A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръондаги Расулуллоҳга берилган танбеҳлар
PDF Босма E-mail

 

ТАҚДИМ

Инсонларга ўзларининг ичидан пайғамбарлар юбориб, бу билан Бани Одамни мукаррам этган Роббимиз Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!
Дунёдаги йўлбошчимиз, охиратдаги шафоатчимиз – севикли Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга туганмас салоту саломлар бўлсин!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари муносабати билан у Зотнинг сийратларига бағишланган турли тадбирлар, анжуманлар ўтказиш, мақола ва китоблар нашр этиш мусулмон уммати орасида кенг тарқалган ва яхши йўлга қўйилган анъаналардан ҳисобланади. Бу ишга мусулмонлар асрлар оша алоҳида эътибор бериб келишган. Бу, албатта, умматнинг ўз Пайғамбарига бўлган эҳтироми ва эътиборини ифода этади.

islom.uz порталида ҳам бу муборак ой ўзига хос услубда, алоҳида кўтаринки руҳда қарши олиниб, шу муносабат билан қатор тадбирлар ва илмий ҳаракатлар амалга оширилиши яхши бир одат тусини олган. Бу йил ҳам мавлид ойига алоҳида тайёргарлик кўриш маслаҳатлари ва режалари қилиниб, жумладан, устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонларидан порталдаги ҳар бир сайтга ўз мавзусидан келиб чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ёритишга ҳаракат қилиши топширилди.

quran.uz саҳифасида ўтган йиллари мавлид ойида Қуръондаги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари келган оятларнинг − «Эй Расул» ва «Эй Набий» деган хитоб билан бошланган оятларнинг − тафсирлари берилган эди. Бу йил сайт ходимлари билан маслаҳатлашиб, Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга танбеҳ бериш маъносида келган оятларни ўрганишга келишдик. Ўйламизки, бу кўпчилик ўқувчиларимиз учун қизиқарли ва фойдали бўлади.

Кимдир «Ие, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга танбеҳ бўлган оятлар ҳақида сўз юритиш мавлид ойи руҳига мос тушармикин?» деган хаёлга ҳам бориши мумкин. Аммо бу оятларнинг у Зот алайҳиссаломнинг ҳаётларида тутган ўрнини, у Зотнинг чин Пайғамбар эканликларини тасдиқловчи далиллардан эканини, у Зотга Роббиларидан бўлган бу танбеҳлар фақат ва фақат шараф, обрў олиб келганини, илоҳий шафқат ва сийлаш бўлганини эътиборда тутилса, мазкур ва бошқа эътирозларга ҳеч қандай ўрин қолмайди. Зотан, бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хос бўлган илоҳий илтифотлардан биридир. Оятларни ўрганиш давомида муҳтарам ўқувчининг ўзи ҳам бунга гувоҳ бўлади.

Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган танбеҳларни ўрганиб, уларни изоҳлашга уламоларимиз алоҳида эътибор қаратганлар. Ушбу мавзуга бағишлаб ёзилган асарлар ҳам бор. Биз ана шундай адабиётлардан бирини таржима қилиб, сиз азизларга тақдим қилишни маъқул топдик.
Биз таржима қилиш учун танлаган асар замонамиз уламоларидан доктор Салоҳ Абдулфаттоҳ Холидий жанобларининг «Итабур Росули фил Қуръан» («Қуръондаги Расулуллоҳга берилган танбеҳлар») номли рисоласи бўлиб, у муаллифнинг «Қуръон хазиналари» туркум китобининг 9 бўлими ҳисобланади.

Асар замон руҳида, ишончли далиллар асосида ёзилган, ортиқча, заиф маълумотларга ўрин берилмаган. Ихтилофли бўлган масалаларда кўпчиликнинг фикри олингани ҳамда масалаларга холис ва илмий ёндашилгани асар қийматини яна ҳам оширганида шубҳа йўқ.
Китобни ёш иқтидорли таржимонларимиз таржима қилиб берадиган бўлдилар. Биз қўлдан келганича уни бир кўздан кечириб, сиз азизларга тақдим қилиб боришга ҳаркат қиламиз.
Аллоҳ талодан ушбу камтарона уринишимизни Ўз даргоҳида ҳусни қабул айлаб, кўпчилик учун манфаатли этишини сўраб қоламиз.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

1435 ҳижрий 6 Рабиъул аввал
2014 йил 7 январь

 

 

ҚУРЪОНДАГИ РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА БЕРИЛГАН ТЕНБЕҲЛАР

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Муқаддима

Қуръони Карим Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва саҳобаларининг айрим ҳолатлари, у Зот алайҳиссаломнинг ҳаётларидаги айрим нуқталар, сийратларида юз берган ҳодисаларни умумий ёки хос тарзда намойиш этади. Баъзи ўринларда Қуръон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гап сўз ва ишларда тутган тасарруфларини тўғрилаб қўяди. Бундай ишларнинг айримлари сабабли Аллоҳ Ўз Расулини гоҳо койиган ҳам. Ана ўша тўғрилаш ва танбеҳлар Қуръон оятларида қайд қилингандир ва улар то қиёматгача тиловат қилинажак.

Илгариги айрим муаллифлар ана ўша ҳолатларни ўрганишда чуқур кетиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга танбеҳ беришга қаратилган оятлар хусусида гапни кўпайтириб юбордилар. Натижада, бу борада саҳиҳ бўлмаган ривоятларни, исбот топмаган хабарларни ҳам тақдим қилиб юбордилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нолойиқ бўлган, пайғамбарликларига, маъсумликларига ва Аллоҳнинг ҳузуридаги мартабаларига тўғри келмайдиган нарсаларни у Зотга нисбат бердилар. Бу маълумотларни айрим ҳадис, тафсир ва тарих китобларига ҳам киритиб юбордилар. Алалоқибат, ўша китобларни ўқиган ўқувчилар мазкур набавий ҳолатларни фаҳмлашда, таҳлил қилишда, изоҳлашда ҳамда ўша вазиятларни намойиш этган, уларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишларини ўнглаб қўйган оятларнинг тафсирида чигалликларга тушиб, ўқиганларига суянган ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нолойиқ бўлган гапларни у Зотга нисбат бериб қўйдилар.

Баъзи бир ака-ука, опа-сингилларимиз биз билан боғланиб, макур ҳолатлар ҳақида энг тўғри маълумотларни, бу ҳолатлар ҳақида сўз юритган оятларнинг энг тўғри тафсирларини баён қилишни сўрашди. Биз, Аллоҳ илҳом қилганича, уларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Шунинг учун ҳам танбеҳ оятларини «Қуръон хазинаси» силсиласида алоҳида бир китоб қилишга тўғри келди.

Бу китоб мақсад ва мавзуси ҳамда услуб жиҳатидан олдинги «Қуръонда анбиёларнинг ҳолатлари: таҳлил ва изоҳ» номли китобимизни тўлдиради. Олдинги китобда Одам алайҳиссаломдан тортиб, Исо алайҳиссаломгача бўлган илгариги анбиёларнинг айримлари хусусида қўзатилган турли чигалликлар ва уларни ечиш, мазкур ҳолатларни ўзимиз тутган тўғри, илмий, Қуръон оятлари ва марфуъ ҳадисларга суянган усул асосида изоҳлаш ҳақида гапириб ўтдик. Бунда биз исроилиётлардан ҳамда саҳиҳ бўлмаган хабар ва ривоятлардан узоқ бўлишга интилдик.
Олдинги китоб илгариги анбиёлар ҳақида сўзласа, бу китоб Пайғамбар Муаҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хос бўлиб, унда у Зотга танбеҳ берган оятларни ҳамда у Зотдан содир бўлган айрим сўз, иш ва тасарруфларни тўғрилаш ҳолатларини таҳлил қилиш ва изоҳлашга қаратилган.

Китоб 13 фаслдан иборат:
1. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маъсумликлари ҳақида. Унда Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маъсумликлари борасидаги уламоларнинг ихтилофлари хусусида тўхталдик. Зотан, баъзилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта ва кичик гуноҳларни қилган, маъсият ва хатоларга йўл қўйган бўлишлари мумкин, деса, бошқалари буни инкор этиб, у Зот айрим хатоларга йўл қўйган бўлишлари мумкин, холос, дейишади.

Биз бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каттаю кичик гуноҳлардан, жинояту маъсиятлардан маъсум эканларини, шунингдек, хатолардан ҳам маъсум эканларини айтган кишиларнинг фикрларини устун кўрдик ва бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан мисоллар келтирдик.
Бунинг маъноси шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ танбеҳ берган ўринларда аслида хато қилмаганлар, балки авлороғини тарк этиб қўйган эдилар, шунда Аллоҳ у Зотни ўша авлороғига йўллаш маъносида койигандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маъсумликлари борасидаги биз устун қўйган фикрга биноан, кейинги фаслларга кириш ўлароқ ушбу фаслни туздик. Токи бошқа фаслларда танбеҳ оятлари ушбу дебоча асосида, маъсумлик хусусида биз танлаган ушбу фикрга мувофиқ тарзда тушунилсин.
Кейинги фаслларни Қуръон суралари тартиби асосида тартибладик:
2. Туъмъа ибн Убайриқни ўғрилигига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муносабатлари. Буни Нисо сураси оятлари ҳикоя қилади.
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг заифҳол мусулмонлар билан бирга бўлишга буюрилганлари. Бу ҳақда Анъом сураси оятлари зикр қилади.

4. Бадр асирлари ишида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган танбеҳ. Анфол сураси оятларида келади.
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Табук ғазотидан қолмоқчи бўганларга изн беришлари. Бу Тавба сураси оятларида келади.
6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мунофиқларнинг каттаси Абдуллоҳ ибн Салулга жаноза ўқиганлари. Бу ҳам Тавба сураси оятларида ўтади.

7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кофирларнинг таклифлари қаршисида собит туришлари. Бу Исро сураси оятларида қайд қилинади.
8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳ хоҳласа» дейишни унутиб қўйганлари. Буни Каҳф сураси оятлари баён қилади.
9. Шайтоннинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хаёлларига фикр ташлаши. Ҳаж сураси оятларида келади.
10. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайнаб бинт Жаҳшга уйланишлари. Аҳзоб сураси оятлари ҳикоя қилади.

11. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан узлат қилиб, уларга ихтиёр берганлари. Таҳрим сураси оятлари баён қилади.
12. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларини рози қилиш учун ўзларига ҳалол нарсани ҳаром қилиб олишлари. Таҳрим сураси оятларида зикр қилинади.
13. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу сабабли танбеҳ олишлари. Абаса сураси оятлари ҳикоя қилади.

Ушбу ўн уч ўрин Қуръондаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга танбеҳ берилган ўринларнинг машҳурлари бўлиб, баъзилар буларни яхши тушуна олмайдилар, тўғри таҳлил ва изоҳлай олмайдилар. Натижада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларида ёмон гаплар айтиб, у Зотнинг маъсумликларига зид келадиган, буюк мақомларига тўғри келмайдиган нарсаларни у зотга нисбат беришгача борадилар.
Мазкур ўн уч ўриннинг таҳлилу изоҳидаги ва улар ҳақида сўз юритган оятларни тафсир қилишдаги услубимиз Қуръон оятлари, саҳиҳ ҳадислар ва ушбу оятларнинг нозил бўлиш сабабларини ҳамда ўша ҳолатларнинг тафсилоту ҳодисалаларини баён қилган саҳобаларнинг ривоятларига асослангандир.

Таҳлил қилишда, изоҳлашда ва оятларнинг тафсирида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маъсумликлари борасидаги энг кучли фикрга таяндик. Унга кўра, Аллоҳ тало у Зотни каттаю кичик гуноҳлардан, барча маъсиятлардан сақлаган, шайтоннинг васвасасию қутқуларини у Зотдан йироқ қилган ва у Зотни хато ва шариатга хилоф ишлардан пок этган. Аллоҳ нима ишда у Зотга танбеҳ берган бўлса, у Зот ўзи тўғри йўл тутганлар, хато қилмаганлар, балки бу танбеҳ у Зотни яна ҳам авлороғига, афзалига, тўғрироғи ва саҳиҳроғига йўллаш учун бўлган. Зеро, Аллоҳ таоло ўз Расулига доимо энг афзалини, энг тўғри ва мукаммали бўлишини истайди.
Ушбу китоб ила ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига талпинар эканман, У Зотдан ҳусни қабулиятни ва мўл- кўл ажру савобларни умид қилиб қоламан. Азиз ўқувчиларимиздан китобда муносиброқ деб билган нарсаларига бизни бошлашларини умид қиламиз ва улардан ўзимиз тўғри деб билганларимизни тўғрилашга ваъда берамиз.

Аллоҳдан Қуръони Каримни қалбимиз баҳори, кўнглимиз нури, ташвишларимизни кетказувчимиз, хафаликларимизни аритувчимиз этишини, уни кечаю кундуз тиловат қилишни насиб этишини, ундан билмаганларимизни билдиришини, унуттирилганларини ёдимизга солишини ва уни қиёмат куни фойдамизга ҳужжат қилишини сўраймиз.
Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у Зотнинг оила аъзолари ва саҳобаларига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин!

Доктор Салоҳ Абдулфаттоҳ Холидий

1423/3/13 ҳ. 2002/5/27 м.

 

Янгиланди ( 11.07.2017 22:17 )