A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон – нурдир
PDF Босма E-mail

«Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас зикр қилувчи борми?!» (Қамар сураси 17- оят).

Набий алайҳиссалом айтдилар: Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни ўргатувчиларингиздир» (Имом Бухорий ривояти).

Рамазон ойини Қуръон ойи дейишади. Зеро, айнан шу ойда Аллоҳ таолонинг муқаддас Китоби Қуръони карим нозил бўла бошлаган. Рамазон кунларини мусулмонлар кўпроқ ибодат қилиш билан ўтказадилар, кўпроқ Қуръон ўқийдилар. Қуръон ўқир эканмиз, бу Аллоҳ таолонинг бизга бўлган  мурожаати эканини ҳис қилишимиз керак. Ушбу муқаддас Китоб ҳар бир ўқувчининг қалбига ўзининг муқаддас нурини солади. Қуръонни ўқиган киши ундан бошқа бирор киши бера олмайдиган нарсаларни олади, чунки бу Аллоҳ таолонинг сўзларидир.

Бунда инсон бошқа ҳеч ҳам туя олмаган туйғуларни ҳис қилади.

Қуръон ўқишниyu ҳам ўз одоблари бор.

Умму Салама розияллоҳу анҳо: «Аллоҳнинг Расули аниқ, ҳарфма-ҳарф ўқир эдилар. У Зот ҳар бир ҳарфни дона-дона қилиб талаффуз қилар эдилар», – деб айтганлар. Чунки тез ўқиганда бир ҳарф бошқасини ичига кириб кетиши мумкин, яъни ҳарфлар тўлиқ талаффуз қилинмаслиги мумкин. Секин ўқиганда эса Қуръон маъноларини тадаббур (маъноларини ҳақида тафаккур қилиш) қилиш мумкин бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло: «Қуръонни тадаббур қилиб кўрмайдиларми?!» – дея марҳамат қилган (Нисо сураси 82-оят).

Абдуллоҳ ибн Муғоффал розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз туялари устида  «Фатҳ» сурасини ўқиб кетаётганларини кўрганини айтадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни уловда кетаётиб ҳам ўқир эдилар, шунингдек, Қуръони Каримни машинада, пиёда кетаётиб ҳам ўқиса бўлади. Лекин, албатта, одобини сақлаган ҳолда таҳоратли бўлиши, ўқиш олдидан мисвок ишлатиши, имкон борича қибла томонга юзланиши, пок кийимда бўлиши, хушбўйланиши, покиза жойда тиловат қилиши, кўзида ёш ила ўқиши, ҳеч бўлмаса ўзини йиғи ҳолатига солиши керак бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон йиғи ила нозил қилинган, ўқиганингизда йиғланглар. Агар йиғлай олмасангиз, ўзингизни йиғи ҳолатига солинглар», – деб айтганлар (Имом Ибн Можа ривояти). Яъни Аллоҳга итоат ҳиссини ҳис қилинг, чунки сиз Қуръонни – ҳаммадан Буюк Аллоҳнинг Каломини тиловат қиляпсиз.

Саҳобий розияллоҳу анҳумлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечаси «Бақара» сурасини ўқиётганларини эшитдилар. Аллоҳнинг раҳмати ҳақидаги оятларни ўқиганларида, Аллоҳдан раҳмат, Аллоҳнинг азоби ҳақидаги оятларни ўқиганларида эса, Аллоҳ таолодан мағфират сўрар эдилар. Ҳамд ҳақидаги оятларни ўқиганларида эса, Аллоҳга ҳамдлар айтар эдилар.

Саҳобий розияллоҳу анҳумлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Субҳана Роббиял аъла» деб ҳамд айтаётганларини эшитар эдилар. Чунки Аллоҳ азза ва жалла Қуръони Каримда: «Олий қадар бўлган Роббинг исмини поклаб ёд эт», – деб марҳмат қилган (Аъла сураси 1-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ат-Тин сурасини ўқиса, охирги «Аллоҳ ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлиси эмасми?!» оятини ўқиса, у: «Ҳа, худди шундай, мен гувоҳлик келтираман», деб айтиши яхши бўлади», – деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон оятларини шундай тафсир қилиб берар эдилар.

Шу ўринда табиий савол пайдо бўлади: Қуръонни жаҳрий (овоз чиқариб) ўқиш яхшими ёки махфий (ичида) ўқиса яхшими?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни гоҳида баланд овозда ўқир эдилар, ҳатто бошқа хонага ҳам эшитилар эди. Гоҳида эса махфий ўқир эдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан сўрашибди: «Сиз Қуръонни қандай ўқийсиз?» У зот қуйидагича жавоб берибдилар: «Мен паст овозда ўқийман, чунки Аллоҳ бизга яқиндир». Умар розияллоҳу анҳудан худди шу саволни сўраганларида у зот: «Мен ёнимдаги одамни уйғотиш ва шайтонни ҳайдаш учун овоз чиқариб ўқишни яхши кўраман», – деб жавоб берибдилар. Қуръонни ҳолатга қараб жаҳрий ё махфий ўқиса ҳам бўлаверади.

Қуръон – инсон қалбини ёритадиган Аллоҳ азза ва жалланинг нури, унда банда учун ҳам жисмоний, ҳам маънавий шифо бор, у ҳаётни изга туширади, шайтонни қувади. Қуръон ўқиётганда ундаги барча яхшиликларни олишга ҳаракат қилиш зарур.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар куни Қуръондан маълум бир қисмини ўқир эдилар. Худди вирд (доимий вазифа) каби Қуръонга алоҳида вақт ажратар эдилар. Уч кун ичида Қуръонни бир маротаба хатм қилар эдилар, саҳобийлар ҳам шунга эргашар эдилар. Баъзилари эса етти кунда бир хатм қилар эдилар.

Дарҳақиқат, баъзиларга ҳар куни Қуръонни кўпроқдан ўқиш қийин бўлиши мумкин. Ундай бўлса, оз-оздан бошлайлик. Мисол учун, бир бетдан ва аста-секинлик билан қўшиб борайлик, чунки таъкиданганидек: «Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!» (Қамар сураси 17- оят). Яъни Меҳрибон Аллоҳ таоло «Эй бандаларим! Сизларга Қуръонни ўқишни осон қилиб қўйдик, осон қилиб қўйсак ҳам, ўқимайсизларми?!» деб бизга хитоб қиляпти. Асосийси шуки, ҳар куни Қуръон тиловатида бардавом бўлиш, яъни ҳар куни Аллоҳ таоло билан алоқада бўлиб, суҳбатлашиб, Каломидан баҳраманд бўлишдир. Ҳаётимизни қандай ўткизсак, қиёмат куни худди шундай тириламиз. Агар Қуръон ўқишда бардавом бўлсак, қиёмат куни ҳам шафоатчи бўлган Қуръони Карим билан тириламиз, чунки Қуръон –  бу нурдир, у инсон ҳаётини доимо ёритиб боради.


Тошкент Ислом институти талабаси

Бахтиёр Нажмиддинов