A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
«Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас»
PDF Босма E-mail

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом келишидан аввал Зайд ибн Ҳорисани кичиклигида ўғил қилиб олган эдилар. Жоҳилиятнинг урфи бўйича бир киши бола сақлаб олмоқчи бўлса, ҳаммага эълон қилар, унга ўз насабини берар эди. Натижада ораларида худди ҳақиқий ота боланинг орасидаги муносабат вужудга келар эди. Шу урфга кўра Зайдни ҳамма Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари деб билар эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдга ўз аммаларининг қизи Зайнабни олиб берган эдилар. Зайд Зайнаб билан келиша олмай, уни талоқ қилди.
Вақти соати келиб Аллоҳ таоло бу жоҳилий одатни ҳам бекор қилди. Яъни бировнинг боласини менинг болам деб даъво қилишни. Бу одатни йўқ қилиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Зайнабга уйланишлари орқали амалга ошди. Буни билдиришда  Аллоҳ таоло тўғридан тўғри У Зотнинг "Муҳаммад" исмларини зикр қилади.  Шу билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари иккинчи марта "Аҳзоб" сурасининг 40 оятида келади:
Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир.
Эй одамлар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабга уйлангани учун, Муҳаммад ўз ўғлининг хотинига уйланди, деб бўҳтон қилманглар. Чунки:
«Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас».
Жумладан, Зайнабни талоқ қилган Зайд ибн Ҳорисанинг ҳам отаси бўлган эмас. Зайднинг отаси Ҳориса ибн Шарҳабийлдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд талоқ қилган Зайнабга Аллоҳнинг амри ила, жоҳилият ҳукмини ботил қилиш учун уйландилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилият ҳукми бўйича Зайдни асраб олишлари ҳам Аллоҳ ирода этган ҳикмат ила шу одатни йўқ қилиш учун эди. Ҳеч қачон у зотга Зайд ўғил бўлган эмас. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч ким ўғил бўлган эмас. Ул зот эса, ҳеч кимингизга ота бўлган эмас.
«Лекин Аллоҳнинг Расули ва Пайғамбарларнинг сўнггисидир.»
Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма учун Аллоҳнинг юборган Расулидир. Ул зот Пайғамбарларнинг сўнггисидир, ундан кейин ҳеч бир Пайғамбар келмас.
«Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир.»
Ана ўша ўта билиши асосида тасарруф қилади. Ушбу масалада ҳам ана ўша билими ила тасарруф қилди. Эҳтимол Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғил фарзандлари турмагани ҳам ҳикматлидир?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадийжа онамиздан Қосим, Тоййиб, Тоҳир исмли ўғиллар кўрганлар, аммо уларнинг ҳаммаси кичиклик пайтларида вафот этган. Марям Қибтиядан Иброҳим исмли фарзанд кўрганлар, у эмизикли пайтида вафот этган. Хадийжа онамиздан тўртта қизлари бўлган: Зайнаб, Руқия, Умму Кулсум ва Фотима онамиз. Улардан учтаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин дунёдан ўтганлар. Фақат Фотима онамизгина у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан олти ой кейин вафот этганлар.
Пайғамбарларнинг сўнггиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга фарзанд бобида мазкур ҳолатнинг жорий қилиниши Аллоҳ таолонинг ҳикматидандир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг Расул ҳам, Набий ҳам келмаслиги аниқ. Ким бунга хилоф эътиқод қилса, кофир бўлади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги Пайғамбар эканликларининг хабарини берган ушбу ояти каримани тасдиқловчи кўплаб ҳадиси шарифлар ҳам ворид бўлган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Убай ибн Каъбдан, у киши ўз оталаридан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:
«Менинг мисолим шуки, худди, бир одам гўзал ва мукаммал ҳовли-жой қуриб, ундан биргина ғиштни қўймай, ўрнини очиқ қолдирган, одамлар бинони айланиб кўриб, ундан ажабланишиб, сўнгра: «Агар мана шу ерга ҳам ғишт қўйилганида эди», дейдилар, мен Пайғамбарлар ичида ўша жойга қўйилган ғиштман».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, мен Аллоҳнинг наздида Пайғамбарларнинг сўнггисидирман», деганлар.

Одинахон Муҳаммад Юсуф