A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръондаги мавзуъларнинг аралашлиги
PDF Босма E-mail

Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4

Ислом душманларидан яна бири шундай дейди:

Қуръон ёзилиши ва таълиф услуби жиҳатидан жўндир. Мавзулар ораси бирор боб ёки бўлим билан ажратилмаган. Ҳалол-ҳаром ҳукмлар ҳақида гапириб туриб, жаннат ва дўзах ҳақида гапириб кетади. Улар ҳақида гапни бошлаб туради-да, бирдан Од ва Самуд қавмларнинг ҳикоясига ўхшаш тарихий воқеаларга киришиб кетади. Буларни айтиб туриб, осмонлару ерлар ва фалакиёт масалаларига ўтиб кетади. Буларнинг ҳаммаси Қуръоннинг таълиф услуби жўнлигига ва муаллифининг фикр ва тушунчаси саёзлигига далолат қилади.

Мен бу гапга қуйдагича жавоб бераман:

Оқил киши шуни унутмаслиги лозимки, инсоният китоб ёзиш ва таълиф қилиш, услуб ва тартиблаш борасида биринчи ҳижрий асрдан то ҳозирги кунимизгача турлик босқичларни босиб ўтган. Бу жараён бугунги кунимизда ҳам давом этиб боряпти.

Келинг, таълиф услубининг шаклланишини араб адабиёти мисолида олиб кўрайлик. Унда китоб битишнинг турли услубларини кўришимиз мумкин. Бирини кўрсак, унда баҳс ва масалалар бир чеккадан баён қилиб кетилаверади; яна бирида мавзусидан қатъи назар, бор маълумот келтириб кетилаверади; яна бирида ҳар бир жузъий масала учун алоҳида боб очиб борилаверади. Натижада бир китобда юздан ортиқ боб мавжудлигини кўришимиз мумкин. Яна бирини кузатсак, унда боб деган сўзни мутлақо кўрмаймиз. Бутун китобда боб деган сўз ишлатилмаган. Бугунги куннинг таълиф услуби шу бўлди: аввал китобнинг асосий мавзулари ажратилиб, унга боб деб ном қўйилади, сўнгра бобдаги асосий мавзулар ажратилади ва боб деб аталади ва охири бобдаги масалалар ажратилиб, параграф деб аталади. Тараққиёт шундай давом этиб бораверади. Эҳтимол, биздан кейин келадиган авлод бугунги кундаги таълиф услубини хато деб билар. Улардан кейинги авлод эса уларнинг услубини менсимайди.

Чуқурроқ назар ташланса, бир асрнинг ўзида китоб ёзишнинг услублари бир неча бор ўзгарганини кўришимиз мумкин. Шуниси маълумки, китоб ёзишдаги услуб китобнинг мақсадига қараб бўлади. Мисол учун, қўлингиздаги китоб боб ёки бўлимларга бўлинмаган, чунки китобнинг мақсади ёки унинг табиати боб ёки бўлимларга бўлишни тақозо этмайди.

Агар юқоридаги гаплар тушунарли бўлса, энди Қуръонга бўҳтон қилаётган бундай кишиларга бир-икки саволларимиз бор. Улар Қуръоннинг ўзлари истаган услубга эргашишини истайдилар. Шу сабабдан уни содда, жўн тузилган дейдилар. Қуръонга фақатгина бир кишининг фикрлари жамламаси сифатида қарайдилар. Уларга қуйидаги саволлар билан мурожаат қиламиз:

Демак, билдикки, араб адабиёти тарихида таълифнинг турли услублари бўлган экан. Бирор бир даврдаги бирор услуб тарафдорларини кузатсак, улар ўзларидан олдинги авлод вакилларининг таълиф услубини хато ва нуқсонли деб билганлар. Улардан кейинги авлод эса, ўз навбатида, уларнинг йўналиш ва услубларига паст назар билан қараган. Бу тараққиётнинг табиати. Нуқсонли деб ҳисобланган ишдан мукаммал ҳисобланган ишга ўтилади. Баъзан бунинг акси бўлиб чиққан ҳолатлар ҳам бўлган. Сизнингча, Қуръон бу услубларнинг қайси бирига юриши керак эди?

Қуръон сиз ўйлаган услубга эргашиши лозимлигини қайси бирингиз исботлай оласиз? Қуръон Аллоҳнинг китоби эканлигига бизнинг ишончимиз кун сайин ортиб боряпти. Сизнингча, У таълиф услубида инсон, башар ишлаб чиққан турли услублардан бирига эргашишга мажбурми?

Агар кибрингиз сизни бу саволга «ҳа» дейишга мажбур қилса, сизнингча, Қуръон авлодлар ўзгаргани ва замонлар ўтгани сайин ўзгариб бораётган бу услубларнинг қай бирига юриши лозим ва нима учун? Қуръон айнан сиз кўрсатган услубга эргашиши шартлиги ва бошқасига юрмаслиги лозимлигини қандай исботлай оласиз?

Аслида Ислом душманларининг Қуръон ҳақида бундай фикрга келишларига сабаб уларнинг Қуръонга инсоннинг каломи сифатида қарашларидир.

Натижада Қуръон таълиф услубида ана шу инсонларнинг таълиф услубларидан бирига эргашиши лозим деб ўйлайдилар.

Биз-чи? Биз Қуръон Аллоҳнинг каломи эканлигига ишонамиз, иймон келтирамиз. Қуръон барча аср ва замонлардаги инсониятга хитоб бўлиб нозил бўлган. Шу сабабли Аллоҳ таоло Қуръоннинг тартибда, манҳажда ва услубда ҳар қандай тақлид ва ўхшашликдан холи бўлишини ва маълум бир давр услубига хосланиб қолмаслигини ирода қилган. Чунки Қуръон қиёмат кунигача келадиган барча авлод кишиларига Аллоҳнинг хитобидир.

Қуръонга қаратилган ҳар бир танқид «Қуръон Аллоҳнинг каломи эмас», деган даъводан келиб чиққан. Шу сабаб улар билан ўтадиган мунозара рисоладагидек бўлмайди. Чунки бу мунозара соҳибларининг бирламчи асос-қоидалари турличадир. Натижада муноқаша икки параллель чизиққа ўхшаб қолади. Яъни бошида бирлашмаган чизиқлар охирида ҳам бирлашмайди.

Устига-устак Қуръон қонун ва ҳуқуқшунослик борасида ёзилган китоб эмас. Ёки тарих, қисса ва ҳикоялар ҳақидаги китоб ҳам эмас. Осмонлару ер ва фалакларни ўрганадиган китоб ҳам эмас. Балки бу китоб инсонга ўзининг кимлигини танитадиган китобдир. Ундаги барча масала ва мавзулар ягона умумий асос атрофида. У инсонларни ихтиёрий равишда Аллоҳнинг қули бўлиш, Унга ибодат қилишга чақиришдир. Аслида уларни яратиб қўйгани учун Аллоҳ таолога ноихтиёрий равишда ҳам қулдирлар.

Хўш, қандай қилиб Қуръон олиб келган бу даъватга инсонларни ихтиёрий равишда жалб қилиш мумкин? Бунга ундайдиган самарали тарбия услуби қандай бўлиши керак?

Энг аъло услуб – бу Қуръон услубидир. Бу услуб билан Қуръон ўзининг жамики баҳслари – қонун, қиссалар, мисоллар, ваъда ва ваиъйдга ўхшаш турли хил воситалари ёрдамида инсонларни ана ўша умумий асосга жалб қилади.

Бу мавзуларнинг мақсади, вазифаси битта. У ҳам бўлса ўқувчини юқорида айтиб ўтилган асосга – Аллоҳга ихтиёрий равишда ибодат қилишга чорлашдир.

Аллоҳ таоло Қуръонда бирор қиссани келтирадиган бўлса, ўқувчи қиссани ўқиш давомида юқорида зикр қилинган асл мақсадни унутиб қўйишига йўл қўймайди. Шунинг учун қиссаларда унга алоқаси бўлмаган насиҳат, ваъда, ваъийд, таҳдид оятларини ҳам кўришимиз мумкин. Буларнинг ҳаммаси ўқувчи қиссани ўқиш давомида асосий мақсаддан чалғиб кетмаслиги учундир, чунки гоҳо ўқувчи қиссадаги воқеалар ривожига қизиқиб, асл мақсадни унутиб қўйиши мумкин. Яна шуни эсдан чиқармаслик лозимки, бу қуръоний услуб – муваффақиятли тарбия методидир.

Ибодат ва муомалотга оид аҳкомлар баён қилинганда ҳам айнан шу услубни кўришимиз мумкин. Бу услуб ўқувчининг ҳукмларга алоҳида ажралиб чиққан илм ёки фан сифатида қараб, уларга буткул фикран шўнғиб кетишига йўл қўймайди. Бундай ҳолатни махсус китобларда, Ислом ҳуқуқшунослигини ўрганишга шўнғиб кетган кишиларда кўришимиз мумкин. Ундай киши диний ваъда ва ваъийд ҳис-туйғуларидан ажралган ҳолда қоида, ҳуқуқ, мажбуриятларга тўла фикрий бир муҳитда яшайди. Шу сабабдан Қуръонда ҳукм оятлари билан бирга охират, қиёмат, Аллоҳнинг доим кузатиб турувчилиги, ваъда ва ваъийд оятлари аралаш тартибда келади.

Бундан кўзланган мақсад бир: фикрни асосий мақсадга қаратиш ва ўша буюк ҳақиқатни эътибордан қочирмасликдир.

Агар Қуръон ҳам бугунги кундаги одамларнинг услубига эргашиб, ибодат ва муомалотга оид ҳуқуқий ҳукмлар учун алоҳида фасл; қисса ва ҳикоялар учун алоҳида фасл; ғайб ва қиёмат масалаларига алоҳида фасл ажратганида, Қуръондан кўзланган мақсад йўқолиб қолар эди, турли мавзулар билан умумий асос орасидаги муштарак боғлиқлик йўқолиб қолар эди. Ҳолбуки, барча мавзулар ана ўша асосий мақсадга хизмат қилиши ва уни амалга ошириш учун воситачи бўлиши лозимдир. Фаразан, ҳар бир фасл бошида шу асос баён қилиниб, ўқувчини бундан таъсирлантириб, сўнгра мавзуга киришиладиган бўлса, ўқувчи мавзуга киришиб, шўнғиб кетгач, асосий мақсадни тезда эсидан чиқариб қўйиши тайин.

Бу гаплар ақли ва нафси такаббурликдан холи ҳолда Қуръон ҳақида чуқур тааммул ва тафаккур қиладиган кишилар учун равшан бир ҳақиқатдир.

Лекин баъзи инсонлар қандайдир мақсад илинжида Қуръони Карим атрофида муаммо туғдиришга ҳаракат қиладилар. Ўзлари ҳам аслида бундай уйдирмаларнинг айтарлик муамммо эмаслигини биладилар. Афсуски, ўша ғаразли мақсадларидан кечолмайдилар ва шайтонга таваккал қилиб, оқни қора, борни йўқ ва қуёшни зулмат дейишда давом этаверадилар.

Аслида Қуръони Каримга бу каби туҳмат тошларини отадиган кишилар билан бу тариқа баҳслашувнинг фойдаси йўқ. Уларни мунозаранинг натижаси қизиқтирмайди ҳам. Улар турли бўҳтон, уйдирмаларини узоқдан отиб ўтираверадилар. Худди девор орқасидан тош отиб, сўнгра қочиб қоладиган одамга ўхшайдилар.

Биз бу бўҳтонларни бўҳтон деб эмас, шубҳа деб қараймиз. Баъзи ақл соҳибларидан берилган ҳақли савол деб эътибор қиламиз. Сўнгра бу саволларга юқоридаги каби илмий жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

 

Янгиланди ( 03.07.2017 19:09 )