A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/743690ramazon_1438.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/810343muborak_kecha.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/155397ramazonda_sizni.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail

Ўзбекистонда ХХII қорилар мусобақаси

Муҳаммад Мубин қори
PDF Босма E-mail

Муҳаммад Мубин қори «Мубинхон қори ака» деган ном билан танилганлар. Ўз даврида Қуръон илмини мукаммал эгаллаган бўлиб, у киши «Булбул қори» лақабини олганлар.

Насаби

Оталари - Муҳаммад Амин домла бўлиб, у киши «Аминжон махдум[1] домла» деган ном билан машҳур бўлган. Онаси - Зулайхо хонимни «Ачахон ойим» деб ҳам аташган. У Андижоннинг энг пешқадамларидан Абдуссамеъ халфа домланинг қизи бўлган. Аминжон махдум Андижон шаҳрининг Избоскан туманида яшаб ўтган Ҳабибуллоҳ қорининг ўғли бўлган.

Таваллуди

Муҳаммад Мубин қори ака ҳижрий 1914 йил 11 январь куни (1332 йил 14 сафар) Андижон шаҳри, Чуқур Масжид маҳалласида илмли ва тақводор оилада таваллуд топганлар. Аминжон махдум домланинг 6 нафар фарзанди бўлиб, Муҳаммад Мубин уларнинг тўнғичи эди.

Бўлажак Қуръон ходими

Муҳаммад Мубин қорининг гўдаклик чоғларида Аминжон махдум домла оиласи билан Тўқмоққа кўчиб ўтади. У ерда яшаб, юрган кезлари Орс қишлоғидаги катта Жомеъ масжидда бир муддат имом‑хатиблик вазифасини ўтайди. Масжиднинг болохонали дарсхоналари бўлиб, домланинг ўзлари бу жойда шаръий илмлардан дарс ҳам берадилар. Қуръон таълимини эса Тўқмоқлик Набижон қори ака олиб борадилар.

Аминжон махдум домла бўлажак Қуръон ходими Муҳаммад Мубин қорини икки ёшидан бошлаб «кўзи ўрганиб, қулоғи пишиб турсин» деган мақсадда дарсхонага ўзи билан олиб борар эди. Дастлабки илмни отасидан олган Муҳаммад Мубин қори Набижон қори ака қўлида Қуръон ёдлашга киришади. «Хамиртуруш»и Қуръон илми билан қорилган ёш толиб Каломуллоҳни 9 ёшида таровеҳ намозида хатм қилиб беради. Яна икки йиллик такрор билан Қуръон ҳифзини такомиллаштириш натижасида у катта жамоатларда ҳам хатмга ўта бошлайди. Ҳатто баъзи катта жамоатлар ўзларининг «жажжи имом»ини бўйларига тенглаш мақсадида оёғи остига сандал қўйиб беришар эди.

Боланинг бу даражага етишида одатдагидек, отанинг меҳнати ва ҳиммати катта асос бўлган, десак хато қилмаган бўламиз. Аминжон махдум домланинг фарзандининг илк қадамларини Қуръон ва илм даргоҳида босишини таъминлаши ҳамда: «Ўғлим ҳофизи Қуръон бўлгунича бирор кун бирор жойда ётиб қолмаганман, доимо у билан бирга ётиб, бирга турганман»[2], – деган гаплари сўзимизнинг яққол далилидир.

Муҳаммад Мубин қори ака 12‑14 ёшлар орасида бош оғриғи касали билан қаттиқ бетоб бўладилар. У кишининг бурунларидан кетаётган қонни кўрган Ачахон ойим бир куни оналарча жонкуярлик билан Аминжон махдум домлага: «Болани ўқитавериб, ўқитавериб, охири касал қилдингиз!» – деб юборади. Қуръонга бўлган эътиқоди жунбушга келган Аминжон махдум домла шиддат билан: «Қуръон ўқиган касал бўлмайди, бўлмайди, бўлмайди!» – дея ўз қатъиятини изҳор қилади. Сўнг Аллоҳ таоло шифо бериб, Муҳаммад Мубин қори ака соғайиб кетадилар ва баркамол инсон бўлиб етишадилар.

Оилавий ҳаёти

Муҳаммад Мубин қори ака 18 ёшда уйланадилар. Келин Моҳрўяхон Холиқберди домланинг қизи эди. У тақволи, ифффатли, билимдон, хушхулқ инсон бўлган. У Қуръон ходимининг хизмати учун яралган, шу вазифа учун тарбиялангандек эди, гўё. Келинг, бунинг сирини оилага «аҳли байт»дек хизмат қилган – Муҳаммад Мубин қори аканинг яқин шогирдларидан бири, андижонлик Одилхон эшон акадан эшитайлик:

«Холиқберди (Абдулхолиқ ҳам деб аташган) махдум исмли Андижон шаҳри марказида жойлашган машҳур Жомеъ мадрасасининг бош мударриси, улуғ аллома бўлган. Илми, ибодати, тақвоси ва фазли улуғлигидан у кишини «Ҳазрат домла» деб аташар эди. Ёшлари тўқсонга борганда аёллари қариб қолиб, у кишига парво қилолмай қолган экан. Мухлислари домлага яна бир аёлга уйланишларини маслаҳат беришади. Шундан сўнг Холиқберди махдум домла бор давлатини фарзандларига тақсимлаб бериб, ўзлари яшаётган ҳовлида уйланадилар. Ёши чамаси 35 ёшлардаги Қатортераклик келин - Саидахон чиройли бир жувон бўлиб, хўжазода экан. Улар уч йилга яқин бирга яшаб, қиз фарзанд кўрадилар. Бу аёл Ҳазрат домланинг иззатини ниҳоятда жойига қўйиб, парвона бўлиб хизмат қилган, дуосини олган экан. Саидахон баъзи кундошлик сабабли етадиган азиятларга ҳам сабр қилиб яшаган экан. Ҳазрат домла вафотларидан олдин ‘lkkl’;..’’pp\]’’’.llghyttutyyuy Саидахон ойимга: «Қизим Моҳрўяхон вояга етса, уни ҳофизи Қуръонга узатасиз», – деб васият қиладилар. Бу қизга отасидан жуда кўп давлат мерос бўлиб қолади. Кейинчалик, Моҳрўяхон улғайганида онаси суриштириб, ахтариб, Мубин қори акамни топиб, ўзи харидор бўлиб, қизларини у кишига узатадилар. Улар келин‑куёвга битта аравада сарпо қилиб келадилар. Қори акамнинг аёллари жуда одобли, билимли, ҳаёли аёл эди. У аёлни ҳамма ҳурмат қилиб, «Катта ая» деб чақирар эди».

Муҳаммад Мубин қори ака билан Моҳрўяхон ойим жуда чиройли турмуш қурдилар. Аллоҳ таоло уларга салоҳиятли фарзандларни берди:

Убайдуллоҳ, Пирзодахон ва Оязимхонлар гўдаклик чоғларида вафот этганлар. Шаҳзодахон, Шарифахон, Муҳаммадий қори, Раҳматуллоҳ қори, Шоҳидахон, Моҳзодахонларнинг барчалари Ислом ва Қуръон йўлида ўзларига хос хизмат қилганлар Ҳозирда икки ўғиллари вафот этган. Аллоҳ раҳмат қилсин!

Муҳаммад Мубин қори ака ёшлари улғайиб қолган ота‑онасининг хизматини адо этиш, оилани ҳалол ризқ билан таъминлаш мақсадида махсидўзлик, тери бўяш каби юмушлар билан шуғулланганлар. Терини лаклаб, айвон, сўри каби очиқ жойларда қуритишар, унинг тайёр бўлишига бир неча кун кетар экан. Агар шу муддат орасида шамол туриб ёки бир сабаб билан терига зарар етса, иш кейинги бозор кунига қолиб кетар экан. Бир сафар мана шу ҳол кетма‑кет рўй берибди. Натижада бир неча «бозор куни» бой берилибди. Тирикчиликнинг асосий манбаи бўлиб турган сабабнинг узилиб қолганидан, неча кунлик меҳнатининг қайта‑ қайта зое бўлганидан хафа бўлган қори ака бир кун шундай лутф билан хитоб қилган экан: «Ҳаҳ, сен дунё! Мендан шунчалар қочяпсан‑а?! Сен ҳали мени излайсан, мен сендан шундай қочаманки, мени қувиб ета олмассан. Мен сендан юзимни шундай ўгираманки, сен менга ҳали умримнинг охиригача зор бўласан!»

У пайтда бу касб жиноят ҳисобланиб, шу сабабдан Қори ака анчагина моддий зиён ҳам кўрганлар. Бир тарафдан илмий ҳаракатга, иккинчи томондан иқтисодий ишларга бўлган тўсиқлар у кишининг ўз фолиятларини ўзгартиришларига сабаб бўлган.

1955‑1956 йиллар Орс қишлоғидаги Аминжон махдум домланинг шогирдларидан баъзи мухлислар Мубин қори акани ўзларининг Балиқчи қишлоғидаги деҳқончилик ерларига олиб кетишни таклиф қилишади. Шундан сўнг Муҳаммад Мубин қори ака умрларининг 13‑14 йилини ўша чўлларда қовун‑тарвуз экиш, ўз фарзандлари ва бир қанча яқин кишиларининг болаларига Қуръондан таълим бериш билан ўтказадилар.

Баъзан у киши: «Бу қовун‑тарвузларни сотиб олаётган кишилар уларнинг қадрини билишмайди. Агар билишганида ҳар қандай қийматга сотиб олишар эди. Чунки бу қовун-тарвузлар уруғи ерга тушганидан бошлаб шу пайтгача Қуръон эшитиб пишган», – дея лутф қилиб қўяр эканлар. Зеро, у кишининг қўллари меҳнатда бўлса ҳам, ўзлари Қуръон ўқиш ва ўқитиш билан банд бўлар экан.лар.

Янги босқич – Қуръоний жасорат

Мубин қори ака уйланиб, фарзандли бўлганларидан сўнг ҳам Қуръони Карим соҳасида изланиш, бу соҳани тараққий эттириш, шу йўлда хизмат қилишда ҳимматлари ортса ортдики, пасаймади.

1945‑1947 (1364‑1365) йиллар атрофида Аминжон махдум домла «Девонабой» масжидида имом‑хатиб бўлиб хизмат қиларди. Тахминан шу йиллар орасида бир издиҳом бўлади. Мажлисга Шаҳрихонлик машҳур Қуръон устози Абдуқаҳҳор махдум домла[3] раҳбарлик қиларди. Қуръон базми бошланади. Муҳаммад Мубин қорининг ҳам тиловат қилиб беришини таклиф қилишади. Шунда Абдулқаҳҳор махдум домла «Унинг қироати ярамайди, батажвид эмас», – дея у кишига ўқитмай, навбатни бошқа қорига ўтказиб юборади. (Чунки Муҳаммад Мубин қори ака Набижон қори акада Қуръонни «форсий лаҳжа»[4]да ёдлаган эди.) Аминжон махдум домлага бу гап оғир ботади.

Абдулқаҳҳор махдум домланинг бир қарашда салбий кўринган бу тадбири тез фурсатда ўзининг ижобий натижасини кўрсатади, гўё ер бағрига санчилган найза дарахтга айланиб, мева туга бошлайди:

Аминжон махдум домла йиғиндан сўнг ўғлига ўша кундан бошлаб Имом Жазарийнинг «Муқаддима»[5]сини мингта саноққа етказиб ёдлашини буюради. Вазифа тез кунда бажарилгач, махдум домла ҳофизи Қуръон ўғлини олиб, Шаҳобиддин қори ака[6]нинг ҳузурига олиб боради. «Муҳаммад Мубин қори Имом Жазарийнинг «Муқаддима»сини ёд олди. Унинг амалий татбиғини сиздан олса», – дея, илтимос қилади. Зеро, Махдум домланинг қироат, тажвид илмларига бўлган муҳаббатлари, завқлари ҳам беқиёс эди. Фақат имкониятнинг торлиги бу ишнинг шу маҳалгача сурилишига олиб келган бўлса керак. Бу Қуръон шайдоси Шаҳобиддин қори акада Қуръон Каримни мукаммал тажвид асосида қайта ўқиб еткизгач, устоз шогирднинг лаёқатини тасдиқлаб, «ижозат» – ўқиш, ўқитишга рухсат беради. Зеҳнининг ўткирлиги, Қуръонга бўлган муҳаббати ва истеъдоди Муҳаммад Мубин қори аканинг устозлари ва барчанинг муҳаббати ҳамда эътиборини қозонишларига, оз фурсатда етук даражага эришишларига сабаб бўлади.

«Янги» Муҳаммад Мубин қори ака устозларидан ижозат олиб, оталарининг ҳузурида Қуръони Каримни хатмга ўтиб беради. Шунда оталари: «Қуръонни ўқиш мана бундоқ бўлибди», – деб, хурсанд бўлган эканлар ва шундан сўнг Шаҳобиддин қори акага бош‑оёқ сарпо билан 200 сўм пул ҳадя қилган эканлар. (у пайтдаги мазкур маблағ 5‑6 та катта қўйнинг пули экан).

Шаҳобиддин қори ака ва Муҳаммад Мубин қори акаларнинг қироатларини эшитган ҳар қандай киши уларнинг устоз‑шогирд бўлганларини дарҳол фаҳмлайди.

Қуръоний ҳаёт

Инкор қилиб бўлмас ҳақиқат шуки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Муҳаммад Мубин қори акага Қуръони Карим хизматида улкан баракот ато этган. Муҳаммад Мубин қори ака Андижонда катта Қуръон мактабига асос солганлар. У қиши халқ орасида «Мубинхон қори ака» номи билан танилганлар. Мубинхон қори аканинг шогирдлари нафақат Ўзбекистон, балки, Қирғизистон, Тожикистон, борингки, Ўрта Осиё бўйлаб кўпайиб борган. Андижон шаҳри эса «Қорилар шаҳри» деб танилган. Ҳозирги кундаги Ўзбекистон қориларининг кўпчилиги ўша зотнинг маънан авлодлари ҳисобланадилар.

Қуръон таълимида Мубинхон қори аканинг маҳоратлари беқиёс эди. Шогирдларни доимо Қуръонга муҳаббатли, ғайратли қилиб тарбиялар эдилар. У киши билан бироз ҳамсуҳбат бўлган одамда Қуръонга муҳаббати ўйғониб қолар эди. Мубинхон қори аканинг дарс бериш услублари ҳам айни суннатга мувофиқ бўлиб, у қуйидагича эди:

Устоз вазифа қилиб берилажак сабоқдан бир оятни тартил билан ўқийди. Шогирд уни қайтаради ва устоз унинг хатосини тўғрилаб туради. У бехато ўқий олгач, иккинчи оятга ўтилади. Шу тариқа белгиланган сабоқ охирига етказилади. Сўнг устоз сабоқни бошидан охиригача дона‑дона қилиб яхлит ўқиб беради, шогирд эса бор диққати билан тинглаб, мусҳафдан кузатиб туради. Сабоқ ҳар кимнинг ўзига яраша белгиланади: ярим, бир ёки икки саҳифа бўлиши мумкин. Эртаси куни тайёрланган дарс устозга топширилади.[7]

Мубинхон қори ака шогирдларга Қуръони Карим лафзлари билан бирга, унинг тажвид аҳкомларини, талаффуз кайфиятларини, тиловатдаги услуб, оҳанг, овоз ишлатиш маҳоратларини ҳам алоҳида эҳтимом билан ўргатар эдилар. Бу ўринда дарсни аввало ўзлари ўқиб кўрсатар эдилар. Шогирдларга дарсни татбиқ этишида керак бўлса, қўл билан уларнинг оғизларини ҳаракатлантириб адо эткизар эдилар.

У зот Қуръони Карим тиловатида тартил ва тажвидга алоҳида урғу берар эдилар. Бу борада ўзлари биринчи намуна бўлиб, Қуронни жумлама‑жумла, ҳарфма‑ҳарф талаффуз қилар, овоз ва оҳангни ҳам шунга мувофиқ гўзал суратда ишлатар эдилар. У кишининг тиловатлари ортиқча такаллуфсиз, табиий ва енгил эди. Қироатларини эшитган киши бу тиловат бўғиздан эмас, қалб тубидан чиқаётган садо эканлигини беихтиёр ҳис этар эди. Мубинхон қори ака шериклари Раҳматуллоҳ қори ака билан хонадонларда Рамазон хатмларини уч кунли қилишар, тиловатни тинглаб турган қавм саҳарлик вақти кирганини ҳам сезмай қолишар эди. Келинг, бунга бир жонли мисолни Окифхон ҳожи акадан эшитайлик:

«Бир куни Мубинхон қори акам билан бир йиғинга бордик. Қори акам ажойиб маҳорат билан таъсирли тиловат қилиб бердилар. Оятларни тинглаб ўтирган жамоатнинг кўзларидан беихтиёр ёш оқар эди. Ўтирганлардан бир кишининг йиғиси гўё ичига сиғмаётгандек эди. Қироат тамом бўлиши билан ҳалиги инсон ўзини тута олмай, ҳўнграганча ташқарига чиқиб кетди. Кейин мен у одам билан кўришиб: «Қори ака «дод» дегизиб юбордилар‑а?», – дедим. Шунда у киши: «Нимасини айтасиз, Аллоҳ таоло темирни Довуд алйҳиссаломнинг қўлида хамирдек юмшоқ қилиб қўйган. Қуръони Каримга Мубинхон қорининг тилини ҳам ўшандай мусаххар қилиб берган», – деди».

Мубинхон қори ака кечаю‑кундуз Қуръон хизматида шай эдилар. Қуръони Карим нурини уни ўқиб, ўқитиб, унга амал қилиш билан таратар эдилар. Мубинхон қори аканинг охирги дамларида куёвлари (сингилларининг эри) Аҳмадуллоҳ махдум акага айтган гаплари сўзимизни тасдиқлайди:

«Бир юз ўн учта мукаммал Ҳофизи Қуръон етиштирдим, беш, ўн, йигирма пора ёдлаган, Қуръонни рўйхат ўқиб ўткизган, савод чиқарганларнинг эса, саноғини билмайман».

Энди бу буюк хизматлар бутун сиёсатини Исломга, Қуръонга душманлик асосига қурган собиқ иттифоқнинг айни гупирган даврида бўлганини эсласак, уларнинг замирида нақадар улкан жасорат, буюк матонат ва оғир машаққат ётганлигини ҳис қиламиз. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг «Батаҳқиқ, Зикр (Қуръон)ни биз нозил қилдик, ва албатта, албатта уни биз ўзимиз сақлагувчидирмиз», – деган оятининг тасдиғи ва татбиғидан ўзга нарса эмас эди. Қолаверса, бу – Қуръони Каримнинг биринчи оятлари нозил бўла бошлаганидан то шу кунгача уни йўқ қилишга, унга зарар етказишга уринганлардан бирортаси ўз мақсадига эриша олмаганлиги ва бундан кейин ҳам ҳаргиз эриша олмаслиги, бу иш оворагарчилик ва гуноҳ орттиришдан ўзга нарса бўлмаслигининг яна бир ҳаётий исботи эди. Инсон фарзанди учун эса, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло уни ўз ваъдасининг ижросидаги восита, сабаб қилиб олишининг ўзи шараф ва икром эканлиги жиҳатидан кифоя қилади. «Ана ўша, Аллоҳнинг фазли. Уни кимга хоҳласа, беради. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир»

Мубинхон қори аканинг бу фазлга дохил бўлиб қолишлари у зотнинг Аллоҳнинг Каломига бўлган муҳаббатлари, амалдаги ихлослари, тақво ва одоблари самараси бўлган бўлса, ажаб эмас.

Мубинхон қори ака 1948‑1951 (1367‑1369) йиллар орасида илмий фаолиятларини давом эттириш мақсадида оталарининг кўрсатмалари билан Бухородаги Мир Араб мадрасасига борадилар. У ерда шаръий илмларини ўстириш билан бирга, талабаларга Қуръондан дарс бериш билан ҳам шуғулланадилар.

Қори ака Бухорога кетишлари олдидан оталари Аминжон махдум домла ҳазратлари дуо қилиб, шундай дейди: « “Ўғлим, сен табаррук масканлардан бирига кетмоқдасан. Модомики Бухорода бўлар экансан, Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбандий алайҳирраҳманинг зиёратига ҳар пайшанба боргин. Хуфтонни ўша ердаги масжидда ўқигин. Қоровул билан келишиб олсанг, қабрнинг олдига киришинг мумкин. Субҳгача ўша жойда Қуръони Каримни хатм қилиб, Нақшбандий алайҳирраҳмага бағишлайсан. Аҳли фазл кишилардан “Нақшбандий алайҳирраҳманинг қабрларида баъзи ажойиб ҳоллар бўлади, у ҳаммага ҳам аён бўлавермайди”, деган гап бор, ажаб эмаски, Аллоҳ таоло сенга ўша фазлни ато этса”.

Мубинхон қори ака айтади: “Мен падари бузрукворим айтганларидек қилганман. Нақшбандий алайҳирраҳманинг қабрларига осмондан нур иниб турганини бир неча бор кўрганман, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”.[8]

Бу воқеадан ҳам маълум бўладики, Аллоҳга яқин, солиҳ кишиларнинг қабрларини зиёрат қилишда уларнинг ҳақларига Қуръон тиловати, дуойи хайрлар қилиниши лозим экан. Зиёратдан кўзланган мақсад ҳам, фазилат ҳам шунда ҳосил бўлар экан. Уларнинг қабрларини тавоф қилиш, уларга дуо қилиш, жонлиқ аташ айни тескари иш, беҳуда ҳаракат бўлиб, шаръан ва ақлан нодуруст экан.

Қори ака Бухородан қайтиб келгач, Девонабой масжиди орқасидаги хонадонда истиқомат қилувчи Қосим Эшон почча[9]да мутолаани давом эттирадилар.

Етук шахсият

Мубинхон қори ака ақидада Аҳли сунна вал‑жамоа, фиқҳда ҳанафий, сулукда нақшбандий бўлиб, машҳур Сўфихон тўрамга байъат қилган эдилар. У киши хушсурат, серсоқол, тик бўйли инсон бўлиб, табиатан зийрак, шижоат‑ғайратли, сабр‑матонатли, камтарин, эҳтиёткор, зоҳирий обрў ва мансабдан ўзини олиб қочувчи, карамли ахлоқ соҳиби, самимий, лутфли инсон эдилар. Овозлари тўла, ниҳоятда файзли, таъсирли эди.

Тақвоси баланд, серибодат, тунни ҳам, жисмнинг ҳаққи учун андак ором беришларини ҳисобга олмаганда, Қуръон тиловати, мутолаа, таълим, таҳажжуд ва зикр билан ўтказар эдилар. Ўзларининг ҳужраларида таҳажжудда ўқаётган қироатларини бехосдан эшитиб қолган киши учун бу қироатни ҳужра ташқарисида туриб бўлса-да, тинглаш ҳар қандай оромли ўриндаги уйқудан лаззатли, афзал бўлиб қолар эди. Мубинхон қори ака гоҳо ҳамду‑сано, муножот маъносидаги туркий байтларни ҳам ҳиргойи қилиб қолар, баъзи шогирдларига буни ҳам таълим берар эдилар. Байтхонликдаги маҳоратларига ишқибоз бўлган устози Қосим Эшон поччанинг илтимоси билан Имом Жазарийнинг тажвид илмида ёзган «Муқаддима» шеърий асарини ўқиб, магнит тасмасига ёздирган эдилар.

Мубинхон қори ака жуда меҳнаткаш, дид ва фаросат соҳиби ҳам эдилар. Ҳатто иморат ишлари, лой тайёрлаш, гувала, ғишт қуйиш ва шу сингари ишларда ҳам алоҳида билим ва маҳоратга эга эдилар. Шогирдларига бу борада ҳам устозлик қилар эдилар. Фарзандлари, ҳатто шогирдларининг нафақат илмий, балки молиявий фаолиятларини ҳам эътибордан четлатмас, доимо уларга ғамхўрлик кўрсатар эдилар. Оиланинг ҳалол таъминоти учун ҳар қандай машаққатни кўтарар, авлодларини ҳам ҳалоллик, поклик ва самимийликка ўргатар эдилар. Ўзлари полвонтабиат бўлишлари билан бирга, фарзанду, шогирдларни ҳам соғлом ва мерган бўлишга ундар эдилар. Ҳатто баъзан янги шогирд қабул қилишда уни кураш билан ҳам имтиҳон қилар эдилар.

Оғир фироқ

Мубинхон қори ака 64 ёшдан ўтган пайтлари касаллинкка чалинадилар. Бир ярим йил давом этган бетоблик алалоқибат олти ой мутлақо таом ўтмай қолишига олиб келди. Натижада Тожикистондаги мухлис шогирдларнинг ҳаракати билан ўша ердаги мутахассис шифокорларларга олиб борилади. Шифокорларлар беморни жарроҳлик йўли билан очиб кўришиб, дарҳол қайтариб уйга олиб кетишни маслаҳат беришгач, алоҳида сомолётда тезлик билан Андижонга олиб келишади.

Андижоннинг энг етук сиймоларидан бири, ушбу диёрга Қуръони Карим нурини таратиб турган порлоқ қуёши 1979 йил 10 март (1399 йил 4 зулҳижжа), якшанба оқшомида Аллоҳнинг амри билан бу дунёни тарк этади. Мубинхон қори аканинг Каломуллоҳга ошиқ руҳи Аллоҳнинг ҳузурига йўл олар экан, бу руҳни яқин 67 йил ўзида олиб юрган муборак жасад Андижондаги Якхон Шайх қабристонига душанба куни қўйилади.

Жаноза уйда ўқилади. Жанозага катталарнинг маслаҳати билан «Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси» номидан келган меҳмон Пўлатжон қори ака имом бўлади ва таъсирли, балоғатли бир мавъиза қилиб беради.

Бутун юрт мотам тўнини кияди. Қуръон толиблари отасини йўқотган етимдек довдираб қолишади. Барча Қуръон ва илм аҳли устози киромнинг ҳақларига тўхтовсиз тиловату, дуойи хайрлар қиладилар.

Мубинхон қори аканинг ҳаммаслак қадрдонлари, Қуръони Каримга беқиёс хизмат кўрсатган улуғ устоз Абдулбоқий қори ака шундай деган эди: «Бир куни туш кўрдим: икки минбар қўйилган. Бири иккинчисидан анча баландга жойлашган. Иккинчиси пастроқда, кичикроқ. Катта минбар Мубин қориники, кичиги Абдулбоқий қориники дейиляпти. Мубин қори акамнинг мақомлари анча баланд экан». Орадан кўп ўтмай, Абдулбоқий қори ака ҳам вафот этадилар.[10]

Мубинхон қори ака умрларининг кейинги даврларида келажак авлод учун ёдгорлик сифатида овозларини бир неча магнит тасмасига ёзиб қолдирганлар.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло марҳум Муҳаммад Мубин қори устозимизни ўз раҳматига олсин. Бу дунёда у кишининг мақомларини Қуръони Карим билан қандай баланд этган бўлса, охират даражотларини ҳам Қуръони Карим билан чўққиларга кўтарсин.. Омин!



[1] “Махдум” сўзи луғатда “хизматга сазовор” деган маънони билдириб, халқ орасида ота‑бобоси катта уламо бўлиб ўтган шахсларга нисбатан ҳурмат юзасидан уларнинг номига қўшиб ишлатилган. Баъзилар бу сўзни “махсум” шаклида ҳам ишлатишган.

[2] Аминжон махдум домланинг энг яқин шогирдларидан Андижонлик марҳум Одилхон эшон ака нақли.

[3] Абдуқаҳҳор махдум домла - Орифхўжа домла ўғли. Қироатни Андижонлик рўзи қори домладан, у Абдуллоҳ Ҳиндий Маданийдан, у Абдуллоҳ Маккийдан олган.

[4] “Форсий лаҳжа” – алифни истефола ёки истеъло ҳарфларидан кейин келишидан қатъи назар, доимо йўғон ‑“о” тарзида ўқиш услуби. Бу услубнинг пайдо бўлиши ҳақида ҳозирча аниқ илмий маълумотга эга эмасмиз. Ҳар ҳолда саҳобаи киромлардан шу шаклда етиб келмаганлиги аниқ. Чунки уларда, умумун арабларда бундай ўқиш бўлмаган.

[5] Муҳаммад ибн Муҳаммад Ал‑Жазарийнинг “Муқаддима” китоби шеърий услубда ёзилган бўлиб, тажвид фанида асрлардан буён асосий манба ҳисобланади.

[6] Шаҳобиддин қори ака ўлкамизда Қуръон ва тажвид илмига катта хизмат қилган устоз.

[7] Мубинхон қори ака устози Шаҳобиддин қори акадан шундай сабоқ олганини фарзандларига такилдар эдилар.

[8] Аҳмадуддоҳ махдум ака, Раҳматуллоҳ қори акалардан Халилуллоҳ қори ака эшитган.

[9] Қосим Эшон почча Андижонда туғилган. Қатағон даврида Қашқарга ўтиб кетган ва 1950 йилларда Андижонга қайтган. Етук олим бўлиб, умрининг охирги нафасигача дарс берган.

[10] Аҳмадуллоҳ махдум аканинг ўғли Халилуллоҳ қори ака ҳикоя қилган.


{music}images/mp3/mubin_qori{/music}