A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон ўқишдан асл мақсад нима?
PDF Босма E-mail

Қуръон тиловат қилиш, уни ёдлашдан асл мақсад тадаббур, яъни тафаккур қилиш воситасида ту­шу­ниш­дир. Шунинг учун ҳам тафаккур эт­иш суннат ҳисобланди. Қолаверса, тиловатда зоҳи­рий тартил бўлиб, бу ботин билан тадаббур қилиш учундир. Аллоҳ таоло тафаккур қилувчиларни мадҳ этиб, бундай марҳамат қилади:

الَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللَّهَ قِيَامًا وَقُعُودًا وَعَلَى جُنُوبِهِمْ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَاوَات وَالْأَرْضِ رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَذَا بَاطِلًا سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّار

«Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару Ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлар: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин», дерлар» (Оли Имрон сураси, 91-оят).

 

Аллоҳнинг биру борлиги ҳамда чексиз қудрати ва бошқа комил сифатларини тўла англаб етиш учун ибодат ва тафаккур лозим экан. Бири бўлиб, иккинчиси бўлмаса ҳам иш битмас экан. Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларда эслаш даражаси улуғ даража бўлиб, инсон ибодатда олий мақомга эришгандагина ушбу даражага кўтарилади. Шундай даражада тафаккур қилган одам қалби соф ҳолга келади ва дуо қилса, ижобат бўладиган мақомга етади.

 

Али розияллоҳу анҳу айтдилар: «Фиқҳ (тушуниш) бўлмаган ибодатда ва тадаббур бўлмаган қироатда яхшилик йўқдир». Бу борада саҳобийлардан ўрнак олишимиз даркор. Улар Қуръондан бирор сура ёки оятнинг маъносини яхши тушунишмаса, дарров бир-бирларидан сўраб билиб олар эдилар. Қуръон таълими устозларидан бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу одамларни ҳар бир сурани диққат-эътибор билан ўрганишга қизиқтирар эдилар. У зот розияллоҳу анҳу Қуръонни ўрганаётган кишилар ёнидан ўтар эканлар: «Қайси сурани ёд олдинг, эй фалончи?» деб сўрар­ди­лар. У одам суранинг қайси оятини ёд олганини айтар эди.

Шунда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу унга кейинги оятни тиловат қилиб: «Бу оятни ўрган. Чунки у осмону Ердаги нарсалардан ях­широқдир», деб айтардилар. Ҳалиги киши ўша оятга назар соларкан, гўё унга Қуръонда бундан яхшироқ оят йўқдек туюларди. Кейин Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бошқа кишининг ёнига ўтиб, унга ҳам шу каби гапларни айтар эдилар. То ҳаммасининг ёнидан ўтиб бўлгунича, бу ҳол давом этарди. Қуръонни тушуниш, асосан, тафсир илми китобларини мутолаа қилиш орқали ҳосил бўлади.

Бу борада педагог ва психолог олимларнинг олиб борган тадқиқотларига кўра маълумот хотирада чуқур ўрнашиши учун уни диққат билан ўқиб-ўрганиб, асл моҳиятини тушунишга ҳаракат қилиш талаб этилади. Шунга кўра:

— мўлжалланган ақлий ишга қандай ҳозирлик кўрилган бўлса, шунга мос тарзда мавзуни  эсда қолиш фоизи ортиб боради;

берилган мавзу қанчалик чуқур англаб етилса, у шунчалик хотирада сақланган бўлади;

маълум мавзу юзасидан билимлар қанчалик кўп бўлса, янгисини эсда сақлаб қолиш шунчалик осон бўлади;

эслаб қолинадиган нарса тўғрисида таассурот қанчалик кучли бўлса, унга алоқадор образ ҳам шунчалик эркин бўлади.

Қуръони Каримни бир денгизга қиёсласак, ёд олиш унинг то бошидан охиригача хоҳлаган тарафига хоҳлаганича сузиш жараёни бўлса, Қуръонни тушуниб, тадаббур қилиш эса нафақат сузиш, балки денгиз тубидаги дуру гавҳарлар соҳибига айланиш билан баробардир.

Демак, Имом Ғаззолий таъкидлаганларидек: «Худди Мусҳафнинг муқовасини ҳар қандай қўл ушлайвериши мумкин бўлмагани каби, ҳар қандай тил унинг ҳарфларини тиловат қилишга, ҳар қандай қалб эса унинг маъноларига етмоққа лойиқ эмас». Бундан келиб чиқадики, Қуръони Каримнинг тиловати билан бир қаторда уни тадаббур қилиш муҳим аҳамиятга эга. Уни тушуниш учун эса қалбни турли иллатлардан халос этиш, жисм ва ички оламни нопоклик ва ёмонликлардан поклаш лозим бўлади. Ана шундагина қалбимиз Қуръон ила ҳаловат олади!

Гулобод ҚУРБОНОВА