A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Ғайб ва замонавий илмлар
PDF Босма E-mail
Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4

Ғайб ва замонавий илмлар

Ислом душманларидан бири шундай дейди:

«Қуръон шундай дейди: «Осмонлару ерда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғайбни билмас», деб айт. Улар қачон қайта тирилтирилишларини ҳам сезмаслар». (Намл, 65-оят)

Бугунги кунга келиб, замонавий илмлар инсониятга ғайб пардаларини очиб ташлади. Натижада бугун инсоният ўтмишни ҳам, келажакни ҳам билиш имкониятига эга бўлди. Мисол учун, она қорнидаги фарзанднинг ўғил ёки қизлиги, ой ёки қуёшнинг қачон тутилиши ёхуд ҳавонинг исиши ё совушини олдиндан айтиб бериш ва ҳоказо масалалар. Булар Қуръоннинг қарорини йўққа чиқармоқда, ёлғонлигини исботламоқда. Демак, Қуръон илоҳий китоб эмас, балки Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзи тўқиб олган гаплардир. У юқоридаги гапларни ўз асридаги араб жазираси кишиларининг илмий савиясидан келиб чиқиб, бутун дунёга ҳукм чиқариб юборган».

Энди мен айтаман:

Мен олим  номи билан безанган-у, лекин илм маъносидан маҳрум бу кишига айтаман:

Инсоният ҳарчанд замонавий, илмий ютуқларга, малакаларга эришмасин, бирорта ғайбни шак-шубҳасиз, аниқ тарзда билолмайди, чунки ғайб калитлари инсоният қўлида эмас, инсон уларга эгалик қилолмайди.

Хўш, ғайб билан ғайб калитлари орасида нима фарқ бор? Ғайб нима-ю, ғайб калитлари нима?

Ғайб – ҳали содир бўлмаган, лекин маълум бир далилларга суянган ҳолда бўлиши кутилаётган нарсалардир. Масалан:

— осмондаги булутларнинг ҳаракатига қараб , ҳаво ҳароратининг тушиши ёки кўтарилишини кутиш;

яна бир неча астрономик далилларга суяниб, ёмғир ёғишини кутиш;

докторнинг она қорнидаги эмбрионлар кўрсаткичига қараб, боланинг жинси ўғил ёки қиз бўлишини кутиши;

бемор одам дори истеъмол қилгач, давони кутиши ёки заҳар ичилгач, ўлимни кутиш;

хашак оловга ташлангач, унинг ёнишини кутиш ва ҳоказо.

Буларнинг барчаси ғайбдир. Уларнинг рўёбга чиқишига далиллар бўлса-да, лекин аслини олиб қаралганда, булар ҳали содир бўлмагани учун ғайблигича қолаверади. Уларнинг амалга ошишини кутишга бизни ундаётган нарса – биз билган ва суянаётган илмий далиллардир. Аслида илмий далилларнинг тури кўп. Лекин биз юқоридагига ўхшаш ўринларда суянаётган далилимиз фақатгина узоқ, такрорий тажрибадир. Мана шу ғайбдир.

Унда ғайб калитлари нима?

Ғайб калтларидан мурод – ғайб дастуридир, яъни ҳар қандай кутилаётган воқеа-ҳодисалар ортидаги ТАЪСИР КУЧИ. Осмондаги булутни бир жойдан бошқа жойга кўчираётган таъсир кучи. Биз ҳаводаги булутни кўрамиз, лекин унинг дастурини, яъни булутнинг юриши, тўхташи ёки парчаланиб кетиши ёхуд тўпланиб келиши ортидаги яширин кучни кўра олмаймиз (маълум бир далиллага таяниб, мисол учун, унинг ҳаракат йўналишини кўриб, булут ғарбга қараб юради деймиз, лекин у нима учун ғарбга қараб юряпти? Нима учун, масалан, шарққа қараб юрмаяпти? Биз ана шу кучни билмаймиз)

Биз эмбриондаги эркаклик аломатларини кўрамиз. Лекин эмбриондаги эркаклик аломатлари билан натижа, яъни боланинг ўғил бўлишидаги алоқа – боғлиқлик зарурати қаердан пайдо бўлди?

Биз дори истеъмолидан кейин давони кутамиз ёки заҳар ичилгандан кейин ўлим кутилади. Лекин дори ва унинг таъсири ва заҳар ва унинг таъсири ўртасидаги кучнинг масдари, асоси нима? Ана шу нарсани биз ҳеч қачон била олмаймиз.

Биз бу сабаб ва оқибатлардаги алоқа – боғлиқликдан фақат такрорий, кўп кузатилган ТАЖРИБА алоқасинигина биламиз, холос. Кўп кузатилган тажриба бизга келаси сафар ҳам айнан шундай натижа чиқишига ишонтириб қўйган.

Аммо натижани, оқибатларни рўёбга чиқариш учун зарур бўлган сабаблардаги таъсир кучини ишга туширадиган махфий дастур нима? Мана буни олимлар била олмайдилар, чунки бу инсониятга оид иш эмас. Зеро, сабаб билан оқибат орасидаги қатъий алоқани инсоният пайдо қилмаган. Бугунги кунда башарият ғайбни билиш даъвоси ила олиб чиқаётган масалалар ёки кашфиётлар фақатгина ана шу такрорий тажриба маҳсулидир, ғайбни билиш натижаси эмас. Фақат ғайб дастурларини билишгина кишига аниқ, юз фоиз илмий асос бера олади. Тажриба ҳар қанча кўп кузатилган бўлмасин, аниқ илмий асосни бера олмайди.

Қуръони Карим ғайбий воқеа-ҳодисалар ортидаги таъсир кучини калитлар ёки ғайб калитлари деб номлайди. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай дейди:

وعنده مفاتيح الغيب لا يعلمها الا هو

«Ғайбнинг калитлари Унинг ҳузурида бўлиб, уларни Унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас» (Анъом сураси, 59-оят).

Илоҳий баён ғайб калитлари фақат Аллоҳнинг ҳузурига хослаганига қаранг. Сўнгра У Зот бу хословни яна таъкидлаб қўймоқда:

«Уларни унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас»

Модомики ғайб калитлари инсоният қўлида эмас экан, давомий тажрибаларнинг ўзи «сабаб ва оқибат орасида алоқа лозимдир» деган илмий ҳукмни бера олмайди, чунки ғайб калитлари қўлида бўлган Зот ҳоҳлаган вақтда сабаб ва оқибат ўртасидаги алоқани йўққа чиқариб қўйишга қодирдир. Демак, ғайб калитлари қўлида бўлмаган киши ҳаргиз бу алоқани қатъий, ўзгармас ва йўқ бўлмас алоқа деб айта олмайди.

Шундай экан, ушбу оят Аллоҳ таолонинг ҳар бир моддапараст кишига эслатма хитобидир. Инсон нарсаларнинг зоҳирига қараб, шунга биноан ҳукм чиқараверади. Дорини кўради-да, мисол учун, «Таъсир кучи унинг ўзида, дорининг ўзи даволайди» дейди; оловга ёндириш кучини беради; эмбрионни кўриб, «ҳомиланинг ўғил ёки қиз бола бўлиши шунга боғлиқ» дейди. Бу оят уларга ҳақиқатни кўрсатиб, шундай дейди:

«Сизлар бу ғайбни кўриб, осонлик билан унинг натижасини кутиб ўтиришингиз мумкин, кўп ҳолларда натижа сиз кутгандек бўлиши ҳам мумкин. Лекин эсдан чиқармангки, сиз кутаётган бу нарсаларнинг таъсир кучи уларнинг ўзида эмас. Уни таъсир қилдириш ёки таъсир қилдирмаслик Менинг қўлимдадир. Бинобарин, уларни Ўзим тасарруф қиламан.

Сизлар осмон булутини кузатиб туриб, унинг ўнгга ёки чапга тарқалиб кетиши ё маълум муддатдан сўнг фалон ерга етиб боришини кутишингиз мумкин. Лекин унутмангки, бу булутларнинг жилови Менинг қўлимда. Хоҳлаган вақтимда ўнга, хоҳлаганда чапга бураман, хоҳлаганимда тарқатиб юбораман.

Сиз ҳомила эмбрионига қараб, аввалги тажрибаларингизга суяниб, унинг натижасини кутишингиз мумкин. Тажриба сиз учун ишонч, хотиржамлик ва ҳатто баъзида аниқ илмий асосдек кўриниши мумкин. Лекин унутмангки, ана ўша эмбрионнинг аломати ва ҳомиланинг қайси жинсда бўлиши орасидаги алоқани Мен қоим қилганман, Ўзим яратганман. Истаган вақтим амалга ошираман, истаган вақтимда амалга оширмайман».

Илмий-мантиқий қарор инсонни бу узоқ тажрибаларга алданиб қолиб, натижада сабаб ва оқибат орасида узилмас алоқа борлигига ишониб қолмасликка буюради. Шу сабабдан узоқ тажриба фақат бўлиб ўтган ишларгагина ҳукм бериши мумкин. Аммо келажак масаларида ҳукм беришга унинг ҳаққи йўқ. Демак, тажрибалар қанча кўп бўлмасин, инсон фақат гумон туғдириши мумкин, аниқ илмни эмас.

Бу хулосани Девид Гюм (David Hume) ҳам тасдиқлаган эди:

«Гарчи хашакнинг оловда ёнганини минг марта кўрган бўлсам-да, хашак яна оловга ташланса, у, албатта, ёнади деб қатъий айта олмайман. У оловга ташланиб, ёнганидан кейингина буни айтишим мумкин».

Шуниси маълумки, Гюм ўзининг бу сўзини диний қарашдан келиб чиқиб эмас, балки ўзи ишонган илмий мезонлар асосида айтган.

Илмнинг мазкур оятга бўйин эгаётганини кўзингиз ва онгингиз билан кўришингиз мумкин.

Ҳа, ғайб калитлари Ўзининг қўлидадир, яратилмиш инсоннинг ҳам, такрорий ва давомий тажрибаларинг ҳам қўлида эмас.

Бир тортишувчи шундай дейиши мумкин:

Агар айтаётган гапларингиз рост бўлса, у ҳолда биз бу дунё билан муомала қила олмайдиган бир ҳолатга тушиб қоламиз-ку! Бундай ҳолда сабаблар ортида оқибатлар туришига бўлган ишончимиз йўқолиб қолади. У ҳолда касал бўлсак, муолажага уринмаймиз, чунки дорининг, муолажанинг беморнинг шифо топишига ҳеч қандай таъсири бўлмаса, дорини истеъмол қилиш беҳуда ва фойдасиз иш бўлиб қолади. Ризқ топишга ҳам уринмай қўямиз, ризқнинг сабабларини ахтармай қўямиз, чунки сабабнинг оқибатга алоқаси йўқ, барча таъсир кучи Аллоҳнинг қўлида экан-ку! Керак бўлса ўзимизни куйдирувчи оловдан ҳам, ҳалок қилувчи заҳардан ҳам ҳимоя қилмай қўямиз, чунки уларда ҳеч қандай таъсир кучи йўқ, оловдан ёндириш, заҳардан ҳалок қилиш алоқаси ажраган экан, деган хулоса чиқиб қолади..

Шундай қилиб, агар инсоният бу айтилган қарорга таслим бўлса, коинотнинг бирор нарсасига ишонмай қўяди. Шунингдек, бирор мақсад сари ҳам юрмай қўяди. Бу эса катта муаммоларни туғдиради, бундай яшаб бўлмайди.

Ўйлайманки, бу саволга нозик, дақиқ, мантиқий жавоб ёзган киши Абу Ҳомид Ғаззолийдир. У киши ўзининг «Таҳофутут таҳофут» китобида мана шундай савол берувчиларга жавобан шундай ёзади:

«Ҳа, сабаблар билан оқибатлар орасидаги алоқага суянган ҳолда биз кутадиган ғайблар аниқ, юз фоиз содир бўладиган иш ҳисобланмайди, чунки унинг калитлари Аллоҳнинг қўлидадир.

Лекин Аллоҳ таолонинг бу борлиқда бир қанча суннатлари – одатлари бор. У Зот борлиқ низомини бир-бирига алоқадор бўлган қонунлар устига жорий қилган бўлиб, ўша қонунлар асосида сабаб ва оқибат алоқасини ҳам яратган. Айни пайтда, Ўзининг бу суннати ўзгармаслигини, Унинг ўрнини ҳеч ким боса олмаслигини Қуръонда эълон қилган:

«Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас» (Рум сураси, 30-оят).

«Бу – Аллоҳнинг аввалдан келаётган суннатидир. Ва Аллоҳнинг суннатини асло ўзгартира олмассан» (Фатҳ сураси, 23-оят).

Таом кишини тўйдиради, дори шифо беради, олов ёндиради, эмбриондаги ўғиллик аломатлари ҳомиланинг ўғил бўлишини, қизлик аломатлари ҳомиланинг қиз бўлишини кўрсатади. Бироқ  энди биз биламизки, бу – Аллоҳ таолонинг бу дунёдаги суннати, одатидир. Уни бошқа суннатга алмаштириб бўлмайди. Аллоҳ шундай бўлишини буюрган, шунга ҳукм қилган. Аммо жузъий, ғайриодатий ҳолатларга келсак, улар орасида истиснолар бўлиши мумкин. Бундай истисно ҳолатларни исталган даврда учратиш мумкин. Бундай ҳолатларга анбиёларнинг мўъжизалари, авлиёларнинг кароматлари ва Аллоҳ таоло неъмат қилиб ёки ҳалок қилиш учун ё истидрож учун берадиган бошқа ғайриодатий ишлар киради.

Аллоҳ таолонинг борлиқда жорий қилган бу қонунлари инсонга «босқичлик ишонч» (яқийнут-тадрийбий) беради. Бу эса кўп марта кузатилган, босқичма-босқич ўтказилган тажрибалар туфайли инсонда ҳосил бўлган ишончдир. Шунинг учун у «босқичли ишонч» дейилади. Лекин бу ишонч биз баҳс юритаётган «илмий ишонч»дан паст даражада туради. Биз билмайдиган сабабларга кўра содир бўладиган ғайриодатий, одатга хилоф тарздаги ҳолатлар «босқичли ишонч»да юз бериши мумкин, чунки бу ишонч тажриба билан ҳосил бўлган. Лекин бу ҳолатлар «илмий ишонч»да бўлмаслиги керак, чунки илмий ишончда натижа мутлақо ўзгармаслиги, доим бир хил чиқиши керак. Худди 2+2=4 бўлганидек. Агар илмий ишончда ҳам бундай ҳолатлар юз берса, у энди илмий ишонч даражасидан «кучли гумон» даражасига тушиб қолади. «Кучли гумон» билан «босқичли ишонч»нинг даражаси бирдир.

Инсон борлиқ билан алоқасини тажриба маҳсули бўлган «босқичли ишонч»га кўра олиб бориши лозим. Шариат буйруқлари ҳам «босқичли ишонч»га кўра жорий бўлган. Агар бир киши оловнинг ёндиришини билмасликка олиб, ўзини ўтга ташлаб ҳалок қилса, қиёмат куни ўзини ўзи ҳалок қилгани учун катта гуноҳ билан келади. Агар бир киши қаттиқ чанқаса-ю, лекин сув ахтаришга ёки ичишга ҳаракат қилмаса, сув аслида ҳеч нарсага қодир эмас, чанқоқни Аллоҳ қондиради, деса, Аллоҳга нисбатан беодоблик қилган ва ўзини Аллоҳнинг борлиқдаги суннатларини билмаганликка солган бўлади».

Демак, биз ҳаётимизни Аллоҳ таоло жорий қилган сабаб ва оқибатлар қонунига кўра олиб борамиз. Об-ҳаво маълумотини эшитсак, шунга қараб иш қиламиз, унинг тадбирини қилиб қўямиз. Унутмайликки, соҳа мутахасислари ушбу хабарларини «босқичли ишонч»га суяниб айтганлар. Баъзи бир моддапарастлар айтганидек, «илмий ишонч»га суяниб айтмаганлар. Бошқа ғайб ишлари ҳам шу тарздадир.

Шуни доим ёдда тутиш керакки, бу ҳолатларининг барчасида кутилмаган, ғайриодатий натижа юз бериши эҳтимоли доим мавжуддир. Олдин ҳам, ҳозир ҳам сабаб тақозосига хилоф натижалар юз берган ва юз беряпти. Бундай ҳолатлар юз беришининг яккаю ягона сабаби Аллоҳ таолонинг Қуръондаги қароридир. Ғайб калитлари Аллоҳ таолонинг қўлидадир, инсоннинг ҳам, табиатнинг ҳам қўлида эмас.

Шуни айтиб ўтиш керакки, биз Қуръон ҳақидаги бу баҳсимизни диний мезон асосида олиб бормадик, балки ундай қарашларни бир чеккага суриб қўйиб, фақат объектив илмий-мантиқий қарашлар, мезонлар асосида олиб бордик.

Энди билиб олдикки, бугунги кунда замонавий илм-фан Қуръонга хилоф эмас, балки унинг доирасида ва унга бўйсунган ҳолда ривожланиб бормоқда ва қиёматгача шундай бўлиб қолади:

«Осмонлару ерда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғайбни билмас», деб айт. Улар қачон қайта тирилтирилишларини ҳам сезмаслар» (Намл сураси, 65-оят).

1. Мишель Муроднинг «Олам ғаройиботлари» китобига мурожаат қилишингиз мумкин. Муаллиф унда ғайб калитлари Аллоҳнинг қўлида эканига далил бўладиган бир неча воқеа-ҳодисаларни келтиради. Шунда биласизки, ғайбни «илмий ишонч» билан билиш фақат Аллоҳга хосдир.

Таржимон: Козимжон Иброҳим

Янгиланди ( 03.07.2017 19:47 )