A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/743690ramazon_1438.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/810343muborak_kecha.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/155397ramazonda_sizni.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Ат – Тибйан фи адаби ҳамалатил Қуръан
PDF Босма E-mail

(Қуръонни кўтаргувчилар одобининг баёни)

Абу Закариё Яҳё ибн Шарофиддин Нававий

Биринчи жузъ
(арабчадан таржима)

Барча ҳамду сано Аллоҳгадир, биз ундан ёрдам беришини, ҳидоятга бошлашини ва барча гуноҳларимизни кечиришини сўраймиз, нафсларимиз ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимники ҳидоят қилса, уни залолатга бошлагувчи йўқдир, кимники залолатга бошласа, уни ҳидоятга бошловчи йўқдир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги, у ёлғиз, шериксиз эканлигига, Муҳаммад унинг бандаси ва расули эканлигига гувоҳлик бераман. Унга, аҳли байтига ва саҳобаларига кўпдан-кўп саловотлар ва саломлар бўлсин.

Ушбу китоб Имом Раббоний Абу Закариё Яҳё ибн Шарофиддин Нававий(раҳматуллоҳи алайх)нинг «Қуръонни кўтаргувчилар одобининг баёни» номли асарларидаги баъзи муҳим бобларни ўзида жамлаган. Уни ўзим ва мўмин биродарларим учун Қуръони Каримни ўқиш ва ёдлашда манфаатли бўлсин деб қисқартирган ҳолда тақдим қилдим.

Мазкур китобнинг муаллифи бўлмиш Имом Нававий ҳазратлари ҳижрий 631 йили Дамашқнинг Наво шаҳрида дунёга келдилар. У киши доимо ҳақиқат устида қоим бўлганлар. Имом Нававий билан Зоҳир Бибрус ўртасида бўлиб ўтган воқеа ҳаммага маълум ва машҳурдир. Подшоҳ Зоҳир Бибрус ислом душманларига қарши курашда ўз қўшинини молиявий томондан таъминлаш мақсадида халқдан солиқ йиғишга амр этади ва бир қанча фақиҳ олимларни чақириб, улардан фатво ҳам олади, илло Имом Нававий бунга норози бўлиб, фатвога имзо чекмайдилар. Буни эшитган султон Бибрус ғазабланади ва бир мажлис чақиришга аҳд қилади. Кўпчилик ҳозир бўлган бу йиғинда подшоҳ у кишига қараб: «Фақиҳ уламолардан бўлган дўстларинг уруш учун халқдан солиқ йиғишга фатво берганларида нима учун сен қаршилик кўрсатмоқдасан?» - дейди. Шунда Нававий ҳазратлари шижоат билан ва жасурона оҳангда шундай деб жавоб қайтарадилар: «Маълумки, мингта қул ва икки юзта жорияга эгасан. Қулларинг ҳар бири ўз отга эга бўлиб, отининг айили олтиндандир. Жорияларинг эса олтин ва кумушдан бўлган қимматбаҳо тақинчоқлар билан безанган. Агар шуларни ишлатиб, уруш ҳаражатларини тўлдирсанг ҳам уларнинг ҳеч нарсаси камайиб қолмайди(оч қолмайдилар). Шундай экан, яна нима сабабдан халқдан солиқ йиғиш учун фатво беришим керак?!».
Бу гапларни эшитган султон, тоқатсизланиб: «Агар бир юртда мен билан яшай олмайдиган бўлсанг, менинг мамлакатим (Дамашқ)дан чиқ»,- деб бақирди. Лекин ғазаби босилгач, Зоҳир Бибрус ўз фикридан қайтди ва Нававийдан «сенга қолишлик рухсат берилса ҳам, нима учун кетмоқчисан?» деб сўради. У киши сабот ва олимларга хос бир тарзда «Сенинг ҳузурингда қолишга рози бўлишимни қаердан билдинг. Лекин мен албатта кетишим лозим» дея ҳаммани ҳайрон қолдириб чиқиб кетдилар.

Имом Нававийнинг тасниф этган асарларидан

Имом Нававий бир қанча машҳур китобларни тасниф қилганлар. Улардан энг машҳури Имом Муслимнинг саҳиҳларига ёзган шарҳлари, «Риёзус - солиҳийн» («Солиҳлар боғи»), «Ал-азкор ал-мунтаҳаба мин калами саййидил аброр» («Яхшилар саййидининг каломидан танлаб олинган зикрлар»), «Шарҳул - арбаъийн» («Қирқ ҳадис шарҳи») ҳамда фиқҳга оид бошқа китоблар. Имом Нававий ҳижрий 676 йил, ражаб ойида вафот этганлар
Ушбу мухтасар китобда Имом Нававийнинг ибораларини ўзгартирмай беришни лозим топдим ва баъзи муҳим бобларни унга қўшимча тарзда киритдим. Мазкур китобга аҳамият бериб, уни ўқувчиларга етказишга мени ундаган нарса шу бўлдики, ҳозирги пайтда аксарият Қуръон аҳли (Қуръон ўқитувчи ва ўрганувчилар) орасида Қуръонга бўлган ҳурмат пасайган, унинг одоблари унутилган, лағв, фойдасиз гаплар ундан устун қўйилмоқда.
Аллоҳ Таолодан Қуръон ҳақиқати билан басират кўзларимизни очишни ва унинг хурматини бажо келтиришимни насиб этишини сўрайман.
Эй, Карим, Маннон ва Улуғ фазилат эгаси бўлган Аллоҳим, бизларни Китобингга чиройли тарзда қайтаргин, уни қалбларимизга ошно ва кўзларимизга нур қилгин ва унинг шарофати билан бизларни ғам-ташвиш ҳамда кулфатлардан аритгин. Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси!
Аллоҳим, ушбу китобни барчамизга манфаатли қил, Қиёмат кунида яхшиликлар мезонида бўлсин. Ушбу китобнинг соҳиби Имом Нававий ҳазратларини ҳам улуғ ажр-мукофотлар билан тақдирла. Бизни у киши ва бошқа суйганларимиз билан жаннатда мангу қолдир! Омин.

Абу Яҳё Закариё Саъид ҳижрий 1411 йил, ражаб ойининг 28 куни
(милодий 1991 йил 13 феврал)

Ўзга динлардан динимизни устун қилиб, иймон йўлига бошлаган, пайғамбарларнинг энг афзали бўлмиш – ҳабиби, халили, бандаси ва расули Муҳаммад (с.а.в.)ни бизларга юбориб, унинг шарофати билан бут-санамларга ибодат қилиш ва ширк амалларга барҳам берган ҳамда ул зотни замонлар оша ўз муъжизаси билан одамларни лол қолдираётган Қуръони Карим билан азизу мукаррам қилган – куч-қудрат, фазлу каромат, хайр-саҳоват соҳиби бўлмиш раҳмдил ва меҳрибон Аллоҳга беҳад ҳамду санолар бўлсин

Қуръони Каримни тиловат қилиш фазилатлари хусусида

«Албатта Аллоҳнинг китоби(Қуръон)ни тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан маҳфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотди (яъни, улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон, Аллоҳдан ажр-мукофот бўлиши) дан умидвордирлар. Зеро (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва ўз фазлу карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта У мағфиратли ва шукр қилгувчи (озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчи) дир ». (Фотир сураси, 29-30 оятлар)

Усмон ибн Аффон (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.) дан ривоят қиладилар: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнг уни (бошқаларга ҳам) ўргатувчилардир». (Бухорий ривояти)

Оиша (р.а.) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: «Қуръонни маҳорат билан тиловат қилгувчи қори улуғ фаришталар билан бир мақомдадир, тили қийналиб тиловат қилгувчига эса икки баробар кўп ажр бўлади». (Бухорий ва Муслим ривояти)

Абу Мусо Ашъарий (р.а.) Набий (с.а.в.) шундай деганларини ривоят қиладилар: «Қуръонни қироат қилгувчи мўмин ҳудди утружжа (лимон)га ўхшайди, унинг ҳиди ҳам, мазаси ҳам яхши. Қуръонни ўқимайдиган мўмин эса хурмо кабидир, унинг ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин. Қуръонни ўқийдиган мунофиқ(фожир, нопок одам) хусусига келсак, у райхон каби хушбўй, аммо мазаси аччиқ. Қуръонни ўқимайдиган мунофиқ эса ҳудди ханзала (таъми ва ҳиди ёқимсиз бўлган ўсимлик) янглиғ таъми аччиқ, ҳидсиздир». (Бухорий ва Муслим ривояти)

Умар ибн Хаттоб (р.а.) Набий (с.а.в.) дан ривоят қиладилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ Таоло бу Калом (Қуръон) билан баъзи қавмларни (уларнинг даражаларини) кўтариб, бошқаларни туширади». (Муслим ривояти)

Абу Умома Бохилий (р.а.) ривоят қилишларича, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: «Қуръон ўқинглар, зеро у Қиёмат куни ўз сохибларини шафоат қилиб олади». (Муслим ривояти)

Ибн Умар (р.а.) Набий (с.а. в.)дан ривоят қиладилар: «(Ҳасад килиш мумкин эмас, аммо) икки кишига ҳасад қилса бўлур: биринчиси, Аллоҳ унга Қуръон илмларини берган бўлиб, у кеча-ю кундуз уни тиловат қилиб, у асосида иш тутувчи киши бўлса, иккинчиси, Аллоҳ унга ҳалол мол-дунё ато этган бўлиб, у ўз бойлигини кеча-ю кундуз инфоқ-эҳсон қилаётган кишидир». (Бухорий ва Муслим ривояти)

Абу Масъуд Бадрий (р.а.) дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: «Аллоҳ Таолонинг Китоби (Қуръонни)ни яхшироқ ўқигувчи қори қавмга имомлик қилади». (Муслим ривояти)

Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (с.а.в.) Уҳуддаги жангда шаҳидларнинг ҳар иккитасини бир қабрга қўйдирар эдилар. Аввал: «Буларнинг қай бири Қуръонни кўпроқ ёд билар эди?» - деб сўрар, сўнг қайси маййитни кўрсатишса, ўшани лаҳадга олдин қўйдирар эдилар. (Бухорий ривояти)

I боб. Қуръон ўргатувчи ва ўрганувчининг одоби

1. Қуръон ўргатувчи(муаллим)нинг одоби.
• Авваламбор, Қуръон ўргатувчи ва ўрганувчилар ушбу амални Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилишлари лозим.

«Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, у Зот учун динни холис қилишга, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни(ҳақдорларга) беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (йўлдаги миллатнинг) динидир». (Баййина, 5)

Саҳиҳайнда Расулуллоҳ (с.а.в.) дан шундай ривоят қилинади: «Дарҳақиқат, барча амаллар ниятга боғлиқдир ва ҳар бир кишининг ният қилган (нарсаси)и бўлади».
Ибн Аббос (р.а.) шундай дейдилар: «Кишига ният қадрича (савоб) берилади».
Абулқосим Қушайрийдан эса: «Ихлос – тоатда ният билан ёлғиз Аллоҳ таолонинг розилигини исташдир. Ва бу билан у одамларнинг мақтови, гап-сўзлари, мадҳларидан йироқ бўлиб, фақатгина Аллоҳ таолога яқин бўлишни хоҳлайди» - деганлар.
Айтиладики, Ихлос – одамларнинг мулоҳазаларидан ўзини узоқ тутиб юриш(парво қилмаслик)дир.
Саҳл Тустарий айтадилар: «Ихлос (банданинг) ҳаракатда ҳам, тинч ҳолатда ҳам, хоҳ маҳфий бўлсин хоҳ ошкора, ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзи учун амал қилишидир ва унга нафс хоҳишлари, ҳою ҳавас ва дунё (ташвишлари) халал беролмайди».

• Қуръон ўргатувчи-устоз ушбу амали ила дунёвий мақсад (неъмат) ларга эришишни ният қилмаслиги керак. Бинобарин, мол-дунё, (одамлар устидан) бошчилик қилиш, шон-шуҳрат, дўсту душманидан устун келиш, бировлардан мақтов эшитиш ёҳуд бирор бир қилган ишини миннат қилиш ва шу каби ёмон иллатлардан сакланмоғи лозим.
• Қуръон ўргатувчи муаллим ўз қўл остидаги шогирдларидан оз бўлса-да яхшилик (манфаат)ни таъма қилмасин, хоҳ у пул ёки хизмат шаклида бўлсин. Бироқ шогирд кўнгилдан чиқариб бирор бир совға ҳадя этса олиши мумкин.

«Ким (ўз амали билан) Охират экини(савоби)ни истар экан, Биз унга экини(ҳосили)ни мўл-зиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан (дунё матоҳларидан) берурмиз ва унинг учун Охиратда бирор насиба бўлмас!» (Шўро сураси, 20)

«Ким нақд(дунё)ни кўзловчи бўлса, Биз (шу дунёда улардан) ўзимиз истаган кимсалар учун ўзимиз хоҳлаган нарсани нақд килиб берурмиз». (Исро сураси, 18)

• Қуръон муаллимининг шогирдлари кўпчиликни ташкил қилса, уларни айтиб мақтанишдан сақлансин. Агар муаллимнинг шогирди ўзга муаллимлардан бирон нарса сўраб, уларнинг илмидан фойдаланса, бунга унинг жаҳли чиқмасин, зеро бу баъзи жоҳил олимлар мубтало бўлган иллатдир ва бу унинг нияти ёмон эканлигига очиқ ҳужжатдир ва шу илмни Аллоҳ таолодан ўзганинг розилиги учун берганига қатъий далилдир. Агар унинг нияти яхши бўлганида, нафсига шундай хитоб қилган бўлур эди: «Мен, ушбу илм билан Аллоҳнинг розилигини истадим ва унга эришдим ҳам».
Али ибн Абу Толиб айтадилар: «Эй, Қуръон (ёҳуд илм)ни кўтаргувчилар, илмингизга амал қилингиз, билганига амал қилган ҳақиқий олимдир ва унинг амали илмига мувофиқдир. Сизлардан кейин бир қавм келади, улар илмни кўтариб юрадилар, аммо илмлари елкаларидан тепага кўтарилмайди, амаллари илмларига, айтган гаплари дилларидагига хилофдир.Улар ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтирадилар, лекин ораларидан фитна чиқиши сабабли бир-бирларидан ғазабланиб мажлисни тарк этадилар. Уларнинг ўша ўтиришларида амаллари Аллоҳ таолога кўтарилмайди».
Имом Шофеъий (р.а.): «Одамлар Ушбу илм(яъни Қуръон)ни ўрганишларини ва ундан менга бирор ҳарф насиб этмаслигини хоҳлардим». (Бу ерда Қуръон ёки илмни бирор ҳарфини ҳам қолдирмасдан яхшилаб ўрганишга тарғиб қилинмоқда – тарж.)

• Қуръон муаллими шариатда кўрсатилган чиройли хулқлар, мақталган сифатлар, барчага маъқул бўлган хусусиятлар билан хулқлансин. Шунингдек, дунёда зуҳд қилиш, орзу-ҳавасни камайтириш, ўзини ва аҳлини дунёнинг ўткинчи матоҳларига бепарво бўлишга чақириш, саҳоват, бағрикенглик, ҳуснихулқ, одобсизлик чегарасидан чиқмаган ҳолда одамларга очиқ юз билан муомала қилиш, ҳилм(мулойимлик), сабр ва ҳар хил ахлоқсиз одатлардан сақланиш, доимо Аллоҳ таолога тақво қилиш, калбнинг доим хушуъ, хузуъ ҳолатида бўлиши, сокин, виқорли, мутавозе(камтар) бўлиши, баланд овозда кулиш ва бошқаларни мазаҳ қилишдан сақланиши, ўзининг шаръий вазифалари (ўзидан ҳар хил нопокликлар(ёқимсиз ҳидлар)ни кетказиш, мўйлабни қисқартириш, тирноқларни олиш, соқолни тартибга келтириш, ношаръий кийимларни кийишдан сақланиш)ни бажариши лозим.

• Ҳасад, риё, ўзига бино қўйиш ва ўзгаларни тахқирлашдан сақлансин.

• Дуо ва зикрлар, яъни таҳлил ва тасбеҳ айтишда ворид бўлган ҳадислардан фойдалансин. Доимо Аллоҳ таоло унинг маҳфий ва ошкора ишларини кузатиб турганлигини қалбига жойласин ва бу ишда собитқадам бўлсин. Барча ишларида Аллоҳ таолога таваккул қилсин.

• Ўз шогирдларига яхши муносабатда бўлсин ва вазиятга қараб рағбатлантириб ва руҳлантириб турсин.
Абу Ҳорун Абдий (р.а.) ривоят қиладилар: «Абу Саъийд Худрий (р.а.) хузурларига борар эдик ва у киши: «Хуш келибсиз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг васиятлари, Набий (с.а.в.) айтар эдилар: «Дарҳақиқат, одамлар сизларга тобедирлар, улар дунёнинг турли чеккаларидан динда фақиҳ бўлиш учун хузурингизга келадилар, ўшанда сизлар уларга яхши муносабатда бўлинглар». (Термизий, Ибн млжжа ва бошқалар ривояти)
Шунга ўхшаш ҳадисни Имом Доримий ўз Муснадларида Абу Дардодан ривоят қиладилар.

Толиби илмга қандай муамала қилинади?
• Муаллим шогирдарига насиҳат қилишдан вақтини аямаслиги лозим.

Чунки, Расулуллоҳ(с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: «Дин насиҳатдир». (Муслим ривояти)
Аллоҳ йўлида шогирдларига ва толиби илмларга насиҳат қилсин ва фойдали ишларга иршод қилсин, қўлидан келганча илм олишда унга кўмаклашсин ва таълим беришда сабр – қаноатли бўлсин.
• Уни дунёга кўнгил қўйиб, у билан мағрурланмаслиги, шижоатли ва илмда янада рағбатини ошириш ва дунёда зуҳд қилишга ундаш мақсадида яхши фазилатлар (Қуръони Карим ва бошқа шаръий илмларни ўрганиш) ни эслатиб туради. Бу орифлар ва Аллоҳнинг солиҳ бандалари тутган йўлдир ҳамда барча анбиёлар (а.с.) рутбасидир.
• Илми толибга шафқат қилади, ҳудди ўз фарзанди ва ўзига қайғургани каби унга ғамхўрлик қилади, унинг баъзи шўхлик ва одобсизликларига сабр қилади, баъзи бир хатоларини кечиради, чунки инсон хатолардан холи эмас, айниқса кичик ёшда бўлса.
• Ўзи ёқтирган яхши нарсани унга ҳам раво кўриши, шунингдек, ўзи ёмон кўрган нарсани унга ҳам раво кўрмаслиги лозим. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: «Сизлардан бирор киши ўзига раво кўрган нарсани биродарига раво кўрмагунча (ҳақиқий) мўмин бўла олмайди». (Бухорий ва Муслим ривояти)
• Ўз шогирдларига кибрланмасин, балки камтарлик билан муносабатда бўлсин, зеро камтар инсонлар одамларнинг энг авали бўлганликлари ҳақида кўп нарса маълум, ўз қулида таълим олаётган шогирдлари унга ўз фарзандлари каби бўлиб қолган бўлса, қандай қилиб ўларга кибрлансин?!
Ҳадисда шундай дейилади: «Илм ўрганаётган (шогирд)ларингизга ва сизга илм бераётган (устозлагиргиз) га мулойим муносабатда бўлинг».
Айюб Сихтиёний (р.а.) айтадилар: «Олим одам Аллоҳ (азза ва жалла)га камтарлик юзасидан ўз бошига тупроқ сепсин».

(Шогирдларни) тарбиялаш усули

• Устоз ўз шогирдларини Суннат одоблари, мақталган хулқлар руҳида тарбиялаши лозим. Шунингдек, нафсини одамлар наздида кичик кўринган хато-камчиликлардан сақлаб юришга ундайди. Барча махфий ва ошкора ишларида эҳтиёткорликка, гап-сўзлари ва доимий амали билан ихлос, сидқ, ниятни поклашга чакириб, аллоҳ таоло уни ҳар лаҳзада кузатиб турганлигини эслатади. Чунки шундагина унга (шогирдга) маърифат эшиклари очилиб, кўнгли равшанлашади, қалбидан ҳикмат булоқлари кўз очади, устози ҳам унинг барча ишларига барака тилаб, қилган амалларидан рози бўлади.
• Муаллим илм беришда жидди-жаҳд қилади ва зурур бўлмаган дунёвий ишларини ундан(таълимдан) устун қўймайди. Таълим бериш жараёнида қалбини чалғитувчи барча нарсалардан фориғ қилади. (Дарсни) тушунтиришда бор куч-ғайратини аямайди, ҳар бир талабанинг қобилиятига қараб, кучи етадиган нарсани беради, яъни илмда кучсизроқ бўлганларга кўпайтирмайди, аксинча қобилиятлиларидан эса ўз илмини қизғонмайди. Ўрганган илмларини такрорлашга буюради ва қобилияти зоҳир бўлган, аммо бу қобилиятидан заррача ҳам ажабланмайдиган халим талабаларни оз-оздан мақтаб туради. Агар шогирдларидан бири ўз устозидан ўзиб кетадиган тақдирда уларга ҳасад килмайди, Аллоҳ таолонинг унга берган неъматларига (қобилият) ёмон кўз билан қарамайди, чунки ўзгаларга ҳасад килиш ҳаром ва катта гуноҳдир. Ўз фарзанди ўрнида кўрадиган шогирдига қандай қилиб ҳасад килиш мумкин?! Холбуки, унинг фазилати билан муаллимга катта ажру савоб, дунёда эса ҳурмат-эҳтиром кайтади. Аллоҳ муваффақ қилгувчидир.
• Дарсни ўқитишда биринчи келган талабадан бошлайди, агар биринчи талаба рози бўлса, бошкаларга ўтиши мумкин. Уларни мамнуният, очиқ юз билан кутиб олади, ҳол-аҳволини суриштириб, дарсда қатнашмаган талабаларни йўқлайди.
Улардан бирортасининг нияти яхши эмаслигини кўриб, илм беришдан тўхтамайди, зеро илм фақатгина Аллоҳ таоло йўлидаберилади ва олинади.

• Қатъий таъкидланган одоблар қуйидагилардир:
- дарс бериш жараёнида қўлни ҳар томонга уравермаслик;
- ҳожатсиз кўзларини у ёқ-бу ёққа қаратмаслик;
- қиблага юзланиб, таҳоратлик ҳолатда бўлиши;
- топ-тоза, оппоқ кийимда виқор билан ўтириши;
- дарсхонага келганда ўтирмасидан олдин 2 ракат намоз ўқиши(дарсхона масжид ёки бошқа жой бўладими фарқи йўқ). Агар у ер масжид бўлса, бу амр янада таъкидлироқдир. (Кўпчилик наздида масжидга кириб 2 ракат намоз ўқимай ўтириш ёмон одатлардандир);
- муаллим дарс асносида чордана қуриб ўтириши мумкин. Ибн Масъуд (р.а.) масжидда одамларга Қуръондан таълим бераётиб, тиз чўккан ҳолатда ўтирар эдилар.
• Дарсхона (мажлис) ҳамма талабалар сиғиши учун каттароқ бўлгани маъқул.

Набий (с.а.в.) айтадилар: «Мажлисларнинг энг яхшиси уларнинг энг катта ва кенг бўлганидир». (Абу Довуд Саҳиҳ исноди билан «Одоб китоби»нинг бошларида Абу Саъид Ҳудрий (р.а.) дан ривоят қиладилар)

2. Қуръон ўрганувчи(мутааллим)нинг одоби.

• Барча зикр қилинган одоблар муаллимлар билан бир қаторда шогирдларга ҳам тегишлидир. Ва буларга қўшимча қилиб, баъзиларини эслатиб ўтамиз. Дарс давомида ҳожатдан ташқари (яъни муҳим бўлмаган), Халақит берувчи нарсаларни ўзидан узоқлаштириши лозим.
• Куръонни қабул қилиш, ёдлаш ва унга амал қилишда осон булиши учун қалбини ҳар хил нопокликлардан поклайди. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: «Огоҳ бўлингки, жасадда 1 парча гўшт бор, агар у яхши бўлса, бутун жасад яхшиланади, агар у бузилса, бутун жасад бузилади, огоҳ бўлингки у қалбдир». (Бухорий ривояти)
Айтиладики: «Ер экишга қандай тайёрланса, қалб хам илмга шундай тайёрланади».
• Агар у ёш жиҳатдан кичик, насаб, тақво ва шуҳрат жиҳатидан пастроқ бўлса, ўз муаллимига одоб ва камтарлик билан муносатда бўлади, шунингдек, илм олишда ҳам камтар бўлади, бу унинг даражасини юксалтиради.
Яна айтиладики: «Такаббур одамга илм бериш, баланд жойга сув чиқариш каби қийиндир».
• У муаллимининг сўзига қулоқ тутади, ҳар бир ишини у билан маслаҳатлашиб амалга оширади, ҳудди ақлли бемор ўз ишига уста табибнинг маслаҳатларига амал қилгани каби унинг насиҳатларини қабул қилади. Бу унинг учун кўпгина манфаат келтиради.
• Фақатгина қобилиятли, диёнатли, маърифати камол топган ва тақволи устоздан илм олади. Муҳаммад ибн Сийрийн, Молик ибн Анас ва бошқа салаф уламолар айтадилар: «Бу дин илмидир, динингизни кимдан олаётганингизга эътибор беринг».
• У муаллимига ҳурмат кўзи билан қарасин, ўзининг зеҳнли, қобилиятли эканлиги ва илмда аста-секин кўтарилиб бораётганлигига шубҳа қилмасин, чунки у ўрганаётган илмидан манфаат олиш арафасида. Баъзи ўтган уламолар талабалик даврларида ўз устозларининг хузурига борганларида шундай дердилар: «Аллоҳим, устозимнинг айбини мендан яширгин ва менга (илм) берганлиги туфайли унинг илмининг баракасини кетказма».
Робиъ – Шофеъий (р.а.)нинг дўстлари – шундай дейдилар: «Шофеъий ҳайбат билан қараб турганларида мен сув ичишга ҳам ботинолмасдим».
Амирул муъминийн Али ибн Абу Толиб айтадилар: «Мажлисга кирганда шогирд барчага салом бериши ва устозига ўзгача ҳурмат кўрсатиши лозим. Шогирд муаллимининг олдида ўтиради, унинг қошида (ўзгаларни) қўли билан кўрсатмайди, кўзи билан имо-ишора қилмайди ва «фалончи сизнинг гапингизга хилоф тарзда бундай деди» деб айтмайди, унинг хузурида ҳеч кимни ғийбат килмайди, мажлисда ўз тенгдошлари билан ўзаро маслаҳатлашмайди, устози ўрнидан турса, одоб саклаб туради, агар устози озроқ толиққан бўлса, уни маломат қилмайди, агар суҳбати чўзилиб кетса, сабр қилади, агар устозини ғийбат қилсалар уларни қайтаради, агар бунга қодир бўлмаса, ўша мажлисни тарк этади».
• Устозининг хузурига одоб-ахлоқ билан, таҳоратлик, қалбини машғул қилгувчи, чалғитувчи нарсалардан холи қилган ҳолатда киради. Агар устози руҳсат сўраладиган ҳолатда бўлса, хузурига унинг изнисиз кирмайди.
• Мажлисда одамлар кўп бўлса, уларни хатлаб ўтмай, бўш жой топиб ўтиради, илло агар устози унга руҳсат берса ёки бошқа талабалардан уни афзал деб билса, олдинга ўтиши мумкин. Ҳеч кимни жойидан турғизмайди. Заруриятсиз халқани ўртасида ўтирмайди, рухсатсиз 2 суҳбатдошнинг орасига ҳам ўтирмайди, бўш жой унинг ўрнидир ва ўша жойни ўзи билиб эгаллайди.
• Шунингдек, ўз дўстлари ва мажлисда ҳозир бўлганларга ҳам одоб билан муносабатда бўлади. Бу эса унинг устоз ва мажлисга бўлган ҳурматидан далолатдир. Ўз устозининг олдига толиби илмларга хос тарзда ўтиради ва ҳожатсиз овозини баланд кўтармайди, кўп гапирмайди, бировларнинг устидан мазаҳ қилмайди, қўли ёки бошка аъзолари билан ҳар хил ножўя ҳаракатлар қилмайди. Ҳожатсиз ўнгга ва сўлга қарамайди, балки устозига юзланиб, унинг гапларига қулоқ тутиб ўтиради.
• Устозининг қалби бирор нарса билан машғул бўлса (чарчоқ, ғам-ташвиш, мудроқ, хавотир) ёки ҳаёли жойида бўлмаган ҳолатларида шогирд унга дарс топширмайди. У устозининг тетик ва дарсга иштиёқманд бўлган ҳолатини ғанимат билиши лозим.
• Устозидан баъзи қўполлик ёки одобсизлик ўтадиган бўлса, уларга сабр қилади, бу нарса шогирднинг устозга бўлган ҳурматига таъсир қилмаслиги лозим. Устози унга азият етказиб қўйса, шогирд уни маъзур тутади, шунда гуноҳ ҳам маломат ҳам ўзида бўлади. Агар у шу йўлни тутса, дунё ва охиратда унинг манфаатини кўради.
Айтадиларки: «Кимки илмнинг қийинчиликларига сабр қилмаса, умри жаҳолат зулматида қолади. Кимки сабр қилса, дунё ва охиратда иззат топади». Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.): «Толибни эмас, матлуб(илм)ни азиз билдим» - деганлар.
Яна шундай дейилади: «Кимки бир соат бўлса ҳам машаққат чекмаган бўлса, у учун замон иплари узилгандир.»
• Шунингдек, илми толиб илм олишда барча вақтини ғанимат билиб жидди-жаҳд қилади, кўп илм эгаллаш мумкин бўлгани ҳолда ози билан қаноатланмайди. Зерикиш ёки эгаллаган илмини йўқотиш хавфи бўлса, нафсига ортиқча юк юкламайди. Бу ҳар бир инсонда ўз холатига қараб ҳар хил бўлади.
Агар мажлис(дарсхона)га кириб, у ерда устозини топмаса ва устози унга қаршилик билдирмаган бўлса, унинг эшиги олдида қачон (қай вақт) топшириши(ўқиши)ни аниқ билган ҳолда кутиб туради, чунки устози уни бошқа пайтда ўқитмайди. Агар устозини ухлаётган ёки бошқа талабалар билан машғул ҳолатида топса, киришга изн сўрамайди, балки сабр қилиб кутиб туради ёки кетади. Сабр қилиб кутиш афзалдир, зеро ибн Аббос (р.а.) ва бошқалар ҳам шундай қилган эдилар.
• Шогирд бўш вақтида, куч-қувватга тўлиб-тошган (ёшлик) пайтида ҳаёли чалғимасдан, турмуш ташвишлари кўпаймасдан ёки бирор мансабга кўтарилмасдан олдин илм олишга бор куч-ғайратини сарфлаб, жидду жаҳд қилиши лозим.
Амийрул муъминийн Али (р.а.) айтадтлар: «Бошлиқ этиб сайланмасингиздан олдин динда фақиҳ бўлинглар». Ушбу жумланинг маъноси шуки, инсон кимгадир тобелик пайтида бошлиқ бўлмасидан олдин қобилияини сарфлаб, илм олишга жиду жаҳд қилсин. Чунки инсон бирор бир мансабга кўтарилса, ишлари кўпайиб кетиб, илм олишга вақт ажратолмай қолиши мумкин. Имом Шофеъий (р.а.) ҳам шу хусусда: «Бошлиқ бўлмасингдан олдин илм ўрган, чунки бошлиқ бўлсанг, илм олишга имкон бўлмайди».
• Бомдод намозидан сўнг, яъни наҳор пайтида илм олиш фазилатли ва баракалидир.
Бу борада Набий (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: «Аллоҳим, умматимнинг барвақт қилган ишларини баракали қилгин». (Абу Довуд ва Термизий ривояти)
• Ўртоқлари ёки бошқаларга Аллоҳ таоло берган фазилат (иқтидор, зеҳн)га ҳасад қилмасин ва ўз нафсидан ҳам ажабланмасин, чунки Аллоҳ таоло унга шуни маъқул кўрган.
• Ҳасаддан тийилишнинг йўли бу – унга берилган фазилат Аллоҳ таолонинг ҳикмати эканлигини билишдир.
• Ўз нафсидан ажабланишнинг олдини олиш йўли эса барча эришаётган ютуқлари, ўз куч-қуввати билан эмас, балки Аллоҳ таолонинг унга берган фазлу карами туфайли эканлигини ёдда тутишдир, зеро барча яхшиликни Аллоҳ ато этади.

II боб.
1. Қуръонни кўтаргувчилар одоби

• Уларнинг одоблари қуйидагилардир:
- доимо гўзал хулқ-одобни ўзида намоён қилиш;
- Қуръонга бўлган ҳурмат юзасидан унда наҳий қилинган нарсалардан қайтиш;
- ёмон хулқлардан тийилиш;
- дунё аҳлидан етган жабру жафоларга сабр қилиб, уларни авф этиш;
- солиҳ, аҳли фазл ва мискинларга камтарона муомалада бўлиш;
- қалблари доимо хушуъли, ўзлари эса сокин ва виқорли бўлиш (ва шу каби) лардир.
Умар ибн Хаттоб (р.а.) айтадилар: «Эй, қорилар жамоаси, бошингизни кўтаринг, сизларга (Қуръон орқали) йўлингиз белгилаб берилди, яхшиликларга шошилинг ва (дунё ва охират ишларини баробар олиб боринг) одамларга ҳожатманд бўлиб қолманг».
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) шундай дейдилар: «Қуръонни кўтаргувчи инсон бошқа одамлардан қуйидаги сифатлар билан ажралиб турмоғи лозим:
- одамлар уйқудалик вақтида намозда қоим туриши;
- одамлар рўза тутмаган вақтларида у соим бўлиши;
- одамлар хурсандчиликдан кулганларида унинг (охират) ғам-ташвишида бўлиб, кўзи намланиши;
- одамлар беҳуда лағв сўзларга берилганда у сукут сақлаши;
- одамлар мағрурланиб кибр-ҳавога берилганларида унинг хушуъли бўлиши».
Ҳасан ибн Али (р.а.) айтадилар: «Сизлардан олдинги қавм Қуръонни Роббиларидан келган мактуб деб билиб, уни кечалари ўқиб тадаббур қилар, кундузи эса уни ҳаётга тадбиқ этардилар».
Фузайл ибн Иёз (р.а.) айтадилар: «Қуръонни кўтаргувчи ўз ҳожатини чиқариш мақсадида халифа, султон ва бошқаларнинг эшигини қоқмасин».
У киши яна шундай дейдилар: «Ҳомилул Қуръон Ислом байроғини кўтариб юргувчидир. У Қуръон ҳаққига эҳтиром юзасидан беҳуда ўйин-кулгига берилмаслиги, хато қилгувчилар билан бирга хато қилмаслиги ва лағв – бемаъни гаплар билан машғул одамлар ила бирга лағв сўзларини сўзламаслиги лозим».
• У Қуръонни тирикчилик манбаи қилиб олишдан эҳтиёт бўлмоғи лозим. Абдураҳмон ибн Шубайл (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.) дан ривоят киладилар: «Қуръонни ўқинглар, лекин унинг оркасидан ризқ еманглар, уни ташлаб ҳам қўйманглар ва унда ғулув (ҳаддан ошиш) га ҳам кетманглар».
Қуръондан таълим берганлик учун ҳақ олиш борасида уламолар ўртасида ихтилофлар мавжуд. Имом Абу Сулаймон Хаттобий бу учун ҳақ олишни манъ қилганлар. Зуҳрий ва Абу Ҳанифа (р.а.) лар ҳам шу фикрдалар. Ҳасан Басрий, Шаъбий ва ибн Сийрийнлар эса, агар олдиндан шартлашиб олинмаса, (кўнгилдан чиқариб берилган нарсани) олишга ижозат берганлар. Ато, Молик, Шофеъий ва бошқалар ҳақни шартлашиб, сўнг уни олиш ҳам жоиз эканлигини айтадилар. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган.
• Қуръонни кўтаргувчи тиловатда бардавом бўлиш ва кўпроқ вақтини унга ажратиши лохим. Салаф уламолар (р.а.)нинг Қуръонни хатм қилиш тарзлари турлича эди. Баъзи салафлар (р.а.) икки ойда бир марта, баъзилар бир ойда бир марта, баъзилар ҳар ўн кунда бир марта, баъзилар ҳар саккиз кунда бир марта, баъзилар етти кун, олти кун, беш кун, тўрт кунда бир марта, кўпчилик уламолар ҳар уч кунда бир марта, баъзилар бир кунда уч марта, ҳаттоки бир кунда саккиз маротаба хатм қилгувчилар ҳам бўлган, яъни тунда тўрт марта, кундузи тўрт марта.
Ушбу муддатлар ҳар кимнинг фикр теранлиги, қобилияти ва маърифатининг етуклигига қараб турлича бўлади. Кимки илм тарқатиш ёки бошқа муҳим дин ишлари ва мусулмонларга манфаат келтирадиган бир амал билан машғул бўлса, ишига ҳалақит бўлмаслиги учун тиловат муддатини ўзи қодир бўлганча белгилайди. Агар юқорида зикр қилиб ўтилганларидан бошқа, унча муҳим бўлмаган ишлар билан машғул бўлса, дунёвий ишига ҳалал бермаган ҳолда тиловатни кўпайтирган маъқул.
Ўтган уламолардан кўпчилиги бир кунда бир марта хатм қилишни кариҳ кўришган. Бунга Амр ибн Ос (р.а.)дан қилинган саҳиҳ ҳадисни далил қилиб келтиришган. Расулуллоҳ (с.а.в.)айтадилар: «Қуръонни уч кундан кам (муддат ичида) ўқиб чиққан одам унинг (маъноларини) тушунмайди». (Абу Довуд, Термизий. Насоий ва бошқалар ривояти, Термизий ушбу ҳадисни ҳасан-саҳиҳ деганлар)
• Қуръонни бошлаш ва хатм қилишнинг ҳафта кунларидаги вақти турличадир, ҳар кимнинг ўз ихтиёрига боғлиқ. Абу Довуддан қилинган ривоятда айтилишича, Усмон ибн Афон (р.а.) Қуръон тиловатини жума куни кечаси бошлаб, пайшанба куни кечаси хатм қилар эдилар. Умар ибн Мурра тобеъин айтадилар: «Улар Қуръонни туннинг ёки куннинг аввалида хатм қилишни яхши кўрар эдилар». Талҳа ибн Мусарриф тобеъин айтадилар: «Кимки Қуръонни наҳорнинг бирор бир соатида хатм қилса, бир малоика унга кечга қадар, шунингдек, туннинг қай бир соатида хатм қилмасин бир малоика унга тонг отгунга қадар саловот айтиб туради».

2. Кечалари Қуръон тиловат қилишнинг фазилати

• Қуръон ўқигувчилар учун ихтиёр қилинган вақтларнинг энг афзали кечасидир.

Аллоҳ таоло айтади: «Аҳли Китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри (йўлдаги) жамоат ҳам бор. (Ўша зотлар) Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирадилар, яхши амалга буюриб, исён-гуноҳдан қайтарадилар ва яхшиликлар қилишга шошиладилар. Анна ўшалар солиҳ бандалардир». (Оли – Имрон , 113-114)
Расулуллоҳ (с.а.в.) дан собит бўлган саҳиҳ ҳадисда, у киши (с.а.в.) айтадилар: «Абдуллоҳ яхши йигитку, қанийди кечалари намоз ўқиса эди».
Яна бир ҳадисда у зот (с.а.в.) шундай дейдилар: «Эй Абдуллоҳ, кечалари намоз ўқиб юриб сўнгра уни тарк қилган фалончи каби бўлмагин».
Саҳл ибн Саъд (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қиладилар: «Мўминнинг шарафи – кечаси қоим бўлишлигидадир». (Имом Табароний ва бошқалар ривояти)
Бу хусусда кўпгина ҳадис ва уламоларнинг қавллари бор. Абу Аҳвас Жушаммий айтадилар: «Бир киши кечаси аҳли аёлининг эшигини тақиллатиб, у ерда ҳудди асаларининг ғўнғиллаши каби овоз эшитди. Сўнг айтдики: Эй, сизларга нима бўлдики, (Аллоҳдан) қўрқиб, унга тоат-ибодат қилиш ўрнига тинч, ҳамма нарсадан беғам ва ғофил ҳолда ўтирибсизлар?!»
Иброҳим Нахаъий шундай дер эдилар: «Қўй ёки эчкиларни соғиш сизларни чарчатиб қўйса ҳам, кечаси Қуръондан тиловат қилинглар».
Язид Раққоший айтадилар: «Агар мен ухласам, сўнг уйғонсам ва яна ухласам, лекин икки кўзим ухламайди».
Кечалари намоз ўқиш ва қироат қилишнинг афзал кўрилишига сабаб шуки, кечаси қалб тинч ҳолатда, ҳар хил чалғитувчи, фитнага солгувчи нарсалардан узоқ бўлади, инсон дунё ташвишларидан бўшаб роббисига сиғинади ва бундай ҳолда риё ва амалларни ҳабата (бекор) қилгувчи иллатлардан асраниши осонроқ кечади. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг энг ката мўъжизаларидан бўлмиш Исроъ ва Меърож воқеалари ҳам кечаси содир бўлган эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: «Раббингиз ҳар кечаси туннинг ярми ўтганида дунё осмонига тушиб шундай дейди: «Бирор дуо қилгувчи борми, мен унга ижобат қиламан…» (Саҳиҳи Муслимга қаралсин)
Шуни билингки, кечаси қоим бўлиш ёки Қуръон қироат килиш фазилати оз амални кўпайтиради. Агар янада кўп бўлса, шу афзалроқ, лекин бутун тунни қоим ҳолда ўтказишга одатланиш, унга қийинлик қилади, у бу ишда давомли бўла олмай, ўз нафсига ҳам зарар етказиши мумкин.

Туннинг маълум бир қисмини қоим ўтказиш тўғрисида Амр ибн Ос (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.) дан қилган ривоятида: «Кимки (кечаси) Қуръондан ўн оят ўқиса, «ғофиллардан эмас» деб ёзилади, кимки юз оят ўқиса, «тақводор-ихлосли бандалардан» деб ёзилади». (Абу Дардо ва бошқалар ривояти)
Саълабий ибн Аббос (р.а.) дан ривоят қиладилар: «Кимки кечаси икки ракат намоз ўқиса, Аллоҳ йўлида сажда қилган ва қоим бўлган ҳолида тонг оттирибди». Қуръонга катта масъулият билан қараш, уни унутиб юборишдан огоҳлантириш хақида Абу Мусо Ашъарий (р.а.) Набий (с.а.в.)дан ривоят қиладилар: «Қуръонни такрорлаб туринглар, Аллохга қасамки, у ўз арқонига боғлаб қўйилган туядан ҳам кўра қочгувчироқдир». (Бухорий ва Муслим ривояти)

Ибн Умар (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг шундай деганларини ривоят қиладилар: «Ҳофизи Қуръон ҳудди боғлаб қўйилган туянинг эгасига ўхшайди, агар уни маҳкам тутса, ушлаб қолади, агарда бўш қўйса, у қочиб кетади». (Бухорий ва Муслим ривояти)

Анас ибн Молик (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қиладилар: «Менга умматимнинг ажр-мукофотлари, ҳаттоки бир кишининг масжиддан олиб чиқиб ташлаган кичкинагина ҳас чўпи (учун олган савоби)гача кўрсатилди. Ва менга умматимнинг гуноҳлари ҳам кўрсатилди, улар орасида бир кишига Қуръондан бир сура ёки оят берилиб, сўнгра уни унутиб юборганичалик катта гуноҳни кўрмадим». (Абу Довуд ва Термизий ривояти)

Саъд ибн Убода (р.а.) Набий (с.а.в.)дан ривоят қиладилар: «Кимки Қуръонни ўқиб-ўрганиб, сўнгра уни унутиб юборса, Аллоҳ (аззава жалла)га Унинг ғазабига дучор бўлган ҳолида йўлиқади».

 

3. Кечаси ўз вазифаси (Қуръон тиловати, таҳажжуд намозини ўқиш) ни адо этмай ухлаб қолган киши хақида

Умар ибн Хаттоб (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қиладилар: «Кимки кечаси белгиланган вазифасини бажармай ухлаб қолса, ва уни бомдод ва пешин намозлари орасида ўқиса, ҳудди кечаси ўқиганлик савобига эга бўлади». (Муслим ривояти)
Сулаймон ибн Йасар (р.а.) Абу Усайд (р.а.)нинг шундай деганларини ривоят қиладилар: «Кеча Қуръондан ўқишим лозим бўлган вазифамни адо этмай, ухлаб қолибман, ҳатто тонг отибди. Уйқудан тургач, истиржоъ айтдим, ўқишим лозим бўлган вазифам «Бақара» сураси эди ва ўша куни тушимда бир сигир мени сузаётганини кўрдим». (Абу Довуд ривояти)
Ибн Абу Дунёдан ривоят қилинишича, баъзи Қуръон ҳофизлари кечаси кунлик вазифаларини ўқимай ухлаб қолганларида, уларга тушларида шундай дейилар эди: «Тани бақувват, соғ-саломат йигитнинг саҳаргача ухлаб ётишидан ажабланаман, зеро кеч киргач, тун қоронғулигида ўлимнинг шиддат билан бостириб келмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди».

III боб
Қуръон одоблари

Бу боб китобнинг асосий қисмларидан бўлиб, бу тўғрисидаги маълумотлар ҳаммага яхши маълумдир. Мен бу ерда фақатгина Қуръон ўқигувчига керакли бўлган энг муҳим нарсаларни эслатиб ўтиш билан чекланаман.
• Аввал айтиб ўтганимиздек, энг биринчи галда Қуръон ўқигувчи - қори ихлосли бўлмоғи, Қуръон одобларига тўлиқ амал қилмоғи лозим.Тиловат асносида ўзини Аллоҳ таолога муножот қилаётгандек тасаввур қилсин ва Аллоҳни кўриб тургандек ҳолатда бўлсин, гарчи у кўрмаса ҳам Аллоҳ таоло кўриб тургувчидир.
• Қироат қилишдан аввал оғзини мисвок ёки бошка воситалар билан тозалайди. Мисвокнинг энг афзали Арок дарахтидан бўлганидир.
- Мисвок ишлатишни оғизнинг ўнг томонидан бошлайди ва бу билан суннатни адо этаётганини ният қилади.
- Мисвок чўпи ўртача бўлиши, жуда қуруқ ёки жуда ҳўл ҳам бўлмаслиги керак. Агар мисвок ўта қуруқ бўлса, уни сув билан юмшатилади.
Бундан ташқари бошқа дарахт шохлари ва тишни тозалаши мумкин бўлган воситаларни ҳам ишлатса бўлади. Чунки оғиз қон ёки бошқа нарсалар билан кирланган бўлса, уни ювиб ташламасдан олдин Қуръон тиловат қилиш кариҳ (ёмон) саналади.
• Қуръон таҳоратлик ҳолатда қироат қилинади. Бу хусусда ҳадиси шарифлар бисёр. Агар сув топмаса, таяммум қилади. Жунуб бўлган (одам) ва ҳайз кўраётган аёл бир ёки ундан кам миқдорда бўлган оятни ўқишлари харомдир. Аммо ҳарфларни талаффуз қилмасдан уни қалбдан ўтказсалар бўлади, шунингдек, улар мусҳафга назар солсалар ҳам жоиздир. Жунуб киши ва ҳайз кўрган аёл тасбеҳ, таҳлил, таҳмид, такбир айтишлари ва пайғамбаримиз (с.а.в.)га саловотлар йўллашлари мумкин. Бунга уламолар иттифоқ қилишган.
Қуръон оятини ният қилмаган ҳолда, мусибат етган пайтда «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» дейишлари, уловга минаётганда «Субҳаналлазий саххоро лана ҳаза ва ма кунна лаҳу муқринийн» деб айтишлари ва дуо қилаётган пайтда Қуръонни ният қилмаган ҳолда «Роббана атина фид-дуня ҳасанатан ва фил-ахирати ҳасанатан ва кина азабан-нар» дейишлари ҳам жоиздир.
• Жунуб киши ёки ҳайзли аёл сув топа олмасалар, улар ҳам таяммум қиладилар, шундай қилиб уларга қироат килишлари, намоз ва бошқа амалларни бажаришлари мумкин бўлади. Агар таяммум қилиб сўнгра намоз ўқиса ёки қироат қилса, шундан кейин сув топилиб колса, яна бошидан таҳорат олади ва агар сув топилгач таҳоратини янгиламаса, унга ҳам юқорида санаб ўтилган амал ҳаром ҳисобланади.
• Қироат қилиш учун пок ва тоза жой танланиши лозим. Шунинг учун кўпгина уламолар «масжидда қироат қилиш мустаҳабдир» деганлар, чунки у ерда доимо озода бўлади, бошқа бир тарафдан масжиднинг ҳурмати ва шарафини ҳам эътиборга олмоқ лозим.
Абу Майсара шундай дейдилар: «Аллоҳ фақтгина пок жойда зикр қилинади».
• Йўлда ёки сафарга кетаётганда қироат қилиш, агар қироат килаётган одам адашиб кетмаса, жоиздир. Агарда қироатда ҳаёли чалғиса ёки янглишса, у ҳолда йўлда тиловат қилиш макруҳ. Набий (с.а.в.) мудроқ ҳолдаги кишига қироат килишдан қайтарганлар, чунки бунда одам адашиб, нотўғри қироат қилиб қўйиши мумкин.
Абу Дардо (р.а.) йўлда қироат қилиб кетар эдилар. (Абу Довуд ривояти)
• Намоздан ташқарида ҳам қиблага юзланиб тиловат килиш мустаҳабдир. Ҳадисда шундай ворид бўлган: «Мажлисларнинг энг яхшиси унда қибла томонга қараб ўтиришдир». Қуръон ўқигувчи қори сокин ва виқор билан, бошини қуйи солиб, ҳудди устози олдида одоб сақлаб турган шогирддек ўтириши лозим. Қироатни туриб ёки тўшагида ётган ҳолда ҳам қилса бўлади, лекин ўтириб қироат қилишлик афзалроқ.

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир Яратувчи ва Бошқариб тургувчи Зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар бордир. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни зикр қиладилар ҳамда осмонлар ва Ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): «Парвардигоро, (борлиқ)ни бехуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда Бирон иш қилиш айбидан) поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагин!» (Оли-Имрон сураси, 190,191)

Саҳиҳ санадли ҳадисда Оиша (р.а.) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) мен ҳайз кўраётган ҳолатимда ҳам тиззамга суяниб Қуръон ўқир эдилар». (Бухорий ва Муслим ривояти)
Бошқа бир ривоятда эса, «Бошларини тиззамга қўйган ҳолда Қуръон ўқир эдилар» деб айтилган.
Абу Мусо Ашъарий (р.а.) айтадилар: «Мен Қуръонни намозда ҳам, ётоғимда ҳам ўқийман».
Оиша (р.а.)эса шундай деганлар: «Дарҳақиқат мен Қуръонни тўшагимда ётган ҳода ҳам ўқийман».
• Қуръон ўқигувчи қироатни бошлашдан аввал «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм» деб айтади. бу жумҳур уламоларнинг қавл (гап) ларидир.
Баъзи уламолар эса таъаввузни қироатдан кейин айтади, дейишади. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини далил қилиб келтирадилар.

Аллоҳ таоло айтади: «Қачонки Қуръон ўқисанг, албатта малъун шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрагин!» (Наҳл сураси, 98)
Лекин кўпчилик уламолар фикрича таъаввузни қироатдан олдин айтилади.
Энди таъаввузни қандоқ айтилишига келадиган бўлсак, кўпчилик салаф уламолар «Аъузу биллаҳис-самийъул алийм минаш-шайтонир рожийм» тарзида айтишарди. Ушбу сийға (шакл) ҳам мақбул, лекин энг афзали биринчиси (яъни «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм») дир.
Қироат аввалида таъаввузни айтиш мустаҳабдир, вожиб эмас, хоҳ у намозда ёки бошқа ҳолларда бўлсин. (Баъзи тоифадаги уламолар уни айтишлик вожиб деганлар, шу сабабли, айтмасликдан кўра, айтишлик афзалдир). Шунингдек, «Тавба» сурасидан бошқа ҳамма суралар аввалида «Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм»деб айтиш лозим. Агар басмалани тарк қилса, кўпчилик уламоларнинг фикрича Қуръоннинг одобини бузган ҳисобланади.
• Қироат давомида ўзини хушуъ ҳолатида тутиб, тадаббур билан ўқиши лозим. Бу ҳар бир қорийдан матлубдир. Шундай қилинса, кўнгиллар очилиб, қалблар нурланади ва иймон янада зиёдалашади.
Аллоҳ (азза ва жалла) шундай дейди: «Ахир улар Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?» (Нисо сураси, 82)

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад(с.а.в.), Ушбу Қуръон барча одамлар) оятларини тадаббур қилишлари учун Биз Сизга нозил қилган бир муборак Китобдир». (Сод сураси, 29)
Бу хусусда ҳадислар кўп ва салафларнинг қавллари ҳам маълум ва машҳурдир. Баъзилар биргина оятни тадаббур қилиб, уни тонггача такрорлаб чиқар эдилар. Баъзи солиҳлар айтадилар: «Қалбнинг давоси беш нарсадир:
- тадаббур билан Қуръон ўқиш,
- қориннинг бўш бўлиши,
- кечалари (нафл) намозларида қоим туриш,
- саҳар пайтида Аллоҳга тазарруъ (дуо-илтижо) қилиш,
- орифлар суҳбатидан баҳраманд бўлиш».
Абу Зар (р.а.) дан ривоят қилинади: Набий (с.а.в.) биргина оятни ўқиб, уни тонг отгунча қайта-қайта такрорлаб чиқардилар. У оят ушбудир:
«Агар уларни азобласанг, улар сенинг (ожиз) бандаларинг». (Моида сураси, 118)
Тамим Дорий (р.а.) ҳам Ушбу оятни такрорлаб тонг оттирар эдилар: «Балки ёмонлик-гуноҳ касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ўйлагандирлар?!» (Жосия сураси, 21)
Убода ибн Ҳамза айтадилар: Мен Оиша (р.а.)нинг ҳузурларнига кирдим, у киши эса, «Мана, Аллоҳ бизларга марҳамат кўрсатди ва бизларни Самум (яъни, бандаларни илма-тешик қилиб юборгувчи дўзахий шамол)дан сақлади» (Тур сураси,27) оятини ўқиб туриб, уни яна қайтарар ва дуо қилар эдилар, ҳатто вақт чўзилиб кетиб, бу менга малол кела бошлади ва баъзи бир хожатларимни бажариш учун бозорга кетдим. Сўнгра қайтиб келсам, у киши ҳали ҳам ўша оятни қайтариб ўқиб, дуо қилар эдилар. (Ушбу ривоят Оиша (р.а.) тўғриларидаги қиссаларда келтирилади).
Ибн Масъуд (р.а.) «Айтинг: Парвардигорим илмимни янада зиёда қилгин» оятини кўп такрорлар эдилар.
Саид ибн Жубайр эса, «Ва (барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган Кундан қўрқингиз» оятини қайта-қайта ўқир эди. Шунингдек, у киши

«Улар (кофирлар) яқинда боражаклар Ўшанда (яъни, дўзахга ташланганларида) улар бўйинларида кишан ва занжирлар (билан) қайноқ сув томонга судралурлар, сўнгра оловда ёндирилурлар» (Ғофир сураси, 70-72) оятини кўп такрорлар эдилар.

Таржимонлар: Раҳимов Зиёвуддин
Абдуғофурова Севара