A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
“Анфол” сурасидаги хитоблар
PDF Босма E-mail

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

“Анфол” сурасининг учта оятида "Эй Набий" деган хитоб бор. Шулардан биринчиси олтмиш тўртинчи оятда келади:

“Эй Набий, сенга ва сенга эргашганлар мўминларга Аллоҳ кифоядир”.
Ушбу сураи кариманинг оятлари, асосан Бадр уруши ҳақида нозил бўлган. Бу сурада гап уруш ҳақида, унга тарғиб қилиш, қитол ҳолатларига оид масалалар ва ўлжа, ҳукмлар, яна шунга ўхшаш мавзулар ҳақида гап кетади.

Хитоб келган оятда Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ва мўминларни Ўзининг йўлидаги урушга чорламоқда. Шу билан бирга Ўзи у зотга ҳам, мўминларга ҳам кифоя эканлигини таъкидламоқда.

"Эй Набий, эй нубувват вазифаси каби шарафли вазифага танлаб олган бандам! Аллоҳ сенга ва сенга эргашган, сенга итоат қилган мўминларга ёлғиз Ўзи кифоядир. Сизларга нусрат берувчи Ўзи, қувват берувчи Ўзи, сабр берувчи Ўзи, сизларни ҳимоя қилувчи Ўзидир. Шундай экан, қўрқмай урушга киришаверинг. Аллоҳга куфр келтирганларга қарши урушинг. Аллоҳга ширк келтирганларга қарши урушинг. Аллоҳга душман бўлганларга қарши урушинг”.

Ушбу оятнинг тафсири ҳақида уламоларимиз икки хил гап айтганлар. Замахшарий юқорида келганидек:"Эй Набий, Сенга ва сенга эргашганлар мўминларга Аллоҳ кифоядир" деган бўлсалар, Мужоҳид, Ҳасан Басрийдан: "Эй Набий, сенга Аллоҳ ва сенга эргашган мўминлар кифоядир" деб ривоят қилинган. Иккинчи тафсирни Суютий ва Маҳиллий “Тафсиру ал Жалалайн"да ихтиёр қилишган. Биринчи қавл маъқулроқдир.

Иккинчи хитоб:

“Эй Набий, мўминларни жангга чорла! Агар сиздан йигирмата сабрли бўлса, икки юзтани енгади. Агар сиздан юзта бўлса, куфр келтирганлардан мингтасини енгади. Бу, улар тушунмайдиган қавм бўлганларидандир”.

"Эй Набий, имконинг борича мўминларни мушрикларга қарши жангга рағбатлантир, уларни урушга чақир. Агар сиздан йигирмата сабрли бўлса, икки юзтани енгади".

Бу ерда Аллоҳ таолодан мўмин бандаларига бўлган ваъда бор. У ҳам бўлса, бир мўминни ўнта мушрикка ғолиб келишидир. Яъни: "Эй Мўминлар жамоаси, агар сизлардан йигирмата уруш шиддатларига сабр қилувчилар бўлса, Аллоҳнинг ёрдами ва қўллаши ила мушриклардан икки юзтасини енгади". Агар сиздан юзта бўлса, куфр келтирганлардан мингтасини енгади. Сизлардан юз киши бўлса, сабр шарти ила, Аллоҳнинг иродаси ила кофир бўлган қавмлардан мингтасини енгади. Бундай ғолибликнинг сабаби, кофирларнинг жоҳил бўлиб, Аллоҳнинг ҳикматини тушунмасликларидир. Нусрат йўли ва унинг сабабини тушунмаслар. Улар ажр ва савоб талаб бўлиб жанг қилмаслар. Шунинг учун мағлубиятга учрайдилар.

Ибн Аббос: "Бир кишини ўн кишига собит қадам бўлиши фарз эди. Сўнгра бу уларга машаққатли бўлганида, насх қилинди ва бир кишининг икки кишига  собит қадам бўлиб туриши фарз бўлди", деди.

Учинчи хитоб:

“Эй Набий, қўлингиздаги асирларга: “Агар қалбларингизда яхшилик бўлса, Аллоҳ билур ва сизга ўзингиздан олинган нарсадан кўра яхшироқ нарсани берур ва сизни мағфират қилур. Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳимли Зотдир”, – деб айт!”

Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида имом Ибн Шиҳоб Зуҳрий қуйидагиларни ривоят қилади: “Қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга асирларнинг тўловини бериб, озод қилиш учун одам юбордилар. Ҳар бир қавм қариндошини ўзи рози бўлган тўловни бериб қутқариб олди. Шунда Аббос:
“Эй, Аллоҳнинг Расули, мен мусулмон эдим”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мусулмонлигингни Аллоҳ билади. Агар айтганинг рост бўлса, сенга Аллоҳнинг Ўзи мукофот беради. Аммо, сен сиртдан бизга қарши бўлдинг. Ўзинг учун, акаларингнинг ўғиллари Навфал ибн Ҳорис ибн Абдулмуттолиб ва Ақийл ибн Абу Толиб ибн Абдулмуттолиб учун ҳамда иттифоқдошинг Бани Ҳорис ибн Феҳрнинг укаси Утба ибн Амр учун тўлов бер”, – дедилар. Аббос:
“Эй, Аллоҳнинг Расули, менда унча мол йўқ”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Умму Фазл икковингиз кўмган моллар қани?” – дедилар. Аббос:
“Аллоҳга қасамки, эй Муҳаммад, сиз Аллоҳнинг Расули эканингизни яхши биламан, бу молларни мен ва Умму Фазлдан бошқа ҳеч ким билмас эди. Мендаги молнинг йигирма уқияси ўзингизга ўтди деб ҳисоблайверинг”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Йўқ, у бойлик Аллоҳ сендан бизга олиб берган нарсадир”, – деб унинг сўзини тўғриладилар. Аббос ўзига, икки акасининг икки ўғлига ва иттифоқдошига тўлов берди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Аббос айтдики:
“Аллоҳ менга Исломда йигирма уқия ўрнига қўлида молу мулки бўлган йигирмата қул берди. Энди Аллоҳнинг мағфиратидан умидворман”.

Одинахон Муҳаммад Юсуф