A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail

Ўзбекистонда ХХII қорилар мусобақаси

Иброҳимжон қори (яҳудий қори)
PDF Босма E-mail

Иброҳимжон қори ака Фарғонада 1931 (1349-50ҳ) йили яҳудий миллатига мансуб оилада дунёга келган. Унинг олдинги исми Илюш бўлган. Отаси Исмоилович Тошпўлат ўқитувчи эди. Онаси ипакчилик қиларди. Уларнинг яна уч ўғил, икки қизи бўлиб, Илюш оиланинг катта фарзанди эди.

Илюш бошланғич таълимни Фарғонадаги рус мактабида олди, сўнг улар оиласи билан Арсиф қишлоғига, кейин Марғилонга кўчиб ўтишди.
1943 йил Совет Иттифоқи ҳудудида динга бўлган муносабат бироз юмшаб, жойларда дийний ташкилот ва масжидлар очилишига рухсат берилди. Жумладан, Марғилонда «Ҳонақоҳ» масжиди ҳам очилди ва унга Мушаррафхон Охун домла имом этиб тайинланди. Қурбон ҳайити куни ийд намози масжидда ўқиладиган бўлди. Одамлар эрталабда масжидга намоз ўқиш учун тўплана бошладилар. Айрим кишилар Ислом одоби ва одатига кўра болаларини ҳам еталаб олишган эди. Марғилонга яқиндагина кўчиб келган Исмоилович Тошпўлатнинг тўнғич ўғли Илюш эшик олдига чиқиб мусулмонларнинг байрам кайфиятларини ақл ва меҳр кўзи билан кузатар эди. Бирдан унинг қалбида бир ҳис пайдо бўлди, кўнглига ҳақиқат шўъла сочди. У ўзининг яҳудий фарзанди бўлгани учун масжидга боришдан маҳрум эканини ўйлаб, қалбини «Қани энди, мен ҳам мусулмон фарзанди бўлганимда, ҳозир намоз ўқиш учун масжидга кетаётган бўлар эдим», деган ўксиклик қамраб олди. Айни вақтда у мусулмон фарзанди бўлиб дунёга келмаганидан афсус ҳам чекарди. Ўшанда у 12 ёшда эди. Бу унинг қалбига экилган иймон уруғи эди. Шундан сўнг унинг Ислом дийнига бўлган қизиқиши ва муҳаббати ортиб борди. Фарзандларининг айтишларича, у ўша вақтдаёқ қалбан мусулмон бўлган экан. Аммо у бу «сир»ни маълум муддат ҳеч кимга айтмай юрди.
Шу ўринда қаҳрамонимизнинг тарихини унинг ўзидан эшитайлик:
«1941 йили уруш бошланди, мен 10 ёшли бола эдим. Ўша дамларда Фарғонада тирикчилик қилиш анча оғир эди. Шу йилларда дадамни Арсиф қишлоғидаги мактабга директор қилиб юборишди. Оиламиз билан Арсифга кўчиб кетдик. Қишлоқда ҳам кун кечириш қийин бўлди. 1943 йилгача шу ерда яшадик.
Кейин Марғилонга кўчиб келдик. Бу ерда Баҳрин маҳалласида бувимнинг дадаси Қўтон бобомнинг жойида турдик. Марғилонда ҳаётимиз кундан-кунга яхшиланиб борди.
Менинг Исломга қизиқишимнинг бошланиши ҳақида айтсам, 1936-37 йиллари Сталин деган подшоҳ тамомий масжид ва мадрасаларни беркитган эди. Орадан 5-4 йил ўтиб немис босқинчилари мамлакатга ҳужум бошлади ва тўхтамасдан бостириб келаверди. Шунда татар олимларидан бири Сталиннинг олдига кириб: «Рухсат берсангиз, масжидларни очсак, мусулмонлар дуо қилишса, шояд немисларни мағлуб этсак», дебди. Сталин эса олимнинг илтимосини қабул қилибди. Шундан сўнг ҳамма Ислом давлатларида (Иттифоқ ичини назарда тутмоқда) масжид ва мадрасалар аста-аста ишга туша бошлади.
Ўшанда 1943 йил эди. Мен 12 ёшда эдим. Масжид очилганини аниқ эслайман. Бир куни эрталаб Баҳрин маҳалласидаги уйимизда эшик тагига чиқсам мусулмон кишилар фарзандларини етаклаб янги очилган масжидга ҳайит намозини ўқиш учун кетаётган эканлар. Мусулмон фарзанди бўлмаганимдан ўксиниб, уларга ҳавас билан қараб турар эканман, Аллоҳ қалбимга «Мен ҳам мусулмон бўлганимда, масжидга борар эдим», деган фикрни солди ва буни тилимда ҳам айтиб юборибман, юрагим хўрсиниб кетди. Шу кундан бошлаб Ислом дийнига муҳаббатим ортиб борди. Дўстларим мусулмон болалари эди. Ниятим 1947 йил рўёбга чиқди. Ўшанда мен 16 ёшда эдим.
1945-46 йилларда маҳалламизда тўқувчилик ва косибчилик қиладиган кичик корхоналар бор эди. Кўчага ўйнагани чиқсак, тўқувчилик дўкондорлари чиқишиб: «Эй бола, бизнинг дўконга кириб 2-3та рўмол тўқиб бергин, тепкини баланд қилиб қўйдик», дейишарди. Эртасига эса косиблар чиқиб, кел, мана бу этикнинг орқа чокини тикиб бер, деб, бизга чок тикишни ўргатар эди. Шундай қилиб бир йўла иккита ҳунарни эгалладим.
1946 йил охиридан бошлаб Марғилондаги ҳамма кичик корхоналарни Тошлоққа жамлашди. Менинг онам ҳам ипакчи эди, ўз ҳисобимиздан ўша жойдан менга бир дўкон қилиб берди. У дўконлар «дамбирчи» деб аталарди. Дамбирчи деб тўқувчи ҳар беш ё олтита тўқиган кийимидан бирини дўкон эгасига бериши асосида юритиладиган дўконларга айтиларди.
Жалолиддин деган бир қадирдон акахоним бор эди, доим бирга эдик. У ҳам Баҳрин маҳалласидан эди. Марғилондан Тошлоққа эрталаб ишга бирга борардик. Ундан ташқари яна бир қанча мусулмон дўстларим ҳам бор эди. Улар дийнимни ажратмай мен билан бирга юришарди. Тўғриси, мен ўз дийнимдаги ўртоқларим билан кам ўйнардим. Ошналаримнинг барчаси мусулмон болалар бўлган. Ниҳоят қалбимдаги ниятим юзага чиқиш вақти келди.
1947 йил март ойи эди, цех раҳбарига: «Тоға, мен бир ошга харажат қилсам, шу бугун тушликка бўлса, ҳамма корхонадагиларни таклиф қилсак», дедим. У киши менга: «Сен яҳудий бўлсанг, ошингни ким ейди», деди. Мен: «Сиз индамай чақираверинг, қалбимда бир гап бор, шуни айтаман», дедим. У хўб, деди ва ошни қилдирди. Ҳамма таомланиб бўлгач, бошлиқ: «Ошни шу бола қилиб берди, қалбида айтадиган гапи бор экан, гапирсин, эшитинглар», деди. Мен: «Бу ошни қилишдан мақсадим Исломни қабул қилганимни билдириш эди», дедим ва уларнинг олдида иймон калималарини айтиб мусулмон бўлганимни эълон қилдим, улар гувоҳ бўлдилар. Уларнинг баъзилари хурсанд бўлишди, баъзилари эса, ота-онанг нима деркин, дейишди. Чунки ўша вақтларда партия ҳам авж олган эди. Мен уларга ота-онамни кўндиришимни айтдим.
Мусулмон бўлганимни билиб, ота-онам кўп қаршилик қилишди. Отага нисбатан онанинг фарзандга муҳаббати зиёда бўлар экан. Мен уларга: «Мусулмон бўлганим билан сизларни ташлаб юбормайман, хабар олиб тураман», дердим. Онамнинг дўконларини юргизишда давом этавердим. Ҳар куни ишдан қайтиб маҳаллага келардим, ибодатларим чала бўлиб қолади деб уйга кирмай  қўйгандим, мусулмон дўстларимникида ётиб қолардим. Аммо ота-онамдан доимо хабар олиб турардим.
Шундай қилиб Исломга кирганимдан бошлаб унинг шартларини бирин-кетин бажо келтиришга киришдим: намоз ўқидим, рўза тутдим, ҳалол-ҳаромнинг фарқини қилдим.
Мен кундан-кунга намозга маҳкам бўлиб борардим. Аммо дўстим Жамолиддин намоз ўқимасди. Бир куни ишга кетаётсак у менга: «Намоз вақти бўлди, намозингни ўқиб ол», деди. Шунда мен унга: «Намоз янги мусулмон бўлганларга холосми, ёки эски мусулмонларга ҳам борми?» дедим ва уни ҳам намозга даъват қилдим. У қаттиқ таъсирланди, намозни бирга ўқидик. Ҳозирги кунда у биродарим жуда ҳам ибодатли кишилардан.
Марғилонда Абдулҳамид ака деган велосапед тузатувчи киши бор эди. Кунлардан бир куни унинг дўконига бир юмуш билан кирдим. Мусулмон бўлганимга анча бўлган эди. Абдулҳамид тоға менга: «Кел, ўтир, сенга ота аждодинг ва она аждодинг тўғрисида ҳамда сенинг Исломга киришингни Аллоҳ қандай насиб қилганини айтиб берайин», деб, гап бошлади, мен қулоқ солиб ўтирдим. У сўзида давом этди:
«Дадангнинг отасининг номи Ишонел эди. У менинг ўртоғим эди, тез-тез олдимга келиб турарди, суҳбатлашиб турардик. Унинг мулоҳазалари Исломга тўғри келарди ва ўзи бу дийнни яхши кўрарди. Биз уни Исломга киришга таклиф қилсак: «Кирардим-у яҳудийлардан қўрқаман-да», дер эди. Биз шунга асосан унинг Ишонел деган номини Исмоил деб ўзгартирдик. Кейин, дадангнинг асл исми Яшар эди, унга Тошпўлат деб ном қўйдик. Шундай қилиб даданг Исмоилович Тошпўлат бўлди. Умрининг охиригача шу ном билан яшаб ўтди.
Онангнинг дадаси деҳкон одам эди. У ҳам ўз оғзи билан: «Менинг Ислом дийнига нисбатан эътиқодим яхши», дер эди. Уруш тугамай туриб иккалалари ҳам оламдан ўтиб кетдилар. Мен ўзимча, икки бобонг билан дадангнинг нияти кимга насиб қиларкин, деб ўйлаб юрардим. Энди сенга насиб қилганини кўриб турибман». Шундай деб у киши дилсўзларини тамомлади.
Мен шу ёшимгача одамларни намозга даъват қилиб келдим. Ислом дийни жуда ҳам комил дийн. Бинобарин, бошқалар ҳам менга ўхшаб ундан баҳра олсин дейман».
(Ушбу иқтибос Иброҳимжон қори даданинг ўз куёвлари илтимосига кўра ҳаёти ҳақида айтиб берган ҳикояларидан олинди. Уни қори даданинг қизи отасининг оғзиларидан ёзиб олган. Матннинг бизга маълум бўлгани шундан иборат. Биз уни тартиблаштириб ва бироз таҳрир қилиб келтирдик, имкон қадар асл матнни сақлашга ҳаракат қилдик.)
Ёш яҳудий йигитнинг мусулмон бўлганидан, иймону эътиқодидан хабар топган айрим аҳли илм кишилар у билан қизиқа бошладилар. Марғилоннинг Чўқмозор маҳалласида иккинчи жаҳон уриши қатнашчиси бўлган Собир қори ака деган киши бор бўлиб, у ўзига яраша илмли, тақволи, аҳли тариқат, шижоатли инсон эди. У мазкур йигитни ўзи истаб топиб, унинг таълим-тарбияси билан шуғиллана бошлади, унинг исмини Иброҳимжон деб ўзгартирди ва уни ўзига ўғил тутди. Унга ҳарф танитди ва дарс ўқитди. Бироқ Собиржон қори аканинг қалбини Иброҳимжон ҳақида унинг иймони ҳақиқиймикин, деган маънодаги ғашлик тарк этмасди, лекин уни ҳеч кимга билдирмасди.
Марғилонда Хон бува номи билан машҳур бўлган тариқат устози бор бўлиб, Собиржон қори ака унинг хонақоҳида ҳам мударрис, ҳам имомлик қилар, рамазонда таровеҳга ўтиб берар эди. Чунки, у Хон буванинг энг катта муридларидан эди. Бир куни эрталаб устозникига борса, Хон бува унга маъноли қараб: «Собиржон қори, энди кўнгилингиздаги Иброҳимжонга нисбатан ғашликни чиқаринг, у шу йўлга ўтди, энди қайтмайди», дебди. Устознинг танбеҳидан керакли хулоса чиқарган Собиржон қори ака дарҳол изига қайтиб уйига келди. Унинг одатга хилоф ўлароқ тез қайтганидан ажабланган Иброҳим «Ҳозироқда кетган эдингизку?», дея ажабланди. Шунда у «Ўғлим, мана бу еримда – қалбига ишора қилди – бир қоралик бор эди, ҳозир ўшани Хон бува олиб ташлади, шуни сенга изҳор қилиб қўяй дедим», деб жавоб берди.
Иброҳимжон Собиржон қори акани ота, аёли Фотимахонни ая деб чақирарди. Бир куни Собир қори ака келса, Иброҳимжон уйга келиб совуқда ташқарида туриб қолибди, сабабини сўраса, аямнинг нимадандир аччиғи чиқиб турибди шекили, келсам, беҳосдан: «Боринг, сиз ҳам кирманг», деб юборди, киргани истиҳола қилиб турибман, дебди. Шунда Собир қори ака аёлига аччиқ билан «Эй хотин, мен сенга бу тўнғич фарзандинг демабмидим, агар тўртала боланг билан сендан кечсам ҳам, бундан кечмайман», деган экан.
Қувада Амр бува деган аҳли илм, тақволи, косиб киши бор эди. У Марғилонга тирикчилик юзасидан келиб-кетиб юрарди. Бир сафар Марғилондаги дўстлари унга: «Бир бола бор, олиб кетиб тарбияласанг ўзинг ҳурсанд бўласан», дейишди. У бу таклифни бажонидил қабул қилди. Амр тоға уйга келиб, аёлига: «Нечта ўғлинг бор», деди. У: «Тўртта», деди. «Бугундан бешта бўлди», дея, янги меҳмон йигит Иброҳимжонга ишора қилди Амр тоға.
Амр буванинг аҳлияси жуда ҳам муҳаббатли, қория, диндор, тақводор аёл эди. У Иброҳимжонни ўз ўғилларидан ҳам яхши кўрарди. Кейинчалик ҳам унга ҳадялар бериб турарди.
Иброҳимжон Амр бувадан илм ва ҳунар ўрганди. У ерда дўстлар ортирди. Ўртоқлари уни жуда яхши кўришар эди. Улар ҳозир ҳам бу дўстларини кўз ёши билан эслайдилар.
У Қувада бир неча йил турди, кейин Марғилонга қайтиб келди ва яна Собир қори аканинг хонадонида истиқоматни давом эттирди. Собир қори ака билимли ва саховатли киши эди. У Иброҳимжонни ўз фарзандидек кўрарди. Шу боис, энди у Иброҳимжонни оилали қилиш учун ҳаракат бошлади. Баъзи бир ташаббускор кишиларни ўртага қўйиб, Марғилонли Иброҳимжон деган бадавлат, эътиқодли инсоннинг қизига харидор бўлиб, ўз уйида тўй қилиб берди ва келинни ҳам хонадонига туширди. Куёв ўшанда 26 ёшда эди. У кейинроқ ўзи уй қилиб, оиласини олиб чиқиб кетди.
Иброҳимжонни ўз қарамоғига олиб, унга таълим берган асосий устозлари юқоридаги Мирза ҳожи Муҳаммад домла ўғли Собир қори ака ва Қувалик Амр ҳожи бувалар бўлишган. Лекин Иброҳимжон бу билан кифояланмай, шаҳардаги оқсоқол Муҳаммад Амин қори бувадан унинг уйида истиқоматда бўлиб таълим олган. Шунингдек, у Тошкентдаги Охун домладан ва Қирғизистондаги аҳли илмлар ҳузурида ҳам илм талабида бўлган.
Бироқ Иброҳимжоннинг бу юриши ҳаммага ҳам бирдек ёқавермасди. Қариндошлари ва қавмдошлари уни дийнидан қайтаришга кўп бора ҳаракат қилишди, яхши гапиришди, бойлик ваъда қилишди, дўқ-пўписа қилиб қўрқитишди, хатто ўлдирмоқчи ҳам бўлишди, лекин бу ишларнинг ҳеч бири унинг иродасини бука олмади. У пул ваъда қилганларга: «Мен бу дийнга Аллоҳнинг розилиги учунгина кирдим, дунё учун эмас, менинг бу пулларингга ҳожатим йўқ», деб жавоб берди ва Аллоҳга таваккул қилди. Уни Роббул-оламиннинг Ўзи ҳийла ва зарарлардан асради, азизу мукаррам қилди.
Бир куни Иболҳимжон Марғилондаги дўсти Абдуссаттор қори ака билан бирга Қўқонга маросимга боришади. Мажлиснинг тўрисида ўз даврининг етук олими Кулол домла ўтирарди. У киши гапира туриб: «Марғилонда бир бола мусулмон бўлган экан», деб қолади. Шунда Абдуссаттор қори ака: «Ўша бола шу ерда, мана у», дея ёнидаги шеригига ишора қилади. Кулол домла бирдан сапчиб ўрнидан туриб, таъзим қилади, у киши билан бирга мажлис аҳли ҳам қўзғалади. Домла ўтирганларга қарата: «Ҳозирги замоннинг саҳобаси шу йигит», дейди-да, Ибримжонга юзланиб гапини давом эттиради: «Ўғлим, бизни кечирсангиз кейин ўтирамиз, айбимиз шуки, биз сизни мусулмон бўлганингизни эшитибоқ бориб сизни бир туяга миндириб одамларга кўз-кўз қилишимиз керак эди, биз эса ундай қила олмадик, шу айбимизни кечирсангиз кейин ўтирамиз». Мажлис тугагач, у ердагиларнинг барчаси бирма-бир меҳмонни зиёрат қилдилар.
Иброҳимжон ўз устозларидан Қуръони каримдан ташқари туркий, форсий ва арабча китоблардан таълим олди. У Қуръони каримни тўла ҳифз қила олмаган бўлса-да, уни тажвид билан тиловат қиладиган бўлди, бир қанча сураларни ёд олди ҳам ва халқ орасида «Иброҳимжон қори» номи билан тилга олинадиган бўлди.
У киши Форс тилини яхши биларди, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг форс тилида битган машҳур тафсири - «Тафсири Ҳусайний»ни кўп ўқирди. Ҳусни хатда ҳам моҳир эди. Сўфи Оллоҳёрнинг «Саботул-ъожизийн» китобини жуда ҳам севиб ўқирди ва бошқаларга ўқиб, изоҳлаб берарди. Унинг мазкур китобга қилган оғзаки шарҳини шогирдлари магнит лентага ёзиб ҳам олишган. 
Иброҳимжон қори ака Ислом дийнини ўрганишда қандай ташаббус кўрсатган бўлса, уни бошқаларга ўргатишда ҳам ана шундоқ жонбозлик кўрсатди. У киши, мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, дўстлари, яқинлари ва бошқа илм толибларининг илк саводини чиқарган севимли устозига айланди. У киши шогирдларига асосан «Устози аввал», «Муаллими соний», «Ибодати исломийя», «Саботул-ъожизийн» ва «Мухтасарул-виқоя» китобларидан таълим берарди. Шунингдек, уларга ҳусни хатни ҳам ўргатар ва айрим китобларниннг матнини тахтага ёзиб, мазмунини тушунтириб берарди. Чекка қишлоқларга ўзининг шахсий машинасида бориб кишиларга дийну-диёнатдан таълим берар, уларга шариат илмларини уқтирар эди.
У киши ёш шогирдларига насиҳат қилар экан: «Сизлар Аллоҳга шукр қилиб ўқинглар, ота-оналарингиз мусулмон. Менинг ота-онам илм ўқи, намоз ўқи, дейдиган бўлмаган, ғайри дин эдилар», деб қўярди.
Иброҳимжон қори ака жуда ҳам ҳалим, гўзал ахлоқли, камтарин, тавозуъли, ширинсўз киши эдилар. Тамаъ, риё каби маънавий иллатлардан йироқ эдилар. У киши намознинг адосига катта эҳтимом берар, уни доимо вақтида ва хушуъ-хузусини жойига келтириб ўқирдилар.
Иброҳимжон қори ака ота-онаси ва ука-сингилларидан доимо хабар олар, хусусан ҳайит кунлари уларни зиёрат қилар ва улар билан асосан ўз тилида гаплашар эдилар. Ҳар сафар уларни Исломга тарғиб қилиб, унинг фазлини, улуғлигини уларга тушунтиришга ҳаракат қилар экан: «Биз сизларнинг динингизни ёлғон демаймиз, биз Мусо алайҳиссаломни ҳақ пайғамбар, унинг дийнини ўз вақтида ҳақ дийн бўлган деб биламиз, бинобарин, сизлар Исломга кирсангизлар дийнингизни инкор қилган бўлмайсиз, келинглар, шу ҳақ дийнга киринглар, мана мен сизларга тирик гувоҳман, ёмон бўлганим йўқ-ку», дер эдилар.
1976 йил марҳум устоз ҳазрат Муҳаммаджон Ҳиндистоний домла Тошкентга маросимга келганларида мажлисда Иброҳим қори ака ҳам бор эди. У киши фурсатдан фойдаланиб
Ҳиндистоний домладан: «Тахсир, мен бошқалар каби ота-онамнинг ҳаққига дуо қила олмайман, нима деб дуо қилсам дуруст бўлади?» деб сўради. Шунда Жаноб Домла «Сиз, уларнинг ҳаққига «Аллоҳумма иҳди валидайя ва ваффиқҳума лима туҳиббу ва тарзо – Эй Аллоҳим, ота-онамни ҳидоят қилгин ва уларни Ўзинг яхши кўрган ва рози бўлган ишга муваффақ қилгин», деб дуо қилинг», дея жавоб бердилар.
Иброҳимжон қори ака шундан сўнг ҳар куни ҳар намозида, ҳар соатда ушбу дуони чин дилдан кўз ёши билан ўқиб юрди. Ниҳоят, қилинган даъвату дуоларнинг натижаси ўлароқ Иброҳим қори аканинг отаси ҳам онаси ҳам солиҳ фарзанд шарофатидан умрларининг охирида мусулмон бўлиб оламдан ўтдилар.  Аммо меҳрибон фарзанд мазкур дуони то ҳаётининг охиригача тарк этмади.
Бир куни Иброҳим қори ака ўз одатига кўра кекса отасини кўргани борди. Уйга кириб борар экан ота ўғлини кўриб ичкари хонадан шаҳодат калимасини айтиб чиқиб келди. Шунда қори ака: «Эртароқ бўлиши керак эдида, дада», деган эди, отаси: «Ўғлим, замон шунақа экан-да, ҳамма нарсани кўрдик», деб жавоб берди. Ота бола қучоқлашиб кўришиб, кўз ёш тўктилар. Орадан бир ҳафта ўтиб Исмоилов Тошпўлат оламдан ўтди. Қариндошлари дафн маросимларини ўз урф-одатларига кўра ўтказдилар. Меҳрибон ўғил яқинда мусулмон бўлган отасига ўзи жаноза ўқиди.
Онаси ҳам вафотидан олдин яҳудий, ўзбек ва араб тилида шаҳодат калимасини айтиб мусулмон бўлди ва ўғлига Ислом шариатига кўра жаноза ўқишини васият қилди. Иброҳим қори ака катта ўғли билан маййитга қабристонда жаноза ўқидилар.
У киши ушбу ҳақиқатни изҳори ўлароқ яқин қишиларига: «Мен бошқа мусулмонларга ўхшаб намозларимда «Аллоҳим, ота-онамни мағфират қилгин», дея олмасдим. Алҳамду лиллаҳ ҳозир уларнинг ҳаққига ўша дуони ҳам қилмоқдаман», дер эди.
Иброҳим қори ака умри бўйи ҳалол касб билан тирикчилик қилишга ҳаракат қилди, дунёга берилмади. У аввалига тўқувчилик ва косибчилик билан шуғилланди. Деҳқончилик ҳам қилди. Кейинроқ ОПДда ҳамда водаканалда ишлади ва шу ердан нафақага чиқди. Шунингдек, у одамларнинг ҳожатини чиқариш мақсадида ҳайдовчилик ҳам қиларди.
У киши 1990 йили ҳаж ибодатини адо этиш шарафига муваффақ бўлдилар. Шу йили нафақага чиқиб, Марғилондаги «Мўйи муборак» масжидида тақрибан ўн йил муаззин бўлиб хизмат қилдилар.
Иброҳим қори ака Исломнинг шарофати ила етук устозлар ҳузурида тарбия топдилар, гўзал одоб-ахлоқ, мунаввар юз, покиза жисм ва руҳ, юксак маънавий бойлик ва иззату икромга сазовар бўлдилар.
У киши Ислом ва мусулмонларга катта хизматлар қилдилар. Кўплаб мусулмонларга таълим бердилар.
Иброҳим қори ака ҳаётининг охирги йиллари бироз бетоб бўлдилар. Шогирдлар, қадирдонлар у кишини кўргани киришар эди. Бир куни икки нотаниш киши кириб келди. Уларнинг бири қори акадан узр сўраб: «Устоз, бизни маъзур тутинг, сизга бепарво бўлибмиз. Партугалияда уч йил ишлаб келдим, у ерда «қаерлисан?», деб сўрашган эди, мен: «Марғилонлиман», деб жавоб бердим. Улар: «Иброҳим қорини танисанми?», дейишди. Мен: «Йўқ, танимайман», дедим. Шунда улар: «У кишини билмасанг, қанақа мусулмонсан ўзи?» дейишган эди, жуда ҳам қаттиқ афсус ва ҳижолатга қолдим, шу ерда туриб қадрингизни билмабмиз», деб ўзининг дилсўзларини изҳор қилди. Устоз бепавогина «Сўрашган бўлса, саломат бўлишсин», деб қўйдилар.
Ана шундоқ ажойиботларга тўла, соф фитратига қайтиб, шу йўлда собит ўтган ҳаёт Рамазон ҳайитидан бир кун олдин ниҳоясига етди.

Иброҳимжон қори ака 09/29/1425 ҳ. 13/11/2004 м. Шанба куни фоний дунёдан кўз юмдилар. Аллоҳ таоло у зотни ўз раҳматига олсин, қабрларини мунаввар қилсин ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат берган икки бора ажрга мушарраф этсин. Амин!

 

{music}mp3/eski_qorilar/{/music}