A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Аллоҳ Расулуллоҳни авратлари очилиб қолишидан сақлади
PDF Босма E-mail

Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4

 

Аллоҳ Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни авратлари очилиб қолишидан сақлади

У Зот Пайғамбар бўлишларидан бир неча йил олдин Қурайш қабиласи Каъбани қайта қуришга киришди. Унинг қурилишида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қатнашдилар. Ўшанда у Зотнинг маъсум эканликларига далолат қиладиган яна бир ҳодиса рўй берди.

Бухорий ва Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар (қурайшликлар) билан биргаликда Каъбага тош ташиётган эдилар. Устиларида изорлари бор эди. Амакилари Аббос: «Эй жияним. Изорингни ечиб, тошнинг тагидан елкангга ташлаб олсанг‑чи», деди. У Зот изорларини ечиб, елкаларига ташлаб олган эдилар, бирдан беҳуш бўлиб йиқилдилар. У Зотни ўша кундан кейин асло яланғоч ҳолда кўришмади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам елкаларида тош ташиётган эдилар. Тош билан елкалари ўртасида ҳеч қандай мато йўқ эди. Тош у Зотга азият берар ва елкаларини тирнар эди. Шунда амакилари Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзларига тош азият бермаслиги учун изорларини ечиб, елкаларига ташлаб олишни тавсия қилдилар. Бу эса яланғоч бўлиб олиш дегани эди. Расулуллоҳ ўшандай қилмоқчи бўлган эдилар ҳамки, беҳуш йиқилдилар. Чунки авратлари очилиб қолган эди.

Аллоҳ таоло у Зотнинг авратлари очилиб қолишини истамади. Чунки бу иш у Зотга тўғри келмас эди. Зотан, Аллоҳ таоло у Зотни буюк бир ишга тайёрлаб бораётган эди. Шу сабабдан изорларини ечиб елкаларига қўйишлари билан  беҳуш бўлиб ерга йиқитилдилар. Кейин туриб, дарҳол авратларини ёпиб олдилар. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни маъсум сақлаганига яна бир далилдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жинлари ҳам Исломга ҳидоят қилинган

Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни Расул қилиб юборар экан, у Зотни яна бир гўзал хусусият билан сийлаганди: у Зотга шайтон йўл топа олмаслиги ҳам у Зотни маъсум асраш сарасидан эди.

Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз йўқки, жинлардан унга топширилган бир яқини бўлмаса», дедилар. «Сизга ҳамми, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Менга ҳам. Фақат Аллоҳ менга ундан устун келишга ёрдам берган ва у мусулмон бўлган. Шу боис, у мени фақат яхшиликка буюради», дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига ҳар бир инсоннинг жинлардан бир яқини бўлишининг хабарини бермоқдалар. Бу ўзи жин бўлган кофир шайтондир. Бу яқин жин мусулмон кишини васваса қилади, уни маъсиятга чорлайди, тоат-ибодатдан қайтаради. Аллоҳ таоло эса мусулмон кишини ўз нафси ва шайтони билан курашишга, унинг васвасасига учмасликка ва Аллоҳнинг паноҳига қочишга буюргандир.

Аллоҳ таоло Расул соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам жинлардан бир яқин қилган эди. Лекин Аллоҳ у Зотни алоҳида икром этиб, мўъжиза билан хослади: у Зотни жиндан ғолиб келишга ёрдам берди, натижада у Зотнинг яқин жинлари мусулмон бўлди ва у Зотни фақат яхшиликка буюрадиган бўлди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жинлари шайтон саналмайди. Чунки у мусулмон бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни фақат яхшиликка чақирадиган мусулмон жинга айланган. Бу ҳам бўлса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маъсум эканликларининг бир кўринишидир.

Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни болаликларидаёқ кўксиларини ёриб, ундан шайтоннинг улушини чиқариб ташлади, Пайғамбар қилиб юборилишларидан олдиноқ у Зотни гуноҳ‑маъсиятлардан сақлади ва жиндан бўлган яқинларини мусулмон қилди. Буларнинг барчаси у Зотни маъсум асраш, гуноҳу маъсиятларнинг сабаб ва боисларини йўқотиб, у Зотни гуноҳу маъсиятлардан четлатиш учун эди.

Энди, қалбида шайтоннинг улуши олиб ташланган киши қандай қилиб гуноҳ қилиши мумкин?! Шайтони ҳам мусулмон бўлиб, фақат яхшиликка чорлайдиган инсон қандай қилиб маъсиятга қўл уриши мумкин?!

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор маъсиятни қилганларида, кофирлар айюҳаннос солишган бўларди

Айтиб ўтганимиздек, Аллоҳ Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳатто нубувватдан олдин ҳам маъсум асраган, гуноҳ-маъсиятга боришдан сақланган. Чунки у Зотни Набий ва Расул бўлишга тайёрлаб бораётган эди. Қолверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда ўзларига қарши уруш қиладиган, даъватларига барҳам бериш учун ҳақларида турли шубҳа, миш‑миш ва бўҳтонларни тарқатадиган мушриклар билан юзма-юз тўқнаш келишлари керак эди.

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор гуноҳ ёки маъсиятга қўл уриб қўйганларида, мушриклар дарҳол буни у Зотни айблашга, у Зотга қора доғ чаплашга восита қилиб олишган бўлар эди. «Ёшлигингда фалон-фалон гуноҳу маъсиятларни, жиноятларни қилиб, энди набийликни, расулликни даъво қиляпсанми?» дейишлари аниқ эди. Шундай қилиб, у Зотнинг шаъниларини булғаб, одамларни у Зотнинг динларига киришдан тўсишар эди.

Душманлар ҳамиша даъватчи ва ислоҳотчиларининг ўтмишларини ўрганиб, қилиб ўтган гуноҳу маъсиятларини қидириб, уларнинг тарих дафтарларини титкилашади. Бу билан уларга қарши уруш қилишади, одамларни уларнинг даъватларидан тўсиш мақсадида уларнинг шаъниларини булғашади. Даъватчи ва ислоҳотчиларнинг қилган тавбалари ҳам уларни душманлар олдида оқлай олмайди. Бу − ҳаммага маълум бир иш.

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа олим, даъватчи ва ислоҳотчи издошлари каби эмаслар. У Зот уларнинг пешвоси, етакчисидирлар. Шу боис  у Зотнинг тарих дафтарлари тоза, соф, ёрқин бўлиши, душманлари у Зотга қарши ишлатадиган бирорта ҳам қора нуқта бўлмаслиги лозиму лобуддир.

Дарҳақиқат, Маккада мушриклар, Мадинада мунофиқлар ва яҳудийлар, вафотларидан кейин барча душманлар Ислом тарихи асносида, ҳатто бугунги кундагача – барча-барчалари у Зотга қарши бирор айб топамизмикин деб, бирор гуноҳ ё маъсиятга, номақбул қишга қўл урган жойини ёхуд бирор катта‑кичик гуноҳ қилган ўрини топамиз деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубувватдан олдинги ва кейинги сийратларини жон‑жаҳдлари билан титкилаб, айб қидиришди. Лекин истаган нарсаларини топиша олмади. Чунки Аллоҳ Ўзи у Зотни маъсум сақлаган, муҳофаза этиб, Ўз қарамоғида асраган эди.

Улар мақсадларига эриша олмагач, бошқалар тугул ўзлари ҳам ишонмайдиган таги пуч бўҳтону туҳматларни тўқиб чиқаришга ўтишди: у Зотни ҳали шоир, ҳали сеҳргар дейишди. Гоҳ коҳин, гоҳ ёлғончи дейишди. Бир қараса, тўқимачи, яна бир айланиб келиб, вайсақи ё мажнун дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куфрдан маъсум эканликларига иттифоқ бўлинган

Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубувватдан олдин ҳам, кейин ҳам Аллоҳга куфр ёки ширк келтиришдан маъсум бўлганларига иттифоқ қилганлар. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз фитратлари, яъни туғма соф табиатлари асосида қавмлари Аллоҳни қўйиб ибодат қиладиган бут-санамларни ёмон кўриб, Аллоҳ  яккаю ёлғиз деган эътиқодга юзланиб униб‑ўсдилар.

Қуръонда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар шикр келтирсалар, Аллоҳ у Зотнинг барча амалларини ҳабата қилиб юбориши  қатъий айтиб қўйилган:

وَلَقَدْ أُوحِيَ إِلَيْكَ وَإِلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكَ لَئِنْ أَشْرَكْتَ لَيَحْبَطَنَّ عَمَلُكَ وَلَتَكُونَنَّ مِنَ الْخَاسِرِينَ {الزمر/65}

بَلِ اللَّهَ فَاعْبُدْ وَكُن مِّنْ الشَّاكِرِينَ {الزمر/66}

Батаҳқиқ, сенга ва сендан олдин ўтганларга ҳам: «Агар ширк келтирсанг, албатта, амалинг беҳуда кетур ва албатта, зиёнкорлардан бўлурсан», дея ваҳий қилинди. Балки Аллоҳга ибодат қил ва шукр қилувчилардан бўл!» (Зумар сураси, 65-66- оятлар)

Ояти карима гарчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон ширк келтирмасалар ҳам, ширкнинг хатарини, унга бепарволик қилиб бўлмаслигини ва бу иш гарчи махлуқотларнинг энг афзалидан содир этилган тақдирда ҳам, бунинг учун ҳисобга тортилишини баён қилмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таблиғда, яъни динни етказишда маъсум эканларига иттифоқ бўлинган

Уламолар яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватни етказишда маъсум бўлганлари, ундан бирор нарсани яширмаганликлари ва бунда бирор бир хатога йўл қўймаганларини бир овоздан таъкидлаганлар. Барча мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатни етказганлари ва омонатни адо этганликларига иймон келтирганлар.

Аллоҳ таоло айтади:

يَا أَيُّهَا الرَّسُولُ بَلِّغْ مَا أُنزِلَ إِلَيْكَ مِن رَّبِّكَ وَإِن لَّمْ تَفْعَلْ فَمَا بَلَّغْتَ رِسَالَتَهُ وَاللّهُ يَعْصِمُكَ مِنَ النَّاسِ إِنَّ اللّهَ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الْكَافِرِينَ {المائدة/67}

Эй Пайғамбар! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар шундай қилмасанг, Унинг элчилигини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан сақлайдир. Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас. (Моида сураси, 67-оят)

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таологан нисбатан ёлғон тўқиганларида ёки ваҳий қилинмаган нарсани У Зотнинг номидан гапирганларида, батаҳқиқ, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳалок қилган бўлар эди. Чунки Аллоҳ таоло шундай деган:

وَلَوْ تَقَوَّلَ عَلَيْنَا بَعْضَ الْأَقَاوِيلِ {الحاقة/44}

لَأَخَذْنَا مِنْهُ بِالْيَمِينِ {الحاقة/45}

ثُمَّ لَقَطَعْنَا مِنْهُ الْوَتِينَ {الحاقة/46}

فَمَا مِنكُم مِّنْ أَحَدٍ عَنْهُ حَاجِزِينَ {الحاقة/47}

وَإِنَّهُ لَتَذْكِرَةٌ لِّلْمُتَّقِينَ {الحاقة/48}

Ва агар у Бизнинг (номимиздан) баъзи ёлғон сўзларни тўқиса. Албатта, Биз уни қудрат билан тутармиз.Сўнгра, албатта, унинг шоҳ томирини кесармиз. Бас, сизлардан ҳеч ким уни тўсиб қола олмас. Ва  албатта, у(Қуръон) тақводорлар учун эслатмадир. (Ал-Ҳаққо сураси, 44-48-оятлар)

Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ Қуръонни қандай нозил бўлган бўлса, маъно‑мазмуни қандай бўлишидан қатъи назар, ҳатто ўша оятда ўзларига нисбатан танбеҳ ё койиш бўлса ҳам, унга бирор ҳарф қўшмай ё камайтирмай умматга етказганлар, деб эътиқод қиламиз. (Зотан, бор ҳақиқатнинг ўзи − шу.)

Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига нозил қилинган нарсадан бирор нимани яширганларида, ушбу оятни, албатта, яширган бўлардилар:

وَإِذْ تَقُولُ لِلَّذِي أَنْعَمَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَأَنْعَمْتَ عَلَيْهِ أَمْسِكْ عَلَيْكَ زَوْجَكَ وَاتَّقِ اللَّهَ وَتُخْفِي فِي نَفْسِكَ مَا اللَّهُ مُبْدِيهِ وَتَخْشَى النَّاسَ وَاللَّهُ أَحَقُّ أَن تَخْشَاهُ فَلَمَّا قَضَى زَيْدٌ مِّنْهَا وَطَرًا زَوَّجْنَاكَهَا لِكَيْ لَا يَكُونَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ حَرَجٌ فِي أَزْوَاجِ أَدْعِيَائِهِمْ إِذَا قَضَوْا مِنْهُنَّ وَطَرًا وَكَانَ أَمْرُ اللَّهِ مَفْعُولًا {الأحزاب/37}

«Эсла, сен Аллоҳ неъмат берган ва сен ҳам неъмат берган шахсга: «Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил», дер эдинг. Ва ичингда Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани махфий тутардинг ва одамлардан қўрқардинг, ҳолбуки, Аллоҳдан қўрқмоғинг ҳақлироқ эди. Қачонки Зайд ундан ўз ҳожатини адо этгач, Биз сени унга уйлантирдик. Токи мўминларга ўз асранди болалари хотинларида улардан ҳожатларини адо қилишгач, танглик бўлмасин, деб. Ва Аллоҳнинг амри амал қилиниши лозим бўлгандир». (Аҳзоб сураси, 37-оят)

Рожиҳ гап шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  кичик гуноҳлардан ҳам маъсум эдилар

Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта гуноҳлардан маъсум эканларига иттифоқ бўлганлар. Агар у Зот бирорта катта гуноҳ қилган бўлганларида, бу, албатта, нақл қилинган бўлар ва шуни рўкач қилиб, кофирлар у Зотнинг обрўларини тўкишган бўлар эди.

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кичик гуноҳларга қўл уришлари мумкин ё мумкинмаслиги хусусида уламолар фарқли фикр билдирганлар. Айримлар буни бўлиши мумкин иш деб билишган ва: «Чунки у Зот ҳам башардирлар, башар Зоти борки, кичик гуноҳларга нишон бўлади. Бироқ бу у Зот алайҳиссаломнинг нубувватларига путур етказмайди», дейишади. Бошқа бир гуруҳ уламолар эса у Зот алайҳиссалом кичик гуноҳлардан ҳам маъсумдирлар, яъни у Зот бирорта катта гуноҳга ҳам, кичик гуноҳга ҳам йўламаганлар, у Зотдан ҳеч қандай гуноҳ ёки маъсият содир бўлмаган, деган хулосага борганлар.

Мана шу иккинчи фикр рожиҳ – ғолиб фикрдир. У Зотнинг маъсумликларига ҳам шу мос келади, сийратлари ва ҳаётларига ҳам шу тўғри тушади. Дарҳақиқат, саҳобалар у Зотнинг ҳаётларидаги барча ҳодисаларни нақл қилишган, у Зотдан содир бўлган барча сўз ва иш‑ҳаракатларни ривоят қилишган. Улар ўзлари нақл этган ва ривоят қилган нарсаларида ўта омонатдор бўлишган. Бироқ улар ўз ривоятларида у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирорта гуноҳ ё маъсияттга қўл урганларини келтиришмаган. Агар қилган бўлганларида, буни саҳобалар нақл этиб, ривоят қилган бўлишар эди.

Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гуноҳ ва маъсиятга йўлашларини мумкин иш деб айтаётганлардан бунга бирорта далил келтиришларини талаб қиламиз. Қани, улар бизга у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини титкилаб, у Зотнинг сўз ва ишларини ҳамда тасарруфотларини қараб чиқиб, «Мана бу у Зот қилган кичик гуноҳ, мана бу у Зотдан содир бўлган маъсият, буниси эса у Зот қилган гуноҳ иш», деб  бирор нима кўрсатсинлар-чи! Агар топа олишмаса, – асло топа олишмайди ҳам – унда қандай қилиб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик гуноҳ ва маъсиятларга йўлаган бўлишлари мумкин, Аллоҳ таоло у Зотни бундан маъсум қилмаган», дейишади?!

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг тоатида бўлишга ўта ҳарис эдилар. У Зот агар Аллоҳга итоатсизлик қилгудек бўлсалар, аламли, улкан азобга қолишдан ниҳоятда қўрқар эдилар. Бу маъно жуда кўп оятларда келади:

قُلْ إِنِّيَ أَخَافُ إِنْ عَصَيْتُ رَبِّي عَذَابَ يَوْمٍ عَظِيمٍ {الأنعام/15}

مَّن يُصْرَفْ عَنْهُ يَوْمَئِذٍ فَقَدْ رَحِمَهُ وَذَلِكَ الْفَوْزُ الْمُبِينُ {الأنعام/16}

«Сен: «Албатта, мен агар Роббимга осийлик қилсам, буюк кун азобидан қўрқаман», деб айт. Кимдан ўша куни у четлантирилса, бас, батаҳқиқ, Аллоҳ унга раҳм қилибди. Ва ана ўша аниқ ютуқдир». (Анъом сураси, 15-16-оятлар.)

وَإِذَا تُتْلَى عَلَيْهِمْ آيَاتُنَا بَيِّنَاتٍ قَالَ الَّذِينَ لَا يَرْجُونَ لِقَاءَنَا ائْتِ بِقُرْآنٍ غَيْرِ هَذَا أَوْ بَدِّلْهُ قُلْ مَا يَكُونُ لِي أَنْ أُبَدِّلَهُ مِنْ تِلْقَاءِ نَفْسِي إِنْ أَتَّبِعُ إِلَّا مَا يُوحَى إِلَيَّ إِنِّي أَخَافُ إِنْ عَصَيْتُ رَبِّي عَذَابَ يَوْمٍ عَظِيمٍ (15)

«Қачонки, уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга рўбарў бўлишдан умид қилмайдиганлар: «Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир», дедилар. Сен: «Мен ўзимча уни алмаштира олмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос. Албатта, мен агар Роббимга осий бўлсам, буюк кун азобидан қўрқаман», – деб айт». (Юнус сураси, 15-оят.)

قُلْ إِنِّي أَخَافُ إِنْ عَصَيْتُ رَبِّي عَذَابَ يَوْمٍ عَظِيمٍ (13) قُلِ اللَّهَ أَعْبُدُ مُخْلِصًا لَهُ دِينِي (14)

«Айт: «Албатта, мен агар Роббимга исён этсам, буюк куннинг азобидан қўрқаман». Айт: «Динимни Ўзига холис қилган ҳолимда Аллоҳгагина ибодат қилурман». (Зумар сураси, 13-14-оятлар.)

Бу ояти карималар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асло гуноҳ иш қилмаганларини уқтиради:

قُلْ إِنِّي أَخَافُ إِنْ عَصَيْتُ رَبِّي عَذَابَ يَوْمٍ عَظِيمٍ

Оятдаги «إِنْ» (агар) шарт ҳарифидир. «عَصَيْتُ رَبِّي» (Роббимга исён қилсам) жумласи эса шарт феълидир. Шартнинг жавоби эса «عَذَابَ يَوْمٍ عَظِيمٍ…. أَخَافُ» (буюк кун азобидан қўрқаман) жумласидир. Шунда умумий маъно: «Албатта, мен агар Роббимга исён этсам, буюк куннинг азобидан қўрқаман» бўлади.

Бу ерда аҳамияти эътиборидан шартнинг жавоби: (буюк кун азобидан қўрқаман) жумласи олдин келтирилган (арабча матндаги таркиб шундай).

Шарт ҳарфи – кўмакчиси қилиб эса айнан «إِنْ»ни танланган. Чунки бу ҳарф шартли феълга ундан тушунилган иш‑ҳаракат ва ҳолат бўлиши мумкин бўлмаган ёки даргумон бўлсагина қўлланилади. Аммо унинг воқе бўлиши қатъий аниқ бўлса, у ҳолда «إذا» зарф ва шарт ҳарфи ишлатилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каттаю кичик гуноҳлардан, гуноҳ‑маъсиятларга йўлашдан маъсум эканларини исбот этгач, у Зотнинг хато қилишлари хусусида сўзлашга ўтамиз: у Зот хато қилган бўлишлари мумкинми? Ёки Аллоҳ у Зотни бундан ҳам асраганми?

Рожиҳ фикр: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хатодан ҳам маъсумдирлар

Бир гуруҳ уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хато қилишлари мумкин деб билади. Улар буни башарлик зарурати, бу у Зотнинг нубувватларига, маъсумликларига путур етказмайди, хато гуноҳ ё маъсият эмас  ва Аллоҳ у Зотнинг хатоларини тасдиқламаган, балки уни тўғрилаб, ўнглаб қўйган, деб эътибор қилишади. Улар тенбеҳ мазмунидаги оятларни бунга мисол деб билишади ва у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз ёки ишларида хатога йўл қўйганларки, Аллоҳ мазкур оятларда у Зотга танбеҳ берган, бинобарин, бу танбеҳлар у Зотнинг хатоларини тўғрилаш учун бўлган деб тушунишади.

Бошқа бир гуруҳ уламолар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хатодан ҳам маъсумдирлар, деб ҳукм қилишган. Унга кўра, у Зот ҳеч қандай хатога йўл қўймаганлар. Аллоҳ таоло Қуръонда у Зотга танбеҳ берган ўринларда ҳам аслида хато қилмаганлар, у Зотнинг қилганлари ҳам тўғри ва дуруст эди. Лекин Аллоҳ таоло у Зотга танбеҳ бериш билан яна ҳам авлороқ ва тўғрироғига, афзал ва  мукаммалроғига йўллаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авло ва афзалини тарк этишлари хато эмас. У ҳам ўз ҳолида тўғри бўлган. Лекин Аллоҳ таоло Ўз Расулига энг мукаммали ва афзали бўлишини ирода қилган эди.

Биз ҳам ушбу иккинчи гуруҳнинг фикрига қўшиламиз. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хато ҳам қилмаганлар, Аллоҳ таоло у Зотни Ўзининг тавфиқи ва ҳидояти билан қўллаб турган, айрим сўз ва ишларини тўғрилаши эса – бу жуда ҳам оз – у Зотнинг хато қилганларини англатмайди, балки дуруст, тўғри иш бўлса‑да, афзалининг терсини қилганларини ва Аллоҳ у Зотни ўша афзалига йўллаганини англатади, деб эътиқод қиламиз.

Қози Иёзнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маъсумликлари хусусидаги сўзи

Бу мавзудаги энг яхши гапни айтган киши Қози Иёз бўлади. У киши ўзининг «Аш-шифа битаърифи ҳуқуқил‑Мустофа» номли ажойиб асарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маъсумликлари борасида батафсил баҳс олиб боради. Ушбу масаладаги турли фикрларни бирма‑бир келтириб ўтади. Илгариги пайғамбарларга нисбат берилган гуноҳ, маъсият ва хатоларни изоҳлар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган хатоларни тушунтиришда алоҳида ва қамровли сўз юритади. Биз қуйида у кишининг ушбу мавзуда айтган сўзларининг хулосасини ҳавола қиламиз:

«Муҳтарам ўқувчи! Юқорида айтилган гаплардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маъсумлик ҳақлари сизга равшан бўлди: у Зот Аллоҳ таолони ва Унинг сифатларини билмасликдан, бу ҳақдаги билимга зид бўлган ҳолатга тушишдан маъсумдирлар. Бу маъсумлик нубувватдан кейинги даврга нисбатан ақлан ва ижмоъа билан собит бўлса, нубувватдан олдингиси эшитиш ва нақлий далиллар билан собитдир. У Зот ўзлари келтирган шариат ҳукмларига зид иш қилмаганлари ва Роббининг ваҳийсини қатъий етказганлари ақлан ва шаръан ўз исботини топган. Аллоҳ у Зотни Набий ва Расул этгандан буён қастдан ёки бехос ёлғон гапиришдан ва гап тўқишдан маъсум бўлганлар. Шариат ва ижмоъ ҳам, текширув ва далиллар ҳам у Зотнинг бундай қилишлари умуман мумкин эмаслигини тақозо қилади. Буни нубувватдан олдин ҳам қилмаганлари қатъий ҳақиқатдир. Ижмоъ ва тадқиқотларга кўра, у Зотнинг каттаю кичик гуноҳлардан, саҳв ва ғафлатда қолишдан, умматга шариат қилиб берилаётган нарсаларда янглишиш ёки унутишга йўл қўйишдан пок билиш лозимдир. Шунингдек, у Зот розиликда ҳам, ғазабда ҳам, жиддиятда ҳам, ҳазил қилганларида ҳам тамоман маъсум бўлганлар...

Буларни яхшилаб билиб, ҳеч қачон унутмаслигингиз, бу бобларнинг қадрини жойига қўйиб, унинг фойдалари ҳам, хатарлари ҳам улкан эканини билишингиз лозим. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оид бўлиши лозим ёки жоиз бўлган, бўлиши мумкин бўлмаган нарсаларни билмайдиган, бу борадаги ҳукмларни яхши ўрганмаган киши айрим нарсаларда аслидан бошқача эътиқод қилишдан омонда бўлмайди, у Зот алайҳиссаломни у Зотга нисбат бериш мумкин бўлмаган ишлардан поклай олмайди. Натижада, ўзи кутмаган жойдан ҳалокатга юз тутади, дўзах қаърига қулайди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида нотўғри гумонда бўлиш, у Зотга жоиз бўлмаган нарсаларни бўлади деб эътиқод қилиш кишини ҳалокат гирдобига улоқтиради».

 

Янгиланди ( 11.07.2017 22:50 )