутба, шеър усталарининг мусобақалари доимий равишда ўтқазилиб турар эди. Бу маънодаги ишлар араблар ҳаётида қандоқ жой эгаллашини яхшироқ тушуниб етиш учун, шеър мусобақаси ғолибларининг шеърлари Каъбаи муаззама ичига осиб қўйилишини эслашнинг ўзигина етарлидир.
Лекин шундоқ бўлса ҳам, кўпчилик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзи яхши тушуна олмаган ояти карималарнинг маъносини сўраб олар эди. Шунингдек, саҳобаи киромлар ҳам бир-бирларидан Қуръони Карим маъноларини сўрашар ва айтиб беришар эдилар.
Демак, Қуръони Каримга маъно айтувчи биринчи муфассир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бўлсалар, у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги ўринда илми ўткир саҳоба розияллоҳу анҳум  турганлар. Шубҳасиз, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларининг борликлар бу борадаги барча муаммоларни осонлик билан ҳал қилишга бош омил бўлган.
Аммо у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам рафиқи аълога интиқол қилганларидан сўнг Қуръони Карим маъноларини нотўғри тафсирлардан муҳофаза қилиш масъулияти Ислом уммати зиммасига тушди. Бу улкан масъулиятни талаб даражасида адо этиш учун Қуръони Карим тафсири билан шуғулланадиган кишида бўлиши зарур шартлар ишлаб чиқилди. Қуйида ана шу шартлардан баъзиларини келтирамиз:
Биринчи шарт:
Тафсир билан шуғулланадиган шахс  соф эътиқодли бўлиши керак.
Чунки  эътиқод масаласи ўта нозик иш эканлиги ҳаммага маълум. Эътиқод масаласида нуқсони бор киши тафсир қилса, тафсири ҳам нуқсонли чиқиши турган гап.
Шунинг учун ҳам эътиқодида «Аҳли Сунна ва Жамоа» мазҳабидан озгина оғиш бор шахсга тафсир қилишга изн берилмаган ёки ундоқ одам қилган тафсир йўқ қилинган. Бас, гап шундоқ экан, эътиқодсиз, бенамоз, баъзи гуноҳ ишларни содир этганлиги маълум бўлган кишилар ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.
Иккинчи шарт:
Ҳавои нафсга эргашишдан холи бўлиш.
Бошқача қилиб айтганда, тафсирчи бўлиш ниятидаги шахс тарафкашлик дардига чалинган бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, унинг ишида хиёнат содир бўлиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам  Қадария, Рофиза, Мўътазила каби тоифаларга мансуб шахсларнинг тафсирлари қабул қилинмаган.
Учинчи шарт:
Араб тилини ўта яхши билмоқ.
Бу ҳеч қандоқ изоҳга ўрин қўймайдиган шартдир. Қуръони Карим араб тилида нозил бўлган, араб тилини яхши билмай туриб Қуръони Каримни биламан, дейишлик мутлақо ноўриндир. Араб тили чексиз луғат уммони билангина чегараланиб қолмайди. Балки  араб тили бундан бошқа яна бир неча улуғ илмларни ўз ичига олгандир. Наҳв, Сарф, Маоний, Баён, Бадийъ, Фасоҳат каби илмлар шулар жумласидандир.
Бу борада Улуғ тобеинлардан бўлмиш Мужоҳид розияллоҳу анҳунинг қуйидаги гапларини келтиришнинг ўзи кифоя қилса керак, деб ўйлаймиз:
«Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган киши учун араб тили олими бўлмай туриб Аллоҳннг китоби ҳақида сўз айтмоқ ҳалол эмас».
Тўртинчи шарт:
Қуръони Каримга боғлиқ илмларни яхши билмоқ.
Мазкур илмларга, жумладан, Қироатлар илми, илми Тавҳид, илми Сабаби нузул, илми Носих ва мансух, илми Ом ва хос, илми Муташобиҳ ва бошқа бир қанча илмлар киради.
Бешинчи шарт:
Аввало, Қуръонни Қуръон билан тафсир қилмоғи шарт.
Чунки  бир маъно Қуръоннинг бир жойида умумийроқ зикр қилинган бўлса, бошқа бир жойида батафсилроқ баён қилинган бўлади, бир оятда қисқа ишора қилиб қетилган нарса иккинчи оятда кенгайтирилиб тушунтирилади. Шунинг учун Қуръони Каримни яхши ва чуқур англашда унинг оятларини бир-бирига солиштириб ўрганиш катта аҳамият касб этади.
Олтинчи шарт:
Қуръонни Суннати мутоҳҳара билан тафсир қилмоқ.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари Қуръони Каримнинг шарҳи ва татбиғи бўлиб келгани ойдек равшан нарса. Шунинг учун Қуръони Каримни тафсир қилмоқчи бўлган шахс Пайғамбар алайҳиссаломнинг Суннатларини жуда ҳам яхши билмоғи шартдир.
Еттинчи шарт:
Тафсирни Қуръони Каримнинг ўзидан ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидан топмаса, саҳобаларнинг гапларига қайтмоқ.
Чунки  саҳобаи киромлар розияллоҳу анҳум  Қуръони Каримнинг нозил бўлишига шоҳид бўлган, ўша даврни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаган, Қуръони Каримни аниқ тушуниб етган кишилардир.
Саккизинчи шарт:
Агар тафсирни юқорида зикр қилинган масдарлардан бирортасида ҳам топа олмаса, тобеинларнинг тафсирига қайтиш.
Чунки тобелар  саҳобалардан дарс олган авлоддирлар. Саҳобалардан кейин Қуръони Каримни энг яхши биладиган авлод ҳам ўша кишилардир.
Тўққизинчи шарт:
Ўткир фаҳмли бўлмоқ.
Бу сифат  бир маънони иккинчисидан устун қўя билиш ва шариат мақсадларига мос маъноларни истинбот қилиш учун керак бўлади.
Ушбу шартларни ўзида мужассам қилган кишигина тафсир билан шуғулланиши мумкин, десак, бир оз шошилган бўламиз. Уламоларимиз муфассир бўлишдек улуғ бахтга эришиш учун ўзига яраша одобларга ҳам эга бўлишни шарт қилиб қўйганлар. Мазкур одоблар қуйидагилардан иборат:
1. Яхши ниятли ва соғлом мақсадли бўлмоқ.
Муфассир фақат Аллоҳ таолонинг розилигини ва охират савобини ҳамда дину диёнат равнағини ўйлаб иш қилмоғи лозим. Орага бошқа ғаразлар аралашса, бўлмайди.
2. Ҳусни хулқли бўлмоқ.
Албатта, Қуръони Каримга боғлиқ одам Қуръоний ахлоқ-одобларга эга бўлмоғи лозим. Бўлмаса, унинг қилган тафсиридан не фойда бор?
3. Илмига амал қилмоқ.
Амалсиз илм бефойда экани ҳаммага маълум. Бу нарса Аллоҳ таолонинг китобига боғлиқ бўлганда яна ҳам ўзгача маъно касб этиши ҳам турган гап.
4. Маъноларни нақл қилишда содиқ ва аниқ бўлиш.
Муфассир ўзи аниқ ишониб етган маъноларнигина гапирмоғи ёки ёзмоғи керак. Акс ҳолда, гаплар бир-бирига аралашиб, ноаниқлик юзга келиши мумкин.
5. Иззатини билмоқлик.
Муфассир ўзини хор қилмаслиги, пастга урмаслиги лозим. У турли бўлмағур ишлардан, бошқаларнинг ҳузурида ўзини паст тутишдан сақланмоғи керак.
6. Ҳақгўй бўлмоқ.
Аллоҳ таолонинг каломида ҳақгўл бўлмаса, нимада ҳам ҳақгўй бўлиши мумкин.
7. Виқорли бўлмоқ.
Муфассир юриш-туришда, ҳаракату саканотда виқорли бўлиб, ташқи кўринишида ҳам ҳайбат касб қилмоғи лозим.
8. Тавозуъли ва ҳалим бўлмоқ.
Агар бу сифатлар бўлмаса, одамлар унинг илмидан фойда олишлари қийин бўлади.
9. Оғир-босиқ ва салмоқли бўлмоқ.
Муфассир тасарруфотларида ва гап-сўзида шошмасдан, аниқлик ва босиқлик билан тасарруф қилмоғи керак.
10. Пешқадам олимларни ўзидан устун қўймоқ.
Ўзидан кўра пешқадам бўлган олимларни ҳурмат-эътиборини жойига қўя олган кишигина ҳақиқий муфассир бўла олади.
Ушбу шарт ва одоблардан Ислом уммати Қуръони Карим маъноларини муҳофаза қилиш учун қанчалик ҳаракат қилгани кўриниб турибди. Ушбу тариқа ҳаракат қилиб бориб, Қуръони Каримга маъно айтишга фақат етук кишиларгина саралаб олинган. Турли ғаразгўйлар учун мазкур мартабанинг эшиги маҳкам беркитилган. Мазкур шартлар ва одобларни ўзида мужассам қилмаган шахсларнинг қилган тафсирларига биров қулоқ ҳам осмаган, ёзганларини ҳеч ким ўқимаган. Шу тарзда тақволи, ҳақиқий илм соҳиби бўлган муфассирлар ўз-ўзидан ажраб, қадр топиб келаверган.
Ислом уммати ўзи ишонган тафсирчиларни ўзига хос услуб ила танлаб олган бўлса, ўша танланган тафсирчилар Аллоҳнинг китоби, Қуръоннинг маъноларини мусулмонларга етказиш учун силқи дилдан хизмат қилиб келишди. Ислом маданияти гуллаган пайтларда тафсирчилик ҳам гуллаб яшнади.
Мусулмонлар тушкинликка юз тутганларида эса  ишлар орқага кетди. Авваллари Ислом етган ерларнинг аҳолиси араб тилини ўрганиб, ўша тил орқали Аллоҳ таолонинг китоби билан танишган бўлса, кейинчалик мусулмонлар заифлашиб, янги мусулмонларга араб тилини ўргатиш у ёқда турсин, ўзлари ҳам ул тилни керак даражада ўргана олмай қолдилар. Вақт ўтиши билан  араб тилини билмайдиган мусулмонлар Қуръони Карим маъноларини кандоқ ўрганадилар, деган савол пайло бўлди. Гап таржимага бориб тақалди. Лекин уламолар бир овоздан, Қуръони Каримни таржима қилиб бўлмайди, деб туриб олдилар. Уларниг фикрларича, Қуръони Карим илоҳий, мўъжиза калом бўлиб, унга ўхшаш арабча калом келтириш имкони бўлмаганидан кейин, унинг мақсадини бошқа тилда, айни шаклда баён қилиш имкони ҳам йўқ эди. Қуръони Карим савиясида бўлмаган нарсани Қуръон, деб аташ эса   мутлақо мумкин эмас. Энг муҳими, Қуръони Карим таржимаси, деган даъво билан кишиларни ҳақиқий Қуръондан узоқлаштириш хавфи туғилиши мумкин эди.
Ушбу ва шунга ўхшаш мулоҳазалар асосида Қуръони Карим таржимаси мумкин эмас, деган қатъий қарор чиқди. Шунинг учун ҳам  қадимда бошқа тилларда Қуръони Каримга ёзилган тафсирлир ёки тушинтиришларни учратамиз-у, аммо  Қуръони Карим оятларининг бевосита таржималарини деярли учратмаймиз.
Ушбу ҳолатнинг ёрқин намуналаридан бири, бундан эллик-олтмиш сана илгари бўлиб ўтган. Ислом ва Қуръонга хайрихоҳ бўлмаган ҳукмдорлардан бири, Қуръони Каримга ўз тилида битта тафсир ва битта таржима ёзилишига амр этади. Ўша пайтнинг етук кишиларидан бирлари тафсир ва яна бирлари таржима ёзишга ихтиёр қилинадилар. Таржимон ишни бир оз юриштиргандан сўнг Мисрга боради. Мисрлик уламолар у кишига қилинаётган таржима Қуръони Карим муҳофазаси учун хизмат қилмаслиги, аксинча ўта хатарли иш бўлиб, мазкур ҳоким шу таржима ёрдамида катта бир мусулмон халқни ҳақиқий Қуръони Каримдан узоқлаштириш мақсадида эканини англатадилар. У киши юртига қайтиб бориб, қилган таржимасини куйдириб ташлаб, ҳукмдорга: «Мен Қуръони Каримни таржима қила олмас эканман», деб айтади.
Демак, йигирманчи мелодий асрнинг бошларигача Қуръони Каримни таржимасига расмий рухсат берилмаган. Яъни  исломий сиёсатда бу иш марғуб иш ҳисобланмаган. Уламоларимиз бу ишни жоиз, деб фатво бермаганлар.
Замон ўзгариб, турли халқлар орасидаги алоқалар ривожланиши асносида ғарб халқлари ҳам мусулмонлар билан борли-келди қилишга ўтдилар. Мазкур борди-келдилар мустамлакачилик асосида бўлгани ҳаммага маълум. Бу омил барча алоқаларга ўз соясини солиб туриши ҳам маълум. Худди ўша омил юзасидан ғарб халқлари Қуръони Каримни ўз тилларига таржима қилишни бошладилар. Қуръони Каримнинг маъноларини билиш мусулмон халқлари ичида мустамлакачилик сиёсатини олиб борувчиларга жуда ҳам зарур эди.
Шунинг учун ҳам  Қуръони Карим маъноларини, асосан, ғарб мустамлакачилигининг содиқ аскарлари, шарқшунослар  томонидан таржима қилинганини кўрамиз. Улар мазкур таржималарни ўзларича, ҳавои нафслари хоҳлаганича қилдилар ва  Қуръон  деб номладилар. Кўпроқ асл арабча матндан эмас, бошқа таржималардан таржима қилингани ҳам сир эмас.
Ана ўша таржималарни нафақат мустамлакачилар, балки  уларнинг тилини биладиган баъзи мусулмонлар ҳам ўқий бошладилар. Чунки  ҳар бир мусулмонда Қуръони Карим маъноларини билиш орзуси бўлиши турган гап. Шунингдек, ҳар бир мусулмон ҳам араб тилини билмаслиги аниқ гап. Ушбу омиллар ва Қуръони Карим таълимотларини, Ислом динини бутун дунёга тарқатиш масъулияти уламоларимизни Қуръони Карим маъноларини таржима қилиш масаласини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.
Авваллари айнан Қуръони Карим муҳофазаси йўлида, асл Қуръон қолиб унинг маънолари таржимасига суяниб қолинмасин, таржималардаги ихтилофлар Қуръон ҳақида ихтилофларга олиб бормасин, таржимага суяниб одамлар араб тилини ўрганмай қўймасин каби мулоҳазалар ила Қуръони Карим маънолари таржимасига расмий рухсат берилмаган эди.
Энди эса  шароит тамоман ўзгарган эди. Аллоҳ таоло томонидан нозил этилган араб тилидаги асл Қуръон муҳофазаси собит бўлган эди. Одамлар маънолар таржимасига суяниб, асл матн унутилиши хавфи ҳам кўтарилган эди. Араб тилини биладиган мусулмонлардан кўра у тилни билмайдиган мусулмонлар кўпайиб кетган эди. Уларнинг барчасига Қуръони Каримни тушунадиган даражада  араб тилини ўргатиш қийинлиги ҳам аён бўлган эди. Бунинг устига дунёнинг мусулмон эмас халқларини ҳам Исломга даъват қилиш керак эди. Энг муҳими, Қуръони Карим маъноларини бошқалар нотўғри таржима қилиб таратмоқда эдилар. Бу ўзига яраша катта хатар эди. Ана ўша омилларни эътиборга олган уламоларимиз Қуръони Каримнинг маъноларини исломий таржимаси зарурлиги ҳақида фатво чиқардилар ва бундоқ таржима учун керакли шартларни ҳам баён қилдилар. Мазкур шартлар, Қуръони Карим маънолари таржимаси унинг тафсиридек нарсадир, деган тушунча асосида қўйилганидан, биз юқорида зикр қилиб ўтган, тафсир ва тафсирчи учун қўйилган шартларнинг айни ўзлари эди.
Шу билан бирга, маънолар таржимасига қўшимча шартлар ҳам қўйилди. Улардан баъзилари қуйидагилар:
1. Таржимон араб тилини ўта яхши билиши билан бирга таржима қилинаётган тилни ҳам жуда яхши билиши шартлиги.
2. Таржимани, Қуръон таржимаси эмас, балки  Қуръони Карим маънолари таржимаси, деб аташ ва тушуниш лозимлиги.
Чунки  Қуръони Каримни айни ўзидек таржима қилиш умуман иложи йўқ нарсадир. На фақат таржима, балки  араб тилида ҳам Қуръони Каримнинг комил матни у ёқда турсин-у, бирор оятига ўхшаш матнни келтириш ҳам амри маҳол экани собит ҳақиқтдир.
3. Мазкур маънолар таржимасидан фақат Қуръони Карим маъноларини тушунишдаги ёрдамчи сифатида фойдаланиш мумкинлиги.
Ул маънолар таржимасини ибодатда қироат қилиш, улардан ҳукм чиқаришга ҳаракат қилиш, таржималар атрофида ихтилофлар қилиш мутлақо мумкин эмаслиги.
4. Қуръони Карим маънолари таржимасини ёзганда, албатта, арабча оятлар билан бирга ёзиш шарт.
Биринчидан, асл матннинг қудусияти балқиб туради. Қолаверса, таржиманинг аниқлигини ҳар доим текшириш имкони бўлади.
Қуръони Карим маъноларини таржима қилишга рухсат беришга ўзига яраша ҳужжат ва далиллар ҳам бор.
Биринчи далил:
Ҳудайбия сулҳидан кейин, Пайғамбаримиз алайҳиссалом уч қитъа вакиллари бўлмиш давлат бошлиқларига мактублар юбориб, Исломга даъват қилдилар.
1. Овроподан Византия подшоси Ҳераклга.
2. Осиёдан Форс давлати подшоси Кисрога.
2. Африкадан Миср подшоси Муқавқис ва Ҳабашистон подшоси Нажошийга Пайғамбаримиз алайҳиссалом мактублар юбордилар.
Ўша мактубларда Қуръони Карим оятлари ҳам бор эди. Мазкур подшолар ва уларнинг одамларига ўшал мактублар ва уларнинг ичидаги оятларнинг маънолари, албатта, таржима қилиб берилган. Демак, кишиларни Исломга даъват қилишда Қуръони Карим маънолари таржима қилиниши керак экан.
Иккинчи далил:
Имом Шамсул Аимма Сарахсийнинг «Мабсут» номли кўп жилдли асарларининг «Китобус Салот» бўлимида (1-жуз, 37-бет) қуйидагилар ёзилган:
«Ривоят қилинадики, форслар Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, ўзларига Фотиҳа сурасини форс тилида ёзиб беришни сўрадилар...».
Имом Тожуш Шарийъанинг Ҳидояга ҳошия қилиб ёзган Ниҳоя китобида (1-жуз, 86-бет) бу ҳақда батафсилроқ ёзилган:
«Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга «Фотиҳа»ни форс тилида ёзиб беришни сўраб мактуб ёздилар. Бас, у киши «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм»-«Ба номи...» деб ёзди ва Набий алайҳиссаломга кўрсатганларидан кейин уларга юборди».
Демак, араб тилини билмайдиган мусулмонлар учун ҳам улар у тилни ўрганиб олгунларича Қуръони Карим маъноларини зарурат юзасидан таржима қилиб берилса бўлар экан.
Учинчи далил:
Қадимда Қуръони Карим маъноларини таржима қилишга оммавий равишда рухсат берилмаган бўлса ҳам, кези келиб, зарурат туғилганда бу иш амалга оширилган экан.
Мазкур таржималарнинг кўплари бизнинг давримизгача етиб келмаган. Бизгача етиб келган Қуръони Карим маънолари таржимаси ҳақида Устоз Муҳаммад Ҳамидуллоҳ қуйидагиларни ёзадилар:
«Тўртинчи ҳижрий асрда подшоҳ Мансур Ибн Нуҳ Сомоний 345 ҳижрий санада Туркистонлик катта уламолардан бир жамоасига Қуръони Каримнинг ҳаммасини форс, шарқий ва ғарбий турк тилларига таржима қилишга амр этди. Табарий тафсирининг хулосасини ўшал таржимага зиёда қилишга ҳам фармон берди. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бу таржималар бизга етиб келди ва улар Теҳрон ҳамда Истанбулда чоп этилди».
Кўриниб турибдики, мусулмонлар ўз мустақилликларига, тараққиётларига соҳиб бўлган вақтларида ўз Муқаддас Китобларига ҳам яхши хизмат қилганлар. Аммо ҳар жиҳатдан заифлашиб, тушкинликка юз бурганларида ҳамма нарсани, жумладан, Қуръони Карим маъноси таржималарини ҳам бошқаларга топшириб қўйганлар.
Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинким, ҳозирда бу ишга алоҳида эътибор берилиб, ушбу ҳассос соҳада ҳам бир қанча яхши ишлар амалга оширилмоқда. Бу ишда, асосан, араб бўлмаган мусулмонлар хизмат қилмоқдалар, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Чунки  айнан ўша кишилар ўз халқларига Қуръони Карим маъноларини ўз тилларига таржима қилиб бермоқдалар. Албатта, бу ерда ҳам ўзига хос нозик муаммолар бор. Арабмас мусулмон халқлар ичида арабчани, Исломий илмларни яхши ўзлаштирганлар таржима ва ўз тилларида юқори савияда асар битиш соҳасига вақтлари қолмаган бўлади. Аксинча, адиб ва таржимонликни яхши эгаллаган шахсларда эса  араб тили ва Исломий илмларни кераклигича ўзлаштирашга вақт қолмайди. Аммо шундоқ бўлса ҳам, Қуръони Карим маънолари таржимаси бўйича сезиларли силжиш юзага чиқмоқда. Ҳозирда Қуръони Карим маънолари, деярли, барча тилларга таржима қилинган. Баъзи тилларда эса  бир неча таржималар мавжуд. Устоз Муҳаммад Ҳамидуллоҳнинг таъкидлашларича, урду тилида Қуръони Каримнинг уч юздан ортиқ таржимаси, форс ва турк тилларида эса  юздан ортиқ таржима бор.
Лекин гап таржималарнинг сонида эмас, сифатида эканлигини унитмаслигимиз лозим. Бу соҳада ҳам кўпгина ишлар қилинмоқда. Кўпгина ташкилотлар, мутахассислар ҳамкорликда иш олиб бормоқдалар. Аллоҳ таоло бу ишларнинг барчасини Ўз китоби йўлидаги холис ва фойдали хизматлар бўлишини насиб қилсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф