A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail

Ўзбекистонда ХХII қорилар мусобақаси

Абдулмалик қори
PDF Босма E-mail

Normal 0 false false false RU X-NONE AR-SA

Абдулмалик қори

 

Абдулмалик қори ака ўтган асрда яшаб, ўзларининг қисқагина ҳаётлари давомида Қуръони Каримни ёд олиб, унинг нури билан дилларни мунаввар этган, илму амали, ахлоқу одоби билан каттаю кичик − барчага бирдек манзур бўлган, Қуръон ва илм йўлида эл‑юртга катта хизмат қилган динимиз намояндаларидан эдилар.

У киши оқ юзли, келишган, хушсурат ва хушовоз инсон бўлиб, овозлари жарангли, тинглаганки кишини ўзига ром этадиган ёқимли эди. Абдулмалик қори ака ажойиб истеъдодлар соҳиби эдилар. У кишининг зеҳнлари, хотиралари шу қадар кучли эдики, эшитган нарсаларини дарҳол ёдлаб олар ва ёдлаганларини деярли унутмас эдилар. Абдулмалик қори ака шеърлар ёзишни ҳам машқ қилиб турар, катта ҳофизларнинг ибратли қўшиқларини бир-икки марта эшитишлари билан худди ўзидек қилиб айта олардилар. У киши ниҳоятда зийрак, сўзамол, ҳозиржавоб, кенг феълли инсон эдилар. Абдулмалик қори аканинг суҳбатидан баҳра топган киши беихтиёр яна у киши томон талпиниб қоларди. Шунингдек, у зот илму тақвоси, сабру ҳилми, гўзал ахлоқи билан барчага намуна эдилар.

Абдулмалик қори ака 1937 йил 5 майда (1310) Андижон вилояти Ҳаққулобод шаҳрида таваллуд топганлар. Ўша дамларда оталари Абдурраҳим НКВД (Ички Ишлар Халқ Комиссарияти)да ишларди ва иш жойидан Ҳаққулободга ишга жўнатилган эди.

Абдурраҳим ака (1895-1988 йй.) асли Андижон вилоятининг Ойим қишлоғида таваллуд топган. Унинг отаси Абдурраззоқ уста аҳли илм бўлиш билан бирга, жуда ҳам машҳур дурадгор бўлган. У ўз қишлоғи Ойимда ҳам кўплаб катта иншоотлар, масжидлар қурилишида бош бўлган. Жумладан, қишлоқдан ўтган катта сой устидаги Қорағулом кўприги қурилиши ҳам илк бор Абдурраззоқ уста бошчилигида амалга оширилган. Шунинг учун ҳам уни Назарбоши уста деб номлашарди. Айтишларича, у Самарқанддаги Улуғбек мадрасасини қайта таъмирлаш мақсадида тузилган катта усталар гуруҳида ҳам қатнашган экан. Абдурраззоқ уста айни вақтда оиласининг динпарвар устози ҳам эди. Аёли Оққизга илм-маърифатдан унинг ўзи таълим берган экан.

Абдурраззоқ ўғли Абдурраҳим мазкур оиланинг саводли, ишбилармон, уддабурон вакили бўлганлиги учун уни қишлоқда Мулла Абдурраҳим ҳам деб аташарди. Унинг ўзи илм йўлида фаолият олиб бормаган бўлса-да, илм-маърифат аҳлига муҳаббатли, хайрихоҳ, шу билан бирга, аччиғи тез, сиёсатли инсон эди. Мулла Абдурраҳим бир нечта давлат муассасаларида ишлаган ва айрим сабабларга кўра икки-уч бор қамалган.

Биринчи бор у киши 1920 йили совет ҳукумати томонидан «босмачилар»га ёрдам берганликда айбланиб, қамоққа олинади. Қамоқхонада унинг Умар Валад деган дўсти ишларди. У ораларидаги маълум шартга кўра дўстини қамоқхонадан қочириб юборишга муваффақ бўлади. 1929 йили биринчи турмуш ўртоғи Ойимхон отин вабо касалига чалинади ва оламдан ўтади. Шундан сўнг бир ўғил, тўрт қиз ота тарбиясида қолади.

Абдурраҳим ака 1935-36 йилларда Ҳаққулобод милиция органида раҳбарият лавозимида ишлаётган кезлари иш юзасидан ўн олти ёшли Шукринисо исмли қизни кўриб, ёқтириб қолади ва унга уйланади. Қизнинг отасининг исми Маҳмуд, онасининг исми Биби Ҳавво бўлиб, улар Избоскан туманидан эдилар. Шукринисохон ниҳоятда сабрли, итоатли, ҳилмли ва ибодатли аёл бўлган.

Келаси йили Аллоҳ таоло уларга бир ўғил фарзанд ато қилади. Чақалоқнинг кўзлари кўкимтир эди. Шифокорлар бу ҳолат туғма эканлигини ва уни даволаб бўлмаслигини айтишади. Бунга онанинг ҳомиладорлик даврида қизамиқ билан қаттиқ оғриганлиги сабаб бўлган, деб тахмин қилишади. Аввалига боланинг чап кўзи ғира-шира бўлса-да, бироз кўргандек бўлади, аммо вақт ўтиши билан у бутунлай кўр бўлиб қолади. 1938 йили Абдурраҳим оиласи билан яна Ойим қишлоғига қайтади.

Абдулмалик саккиз ойлик пайтида онаси Шукринисохон туш кўради. Тушида бир нуроний киши (уни фаришта деб билади) келиб, қўлидаги бир ҳовуч тиллани унга узатар экан: «Буни олиб, болани менга бер, мен уни еттинчи осмонга олиб чиқиб кетаман», дейди. Она қаттиқ қўрқиб, ўйғониб кетади ва бехосдан ёнидаги бола ётган бешикни қучоқлаб олади. Сўнг кўрган тушини эрига айтиб беради. Абдурраҳим уни тинчлантиришга ҳаракат қилади. Шукринисохон она Ойимга келганида қишлоқнинг илмли ва фазилатли аёли Ойимхон отинга тушида кўрганларини айтиб беради. Ойимхон отин: «Бунда бир ҳикмат бор, ҳали Худо хоҳласа бу бола хосиятли одам бўлади», дея, тушга яхши таъбир айтиб, онага далда беради.

Болага кўпроқ унинг ўгай опаси Миносхон (Сарвинозхон) қарар, қўлида кўтариб, ювиб-тараб, парвариш қилар эди.

Аллоҳ таоло Ўз илоҳий ҳикмати билан бандага бирор эшикни ёпса, ўрнига бошқа бир неча эшикларни очиб қўяди. У зот Абдулмаликка ҳам унинг кўз нурини олиш эвазига бир қанча неъматларни ато этган эди. Абдулмалик ниҳоятда истеъдодли, зийрак, эшитган ҳамма нарсасини ёдлаб олиш қобилиятига эга инсон бўлиб вояга ета бошлайди. Боладаги истеъдодни сезган отанинг кўнглига ўғлини Ҳофизи Қуръон қилиш иштиёқи тушади ва 5 ёшли Абдулмаликни ҳамқишлоғи Абдулаҳад қорига[1] Қуръон таълими учун олиб бориб: «Буни сизгина тарбия қила оласиз», дея устозга бўлган ишончини изҳор қилади. Чунки устоз ҳам ёшлигидан кўзи ожиз эди…

Бола устозга кўниккунича опаси уни устоз хонадонига олиб бориб, олиб келиб туради. Кейинроқ у ўша жойда қолиб ўқийдиган бўлади.

Абдулмаликни ўқитиш аввалига қийин кечади, аммо бироз бардавомликдан сўнг юришиб кетади. Бу орада устоз Абдулаҳад қори ака Жалолободга яшаш учун кўчадиган бўлиб қолади ва шогирди Абдулмаликни ҳам ўзи билан бирга олиб кетади. Абдулаҳад қори ака ниҳоятда қаттиққўл устозлардан эди. Кўзи ожиз бўлса-да, вақти‑вақти билан шогирдларига ҳассаси билан дўқ-пўписа қилиб турарди.

Устоз Абдулмаликка Қуръони Каримни оятма-оят таълим берарди. Аввал бериладиган дарсни уч марта ўқиб берар, орадан ўн дақиқалар чамаси ўтказиб, яна икки-уч марта ўқиб эшиттирар, шогирд эса олган сабоғини эсда олиб қолиб, 300-400 маротаба мустақил такрорлар, сўнг устозга топширарди. Шу билан бирга, оятлар тўпланиб, бир рубъ (бир поранинг тўртдан бири) бўлганда уларни жамлаб ўқиб берар, иккинчи рубъга етгач, иккисини қўшиб, ярим пора қилиб, кейинги ярим пора ҳам тугагач эса бир порани тўлиқ ўқиб топширар эди. Янги порани бошлашдан аввал ёд олиб бўлган барча сураларни бир қатор такрорлаб, мустаҳкамлаб олиб, сўнг навбатдаги порага ўтарди. Шу боис у Қуръондан қанча ёд олган бўлса, ҳаммасига доимо тайёр эди.

Кейинроқ устоз Абдулмаликка бир қўй олиб бериб, унинг парваришини ҳам ўзига юклади. Ёш шогирд кўзлари ожиз бўлса-да, яйловдан ўт ўриб келиб, қўйни боқарди. Қизиғи шундаки, агар бола ўриб келган ўтдан икки-уч донаси олинса ҳам, ушлаб кўриб, унинг камайиб қолганини дарҳол сезарди. Қўй етилганда устоз уни сотиб, пулини Абдулмаликнинг ўзига сарфларди.

Шу зайлда олиб борилган таълим натижасида Абдулмалик тўққиз (ёки ўн) ёшида Қуръони Каримни тўла ёд олишга мушарраф бўлади. Мулла Абдурраҳим ўғлининг қори бўлганлиги муносабати билан катта бир издиҳом қилиб, элга ош беради ва устозини ҳам иззат-икром қилиб, розилигини олади. Унинг иккинчи бор қамалишига айнан шу ҳаракати, яъни ўз фарзандига диний таълим берганлиги сабаб бўлган. Юқори идораларга баъзи номаълум шахслар томонидан бу ҳақда маълумотлар етказиб турилган. Издиҳомнинг эртасига Абдурраҳимни уйидан олиб чиқиб кетишади ва унинг устидан жиноий иш қўзғатилиб, беш йил озодликдан маҳрум этилади. У жазо муддатини уч йилда ўтаб, 1949-1950 йилларда уйга қайтади.

Абдулмалик ниҳоятда зийрак, пухта қори бўлиб етишган эди. У Ойимга қайтиб келганида қишлоқдаги илмли аёллардан бири Баҳринисо отинга Қуръонни тўлиқ ўқиб беради. Баҳринисо отин боланинг ҳеч қандай хатосиз, тутилмай ўқишини кўриб, уни эҳтиёт қилиш, кўз тегиб қолишидан асраш мақсадида: «Болам, ҳеч бўлмаса, бир-икки адашиб қўй», − дер, ёш қори эса: «Нега адашар эканман», − дея, яна ўқишда давом этарди. Кўпни кўрган отин холанинг кўнгли ниманидир сезгандек, боланинг ота-оналарига: «Бу бола Қуръонни ҳеч ҳам адашмай ўқиди, уни қирқ ёшигача ниҳоятда эҳтиёт қилинглар. Қадимгилар Қуръонни адашмай ўқиган бола ҳақида шундай дейишарди», − деб тайинлаган экан.

Кейинроқ Абдулмалик Баҳринисо отиннинг қизи Назрхон отинга ҳам Қуръони Каримни ўқиб беради. Назрхон отин ниҳоятда фазилатли, тақводор, илмли, адиба ва шоиртаъб аёл эди. Абдулмалик бу аёлдан озми-кўпми шеърият илмини ҳам ўрганади ва у билан мушоиралар ҳам қилиб туради.

Абдулмалик янги қори бўлган, чамаси 12-13 ёшлик даври… Рамазон ойида устознинг Жалолободдаги уйида таровеҳ намозида устозига Қуръонни ҳеч ҳам адашмасдан ўқиб берарди. Бир куни устоз икки-уч марта хато луқма беради. Ёш ва мағрур Абдулмалик қаттиқ хафа бўлади, бироз аччиқланади ҳам: «Устознинг мақсади нима ўзи?..» Эртасига ифторда устозникига кирмай, қўшни Абдурраҳимжон аканикига кириб олади. Устоз Абдулмаликнинг келмаганини билгач, сабабини дарҳол пайқайди ва: «Аразлабди-да! У Абдурраҳимникида бўлади, чақириб чиқинглар», − дейди. Абдулмалик бироз тушкун кайфиятда кириб келади. Устоз унга: «Ҳа, болам, аразладингми?», − дейди. У: «Тўғри ўқисам ҳам, луқма берасизми?» − деганда, устоз вазминлик билан: «Болам, сен эндигина ўсиб келаётган новдасан. Кўз тегиб, нобуд бўлмагин, деб сени эҳтиётлаш мақсадида шундай қилдим», − дея кўзи намланади. Ёш қори дарҳол бекорга аразлаганини англайди ва «Дод!» деб йиғлаб, устознинг оёғига йиқилиб, узр сўрайди.

Шундан сўнг Абдулмалик қори ўз уйида ҳар йили Рамазоннинг биринчи кунидан бошлаб, уч кунлик хатм қилар, ундан ташқари, қадрдонларининг уйларида ҳам хатм қилиб берарди.

1953 ёки 1954 йили Абдурраҳим ака ўғли Абдулмалик қорини олиб, қариндошлардан бирининг вафоти сабабли фотиҳа ўқиш учун Тошкентга келади. Улар Жумъа намозини ўқиш мақсадида Хастимом масжидига киришади. Намоз вақти киришига оз вақт қолганда масжидга муфтий Эшон Бобохон ҳазратлари ва у кишининг ўғиллари Зиёуддин қори ака ҳам кириб келадилар. Зиёуддин қори ака мавъиза қилади ва Жумъа хутбасини ўқиб бўлгач, намозга имомликка ўтади. Намоз ўқиб бўлингандан сўнг, одатдагидек, бир қори тиловат қилади. Шу пайт биринчи сафнинг чеккасида, девор олдида кўзи ожиз ўғлини ёнига олиб ўтирган Абдурраҳим ака ўрнидан туради ва имомга юзланиб: «Бизнинг бир қори ўғлимиз бор, рухсат берсангиз, у ҳам тиловат қилиб берса, ҳаққига дуо қиларсизлар», − дейди. Ижозатдан сўнг Абдулмалик қори Ар-Роҳман сурасидан ўқиб беради. Унинг тиловатидан одамлар қаттиқ таъсирланадилар. Зиёуддин қори ака Абдулмалик қорининг кўзлари ожиз эканлигини кўриб, шу ҳолида мана шундай етук қори бўлганини ибрат қилиб кўрсатиб, нутқ сўзлайди. Бу нутқ бутун жамоатни ларзага келтиради. Абдулмалик қори масжид четида бўлганлиги сабабли Қуръонни микрофонсиз ўқиган эди. Одатда икки-уч оят тиловатдан сўнг тарқалиб кетадиган жамоат кўпчилик яхши эшита олмаганини айтиб, яна микрофонда тиловат қилиб беришини илтимос қилишади. Қори яна ўқий бошлайди. Масжид намозхонларнинг йиғисига тўлади, ҳеч ким ўрнидан қимирламасдан, Қуръон тиловатини тинглайди. Одамларнинг талабларига кўра қори учинчи бор ҳам ўқиб беради. Сўнг яна илтимос қилишади, лекин Зиёуддин қори ака унамайдилар. Жамоат Қуръон лаззатига тўймай, тарқалади…

Абдулмаликнинг қироати, хусусан, Эшон Бобохон ҳазратларига жуда ҳам манзур бўлган эди. Шу боис у зот мулла Абдурраҳимдан қорининг таровеҳда хатмга ўтиб беришини сўраб, шахсан ўзлари илтимос қиладилар. Рамазон ойининг бошланишига саноқли кунлар қолган эди. Улар таклифни мамнуният билан қабул қиладилар ва Муфтий ҳазратларининг азиз меҳмони бўладилар.

Рамазоннинг биринчи кечаси таклиф қилинган устоз қорилар хатмни бошлаб берадилар. Учинчи тасбеҳ (тўрт ракат)да навбат бизнинг қаҳрамонимизга берилади. Қори ака келган жойдан давом эттириб, ўқий бошлайдилар. Уларнинг қироатлари бутун жамоатни тўлқинлантириб юборади. Намоздан сўнг салом беришлари билан Эшон Бобохон ҳазратлари: «Қолганини ҳам шу бола ўқисин», − деб марҳамат қилдилар ва Абдулмалик қорининг ўқишини булбулнинг сайрашига қиёслаб, унга «Булбул қори» деган «унвон» берадилар. Бошқалар ҳам уни шундай номлашлари лозимлигини айтадилар. Шу‑шу бу ном қорига лақаб бўлиб қолади. Хатмнинг иккинчи куни бошқа қориларга жавоб берилади.

Шундан сўнг Абдулмаликнинг тарбияси билан Муфтий ҳазратлари − Зиёуддин қори ака ҳам шуғуллана бошлайдилар. У киши Абдулмалик қорининг Тошкентда юриб араб, форс ва рус тилларини ўрганишини таъминлаб берадилар.

Абдулмаликнинг зеҳни ниҳоятда ўткир бўлиб, олган маълумотларини тез ўзлаштирар ва ўрганганларини мутлақо унутмас эди. Унинг тил ўрганишида радио - транзисторнинг ҳам роли катта бўлган. У радио орқали бериб бориладиган араб ва рус тилидаги эшиттиришларни, хусусан, дунё хабарларини мунтазам кузатиб борарди. Шунингдек, спорт янгиликларига, айниқса, футбол чемпионатлари хабарларига жуда ҳам қизиқарди. Машҳур футболчиларни яхши танир, уларнинг қачон, қандай ўйинлар қилганини ёддан биларди. Унинг радио орқали бериладиган футбол хабарларини эшитаётганини кўрган ўртоқлари: «Ҳа, Қори, футбол кўряпсизми?» − деб ҳазиллашиб ҳам қўйишарди.

У вақтларда овоз ёзиш ва эшитиш ускуналари асосан радио ва пластинкали магнитофонлар ҳисобланарди. Абдулмалик қори тинимсиз ўз устида ишлар, бор имкониятлардан унумли фойдаланар эдилар. У киши радио ва пластинка ёрдамида қироатларини ҳам мукаммаллаштириб борар эдилар.

Абдулмалик қори   Зиёуддин қори аканинг тавсияси билан Тошкентдан ташқари Сурхондарё, Душанбе ва Фрунзе (Бишкек) шаҳарларида ҳам Рамазон ойидаги таровеҳ намозларида хатм қилиб берар эдилар. У киши бир йили Самарқанддаги Имом Бухорий масжидида ҳам хатмга ўтган.

Абдурраҳим ака колхозлаштириш муносабати билан бошланган қатағон даврида Ойим қишлоғидан қочиб бориб, Тожикистонда қўним топган душанбелик Исоқжон бойдан ўз қизини Абдулмалик қорига беришини сўрайди. Қизнинг исми Маҳфузахон бўлиб, ўнг қўлида нуқсон бор эди (бир касаллик сабаб бўлиб, билагидан пастки қисми кесиб ташланган эди). 1960 йили аввал Душанбеда, кейин Ойимда тўй қилиб, келинни қишлоққа олиб келишади.

Маҳфузахон ниҳоятда ибодатли, итоатли, гўзал фазилатларга эга аёл эди. У ўз жуфти ҳалолининг атрофида парвона бўлиб хизмат қилар, яна дўппи тикиб, рўзғорга кўмаклашар эди. Уларнинг оиласида бир қиз, уч ўғил дунёга келади.

1968 йили Мисрдаги Ал-азҳар университети раҳбари Шайҳ-ул Азҳар бошчилигида келган меҳмонлар ичида дунёга машҳур Миср қориларининг Шайҳи Маҳмуд Халил Ҳусорий Тошкентга ташриф буюрганида Зиёуддин қори ака Абдулмалик қори акани Пойтахтга чақиртиради. У киши меҳмонлар билан бир неча кун бирга бўлиб, Камолон масжидидаги йиғилшда Қуръон ўқиб берадилар. Халил Ҳусорий Абдулмалик қори аканинг қироатидан таъсирланиб, тебраниб ўтириб тинглайди ва тиловат тугагач: «Аҳсанта» – «Яхши, зўр ўқидинг», деб унга таҳсин айтади. Меҳмонлар ўз юртларига қайтиш учун Тошкент аэропортига келишганда уларни кузатишга келган мезбонларнинг кўзларидан дув-дув ёш тўкиларди. Улар билан хайрлашиб, самолётга чиқиб кетаётган Шайҳ Халил Ҳусорийнинг кўзи мезбонлар орасида турган кўзи ожиз Абдулмалик қори акага тушади ва орқага қайтиб келиб, уни қучоқлаб, бир зум бағрига босиб туради. Сўнг кўзлари ёшга тўлган ҳолда хайрлашади.

Абдулмалик қори ака 1970 йил январь ойида маҳалладошлари Нуриддинов Ҳабибуллоҳ аканинг ташаббуси билан Қуръони Каримни тўлиқ ўқиб, магнит тасмасига ёздиради. Қори ака ҳар куни шогирди Нуруллоҳ қори ҳамроҳлигида Ҳабибуллоҳ аканикига чиқар, бир-бир ярим порани ўқиб, тасмага ёздирар, шогирд унинг қироатини мусҳафга қараб, кузатиб турар, Ҳабибуллоҳ ака эса уларнинг хизматида бўлар эди. Шундай қилиб, 5 январда бошланган хатм шу ойнинг охирида ниҳоясига етади. Бизга етиб келган маълумотларга қараганда, ушбу хатм ўзбек қорилари тарихида Қуръони Ккаримнинг тўлиқ тиловатининг тасмага ёзилган илк намунаси бўлган.

1974 йилнинг 20-26 август кунлари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорийнинг таваллудига қамарий ҳисобда 1200 йил тўлиши муносабати билан Самарқанд шаҳрида «Имом Бухорий ва ҳозирги замон» мавзусида халқаро илмий анжуман ўтказилади. Унда юртимизнинг кўзга кўринган уламолари, қорилари билан бир қаторда дунёнинг йигирма етти давлатидан ташриф буюрган энг машҳур уламолар ва диний арбоблар ҳам иштирок этадилар. Анжуманда бошқа қорилар қатори, Абдулмалик қори ака ҳам тиловат қилиб берадилар.

У киши форс-тожик ва рус тилларини ниҳоятда яхши билар, уларда ўз тилида сўзлашгандек сўзлашардилар. Шунингдек, Абдулмалик қори ака араб тилини ҳам пухта ўрганган, араб тилидаги эшиттиришларни ва китобларни қийналмай таржима қилар эдилар. У киши устозлари Абдулаҳад қори акадан Қуръондан ташқари, фиқҳий масалалардан ҳам таълим олган бўлиб, ҳатто устозлари Абдулмалик қори акага ўзи ўргатган илм асосида фиқҳий саволларга жавоб беришга ҳам ижозат берган эди. Шунга кўра, Абдулаҳад қори ака Абдулмалик қори акага араб тилидан ҳам дарс берган бўлиши керак, деган тахмин ҳам бор. (Дўст ва шогирдлари)

Абдулмалик қори ака бир қанча шогирдлар ҳам тарбиялаганлар, уларнинг айримлари ҳофизи Қуръон бўлганлар. У кишининг Қирғизистон, Тожикистон томонларда ҳам шогирдлари бор эди. Таълим беришни кўпинча саҳар чоғида ташкил этар эдилар. Абдулмалик қори ака Қуръон ўқитишда, айниқса, тажвид қоидаларига амал қилишда ниҳоятда талабчан эдилар. Айрим шогирдларнинг айтишларича, улар «Басмала»нинг ўзини ўрганиш учун ўн беш кун устоз ҳузурига қатнаган эканлар.

Душанбелик Саид Нуъмон, Абдуррауф, андижонлик Абдуррауф ва Нуруллоҳ қорилар унинг кўзга кўринган шогирдларидан бўлганлар. Шунингдек, у кишидан Тошкент ва Андижон шаҳарларидаги айрим ўз даврининг мансабдор шахслари ҳам таълим олишган.

Абдулмалик қори ака бир сафар Тошкентга келганларида қоринлари атрофида қаттиқ оғриқ туради ва Ойимга қайтадилар. Бу воқеа 1975 йилнинг 26 февралида рўй берган эди. Тун ярмида оғриқ кучайгач, тезёрдам чақиришади. Шифокорлар беморни аввал Жалақудуққа, кейин Оламишиқ шифохонасига олиб боришади. Унинг кўричак касаллиги билан оғриганлиги аниқлангач, зудлик билан жарроҳлик столига ётқизишади. Аммо  операция оғир кечади. Яра ўрнининг битиши ҳам қийин бўлади. Беморнинг қонида қанд миқдори кўпайиб кетганлиги дард устига чипқон бўлади. Шу ва бошқа ҳолатлар сабаб бўлиб, Абдулмалик қори аканинг соғлиқлари кундан-кунга оғирлашиб боради. У киши гоҳ ўзларига келар, гоҳ ҳушларини йўқотардилар. Андижондан чақиртирилган шифокорлар беморни ўзлари билан шаҳарга олиб кетишади. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, Қори ака ўша шифохонада вафот этадилар.

Абдулмалик қори ака 39 ёшда ҳижрий 1395 йил 25 сафар, миложий 1975 йил 9 март, якшанба куни кеч соат 10 ларда охират диёрига сафар қиладилар. Аллоҳ таоло у зотни раҳматига олган бўлсин, қабрларини нурли, даражотларини баланд қилсин! Бу дунёдаги иззатларига сабаб қилган Қуръонни охиратда шафоатчи этсин! Омин!

Абдулмалик қори аканинг жанозаларига келганларнинг ададини аниқлаш қийин эди. Турли жойлардан олиму фузалолар, устозу қорилар, мухлис инсонлар келишган, уларнинг кўз ёшлари гўё қонга айланган эди. Андижон шаҳридаги «Девонабой» марказий масжидининг имом-хатиби, Ҳофизи Қуръон, олим Ҳабибуллоҳ ҳожи дада йиғилган жамоатга тасалли бериб, мавъиза қиладилар ва жаноза намозини ўқиб берадилар.

Абдулмалик қори аканинг ўлимлари у кишининг яқинлари, дўстлари, мухлислари ва барча илм ва Қуръон аҳли учун ниҳоятда оғир мусибат бўлди. Айниқса, у кишининг дўст-қадрдонлари ўзларини йўқотаёздилар. Бир нечта шоирлар ва шогирдлар томонидан унга атаб марсиялар битилди. Воизлар мавъизалар айтдилар, қорилар хатми Қуръонлар қилиб, марҳум руҳига бағишладилар.

Биз қуйида мазкур марсиялардан бирини − Тошкентда истиқомат қилиб, вафот этган марҳум Салоҳиддин қори аканинг марсиясини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Унда шоир марҳум Абдулмалик қори аканинг фазллари ва айни вазиятни ниҳоятда ажойиб сўзлар билан ифода этган. Марсия матни чет эл сафарида бўлиб, жанозада қатнаша олмаганлиги учун бир неча кундан сўнг фотиҳа ўқиш мақсадида марҳум хонадонига ташриф буюрган Муфтий Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратларининг овозларидан ёзиб олинган.

Салоҳиддин қори ака марсияси

Дариғо, булбули гўё учибдур бу гулистондан,

Эсиз, дурдонаи марғуб заминга тушди маржондан.

Саховат аҳли маҳрум бўлдилар бу яхши меҳмондан,

Жудо бўлмиш халойиқ хушсадо қорийи хушхондан,

Демишлар: алфироқу алфироқ, бағри эзилгондан.

Нидои «иржиъи» бирлан чақирмиш хожаси қулни,

Ажал сайёди сайд этди чамандан яхши булбулни.

Севиб қўйнига олди боғбон гулшанда бу гулни,

Туширди қалбимизга бу каби ҳижрони мушкулни,

Эди дилларга равнақ бахш этувчи чин ғазалхондан.

 

Тиловатга чиқорган эрди тилнинг комини қайраб,

Жило бергай эди дилларга у тўти каби сайраб.

Ҳама эл истимоъ айлар эди атрофида яйраб,

Илоҳий, руҳи покин яхшилар ёнида қил, ё Раб,

Муаттар айласин қабрини Тангрим ровҳу райҳондан.

 

Бузилди режаи матлаб чиқиб жадвал ҳисобидан,

Мақосид акси мавжуд ўлди даврон инқилобидан.

Қабули ҳусн ила топширди жон чекмай азобидан,

Сезолмай қолди ғайрилар анинг берган жавобидан,

Нечукким, ваъдаи Ҳақ аҳли Қуръон аҳли иймондан.

 

Ажаб маҳбуб эдинг, эл ичра кўп эрди харидоринг,

Касадлик кўрмади ҳаргиз азиз умрингда бозоринг.

Шариат услубидан ҳеч тажовуз этмади коринг,

Дилинг сандуқин очдинг, баҳра берди элга ийсоринг

.....................

Дилингда нақш ўлиб мусҳаф, тилингда эрди зикруллоҳ,

Ҳамон қабрингда мунисдир муқаддас бу Каломуллоҳ.

«Вала таҳзан, вала ховфан» эрур бу ваъдаи Аллоҳ,

Гувоҳинг оятуллоҳ бўлса, келгай номанг ўнг ёндан.

 

Басорат лаззатидан дунёда сен бенасиб эрдинг,

Фазилат боисидан кўп улуғларга қариб эрдинг.

Хусусан, барча аҳбобингнинг қалбида ҳабиб эрдинг,

Мужаввид ҳам муфарриҳ, эл аро машҳур адиб эрдинг,

Ҳамиша яхши олқишлар етарди ҳар мусулмондан.

 

Ўқирдинг Ҳақ Каломини ажойиб хуш фасоҳат-ла,

Таъаннийю  тадаббур, жумла-жумла, оят-оят-ла.

Хусусан ,эҳтимоминг ҳарфу махражга риоят-ла,

Ажамдан то араб манзури хос ўлдинг тиловат-ла,

Чиқиб «аҳсанта-аҳсанта» садоси сенга ҳар ёндан.

 

Сенга мотам тўнин кийди тамоми аҳли Фарғона,

Мукаллаф бўлди руҳинг даргаҳи олийга меҳмона.

Малаклар пешвоз айлаб сени еткурди осмона,

Кўтарса рутбанг аълога эрурсан анда шодона,

Шафоат этгуси Қуръон, агар изн ўлса Яздондан.

 

Тамоми ёру дўстинг хулқи хуш бирла яқин тортдинг,

Аларнинг кўнглига то борҳо меҳрингни ўрнатдинг.

Ҳамиша яхши афъолинг билан суҳбатга ўргатдинг,

Умуман, бу жаҳонга сен келиб-кетмоқни ўхшатдинг,

Ҳама афсусда қолди, айрилиб сендек қадрдондан.

 

Отанг бирлан онанг сенсиз қоронғу бўлди рўзғори,

Етим қолди зану фарзандларинг, кимларни даркори.

Табассум бирла турган суратинг кетмас, аё Қори,

Лабинг очсанг такаллумга эди шуҳду-шакар жори,

Тилингда вирд ила машқинг ҳамиша эрди Қуръондан.

 

Ҳаётинг икки тўрт, уч ўн баҳорни сабзазор этмиш,

Хирад мисраъ ичинда фавти тарих ёдгор этмиш.

Чаман япроғи ....... булбул гузор этмиш,

Кечиб ўз ошиёнидан сафарни ихтиёр этмиш,

Тилаб оқ йўл Салоҳий «фи амониллоҳ» деди жондан.

 

Аллоҳ таоло ўтган барча уламоларимизни, устозу қориларимизни ва барча мўмин-мусулмонларни Ўз раҳматига олсин. Омин!



[1] Абдулаҳад қори дада 1880-81 йилларда Андижон шаҳрида таваллуд топган. Етти ёшда ҳофизи Қуръон бўлган. Унинг кўзида қандайдир касаллик бор бўлиб, 13-14 ёшга етганда отаси Қушназар ҳожи уни бир хизматкори билан бирга даволатиш учун Петербургга жўнатади. Аммо у ерда ўтказилган жарроҳлик амалиёти сабабли бир йўла икки кўзи ҳам ожиз бўлиб юртига қайтади. Шунга қарамай, у ўз даврининг етук олими бўлиб етишади. Қатағон йиллари Ойимга қочиб бориб, ўша ерда жон сақлайди. Умрининг сўнгги йилларида Жалолободга яшайди ва ўша ерда вафот этади. У зот бизнинг қаҳрамонимиздан ташқари яна 3‑4 та кўзи ожиз ва кўплаб кўзга кўринган қориларни тарбиялаган.