A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/743690ramazon_1438.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/810343muborak_kecha.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/155397ramazonda_sizni.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail

Ўзбекистонда ХХII қорилар мусобақаси

Фаришта қози
PDF Босма E-mail

Normal 0 false false false RU X-NONE AR-SA

Фаришта қози

Абдуллоҳ қори домла ўғли Абдулмажид. Ҳофизи Қуръон, буюк аллома, фақиҳ, зуллисонайн (араб‑форс) шоир, адиб, Шарқ фалсафаси билимдони, хаттот, қозий, мутасаввиф, валий. «Қози домла», «Фаришта қози», «Ҳастдомла» («Ҳазрат домла»нинг қисқартирилган шакли) лақаблари билан машҳур бўлган. Тахаллуси «Ҳофиз».

Насаби:

Абдулмажид Абдуллоҳ қори ўғли, Абдуллоҳ қори Жабборқули қози калон ўғли, Жабборқули қози калон Рўзибой аллома ўғли, Рўзибой аллома Мавлавий Абдулазизнинг ўғилларидир. Барчаларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.

Абдулмажиднинг падари бузруквори Абдуллоҳ қори домла алайҳирраҳма ҳофизи Қуръон, олим, фозил, бадавлат, ҳимматпеша инсон бўлган. Катта боғи ҳам бўлган. Буни у кишининг шаънига вафодор фарзанд томонидан битилган марсияда яққол кўришимиз мумкин:

Дар ҳама илм устоди беадил,

Дар ҳама фан комили аҳли замон.

Хосса дар илми қироат кей шўда,

Сонияшро муктаҳил чашми замон.

(Барча илмда ўхшаши йўқ олим, барча фанда замона аҳлининг энг баркамоли эди. Хусусан, қироат илмида унинг иккинчиси (ўхшаши) билан замон кўзи сурма тортмаган.)

Шоир ва олим Абдулаҳад Азизов – Анисий унинг насаби ҳақида шундай деган эди:

Олиму, фозил ҳама обоу, аждоди анинг,

Насли одамдан келиб авлоди олий манқабат.

Тавалллуди:

Абдулмажид Андижондаги Чуқур Масжид маҳалласида 1870 (ҳижрий 1286‑1287) йили илм ва Қуръон оиласида таваллуд топди. Бу уй ҳозирги Андижондаги тиббиёт билим юрти ўрнида эди.

Ғайриоддий толиб:

Абдулмажид 11 ёшида Қуръони Каримни тўла хатмга ўтди. Кейинчалик ўзи ҳам ўша даврда одатга кирмаган бу ҳолни эслаб: «Падари бузрукворимнинг тасаввуфдаги устози yаманганлик Меҳмонхон тўрамнинг олдида 11 ёшимда хатмга ўтиб берганман. Норасида боланинг болиғлар жамоатига нафлда имом бўлишига камина амалий фатво бўлганман», – дер эди.[1]

Кейин отаси Абдуллоҳ домланинг амакиваччаси Абдусаттор Аъламнинг ўғли Абдуссамеъ Халфа[2] қўлида Исломий илмларни олишга киришди. Жумладан «Кофия», «Ал‑фавоид аз‑зиёийя» (Шарҳи Мулло), «Мухтасарул‑виқоя», «Шурҳул‑виқоя», «Ақоид», «Шарҳи Ақоид», «Талхис», «Ҳидоя» асарларини эгаллайди.

Абдулмажидга Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк қалб, беқиёс заковат, беназир хотира уни талабалардан ажратиб турар эди.

Абдулмажиднинг дарсдошларидан  шаҳрихонлик Орифхўжа домла талабалик даврларини эслаб шундай ҳикоя қилади: «Абдулмажид дарсдан чиқиб ҳеч такрор қилмас эди. Эртаси куни дарсга кириш олдидан таҳорат қилиб келиб, талабалардан бирига «Китобни олиб беринг» дер ва тик турган ҳолда китобга бир кўз югуртириб қўяр эди. Биз бир куни унга: «Ҳеч ёлчитиб такрор қилмайсиз, шу ҳам ўқишми?» – дедик. У «Шубҳалансангиз, хоҳлаган нарсангизни сўранг, жавоб беришим мумкин», – деди. Билсак, унга ўшаниннг ўзи кифоя қилар экан. У «илми ладун» соҳиби эди».[3]

Абдулмажиднинг ўзи: «Ҳеч бир дарсни такрорлашга эҳтиёж сезмаганман, бир марта ўқисам ёки эшитсам, хотирамга муҳрланиб қолар эди. Домла нима дарс ўтса, худди мен билган нарсаларни айтаётгандек туюлар, гўё бу илмларни Аллоҳ менинг қалбимга жойлаб қўйган‑у, устоз уни такрорлаётгандек бўлар эди, Қуръони Каримни ёдлашим ҳам шундай осон бўлган», – дер эди».[4]

Бундан бехабар бир дарсдош шериги бир куни Абдулмажиддан устозга арз қилди: «Устоз, Абдулмажид ҳеч такрор қилмайди. У ўйинқароқ бўлиб кетди, чоғи»». Устоз Абдулмажидни тургизиб олиб сўроқлай кетди:

Қани, Абдулмажид, кечаги дарсни айтгин-чи?

Абдулмажид устози кеча айтиб берган нарсаларни бирор жумла туширмай айтиб берди.

Фалон кунгини айт-чи?

Абдулмажид уни ҳам оқизмай-томизмай айтиб берди.

Энди фалон нарсани айт.

Абдулмажид уни ҳам тараддудсиз бекаму‑кўст сўйлаб берди.

Бундан таажжубга тушган устоз бояги «ғамхўр»га юзланиб: «Ўзинг кечаги сабоқни сўзлаб бер-чи?» – деди. У тўхталиб қолди. Яна бошқасини, сўнг яна бошқасини сўради. Барчасига жавоб бир хил бўлгач, устоз унинг ўзини койий кетди.

Усмонжон ака[5] эшитганларини шундай эслайди: «Қози домла ҳазратларини оталари устозга ёш берган эканлар. Бир куни у кишини устозлари етаклаб кириб келиб қолибди. Буни кўрган Абдуллоҳ домла жаноблари, ўғлим гўдаклик қилиб бирор беодоблик қилиб қўйибди, шекилли, деган гумонда узрхоҳлик билан пешвоз чиқибдилар. Устоз: «Ўғлингизга энди биз дарс айта олмасмиз», – дебди. Ота хижолат билан: «Ўғлимиздан айб ўтган бўлса, кечирсинлар», – дея илтижо қилибди. Шунда устоз: «Ундоқ эмас, тақсир, зеро, у бизга устоз бўлиб қолди», – деган экан. Ўшанда ёш Абдулмажид қори устози топа олмаётган масалани баён қилиб берган экан.

У замонасининг бошқа пешқадам олимларидан ҳам таълим, тарбия олган. Жумладан, отаси уни шаҳрихонлик етук олим Абдулмўмин охунд домлага топширади. Бу инсонда ҳам бир мунча шаръий илмлардан таълим олади. Кейин 25 ёшга етганида Қўқон жомеъсининг мударриси Абдулваҳҳоб алломанинг қўлига топширадилар. У ерда бир йил таълим олиб, 26 олти ёшида Андижоннинг етакчи олимларидан, мукаммал мулло бўлиб танилади. Замондошларидан ойимлик аъмо қори аллома Абдулаҳад домла уни бу ерларга келиб қолган бир араб олимидан ҳам таълим олганини, ундан, хусусан, араб тили маҳоратини эгаллаганини айтган.

Абдулмажиднинг отаси қори Абдуллоҳ домла ўзи илм ва фазлда баркамол бўлиш билан бирга бадавлат ва серҳиммат ҳам эди. Бўлажак алломанинг ўзи кўзлагандек бўлиши йўлида кўплаб мол‑давлат сарфлар эди. Яккаю‑ёлғиз ўғлининг дарсхонасига тез‑тез бориб хабар олар, ҳар сафар устозлар ва талабаларга бир мунча ионалар билан борар эди. Қизиғи шундаки, фарзанднинг ўзига кундалик таъминотидан ташқари нарсани тутмас эди. Бир сафар эркатой ўғил: «Дадажон, ҳаммага берасиз, менинг ўзимга эса  ҳеч пул бермайсиз», – дея арз қилади. Шунда меҳрибон ҳикматли ота: «Ўғлим, мен мана шу нарсаларнинг барини сизга беряпман. Фақат мен донни сочиб қўйяпман, ҳосилини ўзингиз териб оласиз, иншааллоҳ», – деб жавоб берган экан.

Мулла Абдулмажид қори илм такмилидан бўш пайтларида мустақил шеърий мутолаага берилиб, араб, форс ва турк адабиётини ҳам ўзлаштирди. Асосий машғулоти шеърият бўлмаса‑да, ёзган шеърлари тўпланиб бир девон бўлган. Аммо ҳаётидаги бесаранжомликлар натижасида бу девон йўқолган. Фақат баъзи шеърларигина баёзида сақланиб қолган. У адабий тахаллус сифатида ўзига «Ҳофиз» тахаллусини танлаган эди.

Оилавий ҳаёт:

Мулла Абдулмажид қори «хатми кутуб»ни камолига етказиб, устозлардан ижозат олгач, оилавий ҳаётга қадам қўйди. Ўзининг қариндоши ва устози бўлган Абдуссамеъ Халфанинг қизи Фотимахонга уйланди.

Айтишларича, Халфа домла ҳажга борганида Аллоҳ таолога илтижо қилиб, қизларининг тақдири ҳақида истихора қилади. Шунда биринчи қизини шогирди мулла Абдулмажид қорига, иккинчисини яна бир шогирди мулла Муҳаммад Амин махдумга беришга ишора бўлган экан.

Мулла Абдулмажид қори Фотимахон ойимдан беш фарзанд – уч ўғил, икки қиз кўрди: Абдулмалик, Ҳибойимхон, Боқибиллоҳ, Валияхон, Номибиллоҳ. Фарзандларнинг ҳар бири уч ёшдан фарқ қилар эди.

Суюкли фарзанди Боқибиллоҳнинг хатна тўйи ўша Чуқур Масжид маҳалласидаги хонадонда бўлган эди. Зиёфатда хушовоз хонандалар насиҳатомуз байтлар ўқиб байтхонлик қилишган эди.

Фолияти:

Мулла Абдулмажид қори, тахминан, 1325 – 1907 йили Андижондаги Ўйлиқ даҳасига қози бўлди. Абдулмажид қози домланинг қозилик қароргоҳи ҳам ҳовлисига яқин жойда бўлган. У қозилик вазифаси билан бирга Қуръон таълимини ҳам давом эттирар эди.[6] Вазифасини аъло даражада адо этгани боисидан иккинчи марта қайта сайланган. Сайлов беш йилда бир бўлар эди. Қози домланинг қозилик ишларида қатъий адолат, самимий меҳнат, илм ва тақводаги баркамоллиги халқ орасида «Фаришта қози» деб ном олишига сабаб бўлди.

Инқилобдан кейинги халққа, динга нисбатан бошланган ҳужум, албатта, халқпарвар Ислом арбобини четлаб ўтмаслиги табиий эди.

Абдулмажид қози домла биринчи марта қамалганида Андижоннинг машҳур қамоқхонасида кўп ётмади. Бори‑йўғи етмиш икки соатда отиб ташлашга ҳукм қилинди. Ижрога бир кеча‑кундуз қолганида маҳбуслар ҳукмдан хабар топиб, қамоқхонада ғалаён кўтардилар. Масала хатарли эканини пайқаган қамоқхона маъмурияти ҳукм ижросини кечга сурди. Ўша кезларда қамоқхонанинг нуфузли нозирларидан бўлган андижонлик Рустам ака қамоқхона раҳбариятига сездирмаган ҳолда Қози домлани қочиришга муваффақ бўлди. Қози домла умрининг охиригача Рустам аканинг бу яхшилигини унутмади ҳамда авлодларига ҳам бу мурувватни давом эттиришни тайинлади.

Қози домла бу мудҳиш ҳолдан қутилгач, Сузоққа қочиб ўтди. У ерда икки йилча турди. У диёрнинг етакчи олимлари билан ҳафта ёки икки ҳафтада бир илмий суҳбатлар қилиб турди. Лекин зулм сиёсатининг мухлис гумашталаридан бири[7] Қози домлани қидира-қидира Сузоқда  тутиб олди. Уни Сузоқ миршабхонасига олиб борди. «Иш судга оширилсин», деган ҳукмни эшитган ҳалиги содиқ хоин Қози домланинг бошига тўппонча аралаш мушт тушираркан: «Бошингни едимми, мулла?!»  – дея қалбидаги ўз миллатига мусулмонларга нисбатан адоватини эълон қилди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқи билан хулқланган зот зарбага жавобан табиий оҳангда самимий бир жумла айтди, холос: «Болам, қўлинг оғримадими?» Хўроз ҳамма жойда ҳам бир хил қичқиради, деганларидек, суд худди аввалги ҳукмни чиқарди. Отувгача қолган 72 соатли арз имкониятидан фойдаланиб, маданиятлик Қутбиддин махдум ака[8] Намангандан бир адвокат топиб Сталиннинг номига хат ёзадилар. Айтишларича, хатда «маҳкум»нинг жуда улуғ зот экани, Сузоқда чиққан бу қарор ўзбек‑қирғиз орасида кескин келишмовчиликка олиб бориши мумкинлиги ва бошқа маънолар ифода этилган экан. Аллоҳнинг тақдирининг ажойиблигини кўрингки, 52 соат деганда Сталин номидан «оқлов хати» келди. Бунга таваккал хат ёзган мухлисларнинг ўзлари ҳам ишонгилари келмас эди. Қутбиддин ака ва унинг отаси мулла Худойберди акалар Қози домлани ўша ердан тўғри Маданиятга олиб кетишди.

Аммо ҳалиги миршабнинг оқибатини Аллоҳ шу дунёнинг ўзида кўрсатди. У оғир бош оғриғига чалинди. Миясининг ичида гўё бир бақа юқорига қараб сакрар эди. Дарднинг давоси топилмас, оғриқнинг қаттиқлигидан ўлим унинг учун «орзу» эди. Бу дард охири уни «орзу»сига ҳам етказди.[9]

Абдулмажид қози домлани Маданиятга олиб келгач, ўз уйларидан икки‑уч эшик нарида ўрнашган жомеъ масжиднинг ҳужрасига жойлаштирдилар. Қози домла бу масжидда имом‑хатиблик ҳам қилдилар. Орадан олти йил ўтиб, яна безовталик рўй берди. Қутбиддин ака Қози домлани бир эшакка миндириб, Андижонга, Далварзинга бир яқинларининг уйига қўйиб келди.

14‑15 кун ўтиб, Қутбиддин ака Қози домладан хабар олгани боради. Борса, Қози домла Далварзиндаги уйнинг этагида бўй чўзиб қолган маккапоянинг ичида яширинча истиқомат қилаётган экан. Бу холдан ачинган Қутбиддин ака Қози домлани ярим тунда яна Маданиятга олиб келди. Далада бир паст, қамишлари кўриниб турган уйи бор эди. Ўша уйнинг орқасига яна икки‑уч киши сиққудек бир хонача солишди. Уйнинг сандиқ турадиган меҳробини тешиб, хоначага йўл очилди. Янги «меҳмон»ни ўша хоначага олиб кириб, устидан сандиқ ва кўрпачаларни тахлаб қўйдилар. Меҳмон фақат изн билан ҳожат юзасидан ташқарига чиқиб келар эди. Бу ҳол 41 кун давом этди.

Қози домла замон бироз сокинлашгач, Андижонга қайтди ва то умрининг охиригача бемисл иззат‑икром ва фароғатда яшади. У кишининг ҳузурига келадиган зиёратчиларнинг адади фақат Аллоҳга маълум. Қози домланниг камтарона ҳужраси ҳамиша тирбанд бўларди. Ечими топилмаётган масалалар, уламоларга мушкул келаётган жумбоқлар мана шу «ҳужрача»да ўз жавобини топар эди.

Қози домла ҳар кимга ўзига яраша сўз айтар, суҳбатлари ғоят сермазмун ва файзли бўлар, ҳамсуҳбатлар аксар аҳли илм, аҳли фазл кишилар бўлар эди. Ўша илмий суҳбатларга гувоҳ бўлган баъзилар ҳозирда ўша суҳбатлардан баҳра ололмаганларидан нолиб ҳам қўйишади: «Ўта илмий, бунинг устига дам арабий, дам форсий суҳбатлашишар эди‑да».

Шогирдлари:

Абдулмажид қози домланинг талайгина шогирди бўлган. лўғумбеклик Муҳаммад Ғозийхон, укаси Султон Ғозийхон,

Замондошлари таърифида:

Андижоннинг энг етакчи олимларидан, қози домланинг божаси Аминжон махдум домла ҳам Абдулмажид қози домла ҳақида сўз борганда у кишининг илму‑маърифатдаги камолини таърифлаб: «Қози домла Одам алайҳиссаломдан бу ёқдаги илмни билади», – деб қўяр эди.[10]

Анваржон ҳожи ака шундай ҳикоя қилади: «Мен навжувон пайтим. Бир кун «қози домла вафот этдилар», деган хабарни эшитиб қолдим. Катталардан бири менга бу хабарни «Косабозор» маҳалласидаги Муҳаммад Сиддиқ махдум акага етказиб қўйишни топширди. Бориб эшикни қоқдим. Махдум почча таҳорат олиб турган экан. Мен шоша‑пиша: «Қози домла вафот этдибдилар», деганимни биламан, у киши турган жойида қотиб қолди, ҳушини йўқотиб, ўзини билмай қолди. Фарзандлари сув келтириб, юзларига сепишди. Бироздан сўнг ўзига келар экан, биринчи айтган сўзи шундай бўлди: «Устунимиз»дан айрилибмиз‑да.

У зотни кўрганларнинг ҳар бири ўзи ким, ёши нечада бўлишидан қатъи назар «Унинг ўхшашини кўрмаганмиз” дейди.

Буюк шахсият:

Абдулмажид қози домла пок қалб, соф фитрат, кучли руҳ, буюк илм, етук тақво, беназир ахлоқ, ўткир зеҳн, беқиёс муҳофаза, нодир истедод соҳиби эди.

Абдулмажид қози домла жуда баланд бўйли, йўғонсуяк, басавлат, жуда ҳайбатли, елкаси кенг, бармоқлари йирик, қизилга мойил оқ юзли, соқоли ўзига ярашган, уни бир қабзадан оширмас, овози жуда салобатли, нутқи ўта равон, ҳар бир сўзни эҳтимом билан айтар, бирор марта шошиб гапирмас эди. Суҳбатига ошиқларнинг‑ку сон‑саноғи йўқ, аммо сувратини бир кўрган киши ҳам унга мафтун бўлиб қолар эди. Қозилик лавозимидаги кезлар ҳам кўркам либосларни, гўзал салла, тўнларни кийиб, жуда чиройли бир қора саман отни миниб юрар, хусусан, жума намозига чиқишда бу ҳайъати зиёда бўлиб кетар эди. Ҳатто одамлар уни томоша қилгани кўчаларга чиқиб туришар эди. Бир аср хизмат қилганига қарамай, кўзлар кўзойнаксиз ўқиш, оёқлар ҳассасиз юра олиш қудратини йўқотмаган эди. Аждодларининг асрлар оша аҳли илм, етакчи, улуғ шахслар бўлиб келгани ҳам Қози домла учун шараф устига шараф бахш этар эди. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг ўзи хоҳлаган хос бандасига дунёю охират неъматларини мукаммал қилиб бериши намунаси эди.

Шарқ ҳикматларида инсон учун камолот белгиси сифатида 7 ёки 8 хислатни зикр қилинади. Абдулмажид қози домлада ана ўша хислатлар етарлича топилар эди. Улар қуйидаги байтда жамланган:

Зеби жома, ҳусни хома, нутқи том, мақбули ом,

Қолу, ҳолу, молу, сол бўлса саодатдир тамом.

Қол – зоҳирга таллуқли илмлар;

Ҳол – ботинга таллуқли илмлар, ботинда Аллоҳга боғлиқ бўлиш;

Мол – бировга муҳтож бўлмаслик учун етарли таъминот;

Сол – катталик, камолот ёшига етиш;

Нутқи том – сўзи ўткирлик, нутқ баркамоллиги;

Мақбули ом – барча иш, ва ҳолатида омма уни маъқул, маҳбуб кўриши;

Зеби жома – нима кийса, ярашавериши;

Ҳусни хома – хати чиройли, қалами ўткир бўлиш.

Кароматлари:

Динсизлик сиёсатининг ватанимизда Исломга қарши ҳужуми авжига минган кезлар бу буюк Ислом арбобига ҳам ташвиш келтирган эди. Бир сафар миршаблар Қози домлани тутиб бориш топшириғи билан уйига бостириб кириб қолишди. Қози домла айни уйда пайти эди. Саҳндаги бир чолмашган дарахтнинг ортига ўтиб олиб, маъсур бир дуони ўқиб турди. Миршаблар уйнинг ичу‑ташини тафтиш қилишди. Саҳнию уйни бир неча бор айланиб текширишгач, ноумидларча шиддат билан чиқиб кетишди. Қизиғи шундаки, бир неча ҳассос қидирувчилар қози домлани қидириб топа олмаётган лаҳзанинг ўзида фарзандлари уни узоқдан кўриб туришар, миршаблар гоҳо уни истаб унинг ёнидан айланаётганидан таажжубда эдилар. Аллоҳ таоло қози домланинг дуосини ижобат қилган, уларнинг кўзига парда тортган эди.[11]

Муҳаммаджон домла Ҳиндистоний алайҳирраҳма бир кун Қози домланинг зиёратига борар экан, кўнглида: «Қози домланинг барча шаръий билимларга моҳирлиги кундек равшан. Аммо Бедилнинг байтига малакаси қандай экин? Фалон‑фалон байтларнинг шарҳини сўрасам..», – дея, Мирзо Абдулқодир Бедилнинг баъзи энг чуқур, жумбоқ байтларини мўлжаллаб олади. Зиёрат, салом‑аликдан сўнг‑ла Қози домла суҳбат бошладилар ва баъзи форсий байтларни шарҳладилар. Шарҳ шундай юқори даражадаги илм ва маҳорат билан қилинар эдики, қўшимча саволга ўрин қолмас, кўнгилга бир вақтнинг ўзида ҳайрат ва таскин элтар эди. Ажабланарлиси шундаки, сўзловчи айнан тингловчи мўлжаллаган мисраларни нишонга олган эди.[12]

Қози домланинг ҳузурига Тошкентдан бир кун икки меҳмон келди. Ташриф боиси улардан бирининг жуда мушкул саволи бўлиб, анчадан буён ечими топилмаётган масала экан. У шеригига зиёратга киришдан олдин бир қийин масалани сўраш мақсади борлигини айтган экан, рафиқи унга: «Кираверайлик-чи, ўрни келса, сўрарсан?»  – дебди. Улар ичкарига киришади. Зиёфат асносида Қози домла бироз суҳбат қилиб бердилар ва улар ижозат олиб ташқарига чиқишди. Шунда ҳалиги рафиқ шеригига юзланиб: «Нега мушкул саволингни сўраб олмадинг? Ахир, зарур деяётган эдинг‑ку!» – дейди. У эса ҳайратомуз бир ҳолатда:«Эҳ, тақсир, чунки бунга эҳтиёж қолмади. Қози домла мен сўрамоқчи бўлган нарсаларни бошдан‑оёқ айтиб бўлдилар», – деди. Кейин Абдулфаттоҳ махдум акага бўлган ҳодисани айтиб: «Ҳай‑ҳай, бу зотни эҳтиёт қилинглар. Бу кишини ҳар ким ўз ақли даражасида танир экан», – деб чиқиб кетишади. Меҳмонлар ҳам илмли ва мухлис кишилар экан. [13]

Ҳусни хотима:

1386 йил 4 зулҳижжа (1967 йил 15 март) чоршанба куни. Абдулмажид қози домла алайҳирраҳма қишлоққа бир йиғинга бориб келадилар. Оқшом тушгач, набиралари билан суҳбатда ҳеч бировининг эсига келмаган мавзуда сўз очадилар: «Падари бузрукворимиз алайҳирраҳма милодий сана ҳисобида 97 йил яшаган эдилар. Қайин- отамиз, ҳам устозимиз Абдуссамеъ халфа алайҳирраҳма ҳам ўша ёшда вафот этганлар. (ўзларининг яқинларидан яна бир кишини ҳам айтдилар). Биз ҳам ўша ёшга етиб келдик. Халқ бизнинг ҳаққимизга «умри табиий»[14] сўраб дуо қиладилар, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ижобат қилган бўлса, ажаб эмас. Аммо бизнинг марра ҳам шу, биз маррага етиб келдик».[15]

Бу ғайриоддий гаплар, башар одатига кўра, эшитганларга оддий туюлар эди. Чунки бу сўзларни айтаётган киши доимгидек соғ ва тетик эди. Ақллар бу сўзларни тинглар экан, Аллоҳнинг яқин келган қазосидан ғафлатда эди. Бу ғафлатни бундан кўра аниқроқ ифода билан ҳам аритиб бўлмас эди. Зеро, қазо ва қадар Аллоҳ таолонинг сиридир. Ҳамма уй‑уйига кириб, кўзлар ҳам ғафлатга кетди. Одатдагидек субҳи содиқдан аввал хизматига кирган набираси у кишининг уйғонмаганидан ҳайрон бўлиб, яқин борган эди, кўрдики, ҳолат доимгидан ўзгача: Абдулмажид қози домла беҳуш ётар эди. Дарҳол тадбирга киришилди. Пешин вақти ҳам яқинлашди. Табиблар олиб келиб, муолажа қилмоқчи ҳам бўлдилар. Аммо кеча ишораси берилган ҳукм соати келган эди.

Абдулмажид қози домла алайҳирраҳма 1386 йил 5 зулҳижжа (1967 йил 16 март) пайшанба пешин вақти бир асрлик ҳаётни тамомлаб, абадий ҳаётга йўл олдилар. Уни таваллудидан вафотигача ҳурмату эъзозда қилган, бир аср сийлаб, илтифот кўрсатган Роббининг ҳузурига у Зотдан рози бўлган, иншааллоҳ, У Зот ҳам бу эрка бандасидан рози бўлган ҳолда риҳлат қилдилар. Бутун юрт мотамга чўмди. Жаноза жума намози пайтига белгиланди. Атроф‑жавонибдан одамлар оқиб кела бошлади. Халқнинг руҳий ҳолати, бу оғир жудолик, улкан йўқотишни ҳис қилган кишилар хонадон дарвозаси пештоқига Алишер Навоийнинг қуйидаги мисрарларини бир катта қоғозга ёзиб, гўё Аллоҳнинг илҳоми билан ҳақли равишда осиб қўйдилар:

Фироқ вақтидир, эй кўзлар, эмди қон йиғланг,

Билурмисизки, бу кун не кишидин айриласиз!

Жанозага бутун Ўрта Осиёдан кишилар иштирок этди. Хонадондан олиб чиқилган тобут Андижон марказидаги Девонабой масжидига қўлма‑қўл олиб борилди. Оламоннинг бир учи тобутни масжидга олиб борган бир вақтда ҳали кети хонадондан узилмаган эди. Ўша пайтда Девонабой масжидида имом‑хатиб бўлиб турган, Қози домланинг содиқ шогирдларидан бўлган Ҳабибуллоҳ қори ака жанозани ўқиди. Тобут шаҳарнинг юқори четидаги Бобо Саъдуддин қабристонига елкама‑елка, қўлма‑қўл олиб борилди. Манзилга етиб боргунча анбар устидаги чойшабларни кишилар майда‑майда қилиб бўлиб олдилар. Дафн маросими гўё қиёматни эслатди.

Абдулмажид қози домла алайҳирраҳманинг шаънларига замонанинг энг етук олимлари, шоирлари марсиялар, таърихлар битишди.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ул буюк зотни ўз раҳматига олсин, ҳаётида бир намуна сифатида кўрсатган фазлу  марҳаматини охиратда бемисл қилиб берсин. Ислом умматига яна ўшандоқ буюк намояндаларни ато айласин.



[1] Абдулмажид қози домланинг шогирдларидан Садриддин қори ака.

[2] Абдуссамеъ Халфа Андижондаги Чуқур масжид мадрасасининг бош мударриси, беназир аллома, валий бўлган.

[3] Орифхўжа домланинг ўғли Собитхон ака ҳикояси.

[4] Падари бузрукворимиз Яҳёхон қори ака бобоси Абдулмажид қози домладан эшитган.

[5] Қози домланинг набира куёви.

[6] Мазкур жойда таълим олган шогирдларидан лўғумбеклик Султон Ғози махдум.

[7] У асли ққонлик ўқитувчидан чиққан бир миршаб бўлган.

[8] Қози домланинг мухлис шогирдларидан.

[9] Абдулфаттоҳ махдум ака фарзанди Собитхон акага айтиб берган.

[10] Аминжон махдум домланинг шогирди Одилхон ака.

[11] Қози домланинг қизи Валияхон хола ўғли Абдуссаломга айтиб берган.

[12] Домла Ҳиндистоний шогирди Абдуллатиф қори акага айтиб берган.

[13] Қози домланинг қайнииниси Абдулфаттоҳ махдум мазкур Абдуссалом акага айтиб берган.

[14] Урфда «умри табиий» деганда 120 ёш тушунилар эди.

[15] Қози домланинг набираси Кароматуллоҳ қори ака ҳикоя қилиб берган.