A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Дарё лабидаги чанқоқлар
PDF Босма E-mail

Сувайба Асламия муборак чақалоқ туғилганини эшитиб, қувонди. Сўнгра гўдакнинг туғилишини кутаётган хожасининг ҳузурига ошиқди ва хушхабарни етказди.

Абу Лаҳаб укаси Абдуллоҳнинг фарзанди туғилганини эшитиб, севинди ва эҳсон тарзида Сувайбани озод қилди.

***

Абдулуззо ибн Абдулмутталиб Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари. Иккала юзи ловуллаб турган оловдек қип-қизил бўлгани учун уни Абу Лаҳаб деб чақиришарди. У қабиладошлари орасида энг эътиборлиси, насл-насаби тоза, бадавлати, қўша-қўша фарзандларнинг отаси эди. Бу неъматлар устига унга яна бир улуғ неъмат берилди. Аллоҳ таоло ер юзига Ўзининг ҳидоят ва ҳақ дини Исломни барча динлар узра ғолиб қилиш учун пайғамбар юборди. Бу саодат унинг жияни ва қудаси Муҳаммадга (алайҳиссалом) насиб бўлди. Абу Лаҳаб ушбу неъматни мана бундай қаршилади...

“Яқин қариндошларингизни (Аллоҳ азобидан) огоҳлантиринг!” (Шуаро, 124) ояти нозил бўлганда Муҳаммад (алайҳиссалом) қариндошлари Бани Ҳошимни бир ерга тўпладилар ва Аллоҳ таолонинг ягона илоҳ экани, Ўзига ибодат қилганга жаннат, осий бўлганга жаҳаннам азоби ваъдаси борлиги ҳақида айтдилар. Сўнг: “Сизга бир гап айтмоқчи бўлиб турибман, агар унга қўшилсангиз, арабларга ҳокимлик, ажамларга эса бошчилик қиласиз”, дедилар. Абу Лаҳабнинг дили яйраб: “Битта эмас, ўнта айт”, деди. Шунда у зот (алайҳиссалом): “Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ. Муҳаммад Унинг расулидир”, дедилар. Абу Лаҳабнинг бошига биров бир мушт тушургандай бўлди. Атрофдагиларга аранг-жаранг қаради. Жиянининг пайғамбар бўлиб, обрў қозониши, мол-дунё тўплаб, бошчиликни қўлга киритишини ўйлаб, эси оғиб қолай деди. Ҳасад уни бутунлигича қамраб олди. У ортиқ ўзини тутиб туролмасди. Шунинг учун энг биринчи бўлиб қаршилик кўрсатишга ўтди. У ёқимсиз овозда: “Ахир, бу диндан қайтиш-ку?! Сизни бирор-бир азобга дучор қилмасидан олдин тўхтатинг уни!” деб бақир-чақир қилиб ҳаммаёқни бошига кўтарди. Йғилганларни тўзитиб юборди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) амакиларининг бу ишидан саросимага тушиб қолдилар. Қариндошлари ичида у зотга энг яқин бўлган Абу Лаҳаб шундай деб турганида, бошқалардан нимани кутиш мумкин?! Унинг бу ёғига ҳам жим қараб турмаслигини, ҳатто жанг қилиб бўлса-да қаршилик кўрсатишини англадилар.

Яна бир сафар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Сафо тоғи этагига одамларни тўплаб, Исломга чақираётганларида улар орасидан бири: “Эй қуриб кетгур, шунинг учун бизни тўплаганмидинг?” дея ўшқирди. Бу ҳам Абу Лаҳаб эди. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилди: “Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин (ҳалок бўлсин!) Ҳалок бўлди ҳам”. Мол-мулки ва топган тутгани (бойликлари) унга асқотмади. Яқинда (у) алангали оловда куяжак” (Масад,1–3).

Ўзи ҳақида нозил бўлган оятлар Абу Лаҳабни разиллик қилишдан тўхтамади. Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нафратининг чеки кўринмасди. Ҳатто ўғиллари Утба ва Утайбадан келинлари Руқия ва Умму Кулсумларни (розияллоҳу анҳумо) отасининг уйига қайтариб юборишларини талаб қилиб: “Муҳаммаднинг қизлари билан ажрашасанлар. Агар шундай қилмасаларинг, берган тузимга розимасман”, деб айтди. Иккала ўғли ҳали яшаб ҳам улгурмаган хотинларини уйларига кетказишди. Абу Лаҳаб бу билан ҳам кифояланмади. Балки, Пайғамбаримизниниг (алайҳиссалом) кетларидан юриб, тош отарди, оёқларини қонга беларди. Маккага ҳаж ва умра амалларини адо этиш учун келганларга бепул зиёфатлар уюштириб, ёнларига яқинлаштирмасликка ҳаракат қиларди. Мана шу ҳодисаларнинг бирини гувоҳи бўлган Робиъа ибн Аббод бундай дейди: «Жоҳилиятда Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зул мажоз бозорида кўрдим. У зот (алайҳиссалом): “Эй инсонлар! Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқ, деб айтинглар, нажот топасизлар”, дердилар. Одамлар аторофларига тўпланишарди. Орқаларидан эса қизил юзли, кўзлари ғилай ва икки кокилли киши: “Муҳаммад диндан қайтган, ёлғончи”, деб уларга эргашиб юрарди». Яхшилик ва хаққа тарғиб этаётган одамнинг кетидан юриб, уни ёлғончига чиқариб, адоват қўзғаши Абу Лаҳабни саодатдан, ҳидоятдан маҳрум этди.

Унинг хотини ва ҳамтовоғи Арво бинти Ҳарб, яъни Умму Жамил қурайш зодагони Абу Суфён ибн Ҳарбнинг синглиси бўлиб, гўзалликда ҳам, насабда ҳам энг эътиборли аёллардан бири эди. Заҳар тили сабабли барча ўзини ундан олиб қочарди. У Макка қабилаларига бориб, эрининг жияни Муҳаммадни (алайҳиссалом) исмларини “Музаммам”га (яъни, “тўхтовсиз қораланган”) ўзгартириб, ҳаммага ёмонлай бошлади: “Биз қораланган (Муҳаммад)дан юз ўгирдик, динини ёмон кўрдик, ишига қарши чиқдик”, дерди. Умму Жамил шу даражада ҳаддидан ошдики, Расулуллоҳни (алайҳиссалом) пойлаб, ёмон сўзлар билан хақоратлар, йўлларига ахлат ва тиканлар сочарди, озор беришдан ҳеч чарчамасди. Рўпарасидан чиқиб қолгудек бўлсалар: “Бадбахт, хорланган”, деб хақоратларди. Аллоҳ таоло у тўғрисида: “Шунингдек, ўтин ташувчи хотини ҳам. Бўйнида пухта эшилган арқони ҳам бўлур” (Масад, 4–5) оятларини нозил қилди.

Қурайш ва қариндошларнинг тўхтовсиз тазйиқидан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Мадинага ҳижрат қилдилар. У ерда яшай бошлаганларига бир йил тўлиб, Бадр жанги бўлиб ўтди ва унда қурайшликлар мағлубиятга учради. Бу ҳодиса Абу Лаҳабга кутилмаган зарба бўлди. Бир неча кун уйида қамалиб ўтирди ва ғамга ботиб вафот этди.

Урва (розияллоҳу анҳу) айтади: “Абу Лаҳаб вафот этгач, оиласидан бир киши уни тушида кўрди ва: “Ҳолинг нима кечди?” деб сўради. Абу Лаҳаб: “Сизлардан менга ҳеч бир яхшилик етмади. Фақат Сувайбани озод қилганим эвазига чанқоғим қондирилди”, деб бош бармоғи билан ўрта бармоғи ўртасига ишора қилди (Имом Бухорий). Ўшанда Абу Лаҳаб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилганларидан суюниб, икки бармоғи ишораси билан Сувайбани озод қилган эди.

Абу Лаҳаб ва хотини Умму Жамил оёқлари остига келган ҳидоятни ҳаммадан биринчи бўлиб қабул қилишга ҳақли эдилар. Чунки оламларга раҳмат бўлган Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уларга бегона эмас, жигарлари эди. Улар худди чанқоқ бўла туриб, кибр-ҳавоси сабаб олдидан оқиб ўтувчи тиниқ сувдан ичишни ўзига эп кўрмай, ташналикдан ҳалок бўлган кимсадек, ёнларида тўлиб-тошган оби раҳмат дарёсидан қониб-қониб баҳра олишолмади, қуруқшаган лаб, қақраган қалб билан илоҳий ҳидоятдан бенасиб кетишди. Бу эса, ҳақиқатдан ҳам аянчли ҳолдир.

Яқин кишиларининг адовати, қавмининг таъна-дашномига қарамасдан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолонинг рисолатини одамларга мукаммал етказдилар. Улар сабаб жаҳолат ер юзидан тутундай тарқаб, ҳидоят нурига бурканди. Одамлар икки дунё саодатига элтувчи йўлни топдилар ва унда бардавом бўлиб келмоқдалар.

Манбалар асосида
Мутаҳҳаро АҲМАДУЛЛОҲ қизи