A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Насибийн жинлари (харита)
PDF Босма E-mail

Насибийн деган жойдаги жинлар ўзларининг осмон хабарларидан тўсилганиларининг сабабини ахтариш учун дунё бўйлаб тарқаладилар. Улардан бир гуруҳи Араб жазираси томон йўл олади. Бу ҳақда Қуръони Каримда иккита сурада оятлар нозил бўлган.
Аллоҳ таоло бу ҳақда Жин сурасида шундай дейди:
«Сен айт: «Менга ваҳий қилиндики, албатта жинлардан бир неча нафари қулоқ осдилар ва дедилар: «Биз ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғриликка ҳидоят қиладир. Бас, биз унга иймон келтирдик ва ўз Роббимизга бировни ширк келтирмасмиз». (1‒2).
Ушбу суранинг ярмидан кўп қисми ўша жинларнинг гапларини ҳикоя қилишга бағишланган.
Аҳқоф сурасида эса қуйидагича марҳамат этилади:
«Ва сен томон бир неча нафар жинларни Қуръон эшитишга бурганимизни эсла. У(Қуръон эшитиш)га ҳозир бўлганларида: «Жим, қулоқ осинглар!» – дедилар. Қачонки, қироат тугагач, ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтдилар. Улар дедилар: «Эй қавмимиз! Биз Мусодан кейин туширилган, ўзидан аввалги нарса(китоб¬лар)¬ни тасдиқловчи, ҳаққа ва тўғри йўлга ҳидоят қилувчи китобни эшитдик. Эй қавмимиз, Аллоҳнинг даъватчисига жавоб беринг ва Унга иймон келтиринг. У сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилар ва аламли азобдан сақлар. Кимки, Аллоҳнинг даъватчисини қабул қилмаса, бас, у ер юзида қочиб қутула олувчи эмасдир ва унга У зотдан ўзга валийлар ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадир», дедилар». (29‒32).
Ушбу ҳодиса ҳақида имом Бухорий қуйидагиларни ривоят қилади:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалари билан Укоз бозорига бориш учун йўлга чиқдилар. У пайтда шайтонлар билан осмон хабари ораси тўсилиб, уларга шўъла отилаётган эди. Шайтонлар ўз қавмлари олдига қайтиб келишганда (қавм): «Сизларга нима бўлди?» дейишди. Улар: «Биз билан осмон хабари ораси тўсилиб, бизларга шўъла отилди», дейишди. Улар: «Сизлар билан осмон хабари орасини фақат янги рўй берган ҳодиса тўсиши мумкин. Энди Ернинг машриғию мағрибини кезиб, сизлар билан осмон хабари орасини тўсган нарса нима эканини қараб кўринглар» дейишди.
Тиҳома* томонга йўлга чиққан шайтонлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни учратиб қолишди, у зот Нахла*да ўз асҳоблари билан бомдод намозини ўқиётган эдилар. Улар Қуръонни тинглаб туришди ва: «Аллоҳга қасамки, сизлар билан осмон хабари орасини тўсган мана шудир», дейишди. Улар қавмларига қайтиб бориб: «Эй қавм, бизлар ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғриликка ҳидоят қилади. Биз унга иймон келтирдик ва Роббимизга ҳеч бир ширк келтирмаймиз», дейишди. Шунда Аллоҳ Ўз Набийи соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Айт, менга ваҳий қилиндики...»* оятини туширди. У зотга жинларнинг ўша сўзлари ваҳий қилинган эди».

* Тиҳома ‒ Араб яриморолининг Қизил денгизга туташ жойлари номи. У денгиз соҳили бўйлаб чўзилган Янбуъдан Нажронгача соҳилбўйи текисликларидан иборат.
* Нахла ‒ Макка билан Тоиф ўртасидаги жой номи.
* Жин сураси назарда тутилмоқда.

Жинларнинг сўзларини Қуръонда ҳикоя қилиниш бир қанча ҳикматларга эга:
1.    Ўша пайтларда Қурйш кишилари ва бошқа араблар Исломни қабул қилмай, Қуръонга қулоқ солмай, бўйинтовлик қилаётган эди. Бунда уларни огоҳлантириш, койиш, кўзларини тезроқ очишларига ундов бор. чунки улар ишонмай, бўйинтовлик қилгани билан Исломга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар, ўзлари ютқазадилар. Аллоҳнинг динига У Зотниннг бошқа тоифа бандалари ‒ жинлар ҳам иймон келтиришмоқда. Макка мушрикларнинг ўзлари жинларни улуғлаб юрган жинлар энди Қуръонни тинглаб, унга иймон келтирмоқдалар. Ҳолбуки, Қуръон аслида арабларнинг тилларида нозил бўлаётган эди.
2.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу билан тасалли бериш ҳам бор. Чунки у зот инсонларнинг иймонга келмаётганидан ташвиш чекиб, озор топаётган эдилар.
«Ад-Дурр ал-мансур» китобида айтилишича, жинларнинг еттитаси Насибийндан, қолганлари Араб жазирасидаги жинлар бўлган.