A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръоннинг жамланиши
PDF Босма E-mail

 

 

Маълумки, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўқиш-ёзишни ўрганмаганлар. Шунинг учун ҳам Қуръон оятларини фариштадан эшитиб ёдлаб олар эдилар. Сўнгра асҳоблариларга ўзларига қандоқ нозил бўлган бўлса, ўшандоқ қилиб ўқиб берар эдилар. Улар ўша ояти карималарни дарҳол ёдлаб олар эди. Шундоқ қилиб ўша пайтда Қуръони Каримни нақл қилиш асосан ёдлаш орқали бўлар эди.
Шу билан бирга, Қуръони Карим нозил бўлган биринчи вақтлардан бошлаб уни ёзиб бориш ҳам йўлга қўйилган эди.
Ўша вақтда ўқиш-ёзишни биладиган одамлар жуда ҳам кам бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурида ёзишни биладиган одамлар, шу жумладан, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъб, Абон ибн Саид, Холид ибн Валид, Собит ибн Қайс, Муовия ибн Абу Суфён каби кишилар ўзларига муяссар бўлган хурмонинг пўстлоғими, япалоқ тошларми, катта суякларми, терими, қоғозми ва шунга ўхшаш нарсаларга Қуръонни ёзиб борганлар.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларга янги тушган оят қайси сурадан эканини ва қаерда туриши лозимлигини кўрсатиб берганлар.
Шундай қилиб, йигирма уч йил давомида Қуръон фаришта орқали тушиб ҳам бўлган. Пайғамбаримиз ва саҳобалар ёдлаб ҳам бўлишган ҳамда ёзишни биладиганлар ёзиб ҳам бўлишган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаётлик вақтларида, яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон жамлаб китоб шаклига келтирилмаган. У Зот (алайҳиссалом) ўзларига охирги оят нозил бўлганидан саксон бир кун ўтиб бу фоний дунёни тарк этдилар.
У кишининг вафотларидан кейин Қуръон кишиларнинг қалбида ва ёзган нарсаларида қолди.
Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан сўнг мусулмонларга Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) бошлиқ этиб сайландилар. У кишининг даврида диндан қайтганлар билан мусулмонлар орасида қаттиқ жанглар бўлди.
Шу жангларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар. Шунда ҳазрати Умар Абу Бакрга (Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин) қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин, шунинг учун уни китоб шаклига келтириб жамлаб қўйиш керак, деган маслаҳатни берди.
Аввал бошда ҳазрати Абу Бакр иккиланиб турдилар, чунки бу иш Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаётлик вақтларида қилинмаган эди. Кейинроқ эса Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ҳам Қуръонни китоб шаклига келтириб қўйиш зарур эканлигини англаб етдилар ва Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу)ни чақириб, бу ишни амалга оширишни унга топширди. Чунки  Зайд ибн Собит Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан жуда кўп бирга бўлган, Қуръонни энг яхши ёд олган ва уни Пайғамбар ҳузурида ёзган, Пайғамбаримиз вафот этадиган йиллари Жаброил фариштага Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб ўтказганларида бирга бўлган эди.
Зайд ибн Собит, Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳумо) ва бошқалар Қуръони Каримни пухта ёд билишларига қарамай, бу улкан ишнинг мустаҳкам, ишончли бўлишига ҳаракат қилиб, масжидда:
«Кимнинг қўлида ёзилган Қуръон бўлса ва уни Пайғамбаримиз ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳи бўлса, бизга олиб келсин, Қуръонни жам қилишга халифанинг буйруғи бўлди», деб эълон қилдилар.
Икковлари масжидда ўтириб, гувоҳларни текшириб, ниҳоятда аниқлик билан бир йилдан ортиқ вақтда Қуръонни жамлаб бердилар. Сўнг кўпчиликка кўрсатдилар, ҳамма рози бўлди. Агар бирор ҳарфи ўрнида бўлмаса, минглаб ёд биладиганлар қарши чиқарди.
Лекин асосий таянч ёдлаш бўлиб қолаверди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) фариштадан ёдлаганлар, у кишидан саҳобалар, саҳобалардан эса улардан кейинги авлод ва ҳоказо, ҳозиргача етиб келган.
Шундай қилиб, Зайд ва Умар машаққатли уринишлардан кейин Қуръонни кийик терисидан ишланган саҳифаларга ёзиб бўлдилар ва уни белидан боғлаб, Абу Бакрнинг уйига қўйиб қўйдилар. У киши оламдан ўтгандан кейин саҳифалар ҳазрати Умарнинг уйларида, у кишидан сўнг эса қизлари ва Пайғамбаримизнинг хотинлари Ҳафса онамиз ҳузурларида қолди.
Келинг, Ислом уммати тарихидаги энг муҳим ишлардан бўлган бу иш ҳақида Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу)нинг ўзларидан эшитайлик.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аҳли Ямома қатлида Абу Бакр менга одам юборди. Борсам, Умар ибн Хаттоб унинг олдида экан. Бас, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу):
«Умар келиб менга, Ямома куни қатл Қуръон қорилари ичида кўпайиб кетди. Мен бошқа жойларда ҳам қатл қорилар ичида кўпайиб кетишидан қўрқаман. Тағин Қуръоннинг кўпи кетиб қолмасин. Менимча, Қуръонни жамлашга амр қилишинг керак, деди.
Мен Умарга:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қилмаган нарсани қандоқ қиласан?!» дедим.
Умар менга:
«Бу, Аллоҳга қасамки, яхшидир!» деди.
У менга қайта-қайта мурожат қилаверди. Охири Аллоҳ менинг қалбимни ўша ишга очди. Умар лозим кўрган ишни лозим кўрдим.
Сўнг Абу Бакр менга:
«Албатта, сен ёш, оқил одамсан. Сени айблайдиган еримиз йўқ. Ваҳийни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларида ёзар эдинг. Қуръонни излаб топиб, жамлагин», деди.
Аллоҳга қасамки, агар тоғлардан бир тоғни елкамга қўйсалар ҳам, мен учун Қуръонни жам қилишни амр қилганидан оғир бўлмас эди. Мен унга:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қилмаган нарсани қандоқ қиласизлар?!» дедим.
У менга:
«Бу, Аллоҳга қасамки, яхшидир!» деди.
Абу Бакр менга қайта-қайта мурожат қилаверди. Охири Аллоҳ менинг қалбимни Абу Бакр ва Умарнинг қалбини очган ишга очди. Қуръонни излаб хурмо пўстлоғлари, тош парчалари ва одамлар кўксиларидан жамлай бошладим. Тавба сурасининг охирини Абу Хузайма Ансорийдан топдим. Ундан бошқадан топмадим. «Батаҳқиқ, сизларга ўзларингиздан бўлган Расул келди…(икки оят). Саҳифалар Абу Бакр вафот қилгунча унинг олдида турди. Кейин Умарнинг ҳаётлигида унинг олдида турди. Сўнг Ҳафса бинти Умар (розияллоҳу анҳо)нинг олдида турди».
Шарҳ: Албатта, бу ривоятда Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) бўлган воқеанинг хулосасини қисқа қилиб ўзларининг иборалари ила баён қилмоқдалар, аслида эса анчагина гап сўзлар ва ишлар бўлиб ўтган.
Ибн Абу Довуд Ҳишом ибн Урвадан, у ўз отасидан ривоят қилади:
«Абу Бакр Умар билан Зайдга, икковингиз масжид эшиги олдига ўтириб ким Аллоҳнинг китобидан бирор нарсани икки гувоҳ ила келтирс,а ёзинглар, деди».
Ибн Абу Довуд Яҳё ибн Абдурроҳман ибн Ҳотибдан ривоят қиладилар:
«Умар келиб:
«Ким Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан Қуръондан бирор нарсани талаққий қилган бўлса, олиб келсин», деди.
Улар ўшани саҳифаларга, лавҳларга ва хурмо пўстлоғларига ёзиб юришар эдилар.
У то икки шоҳид гувоҳлик бермагунча бирор нарсани ёзмас эди».
Демак, иш бошлашдан олдин пухта режа тузилган. Бу режага биноан ҳамма ёд биладиган ояти карималарнинг ёддан ёзиб олишга ўтилмаган. Балки ўша ёдланган нарсани Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларида ёзиб олган шахс олиб келса, унинг ишончли эканини суриштириш бошланган. Кимнинг қўлидаги Қуръони Каримдан бўлган ёзувга икки одил, болиғ, оқил киши, буни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларида ёзилганига биз гувоҳмиз, деб гувоҳлик берсаларгина, ёзилган.
Бу ерда икки қават гувоҳлик бўлмоқда.
Биринчиси оятлар ҳам ёдланган, ҳам ёзилган бўлиши кераклиги.
Иккинчиси оятларни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларида ёзилганига иккита етук сифатларга эга одам гувоҳлик бериши керак.
Ушбу дастурга амал қилган ҳолда Умар Хаттоб ва Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳум)лар бир йил муддатда тарқоқ ҳолдаги Қуръони Карим ёзувларини жамлаб сура ва оятларни тартибга биноан қўйиб кийик терисига ёзиб чиқдилар. Ўша саҳифалар тўпламини Мусҳаф деб номланди.
Шу ерда Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу)нинг:
«Тавба сурасининг охирини Абу Хузайма Ансорийдан топдим. Ундан бошқадан топмадим. «Батаҳқиқ, сизларга ўзларингиздан бўлган Расул келди…(икки оят)», деган гапларини бир оз изоҳлашга тўғри келади.
Ўша икки оятни ҳамма ёддан билар эди. Аммо уларни ёзилган ҳолини излашга тушилган. Икки оят ёзилмаган бўлса, бўлибди, келинглар, ёдимиздагини ёзиб қўяверайлик, дейилмаган. Охири ўша икки оятни ёзуви Абу Хузайма Ансорий (розияллоҳу анҳу)дан топилган.
Энг қизиғи: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Абу Хузайма (розияллоҳу анҳу)нинг якка ўзларининг гувоҳликларини икки кишининг гувоҳлиги ўрнига ўтишини таъкидлаган эдилар. Буни ҳамма яхши билар эди. Бу ҳам мўъжизадек бир гап бўлган.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаётлик даврларида бошқа нарсалар қатори Қуръони Каримга тегишли масъулият ҳам, асосан, У Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг зиммаларига тушар эди.
Ислом уммати бошқа масъулиятлар қатори, Қуръони Каримни муҳофаза қилиш масъулиятини ҳам ўзининг ҳабиб Пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Рафиқи Аълога интиқол қилганларидан сўнг ҳис эта бошлади. Бундай пайтларда бутун бошли уммат ўз етакчилари бошчилигида сафарбарликка отланадиган бўлди. Энг қувончлиси, Қуръони Карим атрофида пайдо бўлган масалани ҳал қилишда бирор ишни амалга оширишни таклиф қилган ҳам, ўша ишни рад қилган ҳам, икки ўт орасида куйган ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг китобини муҳофаза қилишни ўйлар эди.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг вафотларидан сўнг бошланиб кетган ридда урушларида Қуръони Карим ҳофизлари бўлмиш саҳобаларнинг кўплаб шаҳид бўлишлари Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу)га Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун хатар бўлиб кўринди. У киши, агар қорилар шу шаклда қирилиб кетаверсалар, Қуръони Каримга зарар етади, деган фикрга бориб, халифа Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)га Қуръони Каримни бир китоб шаклида тўплаб қўйишни таклиф қилдилар.
Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) бўлсалар бу ишни Қуръони Каримнинг зарарига бўлади, деб ўйладилар. У киши: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қилмаган ишни қандоқ қиламан?» деб туриб олдилар.
Ушбу масала бўйича қолган саҳобаи киромлар ҳам иккига бўлиндилар. Кераклича баҳс ва тортишувлар ниҳоясида ҳамма бир фикрга келиб, Қуръони Карим муҳофазаси учун уни бир китоб шаклида тўплаб қўйиш керак, деган фикрга келдилар.
Биргаликда бу улкан ишни қандоқ амалга ошириш режаси, шартлари, қоидалари ва кимлар раҳбарлик қилишига келишилди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг даврларида ёзиб бўлинган бўлса ҳам, тарқоқ ҳолда турган Қуръони Карим ёзувларини тўплаб, оят ва сураларни тартибга солиб ёзиб чиқилди.
Ўша ёзувларни ичига олган саҳифаларни тўплаб, белини боғлаб, Мусҳаф, деб номлаб, халифанинг қароргоҳига қўйиб қўйдилар.
Шу билан Қуръони Карим муҳофазаси учун Ислом уммати амалга оширган муҳим бир иш охирига етди. Ўша иш ҳозиргача ўз самарасини бермоқда.
Кези келганда бу борадаги муҳим бир масалани эслаб ўтмоғимиз лозим: Мазкур, Қуръони Каримни жамлаш ишини шарқшунослар зулм ва бўҳтон тариқасида, Қуръонни таҳрир қилиш, деб атайдилар. Таҳрир дейилганда, ёзилган асарни қайта кўриб чиқиб, баъзи сўз ва жумлаларни алмаштириш, баъзиларини олиб ташлаш, баъзиларини янгидан қўшиш, хатоларни тўғрилаш каби ишлар, тушунилади.
Шунга биноан, ноинсофлар, саҳобалар Аллоҳ таолонинг каломига тузатиш киритганлар, демоқчилар. Аслида эса  кўриб ўтганимиздек, саҳобаи киромлар, Пайғамбаримиз даврларида ёзилган-у, турли кишилар қўлида тарқоқ ҳолда турган оятларни бир жойга тўплаганлар, холос.
Улар ҳар бир ёзувни масжидга, жамловчи гуруҳ ҳузурига келтирган шахс ўша нарсани Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳ ҳам келтиришни шарт қилиб қўйганлар. Шундоқ қилиб, Қуръони Каримнинг ҳар бир ҳарфининг ёзилиши ҳам Аллоҳ таоло ирода қилгандек бўлишини таъминлаганлар. Бўлмаса, бошқа кўплаб саҳобалар у ёқда турсин, Зайд Ибн Собит ва Умар Ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳум)га ўхшаш жамлаш гуруҳи аъзоларининг ўзлариёқ Қуръони Каримни сувдек ёд билар эдилар. Лекин уларнинг вазифаси нима қилиб бўлса ҳам, Қуръони Каримни ёзиш эмас, Қуръони Каримни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурида ёзилганини ишончли ҳужжат-далил асосида жамлаш эди. Бу эҳтиёт чораси учун қилинган иш эди. Ёзилган саҳифалар белидан боғланиб, халифанинг қароргоҳига қўйилди, холос. Уларни ҳеч ким ўқимади ҳам, қайтадан ёзмади ҳам ёки бошқа бирор иш қилинмади ҳам.
Боягича Қуръони Каримни муҳофаза қилишда ёдлашга эътимод қилиб қолинаверди.

ҲАЗРАТИ УСМОН ДАВРИДАГИ ЖАМЛАШ

Ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврларида Қуръони Карим муҳофазаси учун яна бир иш қилиш зарурати туғилиб қолди. Ўша вақтга келиб, кўп диёрлар фатҳ қилиниб, турли араб бўлмаган халқлар мусулмон бўлиб, устозлар етишмай қолиб ва яна бошқа сабаблар юзага чиқиб Қуръони Каримни қироат қилишда ихтилоф бошланган эди.
Қуръони Карим муҳофазасига боғлиқ бу улкан хатарни биринчи бўлиб, Озарбайжонда жиҳодда юрган саҳобий, Ҳузайфа Ибн Ямон (розияллоҳу анҳу) англаб етдилар. У киши жиҳодни ташлаб, пиёда Мадинаи Мунавварага қайтиб бордилар ва халифа Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг олдиларига кириб: «Умматни яҳудий ва насороларга ўхшаб Аллоҳнинг китоби тўғрисида ихтилоф қилмасидан олдин сақлаб қол», дедилар. Яна баҳс ва тортишувлар бўлиб ўтди. Нима бўлса ҳам Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун бўлди. Охири Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) даврларида ёзилган Мусҳафдан олти нусха кўчириш ва уларни биттадан қори билан турли марказларга юборишга қарор қилинди.

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Ҳузайфа ибн Ямон Усмоннинг олдига келди. У аҳли Шом ва алҳи Ироқ ила Армания ва Озорбайжонни фатҳ қилишда ғазотда эди. Ҳузайфани уларнинг қироатдаги ихтилофлари чўчитган эди. Бас, Ҳузайфа Усмонга:
«Эй мўминларнинг амири, бу умматни Китоб атрофида яҳудий ва насороларнинг ихтилофига ўхашаш ихтилофга тушмасидан олдин соқлаб қол!» деди.
Бас, Усмон Ҳафсага одам юбориб:
«Бизга саҳифаларни бериб тур. Улардан мусҳафларга нусха кўчирамиз. Сўнгра сенга қайтариб берамиз», деди.
Ҳафса уларни Усмонга юборди. У Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн Осс, Абдурроҳман ибн Ҳорис ибн Ҳишомларга амр қилди. Улар ундан мусҳафларга нусха кўчирдилар.
Усмон уч кишилик қурайшликлар тўпига:
«Агар сизлар Зайд билан Қуръондаги бирор нарсада ихтилоф қилиб қолсангиз, Қурайш лисони ила ёзинглар. Албатта, у уларнинг лисонида нозил бўлгандир», деди.
Улар (айтилган ишни) қилдилар. Саҳифаларни мусҳафларга кўчириб бўлганларида Усмон саҳифаларни Ҳафсага қайтариб берди. Кейин ҳар бир юртга улар кўчирган бир Мусҳафни юборди. Ундан бошқа Қуръондан саҳифалар ва мусҳафларга ёзилган барча нарсани куйдиришга амр қилди».
Иккисини Бухорий ва Термизий ривоят қилган.
Термизий қуйидагини зиёда қилган:
«Улар التابوت ваالتابوه да ихтилоф қилишди. Қурайшликлар, биринчиси каби ёзамиз, дедилар. Зайд, иккинчиси каби ёзамиз, деди.
Ихтилофларини Усмонга айтишди. Бас, у:
«التابوت» ёзинглар. Чунки у Қурайш лисонида нозил бўлгандир», деди».
Шарҳ: Ушбу ривоятдан жуда кўп хулосалар чиқади:
1-Қуръони Карим қироати тўғрисида мусулмонларнинг ихтилофларни йўқ қилиш ва кейинчалик ҳам ҳеч қандай ихтилоф чиқмаслиги учун чора кўриш фикри Ҳузайфа бин Ямон (розияллоҳу анҳу)дан чиққан. Бошқа ривоятларда айтилишича, у кишидан ўзгаларда, жумладан, ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг ўзларида ҳам бу мулоҳаза бўлган. Аммо ишнинг амалга кўчишига айнан Ҳузайфа ибн Ямон (розияллоҳу анҳу) сабаб бўлганлар.
2-Қуръони Карим қироатида мусулмонлар ихтилофини йўқ қилиш бўйича амалий чора кўришни ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу) амалга оширганлар.
3-Қуръони Карим қироатида мусулмонлар ихтилофини йўқ қилиш учун ҳазрати Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг даврларида жамланган саҳифалардан бир неча нусха кўчиришга қарор қилинган.
4-Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг даврларида жамланган саҳифалардан бир неча нусха кўчириш учун Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн Осс, Абдурроҳман ибн Ҳорис ибн Ҳишомлардан иборат илмий гуруҳ тузилган.
Албатта, бу гуруҳга энг етук кишилар олинган.
Ривоятларда келтирилишича ҳазрати Усмон(розияллоҳу анҳу):
«Одамларнинг энг яхши ёзадигани ким?» дедилар.
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг котиби Зайд ибн Собит», дейишди.
«Одамларнинг арабчани энг яхши биладигани ва энг фасоҳатлиси ким?» дедилар.
«Саид ибн Осс», дейишди.
«Саид имло қилсин. Зайд ёзсин», дедилар».
Кейинчалик бу гуруҳга имом Моликнинг боболари Молик ибн Абу Омир, Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу), Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу), Касир ибн Афлаҳ (розияллоҳу анҳум)лар ҳам қўшилганлар.
4-Халифа Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) бошқа режалар қаторида жамлаш гуруҳи ихтилоф қилиб қолса, нима қилиш кераклигини ҳам баён қилиб берганлар.
«Усмон уч кишилик қурайшликлар тўпига:
«Агар сизлар Зайд билан Қуръондаги бирор нарсада ихтилоф қилиб қолсангиз, Қурайш лисони ила ёзинглар. Албатта, у уларнинг лисонида нозил бўлгандир», деди».
Бу гапда кўзда тутилган ихтилоф ояти карималарни ёзишдаги ишлатиладиган баъзи ҳарфларни қайси имло билан ёзиш бораидаги ихтилоф эди.
Бу фикрни ривоятнинг охирида келган,
«Улар التابوت ваالتابوة да ихтилоф қилишди. Қурайшликлар, биринчиси каби ёзамиз, дедилар. Зайд, иккинчиси каби ёзамиз, деди.
Ихтилофларини Усмонга айтишди. Бас, у:
«التابوت» ёзинглар. Чунки у Қурайш лисонида нозил бўлгандир», деди», деган гаплар қўллайди.
Ихтилоф қилинганида Қурайш лисонида ёзиш сўзлар ҳақида эмас, ҳарфларни ёзишдаги имло эътиборидан эканлигини ҳам шу ердан билиб оламиз.
Қаранг, арабча то ҳарфини қайси услуб ила ёзиш борасида тортишув бўлган экан. Бу Қуръони Каримнинг ҳар бир ҳарфига қанчалар эътибор берилганини яққол кўрсатади.
5-Ҳафса онамиз ҳузуридаги Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг саҳифаларидан нусхалар кўчириб олинганидан кейин яна бир қанча ишлар амалга оширилди.
«Саҳифаларни мусҳафларга кўчириб бўлганларида Усмон саҳифаларни Ҳафсага қайтариб берди».
Ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу) мазкур саҳифаларни Ҳафса онамизга қайтариб бердилар. Кейинчалик Мадинага волий бўлган Марвон ибн Ҳакам бир неча бор Ҳафса онамиздан у саҳифаларни олиб куйдириб юбормоқчи бўлди. Аммо онамиз уларни бермадилар. Ҳафса онамиз (розияллоҳу анҳо)  вафот этганларидан кейин Марвон ибн Ҳакам уларни олиб куйдирди ва  буларда бор нарса ёзилиб сақланган, замон ўтиб баъзи бирлар бундан фитна чиқармасин, дедим, деган.
6-«Кейин ҳар бир юртга улар кўчирган бир Мусҳафни юборди».
Ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу) Маккага бир дона Мусҳаф билан бирга Абдуллоҳ ибн Соиб (розияллоҳу анҳу)ни юбордилар.
Шомга бир дона Мусҳаф билан бирга Муғийра ибн Шиҳоб (розияллоҳу анҳу)ни юбордилар.
Кўфага бир дона Мусҳаф билан бирга Абу Абдурроҳман Силмий (розияллоҳу анҳу)ни юбордилар.
Басрага бир дона Мусҳаф билан бирга Омир ибн Абдул Қайс (розияллоҳу анҳу)ни юбордилар.
Мадинада қолган Мусҳафдан одамларга қироат таълими беришни Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу)га топширдилар.
Ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу) ўзларига бир дона Мусҳафни олдилар. Бу Мусҳаф Имом Мусҳаф деб номланган.
Ҳар бир диёрнинг Мусҳафи ёзувга асос, ҳар бир Мусҳафга бириктирилган қорининг қироати  қироатга асос бўлди.
7-«Ундан бошқа Қуръондан саҳифалар ва мусҳафларга ёзилган барча нарсани куйдиришга амр қилди».
Чунки кўпчилик ўзи учун ўз ижтиҳоди билан мусҳафлар ёзиб олган эдилар. Шунингдек, баъзи сураларни ёки оятларни ёзиб олганлар ҳам бор эди. Уларни куйдириб юбориш ила эҳтимоли бўлган ихтилофларнинг ҳам олди олинди.
Ана ўша асл Мусҳафдан олти нусха кўчириб олишни шарқшунослар, Қуръонни иккинчи бор таҳрир қилиш, деб атайдилар. Ноинсофлик ҳам шунчалар бўладими. Ахир бир китобдан нусха кўчириш билан уни таҳрир қилиш орасида ер билан осмончалик фарқ бор-ку!
Саҳобаи киромлар мусулмонлар Қуръони Карим қироатида ихтилоф қилмасинлар, деб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг даврларидаги ёзувга мос, тартибли қилиб қўйилган Мусҳафдан бирор ҳарфни ўзгартмай нусха кўчирганлар, холос.
Улар ёд олганларига суяниб ёзсалар ҳам, бўлаверар эди. Аммо ҳамма нарса ҳужжат-далилли, худди Аллоҳ ирода қилгандаек, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кўрсатганларидек бўлишини хоҳладилар, холос.
Янги олинган нусхаларни биттадан қорилар билан турли марказларга юборилар экан, халифа Усмон (розияллоҳу анҳу), фақат ушбу мусҳафларга ва улар билан юборилган қориларнинг қироатига эътимод қилиш, Қуръони Каримдан бошқа нимаики ёзилган бўлса, куйдириб юбориш ҳақида амр қилдилар.
Бу амр ўзининг муқаддас китобини муҳофаза қилиш йўлида ҳар қандай ишга тайёр турган мусулмон уммати томонидан мамнуният ила амалга оширилди. Баъзи катта саҳобалар ўзларининг шахсий мусҳафлари ҳақида бир оз мулаҳозага борган бўлсалар ҳам, кейинчалик бирор ҳарфи кўпчилик қабул қилган нусхага ўхшамай қолса ихтилоф чиқмасин, деб куйдириб юбордилар. Шу тарзда мусулмон уммати томонидан Қуръони Карим муҳофазаси йўлида яна бир улкан иш амалга оширилди.
Кейинчалик, нусха кўчириш йўлга қўйилиши жараёнида фақатгина Ҳазрати Усмон даврида ёзилган нусхаларга суяниш жорий бўлди. Охири келиб, ҳар бир нусханинг ишончли эканини тасдиқлаш мақсадида, бу нусха Мусҳафи Усмонга мувофиқдир, деб ёзиб қўйиладиган бўлди.
Шундоқ қилиб, Қуръони Каримнинг ҳарфларини ёзиш услуби ҳам бир хиллиги сақлаб қолинди. Бу маънодаги эҳтиёткорлик шу даражага етдики, Қуръони Каримнинг ҳарфларига бирор нуқтачалик ҳам ўзгариш кирмасин, деган қасд ила уламоларимиз, Мусҳаф ичига гул, дарахт барги ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларни мутлақо қўйиб бўлмайди, акс ҳолда, ўша нарсалар саҳифага ёпишиб қолса шубҳа пайдо бўлиши мумкин, деб фатво чиқардилар.
Замон ўтиши билан яна янги муаммолар пайдо бўла бошлади. Араб тилини яхши билмайдиган мусулмонлар кўпайиши билан  Қуръони Каримни ўқишда муаммо хам кўпайди. Кишилар Қуръони Каримни хато ўқишлари ва ихтилофга тушишлари хавфи кучайди.
Қуръони Карим муҳофазаси учун яна ҳаракат қилиш зарур бўлиб қолди. Кераклича олиб борилган маслаҳатлардан сўнг, кишилар Қуръони Каримни хато ўқимасликлари ва Қуръони Карим қироати ҳақида турли ихтилофларга тушмасликлари учун, мусҳафларга фатҳа, касра, замма аломатлари қўйиш керак, деган фикрга тўхталди.
Бунда ҳам асл ҳарфларга зарра ўзгариш аломати кирмаслик шартлари ишлаб чиқилди. Тарихда бу иш Қуръони Каримни нуқталаш, номи ила собит бўлди. Чунки  мазкур ўта аҳамиятли ишни ҳазрати Алининг амрларига биноан амалга оширган олим Абул-Асвад ад-Дуалий юқорида зикр қилинган аломатларни ҳарфларнинг усти, ости ва ўртасига қўйилган нуқталар ила ифодалаган эди.
Кейинчалик, замон ўтиши билан, вазият тақозо қилганда, бошқа аломатлар ҳам худди шундоқ эҳтиётлик ва аниқлик билан қўйиб чиқилди. Ислом уммати ўзига Аллоҳ таоло томонидан берилган, илоҳий дастур-Қуръони Каримни ана шундоқ таризда кўз қорачиғидек, балки  ундан ҳам авайлаброқ сақлаб келди.
Замон ўзгариб, техник тараққиёт даври келганда, Қуръони Каримни техник жиҳозлар воситасида чоп этиш масаласи кўндаланг бўлди.
Уламолар дастлаб бу ишга рухсат бермадилар. Улар музкур услуб ила чоп этиш Қуръони Каримнинг обрўсига тўғри келмайди, деган тушунчага борган эдилар. Чунки аввалги чопхоналар мусулмонмас шахсларга хос бўлиб, Қуръони Каримни чоп этиш фикри ҳам ўша шахслардан чиққан эди. Ҳақиқатда, агар ўша пайтда Қуръони Каримни чоп этишга рухсат берилса, унинг обрўсига тўғри кемас эди.
Вақт ўтиши билан мусулмонлар ҳам чопхона ишларини ўзлаштирдилар, Қуръони Каримни кўплаб чоп этишга эҳтиёж роса ортиб борди ва уламоларимиз муқаддас китобимиз асли учун керакли шартларни қўйиб, уни чоп этишга изн бердилар.
Ана шундоқ тарзда, Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримни муҳофаза қилиш ҳақидаги ваъдаси амалга ошиб келмоқда. Ҳозирги лаҳзагача Аллоҳ таолонинг инояти ила Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг ҳузуридан қандоқ нозил бўлса, бирор ҳарфи ўзгармай, ўшандоқ ҳолида турибди.
Тарих давомида душманлар Қуръони Каримга ўзгартиш киритиш учун турли йўллар билан ҳаракат қилдилар, аммо  Ислом уммати доимо ҳушёр турди. Ҳар бар янги пайдо бўлган Қуръони Карим нусхасини дарҳол синчковлик билан текшириб, хатоси бўлса, ҳамма томонга жар солиб, ўша нусханинг барча ададларини куйдириш йўлга қўйилмоқда.
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинким, ҳозирги онларгача Қуръони Карим Аллоҳ нозил қилган ҳолида, заррача ўзгаришсиз ўқилмоқда, ёдланмоқда ва ёзилмоқда.
Бу маънода Қуръони Карим ягона китобдир.
Қуръони Карим биринчи бор ёзилгандан бошлаб ҳозиргача бирор ҳарфи ҳам ўзгармагани аниқ.
Қуръони Карим биринчи бор талаффуз қилинганидан бошлаб, ҳозиргача бирор лафзи бошқача талаффуз қилинмагани аниқ.
Бошқа илоҳий китобларда мазкур ҳолни топиб бўлмаслиги ҳаммага, жумладан, ўша китобларга эътиқод қилувчиларга ҳам аён.
Мазкур эътибордан, Қуръони Каримнинг ҳозирги ҳолида Аллоҳ таоло томонидан собит бўлгани қатъий эканига эътиқод қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам вожибдир. Қайси бир мусулмон унинг бирор сураси, ояти ёки ҳарфининг собит бўлиши қатъий эканига шубҳа қилса, диндан чиқиб, кофир бўлади.
Юқорида зикр этилиб, шарҳ қилинган таърифдаги ва шаклдаги Қуръони Карим мусулмонлар ўн беш асрдан буён эътиқод қилиб, эъзозлаб, ёд олиб, авлоддан авлодга нақл қилиб, китоб шаклида ёзиб, ибодатларида тиловат қилиб ва ниҳоят амал қилиб келаётган илоҳий китобдир. Дунёдаги яккаю ягона бирор ҳарфи ҳам ўзгармай, Аллоҳ таолодан қандоқ нозил бўлган бўлса, шундоқ сақланиб келаётган китоб ҳам  худди шу Қуръони Каримдир.
Қуръони Каримнинг бу шаклда муҳофазада бўлиб келаётгани, аввало, Аллоҳ таолонинг инояти иладир. Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримнинг «Ҳижр» сурасида:
«Албатта, Зикрни Биз нозил қилганмиз ва албатта, уни Биз муҳофаза қиламиз», деб қўйгандир.
Ана ўша ваъдага биноан Аллоҳ таолонинг Ўзи Ўз Қуръонини у нозил бўлган биринчи лаҳзадан ҳозиргача заррача ўзгаришсиз муҳофаза қилиб келмоқда ва қиёматгача муҳофаза қилгай. Чунки  ул Зот Ўз ваъдасига ҳеч хилоф қилмас.
Биз ожиз бандалар эса  Аллоҳ таолонинг мазкур ваъдасининг ҳозиргача юзага чиқишига Ислом уммати сабаб бўлиб келаётганини мулоҳаза қила оламиз, холос.
Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзининг Қуръони Каримни муҳофаза қилиш ҳақидаги ваъдасининг юзага чиқиши учун мусулмон умматини хизматкор қилиб қўйганини кўрамиз. Бундоқ мисли кўрилмаган буюк масъулиятни адо этишда Ислом умматига Қодир Аллоҳ таолонинг Ўзи доимий ёрдамда бўлди.