A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир
PDF Босма E-mail

Пайғмбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари тўртинчи бор "Фатҳ" сурасининг сўнги ояти, 29 оятда келади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
"Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир, у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳимдилдирлар. Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб рукуъ ва сажда қилган ҳолларини кўрасан. Уларнинг сиймоси сажда асаридан юзларида (балқийди). Ана ўша, уларнинг Таврот ва Инжилдаги мисолларидир. Бу, худди, уруғини ёриб чиқиб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшар. Кофирларнинг ғазабини қўзитиш учун. Аллоҳ улардан иймон келтириб ва солиҳ амалларни қилганларга мағфират ва улуғ ажрни ваъда қилди".
Бу ояти карима Муҳаммад алайҳиссаломнинг Расуллик сифатларини таъкидлаш билан бошланмоқда.
«Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир...»
Маълумки, мушрик ва кофирлар бу сифатларни инкор қилган эдилар. Уларнинг вакили Суҳайл ибн Амр, мазкур сура тафсири аввалида айтилганидек, Пайғамбар алайҳиссалом сулҳ матнини имло қилаётганларида, матндан «Аллоҳнинг Расули» деган иборани ўзгартиришларини қатъий талаб қилиб туриб олган эди. «Биз сенинг Аллоҳнинг Расули эканингни тан олганимизда бу ишларни қилмас эдик» деган маънода гап қилган эди. Ояти карима мушрикларнинг мана шу қайсарликларига қақшатқич зарба бермоқда. Мўмин-мусулмонларнинг яхши сифатлари кўп, аммо ушбу оятда уларнинг вакиллари бўлмиш саҳобаи киромларнинг баъзи сифатлари махсус васф қилинмоқда:
«... у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳимдилдирлар».
Саҳобаи киромларнинг фазлларини зоҳир этиш учун келтирилган ушбу сифат ҳар бир мўминнинг ҳам сифати бўлиши лозим. Саҳобалар, оталари ёки болалари кофирлар сафида бўлсалар, уларга қарши ҳам қаттиққўл бўлганлар. Аммо, ким бўлишидан қатъиназар, мусулмонга меҳрибон бўлишган.
«... Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб рукуъ ва сажда қилган ҳолларини кўрасан...»
Уларнинг асосий сифатларидан бири – ҳамма ишни Аллоҳнинг фазли ва розилиги учун қилишлари. Бошқа бирор тараф ёки шахс-нинг розилиги деб Аллоҳнинг розилигини четга сурмайдилар. Шунинг учун, фазлу марҳаматни ҳам фақат ягона Аллоҳнинг Ўзидан кутадилар.
Яна бир сифатлари,
«рукуъ ва сажда қилган ҳолларини кўрасан».
Улар доим рукуъ ва сажда ҳолатида, яъни, ибодат ҳолатида бўладилар. Мўмин-мусулмон шахснинг, хоссатан, оятда мадҳлари келаётган саҳобаи киромларнинг барча ҳаётлари ибодатдан иборатдир. Лекин, шундай бўлса ҳам, банданинг Аллоҳга энг яқин бўладиган пайти – рукуъ ва сажда пайтининг оятда зикр қилиниши бежиз эмас. Ояти каримадаги тавсифдан улар худди доимо рукуъ ва саждада тургандек тасаввур пайдо бўлади.
«Уларнинг сиймоси сажда асаридан юзларида (балқийди).»
Яъни, ибодатнинг асари юзларидан билиниб туради. Бу, оддий ҳақиқат бўлиб, ибодатли, пок, тақводор инсонларнинг юзларидан иймон нури ёғилиб туришини ҳар бир мулоҳазали, кўзи очиқ киши кўра олади.
Пайғамбаримиздан қилинган ривоятлардан бирида: кимнинг кечасида намози кўпайса, кундузида юзи чиройли бўлади, дейилган. Саҳобаи киромлар бу борада ҳаммага ўрнак бўлганлар.
«Ана ўша, уларнинг Таврот ва Инжилдаги мисолларидир.»
Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, саҳобаи киромларнинг сифатлари аввалги илоҳий китоблар Таврот ва Инжилда ҳам зикр қилинган. Маълумки, ҳозирда яҳудийларнинг қўлларидаги Таврот Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таолодан туширилган ҳақиқий Таврот эмас, балки бузилиб, ростидан ёлғони, тўғрисидан нотўғриси кўп ҳолатга келган бир китобдир. Инжил ҳақида ҳам худди шу нарсани айтиш мумкин. Шундай бўлса-да, уламоларимиз бу икки китобнинг ҳозирги нусхаларидан ҳам мазкур ояти каримани тасдиқловчи матнларни топишган. Биз ўрганаётган ояти каримада эса, ҳақиқий, ҳеч бузилмаган илоҳий васф келган, у ҳам бўлса:
«Бу, худди, уруғини ёриб чиқиб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшар».
Ушбу зарбулмасал ила Аллоҳ таоло Ислом динининг бошланиши, ўсиши, улғайишини баён қилмоқда. Чунки, Муҳаммад алайҳиссалом ёлғиз ўзлари бошлаган даъватни саҳобаи киромлар қўллаб-қувватладилар ва шу тарзда, худди, қобиғини ёриб чиққан уруғ аста-секин ривожланиб, деҳқоннинг кўзини қувонтирадиган ўсимликка айлангани сингари, Ислом ҳам Пайғамбаримиз бошчиликларидаги саҳобалар жамиятида ўсиб кўзни қувонтириб борди.
Лекин бу ҳолат кофирларнинг ғазабини қўзитар эди. Шунинг учун ҳам, ояти каримада
«Кофирларнинг ғазабини қўзитиш учун», деган ибора келди. Ушбу маънодан келиб чиқадики, саҳобалардан ғазаби қўзиган, уларни беҳурмат қилганлар кофирлар қаторига қўшилар эканлар. Оятдаги шунчалик иззат-икром устига Аллоҳ таоло саҳобаи киромларга яна мағфират ва улуғ ажрларни ҳам ваъда қилмоқда:
«Аллоҳ улардан иймон келтириб ва солиҳ амалларни қилганларга мағфират ва улуғ ажрларни ваъда қилди».
Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ, У зот Ўз ваъдасига асло хилоф қилмайди. Саҳобалар – улуғ инсонлар. Пайғамбаримизнинг суҳбатларини топишдан ҳам улуғроқ бахт борми дунёда?! Шунинг учун ҳам, ҳар бир мусулмон саҳобаи киромларнинг ҳурматларини ўрнига қўйиши лозим. Уларга нисбатан беодоблик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадиси шарифларидан бирида: «Саҳобаларимни сўкманглар, менинг нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар бирортангиз Уҳуд тоғидек олтин нафақа қилсангиз ҳам, уларнинг биттасининг бир муддига (оғирлик ўлчови) тўғри келмайди», деганлар.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчамизни саҳобаи киромлардан ўрнак олиб, уларни ҳурматлаб яшашга муяссар қилсин.

Одинахон Муҳаммад Юсуф