A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/743690ramazon_1438.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/810343muborak_kecha.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/155397ramazonda_sizni.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail

Ўзбекистонда ХХII қорилар мусобақаси

Шаҳобиддин қори
PDF Босма E-mail

Шаҳобиддин қори

Шаҳобиддин қори ака Андижон шаҳри, Тўқмоқ маҳалласида 1892 (1309‑1310) йили тақводор оилада дунёга келган. Отаси Мўъминжон ака оддий деҳқон одам эди.

Шаҳобиддин қори ака дастлаб Андижон шаҳри марказидаги қорихонада Қуръон ёдлаган. Айтишларига қараганда, бу қорихона Жомеъ мадрасасининг яқинида жойлашган экан.

Қори ака қассоб Мўъминжон аканинг қизи Роҳилахонга уйланган. Улар Ҳошимжон, Козимжон, Носиржон исмли уч ўғил ҳамда Саодатхон, Сабохон, Саломатхон исмли уч қиз фарзанд кўришган. Улардан Ҳошимжон, Носиржон ва Саодатхонлар оламдан ўтишган.

Шаҳобиддин қори ака 1930 йилдан то 1940 йилларгача қатағон давридаги сургун сабабли оилалари билан Ҳаққулобод қишлоғига кўчиб борадилар. У ерга савдо, тирикчилик мақсадида келиб турадиган Лўғумбеклик (ҳозирда Андижон вилояти таркибига киради) Уста Ортиқ ва Абдураҳмон акалар қори акага ихлос, муҳаббатлари тушиб, у кишини ўз қишлоқларига олиб кетишни таклиф қилишади. Бу таклифга рози бўлган Шаҳобиддин қори ака 1942 йилгача ўша ерда колхозда ишлайдилар.

1942 йили Қори ака Оренбургдаги заводда ишлаш учун мажбурий жўнатиладилар ва 1944 йили куз пайтида уйларига қайтадилар. Бу орада фарзандларига уларнинг тоғаси қараб туради.

XX асрнинг бошларида бизнинг диёрларда Қуръони Карим асосан «форсий лаҳжа»[1] услубида ўқилар эди. Шаҳобиддин қори ака «арабий қироат»ни дастлаб Муҳаммад Амин Маккий[2]дан олган. Табиийки, аввалига ўша даврнинг баъзи қорилари ҳам бу нарсага қарши туришган.

Шаҳобиддин қори аканинг Бухоро Мир Араб мадрасасида таълим олган андижонлик шогирдларидан Бурҳониддин қори ака шундай ҳикоя қиладилар:

«Бухоро Мир Араб мадрасасида ўқиш учун имтиҳонни биздан Тошкентда Шаҳобиддин қори акам олганлар. Ўша ерда таҳсил олиб юрган кезларим… Бир куни Қори акамга чой дамлаб келдим. У киши менга: «Келинг, ўтиринг», – дедилар ва ўзларининг ўтмишларидан сўзлай бошладилар:

«Мен Қуръони Каримни Муҳаммад Амин Маккий устозимизда хатм қилганман. У кишидан араб тилини ҳам ўрганганман. Баъзан устоздан изн сўраб, шаҳарга бориб келар эдим. Қайтиб ҳузурларига келганимда у киши мендан шаҳардаги ҳолат ва вазият ҳақида сўрар эдилар. Баъзи йиғин ва тадбирларда бўлганимни эшитгач: «Сен ҳам Қуръон ўқиб бердингми?» – деб сўрар эдилар. Шунда мен: «Йўқ, менга ўқитмадилар. Бир уй қорилар қироат қилади, менга навбат келганда «фалончи, сиз ўқинг», деб кейинги кишига ўтказиб юборишади», – дер эдим. Устоз: «Кимлар ўқиди?» – деб сўрардилар. Мен: «Фалончи‑фалончилар», – деб санаб берардим. Устозимизда ҳамма қориларнинг рўйхати бўлиб, уларнинг барчасини танир эдилар. Шунда у киши менга: «Сен иккиланма. Улар асл қироат, суннат қироат мана шу эканлигини билмаяптилар. Сен сабр ва саботда бардавом бўлиб тур, ҳали ҳаммалари сенга эргашишади. Сен қориларнинг биринчиси бўласан», – деб қўяр эдилар».

Аллоҳ таолонинг лутфини қарангки, вақт устознинг сўзлари ҳақ эканлигини кўрсатди. Ўлкада янги қироат мактабининг шаклланишида Шаҳобиддин қори аканинг ҳиссалари беқиёс бўлди. У киши қорилар янги силсиласининг сарҳалқаларидан бирига айландилар.

Шаҳобиддин қори ака ҳикояларини шундай давом эттирадилар:

«Иккинчи жаҳон урушининг охирги йиллари Оренбургдан қайтаётганимда Тошкент темир йўл вокзалига тушдим. Оёғимда ҳарбий пойабзал, эгнимда шинель, бошимда пилотка… Қорним ниҳоятда оч, Андижон поезди қачон келиши номаълум эди. Бир нотаниш киши атрофимда айланар, синчковлик билан мени кузатар, мен эса ҳайрон эдим. Ниҳоят у одам: «Сиз андижонлик Шаҳобиддин қори ака эмасмисиз?» – деб сўраб қолди. Мен: «Шундай», – дедим. У «Мен билан юринг», – деди‑да, мени бир жойга олиб кетди. Кейин билсам, у Кўкча маҳалласи экан. Биз бир уйга кирдик. Хонада ўн бештача одам ўтирар эди. Биз ҳам бўш жойга ўтирдик. Уларнинг юз-кўзларидан «ўзи замон нозик бўлса, зўрға ўтирган бўлсак, бу хос суҳбат бўлса, бегона одамни олиб киришнинг нима кераги бор эди», деган маънони уқиш мумкин эди.

Бир пайт ўтирганлар навбатма‑навбат Қуръон ўқий бошлашди. Табиийки, бегона одамга қироат таклифи бўлмади. Барчалари ўқиб бўлгач, мени олиб келган одам: «Меҳмон ҳам ўқиб берсин, бу киши андижонлик Шаҳобиддин қори ака бўладилар», – деди. Мен Қуръон тиловат қилиб бердим. Қироатни тугатишим билан уйнинг тўрида ўтирган одам бирдан ўрнидан турди‑да, «Тақсир, бу ёққа ўтсинлар», – деб, менга тўрдан жой кўрсатди. Сўнг «Ҳофизи Қуръонмисиз?» – дея мендан сўради ҳалиги киши. Мен: «Ҳа», – дедим. Шунда мени олиб келган кишига қараб: «Бу одамни танир экансиз, нега келишингиз билан таништирмадингиз? Ҳофизи Қуръон инсонни пойгакка ўтқазибсиз», – дея жиддий танбеҳ берди.

Суҳбат ниҳоясига етгач, бу ҳурматли инсон мени уйига олиб бориб, бош‑оёқ сарпо кийгазди. Сўнгра: «Қаёққа кетяпсиз?» – деб сўради. «Аҳли аёлимнинг олдига», – дедим. Бир неча совға‑салом ва ҳадялар берди. Кейин билсам, у киши муфтий Зиёуддин қори ака ҳазратлари эканлар. У киши мени кузатар эканлар, Андижондаги «Уйғур масжиди»га имом‑хатиб қилиб тайинланганлигим ҳақидаги ҳужжатни қўлимга тутқаздилар. Андижонга келиб, икки‑уч йил ўша масжидда хизмат қилдим. Кейин бу даргоҳга юбордилар...»

Козимжон аканинг айтишларига қараганда, Шаҳобиддин қори ака Ўшда ҳам таълим олганлар. У киши билан уч-тўртта шериклари ҳам бўлган. Ўшдаги устозлари Қори акага Қуръони Карим қироатидаги ўзининг силсиласидан «ижозат» васиқасини ёзиб берган. Кейинчалик устоз Мисрга кетиб, Қоҳирада жойлашиб қолган.

Шаҳобиддин қори аканинг асли Бўтақарадан бўлган Абдулмалик қори ака деган Душанбелик шогирдлари ҳаж сафарига борганида, Шаҳобиддин қори ака унга Мисрдаги устозини зиёрат қилишини тайинлайди. Устози у кишига берган «ижозат» йўқолиб қолганини, у кишидан қайта ёзиб беришни илтимос қилишини уқтирадилар. Абдулмалик қори ака Қоҳирада устознинг уйини топиб боради. У эшикни очиб, ичкаридан чиққан Шайхга дафъатан ўзини: «Мен сизнинг набира шогирдингизман», – дея таништиради. Устоз уни меҳмон қилгач, тайинланган «ижозат»ни унга топширади ва шу билан бирга, Абдулмалик қори аканинг қироатларини эшитгач, у кишининг ўзларига ҳам «ижозат» ёзиб беради.

Мазкур тайинланган васиқа Шаҳобиддин қори аканинг хонадонида у кишининг вафотларигача сақланган. Кейин эса уни Абдулмалик қори ака Роҳилахон аянинг рухсатлари билан ўзларида сақлаганлар.

Шаҳобиддин қори ака ҳар йили Миср тарафга кетаётган кишилар орқали устозларига атлас ва шу каби ҳадялар жўнатиб, у кишини йўқлаб ҳам турганлар.

Қори аканинг яна бир шогирдлари Омонуллоҳ қори аканинг зикр қилишича, Шаҳобиддин қори ака Ҳакандаги Довудхон тўрам[3]да ҳам Қуръондан таълим олганлар.

1953 йили Шаҳобиддин қори ака ҳаж сафарига борганлар. Улар Муфтий Зиёуддин қори ака бошчилигида ўн олти кишидан иборат бўлишган. У ерда Саудия Арабистони қироли Абдулазиз ибн Сауд уларни алоҳида меҳмон қилади. Қайтишда Миср Араб республикасига ҳам ташриф буюришади. Қоҳирада Азҳари шарифнинг шайхи Абдурраҳмон Тож уларнинг ташрифи муносабати билан катта зиёфат уюштиради. Икки юздан ортиқ меҳмон иштирок этган бу мажлисда Шаҳобиддин қори ака Қуръон тиловат қилиб беради. Ўзбек қорисининг тиловатидан завқланган шайх Абдурраҳмон Тож ўрнидан туриб, ўтириб тиловат қилаётган қорининг орқасига ўтиб, тик туриб олади. Шу аснода қироат давом этар, шавқ‑завқ 96 ёшли шайхга қўлидаги ичаётган чойини ҳам унуттирган, у қайта-қайта «Маашаллоҳ, Маашаллоҳ!» дея баралла такбир айтар эди. Кейин шайх Шаҳобиддин қори акага иззат‑икром кўрсатиб, ҳадялар ва Қуръон совға қилади. Шунингдек, улар Амир Олимхоннинг ўша ерларга бориб қолган авлодлари билан ҳам учрашадилар…

Дарҳақиқат, Шаҳобиддин қори ака ҳар бир ҳарфни алоҳида эҳтимом билан ажратиб, дона‑дона қилиб, жуда ширин, мулойим, файзли ва таъсирли тиловат қилар, у киши қироат қилганларида қалблар эриб кетар эди. Зеро, бўғиздан чиққан овоз қулоққа етса, қалбдан чиққан овоз қалбнинг туб-тубига етиб боради.

Шаҳобиддин қори ака Куръон нурини фақат ўзбек диёрига эмас, балки хорижий давлатларга ҳам таратган ҳамда ўзбек миллатининг шарафини кўкларга кўтарган инсон бўлганлар.

Бурҳониддин қори ака яна шундай эслайдилар:

«Мен Шаҳобиддин қори акам билан 1950‑1960 йиллар орасида бирга бўлганман. 50-йилларда Қори акам билан Фрунзега Рамазонда хатмга борганмиз. У кишининг айни авж пайтлари эди. Қироатларини тинглаб турган кишилар беҳуш бўлаёзар эди. Шаҳобиддин қори акам ўзлари шундай ҳикоя қилиб берган эдилар:

«1967 йили Покистонда бўлиб ўтган қорилар кўригида биринчи ўринни Мисрлик Шайх Абдулбосит қорига беришган эди. Бир куни меҳмонхонада эдим, олдимга Шайх Абдулбосит қори жаноблари кириб келдилар. Мен билан салом‑алик қилгач, Қуръон ўқиб беришимни сўрадилар. Тиловат қилиб бердим. «Энди фалон сурадан ўқиб бергин», – деди, ўқиб бердим. «Фалон жойни ҳам», – деди, яна ўқиб бердим. Шунда у киши: «Қироатинг асл экан. Кимда таълим олгансан?» – деб сўрадилар. Мен бор гапни айтдим. У киши таҳсин айтдилар. Мен: «Биринчиликни сизга беришди‑ку?» – деган эдим, у киши: «Биринчиликни менинг овозимга беришди», – деб кулиб қўйдилар».

Муфтий Зиёуддин қори ака ҳам бир қанча чет эл сафарларига Шаҳобиддин қори акани Қуръон тиловати учун бирга олиб борар эдилар. Юқорида зикр қилинган Мисрдаги воқеа бунинг бир мисолидир.

Шаҳобиддин қори ака Қуръони Каримни нафақат тиловат қилиш, балки таълим беришда ҳам етук мактабга эга бўлганлар.

XX асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиёда Қуръони Каримга энг кўп хизмат қилган Мубин қори ака ҳамда ўз даврининг энг машҳур қориларидан бўлган, 1967 йили Покистонда бўлиб ўтган жаҳон қорилар кўригида иккинчи ўринни олган Қосимов Раҳматуллоҳ қори акалар ҳам тажвид қоидалари ва арабий қироатни Шаҳобиддин қори акадан олганликлари сўзимизга далил сифатида кифоя қилади. Шунингдек, қори аканинг юқорида зикри келган шогирдлари Абдулмалик қорининг аканинг қироатини эшитган Мисрдаги устоз унга ҳам «ижозат» ёзиб берганлари бежиз эмас.

Шаҳобиддин қори ака қомати келишган, соқоли ўзига ярашган, оқ юзли, истараси иссиқ, хушовоз ҳамда табиатан зарофатли, нозиктаъб, мутойибага уста, ниҳоятда ҳалим, улфатнишин инсон бўлганлар. Бир марта суҳбатларини олган одамни ўзларига ром қилиб олар эдилар. Илмни ҳам очиқкўнгиллик билан берар эдилар. Дарсни ўтиб бўлганларидан сўнг талабаларнинг кўзларига бир синчков нигоҳ ташлаб, дарсни яхши тушунган талабани дарҳол пайқаб олар ва унга табассум билан мамнуниятларини изҳор қилиб, сўнг «Танаффус», деб чиқиб кетар эдилар. Бирор талабага қаттиқ сўз айтмас, талабалар ҳам у кишининг дарсларини интиқлик билан кутар ва яхши ўқишга ҳаракат қилар эдилар.

Шаҳобиддин қори ака Бухоро мадрасасида Қуръони Карим қироати, араб тили грамматикаси ва муҳоварасидан дарс берганлар.

У кишининг Қуръони Каримдан дарс бериш услублари салафи солиҳларнинг услубларига ўхшаш бўлган: сабоқ берилаётган оятни аввал ўзлари батажвид ўқиб эшиттирадилар, талаба яхши тинглаб олиб, сўнг устозга эшитганига мувофиқ суратда ўқиб беради. Агар яхши ўзлаштира олмаса, бу иш икки‑уч бора такрорланади. Эртасига ҳар бир талабадан сабоқни бирма‑бир ёдддан қабул қилиб оладилар.

Шаҳобиддин қори ака ибодат ва тақвода ҳам собитқадам эдилар. Хоналарининг чироғи тунда ҳам ёниқ бўлар эди. Кечалари ҳужраларни айланиб, ким нима билан шуғулланаётганини кузатар эдилар. Баъзан араб радиоканалларини тинглар, Ҳалил Ҳусорий, Шайх Абдулбосит каби устозларнинг қироатлари ва бошқа нарсалардан истифода олар эдилар. Зеро, у киши замон техник ютуқларидан бебаҳра қолмас, улардан Қуръон ва илм йўлида фойдаланишни ҳам жойига қўяр эдилар.

Қори ака жуда зийрак, ҳушёр бўлиб, инсоннинг фикрини, мақсадини унинг кўзидан уқиб олар эдилар ва бу бобда айтган сўзлари ўз тасдиғини топар эди. Бунга мисолни яна Бурҳониддин қори акадан эшитайлик:

«Бир куни шеригимиз Абдулмаликка уйидан телеграмма келди. У кетишга жавоб олиб, аэропортга кетди. Унга қизиқиб, яна бир шеригимиз андижонлик Бурҳониддин (адашим) ҳам уйга боргиси келиб қолди. Бизга «Қори акам билмай қўяверсинлар», - дея, чиқиб кетди. Бир муддатдан сўнг Устоз кириб: «Бурҳониддин қани?» - деб сўраб қолдилар. Биз: «Бироз аввал «Дадамнинг олдига бориб келаман», - деб кетди», – дедик. Устозимиз айтдиларки: «У ҳозир Абдулмаликнинг орқасидан бориб, ундан пул сўрайди, у бермайди. Бечора самолётга чиқа олмай, орқасига қайтиб келади».

Кўп ўтмай, Бурҳониддин кириб келди. Биз: «Нима бўлди?», – деган эдик, у: «Абдулмалик ҳам қизиқ, пул сўрасам, бермади, қайтиб келдим», – деди. Биз унга бўлиб ўтган гапни айтдик. Шунда у: «Қори акам инсоннинг замиридаги нарсани ҳам билиб қоладилар‑а?», – деб қўйди. Орадан озгина ўтиб, Қори акам яна бизнинг олдимиздан ўтиб қолдилар ва менга қараб, «Айтганимдек бўлдими?», деган маънода табассум қилиб қўйдилар».

Шаҳобиддин қори ака олижанобликда, инсоний ҳислатларда барчага намуна бўлганлар. У киши силаи раҳмни адо этишда ҳам ибратли амалларни қилганлар. Жумладан, Қори аканинг Бўтақарада эри вафот этиб кетган Оишахон исмли зуҳду тақволи, серфарзанд бир сингиллари бўлиб, у киши ўша оғир замонда доимо улардан хабар олиб турганлар. «Ҳатто отамиз бир гал бир‑икки килограмм ун, бир гал гуручни уйдагиларга билдирмай, уларга бериб келишимни буюрган эдилар. Ваҳоланки, ўша нарсалар ўзимизга ҳам зарур бўлиб турган эди», ‑ деб эслайди ўғиллари Козим ака. Шаҳобиддин қори аканинг яна бир Хайринисо исмли фарзанд кўрмаган сингиллари ҳам бўлиб, ундан ҳам ўз ёрдамларини аямаганлар.

Қори ака Тошкентда Эски Жува яқинидан кичик бир ҳовли сотиб олганлар. Кейинроқ 1956 йили Подахона (ҳозирги Жар) маҳалласи яқинида жойлашган бир катта ҳовлига кўчиб ўтадилар. 1972 йили бу маҳаллалар бузила бошлайди. Шундан сўнг ҳозирги Ғунча кинотеатри яқинида жойлашган кўпқаватли бинога кўчиб ўтишга мажбур бўлишади.

1968‑1969 йиллар орасида Шаҳобиддин қори ака Андижонга борган кунлари бетоб бўлиб қоладилар. Уч кун ўтиб, бирор илож бўлмагач, Тошкентга олиб келишади. Бу ердаги шифохоналарнинг бирида пешоб йўлидан бир ойда икки марта жарроҳлик муолажасини оладилар...

Шаҳобиддин қори ака умрларининг охиригача Қуръони Карим хизматида камарбаста бўлдилар. Асосий фаолиятларини Мир Араб мадрасасида олиб бордилар.

1975 йил ноябрь ойининг биринчи кунлари фарзандларига: «Бухоро Мир Араб мадрасасидагилар яна боришимни илтимос қилишган эди, розилик билдирдим. Каминани у ерга «Шайхул‑қурро» қилиб олиб кетишади. 9 ноябрга чипта ҳам тайёр», – деб айтадилар. Лекин Аллоҳ таоло ҳузуридаги тақдир одатдагидек, ўзини изҳор қилмаган эди.

1975 йил 7 ноябрь (1395 йил 3 зулқаъда) Жумъа куни. Шаҳобиддин қори ака Жумъа намозини адо этиб чиқадилар. Аҳволлари ҳам яхши эди. Аммо Аллоҳ таоло қадарининг ўз ижросини топиш они келган эди: саксон уч ёшигача Каломуллоҳдан айрилмаган, ярим аср давомида Қуръон хизматини тарк этмаган, шундай кексалик ёшида ҳам илм ва Қуръон хизматига доимгидек камарбаста бўлиб турган ўз даврининг «Шайхул‑қурро»си - Шаҳобиддин қори ака шу дамгача қалбида сақлаб келган маҳбуби Қуръони Каримнинг эгаси бўлмиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурига сафар қиладилар. Қуръон баракоти билан суғорилган саксон беш йиллик ҳаёт ўз ниҳоясига етади.

Шу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мўминнинг нияти амалидан яхшироқдир», – деган марҳаматларидаги буюк ҳикмат, чексиз раҳмат ва мислсиз фазлни яна бир бор ҳис қилиш мумкин.

Шаҳобиддин қори аканинг жанозаларига муфтий Зиёуддин қори ака жаноблари имом бўлдилар. Маросимга йиғилганлар марҳумнинг фазилатларини, мадрасадаги йигирма етти йиллик фаолиятларини, чет элларда бўлиб ўтган у киши билан боғлиқ воқеаларни зикр қилиб йиғладилар. Қори ака «Кўкча» қабристонига дафн қилиндилар.

Шаҳобиддин қори ака кейинги авлодлар учун бир неча магнит тасмадаги қироатларини мерос қилиб қолдирганлар. Аммо бизнинг қўлимиздаги тасмалар бетоб бўлганларидан кейин ёзилган.

Аллоҳ таоло Қори акамизни ўз раҳматига олган бўлсин, азму қарор қилиб турган нарсасидаги ажрни зиёда ато этсин, охиратда ҳам дунёдагидек Шайхул‑қурролар сафида қилсин. Биз ва кейинги авлодларга ҳам ана шундай шарафли йўлда уларнинг изидан боришни насиб айласин. Омин!



[1] “Форсий лаҳжа” – алифни истефола ёки истеъло ҳарфларидан кейин келишидан қатъи назар, доимо йўғон ‑“о” тарзида ўқиш услуби. Бу услубнинг пайдо бўлиши ҳақида ҳозирча аниқ илмий маълумотга эга эмасмиз. Ҳар ҳолда саҳобаи киромлардан шу шаклда етиб келмаганлиги аниқ. Чунки уларда, умумун арабларда бундай ўқиш бўлмаган.

[2] Муҳаммад Амин Маккий асли ўзбек бўлиб, Маккаи Мукаррамага бориб, таълим олиб келгани учун “Маккий” лақабини олган. У киши қироатни Абдуллоҳ Маккийдан олган.

[3] Довудхон тўрам Маккаи Мукаррамага бориб, 13 йил турган ва Абдуллоҳ Маккийдан етти қироатда ижоза олиб келган машҳур ва етук Қуръон олими бўлган.