A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Имом Кисоий
PDF Босма E-mail

Исми ва нисбаси: Абул ­Ҳасан Али ибн Ҳамза ибн Абдуллоҳ ибн Усмон ал-­Кўфий ал-­Кисоий. Асли кўфалик бўлиб, кейинчалик Бағдодга кўчиб ўтган. Унинг бобоси Усмон Бану Асаднинг озод қилган қули Баҳмон ибн Ферузнинг авлодидан бўлган.
Бу зотнинг Кисоий дейилиши сабаби ҳақида турли фикрлар бор. Жумладан, уни кисо ‒ кийимда эҳром боғлагани учун Кисоий деб аташган; у ёшлигида кийим­-кечак савдоси билан шуғулланган; қора танлилар яшайдиган Кисоя деган қишлоқдан бўлган;  у Ҳамзанинг дарсига кисо ‒ кийимга ўраниб келар эди. Ҳамза «Кимнинг навбати келди?» деганда, шериклари «Кисо кийиб олган боланинг навбати» дейишарди. Гоҳида Ҳамза «Мана бу фикрни кисо кийган болага ҳам тушунтириб қўйинглар», дер эди. Аҳвозий мана шу охирги фикрни тўғрироқ деб айтган.
Таваллуд ва вафоти: Али  ибн Ҳамза Кисоий 120/738 йили Кўфада таваллуд топган ва 189/805 санада Райнинг Ранбавайҳ деган ноҳиясида 70 ёшда вафот этган.
Маноқиблари: Имом Кисоий раҳматуллоҳи алайҳи етти машҳур қорининг биридир. Ўз замонида қироат соҳасида барчанинг имоми ва энг билимдони бўлган. Имом Ҳамзадан кейин Кўфада Қуръон ўқитишда биринчи рақамли устоз бўлган. У ўта зийрак, фаросатли, фазилатли киши эди. Кисоий наҳв  ва луғат илмида ҳам ўз даврининг етук намояндаларидан эди. Одамлар унинг қироатини тинглаб, шу асосда мусҳафларига ҳаракат ва нуқталарни қўйиб олишарди.
Абу Бакр Анбарий айтади: «Кисоийда бир нечта хислат жам бўлган: у наҳв (грамматика)нинг билимдони, ноёб луғатларни билишда беназир, Қуръон борасида якто эди. Одамлар унинг ҳузурига қатнар, у эса уларни тўплаб, курсига ўтирган ҳолда Қуръонни аввалидан охиригача тиловат қилиб берар, одамлар ундан Қуръон ўқишни, қироатдаги тўхташ ва бошлаш ўринларини аниқлаб, ўзларига қайд қилиб олардилар».
Имом Жазарийнинг ўз санади билан нақл қилишича, Халаф ибн Ҳишом шундай деган: «Шаъбон ойи келганда Кисоийга бир минбар қўйиларди. У одамларга ҳар куни ярим субуъ (тақрибан 2 пора) ўқиб бериб, Шаъбон ичида иккита хатм қилиб берарди. Мен минбарнинг тагида ўтирардим».
Имом Нофеънинг катта шогирдларидан бири, Кисоийнинг устози Исмоил ибн Жаъфар Маданий: «Аллоҳнинг китобини Кисоийдан яхшироқ ўқийдиган кишини кўрмаганман», деган эди.
«Тарожум ал­қурро» китобида айтилишича, Наср шундай деган: «Кисоий Қуръон ўқиса ёки гапирса, худди оғзида фаришта гапираётгандек бўлар эди».
Яҳё ибн Маъин: «Ушбу икки кўзим билан Кисоийнинг лаҳжасидан тўғрироқ лаҳжани кўрмадим», деган.
Имом Шофеъий: «Ким наҳвда чуқур билимга эга бўлмоқчи бўлса, Кисоийга муҳтождир», дер эди.
Ибн Мужоҳид айтади: «Кисоий Ҳамза ва бошқаларнинг қироатларидан ҳамда ўтган имомлардан ўрганилган таълимотлардан ташқарига чиқмайдиган мўътадил қироатни сайлаган. У қироат илмида ўз асрининг пешволаридан эди».
Абу Убайд «Ал-­Қироат» китобида айтади: «Кисоий қироатларни ихтиёр қилар эди. У Ҳамзанинг қироатидан бир қисмини олиб, баъзисини тарк қилган. У етук қироат мутахассиси бўлиб, бу унинг соҳаси, машғулоти эди. У бу соҳани ўзидан кўра мустаҳкамроқ эгаллаган ва кўпроқ шуғулланган киши билан бирга ўтирмаган».
Ибн Касир ўзининг тарих китобида шундай ёзади: «Кисоий наҳвнинг нозик жиҳатларини Халилдан ўрганган. Бир куни у: «Бу илмни кимдан ўргангансан?», деб сўради. Халил унга: «Ҳижоз бадавий (кўчманчи)ларидан» деб жавоб берди. Шундан сўнг Кисоий ўша жойларга бориб, бадавий араблардан жуда кўп нарса ёзиб олди. Кейин Халилнинг олдига қайтиб келган эди, у вафот этиб, ўрнига Юнус бош бўлиб қолган экан. Ўрталарида бўлиб ўтган илмий мунозаралардан сўнг Юнус Кисоийнинг устунлигини тан олиб, уни ўз ўрнига сайлади».
Ҳусайн ибн Муҳаммаддан, у Райдаги Абул Қосим Исмоил ибн Ибод ибн Аббосдан, у Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ижийдан, у Муҳаммад ибн Ҳасан Аздийдан, у Абу Ҳотам Саҳл ибн Муҳаммад Сижистонийдан ривоят қилиб айтади: «Бизга кўфалик бир ҳоким ташриф буюрди. Басрадаги ҳокимлар ичида ундан илмлироқ кишини кўрмаганман. Салом бериб, унинг ҳузурига кирдим. У мендан: «Эй Сижистоний, Басранинг уламолари кимлар?» деб сўради. Мен: «Зиёдий ичимизда Асмаъийнинг илмини энг яхши эгаллаган киши, Мозиний наҳвда энг етук олимимиз, Ҳилол энг кучли фақиҳимиз, Шозкуний ҳадис соҳасида энг ўткир билимдонимиз, камина Қуръон илмига муносиброқман, Ибн Калбий шарт ва низомларни энг яхши ёзадиганимиздир», дедим. У котибига: «Эртага ҳаммаларини тўплаб, ҳузуримга келтир!» деди. Эртасига тўплангач, бизга: «Мозиний ким?» деди. Абу Усмон: «Мен шу ердаман», деди. У: «Зиҳорнинг  каффоратида ғилай қулни озод қилса бўладими?» деб сўради. Мозиний: «Мен фақиҳ эмас, луғатшуносман» деди. У: «Эй Зиёдий, маҳрининг 1/3 эвазига ўрталарига талоқ тушган эр-хотин ўртаси қандай ажрим қилинади?» деб сўради. Зиёдий: «Бу менинг соҳам эмас, Ҳилолнинг соҳаси», деди. У: «Эй Ҳилол, Ибн Авн Ҳасандан қанча санад келтирган?», деб сўради. Ҳилол: «Бу менинг соҳам эмас, Шозкунийнинг соҳаси», деди. У: «Эй Шозкуний, ким «яснуъний судуроҳум» (асли «яснуъна...») деб ўқиган?», деди. Шозкуний: «Бу менинг соҳам эмас, бу Абу Ҳотамнинг соҳаси», деди. У: «Эй Абу Ҳотам, Амирул ­мўмининга Басра аҳолисидаги тангчилик, уларга етган қурғоқчиликни тавсифлаб, халифанинг улардан хабар олиб, эътибор беришини сўраб қандай хат ёзасан?» деб сўради. Абу Ҳотам: «Мен балоғат ва китобат мутахассиси эмасман, мен Қуръон кишисиман», деди. Шунда у: «Эллик йил илм олиб, биттагина фанни ўрганган, бошқа соҳадан сўралса, жавоб бера олмай тўхтаб қолган киши нақадар ёмон! Аммо  агар бизнинг Кўфадаги олимимиз Кисоийдан буларнинг барчаси сўралганда, албатта, жавоб берган бўларди», деди».
Имом Заҳабий «Маърифату ал-­қурро ал-­кибор» китобида Салама ибн Осимдан ривоят қилади: «Кисоий шундай ҳикоя қилди: «Ҳорун ар-Рашид билан намоз ўқидим. Қироатимга ўзим қойил қолдим. Кейин ёш бола ҳам хато қилмайдиган жойда хато қилдим. «Лаъаллаҳум йаржиъуʹн» демоқчи бўлиб, «Лаъаллаҳум йаржиъиʹн» деб юбордим. Аллоҳга қасамки, Ҳорун менга «Хато қилдинг», дейишга журъат қила олмади. Лекин салом бергач: «Бу қайси қироат?» деди. Мен: «Эй мўминлар амири, учқур от ҳам гоҳида қоқилиб туради», дедим. У: «Мана шу тўғри», деди».
Машҳур наҳвшунос олим Фарро: «Кисоий билан мунозара қилиб, уни ютиб қўйдим ва ўзимни гўё денгиз узра учиб юрган қушдек ҳис қилдим», деган эди.
Хатиб Бағдодий «Тарихи Бағдод» китобида шундай ёзади: «Абу Убайд Аҳмад ибн Саҳл Тамимий айтади: «Кисоийнинг шундай деганини эшитдим: «Одамларга Қуръон ўқиб берганимдан сўнг тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У Зот: «Сен Кисоиймисан?» дедилар. Мен: «Ҳа, ё Расулуллоҳ!» дедим. У Зот: «Али  ибн Ҳамзамисан?» дедилар. Мен: «Ҳа, ё Расулаллоҳ», дедим. У Зот: «Умматимга кеча Қуръон ўқитган сенмисан?» дедилар. Мен: «Ҳа, ё Расулаллоҳ», дедим. У Зот: «Менга ҳам ўқиб бер», дедилар. Тилимга «Вас-­соффат» сурасигина келди, мен «وَالصَّافَّاتِ صَفًّافَالزَّاجِرَاتِ زَجْرًافَالتَّالِيَاتِ ذِكْر» дея ўқий бошладим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жуда яхши, бироқ, وَالصَّافَّاصصَفًّا демагин», деб мени идғом қилишдан қайтардилар. Кейин менга: «Ўқи», дедилар. Мен ўқий бошладим, «فَأَقْبَلُوا إِلَيْهِ يَزِفُّونَ»га келганимда, у Зот: «Жуда яхши, يَزِفُون демагин», дедилар ва: «Ўрнингдан тур! Сен билан фахрланаман», дедилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қориларга мақтанаман, деганмидилар ёки фаришталаргами, Кисоий шак қилиб қолди».
Кейинроқ имом Кисоий Бағдодга келиб, у ерда ҳам кишиларга Қуръон ўқитади. Хусусан, Ҳорун Рашидга, кейинчалик унинг ўғилларига таълим-­тарбия беради, доимо уларнинг эҳтиромида бўлади. Кисоий гоҳида халифага насиҳат қилиб мактуб ёзиб юборарди.  Абу Умар Дурий айтади: «Кисоий подшоҳлар билан бирга бўлганида кийимидан бошқа ҳеч нарсасини ўзгартирмас эди. Бир куни баъзи кўфалик уламолар уни катта, ўнган либосда кўриб: «Эй Абул ­Ҳасан, бу қанақа кийиниш?» дейишди. У: «Подшоҳга одоб берадиган кишининг одоби, у динга футур етказмайди, бидъатга кирмайди ва суннатдан чиқмайди», деди».
Фарро айтади: «Бир куни Кисоийни учратиб қолдим, унинг йиғламсираб турганини кўрдим. Унга: «Нега йиғлаяпсан?», дедим. У: «Подшоҳ Яҳё ибн Холид менга одам юбориб, бир нарса сўраш учун ҳузурига чақиртирибди. Агар жавоб беришда кечиксам, у мени айблайди, агар шошилсам, хато қилишдан эмин бўлмайман», деди. Мен уни синаш учун: «Эй Абул­ Ҳасан, сенга ким ҳам эътироз билдирарди, хоҳганингни айтайвер, ахир сен Кисоийсан-­ку?», дедим. Шунда у тилини ушлаб: «У ҳолда, агар билмаганимни гапирсам, Аллоҳ буни кесиб ташласин», деди».
Кисоий Ҳорун Рашидга ҳамроҳлик қилиб Хуросонга кетаётганда йўлда бемор бўлиб қолади ва Райнинг Ранбавайҳ қишлоғида вафот этади. Сафарда у билан бирга бўлган, имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг энг катта шогирдларидан бири Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ҳам айни шу куни вафот топади. Шунда Хорун Рошид: «Райда фиқҳ ва наҳвни бир кунда дафн қилдик», дейди.
Имом Заҳабий ва Ибн Жазарийлар ўзларининг қорилар тарихига бағишлаб ёзган асарларида Нусайр ибн Юсуфдан шундай нақл қиладилар: «Мен Кисоийнинг олдига ўлими олдидан касал бўлганида кирдим. У шундай ҳикоя қилиб берди: «Мен Дамашқ масжидида одамларга Қуръон ўқитардим. Меҳробда мудроқ босиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни туш кўрдим. У Зот масжид эшигидан кириб келдилар. Шунда бир киши у Зотга пешвоз чиқиб ўрнидан турди. У Зот: «Кимнинг қироатида ўқимоқдасан?», дедилар. Ҳалиги одам менга ишора қилди».
Хатиб Бағдодий «Тарихи Бағдод» китобида, Ибн Касир «Ал-­Бидоя ван-­ниҳоя»да ёзишича, Абу Мисҳал шундай деган: «Мен Кисоийни тушимда кўриб, унга: «Аллоҳ сенга қандай муомала қилди?» деб сўрадим. У: «Қуръон сабабли мени мағфират қилди», деди. Мен: «Ҳамзага нима муомала қилди?» дедим. «У Иллийюнда, биз уни худди юлдузни кўргандек кўриб турамиз, холос», деди».
Устозлари: Имом Кисоий қироатда асосан Ҳамза ибн Ҳабиб аз­-Зайётдан таълим олган ва бу борада унга таянган. Унга Қуръони Каримни уч-­тўрт маротаба ўқиб берган. Кисоий яна Муҳаммад  ибн Абу Лайло, Ийсо ибн Умар Ҳамадонийлардан ҳам қироатдан таҳсил олган. Шунингдек, Абу Бакр ибн Айёш, Исмоил ибн Жаъфар, Аъмаш, Абдурраҳмон ибн Абу Ҳаммод, Зоида ибн Қудомалардан ҳам қироат нақл қилган.
У Басрага бориб, буюк имом Халил ибн Аҳмаддан араб тили балоғатини, бу тилнинг сир­асрорларини ўрганган. Фузайл ибн Шозон айтади: «Кисоий қироатни Ҳамзадан ўтказгач, саҳрога чиқиб, бадавийлар билан бирга яшай бошлади. Сўнг юртига луғат билимдони бўлиб қайтиб келди».
Қироатдаги санади: Кисоий қироатни асосан Ҳамзадан олган. Шунингдек, Ибн Абу Лайлодан ҳамда Ийсо ибн Умар Ҳамадонийдан ҳам қироат илмидан таълим олган. Улар орқали Убай ибн Каъб, Али, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумнинг қироатларини нақл қилган. Мазкур саҳобалар ушбу қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганганлар.
Санаднинг тафсилоти қуйидагича:
Кисоийнинг Ҳамза воситасидаги санади қуйидагича:
Ҳамзанинг устозлари Аъмаш ва Талҳа Қуръонни Яҳё ибн Вассобдан ўрганганлар. Яҳё эса Алқама ибн Қайс, Асвад ибн Язид, Зирр ибн Ҳубайш, Зайд ибн Ваҳб ва Масруқ ибн Аждаъларга ўқиб берган.
Ҳамзанинг яна бир устози Ҳумрон ибн Аъян эса Абу Асвад Дайламий, Убайд ибн Нузайл ва Муҳамад Боқирга ўқиб берган. Убайд ибн Нузайл ҳам Алқамага ўқиб берган.
Ҳамзанинг бошқа бир устози Абу Исҳоқ эса Абдурраҳмон Суламий, Зирр ибн Ҳубайш ва Осим ибн Замра, Ҳорис ибн Абдуллоҳ Ҳамадонийларга ўқиб берган.
Шу тариқа Ҳамзанинг қироати тобеинларга етиб келади. Мазкур тобеинлардан:
Алқама ибн Қайс, Асвад ибн Язид, Зайд ибн Ваҳб, Масруқ, Абу Асвад, Осим ва Ҳорислар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ўқиб берган;
Абу Асвад Усмон розияллоҳу анҳуга ҳам ўқиб берган;
Абдурраҳмон Суламий, Зирр ибн Ҳубайш, Осим ва Ҳорислар Алий розияллоҳу анҳуга ҳам ўқиб беришган;
Ҳамза яна Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Абу Лайло ва Жаъфар Содиқлардан ҳам қиротни ўрганган.

Кисоийнинг Ибн Абу Лайлодан санади қуйидагича:
Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Абу Лайло Минҳол ибн Амрга, Минҳол Саъид ибн Жубайрга, у Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога, Ибн Аббос Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга ўқиб берган.

Кисоийнинг Ийсо ибн Умар орқали санади:
Ийсо Осим ибн Абун Нажудга ўқиб берган. Шунингдек, Ийсо Талҳа ибн Мусарриф Ҳамадоний ва Сулаймон ибн Меҳрон Аъмашларга ўқиб берган.
Осим Зирр ва Суламийдан, улар Али  ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумодан ўрганган. Суламий яна Зайд ибн Собит ва Усмон розияллоҳу анҳумлардан ҳам қироатдан таълим олган.
Талҳа ва Аъмашлар Яҳё ибн Вассобдан, Яҳё эса Алқама ибн Қайс, Асвад ибн Язид, Зирр ибн Ҳубайш, Зайд ибн Ваҳб ва Масруқ ибн Аждаълардан, улар Ибн Масъуддан қироатни ўрганган.
Кисоий яна Абу Бакр Шуъба ибн Айёш, Исмоил ибн Жаъфар ва Зоида ибн Қудомалардан ҳам қироатларни ривоят қилган. Шуъба қироатни Осимдан ўрганган. Унинг санади юқорида ўтди.
Исмоил ибн Жаъфар Шайба ибн Нисоҳ ва Нофеъга  ўқиб берган. Шайба қироатни Абдуллоҳ ибн Айёшдан, у Убай ибн Каъбдан ўрганган. У Нофеънинг шайхларидан бири эди. Нофеъ қироатни яна етмишта тобеиндан ўрганган. Тобеинлар эса саҳобалардан таълим олган. Жумладан, Ибн Аббос ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳум Нофеънинг санадида алоҳида зикр қилинади. Улар ҳам Қуръонни Убай розияллоҳу анҳудан ўрганган.
Исмоил яна Сулаймон ибн Жаммоз ва Ийсо ибн Вирдонларга ҳам ўқиб берган. Бу иккови қироатни Абу Жаъфар ва Нофеъдан ўрганган. Абу Жаъфар эса Абдуллоҳ ибн Айёш, Ибн Аббос, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумдан Қуръонни ўқиб бериб ўтказган. Буларнинг санади юқоридаги сатрларда ўтди.
Зоида ибн Қудома Ҳамзанинг устози Аъмашда таълим олган.
Ибн Масъуд, Али, Зайд, Усмон ва Убай розияллоҳу анҳум қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан таълим олганлар.

Асарлари: Имом Кисоий қироат ва наҳв фанида бир қанча китоблар ёзган. Жумладан,: «Маъоний ал-Қуръон», «Ал-Қироат», «Ан-­Наводир ал-­кабир», «Ан­-Наводир ал-­авсат», «Ан­Наводир ал-­асғар», «Ан-­Наҳв», «Ал-­Адад», «Ал-­Ҳижа», «Мақтуъ ал-Қуръон ва мавсулуҳу», «Ал-Масодир», «Ал-Ҳуруф», «Ал-Ҳаот», «Ашъор». Бу асарларнинг номлари манбаъларда учраса-да, улар бизгача етиб келмаган. Шу боис, ҳозирда улар ҳақида батафсил маълумот йўқ.

Шогирдлари: Кисоийдан қироатни арз ва самоъ (ўқиб бериш ва тинглаш) орқали ривоят қилганлар қуйидагилар: Иброҳим ибн Зозон, Иброҳим ибн Ҳурайший, Аҳмад ибн Жубайр, Аҳмад ибн Абу Сариъ, Аҳмад ибн Абу Заҳл, Аҳмад ибн Мансур Бағдодий, Аҳмад ибн Восил, Исмоил ибн Маддон, Ҳамдавайҳ ибн Маймун, Ҳумайд ибн Рабиъ Хаззор, Закариё ибн Вирдон, Сариъ ибн Юнус, Сура ибн Муборак, Таййиб ибн Исмоил, Абдураҳмон ибн Воқид, Абдурраҳим ибн Ҳабиб, Абдуқуддус ибн Абдумажид, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Заквон, Убайдуллоҳ ибн Мусо, Адий ибн Зиёда, Али  ибн Осим, Умар ибн Ҳафс Масжидий, Ийсо ибн Сулаймон, Яҳё ибн Зиёд Хоразмий ва бошқалар.
Ўн қироат қориларидан Яъқуб ибн Исҳоқ Ҳазрамий, Халаф ибн Ҳишом, шунингдек, қироат ровийларидан бири Ибн Заквон ва яна бир гуруҳ уламолар ундан айрим қироат қоидаларини ривоят қилган. Унинг қироатини ривоят қилган энг кўзга кўринган шогирдлари Лайс ибн Холид ва Ҳафс ибн Умарлардир. Улар қироатни имомдан бевосита олган ровийлардан ҳисобланадилар.

Машҳур ровийлари:
А) Лайс ибн Холид;
Б) Ҳафс ад-­Дурий.

Лайс ибн Холид

Исми ва нисбаси:
Абул ­Ҳорис Лайс ибн Холид ал-­Бағдодий.
Таваллуд ва вафоти: Лайс ибн Холиднинг таваллуд санаси маълум эмас. У 240/854 санада Шаввол ойида вафот этган.
Маноқиблари: Лайс ибн Холид ўта ишончли, мўътабар, ўткир ҳофизали, қироат илмида етук олим ва моҳир устоз бўлган. У бир қанча ҳадислар ривоят қилган. Жумладан, «Тарихи Бағдод» китобида унинг Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан: «Қуръон бойликдир, ундан кейин фақирлик йўқ ва ундан бошқа бойлик ҳам йўқ», деган ҳадисни ривоят қилгани келтирилади.
Устозлари:
Лайс ибн Холид раҳматуллоҳи алайҳи асосан имом Кисоийдан таълим олган бўлса-­да, бошқа устозлардан ҳам илм таҳсил қилган. Жумладан, Сулаймон ибн Айюбдан ҳам ҳарфларни ривоят қилган.
Абу Амр Доний айтади: «Лайс Кисоий издошларининг энг улуғларидан бўлиб, Ҳамза ибн Қосим ва Язидийлардан айрим қироат услубларини ривоят қилган».
Шогирдлари:
Наҳвшунос Фарронинг энг катта шогирдларидан бири Салама ибн Осим, Муҳаммад ибн Яҳё (Кичик Кисоий), Фазл ибн Шозон, Аҳмад бин Туркмоний ва бошқалар унинг қироатини арз ва самоъ воситасида ривоят қилган.

Ҳафс ад­-Дурий

Исм ва нисбаси: Абу Умар Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз ибн Саҳбон ибн Адий ибн Саҳбон ад-Дурий ал-Аздий Наҳвий ал-Бағдодий.
Таваллуд ва вафоти: Имом Дурий халифа Мансурнинг даврида, 150/767 санада Бағдоднинг Дур деган маҳалласида таваллуд топган ва 246/860 йили вафот этган.
Фазилати: Имом Дурий раҳимаҳуллоҳ ўз замонасида қироат имоми, етук устоз, чуқур билим эгаси, ишончли, собит, ҳофизаси мустаҳкам, улуғ зот бўлган. Ўз даврида қироат илмида энг катта пешво ва Қуръон таълимида бош устоз бўлган. Барча қироатларни ўзлаштирган биринчи инсон. У Дажла бўйидаги Сомарро шаҳрида истиқомат қилган. Бу шаҳар Бағдод билан Текрит ўртасида жойлашган.
Аҳвозий айтади: «Имом Дурий қироатларни ўрганиш мақсадида сафарлар қилди, етти ҳарфни ҳам, шоззларни ҳам ўқиди. Бу борада жуда кўп илмларни тинглади. У ўзи барча ривоят қилган маълумотларда ўта ишончли одам эди. Узоқ умр кўрди, умрининг охирида кўзи ожиз бўлиб қолди. У ғоятда диндор ва фазилатли киши эди. Унинг санади олийлиги ва илми кенглиги туфайли одамлар барча минтақалардан атайлаб унинг олдига келадиган бўлди».
У ўз даврининг етук уламолари билан яқиндан алоқада бўлган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал билан ҳам яқин дўст эди. Улар бир-­бирларидан ҳадис ривоят қилардилар.
Имом Абу Довуд: «Аҳмад ибн Ҳанбалнинг Абу Амр ад-Дурийдан ҳадис ёзиб олаётганини кўрганман», дейди.
Имом Дурий Кисоийнинг қироатидан ташқари, Абу Амр ибн Алонинг қироатини ҳам нақл қилган ва унинг қироатини тарқатган энг машҳур ровийларидан бири ҳисобланган. У бу қироатни Яҳё ибн Муборак ал-Язидий орқали Абу Амрдан ривоят қилган.
Муфассир Аҳмад ибн Фараҳ айтади: «Имом Дурийдан «Қуръон ҳақида нима дейсан?» деб сўрадим. У: «Аллоҳнинг Каломи, махлуқ эмас», деди».
Ибн Наффоҳ айтади: «Мен Дурийнинг: «Мен Мадина аҳли қироатини Исмоил ибн Жаъфарга тўлиқ хатм қилиб ўқиб берганман. Нофеъ ҳаётлик вақтида яшаганман. Агар ёнимда ўн дирҳам бўлганида, албатта, унинг олдига сафар қилган бўлардим», деяётганини эшитдим».
Имом Дурий қироат соҳасида илк китоб тасниф қилган киши бўлди. Манбаларда унинг қуйидаги асарлари зикр қилинади: «Аҳкам ал-Қуръан вас-сунан», «Ма иттафақот алфазуҳу ва маъанийҳи мин ал-Қуръан», «Фазоил ал-Қуръан», «Ажзау ал-Қуръан».
Устозлари:
Имом Дурий жуда кўп устозлардан таълим олди, жумладан:
Имом Нофеънинг шогирди Исмоил ибн Жаъфар, имом Ҳамзанинг шогирди Сулайм ва Муҳаммад ибн Саъдон, Ҳамза ибн Қосим, Яҳё ибн Муборак ал-Язидий, Шужоъ ибн Наср ал-Балхий. У Яқуб ибн Жаъфар орқали Абу Жаъфарнинг қироатини ўрганган. У асосан имом Кисоий қироатига таянган.
У яна Абу Бакр Шуъбадан айрим ҳарфларни ривоят қилган. Шунингдек, Исмоил ибн Айёш, Суфён ибн Уяйна, Абу Муовия ва бошқалардан ҳам таълим олган.
Шогирдлари:
Имом Дурийнинг шогирдлари жуда ҳам кўп бўлиб, жумладан, қуйидагиларни зикр қилиш мумкин:
Аҳмад ибн Ҳарб, Аҳмаб ибн Фараҳ, машҳур муфассир Абу Жаъфар, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Моҳон, Аҳмад ибн Язид ал-Ҳулвоний, Аҳмад ибн Масъуд ас-Сирож, Исҳоқ ибн Иброҳим ал-Аскарий, Муҳаммад ибн Убайд ар-Розий, Абу Абдуллоҳ ал-Ҳаддод, Нуҳ ибн Мансур, Абу Заъро, Ҳасан ибн Башшор.
Имом Дурийдан Ибн Можа, Абу Заръа, Ҳожиб ибн Аркин ал­Фрғоний ва бошқалар ҳадис ривоят қилган.

Кисоийнинг қироатдаги йўли:
1.    «Тавба» сурасидан бошқа барча суралар бошида «басмала»ни айтади. «Анфол»нинг охирида «Тавба»га ўтишда: а) вақф қилади; б) сакта қилади; в) «басмала»сиз улаб кетади.
2.    Муттасил ва мунфасил мадларни тавассут қилади ‒ 4 ҳаракат миқдорида чўзади;
3.    اذ даги «зал»ни «жим»дан бошқа барча ҳарфларга идғом қилади. «Дал»  ва муаннаслик «та» си, هل  ва بل даги «лам» ҳарфини кейинги ҳарфга идғом қилади. Сокин «ба» ҳарфини «фа» ҳарфига – قَالَ اذْهَبْ فَمَنْ تَبِعَكَ مِنْهُمْ идғом қилади. Сокин «фа»ни «ба» ҳарфига – ِ إِنْ نَشَأْ نَخْسِفْ بِهِم идғом қилади. Лайс ривоятида сукунли «лам»يفعل ذلك  даги «зал» ҳарфига барча жойда идғом қилинади. Шунингдек, «зал»عذت, فنبذت, اتخذتم, اخذتمларда «та»га идғом қилинади. اورثتموها, لبثتم, لبثت лардаги «са» ҳарфи «та» ҳарфига идғом қилинади.
4.    Ҳамза имола қилган барча «алиф»ларни имола қилади.
5.    Махсус шартлар билан الملائكة  , رحمة кабилардаги муаннаслик «та»сидан олдинги ҳарфни имола қилади.
6.    شجرت, بقيت, جنت калималаридаги «та» ҳарфида «ҳ» билан вақф қилади.
7.    «Иброҳим» сурасидаги  قُلْ لِعِبَادِي الَّذِينَ آَمَنُوا ҳамда «Анкабут» ва «Зумар» сураларидаги ياِعِبَادِي الَّذِينَ  даги изофа «йа»сини сукун қилади.
8.    «Ҳуд» сурасидаги يوم يأت  ва «Каҳф» сурасидаги وما كنا نبغ  даги зоида «йа»ни васл ҳолатида талаффуз қилади.

Бу қоидаларнинг тафсилоти ва яна айрим хилофларни ушбу мавзудаги китоблардан ўрганилади.