A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Имом Осим
PDF Босма E-mail

 

Исми ва насаби: Осим ибн Абуннажуд ибн Баҳдала ал-Асадий ал-­Кўфий. Унинг куняси Абу Бакр бўлган. Айрим манбаларда Баҳдала отасининг исми дейилса, бошқаларида онасининг исми ҳам дейилади. Шунга кўра, у Осим ибн Баҳдала деб ҳам номланган. Бану Асад қабиласининг мавлоларидан бўлган.

Таваллуд ва вафоти: Осим ибн Абуннажуднинг таваллуд санаси маълум эмас. Аммо манбаларда Муовия розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида (41/66160/679) туғилгани айтилган. Имом Осим Кўфада туғилиб, ўсган ва ўз шаҳрида 127/745 санада вафот этган.

Маноқиби: Имом Осим Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг саҳобаларини кўриб, уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган улуғ тобеинлардан ҳисобланади. У ёшлигидан Қуръон ўрганишга киришган. У: «Биз Абу Абдурраҳмоннинг олдига борардик. Ўшанда ўспирин болалар эдик», дер эди.

Осим ибн Абуннажуд раҳматуллоҳи алайҳи ўз замонасининг йирик олими, қироат илмида пешво устозларидан эди. У қироат, ҳадис, фиқҳ, наҳв,ва луғатшунослик илмларининг билимдони эди. Осим ибн Абунажуд ўта тақводор, серибодат киши бўлиб, кўп нафл намоз ўқирди. У ниҳоятда хушовоз инсон бўлиб, шунақанги фасоҳат билан, дона-­дона сўзлардики, ифодасидан кишилар ҳайратга тушар эдилар. Имом Осим мўътабар, ишончли олимлардан бўлиб, кўплаб ҳадис ривоят қилган. У киши ривоят қилган ҳадислар олти саҳиҳ тўпламдан жой олган.

Абу Заръа ва бошқа бир гуруҳ муҳаддислар имом Осимни ҳадис ривоятида ишончга эга деб айтишган.

Имом Осим устози Абу Абдурраҳмон Суламийдан кейин унинг ўрнига Кўфа аҳлининг қироат пешвосига айланди. У устозининг ўрнида ўтириб то ҳаётининг охиригача кишиларга Қуръондан таълим берди. Имом Осим Қуръонни тажвид билан, мукаммал қироат қилишга қаттиқ эътибор берар, бу борада ўта талабчан эди. Бу ҳақда «Тобақот ал­ҳанафия» китобида Шуъбадан қуйидагича нақл қилинади: «Мен Қуръонни Осим ибн Абуннажудга ўқиб берганман. У менга бир кунда бир оятдан ўқиб беришини ва бундан оширмаслигимни буюрган эди ҳамда: «Мана шу сен учун мустаҳкамроқ бўлади», дерди. Аммо устоз тириклигида ҳаётлигида Қуръонни тўла ўқиб тамомлашга кўзим етмагач, қайта­-қайта илтимос қилган эдим, ниҳоят, ҳар куни беш оятдан ўқишга изн берди».

Имом Осим Қуръон таълимига бел боғлаган, ҳаётини шу буюк хизматга бағишлаган, шогирдларга қироатни ўргатишга иштиёқи баланд киши эди. «Ғояту ан­ниҳая»да Муфаззал аз-­Зоббийдан нақл қилинади: «Мен Осимнинг олдига унга Қуръон ўқиб бериш учун борардим. Агар бора олмай қолсам, у менинг уйимга келарди».

Шуъба ибн Айёш: «Мен Абу Исҳоқ Сабиъийнинг: «Қироат илмида Осим ибн Абуннажуддан билимдонроқ кишини кўрмадим», деб неча марта айтганини саноғига етолмайман», деб айтган. Ҳасан ибн Солиҳ эса: «Мен Осим ибн Абуннажуддан фасоҳатлироқ гапирадиган кишини кўрмадим. У гапирганда мағрурлик касб этарди», деган.

Аҳмад Ижлий айтади: «Осим суннат ва қироатни эгаллаган киши эди. Қуръон борасида пешқадам имом эди. Осим Басрага келиб, у ердагиларга Қуръон ўргатган».

Шуъба айтади: «Осим: «Икки йил касаллик сабабли тўшакка михланиб қолдим. Тузалгач, Қуръонни ўқиб кўрдим, бирорта ҳарфга адашмадим», деган эди». У яна: «Абу Абдурраҳмон вафот этгач, Осим одамларга Қуръон ўргатиш учун ўтирди. У одамларнинг энг овози чиройлиси эди, худди товуш пайчаларида қўнғироқ борга ўхшарди», деган.

Ибн Саламадан ривоят қилинишича, Абу Воил Осимнинг олдига келса, унинг қўлини ўпар экан.

Ҳафс айтади: «Осимга қачон Қуръон ўқиб берилса, қўлини чиқариб, санаб ўтирарди. У тобеинлардан эди».

Ҳаммод ибн Салама айтади: «Мен Ҳабиб ибн Шаҳиднинг намозда оятларни улаб ўқиётганини кўрганман. Шунингдек, Осим ибн Баҳдаланинг ҳам худди Абдуллоҳ ибн Ҳабиб каби оятларни улаб ўқиётганини кўрдим».

Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: «Мен отамдан Осим ҳақида сўрадим. Отам: «У жуда солиҳ, кишиларга кўп яхшилик қилувчи ва ишончли одам эди», деди. Кейин мен: «Сиз учун қайси қироат афзал?», деб сўрадим. «Мадина аҳлининг қироати», деб жавоб берди отам. «Ундан сўнг қайси қироат энг севимли?», деб сўраган эдим, у: «Осимнинг қироати», деб жавоб қилди.

Абу Бакр Шуъба айтади: «Осим намоз ўқиганда устундек тик турарди. Жумъа куни асргача масжидда бўларди. У обид, олийжаноб одам эди, доим намоз ўқирди. Гоҳида бирор юмуш билан чиққанда масжидни кўриб қолса: «Юр биз билан, юмушимиз қочиб кетмайди», дерди-­да, кейин масжидга кириб, намоз ўқирди».

Имом Осим илмга ниҳоятда иштиёқманд эди, ҳатто ўз шогирдларидан илм олишдан ҳам тортинмас эди. Муборак ибн Саид айтади: «Осим ибн Абуннажуднинг Суфён ибн Уяйна ҳузурига ундан фатво сўраб келганини кўрдим. У: «Эй Суфён, сен бизнинг олдимизга кичиклигингда борган эдинг, биз сенинг олдингга катта бўлганда келдик», деди».

Имом Осим: «Тавозеъ бу уйингдан чиқар экансан, учратганки одамингни ўзингдан кўра яхши деб билишингдир», дерди.

Шуъба айтади: «Устозим Осим ўлим тўшагида ётганида ҳузурига кирдим, у беҳуш эди. У тинимсиз «ثم ردّوا إلى الله مولاهم الحق» («Кейин ҳақиқий хожалари Аллоҳга қайтриладилар») оятини худди намозда ўқиётгандек, ниҳоятда дона-­дона қилиб, маромига келтириб такрорларди. Шунда мен қироат унинг табиий хусусиятига айланиб кетганини англадим».

Имом Осимдан айрим саҳифалар мерос қолган бўлиб, уларда имом ўзи ривоят қилган қироат ва ҳадисларнинг айримларини ёзиб, қайдлаб қўйган эди.

Бугунги кунда Ислом оламининг асосий қисми Қуръони Каримни имом Осимнинг қироатида ўқийди.

Устозлари: Имом Осим Қуръони Карим таълимини Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Ҳабиб ас­-Суламий, Зирр ибн Ҳубайш ал-­Асадий ва Абу Амр Саъд ибн Илёс аш­Шайбонийлардан олган. У саҳобийлардан Ҳорис ибн Ҳассон ва Рифоъа ибн Ясрибий розияллоҳу анҳумолардан, шунингдек, Абу Абдурраҳмон Суламий, Зирр ибн Ҳубайш, Абу Воил, Мусъаб ибн Саъд ва бошқа кўплаб тобеинлардан ҳадис ривоят қилган, Ато ибн Абу Рабоҳ ва Абу Солиҳ Симонлардан ҳам олган.

Ибн Асокир «Тарихи Димашқ»да келтиради: «Осим: «Мен Қуръонни Абдурраҳмон Суламийга ўқиб берганман. Абу Абдурраҳмон эса Али  розияллоҳу анҳуга ўқиб берган. Мен унинг олдидан қайтаётиб, Зирр ибн Ҳубайшга ўқиб берар эдим. Зирр Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ўқиб берган эди», деди. Шуъба: «Қироатни икки тарафдан олиб, аниқлаб, мустаҳкамлаб олган экансиз-­да?», деди. Осим: «Ҳа, шундай», деди».

Имом Заҳабий ва Жазарийларга кўра, Осим шундай деб айтган: «Менга Абу Абдурраҳмондан бошқа ҳеч ким бирорта ҳам ҳарф ўқитмаган. Мен унинг олдидан қайтаётиб, Зирр ибн Ҳубайшга ўқиб берар эдим».

Қироатдаги санади: Имом Осим қироатни Абу Абдурраҳмон ас-­Суламий, Зирр ибн Ҳубайш ва Саъд ибн Илёслардан олган. Буларнинг ҳар учови ҳам Қуръонни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан таълим олган. Зирр ибн Ҳубайш ва Абу Абдурраҳмонлар Али  розияллоҳу анҳуга ҳам Қуръонни ўқиб берганлар. Абу Абдурраҳмон Суламий Убай ибн Каъб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумларга ҳам ўқиб берган. Усмон, Али, Убай ва Зайд розияллоҳу анҳум бу қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олганлар. Демак, имом Осим қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки восита орқали ривоят қилган.

Шогирдлари: Имом Осимдан Ато ибн Абу Рабоҳ ва Абу Солиҳ Симон, Сулаймон Таймий, Абу Амр Амр ибн Ало, Шуъба, Саврий, Ҳаммод ибн Салама, Шайбон Наҳвий, Абу Авона, Суфён ибн Уяйна ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган. Абу Амр ибн Ало, Халил ибн Аҳмад, Ҳамза аз­Зайёт, Ҳорун ибн Мусолар ҳарфлар ривлят қилишган. Осимдан қироатни Ҳафс ибн Сулаймон, Шуъба ибн Айёш, Муфаззал ибн Муҳаммад, Ҳаммод ибн Шуъайб, Ҳаммод ибн Зиёд, Ҳасан ибн Солиҳ, Абон ибн Тағлиб, Ҳаммод ибн Меҳрон, Саҳл ибн Шуъайб, Абулмунзир Салом ибн Сулаймон, Шайбон ибн Муъовия ва бошқа кўпчилик ровийлар нақл қилган. Буларнинг орасидаги энг машҳурлари Ҳафс ибн Сулаймон ва Абу Бакр Шўъба ибн Айёшдир.

Имом Осим Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ўрганган қироатларини Ҳафс ибн Сулаймонга, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ўрганган қироатларини эса Абу Бакр Шўъба ибн Айёшга таълим берган. Имом Осимнинг ҳар икки ровийси ҳам у кишидан қироатни бевосита ривоят қилган.

Имом Жазарий «Ан-­Нашр»да Осим қироати жами 128 та тариқа билан ривоят қилинганини айтган.

Машҳур ровийлари:

А)Абу Бакр Шуъба;

Б) Ҳафс ибн Сулаймон.

Шуъба

Исми ва нисбати: Абу Бакр Шуъба ибн Айёш ибн Солим ал­-Ҳаннот ал-­Асадий ал-­Куфий. Баъзи манбаларда унинг исми бошқача бўлгани ҳам айтилган, аммо улар унча тўғри эмас. Буғдой савдоси билан шуғуллангани учун уни «ал-­Ҳаннот» «буғдойфуруш» ҳам дейишарди. Асли Бану Асаднинг мавлоларидан бўлгани учун унга ал-­Асадий деган нисбат берилган.

Таваллуд ва вафоти: Шуъба 95/714 санада Кўфада тавуллуд топган ва 193 ҳижрий сананинг (милодий 808 йил) Жумодул‑аввал ойида вафот этган.

Фазилати: Шуъба ибн Айёш раҳматуллоҳи алайҳи етук олим, ўта тақводор, зоҳид, обид, аҳли сунна уламоларининг кўзга кўринган намояндаларидан бўлган. У қироат, ҳадис, фиқҳ илмларида етук билимга эга эди. Илм таҳсилини ёшлигидан бошлаган ва бу йўлда ҳар қандай машаққатни енгиб ўта олган эди.

Абу Бакр Шуъба эрталабдан мактабга борар, кейин имом Осимнинг ҳузурига келар эди. У талабалик йилларини эслаб шундай дейди: «Мен Осимнинг олдига уч йилча иссиқда ҳам, қишда ҳам, ёмғирда ҳам бордим». У яна: «Осимдан Қуръоннинг бирор ҳарфини ҳам қўймай эгаллаганимдан кейин ажрадим», деган эди.

Имом ибн Ваҳбон ўзининг «Аҳсан ул-­ахбар» китобида шундай ёзади: «Шуъба Осимнинг олдига иссиқда ҳам, совуқда ҳам келарди. Гоҳида ёмғир сувига кўмилиб кетарди. Сув икки биқинигача етиб кетарди, кейин кийимини ечиб оларди».

Шуъбанинг шогирдларидан бири Яҳё ибн Одам айтади: «Абу Бакр ибн Айёш менга: «Сен мендан мана бу ҳарфлар қироат қоидалари ҳақида сўраяпсан. Мен улар учун ўзимни йиллар оша ёзда ҳам, қишда ҳам, ёмғирда ҳам қийнаб меҳнат қилганман», деган эди».

Яҳё ибн Одам айтади: «Абу Бакр менга шундай деди: «Мен Қуръонни Осимдан худди ёш бола муаллимдан таълим олгани каби ўрганганман. У мени бироз қийнаган ҳам. Мен унинг қироатидан бошқани яхши адо этолмайман. Сенга айтаётганларим фақат Осимдан маромига етказиб ўрганганларимдир».

Хатиб Бағдодий «Тарихи Бағдод» китобида айтади: «Абу Бакр ибн Айёш олийжаноб, фазилатли киши эди, у қирқ йил ёнбошини ерга қўймаган». Яъни у кечаси кўп намоз ўқиганидан, Аллоҳ таолодан ҳаё қилганидан, У Зотга бўлган тақвосининг юксаклигидан оёқ узатиб ётмаган экан. Абу Абдуллоҳ Нахаъий ва Яҳё ибн Маъин: «Абу Бакр ибн Айёш эллик йил тўшак тўшамаган эди», деб айтган.

Абу Бакр ибн Шуъба: «Мен саксон йил Рамазон рўзасини тутдим, на ҳазарда ва на сафарда бирор кун ҳам оғзимни очмадим», деган эди.

Ибн Муборак: «Мен Абу Бакр ибн Айёшдан кўра суннатга шошиладиган кишини кўрмадим», дейди.

Имом Заҳабий Яҳё ибн Саъддан қуйидагиларни нақл қилади: «Мен Абу Бакр ибн Айёшга Маккагача ҳамроҳ бўлдим. Ундан кўра парҳезкор кишини кўрмаганман. Кўфа аҳлидан бир киши унга хурмо ҳадя қилган эди. Кейин унинг Холид ибн Салама Махзумийдан тортиб олинган хурмодан экани ҳақида Шуъбага хабар етди. У Маккага келиб, хурмони сотди ва пулини садақа қилиб юборди».

Хатиб Бағдодий шундай ёзади: «Абу Бакр ибн Айёшнинг бир кўзидан йигирма йил ёш оқди, аммо буни унинг ўз аҳли ҳам билгани йўқ... У юнгдан бўлган дўппи ва шалварда, кексайгач эса  бир таёқчани унга суяниш учун кўксига тираган ҳолда тунларни ибодат билан бедор ўтказарди».

Усмон ибн Абу Шайба айтади: «Ҳорун Рашид Абу Бакрни Кўфадан ўз ҳузурига олиб келди. У билан бирга Вакиъ ҳам бор эди. Уни Вакиъ етаклаб кириб келди. Ҳорун Рашид уни ўзига яқин ўтиргизди ва: «Сиз Бану Умайянинг даврини ҳам, бизнинг давримизни ҳам кўрдингиз. Хўш, қайси биримиз яхшироқмиз?» деди. Шуъба: «Улар одамларга манфаатлироқ эди, сизлар намозга мустаҳкамроқсиз», деди».

У жуда кўп Қуръон ўқирди. Ҳатто ўғли унинг ўттиз йилдан бери ҳар куни Қуръонни бир бора хатм қилишини айтган. Аҳмад ибн Холид айтади: «Абу Бакрга «Қандай қилиб тартил билан қироат қиласан?» дейилди. Шунда у: «Қандай қилиб тартил қила олмай? Ахир мен қирқ йилдан буён бир кеча-­кундузда биро бора хатм қиламан!», деди».

Абу Бакр Шуъба аҳли суннанинг мустаҳкам ҳимоячиларидан бўлган. Яҳё ибн Маъин айтади: «Абу Ҳишом Рифоъий шундай деди: «Мен Абу Бакр ибн Айёшнинг: «Абу Бакр Сиддиқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръонда айтилган халифасидир. Чунки Аллоҳ таоло: «Ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан жудо қилинган, Аллоҳдан фазл ва Унинг розилигини умид қиладиган ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига ёрдам берадиган фақир муҳожирларгадир. Ана ўшалар содиқлардир», деган. Аллоҳ содиқ деб номлаган кишилар ҳаргиз ёлғон гапирмайди. Улар «Эй Расулулуллоҳнинг халифаси» дейишарди», деяётганини эшитганман».

Абу Бакр Шуъба: «Сукутнинг энг кам фойдаси саломатликдир ва бу офият учун кифоядир. Сўзлашнинг энг оз зарари шуҳратдир ва бу фалокат учун етарлидир», дерди. У яна: «Илм йўлига кириш осон, у орқали Аллоҳга кўтарилиб чиқиш қийин», деган эди. У: «Мен Исломнинг ярмиман», дер эди.

У киши узоқ умр кўрган, бироқ вафотидан етти йил ёки ундан кўпроқ муддат аввал Қуръон ўқитишни тўхтатган. У Қуръон таълимида нуқсонга йўл қўйишидан қўрқиб шундоқ қилган. Хатиб Бағдодий «Тарихи Бағдод» китобида Шуъбанинг бир шогирдидан қуйидагиларни нақл қилади: «Абу Бакрнинг қорачиғи оқиб тушди. Шунда у менга: «Уни кафтимга қўй-­чи», деди. Мен уни кафтига қўйдим-­у, йиғлаб юбордим. Шунда у: «Менга йиғлайсанми, ҳолбуки, мен саксон йил Қуръон ўқидим­-ку?! Сенга яна бир бошқа нарсани ҳам айтиб берайин, ўғлим. Мен касал бўлганимда ҳар кеча, албатта, Қуръон ўқирдим», деди».

Хатиб Бағдодий ёзади: «Шуъбанинг вафоти яқинлашганда синглиси йиғлади. Шунда буюк имом: «Нега йиғлайсан? Ана у бурчакка қара, мен у ерда ўн саккиз минг маротаба хатм қилганман», деди.

Устозлари: Шуъба қироат илмида, асосан, имом Осимдан таълим олган. Осимга Қуръонни уч­тўрт маротаба ўқиб берган. Шунингдек, айрим уламолар: «У Ато ибн Соиб ва Аслам ал­-Мунқирийларга ҳам ўқиб берган», дейишган.

Имом Заҳабийнинг ёзишича, Шуъба шундай деган: «Мен Осимдан қорироқ кишини кўрмадим, шу боис, унга Қуръондан дарс топширдим. Муғийрадан фақиҳроқ кишини кўрмадим, шунинг учун уни маҳкам ушладим».

Шогирдлари: Ундан Қуръонни Абу Юсуф Яъқуб ибн Халифа, Абдурраҳмон ибн Абу Ҳаммод, Урва ибн Муҳаммад, Яҳё ибн Муҳаммад ва Саҳли ибн Шуъайблар тўлиқ ўқиб ўтказган. Ундан қироатни Исҳоқ ибн Исо, Аҳмад ибн Жубайр, Ҳусайн ибн Али, Имом Кисоий, Ҳорун ибн Ҳотим, Яҳё ибн Одам, Абдуллоҳ ибн Солиҳ ва бошқалар ривоят қилган.

Ҳафс

Исми ва нисбати: Абу Умар Ҳафс ибн Сулаймон ибн ал­-Муғийра ал-Баззоз ал-­Куфий. У «Ҳуфайс» «Кичик Ҳафс» номи билан ҳам машҳур бўлган. Унга газлама савдоси билан шуғиллангани учун «ал-­Баззоз», яъни «газламачи» деган нисбатни ҳам беришган.

Таваллуд ва вафоти: Ҳафс ибн Сулаймон 90/709 санада Кўфада таваллуд топган ва 180/796 санада шу шаҳарда вафот этган.

Фазилати: Ҳафс раҳматуллоҳи алайҳи имом Осимнинг асранди ўғли бўлиб, унинг тарбиясида ўсган. Ёшлигидан имом Осимдан Қуръони Карим қироатини ўрганган. Шунинг учун қироатни пухта эгаллаган эди. У Қуръонни Осимдан эшитиб, кейин унга топширар эди. У қироатга тили равон, ўта моҳир бўлган.

Имом Доний: «У одамлар ичида Осимнинг қироатини тиловат қилиб бериб олган кишидир», деган. Ҳафс устози Осимдан кейин Кўфада унинг ўрнида Қуръондан таълим берди. Шунингдек, у Бағдод ва Маккаи Мукарама шаҳарларида ҳам одамларга қироатдан дарс берган.

Ибн Маъин: «Осимдан қилинган энг ишончли ривоят Абу Амр Ҳафс ибн Сулаймон қилган ривоятдир», деган.

Ҳафс раҳматуллоҳи алайҳи Қуръон билан кўпроқ машғул бўлган, аммо ҳадис илмида унчалик етук илмга эга бўлмаган. Зотан, бир соҳадаги етуклик гоҳида бошқа соҳаларда оқсаш эвазига бўлиши бор гап. Имом Заҳабий ҳам Ҳафс ҳақида шундай фикр билдирган. Осим Абу Бакрдан қироат борасида устун бўлса, Абу Бакр Осимдан илмда пешқадам бўлган.

Имом Заҳабий: «У ҳадисдаги ҳолига хилоф ўлароқ, қироатда ўта ишончли, мустаҳкам, уни пухта эгаллаган кишидир», дейди. Шундай бўлса-­да, имом Аҳмад ундан ўз «Муснад»ида ҳадис ривоят қилган.

Ибн Мунодий айтади: «Ҳафс Осимга Қуръонни бир неча маротаба ўқиб берган. Олдингилар уни ҳифзда Абу Бакр ибн Айёшдан ҳам устун санашар ва унинг Осимдан олган қироатини пухта эгаллаган даб тавсифлашар эди. У ўша қироатни одамларга узоқ йил таълим берди. Унинг Осимдан таълим олган қироатининг санади Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга бориб етади».

Ибн Ваҳбон айтади: «Ҳафс: «Мен қироатни Осимдан бирор ҳарфда ҳам иккиланмайдиган бўлиб тўғрилаб олганман», дер эди. У узоқ йил мана шу қироатда ўқиди».

Ҳафс айтади: «Мен Осимга: «Абу Бакр ибн Шуъба қироатда мендан бошқача ўқияпти», дедим. Шунда у: «Мен сенга Абу Абдурраҳмонга ўқиб берганимни ўқитмоқдаман, у Али  ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан олган. Абу Бакр ибн Айёшга эса Зирр ибн Ҳубайшга ўқиб берганимни ўқитяпман, у Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан олган», деди».

Имом Ибн Мужоҳиднинг айтишича, Ҳафс билан Шуъбанинг ривоятлари ўртасида 500 га яқин ўринда фарқ бор.

Устозлари: Ҳафс раҳматуллоҳи алайҳи асосан имом Осимдан таълим олган. У арз ва талқин (ўқиб бериш ва устознинг сўзма-­сўз ўқитиши) йўли билан ўрганган. Бу услуб қироат таълимида энг олий мартаба ҳисобланади. У яна Муҳаммад ибн Абу Айюбдан қироат қоидаларини ҳам ривоят қилган. Шунингдек, имом Осимдан, Исмоил ибн Абдурраҳмон Суддий, Ҳаммод ибн Абу Сулаймон, Ибн Абу Лайло, Алқама ибн Марсад, Собит Банноний, Касир ибн Зозон ва бошқалардан ҳадис тинглаган.

Шогирдлари: Ҳафснинг қироатини жуда кўпчилик нақл қилган. Жумладан, Ҳусайн ибн Муҳаммад, Амр ибн Сабоҳ, Фазл ибн Яҳё Анборий, Ҳамза ибн Қосим, Сулаймон ибн Довуд Заҳроний, Абу Шуъайб Қаввос, Халаф Ҳаддод, Ҳусайн ибн Али  Жуъфий, Аҳмад ибн Жубайр Антокий ва бошқалар.

Бугунги кунда Ислом оламининг аксар қисмида Қуръони Карим ушбу қироат асосида Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятига кўра ўқилади. Жумладан, бизнинг диёримизда ҳам кўп асрлардан буён ушбу қироат жорий бўлган.

Ҳафснинг ривояти кенг тарқалишига бир нечта сабаблар келтирилади. Жумладан:

1. Ҳафс раҳматуллоҳи алайҳи Қуръон таълимида бошқалардан илғор бўлган, у фақат Кўфада таълим бериш билан чекланмай, бошқа Ислом ўлкаларида ҳам кўпчиликка Қуръон ўқитган.

2. Ҳафс ривоятидаги қироат қоидаларининг содда ва осонлиги. Мад, идғом ва бошқа шу каби қоидаларда бу ривоят анча жўн. Шу боис, уни ўрганиш осон. Бу эса  ўз навбатида, уни ўрганувчилар сонининг ортишига сабаб бўлган.

3. Бошқа қироатлардаги қоидаларни ўрганиш ва ижро этиш кўпроқ малака талаб қилади. Мусулмонлар ичида араблардан кўра ажамлар кўпайиб, Ислом ўлкаларида илмга бўлган рағбат ва ҳаракат пасайиб, мазкур қироатларни ўзлаштиришда кишилар машаққатга тушганини, энг ёмони, уларни хато ўқишга ўтишганини кўрган уламолар оммани энг содда қироат Ҳафснинг Осимдан қилган ривояти асосида ўрганишга тарғиб қилишган, бошқа қироатларни эса мутахассислар ўрганиб, сақлаб боришса, фарзи кифоя учун шу етади, дейишган.

Осимнинг қироат йўли:

1. Суралар ўртасида басамала айтади, фақат «Анфол» билан «Тавба» ўртасида айтмай, сакта ёки васл қилиб ўқийди.

2. Муттасил ва мунфасил мадларни ўртача 4 ҳаракат чўзади.

3. Шуъбанинг ривоятига кўра, қуйидаги калималарда имола қилинади: رمى, هار, أعمى, ونآي, ران. Ҳафс ривоятида эса фақат биргина калимада имола бор: مجريها.

4. Шуъбанинг ривоятида қуйидаги ўринларда изофа «йа»си фатҳали ўқилади: يدى إليك , من بعدي اسمه أحمد. Қуйидаги ўринларда эса сокин ўқилади: أمى إلهين, أجرى إلا, وجهي لله, دخل بيتي , ولى دين .

5. Шуъбанинг ривоятида « فما آتان الله خير» оятида « آتان » калимасида вақфда ҳам, васлда ҳам «йа» тушиб қолади, сукун билан ўқилади.

6. Шуъбанинг ривоятида «من لدنه» калимасида «дал»да ишмом билан, «нун»ни касрали қилиб, «ҳа»ни сила билан ўқилади.

Бу қоидаларнинг тафсилоти ва яна айрим хилофларни ушбу мавзудаги китоблардан ўрганилади.