A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Шотибий ҳақида ҳикоялар
PDF Босма E-mail

Шотибий фақир киши эди, ундан шаҳридаги жоме масжидида хатиб бўлиши талаб қилинганида, хатиблар подшолар васфига ошиқча берилиб кетгани сабабли бу ишдан ўзини тортган. Кейин Имом Шотибий 572 санада ҳаж қилиш учун Мисрга сафарга отланди ва Искандарияга тушди. Бу ерда яшаб қолган Имом Ҳофиз Абу Тоҳир Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салафа Исфаҳоний ва бошқа олимлардан ҳадис эшитди.

Абу Шомма (розияллоҳу анҳу) Имом Шотибийнинг тақвоси ҳақида хабар бериб, айтади: «Менга шайхимиз Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад Саховий (розияллоҳу анҳу) айтиб беришича, Имом Шотибий ўз юрти бўлмиш Шотибани ташлаб, Миср диёрига кўчиб ўтишларига у зотдан ўз диёрида хатиб бўлишни талаб этишганида ҳаж зиёрати учун чиқиб кетгани сабаб қилиб келтирилган. У киши, имом бўлиб қолсалар, минбарларда подшоҳларни шаръан жоиз бўлмаган сифатлар билан мақташга тўғри келиб қолишидан тақво қилиб, Шотибага қайтмадилар. Қаттиқ қийинчиликка, фақирликка сабр қилдилар. Сўнг Қоҳирага келдилар. У ерда фазилатли қози у кишидан ўз мадрасасида Қуръондан сабоқ беришини сўради. У киши аввалги фақирлигида қолиш шарти билан рози бўлди».

Шотибий Мисрга борганларида, қози Фозил Абдурраҳим у кишининг ҳурматларини бажо келтириб, ўз мадрасаларида Қуръон ўқитувчи устозларга бош қилиб қўйди. У ерда қироат, луғат, наҳв ва бошқа фойдали илмлардан матонат билан сабоқ берарканлар, исмлари машҳур бўлиб, ҳар томонга ёйилди. Қуръон ўқитиш бўйича раислик даражасигача етдилар. Обрўлари ошиб, дарс учун ҳар тарафдан одамлар кела бошлади. Атрофдаги инсонлар у кишидаги илм саховатидан худди ер ёмғирдан манфаат олгандек манфаатланишди.

Султон Малик Носир Салоҳуддин Юсуф ибн Айюб Байтул Мақдисни фатҳ қилгач, 589 санада у киши (Шотибий) зиёратига бориб, Рамазон рўзасини бирга тутди. Ушбу йил зиёратдан қайтаётганида хосу омга манфаат бериш учун саёҳат уловини Фозилия мадрасасига чўктирди. Вафотигача шу ерда дарс бериб қолди.

Ушбу зикр қилинган мадрасани қози Фозил 580 санада ўз ҳовлиси олдидаги гулзор йўлга барпо қилган эди. Уни Шофиий ва Моликий фақиҳларининг бир гуруҳига вақф қилди. Битта катта хонасини Қуръон қироати учун ажратди. У ерда имом Абул Қосим ибн Файюро (Шотибий) шу соҳадан илм берарди. Сўнг унинг шогирди Абу Абдуллоҳ Қуртубий, кейинчалик яна бошқалар қироатдан дарс ўқитдилар.

Баъзи ишончли шайхларимиз ўз устозларидан хабар беришларича, Шотибий Фозилияда субҳ намозини ўқигач, қироатдан дарс беришга ўтирар эди. Кишилар ўқиб беришга навбат олиш учун бир-бирлари билан мусобақалашишни тунда бошлаб, у зот ҳузурига етиб келишар эди. Шотибий ўз ўринларига ўтиргач, «Ким биринчи келган бўлса, ўқисин», деган сўздан бошқани гапирмас эди. Сўнг биринчи келган кишининг, кейин ундан сўнг келган кишининг дарсини тинглар эди. Бир куни унинг бир дўсти тасодифан эрта келади ва шайх ўз ўринларига ўтиргач, одатга хилоф равишда: «Ким иккинчи бўлиб келган бўлса, ўша ўқисин», дейди. Иккинчи келган киши ўқишни бошлайди. Шериги биринчи келган бўлса ҳам, қолиб кетганидан ҳайрон бўлиб, бунинг сабабини билолмай, «Шайхнинг дарсидан маҳрум бўлишимга қайси гуноҳим сабаб бўлди экан», деб ўйланиб қолади ва ўша кечаси жунуб бўлгани, қироатга иштиёқи қаттиқлигидан ғусл қилишни унутгани ва уйқудан турибоқ шайх ҳузурига келганини эслайди. Шотибий бундан воқиф бўлгани учун унинг эмас, иккинчи келган кишининг ўқишига ишора қилган бўлади.

Сўнгра ҳалиги йигит Мадраса ёнидаги ҳаммомга югуриб боради ва ғусл қилиб, шайх ўша иккинчи киши қироатини тинглаб тугатмасиданоқ етиб келади. Кўзи ожиз шайх аввалги ҳолатида ўтирар эди. Иккинчи қори қироатини тугатиши билан у: «Ким биринчи келган бўлса, ўқисин», дейди. Йигит қироатни бошлайди. Мана бу ҳолат қориларнинг шайхларидан билганларимизнинг энг гўзал бир кўриниши бўлса, ажаб эмас. Шу пайтгача бу каби ҳолат кузатилганини билмаймиз.

Жамолуддин Абул Ҳасан Қифтий айтади: «Шотибий Қуръон ўқиб, наҳв ва луғат илмларидан ҳам таълим олди. Ёш йигитлик чоғидаёқ Қуръоннинг барча қироатлари борасида моҳир бўлди. Ҳали эллик ёшга етмасиданоқ атрофдаги инсонлар унга Қуръон ўқиб бериб, кўп манфаат олишди».

Жамолуддин Абул Ҳасан Қифтий яна шундай дейди: «(Шотибий) Мисрни ватан тутиб, «Амр ибн Ос» масжидида дарс беришга ўтирди. У ерда «Бану Ҳимярий» номи билан танилган қавмга куёв бўлди. Сўнг уни Фозил Абдурраҳим ибн Али Байсоний Қоҳирада қурдирган мадрасага кўчириб олиб бориб, дарвозахонанинг чап томонида унинг ўзи учун дид билан алоҳида чиройли бир хона тайёрлади. Шотибий шу ерда дарс берарди. Оиласи учун мадрасадан ташқарида алоҳида бошқа бир ҳовли ажратди. У зот (раҳматуллоҳи алайҳи) то вафотигача ана шу ерда яшади.

У зот (имом Шотибий) «Амр ибн Ос» масжидида азонни бир неча марта муаззинлардан бошқа кишилардан эшитган. Завол пайти улар саноғига етиб бўлмас эди.

Ибн Жазарий: Абул Маъолий ибн Айнул Фузалонинг «Мисбаҳ» номли китобида ушбу нарсани ўқиган эдим: «Имом Шотибий айтадилар: «Мен кетма-кет ўн кеча Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) равзаи шарифда кўриб, у зотга Қуръон ўқиб бердим. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга:«Аллоҳ сени шубҳалардан ҳимоя қилсин», деганлар».

Бу зот ҳақида бундан ташқари яна бир қанча машҳур ривоятлар ва ҳақиқий кароматлар мавжуд.

Имом Шотибий ҳузурларида бир фиқҳий масала туғилиб қолди. Шунда у зот бу хусусда ҳужжат айтиб, китоб келтиришни сўради ва: «Бу ҳақда фалон жойдан қидиринглар», деб, қайси бет, қайси ўрин ва қайси мавзуда келганигача айтиб бердилар. Талабалар далилларни айтилган жойдан топишгач: «Фиқҳни ҳам ёдлаганмисиз?» деб сўрашди. Имом Шотибий: «Мен бир туяга юк бўладиган китобларни ёдлаганман», дедилар. «Ундай бўлса, фиқҳдан дарс бермайсизми?» дейишди. У зот: «Кўрларники фақат Қуръондир», дедилар.

Куёви (қизининг эри) Абулҳасан Али ибн Шужаъ ибн Солим, − ҳам кўр бўлган, қироатни қайнотасидан олган, − шундай дейди: «Бир сафар ибн Варроққа «Усулул фиқҳ»ни ўқиб беришни хоҳлаган эдим, қайнотам буни эшитиб, мени чақиртирди. Ҳузурига борган эдим, қулоғимдан тутиб: «Усул» ўқимоқчимисан?» деди. Мен: «Ҳа» дедим. У қулоғимдан чўзиб: «Кўрнинг номатлуб иши унинг «усул» ўқишидир», деди».

Имом Шотибийнинг Аллоҳ таолога бўлган ишончи ва қалби кенглигига далолат қилувчи кароматларидан бири ҳақида шогирди Илмуддин Саховий бундай дейди: «Бир куни у зот менга: «Шайтон билан менинг ўртамизда суҳбат бўлиб ўтди. У менга: «Агар бундай қилсанг, сени ҳалок қиламан», деган эди, мен унга: «Билганингни қил, менга барибир», дедим», деди».

Имом Шотибий яна шундай деди: «Йўлда кетаётганимизда, шеригим ортда қолиб кетди. Мен уловда эдим. Шунда икки номаълум шахс келиб, улардан бири мени қаттиқ ҳақорат қила бошлади. Мен «истиъоза»ни айтдим. У бир оз муддат ҳақорат қилишида давом этиб турди. Шунда иккинчиси: «Уни тарк қил, фойдаси йўқ», деди. Шу пайт шеригим ҳам етиб келиб қолди. Унга бўлган воқеани айтиб берган эдим, у ёқ-бу ёққа қараб, ҳеч кимни топмади».

Имом Шотибий дарс беришга ҳеч ҳам таҳоратсиз ўтирмас эди. Муаззин намозга азон айтса, ўрнидан туриб, ўзини тартибга келтирар, таҳоратга эҳтиёж сезса, таҳорат қилар, эҳтиёж сезмаса, шу ҳолида намоз ўқир эди. Дарс давомида тиловат саждасини ўқиса, сажда қилмас эди, шунингдек, унга ўқиб бераётган ҳам сажда қилмас эди. Устозларининг йўли шундай эди. Чунки устоз-шогирднинг ҳолати мустақил ўқувчи ҳолатидан фарқ қилади. Агар устоз-шогирдга тиловат саждаси лозим қилинса, машаққат ва муаммо келтириб чиқаради. Бир гуруҳ уламолар устозга ўқиб берилаётган пайтда тиловат саждасини тарк қилиш мумкинлигига ижмоъ қилганлар. Улар бунга Бухорий ва Муслим Зайд ибн Собитдан ривоят қилган: «Мен Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Нажм сурасини ўқиб бердим, у зот сажда қилмадилар», деган ҳадисни далил келтирадилар.

Ҳикоя қилинишича, Имом Шотибий Маккага кетаётганда йўлда бир дарахт олдидан ўтаётиб шохга тўқнаш келмаслик учун ходимининг кўрсатмаси билан бошини эгиб ўтди. Ҳаж қилиб қайтаркан, яна шу жойга етганда, ҳеч ким айтмаса-да, бошини экканича илгарилади. Сабаби сўралганда, шу ерда дарахт бўлганини айтди. Кавлаб кўришиб, ўша кесилган илдизни топишди.

Ҳикоя қилинишича, Имом Шотибийга яқин жойда ўтирган икки киши баҳслашиб кетиб, бир-бирларини туркий тилда ҳақорат қила бошлашди. Шунда Шотибийдан нима деяётганлари ҳақида сўралди. У зот улардан бирини сўроқ қилиб, ўнг тарафига ўтирғизди. Сўнг иккинчисини сўроқ қилиб, чап томонига ўтирғизди ва: «Мана буниси бундай-бундай, деган эди, униси бундай-бундай, деб жавоб қайтарди. Сўнг буниси бундай-бундай, деган эди, униси бундай-бундай жавоб қайтарди», дея бўлган воқеани охиригача туркий тилда айтиб берди. Ваҳоланки, у зот бу тилни билмас эди.

Имом Шотибий ҳақида бизга шундай ривоят етиб келган: «У: «Ким ушбу қасидамни ўқиса, албатта, Аллоҳ у билан манфаатлантиради. Чунки мен уни Аллоҳ таолонинг розилиги учунгина назмлаганман», деган». Дарқақиқат, унинг баракаси машриқу мағрибни қамраб олган.

Имом Жазарий: «Ломиййа» нусхаси устига битиб қўйилган қуйидаги матнни кўрганман: «Шотибийдан ривоят қилинишича, ким бу қасидани ёдласа, жаннатга киради». Ушбу ёзувни ўқиган қорилардан бири бу ҳақда сўраш учун унинг ҳузурига боради. Сўралмасидан туриб, у зотнинг кароматлари сабабли аён бўлган ҳолда: «Ҳа, ким ёдласа, жаннатга киради, ҳатто ким вафот қилса-ю, ушбу қасида уйида бўлса ҳам, жаннатга киради», деган.

Ривоят қилинишича, Имом Шотибий қасидани тугатиб бўлгач, Пайгамбарни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) туш кўрганлар. Тушларида у зотнинг ҳузурларида туриб: «Эй Расулуллоҳ! Мана бу қасидани қаранг», дея уни қўлларига тақдим қилганларида, (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам) уни муборак қўлларига олиб: «Бу муборакдир. Ким уни ёдласа, жаннатга киради», деганлар.

Ким буни ёдласа, албатта, фойда топган. Чунки назм қилувчи (Шотибий) қасидани тугатгач, китобни қўлида тутган ҳолда Каъба атрофини ўн икки минг шавт (84000 марта) тавоф қилиб, уни ўқувчи ҳақига: «Эй Еру Осмонни Яратувчи, яширин ва ошкора ишларни Билувчи, ушбу буюк Каъбанинг Парвардигори бўлган Аллоҳим! Буни ҳар бир ўқиган инсонга манфаатли этгин», дея дуо қилган.

Фаъсий «Макка тарихи» номли китобида Муҳаммад ибн Исмоил ибн Юсуф Ҳалабийнинг таржимаи ҳолларида шундай дейди: «У зот бир жойда Қуръон ўқир ва бошқа бир жойда унга ўқиб берилар, сўнг уни ёзар ва шу даражада тўғри ёзардики, қайта-қайта ёзса ҳам, бирор нарса қолиб кетмас, бепарволикка йўл қўймас эди».

Имом Шотибий ризқлари тугаб, ажаллари етиб, вафот қилганда, жонлари чиқиши билан бирга кўзларидан ёш ҳам чиққан. Барча одамлар унинг дунёга умуман рағбати бўлмаганини айтиб, «Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун» деганлар.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Аллоҳ таолонинг Раъд сураси, 41-оятини «Ернинг хароб бўлиши уламолари, солиҳ ва шарафли кишилари вафоти билан бўлади», деб тафсир қилганлар. Мужоҳид ҳам шу гапни айтганлар.

Ибн Масъуд: «Олимнинг ўлими Исломдаги бир ёриқдир. Уни кеча ва кундузнинг ўзгаришидан бирор нарса тўлдирмайди», деганлар.

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу) Пайгамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қиладилар: «Албатта, Аллоҳ таоло илмни инсонлардан бутунлай тортиб олмайди. Лекин уламолар ўлими сабабли тортиб олади. Қачонки бирорта олим қолмаса, одамлар жоҳилларни ўзларига бош қилиб оладилар. Улардан сўрасалар, илмсиз фатво берадилар. Натижада, адашадилар ва бошқаларни ҳам адаштирадилар». Бу ҳадис саҳиҳ бўлиб, Имом Бухорий ва Муслим тахриж қилганлар.

Шотибий ҳижрий 590 сана, жумадул охир ойининг йигирма саккизинчи, якшанба куни аср намозидан кейин 52 ёшида вафот этди ва душанба куни Султон Салоҳиддин Юсуф ибн Айюбнинг вазири, дўсти ва кўмакчиси ҳамда «Иншо» девонининг соҳиби қози Абдурраҳим ибн Али ибн Ҳасан Қозий Лахмий Асқалоний Мисрий қабрига дафн қилинди.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайннинг шундай деганларини эшитдим: «Мен 580 йили ҳаж қилдим.Ўша жойда бир жамоанинг «Ким ёшлигию катталигида Аллоҳга ҳеч ҳам осий бўлмаган киши орқасида намоз ўқимоқчи бўлса, Абул Қосим Шотибийнинг орқасида намоз ўқисин», деган гапларини эшитдим».

Тож ибн Субкий айтади: «Шотибий тақводор уламолардан ва Аллоҳнинг мухлис бандаларидан эди».