A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Танловга: “Оятул Курсий”даги бетакрор тартиб
PDF Босма E-mail

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бақара сурасининг 255-ояти каримаси бўлган «Оятул Курсий» жами бўлиб тўққизта жумла (яъни  гап)дан иборат.
Аввало, мана шу тўққизта гапнинг барчасини бир кўриб чиқайлик:


Бисмиллãҳир Роҳмãнир Роҳийм.

1. Аллõҳу лã илãҳа иллã Ҳувал Ҳайюл Қоййюм.
2. Лã та`хуҙуҳув синатув ва лã навм.
3. Лаҳув мã фис самãвãти ва мã фил арз.
4. Маң-ҙаллаҙий яшфаъу ъиңдаҳув иллã би-иҙниҳ.
5. Яъламу мã байна айдийҳим ва мã холфаҳум.
6. Ва лã юҳийтувна бишай-ин мин ъилмиҳий иллã бимã шã-a.
7.Васиъа Курсийюҳус самãвãти вал-арз.
8.Ва лã я`увдуҳув ҳифҙуҳумã.
9. Ва Ҳувал ъалийюл ъазийм.

* * * * *

Маънолар таржимаси:

«Аллоҳ! Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир. Фақат Унинг ўзи бордир. У доимий Тирик ва Абадий тургувчидир. Уни на мудроқ, на уйқу босгай. Самовот ва ердаги бор нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз шафоат қилолмайди. У уларнинг (барча одамларнинг) олдиларидаги ва орқаларидаги ҳамма нарсани билади. Ва улар У Зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар. Унинг Арши-Курсиси осмонлар ва ердан ҳам кенгдир. Ва Уни осмонлар ва ерни ҳифзу-ҳимояда сақлаб туриш қийнамайди. У Энг Олий ва Энг Буюкдир».

Шундай қилиб, 9 та жумла...

* * * * *

1. «Аллõҳу лã илãҳа иллã Ҳувал Ҳайюл Қоййюм» –
Яъни «Аллоҳ! Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У доимий Тирик ва Абадий тургувчидир».

Аллоҳнинг 2 та гўзал исми билан якунланган ажойиб жумла.
Бу исмлар – Ал-Ҳайй ва Ал-Қоййюмдир.
Доимо тирик, ҳаёт эгаси, ҳаётнинг манбаи, ҳаётни яратгувчи Зот.
Барча воқеаларни, ҳодисаларни бошқариб турувчи, ҳимояси остида тутувчи Зот – Аллоҳ дегани.

Ушбу ўринда ниҳоятда эътиборли жиҳат шундаки, биринчи гап билан охирги гап орасида узвий боғлиқлик мавжуд. Яъни  оятнинг сўнггидаги «Ҳувал Ъалийюл Ъазийм» (яъни «У Энг Олий ва Энг Буюкдир») деган жумла.

Охирги жумлада Аллоҳнинг нечта исми зикр қилинган?
Иккита.
Энг биринчи жумлада ҳам, энг охирги жумлада ҳам 2 исм. Машааллоҳ!

* * * * *

Иккинчи жумлага ўтамиз.
«Лã та`хуҙуҳув синатув ва лã навм».
Яъни «Уни на мудроқ, на уйқу босгай!»

«Ухлаш».
Қачон ухлаш содир бўлади?
– Албатта, чарчаган пайтда.

Баъзи вақтларда «пинакка кетиб» қоламиз.
Ухлаб-ухламаймиз-у, кўзимиз юмилиб, мудраб кетамиз.
Араб тилидаги «Синатун» деганимиз − шу – мудроқ, сал-сал уйқу босиши.

Буни «уйқу» демаймиз, балки «мудроқ» деймиз.

Энди, «Навм» деган сўз борки, у табиий, ҳар доимги «уйқу» ҳисобланади.

Буни мана бундай (ҳазилнамо) мисол билан тушунтириб кўрайлик:
Кўпинча Жумъа хутбаларини тинглаётганимизда, энди-энди хутба бошланаётганида уйқу босади; кўзларимиз мудраб, ухлагандай бўламиз. Мана шу – «Сина» (мудроқ).

Энди, хутбанинг охирларига бориб, баъзи бирларимиз (таассуфки) хўриллаган овозлар чиқара бошлайди...
Бу энди – ҳақиқий уйқу, «навм» бўлади.

Демак, пинакка кетиш ва ухлаш сўзларининг фарқини тушуниб олдик.
Бу иккинчи жумла эди.

Иккинчи жумлада одамларга хос бўлган, аммо Аллоҳга хос бўлмаган сифатлар зикр қилиняпти:
чарчаш, пинакка кетиш ва ухлаш каби.

* * * * *

Энди, охиридан иккинчи жумлада нима дейилади?
«Ва лã я`увдуҳув ҳифҙуҳумã».
Яъни «...Уларни (осмонлар ва ерни) ҳифзу-ҳимоясида сақлаб туриш Уни қийнамайди».

Қаранглар-а...
Кимдир чарчайдиган бўлса, нима бўлади?
– Оғирлашади, қийналади.
(Сўнг  пинакка кетиш, мудраш ва ухлаш содир бўлади).
Лекин  Аллоҳда ундай эмас...

Бошидан иккинчи жумла билан охиридан иккинчи жумла орасида нақадар гўзал узвий алоқа борлигига бир назар солинг-а!

* * * * *

Навбат учинчи жумлага:
«Лаҳув мã фис самãвãти ва мã фил арз».
Яъни «Самовот (осмонлар) ва ердаги барча нарса Уникидир».

Шу ўринда Аллоҳ Таолонинг «Молик» ва «Малик» исмлари орасидаги фарқ ва ўхшашликни ҳам билиб олишимиз лозим.
Ана шу фарқни яхши тушуниб олсак, ўрганаётган оятимизни ҳам ниҳоятда ҳайратда қабул қилиш имкони туғилади.

Молик – соҳиб бўлиш, яъни «Эга бўлиш», «Эга» деган сўз.
Малик эса – «Ҳукмдорлик», «Подшохлик»ни ифодалайди.

Хўш, «подшохлик» билан «эга бўлишлик» орасида қандайдир фарқ борми?
– Албатта, бор.

Сиз бирорта қаламнинг эгаси бўлсангиз, «Мен бу қаламни соҳибиман − эгасиман», − дерсиз;
аммо «Мен бу қаламнинг подшоҳиман, қиролиман, ҳукмдориман», − деб айтмайсиз...
Фарқни тушуна олдик-а?!

Эга бўлиш, соҳиб бўлиш – майда,кичик нарсаларда бўлади. Машина, компьютер, телефон сингари. Сиз бу нарсаларнинг «подшохи» бўлмайсиз, албатта, эгаси бўласиз.

Подшоҳлик – катта,улкан нарсаларда бўлади. Майда-чуйда нарсаларда эмас.

Бошқа томондан олиб қарайдиган бўлсак,

Соҳиблик,эгалик – бойлик билан боғлиқ нарса.
Аммо қироллик  ундай эмас. Мисол учун, бирор «дарахтнинг подшоҳи» бўлиш нотўғри  ёки бирор ер  участканинг қироли бўлинмайди. Балки унинг устида яшаётган, ўша ҳудудда истиқомат қилаётган одамларнинг подшоҳи бўлинади. Подшохлик − ўша халқни назорат остида ушлаб туриш билан боғлиқ ҳолат.

Яъни подшоҳлик – катта нарсаларга, улкан масалаларга алоқадор бўлади;
эгалик эса  нарсаларни, нисбатан кичик масалаларни қамраб олади.
Асосий фарқ мана шунда.


Энди  Аллоҳ Таоло марҳамат қиляптики:
«Самовот ва ердаги барча нарса Уникидир».

Мазкур жумла нима ҳақида? Эгалик ҳақида. Шундай эмасми?

Эгалик – кичик жисмларга нисбатан ҳам ишлатилиши мумкин. Зеро ҳар бир зарранинг Соҳиби ҳам Аллоҳ Таолодир.

* * * * *

Навбат: охиридан учинчи жумлага:
«Васиъа Курсийюҳус самãвãти вал-арз».
Яъни «Унинг Арши-Курсиси осмонлар ва ердан ҳам кенгдир».

Аллоҳ Таоло Курсиси ҳақида айтётганда нимани кўзда тутяпти? –
Қироллигидан, подшоҳлигидан, ҳукмронлигидан.

Бир томондан эгалик − соҳиблик (Молик); иккинчи томондан эса ҳукмронлик, подшоҳлик (Малик). Бир-бирини тўлдириб, ўзаро узвий боғлиқлик касб этиб турибди, Субҳаналлоҳ...

Мабодо «фақатгина эга» бўлганда подшоҳлик бўлмасди; агар «фақатгина подшоҳ» бўлса, эгалик бўлмасди. Валлоҳу Аълам.

Буни қуйидаги мисол билан тушунтиришга ҳаракат қиламиз:

Мисол учун, бир оролнинг подшоҳи бўлишингиз мумкин. Лекин бу ҳолат сизнинг ўша оролдаги ҳамма нарсанинг эгасисиз, деган маънони билдирадими?
– Табиийки, йўқ.

Аллоҳ эса – ҳам барча нарсанинг соҳиби − эгаси, ҳам барча нарсанинг подшоҳи, қиролидир.
Ҳар иккала сифати ҳам мавжуд.

Масалан, бирор кишининг ҳамма нарсаси бўлиши мумкин-у, аммо подшоҳ бўлмаслиги мумкин.
Бундай бўлаши мумкинми?
– Албатта. Ҳамма нарсаси бор, лекин қирол – у эмас, бошқаси.

Демак, биз мол-мулк соҳиби бўлиб, подшоҳлик,ҳукмронлик бошқасининг қўлида бўлиши мумкин экан. Ёки аксинча бўлиши ҳам эҳтимол.

Лекин  Аллоҳ Таолода ундай эмас. У – ҳам Молик (эга, соҳиб), ҳам Малик (подшоҳ, ҳукмрон)дир.

Аллоҳнинг Молик сифати – бошидан учинчи жумлада, Малик сифати эса – охиридан учинчи жумлада.
«Унинг Арши-Курсиси осмонлар ва ердан ҳам кенгдир».

* * * * *

Навбат 4-жумлага:

4. Маң-ҙаллаҙий яшфаъу ъиңдаҳув иллã би-иҙниҳ.
Яъни «Унинг ҳузурида ким (бошқа бировни) Унинг изнисиз шафоат қила олади?!»

Аллоҳ деяптики: ҳеч ким сени қутқаролмайди. На амакинг, на жиянинг, на отанг, на онанг, ва на бошлиғинг...
Қиёмат куни ҳеч ким ўзича Аллоҳнинг ҳузурида туриб олиб: «... у яхши одам эди-ку, зўр киши эди...» сингари сўзлар айта олмайди... Бош бармоғи билан кўрсатиб, «У мана бундай – зўр эди», дея олмайди...

Ундай қилиқлар бу дунёдагина ўтади.
Масалан, баъзида эшик олдида туриб олиб: «У – қадрли меҳмон, махсус акахонимиз, ичкари кираверсин...»,− деб қўямиз, илтифот маъносида.

Йўқ-йўқ... У ёқда эса ҳолат бундай бўлмайди!

Ҳаммага (ҳатто ҳеч кимга) таниш-билишчилик қила олмас эканмиз!

Фақат Аллоҳ Таоло изн-рухсат берганларгина бундан мустасно.

Шундай қилиб, мазкур оят – Аллоҳ рухсат бермагунича ҳеч кимнинг обрў-эътиборга ва шафоат қилиш қудратига соҳиб бўлолмаслигига далолат қилмоқда.

Кимларга рухсат берилса , шуларгина шафоат қила оладилар, би-изниллаҳ...

* * * * *

Энди охиридан 4-жумлага ўтамиз:

«Ва лã юҳийтувна бишай-ин мин ъилмиҳий иллã бимã шã-a».
Яъни «...Улар У Зотнинг илмидан ҳеч нарса билолмайдилар. Магар (Аллоҳнинг) Ўзи истаган нарсаларинигина (била оладилар)».

Бошидан тўртинчи ва охиридан тўртинчи бўлган ҳар иккала жумлада ҳам муҳим бир жиҳатга эътибор қаратилмоқда.
Бу – «Илло» (яъни, «магар», «истисно») сўзи.

Оятдаги ифодаларда нима дейилган эди?
«Аллоҳнинг рухсатисиз ҳеч кимнинг шафоат қилолмаслиги (магар рухсат берсагина шафоат қила олишлиги)»; ҳамда «Аллоҳнинг рухсатисиз ҳеч кимнинг Унинг илмига воқиф бўлолмаслиги (магар рухсат берсагина воқиф бўла олишлиги)» билдирилган эди.
У Зот билдирмаса, ҳеч нарса била олмасликлари айтилган эди.

4- ва 6-жумлалар, кўриб турганимиздай: ниҳоятда боғлиқ.

Шунингдек, 1 билан 9; 2 билан 8; 3 билан 7; ва 4 билан 6. СубҳанАллоҳ! Ҳаммаси ўзаро боғлиқ...

Қайси жумла қолди?
Ўртадаги жумла. Марказий гап. Бошидан ҳам, охиридан ҳам бешинчи бўлган гап қолди:

5. «Яъламу мã байна айдийҳим ва мã холфаҳум».
Яъни «У Зот (барча одамларнинг) олдиларидаги ва орқаларидаги (ўтмишларию келажакларига доир) ҳамма нарсани БИЛАДИ».

Қаранглар-а!
9 гапли оят. Марказидаги гапда нима дейилаётганига бир эътибор қаратинглар-а!
«Ул Зот ушбу (марказий) гапнинг олдинидаги (4 та гап)ни ҳам, бундан кейинги (4 та гапда айтилаётганлар)ни ҳам, одамларнинг ўтмишу-келажакларини ҳам билади...

Яна ким бу тарзда гаплаша олади-я?!
Субҳаналлоҳ!..

Аллоҳнинг сўзлаш − гапириш усулига, хабарни етказиш услубига бир эътибор беринг-а!
Ҳақиқатан, таърифлашга тил ожиз...

* * * * *

Шунинг баробарида, яна бир нарсани яхши тушуниб олишимиз лозим:

Бугунги кунда биз Қуръони Каримни бир Китоб ёки бир матн сифатидагина ўқиётгандаймиз...
1-, 2-, 3-, 4-, 5-жумла  ёки гап... деб айтяпмиз.

— Ўзи, Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ва саҳобийлар (розияллоҳу анҳум) даврларида ҳам ҳолат мана шундай бўлганми?
«1-, 2-, 3-гапга қаранглар»,   дейилганми?

— Йўқ, чунки у пайтдаги ҳолат – гапириш орқали (оғзаки усулда) етказиш эди. Расулуллоҳ (алайҳис салом) Қуръонни сўзлаб, гапириб, тил орқали етказаётган эдилар.

Мана шу жиҳатларнинг барчасига эътибор берган ҳолда хулоса қиладиган бўлсак, тушуниб етамизки:
Қуръони Карим – нуқсонсиз (ажойиб) гапириш − сўзлаш матни сифатида нозил қилинган .


Ўрни келганда, мавзу жиҳатидан муҳим бўлган бир савол:
Бирор нарсани ёзаётганда кўпроқ хатога йўл қўйиладими ёки ўқиётганда,айтаётгандами?
– Албатта, айтаётганда.

Бирор нарсани айтиб қўйганингизда, тамом, уни қайтариб олиш мушкул бўлади. Амри маҳол нарса.
Аммо  бирортасига мактуб йўлламоқчи бўлсангиз, ёзганингизда даставвал бир ўқиб чиқасиз, ўйланасиз, баъзи жойларини таҳрирлайсиз, кераксиз жойлари бўлса, ўчирасиз...

Ёзаётганда «қайтиб олиш, қайтариш» имкони бор. Гапираётганда эса   ундай эмас. Айтилган гап – отилган ўқ сингаридир.

Аллоҳ Таоло Қуръони Каримни ёзувли матн шаклида нозил қилмаган, балки  оғзаки   етказган. Лекин  аҳамиятга  молик жиҳати шундаки, оғзаки етказилган бўлса ҳам, нуқсонсиз, камчиликсиз, бетакрор, Машааллоҳ...

* * * * *

Ғайри-муслим (мусулмон бўлмаган) тилшунослар билан гаплашганимда уларга мана шундай Қуръоний мисолларни келтиргандим, улар Қуръоннинг сўзли ҳолатда (оғзаки) етказилганини умуман қабул қилишолмади, ақллари бовар қилмади...
«Наҳотки?! Бундай бўлиши мумкин эмас. Оғзаки-я?! Ёзувли шаклда етказилган бўлиши керак...», дея ҳайрон қолишди...

* * * * *

Аллоҳ Таоло барчаларимизни Қуръони Каримга амал қилгувчи, у билан ҳаётларини зийнатлагувчи, ҳамда илму амаллари янада зиёда бўлгувчи бандаларидан айласин!

Видео-маъруза асосида.
Қуръон.Уз сайтининг 10 йиллигига бағишлаб, энг ожиз банда тайёрлади.