A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
“Талоқ” сураси 1-оят
PDF Босма E-mail

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Эй Набий! Агар аёлларни талоқ қиладиган бўлсангиз, иддалари учун қилинг ва иддани ҳисобланг ва Аллоҳга тақво қилинг. Уларни уйларидан чиқарманглар ва ўзлари ҳам чиқмасинлар, илло, очиқ-ойдин фоҳиша иш қилган бўлсалар (чиқарилурлар) ва ана шулар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳнинг чегарасидан чиқса, ҳақиқатан ўзига ўзи зулм қилибди. Сен билмассан, шоядки, Аллоҳ ундан кейин бирор ишни пайдо қилса”. (“Талоқ” сураси 1-оят)

Аллоҳ таоло Ўз Расулини шарафлаб ва улуғлаб: "Эй Набий" дея нидо қилмоқда. Нидо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган бўлсада, орқасидан келадиган муҳим амр ва шариат ҳукмлари бутун умматга тааллуқлидир.
Ушбу оят "Талоқ" сурасининг биринчи ояти бўлиб, унда талоққа оид кўп ҳукмлар бор.

"Агар аёлларни талоқ қиладиган бўлсангиз, иддалари учун қилинг ва иддани ҳисобланг". Бу ерда талоқни, суннат талоқ бўлшига амр бор. Яъни: "Эй мўминлар, агар аёлларингизни талоқ қилмоқчи бўлсангиз, муносиб вақтда талоқ қилинг. Ҳайздан покланиб, ҳали уларган қўшилмасингиздан туриб талоқ қилинг. Ёки ҳомилалари аён бўлганидан кейин талоқ қилинг”.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“У киши хотинини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳайз ҳолида талоқ қилди. Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда сўради. Бас, у Зот:
“Унга буюр. У(аёл)га қайтсин. Сўнгра уни ўзи билан тутсин. Токи (ҳайздан) пок бўлиб, сўнгра яна бир ҳайз кўриб, пок бўлганидан кейин агар хоҳласа, ўзи билан олиб қолсин, хоҳласа, яқинлик қилмай туриб талоқ қилсин. Ана ўша хотинларни талоқ қилиш учун Аллоҳ амр қилган иддадир”, дедилар”.

Талоқ тушганидан кейин иддани санаш лозим. Ҳомиласи йўқ аёллар то уч ҳайз кўргунларича идда ўтирадилар. Ҳомилалик аёллар эса, ҳомиласи туғулгунича.
"ва Аллоҳга тақво қилинг" бекордан бекор зулм қилиб талоқ қилманг. Талоқ сўнгги чорадир.Талоқ қиладиган бўлсангиз, аёлингизга зулм қилиш учун қилишга Аллоҳдан қўрқинг. Чорасизликдан бўлса, Аллоҳ амр қилганидек, суннатга мувофиқ ҳолда талоқ қилинг.

"Уларни уйларидан чиқарманглар ва ўзлари ҳам чиқмасинлар". Одатда талоқдан кейин эркаклар дарров аёлларни уйдан ҳайдаб солишга ошиқадилар. Йўқ, то иддаси тугагунича мумкин эмас. Шунингдек аёллар ҳам талоқ тушиши билан ўзбошимчалик қилиб, тугун терсагини кўтариб, отасиники ё бошқа жойга жўнаб қолишлари мумкин эмас. Иддаси чиқмагунича, эр уйида ўтирилади. Талоқ ражъий бўлсин, боин бўлсин. Чунки, аёлнинг ҳар қандай ҳолатда ҳам иддасини эр уйида ўтиришида ҳикмат бор. Агар талоқ ражъий бўлса, эр уйида юрар экан, эрнинг кўзи аёлига тушиб, ниятидан қайтиб, ярашгиси келиб қолар. Боин талоқ бўлса, аёл киши эҳтимоли бор ҳар хил туҳматлардан холи бўлади.
"Илло, очиқ-ойдин фоҳиша иш қилган бўлсалар (чиқарилурлар)". Бу  оятдаги очиқ ойдин фоҳиша ишни баъзи муфассирлар зино деб тафсир қилган
бўлсалар, бошқа муфассирлар аёлнинг эр аҳлига берадиган озорини назарда тутганлар.

"Ва ана шулар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳнинг чегарасидан чиқса, ҳақиқатан ўзига ўзи зулм қилибди". Мана шулар Аллоҳ таолонинг бандаларига кўрсатган йўли, таълимотидир. Ким шуларга амал қилмаса, ҳаддидан ошса, шубҳасиз зулм қилган бўлади.

"Сен билмассан, шоядки, Аллоҳ ундан кейин бирор ишни пайдо қилса". Агар мана шу таълимотларга амал қилинганида, кўп оилалар ажрашишдан омонда қолишлари мумкин эди. Агар ажрашиладига бўлса ҳам, шу кўрсатмаларга биноан ажрашилганида эди, икки тараф ҳам зарардан холироқ бўлар эдилар. Гап сўз, озор бериш, уруш жанжал кўпаймас эди.

Афсуски, ҳозирги талоқ ҳолатлари Аллоҳ таоло Ўзининг китобида баён қилинганидек бўлмаяпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ бўлмаяпти.

Одинахон Муҳаммад Юсуф