A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail

Ўзбекистонда ХХII қорилар мусобақаси

Абдулазиз қори дада
PDF Босма E-mail

Бир асрдан ортиқ ҳаёт кечириб, умр бўйи Қуръонни кўтариб ўтган бу ҳофизи Каломуллоҳ билан кўришиб суҳбат қуришни кўпдан буён диллаб юрган эдим. Ёз кунларининг бирида қадрдоним, тошкентлик таниқли Қуръон ҳофизларидан Зоҳидхон қори Азимбоев «Устозни бир йўқлаб келмаймизми?» деб қолдилар. Орзум амалга ошаётганидан қувониб, дарров розилик билдирдим. Пойтахтнинг Эски шаҳар қисмидаги, ҳозирги «Зарқайнар» супердўкони олдидаги тор кўчадан бир чақиримча юриб, кўплаб қориларнинг устози Абдулазиз қори ота хонадонларига кириб бордик.

Қори дада анжир соясидаги сўрида салқинлаб ўтирган эканлар. Бизни кўриб, севиниб кетдилар. Ёшларига ярашмаган чапдастлик билан сўридан тушиб, олдин Зоҳидхон қори, сўнг камина билан қучоқлашиб кўришдилар. Сўрига чиқдик. Гавдалари хипчагина, соч-соқол кумушдай оппоқ, кўзлари тийрак боқувчи, абжир қария юз ёшдан ўтган бўлишларига қарамай кучли қувваи ҳофизаси, ўткир хотираси, воқеалар тафсилотини, юзлаб кишиларнинг ҳасби-ҳолини энг майда-чуйдасигача эслаб қолиши билан кишини ҳайратга соларди.
Абдулазиз қори 1902 йили Андижоннинг Хонободида мулла Маҳмуд Шомирза ҳожи ва Нозикхон ая хонадонида туғилди. Оталари Мулла Маҳмуд Бухорода таҳсил олган, боболари Шомирза ҳожи эса ҳажга бориб, Маккада яшаб қолган таниқли олим эдилар. Болаликдан ўткир зеҳнли, фаросатли, заковатли ўсган Абдулазиз ота-она даъвати ва қизиқтириши туфайли Қуръонга муҳаббат қўйди, бўш қолди дегунча Каломуллоҳни қўлдан қўймади. Ўн уч ёшида Аллоҳнинг Каломини ёд олиб, Қуръон ҳофизи бўлиб етишди.
Ўтган асрнинг йигирманчи йиллари бошида замон нотинчланиб, ҳаммаёқда зулм, зўравонлик авжига чиқди. Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлиги аҳолиси Русия мустамлакачилари зулмидан азоб чекаётган, динсиз болшавойлар фитнасидан хароб бўлган бир давр эди. Босқинчилар Дукчи эшон қўзғолонини баҳона қилиб, Андижонни ҳам қонга ботирган, шаҳар-қишлоқларни вайронага айлантирган эди. Ана шундай бесаранжом кунларда ёш Абдулазиз мадраса таълимини олиш мақсадида Бухорои шарифга жўнади. Аммо бир вақтлар «Ислом динининг қуввати» деб шарафланган Бухорони динсиз шўро ҳукумати хароба ҳолга солган, илм аҳлларини, қориларни жисман йўқотишга қатъий киришган эди.

Абдулазиз қори ота ҳикоясидан: «Ўрис босқинчилари Бухоро амирини алдов-фитналар билан мағлуб этганидан кейин кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қатлиомни бошлаб юборди. Оддий фуқаролар у ёқда турсин, машҳур уламолар, шайхлар, мударрис ва дин арбоблари йўқ ердаги баҳоналар билан йўқотила бошланди. Болшавойлар шайхулислом ва номдор уламою қорилардан беш юз кишининг рўйхатини тузиб чиқиб, ёппасига қамоққа олади. Сўнгра ҳаммаларини Когон ташқарисига олиб чиқиб, ўзларига чуқур кавлатади. «Буларга ўқ ҳам ҳайф» дегандай, Бухоронинг кўркию шавкати бўлган уламо ва қориларнинг бирин-кетин калласини узиб, кафансиз, жанозасиз чуқурга ташлайверади. Айтишларича, ана шу жойда икки-уч кунгача тупроқ қимирлаб турган. Бу хунрезликларда ўнлаб мураттаб қорилар, ўлканинг булбул ҳофизлари ҳалок бўлишди ёки умрлари қамоқларда хазон бўлди. Қобил қори, Комил махдум, наманганлик Муҳаммадамин қорилар қамоқда ўлим топишди. Бир қанчалари юртни ташлаб, ўзга юртларга бош олиб кетишди. Ўша талатўпларда Бухоро мадрасаларидан бирида мударрислик қилаётган акам бу бедодликларни кўриб юрак хуружига йўлиқдилар ва уч кун ётиб қазо қилдилар. Шундан кейин Андижонга қайтдим. Устоз Рўзи қори домламизнинг қорихоналарига бордим. У киши ҳам болшавойлар қўлига тушган эдилар, аммо истилочиларга аралашиб-ёрдамлашиб юрган бир шогирдлари у кишини таниб қолади ва: «Бу одам майда тижоратчи, англашилмовчилик орқасидан буларга аралашиб қопти», дея устозини ўлимдан қутқариб қолади ва кейинчалик қамоқдан ҳам қочириб юборади. Икки йилга етиб-етмай устоз қорихоналарида Қуръони Каримни ҳифз қилишни такомилига етказиб, мураттаб қори бўлдим».

Юртда мустамлакачиларнинг зулм-истибдоди, динга қарши кураши кучайгандан-кучайиб кетади. Уламолар, дин пешволари, қорилар иймонларини сақлаб қолиш мақсадида бирин-кетин Шарқий Туркистонга, Қашқарга ҳижрат қила бошлашади. Ўша йиллари Афғонистон, Ғулжа, Қашқар ўлкалари ва Қозоғистоннинг Хитой билан чегарадош ерларига жуда кўп ўзбеклар кўчиб боришган эди. 1927 йили Устози Рўзи қори ортидан Абдулазиз ҳам Қашқарга кўчиб бориб, илм таҳсилини давом эттирди. Тубжой уйғурлар ўзбек диндошларини қучоқ очиб кутиб олишди. Бор нарсаларини мусофирлар билан баҳам кўришди. Ўзбеклар диёридан кўчиб борганлар Қашқарда мадиналик ансорларнинг маккалик муҳожирларга кўрсатган ажойиб муомаласи намуналарини кўришди, тезда ўзларини ўнглаб олишди. Сафар машаққатларию юрт соғинчи бироз унутилгандай бўлди.
Совет ҳукумати Хитойдан қочоқларни қайтариб юборишни сўради, аммо Хитой томони «Биздан ҳимоя сўраб келганларни қайтара олмаймиз», дея бунга кўнмади. Шундай қилиб, Рўзи қори ва унинг ўнлаб шогирдлари қаторида Абдулазиз қори ҳам ўттиз икки йил Қашқарда қолиб кетди.

Абдулазиз қори ота ҳикоясидан:
«Ўттиз икки йил мусофирликда яшасам ҳам, бир жойда муқим турмадим. Уйғур ўлкаси туманларини кезиб, қанча-қанча қардошларимнинг Қуръон саводини чиқардим, ўнлаб мураттаб қорилар тайёрладим. Айни пайтда бирга ҳижрат қилган пири муршидлардан устозим, бир юз ўттиз тўрт ёшда вафот этган Қосим эшон, Бухоронинг сўнгги қозиси Бақохон домла, Абдуллоҳ Хўжандий каби мўътабар кишилар хизматларини қилиб, дуоларини олдим. Устозим Рўзи қори билан Қосим эшонга қўл бердик. Қосим эшон Ислом оламида машҳур тасаввуф шайхларидан эдилар. Қирқ йил Маккада, йигирма беш йил Деҳлида яшаганлар. Асли урумчилик катта бойнинг ўғли бўлганлар. Хонлик даврида Қўқонда ҳам истиқомат тутиб, ҳатто бир муддат Худоёрхон саройи хазинабони ҳам бўлган эканлар. Бир неча йил Наманганда шайх Абдулазиз Мажзуби Намангоний хизматларида ҳам турганлар дейишади. Яна бир устозим Абдуллоҳ қори Хўжандий етмиш йил Маккада мударрислик қилган, ўша жойда хатми кутубни тугаллаган, Қуръон илмидан ташқари, тафсир, ҳадис илмларини ҳам пухта эагаллаган йирик олимлардан эдилар. Ўша йиллари минглаб мусулмонлар коммунизм балосидан қочиб, Қашқардан паноҳ топаётган эди. Қашқарни «Шарқий Туркистон Бухороси» деб улуғлашарди. «Ширин калом» китоби муаллифи Собитхон домламиз ватандошларига азбаройи ҳурмат-эҳтиромлари жўш уриб, ўзлари Маккада туриб Қашқардаги ҳовли-жойларини устозим Рўзи қорига тақдим этдилар. Қашқар алломалар, машҳур қорилар ватанига айланди. Амир Олимхон даврида Бухоро муфтийи бўлиб турган Бақохон домла Қашқарда жуда катта илм толиблари жамоасига мударрислик қиларди. Бухорода илм хатм қилиб келган яна бир етук олим Шамсиддин домла Қашқардаги машҳур Холбек мадрасасининг етакчи мударриси эди. Биз ҳам у кишидан «Кофия»дан сабоқ олгандик. Ҳар пайшанба куни Қашқар бойларидан Баҳоуддинбой уйида олимлар тўпланиб, қироатхонлик қилишар, Қуръонни хатм қилишар эди. Устозим Рўзи қори тирик пайтларида бу ерга келиб «Инна фатаҳна»ни қироат қилардилар. У зот вафотидан кейин Фатҳ сурасини Қодиржон қори ўқиб берадиган бўлдилар. Қашқардаги эллик минг киши сиғадиган жомеъ масжидида қорилар мусобақаси бирор кун тўхтамасди. Улкан масжид меҳробидан қироат қилаётган қорининг овози овоз кучайтиргичсиз дарвоза олдидаги намозхонга ҳам бемалол эшитиларди. «Меҳроб мақоми» дегани шу эди».

Қашқарда бир йили вабо тарқалди. Бу хавфли дард Абдулазиз қорининг устози Рўзи қорига ҳам ёпишди. У хаста устозининг ёнидан бир соат ҳам жилмади, сўнгги нафасигача хизматини қилди. Кароматни қарангки, устоз  вафоти билан вабо ҳам таққа тўхтади. Гўёки қорилар устози ҳалокатли дардни ўзи билан бирга олиб кетиб, халқни ундан халос қилгандай эди. Лекин ҳокимият тепасига коммунистлар келганидан кейин Хитойда «қизил вабо», яъни динсизлик авж олиб кетди. Иймонини асраш учун юртини тарк этган мусулмонлар бошида яна таъқиб-тазйиқ калтаклари ўйнай бошлади. Абдулазиз қорини ватан соғинчи ҳам ўртар, севимли устозидан айрилиқ юрагини қиймалар эди. Бунинг устига эллигинчи йиллар ўртасига келиб СССР ва Хитой ўртасига совуқчилик тушди. Ўзбекларга юртга қайтолмай қолиш хавфи туғилди. Абдулазиз қори узоқ ўйлаб ўтирмай оиласини олиб, Тошкентга қайтди.
Юртда ҳам уларни тинч, тўкис ҳаёт кутмаётган экан. Совет давлати авжи куч олган, ҳамма ёқда даҳрийлик ҳукмрон эди. Бундай вазиятда Абдулазиз қори отанинг ёшларга Қуръон илмидан сабоқ беришлари ақлга сиғмайдиган иш эди. Аммо ана шундай таҳликали йилларда ҳам қори ота теварак-атрофдаги ёшларни тўплаб, уларга Қуръон зиёсини улашишга ҳаракат қилди. Қуръон илмини ўрганишга бел боғлаганлар Абдулазиз қори таълимидан баҳраманд бўлишди. Кун бўйи хонадонма-хонадон юриб бўлажак қориларга тажвид ва қироатдан сабоқ берар, бўш қолди дегунча юрт озодлигини сўраб, Аллоҳга дуо-илтижолар билан ёлборар эди. Қашқардан қайтган йилиёқ умрини дин қайғуси ва миллат ҳуррияти учун бахшида қилган атоқли саркарда ва давлат арбоби, етук олим Алихон тўра Соғунийнинг яқин шогирди ва закий фикрдошига айланди.

Абдулазиз қори ота ҳикоясидан: «1959 йили юртга қайтиб келганимизда бу ердаги ҳаёт ҳам анча оғир эди. Биз ҳовли-жой қилган мана шу Эски Жўва атрофлари шаҳар кўринишини олмаган, одамлар жуда ночор яшарди. Гувалак уйлар, асфалт кўрмаган кўчалар, озиқ-овқат ниҳоятда танқис ва қиммат… Динга, диндорларга муносабат ҳам олдингидан яхши эмас эди. Илм аҳллари, улмаолар ҳамон таъқиб остида юрарди. Бола ўқитиш ҳақида ўйлаш ҳам мумкин эмасди. Қори тайёрлаш ҳам бутунлай издан чиққанди. 1975 йилга келибгина илк бор Тошкентда мураттаб қори чиқди. Бунда менинг ҳам ҳиссам борлигидан астойдил қувонаман». 

Ниҳоят, Абдулазиз қори орзу қилган замонлар етиб келди. Юрт мустақил бўлди. Динимиз, диний қадриятларимиз қайтди. Минг йиллар олдин Ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу) халифаликлари даврида китобат қилинган ноёб Мусҳаф ниҳоят мусулмонларга қайтарилди. Кўплаб мадрасалар очилиб, уларда олимлар қатори қорилар ҳам тайёрлана бошлади. Ҳар йили республикада қорилар мусобақаси ўтказиладиган бўлди. Масжидларда бир вақтлардагидай Рамазон ойларида ҚуръониКкарим хатмлари ташкил этила бошланди. Бутун юрт қатори Тошкентда ҳам тараққий йўлига тушган Қуръон илми, Қуръон қироати устозлари қатори у ҳам шогирдлари иқболидан қувониб яшади. Чунки у тарбиялаб, таҳсил берган кўплаб шогирдлар бугун масжидларни янгратаётган Қуръон булбулларига айланишган эди. Унинг таълим ва маслаҳатлари шарофатидан биргина андижонлик Абдулбоқий қори (устози Рўзи қорининг ўғли) уч юз нафардан ортиқ мураттаб қори чиқарди.
Абдулазиз қори отанинг кўплаб шогирдлари бугун юртда Қуръон илмини, Қуръон қироатини тарқатишда астойдил, холис хизмат қилишяпти. Улардан бири, ўзи ҳам кўплаб шогирдлар тайёрлаган Зоҳидхон қори Азимбоев устози ҳақида бундай ҳикоя қилади: 1974-1975 йиллари у киши хонадонларида ёдлаганларимни ўтказиб олганман. Устоз хонадонларида Қуръонга, қориларга эҳтиром-ҳурмат бўлакча эди. Хонадонга қори таҳсил олиш учун келса, устознинг ўзлари кутиб олар, ўтқазгани жой тополмас эдилар. Янги кўрпача солар, кетарда палов едирмасдан жўнатмас эдилар. Ниҳоят, ўттиз пора Қуръонни қори отага  хатм қилиб, мураттаб қори бўлдим. Ўшанда қори даданинг ҳаяжонлари, қувончлари меникидан ортиқ эди. Ҳатто севинганларидан баралла йиғлаб юборган ва: «Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин, ниҳоят Тошкентимиздан ҳам мураттаб қори чиқди, энди бемалол кўкрагимизни кўтариб юрсак бўлади», деган эдилар».
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ҳикоясидан: Ўзбекистондаги барча қорилар устози Абдулазиз қори отанинг Қуръони Каримга, динимиз ва миллатимиз йўлида қилган хизматлари беқиёс, илмлари, тақволари, одоблари беназир эди. Бир фазилатларини айтиб берай: қачон зиёратларида бўлсам, ҳамиша меҳмондўстликларига таҳсин айтардим. Файзли хонадонга ким келсаям алоҳида бир ҳурмат ва эҳтиром билан қарши олар, эъзозини жойига қўяр эдилар. Ҳатто юз ёшларида ҳам уйларига келган ҳар бир меҳмонга, ҳатто ёш қори болаларга ҳам ўзлари хизмат қилиш пайида бўлардилар».
Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг каломи, тиловат қилиш, ўрганиш ва амал қилиш учун ваҳий ўлароқ юборилган илоҳий дастуридир. Қуръонсиз Ислом ҳам, иймон ҳам, илм ҳам бўлмайди. Ҳадисда фарзандини қори қилиб етиштирган ота-онага қиёматда нурдан тож кийдирилиши хабар қилинган. Бутун умрини Қуръон тарғибига, илоҳий каломни ўргатишга бағишлаган олимнинг охиратдаги мукофоти қандай бўлишини Парвардигорнинг ўзи билади. Улуғларимиздан бири: «Агар Қуръон ҳофизи: «Мендан ҳам Аллоҳ неъматига кўпроқ мушарраф бўлган одам бормикин?» деб ўйласа, хато қилибди», деган экан. Чунки қоридан кўра кўп неъматга эришган кимса бўлмайди. Юртимиздаги юзлаб қориларга устозлик қилган, бутун умр бўйи Қуръонга ошноликни тарк этмаган Абдулазиз қори ота 2006 йил 7 август куни ҳижрий ҳисоб билан бир юз етти ёшда фоний дунёни тарк этдилар. Жанозаларини Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўқидилар.
У зотнинг барча шогирдлари қатори: «Қори дадамизнинг ётган жойлари нурли, охиратдаги мақомлари улағ, жаннатдаги даражалари олий бўлсин!» дея Аллоҳ азза ва жалладан сўраб дуога қўл очамиз.

 

Аҳмад МУҲАММАД.