A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Ёд олиш қобилиятини оширувчи дуо
PDF Босма E-mail

Ёд олиш қобилиятини оширувчи дуо

Хотиранинг кучли бўлиши ва унинг доимий равишда ортиб бориши учун кўплаб тавсиялар берилган. Аммо энг самарали ва йиллар давомида тажрибалардан ўтиб келаётган услуб ва йўллар Набий алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларида баён қилинган. Бундай ҳадислар жуда ҳам кўп. Эътиборингизга ана шундай ҳадислардан бирини ҳавола этамиз.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик, бирдан Али келиб: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Қуръон қалбимдан чиқиб кетмоқда. Уни ёдлашга қодир бўла олмаяпман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абул Ҳасан! Сенга Аллоҳ манфаат берадиган ва сен ўргатганларга ҳам фойда берадиган ҳамда ўрганган нарсангни қалбингда собит қиладиган калималарни ўргатиб қўяйми?» дедилар. «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули! Менга ўргатинг», деди. «Қачон жума кечаси бўлганда (пайшанбадан жумага ўтар кечаси) агар кечанинг охирги учдан бирида туришга қодир бўлсанг, албатта, қоим бўл! У шоҳид бўлинган соатдир. Унда дуо ижобат бўлади. Биродарим Яъқуб ўз ўғилларига: «Сизлар учун Роббимдан истиғфор сўрайман», деган. У буни жума кечасининг келишини (кўзлаб) айтган. Агар қодир бўлмасанг, унинг ўртасида тур. Агар бунга ҳам қодир бўлмасанг, аввалида тур. Тўрт ракат намоз ўқи. Биринчи ракатда Фотиҳа сурасидан сўнг Ясин сурасини ўқи. Иккинчи ракатда Фотиҳадан сўнг Духон сурасини ўқи. Учинчи ракатда Фотиҳа сурасидан кейин Сажда сурасини ўқи. Тўртинчи ракатда Фотиҳадан кейин муфассалдаги Мулк сурасини ўқи. Қачон ташаҳҳуддан фориғ бўлсанг, Аллоҳга ҳамд ва гўзал сано айт. Менга саловот йўлла. Бошқа набийларга ҳам (саловот айт). Мўминлар ва мўминалар ҳамда сендан олдин иймон билан ўтган биродарларинг учун истиғфор айт. Сўнг: «Аллоҳим! Ҳаёт эканман, маъсиятларни доимо тарк қилиш ила менга раҳм қилгин. Менга ўзимга бефойда бўлган нарсага уринмаслик ила раҳм қил. Мени рози қиладиган яхши назар ила ризқлантир. Аллоҳим! Эй осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зот! Эй жалол, икром ва мислсиз иззат Эгаси! Эй Аллоҳ! Эй Роҳман! Жалолинг ила сўрайман! Қалбимга Китобингни Ўзинг менга ўргатганингдек ёд олишни насиб қил! Уни Сен рози бўладиган тарзда тиловат қилиш ила ризқлантир. Аллоҳим! Эй осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зот! Эй жалол, икром ва мислсиз иззат Эгаси! Эй Роҳман! Жалолинг ила, Юзинг нури ила сўрайман! Китобинг ила кўзимни мунаввар қил. У билан тилимни равон қил. У билан қалбимни очгин. У билан кўксимни кенг қилгин. Чунки менга Сендан ўзга ёрдам бера олмас. Аллоҳдан бошқада куч ҳам, қувват ҳам йўқ!» дегин», дедилар».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Аллоҳга қасам, беш ёки етти (жума) ўтиши билан Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: «Ё Расулуллоҳ! Авваллари тўрт оят ёки шунинг атрофидаги оятларнигина ёд олар эдим. Уларни ўқимоқчи бўлсам, ёдимдан чиқиб қолар эди. Бугун эса қирқ ва шунинг атрофида ёд оляпман. Уларни ўқисам, худди Аллоҳнинг Китоби кўз олдимда тургандек бўлади. Сўзларингизни ҳам эшитар эдим. Агар қайтармоқчи бўлсам, ёдимга келмас эди. Бугун ҳадисларни эшитаман, агар уларни айтиб берсам, бир ҳарфини ҳам қолдирмайман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Мўминсан! Каъбанинг Робби ила қасам, эй Абул Ҳасан!» дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Мазкур ҳадисни Имом Ҳоким ҳам «Мустадрак»ларида I жилд, 316-саҳифасида келтирганлар. Ибн Мардивайҳ «Тафсир» китобларида баён этганлар.

Имом Суютий «Лаъолил мавзуъаҳ» китобларида: «Уни Ҳоким ривоят қилган. Шайхон (Имом Бухорий ва Имом Муслим)нинг шартларига кўра саҳиҳдир», деганлар.

 

Абдуссомад Тожиддинов