A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Бирмингем университетидаги қадимий мусҳаф ҳақида баёнот
PDF Босма E-mail

 

Бирмингем университетидаги қадимий мусҳаф ҳақида баёнот

Кейинги вақтларда ахборот воситаларида тарқалиб юрган Британия қироллигининг Бирмингем университетида Қуръони Каримнинг қадимий қўлёзма нусхаси топилгани ҳақидаги хабарларга жавобан Риёздаги Қуръоний тадқиқотлар тафсир маркази ўзининг баёнотини тақдим қилди. Университет ходимларининг фикрича, ушбу қўлёзма Қуръони Карим мусҳафининг энг қадимий нусхаларидан ва ушбу Қуръоннинг хаттоти Муҳаммад алайҳиссалом билан шахсан таниш бўлиши мумкин.

Баёнот қуйидагича:

«Албатта, Зикрни (яъни Қуръонни) Биз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз», деган Зотга ҳамду санолар бўлсин! Қуръон нозил бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловотлар бўлсин!

 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримни муҳофаза қилишга Ўзи ваъда берган ва бу илоҳий ирода жорий бўлиб келмоқда. Аллоҳ Ўз бандалари орасидан ушбу вазифани амалга оширувчи кишиларни ҳамиша чиқариб келган. Қуръони Карим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан буён қалбларда ва сатрларда сақланиб келмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоналарида Қуръон тўлиғича, аммо тарқоқ ҳолатда хатга туширилган. Кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида уни саҳифаларга жамланди. Сўнг ушбу саҳифалар ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик пайтларида Мусҳаф ҳолига келтирилди. Имом Бухорий ўз «Саҳиҳ»ида Қуръоннинг жамланиши ҳақида келтирган ривоят шунга далолат қилади. Араб тили ва ҳадис илми уламолари ҳисобланмиш Фарро, Азҳарий, Ибн Ҳажар ва бошқа уламолар ҳам шу фикрни қувватлайдилар. Ўша даврдан бери Ислом уммати Усмон мусҳафини билиттифоқ қабул қилиб келган ва у авлоддан авлодга ҳеч бир ўзгаришсиз сақлаб келинган.

Сўнги пайтларда ахборот воситаларида Британия қироллигининг Бирмингем университетида Қуръони Каримнинг қадимий қўлёзма нусхаси топилгани ҳақидаги хабар тарқалди. Уларнинг фикрича, ушбу қўлёзма Қуръони Карим мусҳафининг қадимий нусхаларидан ҳисобланади. Радиокарбон текширувлари натижасида у Исломнинг илк даврига тегишли экани ва унинг хаттоти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири бўлиши ҳам мумкинлиги аниқланган.

Биз ушбу хабар атрофида баъзи муҳим нуқталарни айтиб ўтмоқчимиз:

1. Қуръон оламлар Роббисининг ваъдасига мувофиқ муҳофаза қилинади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Албатта, Зикрни (яъни Қуръонни) Биз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз». Ушбу илоҳий муҳофаза далиллари ҳозирги кунгача боқийдир. Бу қатъий ҳукм бўлиб, бу ҳақда бирор мусулмон шак қилмайди ва уни ҳеч қандай кашфиёт ўзгартира олмайди.

2. Бундай кашфиётларни ёлғон ёки тўғри дейишга шошилмаслик лозим, чунки булар зонний – тахминий ишлардир. Далиллар уларни қатъий ишонч билан айтишга яроқли эмас. Ҳатто унинг баъзи тафсилотларини замонавий асбоб ускуналар ҳам айтиб бера олмайди. Масалан, ушбу қўлёзманинг муаллифи агар саҳобий ёки бошқа бир шахс деб қаралса ҳам, унинг ким эканини аниқлаб бўлмайди.

3. Ушбу кашфиётлар саҳиҳ экани аниқ бўлиб, илмий асосга эга нарса деб қабул қилинганда ҳам, Қуръон ва қироат илмларига оид илмий тадқиқотлар сарасига киради, холос. Уни Қуръони Каримнинг нақли устидан ҳакам ўлароқ қабул қилинмайди. Шу билан бирга, унинг Мусҳаф расми ва унинг сақланиш илми, унинг расмига мувофиқ келадиган қироатлар, хат тури, унга киритилган қўшимчаларнинг турлари ва шу каби илмий фоидалари бор. Шунинг учун ҳам Қуръонни ҳимоя қилиш ёки таъна тоши отувчиларнинг шубҳаларини рад қилиш мақсадида уни ёмонлаш ва ёлғонга чиқаришга ҳам шошмаслик лозим.

4. Биз, мусулмонларда Қуръони Каримни қабул қилиб олиш ва унинг собитлиги борасида қатъий тутган йўлимиз бор: Фотиҳа сурасидан бошлаб Ан-нас сурасигача икки муқова орасидаги суралар ҳеч қандай қўшимча ва камчиликсиз оғизма-оғиз, жамоалардан жамоаларга, авлоддан авлодга ўрганиб келинаётир. Ушбу икки муқова орасидагиларга зид бўлган нарса рад қилинади. Чунки унинг бир ҳарфи ҳам тушиб қолмаган ва бирор ҳарфи ҳам қўшиб қўйилмаган, борича қабул қилинган. Бу ҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаброил алайҳиссалом билан Қуръон ўқишган пайтларидан бошлаб ҳозиргача давом этиб келган ва бундан кейин ҳам Аллоҳ таоло уни қалблару сатрлардан ўчириб юборгунича давом этади.

5. Агар фаразан Ибн Масъуд ёки Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳумога тегишли Мусҳаф бўлаги топилиб қолса ва унда бизнинг Мусҳафимизга зид келадиган нарса бўлса, у Қуръоннинг нақли саҳиҳ эканлигига путур етказмайди, чунки биз биламизки, топилма нусхалардаги қироатлар нозил қилинган бўлиб, кейин насх қилган бўлиши мумкин. У  қироатларни насх қилиш бирор бир башарнинг иши эмас, балки у ёлғиз Аллоҳнинг ишидир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Бирор оятни насх қилсак ёки ёдингиздан чиқартирсак, ундан яхшироғини ёки ўшанинг айнан ўзига тенгини келтираверамиз». Ушбу оятда «насх қилсаларинг ёки ёдингиздан чиқартирсаларинг» деб айтилмагани диққатга сазовор. Саҳобалар эса Жаброил алайҳиссалом билан Рамазондаги сўнги учрашувларда собит бўлган нарсаларни қайдлашга келишганлар. Аллоҳ таоло Қуръонни асрашни ваъда қилган ва саҳоба розияллоҳу анҳумларга ушбу шарафли ишни ўз гарданларига олишлари учун сабабларни жорий қилган.

6. Янги топилган Қуръон нусхаси ҳақидаги хабарлар тарқалиши тўхтагандан кейин ушбу қисқача баёнотни келтириб ўтишдан мақсад шуки, ушбу қўлёзма ва ундан олдин топилган ёки энди топилиши мумкин бўлган шу каби қўлёзма нусхаларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш учун илмий ишончнома тақдим қилишдир. Агар ундай қилинмаса, бу мавзуда ҳар хил гаплар тарқалиши аниқ».

Манба: www.hqmi.org