A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Имом Абу Амр ибн Ало
PDF Босма E-mail

Исм-насаби: Абу Амр Заббон ибн Ало ибн Аммор Абу Амр ат-Тамимий ал-Мозиний ал-Басрий. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аждодлари бўлмиш Адноннинг авлодидан. Баъзилар «Абу Амр» у кишининг куняси эмас, исми бўлган, дейишади. У кишининг исми ҳақидаги кўпфикрлик Абу Амрнинг улуғлиги, ҳайбати юксак бўлганидан ундан исми ҳам сўралмагани билан изоҳланади. Бану Мозин қабиласига мансуб бўлгани учун у киши «ал-Мозиний» ҳам дейилган.

Таваллуди ва вафоти: Имом Абу Амр 68/687-688 йили туғилган. Кўпчилик уламоларнинг фикрига кўра, 154/771 йили вафот этган. Абу Амр ибн Ало раҳимаҳуллоҳ Маккада таваллуд топди, Басрада униб ўсди ва Куфада вафот этди.
Маноқиблари: Имом Абу Амр араб тили ва Қуръони Каримга билимдон, содиқлик, ишонч, зоҳидлик, омонатдорлик ва диндорлик сифатларини ўзида мужассамлаштирган етук зот эди. Арабларнинг энг олийқадр кишиси, ҳурматлиси эди. Ҳатто шоирлар, жумладан, машҳур араб шоири Фараздақ ҳам у кишини мақтаб шеърлар айтган.
Имом Асмаъий айтади: «Абу Амрга ҳар куни икки фулсга битта кўза ва райҳон сотиб олинар эди. Кун бўйи ўша кўзадаги ичимликни ичар, кечки пайт кўзани ҳадя қилиб юборар ва жорияга: «Райҳонни қуритиб, туйиб, ишқорларга қўшиб қўй», дер эди. Абу Амр менга: «Агар кўксимдаги илмларни сенинг кўксингга бўшатиб бериш имкони бўлганида эди, буни қилган бўлардим. Қуръон илмларидан ёдлаганларимни китобатга туширсам, уни Аъмаш ҳам кўтара олмас эди»,  деган эди».
Абу Убайда айтади: «Абу Амрнинг дафтарлари бир уй шифтгача тўла эди. Кейин ибодатга берилиб кетди ва уларни ёқиб юборди. Тўла ибодатга ажралди ва ҳар уч кечада хатм қилишни ўзига вазифа қилиб олди». Асмаъий айтади: «Абу Амрнинг гапираётганини кўрсанг, бирорта нарсани яхши билмайди, деб ўйлар эдинг. У хато нутқ қилмас ва жуда енгил гапирар эди».
Иброҳим Ҳарбий ва бошқалар: «У аҳли суннат эди», дейишган. Асмаъий айтади: «Абу Амрнинг: «Ўзимдан олдингилар орасида мендан кўра олимроқ кишини кўрмадим», деганини эшитдим». Асмаъий яна: «Мен Абу Амрдан кейин ундан кўра олимроқ кишини кўрмадим», дейди. Юнус ибн Ҳабиб айтади: «Агар бирор кишининг сўзи ҳар бир нарсада олиниши лозим бўлса, Абу Амрнинг сўзи олиниши керак». Асмаъий: «Абу Амрдан мингта масала ҳақида сўрадим, у мингта ҳужжат билан жавоб берди», дейди. Абу Муҳаммад Яҳё ал-Язидий шундай ҳикоя қилади: «Бир куни Абу Амрдан бизларга намоз ўқиб беришини сўрадим. У киши одамларга имомлик қилишни ёқтирмас эди. Меҳробга ўтди ва озгина турди-да, ҳушидан кетди. Ҳушига келганидан кейин бу ҳақда сўрлади. Шунда у киши: «Тўғри туринг! Аллоҳ сизларга раҳм қилсин!» деган чоғимда хаёлимда ичимдан бир воиз: «Сен ўзинг Аллоҳнинг қошида кўз юмиб-очгунча тўғри турганмисан», дея хитоб қилди», деди».
Саид ибн Авс айтади: «Абу Амрга: «Қироат қилиб олганингиз ва ўқиганингизнинг ҳар бирини эшитганмисиз?» дедим. Шунда у киши: «Агар эшитмаганимда, ўқимаган бўлардим, чунки қироат суннатдир», деди.
Ибн Шанабуз айтади: «Асҳобларимиздан бир муҳаддис бундай деб айтиб берди: «Туш кўрдим: гўё Қиёмат қоим бўлган. Қарасам, бир киши юқорида тик турибди. Ўнг тарафида яна бир киши бор. «Бу юқоридагилар ким?» деб сўрадим. Шунда менга: «Булар Абу Амр ва Ҳамза ибн Ҳабиб аз-Зайёт», дейилди. Қорилар эса улардан кейин туришар эди».
Абдулворис ибн Саид Таннурий шундай ҳикоя қилади: «Бир йили Абу Амр билан бирга ҳажга бордим. У менинг ҳамроҳим эди. Бир неча манзиллардан ўтдик. Кейин у менга: «Тур мен билан», деди. Кейин мени бир тепаликка ўтиргизди-да: «Ўзим келмагунимча жилма», деди. Бу ер сувсиз, қуп-қуруқ ер эди. Бир муддат туриб қолдим. Кейин ташвишланиб, туриб, изидан бордим. Бориб қарсам, у бир сувсиз жойда экан. Бир булоқ чиқиб турибди, у эса унда таҳорат олаётган экан. Менга қаради-да: «Абдулворис, мен учун буни яшир. Кўрганингни бирор кишига айта кўрма», деди. «Хўб бўлади, эй қориларнинг саййиди», дедим. Аллоҳга қасамки, буни у киши вафот этгунича бирор кишига айтмадим».
Таййиб ибн Исмоил айтади: «Абул-Атоҳийянинг Язидийдан хоссатан Абу Амрдан олинган хабарлардан минг жилдга яқин нарса ёзиб олганини кўрдим. Бу ўн минг варақ бўлади». Ахфаш шундай дейди: «Ҳасан Басрий Абу Амрнинг олдидан ўтиб қолди. Ҳалқаси гавжум, одамлар қимирламай ўтиришарди. «Бу ким?» – деди у. «Абу Амр», дейишди. Шунда: «Ла илаҳа иллаллоҳ! Уламолар арбоб бўлиб кетай дейишибди. Илм билан қувватланмаган ҳар қандай азизлик хорликка юз тутажак», деди Ҳасан Басрий». Асмаъий айтади: «Абу Амр: «Ҳасан Басрий тириклигидаёқ мен бош − пешво бўлиб бўлган эдим», деган».
Абу Муҳаммад Язидий: «Абу Амр қироатларни жуда яхши билар эди. Уларнинг ҳар биридан энг гўзалини, араблар ихтиёр қилганини, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг луғатларидан ўзига етиб келганини, Аллоҳ азза ва жалланинг китобида тасдиғини топганини ўқир эди», деган.
Асмаъий айтади: «Абу Амр: «Агар аввалда ўқилганидек ўқишдан бошқаси ножоиз бўлмаганида, фалон ҳарфни ундоқ, фалон ҳарфни бундоқ ўқир эдим», деди ва бир нечта ҳарфларни зикр қилди». Ибн Мужоҳид айтади: «Асмаъийга: «Қандай ўқийсан?» дедим. У: «Абу Амрнинг қироатида», деди».
Абу Амрнинг ўзи шундай дейди: «Саид ибн Жубайр қироатимни эшитиб: «Мана шу қироатингни маҳкам тут», деган».
Абу Бакр ибн Мужоҳид бундай дейди: «Бизга Ваҳб ибн Жарирдан шундай деганини айтиб беришган: «Шуъба менга: «Абу Амрнинг қироатини маҳкам тут, чунки у одамлар учун санадга айланади», деди». Ҳижрий саккизинчи-тўққизинчи асрларда яшаб ижод қилган Имом Жазарий айтади: «Шуъбанинг сўзи тўғри чиқди. Бугунгача Шом, Ҳижоз, Яман ва Миср ўлкалардаги қироат Абу Амрнинг қироатидир. Абу Амрнинг ҳарфидан бошқасини талқин қилаётган бирор кишини топмайсан. Хусусан фаршда шундай қилишади, аммо баъзан усулда хато қилишади». Имом Жазарий яна шундай дейди: «Шом ҳудуди аҳолиси беш юзиинчи йиларгача Ибн Омирнинг қироатида ўқир эди. Кейин бу қиротани тарк этишди. Чунки Ироқдан бир киши келиб, Умавий Жомесида кишиларга Абу Амрнинг қироатини талқин қила бошлагач, унинг атрофига кўп халқ тўпланиб, бу қироат ундан тарқалиб машҳур бўлиб кетди. У бир неча йил шундай истиқомат қилди. Менга етган хабар шундай. Бўлмаса, Шом аҳлининг Ибн Омирнинг қироатини қўйиб, Абу Амрнинг қироатини ушлашига нима сабаб бўлган, билмайман. Мен буни Шуъбанинг кароматларидан бири деб биламан».
Ибн Мужоҳид Абу Амр ҳақида шундай дейди: «Ўз замонида энг пешқадам, қироат ва унинг турларини пухта биладиган, тилшуносликда етакчи олим, араб тилида кишиларнинг имоми эди. Луғатга олимлиги, араб тилига моҳирлигига қарамай асарларни маҳкам тутар эди. Ихтиёр қилганларининг биротасида ўзидан олдинги имомлардан келган асарларга хилоф қилган эмас, илимда камтарин эди». Ибн Мужоҳид яна шундай дейди: «Абу Амр ихтиёри гўзал, қироати енгил, бетакаллуф, йўлини топиши билан тахфиф қилишни афзал санар эди».
Суфён ибн Уяйна айтади: «Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. «Эй Аллоҳнинг Расули, қироатлар турлича бўлиб кетди, қайси қироат билан ўқишимни буюрасиз?» дедим. У Зот «Абу Амр ибн Алонинг қироати билан», дедилар».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: «Абу Амрнинг қироати менга қироатларнинг энг севимлисидир».
Абу Амр ибн Ало вафот этганларида Юнус ибн Ҳабиб унинг мотамзада оиласига келиб, шундай дея таъзия изҳор қилган эди: «Охир замонгача ўхшаши келмайдиган зотни йўқотганимиздан сизларга ҳам, ўзимизга ҳам таъзия изҳор қиламан. Аллоҳга қасамки, агар Абу Амрнинг илми ва зуҳди юз кишига тақсим қилиб берилса, юзтаси ҳам олим ва зоҳид инсонларга айланар эди. Аллоҳга қасамки, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Амрни кўрганларида, унинг ҳолати у Зотни хурсанд қилган бўларди».
Абу Амрнинг сўзлари:
«Яхшиликни ўз аҳлидан ол, ёмонликни ўз аҳлига қўй».
«Биз ўтганларга нисбатан баланд хурмо тагидаги ўт-ўланлар кабимиз, холос».
«Ким ўзидан юқоридагининг фазлини эътироф этса, ўзидан қуйидагилар унинг фазлини эътироф этишади. Ким инкор қилса, инкор қилинади».
«Мен бу илмни хатна қилинмай туриб ўрганганман, ҳозир саксон тўртга кирдим».
Тарих китобларида келишича, Абу Амрдан: «Қачон кишига илм талаб қилиш яхши бўлади?» деб сўралди. У: «Модомики, ҳаёт унга яхши бўлар экан», деди.
Абу Амрнинг узугида қуйидаги маънодаги байт нақш қилинган эди: «Энг катта ташвиши дунё ҳаёти бўлган киши унинг ёлғончи арқонини ушлаб олгандир».
Язидий ва Муҳаммад ибн Наср шундай ҳикоя қилади: «Амр ибн Убайд ваъид – қўрқитув хабарлари ҳақида бир йил гапирди. Шунда Абу Амр унга: «Агар сен энг кичик нарсадаги ваъидни энг катта нарсадаги каби қилиб оладиган бўлсанг, хато тушунадиган одам экансан. Билиб қўй, кичик ва катта гуноҳдан қайтарув баробар бўлмайди. Аллоҳ таоло халойиқ устидаги ҳужжати комил бўлиши ва Ўз амридан оғмаслик учунгина катта ва кичик гуноҳлардан қайтарган. Ваъидининг орқасида афву марҳамати ҳам бор», – деди».
Асмаъий айтади: «Абу Амр менга шундай деди:

«Хорлаган бўлсанг, шарафлидан ҳазир бўл. Ҳурматлаган бўлсанг, пасткашдан; қийинчиликка солган бўлсанг, оқилдан; ҳазиллашадиган бўлсанг, аҳмоқдан; бирга бўлган бўлсанг, сергуноҳдан ҳазир бўл. Сўрамаганга жавоб беришинг, жавоб бермайдигандан сўрашинг, сенга қулоқ солмайдиганга гапиришинг одобдан эмас».
Устозлари: Етти қироат имомлари ичида Имом Абу Амрчалик устози кўп имом йўқ. Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара, Кўфа ва Басра шаҳарларида кўплаб устозлардан Қуръон таълимини олган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ва бошқалардан ҳадис тинглаган. Имом Абу Амр қироат илмини жуда кўп шайхлардан олган. Жумладан, Маккада Саид ибн Жубайр, Мужоҳид, Ато, Икрима ибн Холид, Ибн Касирдан, Мадинада Абу Жаъфар, Язид ибн Румон, Шайба ибн Нисоҳдан, Басрада Ҳасан ибн Абул-Ҳасан ал-Басрий, Яҳё ибн Яъмур, Наср ибн Осим ва бошқалардан арз (ўқиб бериш) тариқаси билан олган. Шуннгдек, Ҳумайд ибн Қайс ал-Аъраж, Осим ибн Абуннажуд, Абу Исҳоқ ал-Ҳазрамий, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг мавлолари Икрима ва бошқаларнинг қўлида ҳам ўқиган.
Шогирдлари: Имом Абу Амр раҳимаҳуллоҳдан у кишининг қироатларини ривоят қилган қорилар жуда ҳам кўп. Жумладан, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Лайсий, Аҳмад ибн Мусо ал-Луълуъий, Исҳоқ ибн Юсуф ал-Азрақ, Ҳусайн ибн Алий ал-Жуъфий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Абдулмалик ибн Қариб ал-Асмаъий, Хорижа ибн Мусъаб, Холид ибн Жабала, Довуд ибн Язид,  Абдуллоҳ ибн Муоз, Ийсо ибн Умар ал-Ҳамадоний, Муоз ибн Муслим ан-Наҳвий, Юнус ибн Ҳабиб. Имом Абу Амрдан Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Абу Сора ва Сибавай ҳарфларни ривоят қилган.
Санади: Абу Амр ибн Алонинг санадлари жуда ҳам олий ва кўпдир. Жумладан, Абу Амр раҳимаҳуллоҳ Ибн Касир, Мужоҳид, Саъид ибн Жубайрда, улар Ибн Аббосда, у киши Убай ибн Каъбда ўқиган. Шунингдек, Абу Амр Ҳасан ибн Абул-Ҳасан ал-Басрийда, у Ҳаттон ибн Абдуллоҳда, у Абу Мусо ал-Ашъарий ҳамда Абул-Олияда, Абул-Олия Умар ибн Хаттоб, Убай ибн Каъб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумда ўқишган. Убай ибн Каъб, Абу Мусо ал-Ашъарий, Умар ибн Хаттоб, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум эса қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олишган.
Машҳур ровийлари:
1)    Дурий: Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз;
2)    Сусий: Солиҳ ибн Зиёд ибн Абдуллоҳ.

Имом Дурий

Исм ва насаби: Абу Умар Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз ибн Саҳбон ибн Адий ибн Саҳбон ад-Дурий ал-Аздий ал-Бағдодий.
Тавллуди: Имом Дурий халифа Мансурнинг даврида, 150/767 йилда Бағдоднинг шарқий тарафида жойлашган Дур маҳалласида таваллуд топган ва халифа Мутаваккилнинг даврида 246/860 санада вафот этган.
Фазилатлари: Имом Дурий раҳимаҳуллоҳ ўз замонасида қироат имоми, етук устоз, мустаҳкам илмга эга, ишончли, собит, улуғ зот бўлган. Бағдоднинг шимолида Дажла дарёсининг ёқасида жойлашган Сомарро шаҳрида истиқомат қилган.
Аҳвозий айтади: «Имом Дурий қироатларни ўрганиш мақсадида сафарлар қилди. Етти ҳарфнининг барчасини – мутавотир, саҳиҳ ва шоззларни ҳам ўқиди. Бу маънода жуда кўп илмларни тинглади. Қироат илмида китоб ёзди. У барча ривоятларида ишончлидир. У узоқ умр кўрди. Умрининг охирида кўзи ожиз бўлиб қолди. У диёнатли ва хайриятли киши эди. Унинг санади олийлиги ва илми кенглиги туфайли одамлар барча минтақалардан атайлаб унинг олдига келадиган бўлди».
Сафадий шундай дейди: «Унинг умри узун бўлди. Санадининг олийлиги ва илмининг кенглиги туфайли барча юртлардан унинг ҳузурига атайлаб келинадиган бўлди, моҳир қорилар унинг атрофига тўпланишди».
Имом Абу Довуд: «Аҳмад ибн Ҳанбалнинг Абу Амр ад-Дурийдан ҳадис ёзиб олаётганини кўрганман», дейди. Муфассир Аҳмад ибн Фараҳ айтади: «Имом Дурийдан «Қуръон ҳақида нима дейсан?» деб сўрадим. У «Аллоҳнинг Каломи, махлуқ эмас», деди».
Имом Заҳабий имом Дурий ҳақида шундай дейди: «Қиротда у мустаҳкам илм соҳибидир, имомдир. Шунингдек, қорилардан бир гуруҳи қироатда мустаҳкам илмга эга бўлишади, аммо ҳадисда ундай бўлишмайди. Чунки улар ҳарфларнинг машаққатини кўтарган, уларни тадқиқ қилишган, ҳадис илмида эса бундай қилишмаган. Худди ҳадис ҳофизларидан бир тоифаси ҳадисни пухта эгаллашаган-у, қироатни яхши ўзлаштирмагани каби. Бирор соҳада кўзга кўринарли даражага эришиб, бошқаси билан унчалик шуғулланмаган ҳар ким ҳам шундай бўлади».
Имом Дурий қироатни жуда кўп имомлардан олган. Имом Нофеъ, Ибн Касир, Ҳамза ва бошқа машҳур имомларининг қироатларини ҳам ривоят қилган. Имом Заҳабий Абу Амр Дурийнинг шундай деганини нақл қилади: «Исмоил ибн Жаъфарда Мадина аҳли қироатини ўқидим. Имом Нофеънинг ҳаётлик чоғини топганман. Агар ўн дирҳам пулим бўлганида, унинг олдига борган бўлардим».
Имом Дурий қироат соҳасида илк китоб тасниф қилган киши бўлди. Асарларидан қуйидагилар зикр қилинади: «Аҳкам ал-Қуръан вас-сунан», «Ма иттафақот алфазуҳу ва маъанийҳи минал-Қуръан», «Фазоилул-Қуръан», «Ажзаул-Қуръан».
Усозлари: Имом Дурий жуда кўп устозлардан таълим олди. Имом Нофеънинг шогирди Исмоил ибн Жаъфар, Имом Ҳамзанинг шогирди Сулайм ва Муҳаммад ибн Саъдон, Ҳамза ибн Қосим, Яҳё ибн Муборак ал-Язидий, Шужоъ ибн Наср ал-Балхий ва имом Кисоий шулар жумласидандир. Имом Дурий имом Абу Амр ибн Алонинг қироатини Яҳё ибн Муборак ал-Язидий воситаси билан ривоят қилган.
Шогирдлари: Имом Дурийнинг шогирдлари жуда ҳам кўп бўлиб, жумладан, қуйидагиларни зикр қилиш мумкин: Аҳмад ибн Ҳарб, Аҳмаб ибн Фараҳ, машҳур муфассир Абу Жаъфар, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Моҳон, Аҳмад ибн Язид ал-Ҳулвоний, Аҳмад ибн Масъуд ас-Сирож, Исҳоқ ибн Иброҳим ал-Аскарий, Муҳаммад ибн Убайд ар-Розий, Абу Абдуллоҳ ал-Ҳаддод, Нуҳ ибн Мансур.

Имом Сусий

Исм-насаби: Абу Шуайб Солиҳ ибн Зиёд ибн Абдуллоҳ ибн Исмоил ибн Иброҳим ас-Сусий.
Имом Сусий етук илм соҳиби, ишончли, Қуръон устозларининг улуғларидан эди. Ибн Можа ўз «Сунан»ида Имом Дурийдан ҳадислар ривоят қилган. Абу Ҳотим ҳам ундан ривоят келтирган ва: «У ростгўйдир», деган.
Устозлари: Имом Сусий қироатни Абу Муҳаммад Яҳё ибн Муборак ал-Язидийдан арз (ўқиб эшиттириш) ва самоъ (тинглаш) йўли билан ривоят қилган. Язидий эса қироатни имом Абу Амр ибн Ало раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилган. Яъни имом Сусий имом Абу Амрнинг қироатини имом Язидий орқали ривоят қилган.
Шогирдлари: Имом Сусийдан у зотнинг қироатини ривоят қилган кишилар жуда ҳам кўп бўлган. Ўғли Абу Маъсум Муҳаммад, Мусо ибн Жарир, Абу Ҳорис Муҳаммад ибн Аҳмад, Аҳмад ибн Муҳаммад ар-Рофиқий, Муҳаммад ибн Саид ал-Ҳарроний, Алий ибн Муҳаммад ас-Саъдий, Муҳаммад ибн Исмоил ал-Қураший, адиб Маҳмуд ибн Муҳаммад ал-Антокий, ҳофиз Аҳмад ибн Шуайб ан-Насаий, Ҳусайн Али ал-Хайёт ана шулар жумласидандир.
Вафоти:
Имом Сусий раҳимаҳуллоҳ 261/874-875 санада вафот этди. Ёши етмишга, бир ривоятда эса тўқсонга яқинлашиб қолган эди.
Абу Амрнинг қироатдаги манҳажидан намуна:
1.    Ҳар икки сура орасида уч важҳ жоиз: «басмала», «сакта», «васл». «Анфол» билан «Тавба» орасида ҳам уч важҳ жоиз: «қатъ», «сакта», «васл».
2.    Мунфасил мад Дурий ривоятида «қаср» ва «тавассут», Сусий ривоятида фақат «қаср» қилинади.
3.    Сусий ривоятида ٱلرَّحِيمِ  مَٰلِكِ каби мутамосилайн, وَشَهِدَ شَاهِدٌ каби мутақорибайн, رَّبُّكُمۡ أَعۡلَمُ بِكُمۡ каби мутажонисайнларда махсус шартларга кўра идғом қилинади: ٱلرَّحِيم  مَّلِكِ,  وَشَهِد شَّاهِدٌ,  رَّبُّكُمۡ أَعۡلَم بِّكُمۡ. Тафсилоти қироат китобларида мавжуд келтирилган.
4.    Битта калимада келган жуфт ҳамзанинг орасига алиф киргизиб, иккинчиси тасҳил қилинади.
5.    Иккита калимада келган ҳаракатдош икки ҳамзанинг биринчиси тушиб қолади, ҳамзаларнинг ҳаракатлари бошқа-бошқа бўлса, ўзгартирилади.
6.    ٱطۡمَأۡنَنتُمۡ,  ٱلذِّئۡبُ, ٱلۡمُؤۡمِنُونَ каби калималарда ҳамза мад ҳарфига алмаштирилади: ٱطۡمَانَنتُمۡ,  ٱلذِّيبُ, ٱلۡمُومِنُونَ  Бунда баъзи мутстаснолар бор.
7.    إِذۡ калимасидаги «зал» ҳарфи, قَدۡ калимасидаги «дал», «муаннаслик та»си ва هَلۡ калимасининг «лам»и махсус ҳарфларга идғом қилинади:  إِذ دَّخَلُواْ,  لَقَد ظَّلَمَكَ, كَذَّبَت ثَّمُودُ,  فَهَل تَّرَىٰ
8.    Мусҳафларда марбута ўрнига марбута ёзилган «та»ларда «ҳа» билан вақф қилинади. Масалан: وَجَنَّتُ نَعِيمٖ.
9.    «Изофа ёси»дан кейин фатҳали ёки касрали қатъия ҳамза келса ёхуд «маърифа ломи» ё васлийя ҳамза келса «йа» фатҳали ўқилади: إِنِّيَ أَعۡلَنتُ, عَهۡدِيَ ٱلظَّٰلِمِينَ,  هَٰرُونَ أَخِيَ ٱشۡدُدۡ بِهِۦٓ أَزۡرِي.
10.    Баъзи «зоида ё»лар васлда ўқилади: أُجِيبُ دَعۡوَةَ ٱلدَّاعِيٓ إِذَا دَعَانِ.
11.    فَعْلَى, فِعْلَى  ва فُعْلَى  вазнидаги калималарда «алифийя ё» тақлил қилинади. Масалан: ٱلسَّلۡوَىٰ,  سِيمَاهُمۡ,  ٱلۡمُثۡلَىٰ.  
12.    «Ро»дан кейин келган «алифийя ё» имола қилинади: ٱفۡتَرَىٰ. Сўзнинг охирги ҳарфи бўлган касрали «ро»дан олдинги алиф ҳам имола қилинади: مِن دِيَٰرِهِمۡ,  ٱلۡأَبۡرَارِ. Шунингдек, ٱلنَّاسِ калимаси ҳам имола қилинади.