A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Гўзал қироат қандай бўлиши керак?
PDF Босма E-mail

Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қуръонни овозларингиз билан зийнатлангиз», − дедилар». (Абу Довуд, Насоий, Доримий, Ибн Можа, Байҳақий ва бошқалар ривоят қилган, исноди саҳиҳ ҳадис).
Ушбу Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръони Каримни қироат қилиш асносида унга овоз билан зийнат беришга ундамоқдалар. Зеро, Қуръон − Аллоҳ таолонинг каломи. У барча сўзлардан олий. Шунинг учун ҳам у бандаларнинг сўзлари каби шунчаки, оддий тарзда ўқилмайди. Балки  Қуръон ўқишда ўзига хос қоида, кўрсатма ва меъёрлар мавжуд. Қироатни гўзал овозда адо этишга интилиш ҳам Қуръонга хос кўрсатмалардан бўлиб, бунга Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ўзлари ундамоқдалар. Чунки чиройли овоз Қуръоннинг гўзаллигини янада зиёда қилади. Бунинг тасдиғи ўлароқ Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинган яна бир ҳадисни келтирамиз. У зот айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг: «Қуръонни овозингиз билан гўзал қилинг! Чунки  гўзал овоз Қуръоннинг гўзаллигини зиёда қилади», − деганларини эшитдим». (Доримий, Ҳоким ва Байҳақий ривоят қилган, исноди саҳиҳ).
Юқоридаги ҳадисдан ҳар бир киши Қуръони Каримни гўзал тарзда тиловат қилишга интилмоғи лозимлиги маълум бўлади. Хўш, тиловатни гўзал тарзда адо этиш учун нималарга эътибор қаратмоқ лозим? Бунинг учун авволо ҳарфлар ва калималарнинг талаффузини ва тиловатга хос ҳукмларни ўргатувчи тажвид илмини пухта эгаллаш шарт бўлади. Ундан сўнгина Қуръонга хос овоз ва оҳангларни ўрганиш мумкин. Чунки тажвид илмисиз  Қуръонни чиройли ўқишнинг мутлақо иложи йўқ.Тажвид илмини билмасдан туриб чиройли қироат қилишга уриниш бефойда. Қуръон тажвидини пухта эгаллаган ҳолда қироатни гўзал оҳангда адо этиш нур устига аъло нурдир.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: «Қуръонни тағанний (оҳанг) билан ўқимаган биздан эмас». (Бухорий, Абу Довуд, Доримий, Байҳақий ва Табароний ривоят қилган, саҳиҳ ҳадис)
Ушбу ҳадисдаги тағанний сўзи ҳанафий ва шофеий мазҳаби уламолари наздида «оҳанг билан ўқиш» маъносидадир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади. У Зот айтдилар: «Аллоҳ ҳеч бир  нарсани Набийнинг Қуръонни тағанний билан ўқиганини тинглаганчалик тингламаган». (Бухорий ва Муслим ривояти, муттафақун алайҳ)

Шу ва бошқа ҳадисларни далил қилиб ҳанафий ва шофеий мазҳаби соҳиблари Қуръони Каримни оҳанг билан ўқишни жоиз дейдилар. Бу ҳукм Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдурраҳмон ибн Асвад ибн Зайдлардан нақл қилинган. Муфассирлардан Абу Жаъфар Табарий, Абу Бакр ибн Ал-Арабий ушбу фикрни қўллаганлар.
Ушбу мазҳаб соҳиблари айтадиларки: «Қуръонни оҳанг билан ўқиш кишини ўзига жалб қилади ва уни шу Қуръонни диққат билан тинглашга ундайди.Бу эса ўз-ўзидан унинг тингловчи руҳияти ва қалбига таъсирини бениҳоят оширади».
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда қироатимни тинглабдилар. Тонг отгач у Зот: «Эй Абу Мусо, кеча тунда қироатинга қулоқ тутдим. Сенга Довуд оиласи найларидан бири берилган экан», − дедилар. Шунда мен: «Эй Расулуллоҳ, агар сизнинг борлигингизни билганимда сизни яна ҳам ҳайратга солган бўлардим», − дедим». (Ҳоким, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Имом Табарий Ҳазрат Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ҳақида шундай ривоят қилади: «Ҳазрати Умар Абу Мусо Ашъарийга: «Бизларга Роббимизни эслатинг», − деганида Абу Мусо Қуръонни оҳанг билан қироат қилар эди. Шунда Умар: «Ким Қуръонни Абу Мусонинг оҳангига ўхшаб оҳанг билан ўқий олса, шундай қилсин», − дер эди».
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) Алқама ал-Асваднинг қироатини (овози ёқимли бўлгани  боис) ёқтирар эди. Алқама у зотга Қуръонни ўқиб берарди. Қачон қироатни тугатса, у зот унга:«Ота-онам сизга фидо бўлсин! Яна давом этинг», − дер эди.
Юқоридаги ҳадисларда Қуръони Каримни чиройли оҳангда ўқишга тарғиб этилганининг гувоҳи бўлдик. Шу ўринда: «Ҳадисларда Қуръонни оҳанг билан ўқиш деганда айнан қайси оҳанг назарда тутилган? Қуръонни қандай оҳангда тиловат қиламиз», − деган ҳақли савол туғилади. Бунга жавобан Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисни келтириш ўринли.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қуръонни арабларнинг оҳанглари ва овозларида ўқингиз. Аҳли фисқ ва аҳли китобларнинг оҳангларидан четланинг…», − дедилар.
Ушбу ҳадисдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Қуръонни ҳар ким ўзи хоҳлаган оҳангида ўқиши мумкин эмас. Балки  Қуръон араб тилида нозил бўлгани боис уни арабларнинг оҳангида ўқилади. Арабларнинг оҳангини ўзлаштириш учун машҳур араб қориларининг қироатини тинглаш ёки араб бўлмаса ҳам арабча қироатни ўзлаштирган қорининг қироатини тинглаш зарур. Буларга мисол тариқасида араб қориларидан Мустафо Исмоил, Маҳмуд Халил Хусарий, Муҳаммадсиддиқ Миншавий, Абдулбосит Абдуссамад, Маҳмуд Али Банно ва бошқаларни айтиш мумкин. Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, араблардан бошқа барча халқларнинг ўз миллий оҳанги, миллий мақомчилик йўналиши мавжуд. Ҳар бир киши ўзи яшаётган ҳудуднинг оҳанглари қулоғига чалингани сабабли бу оҳангларни ўз зеҳнида сақлаб қолади. Натижада у Қуръонни қироат қилганида айни шу оҳанглар асосида қироат қилади. Бу эса юқоридаги ҳадиси шарифга хилофдир. Шундай экан, Қуръонни гўзал оҳангда ўқишни ихтиёр қилган киши арабларнинг оҳангини ўзлаштириши ва шу
оҳанг асосида тиловат қилиши бу борадаги энг мақбул йўлдир. Шунингдек, тиловат асносида оҳангга берилиб кетиб тажвид қоидаларидан чиқиб кетишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Бинобарин, барча уламолар тажвид қоидаларига риоя қилмасликни келтириб чиқарадиган тарздаги оҳанг билан қироат қилишни ҳаромлигига иттифоқ қилганлар.

Комилхон  Умархон ўғли
Имом Бухорий номли  Тошкент ислом институти битирувчиси